Ҳусния Пардаева. Ёлғизликдан қочиш ёҳуд Ўзгариш (ҳикоя)

Уни ўн йилдан кейин ҳам дарров танидим. Соч турмаги, юзидаги совуққонлик ҳечам ўзгармаган. Кибр билан қаддини тик тутиб, ўрдак каби юриши ҳам ўша-ўша. Ёнидан ўтиб кетдим-у, ички бир овоз яна ортимга қайтишга ундади. Қаршисида ўзимни яна ўн йил олдин имтиҳон топшираётган талабадек ҳис қилиб, этим жунжикди.
— Ассалому алайкум, сиз Ширинова домласиз-а? — сўрадим унга яқинлашиб.
— Ваалайкум, — деди у кибр билан ва уст-бошимга кўз қирини ташлаб, давом этди, — сизни танимайроқ турибман. Кимсиз?
— Мен собиқ талабангизман. Университетни тамомлаганимга ўн йил бўлди. Сизни бир кўришданоқ танидим, — дедим севинчимни ичимга сиғдиролмай.
— Ростданми?! Мен сира ўзгармайман! — деди у ҳавойи оҳангда.
— Домла, ҳозир ҳам дарс беряпсизми? Ўша кафедрада ишлаяпсизми?
— Тамомлаганимга ўн йил бўлди, дедингизми? Буни қаранг, ҳалиям ўрганмабсиз-да. Домла мачитда бўлади, мен Университет ўқитувчисиман! Агар эсингизда бўлса исм-фамилямни айтиб мурожаат қилишингиз мумкин.
Буни қаранг, ўн йил аввал ҳам у талабаларга худди шундай деганди: Домла мачитда бўлади. Мен университет ўқитувчисиман! Менга Гавҳар Ширинова деб мурожаат қилинг!..
Йиллар инсоннинг характери ва дунёқарашини ўзгартиради, турмуш синовлари уни ҳар куйга солади деб эшитгандим. Аммо Гавҳар Ширинованинг гапириш оҳанги, кибрлилиги ва ҳатто ўзини тутиши ҳам ўзгармаганлигини кўриб, тилимни тишладим.
— Майли бўлмаса, мен бора қолай, — деди Гавҳар Ширинова қўлидаги соатига тезгина қараб.
Тавба, ўн йил аввал ҳам у дарс тугаганида қўлидаги мана шу соатига қараб оларди. Бу қилиғи билан у доимо бандлигини кўрсатмоқчи бўлармиди ёки соатини кўз-кўзлармиди, билмайман.
— Шу яқин атрофда яшайсизми? Биз ҳам яқинда кўчиб келдик, — дедим хижолат бўлиб.
— Ҳа, манави домнинг орқасидаги уйнинг иккинчи қаватида яшайман! Ўзим сотиб олганман! — деди Гавҳар Ширинова мағрурона.
У билан хайрлашдим-у, юрагим ҳувиллаб қолгандек бўлди. Инсон яқин қадрдонидан айрилганида шундай кўйга тушади. Мен кўриниши-ю, характери сира ўзгармаган такаббур ўқитувчимни кўриб, ундан айрилишни истамай қолдим. Кечаси ҳам тушимда устозимни кўриб чиқибман. Уни яна қайта кўриш истаги юрагимда милтиллаб турарди.
Эртасига телефон орқали бир дугонам билан гаплашдим. Унга Гавҳар Шириновани учратганимни кула-кула айтиб бердим.
— Э, турқи қурисин ўшани, — деди дугонам энсаси қотиб, — доим бурни кўтарилган. Ўзидан бошқани одам санамайди.
— Нимага бундай деяпсан?
— Бу узун ҳикоя, вақтингни оламанми деган хавотирдаман, — деди дугонам истиҳола қилиб.
— Гапиравер, бугун дам олиш куни бўлса, вақтим бемалол, — дедим қизиқиш билан.
