Жамила Эргашева. Ғаниматим онам (бадиа)

Одатда “Ота-онангиз ҳаётми?”, деб сўрашганда, “Ҳа” десангиз, “Давлатманд одам экансиз” дейишади ҳавас билан.
Оиламиз катта эди. Бобом, момом, амаким, етти фарзанд, қариялар яшайдиган хонадонда бўладиган узлуксиз келди-кетдилар. Шу катта хонадонда онам – ягона хизматкор эди. Нон қилсалар, кичкинтойлар учун албатта кулча ёпилар, қиш кунлари эрталаб турсак, уч офтоба илиққина сувга тўлиб, мактабга киядиган пойафзалларимиз ғиштин печнинг гирдида ювилган, тумшуқларига юмшоқ латталар тиқилган ҳолда иссиққина бўлиб турарди. Орадан қанча йиллар ўтиб кетган бўлса ҳам ана шу пойафзалларни эсласам оёқларимда ажабтовур ёқимли ҳароратни ҳис қиламан.
Сал улғайиб, ёнларига кириб юмушларга ёрдамим тегадиган бўлгач, укаларим бир амаллаб йиғиштирган жойларимни бир пасда тўзғитиб ташлайверишидан нолисам, онам “Қизижоним, сен буларнинг юмушларини суюниб-суюниб, суйиб-суйиб қилгин, эрта-индин беш оғанг — беш қўрғонинг, синглинг — меҳри дарё ғамгусоринг бўлади”, дердилар.
Энди ўйлаб қарасам, онагинамнинг зиммасида не юмушимиз бўлса, ўзимизни суйгандек ишимизни ҳам суйиб қилган эканлар.

* * *

Онам ҳеч қачон “Бу иш эркакнинг, бу аёлнинг вазифаси” деб юмуш ажратган аёл эмас. Ўзлари чевар аёл, бир умр элнинг кийимини тикиб, гиламини тўқиган.
Меҳмонга бориб келишса, отам раҳматлик кулиб-кулиб, момомга гурунг берарди: “Эна, ошхўрга ош, ишхўрга иш йўлиқар, деганлари рост экан. Бунингиз ўлиб тандирга қолип қазди (ёки кийим тикди), мен ош едим”, дер эди.
Иш билганга ҳам қийин-да, онамни кўрганда одамларнинг битказа олмай турган ишлари эсига тушиб қолаверган, “Яхшиям келиб қолдингиз, тандирим тўкилиб қолган, бир қолип қазадиган одам топмай юрган эдим, сиз бошлаб беринг, мен овқатга уннай”, деган, шу билан онагинам этакларини липпасига уриб, қолип қазишга тушиб кетган. Ўзи танти аёл, куч-ғайрати бор, бошлаган ишини чала қолдирмай деб, ош пишгунча ғайрат билан қолипни охиригача қазиб берган.

* * *

Оиламиз ўртаҳол эди. Отам оддий ишчи, онам мактабда фаррош бўлиб ишларди. Тиктиришга олиб келишган чиройли газмоллардан баъзан парча-пурча лахтаклар ортиб қолса, синглим иккаламиз диқиллар эдик: “Она, шуни олиб қолайлик, эгаси билиб ўтирибдими?”. Онам ҳалиги лахтакларни шартта қўлимиздан юлиб оларди: “Кишининг ҳақи Тангрининг ўти. У дунёда мен бунинг жавобини беришим керак. Агар эгасига қайтармасам, бу қийқимлар у дунёда илонга айланиб мени қувиб юраркан”.

* * *

Онамга ҳамма ҳавас қилади: “Ҳамма фарзандлари ўқимишли, меҳр-оқибатли. Ўзлари ҳам саксон ёшдан ошган бўлсалар ҳам, на гапидан, на йўлидан адашмаган. Қайтамга тикиш қилиб, ҳамманинг хожатини чиқариб ўтирибди, бизга ҳам шу кишининг йўлини берсин”, деб биров бошларига рўмол, биров елкаларига бир кийимлик сарпо ташласа, “дод” деб, берганларини қайтариб ташлайди: “Йўқ-йўқ, менинг тўримдан гўрим яқин, мени қарздор қилманглар”.
Онамга “Бу қарз эмас, буларга ховуч дуо берсангиз бўлди. Ўзлари рози бўлиб беришган нарса қарзга ўтмайди”, деган гапни ҳеч тушунтира олмадим.

