Каримберди Тўрамурод. Илон аёл (ҳикоя)

Ҳасан кўп ичадиган бўлиб қолди. Бир замонлар бир ҳўплам ҳам  ичмасди. Яхши уста эди. Одамларнинг уйларини ёпиб берарди. Ана шу яхши усталиги сабаб бўлди барига. Битта уйни битказмасдан иккинчи уйнинг эгаси келиб, навбатда турарди Ҳасаннинг бўшашани пойлаб. Ана шу одамлар ўргатди Ҳасанни ичишга. Аввалига иш битган куни уй эгаси берадиган зиёфатда кам-кам қуйиб беришди, кейинига кўпроқ-кўпроқ қуйиб берадиган бўлишди. Ўзлари ҳар куни ишдан кейин қуйиб берадиган бўлишди. Ўзлари қўшилиб ичишиб, Ҳасанни шундай қилишдики, шўрлик ишни бошлашдан олдин бир пиёла ичмаса қўли титрайдиган, михни ёғоч қолиб, қўлига қоқиб қўядиган бўлиб қолди. Ўзлари майхўр қилиб, ўзлари унга “Ҳасан Кайфий” деб лақаб ҳам қўйиб олишди.
Ҳасан барига чидайди. Биргина Зулайҳонинг жаврашларига чидай олмайди.
– Одамнинг ҳар бало бўлгани яхши, – Ҳасан кўрингандан бошлайди Зулайҳо. – Тўғри-тўғри келсангиз бўлмайдими уйга, кўчамизни бўйига-ю, энига қанчалигини ўлчамасдан?
Ҳасаннинг қўлидан нарсаларини олар экан, яна саннайди:
– Уф-ф! Нима бало беришди бугун сизга-а? Солярка ичдингизми, дейман, тракторнинг иси келаяпти сиздан?
Кечасиям унинг жавраши тинмайди:
– Тинчгина жойингизда ётинг! Такадай сасиб ётибсиз-у, яна “суҳбат”га бало борми? Ичмай келган кунингиз суҳбатлашамиз, хўпми?
Кошки, Ҳасан ичмай келса-ю, суҳбатга етса!
Бир куни Ҳасан телефонига ёзиб келган нарсасини Зулайҳога кўрсатди. Боши одам, танаси илон бир аёл тинмай дод соларди. Зулайҳонинг эси чиқиб кетаёзди.
– Бу нима бало, дадаси? – сўради кўкрагига “туф-туф”лаган Зулайҳо.
– Одам, – деди Ҳасан хотиржам. – Аёл. Эри бир чақирибди, икки чақирибди, уч чақирибди, келмапти. Суҳбатга. “Илоё илонга айланиб қол!” дебди эри. Илонга айланиб қопти. Ана энди ҳар куни ана дод солиб, эри кечиришини сўрармиш.
– Йўғ-е! – қўрқиб кетди Зулайҳо. – Наҳотки?
– Кўриб турибсан-ку? – деди Ҳасан. – Билиб қўй, мен ҳам сени худди шундай қарғайман!
– Пиянисталарнинг қарғиши ўтмайди, мулла Исмоил бобо айтган буни, – деди Зулайҳо.
– Мулла Исмоил бобонгнинг ўзи ичади, – деди Ҳасан тиржайиб. – Дўхтурлар урушда унинг ўтини олиб ташлашган, “Овқатдан олдин элликтадан олиб турмасангиз, овқатингиз ҳазм бўлмайди”, дейишган. Ишонмасанг, хотинидан сўра, ҳар овқатдан сўнг бир пиёла тозасидан ичади, мулла бобонг.
Зулайҳонинг мулла Исмоил бобога ихлоси пасайдими, телефондаги тасвирдан қўрқдими, ишқилиб, ўша кечаси Ҳасан уни қарғамади. Аммо бошқа хотинлардан суриштирса, Зулайҳодан бошқа ҳамма аёллар “илонга айланиб қолган аёл”ни кўриб бўлишган, унинг ясалган бир қўғирчоқ эканиниям билиб бўлишган экан.