— Эримнинг бир қариндоши унга ошиқ бўлиб қолувди. Хотини оламдан ўтганидан кейин ўшанга уйланаманга тушиб қолди. Бу ойимча аввалига роса ноз қилди. Кейин кўнгандек бўлди-ю, лекин бир шарт қўйди. Нимаймиш, никоҳдан ўтмасдан аввал уйни унинг номига расмийлаштириб бериш керак экан. Қариндошимиз лақмалик қилиб унинг шартига кўнган. Ўзи-ку майли, уч боласининг кўчада қолишини ҳам ўйламасдан уйни унинг номига расмийлаштирибди. Кичикроқ бир даврада тўйни ўтказиб, бирга яшай бошлашди. Гавҳар Ширинова «Мен ишли аёлман. Менга боланинг шовқини, ташвиши ёқмайди. Уларни қариндошларингизга беринг» деб эрининг ҳоли-жонига қўймаган. Эри ҳам кўниб, болаларини қишлоққа ота-онасиникига обориб қўйибди.
— Йўғ-е, шунчаликка борибдими? — сўрадим ишонқирамай.
— Бунисиям майли, Гавҳар Ширинова олти ой ўтар-ўтмас эрини жиннихонага топшириб юборди.
— Жиннихонага?..
— Ҳа, эрини жиннихонага топширди. Мени ўлдирмоқчи бўлди, бу билан яшаш хавфли деб туриб олди. Кейин ўша қариндошимиз ростдан бироз ўзгариб қолди. Айтишларича Гавҳар Ширинова унга қандайдир дорилар ичирган экан. Ҳозир ўша таннозга ошиқ бўлган қариндошимиз жиннихонанинг бир хонасида тавбасига таяниб ётибди.
— Вой, ўлай, одамни билиб бўлмас экан-да. Тунов куни уни кўрганимда турмушга чиқмаган деб ўйламовдим. Кўриниши ҳам ўзгармаган, — дедим эшитганларимга ишонолмай.
Дугонам билан хайрлашиб, рўзғор юмушларига уннадим. Қўлим ишда-ю, хаёлимда Гавҳар Ширинова билан боғлиқ гап-сўзлар…
Бир ҳафта ўтди. Эрталаб ишга шошилиб кетаётсам, ортимдан кимдир чақирди. Ўгирилиб Гавҳар Шириновага кўзим тушди.
— Ие, домла, — дедим-у, дарров тилимни тишлаб, гапимни тузатдим, — кечирасиз, Гавҳар Ширинова, сизмисиз?
— Исмингизни ўша куни сўрамабман. Шунча йилдан кейин албатта, унутиб қўйганман-да, — деди у ҳансираб сўрашаркан.
— Нигора, — дедим кулиб, — ишга кетяпсизми?
— Ишга, — деди у, — бошқа қаерга ҳам борардим.
Бу гал унинг шашти пастлигини кўриб, ҳайрон бўлдим. Йўлда менинг қаерда ишлашим, лавозимим тўғрисида гаплашиб кетдик. Гавҳар Ширинова хайралашаётиб, менга қўлини чўзди:
— Вақтингиз бўлса, меникига чиқиб туринг. Гаплашиб ўтирамиз!
Қаршимда менга дўстона қўл узатаётган собиқ ўқитувчим ва кеча дугонамдан эшитганим — маккора аёл турарди. Мен билган мағрур, қатъиятли ўқитувчи Гавҳар Ширинова бир уйни деб шундай пасткашликка борган бўлса-я, дея ўйладим ичимда. Балки ўша эри ростданам уни ўлдирмоқчи бўлгандир… Хаёлларим чувалашгандан чувалашди…
Ишларим билан бўлиб, Гавҳар Ширинова ва у тўғрисидаги гап-сўзлар хаёлимдан кўтарилганди. Бир куни қўшнимни йўлакда учратиб, гаплашиб қолдим.
— Тунов куни сизни бир аёл сўраб келди. Ўқитувчингиз экан, — деди қўшним.
Миямга лоп этиб Гавҳар Ширинова урилди. Мени уйимга нега йўқлаб келганийкин, деб ҳайрон бўлдим. Зарур иши бордир, дея уйига борай десам, аниқ манзилини билмайман. Бир келган бўлса яна келиб қолар деб кутдим. Орадан уч-тўрт кун ўтди. Дам олиш куни унинг уйига бормоқчи бўлиб тургандим, бирдан ўзи келиб қолди.
