Илҳом Зойир. Шакар (ҳажвия)

Шарифжоннинг ичига чироқ ёқса ёришмайди. Бир гапдан қолганида олам гулистон эди-ю, лекин тўғрисўзлиги, чўрткесарлиги бунга изн бермади. Алами Ўроқчадан: унинг ёнини оламан деб бошлиғи Мардон Ҳусенович билан тескари бўлиб қолди. Ўроқча бўлса андишага бориб ўтирадиганлардан эмас, эртасигаёқ Мардон Ҳусенович билан апоқ-чапоқ бўлиб кетди. Шарифжон эса юзи шувут кишидек елка қисиб юрибди. Унинг наздида Ўроқча — қора мушук: Шарифжон билан бошлиқ ўртасидан кесиб ўтдию энди ҳеч нарса бўлмагандек кекириб юрибди.
Режа бўлимидаги Бобўсин ака пенсага кетса, ўрнига Шарифжон бўлим бошлиғи бўлади, деб юришувди. Мардон Ҳусенович билан терс бўлиб қолиши эса бу гапларни чиппакка чиқариб қўйди.
— Ўроқчанинг шашти баланд, ҳойнаҳой бўлимга шу бошлиқ бўлади-ёв, — деган гап Шарифжонга малол келди. — Яна ким билади дейсиз, Мардон Ҳусеновичнинг ўзи ҳам қимирлаб қолган: юқори билан келишолмаётган экан.
Шарифжоннинг кўксида оғриқ пайдо бўлди. Аста-секин баданини кемираётган бу оғриқни ҳеч кимга айта олмасди. Юриш-туришида ҳаловат йўқолди. Оғриқнинг зўриданми, кундан-кунга ранги синиқиб, кўзлари киртая борди. Бўлар-бўлмасга асабийлашадиган, кечиккан қишнинг совуғидай гаплари ҳам хунук эшитиладиган бўлди. Уйдагиларни-ку кўз очиргани қўймайди.
— Дадаси, — деди хотини Лобар бу ҳолдан тоқати тоқ бўлиб, — сизга нима бўлган ўзи? Мен-ку дўқу пичингларингизга кўникиб қолганман. Охи бу болаларга зарда қилганингиз нимаси! Бирор нимадан сиқилаётган бўлсангиз, мана менга айтинг, кўнглингиз ёзилади. Ҳамма нарсани ичингизга ютаверсангиз, ўзингизни ўзингиз еб қўясиз-ку, биродар!
Шарифжон бир сасиб бермоқчи бўлдию, яна шаштидан қайтди. Ўйлаб қараса, хотинининг гапида жон бор-да, хай! “Ўзингга ўзинг қилдингми, айбни бировга тўнкама!”
— Бошлиқ билан орамиз бузилиб қолди, — деди Шарифжон чуқур бир сўлиш олиб. — У ёққа ўтсам ўпоқ, бу ёққа ўтсам сўпоқ дейди, айб қидиргани қидирган.
Хотинлар гапга тез хулоса ясайди.
— Эй, ўнта панжангизда ўнта ҳунарингиз бор! — деди Лобар чўрт кесиб. — Кўчада қолиб кетмайсиз. Бўшанг, жон халос, бетини кўрмайсиз!
Шарифжон сермулоҳазали эмасми, шайтонга ҳай берди.
— Нималар деяпсан, мен ўз ишимни яхши кўраман. Ундан кейин дарахт бир жойда кўкаради.
Шарифжон чуқур хаёлга берилди. Олманинг бир палласи зада еса, иккинчи палласи ҳам озор чекади.
— Биламан, — деди хотин ўзича бир нималарни чамалаб. — Сиз ирим-сиримга ишонмайсиз.
— Ишонганимда нима ўзгаради?
— Ўзгаради-да, — деди хотин эрининг мойиллигини сезиб. — Ўша казо-казоларингиз борадиган Паричани менам биламан. Ўшанга бориб дуои хайр ўқитиб келсам, йўлингиз очилиб кетармиди.
— Қўйсанг-чи, шу ишингни.
— Ана, айтмадимми, сиз ишонмайсиз!..
Шарифжон эртаси куни ҳам дили-дунёси ҳуфтон бўлиб келди.
— Ўтиринг қани бу ерда, — деди Лобар эрига астойдил ачинган бўлиб. — Мен айтган жойимга бориб келдим.