– Ҳа, менгинанинг соддалигим қуриб кетсин-а, – деди Зулайҳо тутақиб. – Шу пияниста эрим ҳам лаққиллатди-я, мени. Шошмай турсин ҳали!
Ҳасаннинг ҳунари бошқа ўтмади. Аммо ҳар гал ўзига ажратилган хонага ўтиб кетар экан, бир хилда ғўдранарди:
– Илоё илонга айланиб қол!
Бир куни эрталаб ўзи телефонда хотинига қўйиб берган тасвирдаги овоздан уйғониб кетди. “Ароқни камайтиримасам бўлмайди, шекилли, қулоғимга алламбалолар эшитиладиган бўлиб қолди”, деб ўйлаб, бироз бошини қашлаб, кўзини ишқалаб турди. Аммо диққат билан қулоқ солса, хотини ётадиган хонадан аниқ ҳалиги овоз келаяпти. Ирғиб туриб, ўша хонага отилиб кирди. Не кўз билан кўрсинки, хотинининг ўрнида каттакон кобра илони ётарди. Илон Ҳасанга қаради-ю, овози ўчди.
Ҳасан болаларини чақирди. Ҳеч ким жавоб бермади. Баҳодир ҳам, Барно ҳам мактабга кетишган эди. Хотинини чақирди. Жавоб бўлмади. Ташқарига чиқиб, бир таёқ топиб келди. Уйга кираётиб, яна фарёд ураётган аёл товушини эшитди. Хонага кирганда унга қараб турган илоннинг овози ўчди. Ана шунда Ҳасаннинг нима бўлганини англаб етди.
– Э, бу хотиним-ку? Бу Зулайҳо-ку? – деб юборди. – Рост экан-да. “Пиянистанинг қарғиши ўтмайди”, деганди, ўтар экан-ку?
Ҳасан таёқни отиб юборди ва бирпас нима қилишини билмай, каловланиб турди. Кейин телефондаги тасвир эсига тушиб, ошхонадан битта патнис олиб келди.
– Зулайҳо, мана шунга чиқасан энди, – деди патнисни илоннинг олдига қўйган Ҳасан илонга. – Қоидаси шунақа бўлади, шекилли?
Буни қаранг, илон ҳам индамай патнисга чиқиб, кулча бўлди ва “Энди нима қилай?” дегандай Ҳасанга жавдираб қаради. Кўпам жавдирамагандир, аммо ҳеч бўлмаганда Ҳасанга шундай туюлди.
– Ана, неча марта айтдим сенга, эрни норози қилма деб, хотин, – деди Ҳасан ачиниш билан. – Айтганимга хўп десанг, бундай жавдираб ўтирмас эдинг. Энди нима қиламан сени, Зулайҳо?
Ҳасан ўйлай-ўйлай майда симтўр олиб келиб, илонни ҳалиги патниси билан симтўрга солди ва чироқ иладиган илгакка осиб қўйди.
– Мен ишга кетганимда сени мушук-пушук еб кетмасин, дейман-да, Зулайҳо, – деди ўзининг топқирлигидан хурсанд бўлиб.
Ҳасан шундан кейин ҳали ювинмагани ҳам эсига тушиб, ҳовлига чиқди ва супа четида турган челакдан ҳовучлаб сув олиб, бошидан қуйиб, ювинган бўлди. Ичкаридан яна фарёд овози келди.
– Оббо! – яна ичкарига шошилди Ҳасан.
Ҳасанни кўриб “тинчланган” илон тилини чиқариб, унга бир нималар дегандай бўлди. Ҳеч бўлмаганда Ҳасанга шундай туюлди.