— Сизни уйингиздан топиб бўладими ўзи? — деди Гавҳар Ширинова писанда билан.
— Вой, ичкарига киринг устоз, — дедим хурсандлигимдан ўзимни қўярга жой тополмай.
— Хўжайинингиз уйдами?
— Йўқ, ҳали ишдан қайтмади, — дедим.
— Яхши, эркак киши бор жойда одам бемалол ўтира олмайди-да. Тўғрисини айтсам, эркак зотини жиним суймайди, — деб у диванга бориб ўтирди.
Унинг гапини эшитиб, дугонамнинг ҳикоясини эсладим. Гавҳар Ширинова дастурхон ёзишимга қўймади.
— Уйимизга бир келиб қолибсиз, — дедим қўярда-қўймай дастурхонни ёзиб.
— Кўринишингиздан садоқатли инсонга ўхшайсиз. Бунинг устига аёл кишисиз, мени тушунасиз, деб ўйлайман. Ўқитувчилигимни, сизга таълим берганимни ҳам унутмаган бўлсангиз керак. Сизга ишонсам бўладими?
Унинг саволи мени гангитиб қўйди. Бирон сирини айтса-я, деган ўйдан юрагим орқага тортиб кетди.
— Майли, гапираверинг. Мен оғзимга маҳкамман!
У чўнтагини кавлаб, бир тугунча чиқарди. Кейин эса менга тутқазиб, давом этди:
— Булар менинг ҳалол меҳнатим орқасидан йиғиб-терганларим. Ўзингиз биласиз, ёлғиз яшайман, уйимда қоровулим йўқ. Ўзим эрта кетиб, кеч қайтаман. Қўни-қўшниларимнинг ҳалол одамлигига ишонолмайман. Уйимнинг қаровсизлигидан фойдаланиб, битта-яримтаси ўғриликка киради, деган хавотирдаман. Ахир уззу кун буларни ёнимда олиб юролмайман-ку…
— Тўғри, тунов куни биринчи қаватдаги қўшниникига ўғри кирибди деб эшитдик. Қимматбаҳо тақинчоқларини, пул-мулини олиб кетибди. Сиз ҳам шуни эшитгандирсиз-да.
— Тўғри, ўша ўғриликни эшитиб, хавотирим ошди, — деди Гавҳар Ширинова жонсараклик билан.
— Лекин мен бировни омонатини ололмайман. Қўрқаман!..
— Ие, нега қўрқасиз?! — дея у хохолаб кулди, — нимадан тиллаларданми? Тилладан қўрққан одамни биринчи маротаба кўришим. Олаверинг, буларни сизга вақтинча беряпман.
— Тақинчоқларингиз қимматбаҳога ўхшайди. Қўйинг, мен омонатга жавоб беролмайман. Ўзим ҳам ишлайман, кундузи уйда бўлмайман, — дедим жавобгарликни ўзимдан соқит қилиб.
— Майли, зоримиз бор-у, зўримиз йўқ! Мен сизга ишонганимдан уйингизга келувдим. Бунчалик қўрқоқлигингизни билганимда келиб овора бўлмасдим, — деди у ўрнидан тураётиб.
Ноқулай аҳволга тушиб қолдим. Унинг омонатини олиб қолай десам, жавобгарлигидан қўрқаман. Рад этсам, ўқитувчим уйимдан чорасиздек мунғайиб чиқяпти.
— Бугун хўжайинимдан сўраб кўрай, рози бўлса эртага буюмларингизни олиш учун ўзим уйингизга бораман, — дедим орадаги вазиятни юмшатиш учун.
— Майли, кутаман!.. — деди у истеҳзоли жилмайиб.
Кечгача ўқитувчимнинг омонати тўғрисида ўйладим. Эрим ишдан қайтганида унга оғиз солдим.
— Керакмас! Бировнинг омонатини олиб, бошимни ғавғога қўйма!.. — деди эрим қатъий.
