Жасур Кенгбоев. Ғурбатхона (ҳикоя)

Ёз чилласида ҳўкиз ўлибди,
Қиш чилласида арпа гуллабди.
Мақол.

Эрта тонгда телефон жиринглади. Гўшакни кў­тарсам – амаким:
– Маҳмуджон, – деди хавотирли оҳангда. – Машинангизда янгангизни бир жойга олиб бориб келинг, илтимос…
Хўп, дедим. Чой-пой ичиб, кўчага чиқсам, қор учқунлаб турибди. Ердагиси эримай, боз ёғаётган бу қор ҳайдовчи зотининг кўкайини кесиб юборади. Тонггача машинанинг мотори совиб қолади. Базўр ўт олдирдим. Салонда ўйнаб турган буюқдан этим симиллайди.
Борсам, янга ва келини катта йўлга чиқиб турган экан. Йўлга тушдик. Машина ойнасидан қараб-қараб қўяман. Икковининг ҳам юз-кўзида жиндек фа­ромушликни сездим. Уйи нотинч одамларда ҳа­ловат бўладими. Муаммолар гирдобида қолган қа­риндошимизнинг бошига кетма-кет тушаётган ташвишларни билсам-да, жўяли тасалли беролмайман. Лекин ҳар эсга тушганда ичимда ёлвориб, кушойиш сўрайман. Қанчалик ачинмайин, қўлимдан келгани шу эди. Ҳозир йўлда кетяпмиз-у, дурустроқ кўнгил ҳам сўролмаётганимдан хижолатда эдим. Пойинтар-со­йинтар ҳол сўрашларимдан сезди, шекилли, янгамизнинг ўзи гап бошлади.
– Ай, ҳеч кимга кўрсатмасин бу кунни, укам, – деди янга. – Кўз тегдими, билмайман, ҳадеб ишимиз орқага кетяпти. Акангизнинг бизнеси юришмай қол­ди. Биласиз, рўзғоримиз каттагина, томиб тургани ҳам қуриб қолди. Ўғилларнинг ҳам топганидан барака кетди. Мана, куни кеча ҳўкизимизни ўғри урди. Учинчи марта-я. Аввал-бошда йигирма жайдари қў­йимизни ўғирлаб кетишганда дод солиб қолдик. Орадан йил ўтмай, яна беш қўчқорни ўмариб кетишди. Ўйлайвериб, юрак ўйноғини орттириб олдим… Мол аччиғи – жон аччиғи. Туёқларни деб, бормаган идорамиз қолмади. Мелисама-мелиса юриб, тинкамиз қуриди. Бу жиғилдонингга ўт тушгур мелиса деганиям юҳодан бери экан, уларга иш тушмасин экан. Ўзингиз айбдорсиз, янга, дейди. Мол сақлаган одам аввал истеҳкомни бақувват қуриши керакмиш. Ҳей ургилдим, уйимни ўғри урса, сенга ишониб борсам, келиб-келиб мен манглайи қора жабрдийдага насиҳат ўқийсанми деб уришдим.
Мол молга етгунча, Азроил жонга етар экан, ука. Давления бўп қолаёздим. Булар-ку, майли, ҳар нарсанинг давоси вақт, қулоғини ушлаб кетган молларимизни энди эсдан чиқарамиз деганимизда, кўрмайсизми, капагинангга ўт тушгурлар тишимизнинг кавагида сақлаб ўтирган ҳўкизимизни ўғирлаб кетишди. Дардимизни кимга айтамиз? Акангизнинг ишлари бу, ўғилларим ҳам гандираклаб қолди. Хонавайрон бўлдик-да…
Жим эшитиб кетяпман. Кўзимнинг устидаги бу одамларни яхши биламан: ҳалол, бировнинг ҳақини емайдиган инсонлар. Лекин ғам-ташвиш ҳам дардга ўхшаркан: бир келса, қўшалоқ келади. Мадда бойлаб, мусибатга айланиши ҳам мумкин. Шундан асрасин, деб ўйладим ва таскин берган бўлдим.