– Эҳ, Зулайҳо, Зулайҳо, нима деётганингни тушунсам экан? – деди Ҳасан куюниб. – Бўлди, кўп фарёд ураверма! Ишга кетаман, деганимга қўрқдингми ёки? Қўрқма, ишга бормайман. Болалар мактабдан келгунча ўзим сенга қараб ўтираман! Улар келиб, қўрқиб кетмасин, тағин. Эй, Худойим, ҳали уларга қандай тушунтираман? “Қарғагандим, илон бўлиб қолди”, десам, “Нима учун қарғагандингиз?”, дейишса, нима дейман? Нима қилиб қўйдинг, Зулайҳо?
Ҳасан чой қўймоқчи бўлиб, ошхонага чиққан эдики, фарёд яна авжига чиқди. Ҳасан яна уйга отилди. Яна илон тилини чиқариб, бир нималар дегандай бўлди. Ҳеч бўлмаганда Ҳасанга шундай туюлди.
– Ҳа, уйда димиқиб кетдингми? – деди “хотинининг” тилига тушуна бошлаган Ҳасан. – Ташқарига олиб чиқайми?
Ҳасан симтўрни ташқарига олиб чиқиб, ҳовлидаги ўрик шохига осди. Ҳақиқатдан, “хотинининг” овози ўчди.
– Олдингидан энди яхши бўлиб қолибсан, Зулайҳо, – деди Ҳасан илонга қараб. – Олдин овозингни ўчириш қийин эди, энди дарров ўчаяпти.
Ҳасан чой дамлаб ичди ва бирдан “хотини” ҳам нимадир ейиши кераклиги эсига тушди.
– Сен шўрлик ҳам нонушта қилмагандирсан-а? – деди илонга қараб. – Олдингидай овқатланаверасанми, Зулайҳо? Э, энди сен илонсан-ку? Энди сенга нима берсам экан-а? Илонлар нимани яхши кўрар эди? Ҳа, қушларнинг боласини олиб келиб бераман. Қурбақани ҳам яхши кўради, дейишади. Вой, шўрим қурсин-а, қурбақадан ўзим қўрқаман, сенга қандай ушлаб бераман, энди?
Ҳасан дастурхондан нон ушоқларини териб, патнисга солди. Кейин бир идишда сув олиб келиб, униям симтўр ичига жойлаштирди. Илоннинг сувдан дарҳол ичганини кўриб, ачиниш билан деди:
– Бечора, Зулайҳо, додлайвериб, томоғинг қуриб кетибди-да.
Ҳасан пешингача овора бўлиб, симтўрнинг ичини чигиртка, қўнғиз, пашша каби ҳашаротларга тўлдирди. Оғилдаги чумчуқларнинг инини бузиб, иккита полапон ҳам олиб келиб, тўрга солди.
– Ол, Зулайҳо, сенинг энди мендан бошқа меҳрибонинг борми?
Илон полапонларни паққос туширди.
– Бечора Зулайҳо, очқолиб кетибсан-да? Таваккал қилиб, бирорта қурбақаям ушлаб келсаммикан? – деди Ҳасан ва қўшиб қўйди: – Шу кўргуликлар керакмиди сенга, Зулайҳо? Бир куни яна одамга айлансанг, шу нарсаларни еганингни эслай олармикансан?
Пешинда уйдан чиқиб кетар экан, Ҳасан илонга тайинлади:
– Мен болаларни мактабдан олиб келаман. Ўзим тушунтириб олиб келиб, сени секин кўрсатмасам, болалар қўрқишади. Сен мен келгунча вой-войламай ўтир, э, ётгин, хўпми? Ҳамсоялар эшитиб, кириб қолишса, сени илон деб ўйлаб, ўлдириб қўйишмасин, тағин? Илон бўлсанг ҳам хотинимсан, ахир?
Ҳасан бориб, мактабдаги болаларини олди. Келгунча болаларга қанча тушунтиргани билан, дарвозага етганларида ҳовлидан эшитилаётган фарёд овозидан қўрқиб, улар йиғлай бошлашди.
– Қўрқманглар, сизларни кўрса, тинчланиб қолади.