Туни билан ўқитувчимга эримнинг қарорини қандай айтишни билолмай, ўйланиб чиқдим. Эртасига эрталаб ўқитувчимнинг уйини суриштириб топдим. Рўпарадаги уйнинг иккинчи қаватида жойлашган хонадоннинг эшигини тақиллатдим. Ҳаял ўтмай, қаршимда Гавҳар Ширинова пайдо бўлди.
— Кечирасиз, ишга кетаётганмидингиз? — сўрадим ҳовлиқиб.
— Келинг, кечаси билан ухламай ўйладингизми дейман, — деди ўқитувчим мени уйга киришга таклиф этиб.
— Йўқ, киролмайман! Ишга шошилиб турибман. Кечаги таклифингизни хўжайинимга айтгандим, рухсат бермади. Кечирасиз, мен эримнинг гапини икки қилолмайман, — дедим ерга киргудек бўлиб.
— Майли, шундай дейишингизни билувдим, — деди у қуруққина қилиб ва хайрлашишни ҳам насия қилиб эшикни юзимга ёпди.
Эшик орқасида мулзам бўлиб қолавердим. Унинг мағрур ва қатъиятлилигини билардим. Бугун эса худбинлигини ҳам кўрдим. Жаҳлим чиқиб, кўчага чиқдим. Юзимга совуқ шамол урилиб, ўзимга келдим.
Кунлар ўтди. Кўнглимда Гавҳар Ширинова билан боғлиқ нохушлик бўлса ҳам уни эсламай қўйгандим. Ишдан қайтаётсам, қўшним ўқитувчимникига боришим кераклигини айтиб қолди.
— Уф-ф, шу ўқитувчим ҳам жонимга тегди-да, — дедим асабим таранглашиб.
— Ўзи нега сизни бунча сўроқлаб қолди?
— Билмасам.., — дедим-у, уйимга кириб кетдим. Қўшнимга ўқитувчимга оид гапларни гапириб ўтиргим келмади.
Эртасига ҳам, индинига ҳам унинг уйига боришга фурсатим бўлмади. Учинчи куни ишдан вақтлироқ рухсат сўраб, истамайгина уникига чиқдим.
— Келдингизми, ниҳоят, — дея Гавҳар Ширинова мени қарши олди.
Унинг ранг-рўйи синиқлигини кўриб, тоби йўқ бўлса керак, деб ўйладим. Ҳол-аҳвол сўрашиб ичкарига кирдим. Уйи шинам ва ортиқча дабдабасиз экан. Хона бурчагидаги шкафда китоблар териб қўйилган. Бир томонда компьютер ва принтер қўйилган стол турибди.
— Ўтиринг, — деди Гавҳар Ширинова ўриндиқни кўрсатиб.
Ўзи ҳам қаршимдаги ўриндиққа ўтирди.
— Қўшним айтди, чақиртирган экансиз? — дедим унинг кўзига қарамасликка уриниб.
— Уч кун бўлди-ку, айттириб юборганимга, — деди у хўрсиниб, — жигарингиз бўлмаганимдан кейин нега чақирдийкин, деб хавотирланмайсиз-да, тўғрими?
Унинг менга бу тарзда гапириши оғир ботди. Худди бирон оғиримни енгил қилиб қўйгандек писанда қилишини-чи?! Тағин ўша куни ўзи уйидан қувиб солгандек қилганди.
— Кечирасиз, нима гапингиз бўлса айта қолинг, мен шошилиб тургандим, — дедим бироз иддао билан.
— Шундайми? Сизни чақиртирганимга сабаб ўша куни тобим қочиб қолувди. Ҳароратим қирққа кўтарилиб, ўрнимдан туролмай қолдим. Оғзимга бир пиёла сув тутадиган одам тополмадим. Сизни ўзимга яқин олиб, айттиргандим-да.
— Вой, бетоблигингизни эшитмабман. Бўлмаса албатта, келардим, — дедим оқибатсизлигимдан уялиб.