* * *

Онамнинг уйлари қўшни аёллар учун кўнгил бекати. Биров тўрт оғиз суҳбатларини олиш учун, биров бир оғиз маслахат сўраб, биров ўзи эплай олмаган тикиш-бичишини кўтариб бораверади. Баҳонада қанча гурунг!.. Бир ўзимдан ортиб борганимда олдиларида ўтирган қўшни аёлларни кўриб, тўғриси ҳафсалам пир бўлиб кетади. Қанийди, улар ҳам “Хой, манави кампирнинг қизи келибди, она ва қизнинг бир-бирига айтадиган гаплари бордир”, деб қўзғала қолишса, йўқ, ўтираверишади.
Бир сафар онамдан йигирма ёшлар кичик бир қўшни аёл узилиб кетган маржонини кўтариб чиқибди: “Опа, шуни тузиб бермасангиз, ҳеч кўзим ўтмаяпти”.
Ўзи ошга тушган пашшадек бўлиб, бемаврид кириб келганига ғашим келиб ўтирганди, чақиб ола қолдим: “Боласи тенгги бўлиб сизнинг кўзингиз ўтмаганда, саксон ёшдан ошган онамнинг кўзи ўтадими?”. Аёл заррача ҳам хижолат бўлмади, мендан кўпроқ кириб-чиқиб юрган эшиги-да, онамнинг феълларини билади, худди ўз онасига эркалик қилаётгандек нозланиб, маржонни онамнинг олдига ташлади: “Опам йўлини билади“. Онам ҳам маржонни олиб, у қилди, бу қилди, ипларни хомитди, пишитди, ишқилиб бир пасда беш қатор дурни тузиб, қўшнининг олдига ташладида, ўз-ўзидан мамнун жилмайиб, менга қаради: “Ишнинг ўзини эмас, кўзини билиш керак”. Ҳалиги аёл маржонни тақиб олгач, халтасидан бир шим чиқарди: “Укангиз бир шим олган экан, пича узун келди, тўрт энлилар кесиб, шуниям ғириллатиб бир юриб беринг, опажон. Ўзим қиламан, десам, қуриб кетгур чол, қўймади, бузиб қўясан, шу опага олиб бор, дейди. Мен ҳам вақтида не бир тикишлар қилганман, бир ўтиришда тўрт қизимга тўрт кўйлакни тикиб, сўнг турган пайтларим бўлган. Бу кишим бўлса, менинг ишимдан кўнгли тўлмайди”.
Онам “ғириллатиб“ бергандан сўнг ҳам оламжаҳон вақт ўтириб, нихоят менинг қовоғим уйилавергач, эрка қўшни ўрнидан турди. Кун шомга қараб йўл олган, менинг вақтим соб бўлган эди: “Она-ей, шу хотин бир ўтиришда тўртта кўйлакни тиккан бўлса, мен осмондаги ойни олиб айвонимга осиб қўйганман. Бир умр савдода ишлаб, тангани тангага уриб, пул қилишдан бошқа ишга вақт ажратмаган хотин-ку бу. Индамай, ёлғон мақтанишларини эшитиб ўтирасиз-ей”. Онам қўл силтайди: “Киши айбин кўрмоқ бору, демоқ йўқ, қизим. Эшигимдан етмиш икки томири эгилиб келиб ўтирибди, қандай юзидан оламан”.

* * *

Тўнғич неварам тўққизга кирди, кейингиси етти ёшда. Онагинам уларга чилласи чиққунча биринчи чопонни қавиб кийгизган эди. Шундан бери ҳар икки йилда битта пахталик нимча, битта тўн қавиб беради.
“Қўйинг, онажон! Бозор тўла чопон, кўзингизнинг нурини аясангиз-чи”, дейман ичим ачиб. “Ай, болам-а, қўлимдан келаркан, қилаяпман. Бозорнинг чопони мен қавиган чопондек бўлармиди? Орасига ватин солган, мен юмшоққина пахта солдим, бу пахталарга қанча қуёш нури сингган, духтирлар уни даво, дейди. Буларни невараларинг кийиб, ёнимга келганда қанча қувонишимни сен тасаввур ҳам қила олмайсан. Шундай аёллар бор, на эрига, на болаларига умрида бир тўн қавиб, кийгиза олмайди. Худога шукур, отангга неча тўн қавиб кийгиздим, болаларимга, невараларимга, энди чевараларимга ҳам тўн қавиб кийгизиш насиб қилди. Бекор ётгандан кимга наф. Кимгадир фойданг тегиб турганга нима етсин”. Ҳар доимгидек онам ҳақ.