– Чўкаётган одам хасга ҳам ёпишармиш, – деди янга. – Ҳеч ишдан натижа чиқмагач, мана, охири бир фол очириб ҳам кўрайлик-чи, деб кетяпмиз-да, укам. Эскилар ҳам бир нимани билар…
Йўл узоқ, машина сирпанчиқ йўлда чайқалиб-чайқалиб олади. Секин юрибмиз. Бир ярим соатларда манзилга етдик. Одамлардан сўраб-сўраб, номи чиққан фолбиннинг уйини топдик. Мен ўшанда фолбин деганларининг уйи ҳақида илк тасаввурга эга бўлганман: одамлар дўхтиру табибга ҳам бунчалик ихлос билан нажот истаб келмаса керак. Саҳардан ҳовлида ўн-ўн беш чоғли одам. Дардига малҳам топиш илинжида Худога тилмоч-воситачи қидирганлар бунча кўп бўлмаса…
Биз ҳам фолбин ҳовлисида навбатда турдик. Одамлар бирин-кетин кириб-чиқяпти. Бировнинг юзида табассум, кимдир маъюс тортиб ташқарилайди.
Қанча кутдик, билмайман, навбати келиб, янгам билан келини кириб кетишди. Мен эса одамларга қўшилмай, бир ўзим чеккароқда уларни кута бошладим. Ҳаммадан айро турганимни кўриб, бир хотин «Ҳой ука, сиз ҳам фолга келдингизми?», деб сўраб қолди.
– Янгаларимни опкелдим, уларни кутиб турибман, – дедим.
– Вой, бу хотин манаман деган фолбинингиздан зўр, – деди аёл билағонлик қилиб.
– Аввал келганмисиз? – дедим жўртага.
– Бир келиб қойил қолганман. Мана, яна келдим.
– Бирор муаммонгиз борми?
– Йўғ-а, яхшиликка келдим, айнанай, яхшиликка. Айтдим-ку, бу хотин ҳамма нарсани билади, айтган гапининг бари тўғри чиқади.
– Шунча зўрми?
– Ҳа, мана бундай! – дейди у бош бармоғини юқорига кўтариб. – Ўтган йили, бир қўшним мақтагани учун иккиланиб-иккиланиб бир келувдим. «Бахтингиздан очайми ё тахтингизданми?» деб сўради. «Тахтимдан» дедим. У қўлларимга чизиқ чизиб, «Синглим, сизга нуқта тушяпти. Сиз бир ой деганда каттагина ҳовли-жойли бўласиз. Фақат шу келаётган ойда уни олиб, бахт қушингизни ушлаб қолсангиз қолдингиз – бўлмаса, сизда бундай имкон бошқа бўлмайди» деб айтди. Хурсанд бўлиб кетдим. Уйга бориб, дадасига маслаҳат солдим. Бирам йўлимиз очилдики, дадамиз дарров рози бўлдилар. Эски шаҳардаги икки хонали уйи­мизни сотдик. Қуриб кетсин, темир бўлса, топилади-да, деб машинамизни ҳам пулладик. Ҳовлига озроқ етмай қолди. Орадан йигирма кунча ўтиб кетди. Ноилож бўлдик. Кейин қўни-қўшни, қариндош-уруғдан ҳам анчагина қарз кўтардик. Лекин, қурғур хотин рост айтган экан, бир амаллаб, йигирма тўққизинчи куни шу атрофдан, данғиллама бўлмасаям, бундайроқ ҳовли-жойни сотиб олдиг-ей. Бало экан бу фолбин!
– Э, қойилман сизларга! – деди ёнимизда қу­ни­шибгина турган бир эркак.
– Ҳа, жуда топиб айтар экан ўзиям, – дея кулиб қўйди қошлари қалин бир хотин.
– Бугун нимага келдингиз унда? – дея сўради мо­миқ рўмолли хотин.
Аёл одамлар гапини жон қулоғи билан эшитиб турганигами, тоза ийиб кетди:
– Бугун ўғлимнинг масаласида келувдим, айнанай, – деди.
– Ўғлингизга нима бўпти? – сўради момиқ рў­молли хотин.
