Жўра Фозил. Бир кеча (ҳикоя)

— Буни қара-я, қиз бола тез улғаяди десалар, ишонмасдим. Мана, Нигорагина ҳам куёвга лойиқ бўлибди, уйига совчилар келибди, — деб она бир коса овқатни кўтарганча сўрига яқинлашди.
Юрагида “қўшни уйга келганлар совчи эмас, шундоқ, меҳмонлар бўлса-чи” деган умид учқунланиб турган йигит адои тамом бўлди. У “кимнинг совчилари экан” дейишдан ўзини зўрға тийиб турар экан, ўғлининг юрагида бўрон тураётганини сезган онаизор изоҳ берди:
— Қўшни қишлоқлик омбор мудири Бобоқул ака бор-ку, ўша ёлғиз ўғлига сўраттирибди.
Ўғил “миқ” эмади.
Она ўғлининг қўшни қизга кўнгли борлигидан хабардор, ўзи ҳам Нигорани “бўлғуси келиним” дея юрарди. Шу боис муросаомуз сўз қотди: “Бир қизга юз киши харидор бўлади, фақат биттаси олади, болам…” Лекин йигитнинг қулоғига энди гап кирмас, “бевафо”ни тезроқ холи учратиб, унга аччиқ-аччиқ гаплар айтмоқчи, “узиб-узиб” олмоқчи эди.
Ниҳоят, вақт ҳам алламаҳал бўлиб, қўшни уйга келган совчилар ортларига қайтишди. Улар қандай хабар билан қайтганини йигит билмаса-да, ўзини қўярга жой тополмасди. Бу қандай бедодлик, ахир, яхши кўрган қизига бошқа йигитдан совчи келса?!
У дарвоза ва ўзлари учун ғаройиб қўналға бўлмиш ўша қари тут орасида бўзчининг мокисидай қатнар, кўзлари ҳеч нимани кўрмасди. Кекса тутнинг ғадир-будур танасига пешонасини босди, яна хаёлларга эрк берар экан, бехосдан ариқ томондан аллақандай шарпани илғади. Сўнгра енгил қадам товушлари эшитилди.
Йигитнинг юраги ҳаприқиб, бўғзига тиқилгудек дукиллай бошлади. Уни йўқлаган шарпа Нигора бўлиб чиқди. У чаққон, енгил ҳаракатлар билан ўзини тут панасига олди. Қизнинг юраги ҳам қаттиқ-қаттиқ урар, зўр ҳаяжондан нафас олишлари худди эшитилаётгандай эди.
Кун бўйи холи учратишга интилиб, хийла жиғибийрон бўлган йигит аразлаб, тут танасига суянганича жим тураверди.
Ниҳоят, Нигоранинг ўзи тилга кирди:
— Ҳа, нима бунча, мум тишлагандай овозингиз чиқмайди? —деди зардали товушда қиз.
— Сенга нима ҳам дердим? Совчиларнинг ортидан ўзинг ҳам куёв тўраникига жўнаб қолдингми, деб ўйлабман-да…— кесатди Акмал.
— Ҳа-а, алам қилдими, баттар бўлинг! Нима, кетсам арзимабдими? Ёлғизгина, бойвачча ўғил бўлса, — қиз йигит юрагида гуриллаб ёнаётган оловга мой сепди гўё.
— Билиб қўй, эртага ўша бойваччанинг таъзирини бермасам, отимни бошқа қўяман! — ошиқ атрофга олазарак бўлиб, кетишга чоғланди.
Лекин қиз тушмагур сира бўш келмас, йигитнинг жиғига тегишда давом этарди.
— Қўйинг, акажон, чиройликкина исмингиз бор, — ўзгартириб юрманг! Ўзингиз ҳам қўшни қишлоқ қизларини кўрсангиз, дарҳол гап отасиз-ку!
— Ҳеч-да, туҳмат қилма! Совчиларни кўриб-кўрмай, тумшуғингга хода етмай қолибди-ку!
— Ажаб бўпти! Алам қилсин!
— Ваъда бермаган эмишлар, — норози тўнғиллади йигит. — Бўлмаса, нега ҳар оқшом бу ерга келасан?
— Кўпам талтаяверманг, мен, шундоқ, ўзим, бироз чақчақлашгани келаман.
— Ке, қўй Нигоражон, мени кўп хафа қилма. Отанг совчиларга нима деб жавоб бердилар?
Қиз қурғур ҳамон паст тушгиси келмас, терс жавоб қилди:
— Отам совчиларга нима деганларини, мард бўлсангиз, ўзларидан сўранг!
— Қўйсангчи, — капалаги учиб кетди ошиқнинг, — мен отангга нима дейман?
— Шунақа қуёнюрак бўлсангиз, ўзим айтганимни жимгина тинглаб ўтираверинг-да!
— Ҳалиям жимгина ўтирибман-ку! Ўзинг гапни олиб қочаяпсан-да!
— Сира олиб қочганим йўқ! Эшитинг бўлмаса! Отам, Худо хоҳласа, кузакда тўй қиламиз дедилар!
Йигит гунгу лол бўлиб қолди. Отасидан бехосдан тарсаки еган боладай, дами ичига тушиб кетди.
Бир маҳал Акмал ўзида қандайдир куч сезиб, қиздан шартта юз ўгирди-да, кетишга чоғланди ва эшитилар эшитилмас шундай деди:
— Кузакда тўй экан, яхши! Муборак бўлсин! Қўша қаринглар! — кейинги калима хийла қатъиятли, совуқ эди.
Қизнинг юраги “шув” этди. Ўз ҳазилидан ўзи пушаймон бўлиб, йигитнинг йўлини тўсди.
— Тўхтанг, ҳой, жинни! Қаёққа кетасиз?!
— Қаёққа бўларди? Ухлагани кетяпман. Алламаҳал бўлиб қолди, сен ҳам уйингга бор. Унаштирилган қиз аллакимлар билан хилватда юриши яхши эмас.
— Мен… Мен ҳазиллашган эдим. Кечиринг! — қиз изиллаб йиғлаб юборди. — Ҳеч қанақа тўй бўлмайди! Отам қизим ҳали ёш, ўқиши керак, дедилар! Илтимос, мени кечиринг!
Кетишга чоғланган йигит турган ерида тик қотди. У қулоқларига ишонгиси келмасди.
— Тўғрисини айт, Нигор! Мени бекордан бекорга умидвор қилма, сени яхши кўраман, ахир!
— Тўғриси шундай, — қиз энди ҳўнграб йиғлаб юборди.
Саратоннинг ойсиз туни тобора қуюқлашар, “ҳиқ-ҳиқ” йиғлаётган қизни юпатаётган йигитнинг кўнгли ёришди…


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!