Жўра Фозил. Янги боғларда (ҳикоя)

Ўттиз йил… бу ҳам айтишга осон, лекин…
Мактаб боғи жуда қартайиб кетган, бир вақтлар ғоят сўлим бўлган бу масканда салқин сарҳовуз ва қари толларгина қолган эди. Мактабнинг янги биноси нариги томон — кун чиқишга қараб тушган уч қаватли ярқираган иморат, боғ эса четроқда қолгандек. Сарҳовуз ва чумчуқ уяга макон бўлган тўрт-беш туп тол. Боғ ҳам назардан унади-да. Мана… мактабнинг нариги томонидаги илгари хўжаликнинг қурилиш материаллари сақланиб, бола-бақра темир-терсак топшириб юрадиган рутубатли омбор ўрнида бунёд этилган янги боққа ўхшаб. Кимдир айтдики, бу бино бузилгач, ерини мактабнинг ҳисобига ўтказишибди. Шанбалик, ҳашар дегандек одамнинг қўли тегса, гуллаб кетаркан-да. Жавлон машинани секин жилдираркан, кўраётганларига қараб, бу ерларнинг аввалги ҳолатини эслаб борарди.
Хуллас, синфдошлар ўрта мактабни битирганининг ўттиз йиллик оқшомини шу сарҳовузга туташиб кетган янги боғда ўтказишга қарор қилдилар ва бу ҳаммадан ҳам Жавлонларнинг собиқ муаллими Собир акага маъқул бўлди. У киши нафақага чиққан, ёши етмишни қоралаб қолган бўлса-да, ўқитувчига хос сергаклик, ҳозиржавоблик тарк этмаган фариштали отахон эди. Янги боққа ниҳол қадаётган болаларга уйидан тушлик олиб келиб, “ҳайбаракалла“, дея ишга ўзи бош-қош бўлганидан ҳам собиқ ўқувчиларининг бу жойни танлаганларини эшитиб беҳад қувонганди.
Кечга томон порлаб турган чироқлар ёруғида ҳовуз бўйи янада серфайз бўлиб қолди. Собиқ ўқитувчилар, синфдошлар тўртта-бешта бўлиб суҳбатлашишар, атрофда аллақандай енгил, хушхол ғала-ғовур ҳукмрон эди.
Жавлон учрашувга турмуш ўртоқларини олиб келган синфдошлари билан бирма-бир кўришар экан, тенгдошларининг айримларини аранг таниётгани ва уларнинг баъзилари кексаликни бўйинга олиб қўйгандек “Бобоси, момоси“, дейишиб ҳазил-ҳузил қилишаётганини кўриб, алланечук хаёлларга чўмди. Умр ўтиб кетаркан-у, кечагина бирга юрган сафдош дўстинг бир пасда росмана катта одам бўлиб қоларкан. Ишонгинг келмайди. Қишлоқдан чиқиб кетганига йигирма беш йилдан ошган Жавлон хотинининг бетоблиги боис бу гал ёлғиз ўзи келганди. Бир томондан, ўзига бу ёлғизлиги ёқиб ҳам турар, аммо синфдошларининг қарийб барчаси жуфт-жуфт бўлиб турганидан кўнглида хижиллик ҳам туярди. Ким билан сўрашмасин, “Янгамни олиб келмадингизми, -шаҳарлик янгамиз келмадими?” деб сўрашарди.
Жавлоннинг хаёлида тамомила бошқа маконга айланиб кетган бу манзил ҳали-ҳануз сирлидек эди…

* * *

Мактабни тугатиш арафасида ҳам шу сарҳовуз бўйида байрам қилишганди. Нафиса билан ўз-ўзича киши билмас кўз уриштириб, хат ёзишиб, аҳду паймон қилишганларига ҳам шу қари толлар гувоҳ. Синф раҳбари Собир муаллимнинг Жавлонга “Сен ўқишинг керак. Қиз бола дегани шўх бўлади, сен ўқишни тамом қилгунча икки боланинг онаси бўлади бу қиз. Чалғима, укам…“ деганлари ҳануз қулоғи остида. Собир аканинг бу гап-сўзи ўт-олов боланинг кўнглига сиғмасди, аммо айтганидек бўлди… ҳей, ёшлик…
Жавлоннинг хаёлини ҳозир кексалик гаштини сураётган Собир аканинг гапи бўлди.