– Вой, ҳеч нима қилмаган. Яқинда йўл-йўлакай кириб кетгандим шу опага. Ўғлим ўзгариб, инжиқ бўлиб қолди, дедим. Фол очиб қўйди. «Яхшилаб эътибор беринг, ўғлингиз севиб қолган», деди. Уйга бориб, сиқувга олдим ўғлимни. Ростдан ҳам севиб қолган экан. Яна келдим опага. Ўғлим севиб қолган қизни келин қилсам, яхши бўладими – ёмон бўладими, опа, дедим. Фол очиб, бу қизга уйланса яхши бўлмайди, деди. Кейин исми «А», «З», «М», «Ш», «Ҳ» ҳарфлари билан бошланган қизлардан келин қилманг, деб айтди. Мен хўп деб чиқиб кетибман…
– Кейин-чи, кейин? – дейишдик бирваракайига. Бу аёл айтаётган гаплар росманасига ҳаммамизни қизиқтириб қўйганди.
– Кейин… келиб ўғлимга айтдим шу гапларни. Ўғлим хўп деганди…
– Хўш-хўш, кейин-чи? – тобора қизиқиб борардик унинг гапига. – Кейин нима бўлди?
– Кейин нима бўларди, – деди аёл кўзларини жавдиратиб. – Кейин… мана, келдим яна.
– Ия, яна нима бўлди? Энди нима учун келдингиз? – деб сўради момиқ рўмолли аёл.
Хотин бир дам сукут сақлади. Сўнг сохта файласуфлик билан қошларини чимирди:
– Ўғлим гапимга қарши борди, – деди. – У ҳозир яхши кўриб қолган қизнинг исми Маҳфуза экан. «М» билан бошланаркан…
«Хўш, шунга нима қипти?», «Фолга шунчалик ишонасизми?», «Энди нима қилмоқчисиз?» Саволларни қаторлаштириб ташладик. Бир жувон ўхшатиб гап ташлади:
– Балиқ сувда туриб ҳам «чанқадим», деркан, – деди. – Шуям ташвиш бўптими?!
– Нимаям дердим, қадимгиларимиз фолга ишонма, лекин фолсиз ҳам юрма, деган, – деди хотин. – Мен бошқа фолбинларни билмадим-куя, лекин бу хотинга ишонаман. Бир ойда ҳовли оласизлар, деганди, ана, айтгани бўлди, дедим-ку. Энди ҳозир олдига кириб, ўғлим топган қизнинг исми «М» билан бошлансаям, келин қилаверсам, ростдан ҳам яхши бўладими ёки ёмон бўладими, деб аниқлаштириб сўрамоқчиман. Ёмон бўлади, деса, унда ўғлимни бу қиздан совитиб, кичкина аммамнинг ўртанча қизи бор, Барно исми, «Б» ҳарфи билан бошланади, шунга иситиб беришини илтимос қилмоқчиман, айнанай…
Аёлнинг гапларига берилиб кетиб, янгаларимнинг фолбин олдидан чиққанини ҳам сезмай қолибман.
– Ука, зўр фолбин экан лекин, сиз ҳам бир кириб кўринг, – деб қистаб қолди янгамиз. – Сиздан нима кетди, шунча жойдан келиб, бир фол очирсангиз очирибсиз-да, бизнинг дардимизни бирдан топди-я…
Йўқ дейишимга қарамай, қўярда-қўймай киришга мажбурлашди. Раъйи қайтмасин, дедим.
Шошилмай фолбин ўтирган хона эшигини та­қил­лат­дим. Ичкаридан «Киринг» деган ўктам овоз эшитилди.
Хирагина ёритилган хона. Хонанинг икки бурчида иккита шам ёқилган, негадир, шифтда чироқ бўлишига қарамай, шам ёқилгани кишига андак ғалати туюлар экан. Эҳтимол, сеҳр оламига муҳит шундоқ яралар?
Сандалга ўхшаш бир тайпоқ столча устига кўрпа тўшалган, столнинг нарига томонидан бошига узун рўмолни ташлаб олиб, кўзойнак ортидан бургут кўзини қадаб қараб турган хотин «Тез-тез бўл, болам, одамлар кутиб турибди», – деди. Қаршисига ўтириб олдим.
Фолбин фавқулодда тезлик билан чап қўлимни ушлаб, кафтимга мойли қаламда чиза бошлади. Чизаётганда қитиғим келиб, кулимсирадим. Буни пайқади, чоғи, жиддий таъна қилди: «Шайтонга қулоқ солма, болам, шайтон йўлдан уради», деди. Ҳеч нимани тушунмай анграйиб қолдим.
Чизиб бўлгач, кўзларимга тик қаради ва:
– Болам, мен йўл кўряпман, – деди. – Яқинда узоқ сафарга чиқар экансан.