Ҳақиқатдан ҳам болалар кириши билан илон жим бўлди, яқинига келган болаларга қараб, тилини чиқарди.
– Ассалому алайкум, аяжон, – пиққиллади Баҳодир.
– Бизлар кедик, а-аяжон, – деди Барно ҳам қўрқа-писа.
– Бўлди, йиғламанглар, йиғласаларинг аянг хафа бўлади, – деди Ҳасан. – Ўзи илонга айланиб қолганидан унча хурсанг эмас. Боринглар кийимларингни алмаштириб келинглар!
Болалар кийимларини алмаштириб чиққанда Ҳасан дарвозахонада эди.
– Мен бир дўконга чиқиб келай, сизлар аянгга эҳтиёт бўлиб ўтиринглар! Чой-пой ичиб олинглар! – тайинлади Ҳасан болаларига. – Баҳодир, сен оғилхонага қопқон қўй, сичқонми, каламушми тушса, аянгга берасан. Илон сичқон ейди-ку, тўғрими?
Баҳодир калласини ирғаб, маъқуллади.
Ҳасан дўкондан юзта ичиб қайтолмади, Аширмат келиб қолди.
– Ҳа, Ҳасан Кайфий, машқинг паст? – сўради унинг ёнига жойлашган Аширмат ва дўкончига “битта” ишорасини қилди. – Калбасангдан ҳам бер, Шаҳоб!
Шаҳоб битта ароқ ва бир бўлак колбасани уларнинг олдига қўйди.
– Бош ёрилай деяпти, ишга ҳам бормадим бугун, – деди Ҳасан “дарди”ни айтгиси келмай.
– Ҳасан Кайфий, бошни мана бу пешлайди, ҳозир кўрасан, – деб Аширмат икковигаям пиёлаларни тўлдириб қуйди.
– Менга бўлди, бошқа ичмайман, – деди пиёлалардан кўзини узолмаётган Ҳасан.
– Ҳали мачитгаям бораман, дерсан? – кулди Аширмат. – Ол, нозланма, кўзинг пиёлани тешаман деяпти-ю, ичмайман дейсан.
Ҳасан пиёлани олди.
– Тинлик бўлсин! – пиёлани кўтарди Аширмат.
– Бўлсин! – кўтарди Ҳасан ҳам.
– Соғлик бўлсин! – деди Аширмат иккинчи пиёлани кўтараётганда.
– Бўлсин! – деди Ҳасан ҳам пиёлани кўтариб.
Бироз кейин Ҳасан ҳам Шаҳобга кўрсатгич бармоғини кўрсатди. Шаҳоб столга яна битта ароқ ва колбаса қўйди.
– Ана энди ўзингга ўхшадинг, Ҳасан Кайфий, – деди Аширмат ароқни очаркан.
Бунисини ҳам тугатишди. Аширмат яна Шаҳобга бармоқ кўрсатмоқчи эди, Ҳасан унинг қўлини ушлади.
– Бўлди, мен уйга бормасам бўлмайди, – деди тили сустлашиб.
– Борасан-да, нима бор шу лойдан бўлган уйингда? – ғўлдиради Аширмат.
– Уйимдами? – сўради Ҳасан. – Уйимда илон бор.
– Меникидаям, – пихиллаб кулди Аширмат.
– Меники бошқача.
– Қанақа?
– Меники хотиним.
– Менинг хотиним ҳам илон.
– Меники ростдан илонга айланиб қолди, ишонмасанг юр, кўрсатаман!
– Ҳа, сеники етарли бўпти, – деди унинг қўлтиғидан олган Аширмат. – Юр, кетамиз. Шаҳоб, ёзиб қўй!
Ташқарида қоронғу тушиб қолибди. Улар қўлтиқлашиб, Ҳасаннинг уйига қараб кетишди. Йўлда келгунларича нималар бўлганини Ҳасан Аширматга айтиб келди.
