Иномжон Абдиев. Тиш (ҳажвия)

Касбдош оғайнимиз тўй қиладиган бўлди. Сал-пал ёрдамлашай деган баҳонада икки-уч кун олдин бордим. Биринчи куни тўсатдан тишимга оғриқ кирса, денг. Эрталабгача қурт еган кавагига — аналгин тиқиб, вой-войлаб чиқдим. Йигирма йил олдин тиш дўхтири бўлмай қочганим, роса алам қилди. Саҳар-мардондан туриб, маҳаллани бир айланиб келай, дедим-да, шифохонага югурдим…
Тиш дўхтириям бўлмоқчи бўлганмисиз, дейсизми? Албатта, лекин… Йўқ, йўқ, ҳайдашмаган. Ўзим кетганман, бошимни баланд кўтариб. Нимагалигини қулоғингизга кейин айтаман. Вақтни ўтишини қаранг-эй, шунгаям йигирма йил бўлибди. Хуллас, нима деяётувдим. Ҳа, стоматологнинг хонасига кирсам, оқ кўйлакли хоним кимнингдир тишини олаётган экан. Ёнида яна бир одам. “Мижоз”ими, десам ўхшамайди. Роса гап сотаяпти: “Ўзи коллежда замдиректор бўлиб ишлайман, но проста…”  Тавба, бу қишлоққа биринчи бор келиб турган бўлсам ҳам, у жуда танишга ўхшади.
Ниҳоят, менга ҳам навбат келди. Дўхтир оғзимни ковлар экан, бирдан “ў-ҳ-ҳў” деб юборди. Қошимни кўтариб, унга қарадим. Аёл асабий бош чайқади: “Тишингизни олдирмасангиз бўлмайди, карейс илдизигача етибди”. Вой, бу карейслар одам эмасми, тишда нима қилади, — дедим ҳазиллашиб. Ичимда эса “дод” деб юборай деб турибман. “Йўқ, бу касаллик”, деб икковлашиб менга тушунтирган бўлишди. Сўнг “Майли олиб ташланг”, — дедим, стулни чангаллаб. “Оқ кўйлак” шкаф тортмасини титкилай бошлади. Кейин “Афсус, оғриқ қолдирадиган уколим тугаб қолибди. 10 минут кутиб туринг, зип этиб уйдан олиб келаман”, — деб чиқиб кетди.
У кетгач, боядан бери мум тишлаб ўтирган эркакка яна забон битди:
— Бу ерликка ўхшамайсиз, меҳмонмисиз, — дейман.
Унга қаердан келганимни айтдим.
— Яхши, — деди у. — Бу аёл каминанинг завжаси. Ҳайрон бўлманг, уйимиз яқин. Ҳозир келиб қолади. Шаҳардан уйга дори-пори келтириб қўядиган одати бор. Мижозлар сўраб туришади-да. Тирикчилик  шу билан.
Орага бироз жимлик чўкди. Кейин “шаҳар зўр”, деди чуқур уҳ тортиб, ўзи мен ҳам тиш дўхтириман. “Но просто”   бу соҳада бир минут ҳам ишламаганман. Нима қиламан бировнинг тишини ковлаб.
Ўртага ноқулай жимлик чўкди. Бироз ўтгач, у яна гапира бошлади:
— Ўзи коллежда ишлайман, замдиректор бўлиб. Директорликниям берамиз, дейишувди, олмадим. Нима қиламан бошимни қотириб, ташвиши кўп. Айниқса, пахта мавсумида. Ҳар куни катталардан сўкиш эшитиш кимга керак? Шаҳарда бўлса бошқа гап. Катта соққа қилса бўлади. Ёғли жой бўлиб қолди коллежлар.