* * *

Йиллар ўтган сайин онамизнинг биз фарзандлар учун нечоғлик катта давлат ва ғанимат бахт эканини чуқурроқ ҳис қилиб бораётган бўлсам-да, мени шиддат билан илгари олиб кетаётган ҳаёт ташвишларидан узилиб, ҳа деганда иззатларига етавермайман. Ҳар кун эрталаб аҳвол сўраб, бир қўнғироқ қиламан: “Соғ-саломатмисиз, онажон?”. Онамнинг овози ҳамиша ўктам ва шодон жаранглаб туради: “Раҳмат, болажоним. Ўзинг яхшимисан?.. “Ке-етадилар шу билан… Бир бошдан ҳамманинг аҳволини сўраб чиқадилар, кеча уйларига кимлар келди, қандай ахборотлар берди… Менинг эса вақтим!..
Ҳар қандай ҳолатда ҳам сени кечиришини билган одаминг қаршисида ҳар доим ҳам андиша қилиб ўтирмайсан. Кўпинча иложим етганча “Ҳа, хўп” деб тураману, баъзан гапларини шартта бўлиб, “Онажон, шошиб турган эдим”, деб шу кунги фарзандлик вазифамни ниҳоялаб қўя қоламан. Ва онам менинг бу беадаблигимдан сира хафа бўлмайди, аксинча хижолат тортади: “Майли, болам. Ўзингга қара, жонинг соғ бўлсин”.
Кейин эса кундалик ташвишларимга андармон бўлиб кетаман. Ўзимча ўзимни оқлаган бўламан: “Ўзлариям… Ҳеч гаплари тугамайди-да, ахир телефон гурунг учун чиқарилмаганку”, дейман. Аммо барибир ўзимни ўзим юпата олмайман. Аллақаердан онанинг кўзларидаги қувончга харидор бўлган Ҳожи ҳақидаги ривоят ёдимга тушади.
Эмишки, ҳаж ниятида сафарга чиққан кишига бир оқшом тунаш учун жой берган Ҳожи унинг нима мақсадда йўлга чиққанини эшитиб, кутулмаганда “Онанг борми?” деб сўрайди ва онасининг ҳаётлигини эшитгач, “Мен эллик марта ҳаж қилдим, ҳар сафар ялангоёқ, ялангбош, ёлғиз ҳаж қилдим. Эллик ҳажимнинг ҳам савобини сенга бераман, сен менга онангнинг кўзларидаги қувончни бер”, дейди.
Мен эса вақтимни қизғониб ўтирибман…

* * *

Нафақага чиққанимдан буён тез-тез ёнларига бориб, узоқ-узоқ суҳбат қилиб қайтаман. Онагинамнинг юзлари бирам нурли, меҳр тўла нигоҳлари сокин, суҳбатлари шундайлар ширин… Кўнглингизнинг гадоси. Дилингизни оғритиб қуймайин, авайлабгина гапирадилар. Лекин ҳар гапига бир мақол қўшиб гапирмасалар, ҳисобмас. Ҳеч ёнларидан кетгим келмайди. Бир кун сўрадим: “Онажон, армонларингиз кўпми?” Онам бироз ўйланиб турдида, хотиржам жавоб қилди: “Йўқ, болам. Нимага интилсам, аввало Оллоҳ, қолаверса, ўзимнинг ҳаракатим билан эришдим, нимага урунсам, ақли заковатим билан уддаладим. Ҳеч қачон бугунги ишни эртага қўймадим. Худойим ўғил берди, қиз берди, барингизни ризқингиз билан, бахтингиз, мартабангиз билан берди. Бир армоним ота-онам яшайдиган жойдан мактаб жуда узоқ эди, савод чиқара олмадим. Оқ қоғознинг бетидаги ёзувни ўқий олмадим. Турмушга чиққанимдан кейин ҳам ўргансам бўлар эди, оила, бола-чақа ташвишидан орта олмадим. Сизларнинг китоб қучоқлаб юрганларингизни кўрсам, хавасим келади. Агар китоб ўқишни билганимда тикув машинасидан ташқари китоблар ҳам менинг қадрдон дугоналарим бўлиб қолар эди”.

* * *

Онам ҳар нарсадан нолиб юрадиган одамларни ёқтирмайди. Ўзи ҳам ҳеч қачон нолимайди. Шукрлилик, қаноат ҳақидаги ривоят, маталларни кўп айтадилар.
Ушбу сатрларни ёзар эканман, юрагимнинг туб-тубида симиллаб турган соғинч ҳиссини туйдим. Онам — Оллоҳ берган беминнат хазинам, ғанимат неъматим. Шошиб, болалигим ўтган қадрдон уй томон йўлга тушдим.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!