Даврани очишга шайланаётган Собир ака микрофонни қўлига олиб, секин “пуф-пуф”лади, сўнгра қўл ишораси билан ғала-ғовурни босиб, сўз бошлади:
— Болаларим, бугун сиз болалигингизга қайтиш учун, ўша ажойиб фасл билан учрашиш учун бу ерга тўпландингиз. Сизларни болаларим, дедим, маъзур тутгайсизлар, чунки ҳозир аксариятингиз неваралик бўлдингиз. Сиз, гарчанд болалик аталмиш салтанатдан ўттиз-қирқ йил узоқлашиб кетган бўлсангиз-да, мен учун ҳалиям боласиз, бола бўлиб қоласиз, — директор тўлқинланиб гапирар, овози титраб чиқарди. У ёшлигида жуда қаттиққўл, чўрткесар эди. Лекин ўқувчилар уни мард, адолатли бўлгани учун яхши кўрар, ҳурмат қилар ва бу ҳурмат битирувчилар кўнглида ҳамон сақланиб қолганди. Шу боис улар ўқитувчилари сўзларини жон қулоқлари билан тингламоқда эдилар.
Жавлон синфдошларини зимдан кузатарди. Қаранг, Ҳанифанинг сочларигаям худди Жавлонники сингари оқ тушибди, Зумраднинг ҳам, эркаклар ҳам шу… Фақат Нафиса ҳамон кўркам, ўша ўн етти ёшидан унчалик узоқлашмагандек, орадан ўттиз йилнинг қувончу ташвишлари гўё уни четлаб ўтгандай. Жавлоннинг кўзига шундай кўрингандир, балки.    — Жавлон, — уни тирсаги билан туртди ёнидаги Абдужаббор, — қулоқ солсанг-чи, муаллим гапиряптилар.
Жавлон ҳамон тўлқинланиб сўзлаётган Собир ака томон юзланди.
— Энди, азиз шогирдларим, дўстларим, мени яна бир карра маъзур тутсангизлар. Яқинда сизларни 1-синфда ўқитган, саводхон қилган муаллимингиз Боқиев вафот этди. Буни айримларингиз биласиз, айримларингиз йўқ. Таъзияда кўпчилигингизга кўзим тушмади… Энди турмуш ташвишлари дегандек… Раҳматлик жуда кечиримли, беозор одам эди. Оллоҳ у кишига фарзанд ато этмаган бўлсада, барча ўқувчиларини “Болам” дея ардоқлардилар. Буни ҳаммангиз яхши биласиз. Тўғри сизлар дийдорлашиш учун, хурсандчилик учун йиғилгансиз. Лекин… таклиф шуки, Боқиевнинг хотирасига бир тиловат ўқиб юборсак. Уям шу ерда ишлаган, шу ҳовуз бўйларида изи қолган…
Ҳамма “гурр” этиб маъқул-маъқул, дейишди. Собир аканинг сўнгги гаплари Жавлонга қаттиқ таъсир қилди. Ўтирган жойида бир қалқиб кетди, кўзи жиққа ёшга тўлди. Боқиевнинг жиккаккина гавдаси, самимий чеҳраси кўз ўнгида намоён бўлди.
Абдужаббор яна уни турта бошлади:
— Буям бир таскин-да, жўра. Сен-ку шаҳардасан, мен шу ерда туриб келолмадим. Ҳа, кейин дуойи фотиҳа-ку қилдик, лекин… — Абдужаббор азалий одатича ўзини танқид қила бошлаганди.
Собир муаллимнинг бўғиқ товуши унинг гапини бўлиб қўйди. “Аъузу-биллаҳи минош шайтонир рожим…“
Ҳовуз ҳам сукутга кетгандек жим. Сув юзида сарғайган барглар қалқиб турар, бу ҳол ҳам Жавлонга бошқача таъсир қилди. Фақатгина муаллимнинг овози эшитиларди. “Хотин билан келганимда бундай бўлмасмиди, нима бўлди, менга ўзи?” Ҳамма баравар юзига фотиҳа тортганида Жавлон кечикиброқ юзини силаб қўйди.

* * *

— Даврабошликка рухсат этсаларинг, шогирдимиз Жавлонни сайласак? Қаршилар йўқми? Раҳмат. Чунки Жавлонбек ўн йил мобайнида синфбоши эди-да! — Собир ака жилмайганича унга микрофонни узатиб турарди.