Шу пайт эшик очилиб, бояги аёл кириб келди. Қўлида дори-дармон. Рости, тишимни суғуриш, мендан кўра унга азоб бўлди…
Икки кундан сўнг сабзитўғрарда иттифоқо яна таниш “замдиректор” билан ёнма-ён ўтириб қолдик. Ичгандан сўнг ичидан гап қайнаб келишини-чи, бунинг. Ким бир оғиз гапирса, у илиб кетади. Кимдир сабзи зўр экан, эртага қўлинг ўргилсин ош бўлади-да, деб қолганди,  у: “Воҳ-воҳ гапийздан ўргилай, мен ҳам ҳар куни обедда ош емасам ўлиб қоламан”, — деб қўшилди. — Ишхонамизнинг шундоқ биқинида ошхона бор. Қўқонча ошми, бухорочами, қашқадарёчами, ҳаммаси “эст”. Ўзи, шаҳардаги коллежда замдиректор бўлиб ишлайман. Директорликниям берамиз дейишувди, олмадим…. Ош барибир ош-да. Девзира гуруч билан онаси ўпмаган қўчқорни думбасидан қилинган ошга нима етсин…
Ҳамқишлоқлари эзманинг одатини яхши биларкан, кимдир менга кулиб кўз қисиб қўйди, кимнингдир энсаси қотди.
Тўй куни унинг ўзи мени топиб келиб, ёнимга жойлашиб олди. Бир пайт ҳамроҳларимиздан бирови юз грамм кўтарайлик, деганди, кўзлари юмулай деб турган замдиректорга жон кирдиёв. “Мана мен айтаман, — деди, шишанинг бошини аёвсиз бураркан. — Мароқни бошини кессак, ароқ бўлади. Ҳа, мана бўлди. Лекигин бир гапни айтиб қўяй, баъзилар ташвиши кўплигидан ичади. Бекор гап. Одам улфатчилик учун ҳам ичиб туриши керак. Мана, менда ташвиш нима қилсин. Шаҳардаги нуфузли бир коллежда замдиректорман Лекин ҳар куни икки юз грамм кўтармасам бўлмайди. Ишхонамизнинг шундоқ биқинида ошхона бор. У ерда “Камхар”ми “Кросная плошад”ми, “буфетная”ми, хуллас, “луббойи”дан топилади…..
Қизиғи, шу пайтгача унинг исмини сўрамабман. Ёнимдагилардан бири “Ботир”, деди оғзини кафти билан пана қилиб. Кейин қўшиб қўйди, ҳеч қаерда ишламайди, данни мамент хотинининг қўриқчиси”. Воажаб, танимаганимни қаранг. Қачонлардир стоматолог бўлиш ишқида киприкларим билан институтни супуриб юрган кезларимда Ботир билан танишгандик. Инсоннинг ташқи кўриниши ўзгарар, аммо характери ўзгармас экан-да…
Илк талаба бўлган кезларимиз. Биз — бўз болаларнинг кўзимиз ҳали у қизда, ҳали бунисида, қайси бири билан танишишни билмай бошимиз қотган. Ҳаммаси бир-биридан кўркам, хушбичим бир-биридан айрича. Ботир билан ўшанда ёнма-ён ўтириб қолганмиз. Бир куни у дарс вақти қулоғимга шипшиди:
—Эй, анави қандай?
У ишора қилган тарафга қарадим. Қизил кўйлак, сочига атиргул сифат сочқисқич тақиб олган ниҳолдеккина қиз юзини кафтига суяб, дарсни мароқ билан тинглаб ўтирарди. У ўртоғимга ёқиб қолганини фаҳмлаб, қизларнинг кўнглини олиш бўйича маслаҳатлар берган бўлдим. Шу-шу Ботир билан анча қалин бўлиб қолдик. Аслида, онаси тиш дўхтири экан. Ўзиям анча нарсани ўрганиб олибди. Мардлигиям бор эди — менга фақат диплом керак, деб тан олган у бир куни очиқчасига. Лекин шу мардлиги туфайли ўқитувчи билан гап талашиб қолди. Домла ҳам: “Дипломни бурнингдан чиқараман”, — деб қасд қилди, шекилли, ҳар дарс бошида ундан ўтилган мавзуни сўрашни одатга айлантирди. Кейинчалик бу муҳтарам домламизга ҳам ёқиб қолиб, қатъий анъана тусини олди.