— Хўш, нима бўлибди шунга? — деди Шарифжон хотини амал-тақал қилиб ёқиб келган умид шамини ўчирмоқчи бўлиб.
Хотин кичкина қоғозга ўралган нарсани эрининг олдига қўйди.
— Нима бу? — деди эр ўроғлиқ қоғозга қўлини бигиз қилиб. — Носми?
— Қанақа нос? Шакар бу!
— Шакар?
— Ҳа, шакар. Парича ана шу шакарга дам солиб берди.
— Ҳали шуни бошлиғига қандчой қилиб берсин, дегандир?
— Йўлим очилсин, десангиз, бундан бошқасини ҳам қиласиз… Йўқ, Йўлига сепасиз. Бошлиғингиз шакарни босиб ўтса, кўнгли ийиб, сизга нисбатан меҳри ошади.
— Эй, қўй-ей, — деди Шарифжон беўхшов жилмайиб. — Мен қандай қилиб Мардон Ҳусеновичнинг йўлига… Кўрганлар нима деб ўйлайди?
— Ҳа, энди бир йўлини қиласиз-да.
— Бўлмайдиган ишни қўй…
Хотин минг қилса-да, эрини кўндиролмади. Охири ўзича йўл тутди…
Эртаси куни Шарифжон йўлакда кета туриб, беихтиёр ўнг қўлини шимининг чўнтагига солди. Чўнтакда нимадир бор. Ниманидир бир ҳовуч қилиб чиқарди. Қараса, шакар.
“Барибир айтганини қилибди-да”, деди бошини тебратаркан. Шу пайт Мардон Ҳусеновичнинг эшиги олдига келиб қолган экан, бирдан эшик очилиб, чиқиб қолди. Шарифжон шошганидан ўнг қўлидаги шакарни чап қўлига олиб, бошлиқ билан кўришди.
— Қўлингда нима? — деди Мардон Ҳусенович Шарифжоннинг қўлига ишора қилиб. — Менинг эшигим олдида нима қиляпсан?
— Ҳеч нима, — Шарифжон каловланиб қолди. — Шунчаки чўнтагимга қўл солсам…
— Чўнтагингда нима бор экан?
— Шакар, — деди Шарифжон чап қўли кафтини очиб кўрсатаркан.
— А-ҳа, — деди Мардон Ҳусенович пастки лабини тишлаб. — Иш жиддийга ўхшайди. Қани, ичкарига кир-чи! Сен билан гаплашиб олмасам бўлмайди.
Шарифжон гуноҳ устида қўлга тушгандек қизарди, бўзарди. Ноилож бошлиқнинг хонасига кирди.
— Шакарни нима қилмоқчи эдинг? — зуғумга олди бошлиқ. — Ниятинг нима эди ўзи?
— Ҳеч қанақа ниятим йўқ, — деди Шарифжон қўлидаги намланаётган шакарга қараб. — Шунчаки чўнтагимга қаердандир келиб қолибди-да, шуни…
— Яширма, ниятингни очиқ айтавер…
Шарифжон энди оғиз жуфтламоқчи эди, Мардон Ҳусенович аксириб юборди.
— Соғ бўлинг, — деди Шарифжон шоша-пиша.
— Ра-раҳ… — аксириш яна такрорланди, — мат!
Мардон Ҳусенович лаб-лунжини артаман деб чўнтагидан дастрўмолча чиқарган эди, дастрўмолча қатидаги шакар стол устига сочилиб кетди. У ҳеч нарса бўлмагандек столдаги шакарни кафтига сидириб олди ва Шарифжонга ўқрайиб дилидаги муддаони тилига чиқарди.
— Мен ҳозир шошиб турибман, — деди бошлиқ ўрнидан шахт билан тураркан. — Катта чақирган, бормасам бўлмайди. Шу кунларда гапимиз гапимизга қовушмай юрибди. — У чап қўлидаги шакарни ўнг қўлига шопирди. — Мен бу шакарни каттанинг йўлига сочиб келай, сенинг шакаринг масаласида келганимдан кейин бафуржа гаплашамиз. Энди, қани, бор ишингга…
Шарифжон йўлакка чиқиб, қараса, азбаройи хижолатпазликдан терлаб кетган кафтида шакар шира боғлаб ётибди.