Жўра Фозил. Яхшилар (ҳикоя)

У улуғ дарё соҳилидаги мангу баҳор мамлакатида қишни, қорни соғиниб, одамларга яхшилик қилиш орзусида яшарди. Юрагида яхшиликка ташналик ҳисси жуда кучли эди, шу боис Янги йил арафасида орзуларини ҳақиқатга айлантирмоқчи бўлди.
Қорни оч, боши айланарди. Бандаргоҳдаги бир қаҳвахонага кирди, таомномага узоқ термулиб ўтирди, лекин буюртма беришга журъат этмади. Айтишганидек, очлик катта холанг эмас, у барибир қуймоқ, қаҳва олиб келишни илтимос қилишга мажбур бўлди.
Ходима унга синчков назар ташлади. Cўнгра айтганларини олиб келиб, ёқимли иштаҳа тилади. Йигит нонушта қилиб бўлгач эса ходима: майли, агар пулингиз бўлмаса, кейин бериб кетарсиз, деди.
Йигит қизариб кетди. “Йўқ, йўқ! Мен газета ўқимоқчиман, холос. Кейин тўлайман”, деди.
Ёнидаги столда ўзи тенги йигит бир қиз билан нонушта қиларди. У жилмайганича сўз қотди:
— Дўстим, оёғингиз остига қаранг, пулингиз тушиб қолибди.
Йигит нигоҳини газетадан узиб, оёқлари остига қаради. Бир боғлам яп-янги 1000 сўмликлар…
— Йўқ, бу менинг пулим эмас!
— Cизники, деди йигит, ахир, сизнинг оёғингиз остига менинг пулим тушмайди-ку! Мана, менинг ҳамёним жойида турибди, — у қўлига ҳамёнини олиб, минг сўмликларни кўрсатди.
— Йўқ, — деди кескин тарзда ночор йигит. — Мен яқин орада қўлимда бунча пул ушламаганман.
Хайрихоҳ йигит бир зум ўйланди-ю, шундай деди:
— Қайтанга яхши-ку! Бу сизга Янги йил совғаси бўлса, не ажаб?
“Эҳ, деди — ич-ичидан эзилиб, эзгулик орзусида юрган йигит. Бировнинг пулини ўзимники қилишим керакми?…”
Нотаниш йигит эса сўзидан қайтадиганлардан эмас экан, секин ўрнидан қўзғолиб, унинг ёнига келди.
— Ишонинг, оёғингиз остидаги пул — сизники. Мени қасам ичишга мажбур этманг! — у шунчалар самимият, ишонч билан гапирардики, бояқиш пулни олишни ҳам, олмасликни ҳам билмай, аросатда қолди.
Шунда йигитнинг шериги — сулувгина қиз уларнинг ёнига келди.
— Ҳа, ҳа, пул сизники! Чўнтагингиздан дастрўмол олганингизда тушиб кетганини ўз кўзим билан кўрдим.
“Наҳот, шундай беғубор боқаётган кўзлар ҳам ёлғон гапирса? Умрим бино бўлиб, шунча пулни қўлимда ушлаганим йўқ-ку! Яна, дастрўмол дейди.”
У ўй-хаёллари билан банд экан, ҳалиги йигит эгилиб, оёқ остидаги пулни олди ва қўлида салмоқлаб кўрди-да, столга “шап” этказиб қўйди.
— Мана, олинг, бу сизга!
— Хўп, майли, — деди йигит тили зўрға айланиб, — у бошқалар эътибор қила бошлаганидан ўнғайсизланди. — Мен пулни оламан. Фақат бир шарт билан. Кимлигингизни, манзилингизни айтасиз?
— Жоним билан.
Йигит чўнтагидан зар ҳошияли ташрифнома олиб, пул ёнига қўйди.
— Агар меҳмонимиз бўлсангиз, бошимиз осмонга етарди!
У ўз ўрнига бориб ўтирди. Ходимани чақириб, ҳисоб-китоб қилди-да, ҳамроҳини қўлтиқлаб, ташқарига чиқди.
Одамларга яхшилик истовчи қўллари куйгудек бўлиб, пулни олди-да, чўнтагига солди. Cўнгра қўрқа-писа ташрифномага кўз югуртирди, ҳайронлиги янада ортди.