– Қаерга? – дедим ҳовлиқиб.
– Билмадим, лекин узоқроқ йўл экан, – деди.
Фолбин қўлидаги мойқалам билан кафтимдаги нуқталарни бирлаштириб, ўйланиб қолди.
– Ўттиз ёшингда тўрт хонали уйинг бўлади, – деди.
Мен кулдим:
– Олган ойлигим бу, битимга оларканманми уйни?!
– Сан бола кулма, ман чин айтяпман, – деди фол­бин хотин лаҳжасини ўзгартириб. – Ман айтдимми, бўлади. Кулсанг, тескариси келиши ҳам мумкин…
Фолбиннинг шамали таҳдидидан чўчидимми, ҳар­ҳолда, тилимни тийишга уриндим.
У кафтимга бошқатдан тикилиб қарай бошлади ва ҳеч кутилмаганда:    
– Ҳаётингда «Д» ҳарфи билан бошланувчи жуда яқин одаминг бор экан-а? – дея сўради.
Ўйлаб ҳам ўтирмай «йўқ» дедим. Чунки, исми бун­дай ҳарф билан бошланадиган яқин одамим йўқ эди-да.
– Яхшилаб ўйла, бўлиши керак, – деди фолбин ажабланиб.
– Йўқ бунақаси, – дедим қатъий.
– Шунақами? Масалан, отангни исми нима?
– Отамнинг исми «Д» билан эмас, «Ж» билан бош­ланади. Жаббор ака, дейди отамни.
– Э, одамни аҳмоқ қилма сан бала, – деди хотин росмана жаҳли чиқиб. – Ахир русчада исм бошида «Ж»дан аввал «Д» ҳарфи қўйилади-да, балам… «Джаббар» бўлади-да…
Аввалига индамадим. Бу хотин фолни русча очар экан-да, деб ўйладим. Кулгим қистаб кетди. Хо-холаб кулиб юбордим.
– Нимага тиржаясан, балам? – деди фолбин.
– Фолни ўзбекча очсангиз бўлмайди, хола? – дедим кўзларимни уқалаб.
– Ман мактабда русча ўқиганман, – деди хотин жаҳли чиқиб. – Бор, кет, устимдан кулмай, ҳақинг ҳам керак эмас! Фолга ихлоси йўқларга фол кўрмайман!
Индамай чиқиб кетдим.
Ичкаридан фолбин хотиннинг: «Бурнига нарвон етмайди-я» деган шанғиллаши эшитилди.
Чиқишим билан янгаларим саволга тутишди:
– Қалай экан? Топдими?
– Жуда аломат фолбин экан, – дедим.
Янгаларим енгил тортишди. Бу ғурбатхонадан чиқа-чиқа қарасам, мендан кейин бояги – ўғли «М» ҳарфли қизни севиб қолган, фолбиндан оғзига чўп ўлчатиб олган хотин кириб кетди.
Албатта, янгаларимга у хотин билан бўлган гурунг ҳақида ҳеч нима демадим. Қайтанга йўл-йўлакай ўзларини гапга солдим. Айтишларича, ўша фолбин ростдан ҳам балогина экан. Амакимизнинг иши ортига кетишига исми «Қ» ҳарфли (эҳтимол, русчадан келганда «К» ҳарфлидир?) шахс сабаб бўлган экан. Қўй ва қўчқорларни ҳам, ҳўкизни ҳам ўғирлаганларнинг исми катта эҳтимол билан «Б», «М», «И» ёки «Т» ҳарфи билан бошланишини айтганмиш.
– Ростдан ҳам, аломат фолбин экан, – дедим янгаларимга. – Ҳамма нарсани билгич экан.
– Энди нима қилсак экан-а, Маҳмуджон? – деди янгам.
– Нимаям қилардингиз, янга, – дедим. – Энди фолбиннинг гапига кириб, қариндош-уруғу, қўни-қўшнилар, танишу нотанишлар орасидан исми «Б», «М», «И» ёки «Т» ҳарфи билан бошланадиган «ўғри»ларни зимдан қидириб бошлайсизлар-да…
Янгаларим бош силкиб, гапимни маъқуллаб қў­йишди.

“Ёшлик” журнали, 2014 йил, 9-сон