Ўша “шедевр” дарслар ҳамон эсимда. Домла кириб келиб, йўқлама қилиб олгач, “Қани, маҳмадона, доскага чиқиб мавзуни гапир-чи”, — дерди. Биринчи сафар Ботир тушмагур ўзиям нақ ярим соат гапирди. Унинг тиш мавзусини бу қадар пухта ўзлаштирганидан домламизнинг ўзиям ҳайрон қолди. Кейинги сафар ошқозон мавзусини ўтгандик. Домланинг шахсий таклифи билан доскага чиқиб қўйган “маҳмадона” анчагача каловланиб қолди. Сўнг вазминлик билан гап бошлади:
— Ошқозон девори тўрт қаватдан иборат. У ҳазм системасининг ўрта қисми бўлиб, унинг боши оғиз бўшлиғи ҳисобланади. Оғиз бўшлиғида тишлар жойлашган. Тишлар чайнаш аппаратининг муҳим бир қисми бўлиб…
Биринчи партада ўтирган талаба қизлардан бири пиқ этиб кулиб юборганидан кейин ҳамманинг диққати доскага қаратилди. Роса кулдик ўшанда. Дўстимиз эса худди ҳеч нарса бўлмагандек нақ ярим соат яна тиш мавзусини “хиргойи” қилди.
Домлага ҳам Ботирнинг бу қилиғи ёқиб қолдиёв. Кейинги дарс аввалида  ҳам, одатга кўра, дўстимиз ўз маърузисини бошлади:
— Жигар ҳазм системасининг энг йирик безидир. Ҳазм системасининг боши оғиз бўшлиғи бўлиб, унда тишлар жойлашган. Тиш қаттиқ ва юмшоқ жисмлардан таркиб топган. Тишнинг қаттиқ қисми эмал, дентен ва цементдан, юмшоқ қисми эса пулпа ва периодантдан иборат.
Дўстимиз шунчалик ўзига ишонч ва хотиржамлик билан гапирардики, биз курсдошлар ҳанг-манг эдик. Домла “бўлди-бўлди”, — деб тўхтатмаса, у ҳали анча гапирмоқчи эди. Кейинги дарсларда ҳам шу ҳолат изчиллик билан давом этди. Ботир дарс мавзуси қон-томирлари бўладими, ўпками, юракми — ҳаммасини тишга улашни канда қилмади.
Ўқув мавсуми якунига етай деб қолганди, чамаси. Бир куни ўқитувчимиз одатдагидан бошқачароқ кайфиятда келди. Лабида айёрона кулгу. Йўқлама қилиб олгач, таомилга кўра, яна Ботирга мурожаат қилди. Курсдошимиз хоҳлаб-хоҳламай ўрнидан турди, лекин негадир доска томон юрмади, қизариб-бўзариб, бошини солиб тураверди. Ниҳоят, ўқитувчимизнинг ўзи бу тушуниксиз ҳолатга барҳам берди: “Ҳа, маҳмадона, нима бўлди, гапирасанми? Ўтган дарсда қандай мавзуни ўтгандик, жинсий аъзолар мавзусимиди? Қани, гапиринг-чи…”
—  Замдиректорликнинг оғиз бўшлиғига қандай алоқаси бор? Шу пайт, қулоқларим остида туйқусдан “Тушунмадим”, — деган сўз эшитилди. Хаёлга берилган эканман, кўзларим катта-катта очилди. Қарасам, Ботир менга термулиб турибди. “Қанақа оғиз бўшлиғи, тушунмадим”, — деди у кўзларини бақрайтириб. Кейин кўзлари хиёл қисилиб, хаёлга берилган бўлди-да, бақириб юборди: “Э-э, бу сизмисиз, тиш, оғиз бўшлиғи — ҳа, ҳа танидим…”
Эртаси куни уларникидаям меҳмон бўлдим. Ичкиликнинг кети узилмадиёв. Бирам бошим, йў-ғе, тишим оғриди…