Ҳасаннинг ҳовлиси одамга тўлиб кетибди. Ҳамма илон солинган сим тўр атрофида уймалашган, бири олиб, бири қўйиб, воқеа тафсилотини айтишар, энди нима қилишни муҳокама қилишарди.
– Қилғиликни қилиб қўйиб, яна ичиб келдингизми, почча? – ўдағайлади қайноғаси Ҳасанни кўрганидан. – Э, одам бўлмай ўлинг! Бир уриб, бошингизни ёрайми?
– Бошим сенсиз ҳам ёрилай деяпти, – деди Ҳасан. – Менга нима дейсан? Мен нима қилдим, Худонинг иши-да?
– Э, ростдан ҳам илон-ку? – деди Аширмат сим тўрнинг ичига қараб. – Ростдан хотинингми шу?
– Рост, рост, шу Зулайҳо, – деди Ҳасан.
Аширмат дарвозага қараб юрди:
– Мен бориб, Мунирани чақириб келай, бир кўриб қўйсин! Уям жонимдан безор қилган “Ичманг, ичманг”, деб.
– Энди нима қиламиз? – сўради қайноғаси. – Нима қилмоқчисиз энди?
– Энди, … нима қилардик, – ғўдранди Ҳасан. – Чумчуқнинг боласини бердим, чигиртка, пашша ушлаб бердим. Яна нима қилай? Баҳодирга тайинловдим, сичқон ушлаб бер, деб. Қани Баҳодир?
– Илоё қирғининг келсин! Оғзингдан қонинг келсин! – Ҳасаннинг кўксига қўшқўллаб муштлади қайнонаси. – Зулайҳом сичқон ейдими энди? Зулайҳом чигиртка ейдими энди?
– Билмасам, – бўғилиб кетди Ҳасан. – Ҳар ҳолда энди у … илон-ку?
– Ер ютсин сени, ергина ютсин, сен пиянистани, хўпми? – яна муштламоқчи бўлди қайнонаси.
Ҳасан унинг қўлларини ушлаб олди:
– Мен нима қилдим?
– Энди опмани нима қиламиз, шундан гапиринг? – деди яна қайноғаси.
– Ичкарига олиб кирамиз, опанг совқотиб қолади, – деди Ҳасан ва сим тўрни кўтариб, ичкарига юраркан, одамларга деди: – Ҳамманг уйингга бор, бировни хотини томошами сизларга?
Эртаси куни эрталабдан ҳовли одамга тўлди. Туман марказидан дўхтирлар келишди. Илоннинг у ёқ-бу ёғидан айланиб ўтишиб, “Опкетамиз, буни Тошкентда экспертиза қилдириб келамиз, бу ўта ноёб, сирли ҳодиса”, дейишди.
– Бекор айтибсизлар, хотин меники, уни ҳеч қанақа “экспиртиз” қилдирмайман! – деди Ҳасан.
Кейинроқ терговчи келди. Нима бўлганини бошидан охиригача сўраб, қоғозга туширди. Кейин қаергадир телефон қилди:
– Ўртоқ бошлиқ, ҳаммасини аниқладим. Ҳаммасига Ҳасан Қодиров айбдор. Доимий равишда ичган, хотини Зулайҳо Шокировага азоб берган ва уни илонга айланишга мажбур қилган. Милиционерларни юборинг, айбдор Ҳасан Қодировни қамоққа олиш чорасини кўрмасак бўлмайди.
Бирпасда милиционерлар ҳам етиб келишиб, Ҳасаннинг қўлига кишан солишди ва уни машинага босиб, олиб кетишди.
Бир ҳафтадан сўнг “Жиноят излари йўқ” деган хулоса билан Ҳасанни озод қилишди.
– Ҳаммаси сеҳр-жоду эмиш. Шаҳарда битта азайимхон бор эмиш, яна хотинингни ўз ҳолига қайтарар эмиш.