Жавлон довдираб қолди. Лекин энди қаршилик кўрсатиш бефойда, ҳамма директор таклифини маъқуллаб қарсак чалмоқда, Абдужаббор ҳам оғзи қулоғида уни ўрнидан туришга ундарди. У домланинг истиқболига юриб, ясама тавозе билан микрофонни олди. Тўпланганларга юзланиб, шундай деди:
— Даврани олиб боришга фақатгина бир шарт билан розиман. Мен устоз айтганларидек, синфбошиман. Шунинг учун айрим синфдошларга ҳазил қилсам ёки “иккичи”ларни ўрнидан турғазиб, савол берсам, хафа бўлиш йўқ.
— Бу ерда “иккичи”лар йўқ, Жонузоқуп, — деди унга нариги бурчакдан жингалак сочининг олди тўкила бошлаган Мирпўлат. Бу гапга бошқалар кулиб юборишди. Негаки, Мирпўлат дегани ростдан ҳам мактабни зўрға тамомлаган, кейин тракторчи бўлиб кетганди. Шундай бўлса-да собиқ синфдошлар унинг гапини қий-чув қилиб қувватлашди.
Уларнинг болалиги ўтган кўҳна боғ узра қўшиқлар янграр, куй садоси узоқ-узоқларга таралар, кайфияти кўтарилиб, даврага анчагина эл бўлиб қолган Жавлон ҳам бемалол яйраб ўтирарди. Табриклар, тилаклар бир-бирига уланарди. Жавлон қадаҳ узатаётганларга қараб “Мен рулдаман,” дея ёлғондакам зорланар эди.
Давра қизигандан қизир, Жавлоннинг хаёллари олис-олисда, нигоҳлари бесаранжомлик билан аллакимни изларди. Қуюқ-суюқ овқатлар тортилди, пайдар-пай сўзлар айтилди. Шу тариқа дўстлар тун яримлаганиниям сезмай қолишди.
Ҳамма аллақандай шод-масрур эди, бу шодлик сабабини фақатгина дийдорлашувдан деб бўлмасди, чунки даврадагиларнинг аксарияти бир-бирлари билан онда-сонда бўлса-да, учрашиб туришарди. Хурсандчиликнинг асосий боиси – ҳамма болаликка, беғубор ёшликка қайтган, қайтишни истаганди. Болаликнинг ёлғиз ёдгори — қартайган боғ уларга кўп нарсаларни эслатган, юракларни жунбушга келтирганди. Аслида болалик, ўсмирликнинг ёдгори ҳам шу хотираларгина эди, холос…
Бир пайт санъаткорларга навбат бериб жойига келган Жавлон гўё мўъжиза сабаб бўлгандек қўшни столда пайдо бўлиб қолган Нафисага кўзи тушди. Нафиса тағин исмини ҳозир бирдан эслолмаган бир синфдоши ва уч-тўрт синфдош болалар дунёни унутиб чақ-чақлашардилар.
— Мана, раис ҳам келди.
— Келсинлар-е, — деди Жавлон қизларга қараб, стулга ўтираркан Нафисага бурилиб давом этди. — Ой тушиб кепти-ку бизнинг ғариб бурчаккаям.
Ҳамма кулиб юборди. Унчалар зўр гап айтилмаган бўлса-да, даврадаги кайфият шўхликка мойил эди. Қарийб келганидан буён синфдошларини, айниқса, Жавлонни кузатиб ўтирган Нафиса ундаги ўзгаришни сезиб бирдан қизариб кетди. Нафисанинг чеҳрасидаги қизиллик Жавлоннинг вужудига ҳам таъсир қилди чоғи, орадан кўп ўтмай, у ҳам тағин маюсланиб қолди. Маюсланиб эмас, сеҳрланиб қолгандек эди ҳар икки собиқ синфдош.
Ниҳоят давра якунланди, аллақачон уйига кетиб қолган Собир муаллимнинг ўрнига ҳам Жавлон даврани якунлаб сўз айтди. Ва тирсагидан ушлаб “бугун бизникида қоласиз,” деб турган Шермуроднинг илтимосига ҳам кўнмай уйига — эндиликда укаси макон тутган қадрдон ота уйига кетишга қарор қилиб машинаси томон юрди.
— Боботут томонга кетадиганлар бўлса, олиб кетаман, — дея бир-икки овоз берди-да ўзи билан ўзи бўлиб ётган ташкилотчи жўраларига ҳам индамай машина эшигини очди.
Шунда орқадан “Жавлон ака!” деган товуш эшитилди. Жавлон тек қотди. Бу Нафисанинг товуши эди. Қоронғулик аралаш келган бу овоз болалик, ўсмирлик йиллари оралаб келгандек Жавлоннинг бутун танини тилиб ўтди гўё.