Исм-шариф дунёга машҳур бойваччага тааллуқли эди.
У кўчага югуриб чиқмоқчи эди, ходима ўзи томонга келаётганини кўриб, ўрнидан қўзғалолмади.
— Яна бирор нима истайсизми? — сўради аёл жилмайиб.
— Ҳа, бир финжон қаҳва келтирсангиз…
Cўнгра у дераза ортидаги қор учқунлари, йўлнинг нариги бетида ўрнатилган арча ўйинчоқларини томоша қилганича нонуштани давом эттирди. Иссиқ қаҳвани ҳузурланиб симирар экан, бойвачча қилган яхшиликка қандай жавоб қайтариш тўғрисида хаёл сура бошлади.
Кўчага чиққанида, қор ўйнаб-учиб ёғар, бу — мангу баҳор ўлкага табиатнинг ҳаддан ташқари сахий инъоми эди.
У чўнтагидаги пулларни ғижимлаганча қор босган кўчаларда узоқ кезди ва бу ўзига Янги йил совғаси эканига узил-кесил ишонди.
Орадан бир неча кун ўтди. Янги йил арафасидаги воқеа уни ларзага солган эди.
“Одамларга яхшилик соғинган кишининг чўнтагида кам деганда ўн минг сўм ортиқча пули бўлиши керак экан”, дея ўйларди у.

* * *

…Шундан сўнг йигит ҳаётини тубдан ўзгартириб, тижорат билан шуғулланди. Тез орада бойиб кетди.
У Наврўз ва Янги йил арафасида етим-есир, бева-бечораларнинг манзилларини аниқлаб, почта орқали юз-икки юз минглаб пул жўнатар, исмини сира ошкор этмас, “Қорбобо совғаси”, деб ёзиб қўярди, холос. Бундан ўзи сира қаноатланмас, юрагида инсонларга тинмай яхшилик қилиш иштиёқи янги куч билан алангаланаверарди. У ҳамон ёлғиз эди, бойлигини нима қилишни билмасди.
Муқаддас китобларнинг бирида айтилганидек, бу дунёи дунда очилмайдиган сир йўқ. Орадан яна кўп йиллар ўтгач, Қорбобо номидан пул улашиб юрган сахий инсоннинг номи ҳам ошкор бўлди. Афтидан, почта ходимаси эҳтиётсизлик қилиб кимгадир “гуллаб” қўйган.
Қарабсизки, бу сирдан бутун дунё воқиф бўлди. Ҳамма уни олқишлар, миннатдорчилик билдирар, хат-хабар, телефон қўнғироғи-ю, интернет хабарларининг сон-саноғи йўқ эди.
Замонавий Ҳотами Той бироз гангиб қолди. Бу вақтга келиб, у саксон ёшдан ошган эди.
У юрагида шунча йил сақлаб юрган орзуини ҳол этмоқчи бўлди. Ўзининг иш қоғозларини титкилар экан, нуфузли бир газета мухбири билан учрашиш вақти бўлганини эслаб, кўча эшиги томон юрди. Худди шу аснода қўнғироқ жиринглади. Мухбир ўз вақтида етиб келганди.
Улар биринчи қаватдаги анвойи гуллар билан безатилган, ям-яшил арча чироғлари ёниб турган кенг-мўл хонада суҳбатлашга бошладилар.
— Айтинг-чи, — деди мухбир йигит диктофон тугмасини босар экан, — қирқ йил мобайнида муҳтожларга жуда кўп миқдорда пул улашар экансиз, бундан қандай мақсадни кўзлагансиз? Нега шунча йил исмингизни ошкор этмадингиз?
Чол арчанинг ялтир-юлтур ўйинчоқларига бир муддат тикилиб турди-да, сўнгра жилмайди, юзидаги ажинлар тағин ҳам чуқурлашиб кетди. Кейин яна бироз жим тургач, савол берувчига юзланди:
— Наҳот, тушунмаган бўлсангиз? Cиз, шундай йирик газетанинг мухбирисиз-а? Ахир, дунёда журналистлар билмайдиган бирор сир, воқеа, ҳодиса йўқ-ку!
Очиғини айтганда эса, яхшилик агар чин юракдан қилинган бўлса, бу ҳақда гапириш жоиз эмас. Миннатдек туюлиши мумкин. Боз устига, “Ўнг қўлинг қилган хайр-эҳсонни чап қўлинг билмасин”, дейишади-ку!.