Ҳасан сим тўрдаги патнисни, патнисдаги илонни, илон қиёфасидаги хотини Зулайҳони кўтариб, шаҳарга жўнади. Қайноғаси ҳамроҳ бўлди. Қайноғаси азайимхоннинг уйини кўрсатди.
– Ўқимайман, – деди азайимхон. – Бу киши ичар экан. Ичадиган одамга дуо кор қилмайди.
– Дуо менга эмас, хотинимга керак, у … у ичмайди, – деди Ҳасан.
– Ичган эри билан ётган хотинга ҳам дуо ўтмайди, – деди азайимхон.
– Э, унда нима қиламиз? – бош қашлади Ҳасан.
– Ичишни ташлайсиз. Ичмайман деб қасам ичасиз. Шунда ўқишим мумкин, зора фойдаси тегса. Шундаям қирқ кун яқин бормайсиз хотинингизнинг ёнига.
– Нима деб қасам ичай? – дарров кўнди Ҳасан.
– “Ичсам илонга айланиб қолай”, деб қасам ичасиз!
– Э, шарти оғир бўлди-ку? – деди Ҳасан, аммо ноилож рози бўлди: – Энди ичмайман. Ичсам илонга айланиб қолай!
Шундан кейин азайимхон илонга ва ҳар замонда Ҳасаннинг юзига дам солинган сувдан сепа-сепа дуо ўқиди:
– Абракадабра, суф! Абракадабра куф! Тавба қилди, ичмайди, суф! Ичса ўзи илонга айлансин, куф! Энди аслингга қайт, эй, илон!
– Аслингга қайт, Зулайҳо, денг! – тузатди Ҳасан.
Азайимхон қўлидаги ҳар донаси ёнғоқдек келадиган тасбеҳи билан Ҳасаннинг калласига урди:
– Шаккоклик қилмай ўтир, куф! Кси, пси, эпсилон, суф! – Ҳасаннинг бошига тупуриб, дусини тугатди: – Ичса анаконда бўлиб қолсин, туф!
Орадан уч кун ўтди. Алақ-жалақ тушлар кўриб ухлаётган Ҳасаннинг бўйнига сим тўрдан чиқиб кетган илон ўрала бошлади.
– Яна ичасизми, виш-ш-ш? Яна ичасизми, дедим, виш-ш-ш?
Ҳасан тушидан қўрқиб уйғониб кетди, аммо бўйнига ростдан илон ўралаётганини кўриб, отилиб ўрнидан турди ва чироқни ёқди. Ҳасан ҳайратдан қотиб қолди. Ёнида Зулайҳо ётар, бўйнига ўралган илон эмас, Зулайҳонинг қўли экан. Сим тўрнинг ичига қаради. Патнисда илоннинг пўсти ётар эди.
– Ёмон туш кўрдингизми, дадаси? – уйқусираган кўйи сўради Зулайҳо. – Юзтагина уриб оласизми ёки, яхши ухлайсиз-да?
– Энди биттаям урмайман, Зулайҳо, – деди қўрқа-писа хотинининг ёнига ўтирган Ҳасан. – Энди ичсам, анаконда бўлиб қоламан, ичмайман.
– Яхши. Чироқни ўчиринг! Суҳбат…
– Менга ҳали ўттиз етти кун бор, Зулайҳо. Суҳбат кейин.
Зулайҳо бошини кўрпага ўраб, пиққиллаб кулди.
Зулайҳо нимага кулганини эрига айтмади.
Зулайҳо эрига ҳеч қачон айтмади, ҳаммасини укаси билан ўйлаб топганини ҳам, Алишер морбоздан чақмайдиган, заҳари тугаган, қари кобрани олиб келганиниям, телефондаги “илонга айланиб қолган аёл”нинг овозини ёзиб олиб, эрига эшиттирганиниям, дўхтурлар, милиционерлар, терговчилар, ҳатто азайимхон домла ҳам укасининг жўралари эканиниям.
Аммо шундан кейин Ҳасан ҳеч қачон ичмади.