Жавлон ортига ўгирилди ва ўзи томон қараб турган Нафиса билан Зумрадни кўрди. Жавлон улар томон буриларкан, Зумрад “Нафисани олиб кетинг, синфдош,” дедию хайр ҳам демай жўнаб қолди. Тавба, кап-катта хотиннинг ҳаяжонланганини Жавлон аниқ-тиниқ пайқади.
— Сизга малол келмайдими, Жавлон ака? — Нафисанинг бўғзидан чиқаётган товуш Жавлоннинг димоғини куйдириб кетгандек бўлди: “Эҳ, кўнгил, эй, одамзод… кўнгил қаримай, йўқолмай, яраси битмай қолавераркан-да. Одамнинг рост гапи чиқиб қоларкан-да, барибир…”
Жавлоннинг боши бир зум гир айланди. “Эҳ, йиллар, барибир ўз ҳукмини ўтказар экан, одамзотга! Ўша мағрур, шўх-шодон Нафисами шу?! Мени “сиз”лаяпти, “ака” деяпти? Лекин у ҳамон гўзал, товуши ҳам аввалгидек ёқимли… Кўзлари эса, жуда маъноли, лекин мунгли…”
У хаёлларини аранг жамлаб, жавоб қилди:
— Малоли бор эканми, бемалол. Отангнинг уйида қоласанми?
— Йўқ, қайнонам касал, кенжа ўғил-ку куёвингиз, — Нафиса шу гапларни айтаркан, машинанинг орқа эшигидан айланиб келиб ўтирди.
Ўрнидан енгил қўзғалган “Нексия” сарҳовузни ёқалаб кетган йўлга бурилди. Атрофда тарқала бошлаган синфдошларга сигнал чалди ва юриб кетди.
Жавлон ҳам, Нафиса ҳам машина юргач яна аввалги кайфиятга қайтиб, бирдан жим қолишди. Гўё бир-бирларини ҳеч қачон кўрмаган бегоналардек жиддий эдилар. Жавлон хаёлчан рул бошқарар, орқа ўриндиқда ўтирган Нафисадан ҳам садо чиқмасди. Шунда Жавлон нима дейишини билмай хаёлига келган гапни айтиб қолди:
—    Нафиса, қачондан бери мени “сиз”лайдиган бўлиб қолдинг?
— Сиздай кишини сенсираб юрсам, бўлмас… Ахир, қайтадан ёш бола бўлиб қолмаймиз-ку!
— Бир кун, бир кунгина, бола бўлиб қоламиз, шуни жуда-жуда истайман! Сен-чи, сен шундай бўлишини хоҳлармидинг?
— Йўқ. Сира хоҳламайман… — қуруққина жавоб қилди Нафиса.
Бу кутилмаган жавоб эди.
— Нафиса, наҳотки ёшликка қайтишни истамасанг? Мен бунга ишонмайман! — Жавлон оҳиста бораётган машинанинг ойнасидан ортга кўз ташлади, лекин, қоронғуда ҳеч нима кўринмади.
— Эҳ, Жавлон ака, ҳамон хаёлпарастсиз. Наҳотки менинг истагим аҳамият касб этса? Очиғини айтсам, ёшариб қолишни ким ҳам истамайди, дейсиз? Лекин мен ёшлигимга қўшилиб айрим хотиралар такрорланишини истамайман, холос…
— Эҳтимол, сен ҳақдирсан. Биз қанчалик истамайлик, болаликка ҳам, ёшликка ҳам қайтолмаймиз. Фақат хотираларимизгагина қайтишимиз мумкин. Бор-йўқ бойлигимиз ҳам болаликдан эсдалик шу боғ, шу йўллар, хотиралар…
Орага жимлик чўкди. Бу гал Нафиса гап бошлади.
— Бизга қўшилиб боғ ҳам қариб бораяпти. Лекин… ўрнига янги боғ ҳам тикланибди. Кўрдингизми? — Улар мактабнинг янги боғи олдидан ўтиб боришардилар.
—    Кўрдим, Нафиса, кўрдим… сен ҳалиям гапга устасан. — Жавлон хўрсинди. — Шу боғларнинг ҳам Нафисаю Жавлонлари бордир, нима дединг?
Жавлон ортига ўгирилиб қаради. Нафиса эса ойнадан ташқарига боққанча йиғлаб кетарди. Янги боғлар атрофига ўрнатилган чироқларда унинг юз-кўзи аниқ кўринаётганди.
Жавлон машинани тезлатди.

 «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 28-сонидан олинди.