— Ҳа, ҳа, сиз ҳақсиз, — деди мухбир хиёл қизаринқираб. — Мен саволни бироз нотўғри қўйдим. Узр…
У хийла ёш бўлса-да, ўз касбининг ҳадисини пухта эгаллаганди, орадаги ноқулайликка барҳам бериш учун анвойи гулларни мароқ билан томоша қила бошлади.
Чол ҳам йигитга бироз фурсат бергач, суҳбатни давом эттирди.
— Тижорат қонун-қоидалари ниҳоятда шафқатсиз. Лекин инсон ҳар қандай шароитда ҳам ўзлигини сақлаб қолиши керак. Акс ҳолда, яшашнинг, ҳаётнинг қизиғи қолмайди. Кўпчилик мени фақат ўз меҳнати билангина бойиб кетган деб ўйлашади. Йўқ, асло бундай эмас! Мени ҳар доим яхши одамлар қўллаб қувватлашди.
Ҳали жуда ёшлигимда, одамларга фақат яхшилик қилиш ҳақида ўйлардим. Ўйлардим-у, бу хом хаёлни қандай амалга оширишни билмасдим. Ҳатто, қорин тўйдиришга ҳам пулим йўқ эди.
Шундай оч-наҳор кунларимда тентираб юриб, бир қаҳвахонага кириб, нонушта буюрдим…, — давлатманд чол бошидан ўтган воқеани ҳар балога қизиқувчи мухбир йигитга рўй-рост айтиб берди. Бир пасдан сўнг яна давом этди — Ҳа, бир оғиз ширин сўз ҳам эзгулик бўлиши мумкин-ку, дея эътироз қиларсиз? Тўппа-тўғри! Яхшилик қилиш нияти номоддийдир. Ният аввало юракда, шуурда пайдо бўлади. У ширин калом, лутф ила изҳор этилади. Ҳа, ҳаёт тасодиф, икир-чикир, мураккабликларга тўла. Фақат, номоддий эзгулик истаги моддийга айланмоғи учун қаттиқ меҳнат қилиш керак. Ана ўшанда буюк Хаёллар — буюк Эзгуликка айланади. Қабоҳат учун эса ҳеч қандай меҳнат керакмас, у ўз-ўзидан содир бўлаверади, шу боис қадрсиздир ва охир-оқибат, эзгулик қўлида барҳам топади!
Чол гап тамом дегандай ўрнидан турди. Зеро, бошқа савол-жавобга ўрин қолмаганди.
Хонадон соҳиби меҳмонни кўча эшигигача кузатиб қайтгач, яна иш қоғозларини титкилашда давом этди ва ўша, ўзига кўп йиллар олдин тақдим этилган ташрифномани топиб олди.
Cўнгра у бир ҳафта мобайнида ёрдамчи, ҳисобчи-иқтисодчилар билан биргаликда пуллари, қимматбаҳо қоғозлари, мол-мулкини уч қисмга бўлди. Бир қисмини меҳрибонлик уйи, иккинчисини саратонга қарши шифохона ҳисобига ўтказди.
Учинчи қисмини эса, азиз ўқувчим, тушуниб турганидай, оч-наҳор пайтида ўзини қўллаган ўша жуфтлик — эр-хотинми, ёинки, ошиқ-маъшуқми, бунисини билмайди ва энди ушбу ҳолатнинг аҳамияти йўқ, — манзилига жўнатиб юборди.
Қаҳрамонимизни ўзига тенгқур бўлган эркак ва аёлнинг ҳозир ҳаёт ёки ҳаёт эмаслиги ҳам ташвишлантирмади. Чунки эзгулик ўз манзилига йўлланди, вассалом!
…Бир умр ёлғиз яшаган қаҳрамонимиз … йилни ҳам ясатиқлик арча қошида бир ўзи кутиб олди. “Ким билади, пичирларди унинг лаблари, келаётган йил мен учун Коинот тегирмони сарҳисобининг энг охирги варағидир?.. Нима бўлганда ҳам, мен бахтиёрман…”.
Қария секин юриб хона ўртасига борди, қўлидаги май тўла биллур қадаҳни баланд кўтарди.