— Ҳаёт қизиқ экан. Инсон ёш, куч-қувватга тўла пайтда ўзини барча ишга қодирдек ҳис қилади. Энг ёмони, ўшанда инсон доимо шундай қоламан деб ўйлайди. Бу хатосини англаганида, ёшлик шижоатини йиллар сурони юлиб кетган бўлади, — деди Гавҳар Ширинова оғир хўрсиниб.
— Нега ундай дейсиз? Сиз ҳалиям аввалгидек чиройли, келишган аёлсиз. Ҳеч ким сизни турмушга чиққан аёл, деб ўйламайди, ёш кўринасиз, — дедим унга таскин бериб.
— Э, бу ёш кўринишга ўт тушсин. Бу чирой жонинг оғриганида дори, ёлғизлигингда суянчиқ бўлолмайди. У ямламай ютишга пайт пойлаётган аждаҳога ўхшайди. Қачондир домига тортишини сезаман… Аёл бўлсам-да, эркакларни ҳуркитадиган важоҳатим, қатъиятим бор эди. Аслида эркаклардан нафратланаман, уларни кўргани кўзим йўқ! Оилада тўрт қизмиз. Отам «менга ўғил туғиб бермадинг» деб онамни йигирма беш ёшида ташлаб кетган. Онам бечора, қирқ йил бева бўлиб яшади. Ўғил фарзанд-у, қиз бола фарзанд эмасми? Қиз деб бизни ташлаб кетган отамга кўрсатиб қўйиш учун ҳам мактабда аълога ўқиб, институтга ўқишга кирдим. Талабалигим ҳам оғир ўтди. Қийинчиликлар менинг мақсадимни янада қатъийлаштирди. Институтни тамомлаганимдан кейин пойтахтда ишлашга қарор қилдим. Ўқитувчим мени ўзига шогирд қилиб институтга ишга олиб қолди. Уч йил ишладим. Бу пайтда уйимизга кўплаб совчилар келишди. Отамдан нафратланганим учун бошқа эркакларни ҳам хушламасдим. Мен тегадиган эр ҳам отамдек худбин, ўз манфаати учун мендан осонгина воз кечиб кетади деб ўйладим ва совчиларга рад жавобини бердим. Йиллар ўтди. Ўттиз ёшга етганимда уйимизга яна совчи келди. Хотини ўлган бир эркак менга уйланмоқчи экан. Қиз бола бўлатуриб, иккинчи хотин бўламанми деб фиғоним фалакка кўтарилди. Бир ярим йилдан кейин фарзандсизлик туфайли хотинидан ажрашган бир эркак қўлимни сўради. Онамга маслаҳат солдим. Онам «Хотини туғмаган экан. Сенга уйланганида ҳам фарзандли бўлмаса-чи, унда аҳволинг нима кечади? Бир умр тирноққа зор бўлиб ўтасанми?» деб тегишимга рози бўлмади. Тақдиримга тан бериб, ҳаётимда давом этдим. Икки йил олдин бир эркак «Менга турмушга чиқинг» деб ҳоли жонимга қўймади. Олти ой рад жавобини берганимдан кейин ниҳоят, рози бўлдим. Тўйдан аввал уйини менинг номимга расмийлаштириб беришини талаб қилдим. Ниҳоят, уй менинг номимга ўтиб, биз турмуш қурдик. Унинг болаларини «менга кундошлик ҳасратини эслатмасин деб» қишлоқдаги қариндошларига бериб юбордик. Гарчи севиб турмуш қурмаган бўлсам-да, эримга кўнглим бор эди. Тўрт-беш ой аҳил яшадик. Бир куни у мендан «Сен нега ҳомиладор бўлмайсан?» деб сўраб қолди. Бу нарса мени ҳам ўйлантирарди-ю, лекин юрак ютиб бировга айтолмасдим. Ўша куни эримдан яшириб, аёллар шифокорига бордим. Текширувлардан кейин менинг фарзанд кўролмаслигимни айтишди. Бу хабарни эшитиш менга осон бўлмади. Кўзимга дунё тор кўриниб, юрагим тилка пора бўлди. Ўзимни чорасиз, ёлғиз ҳис қилдим. Бир неча кун сиқилиб юрганимдан кейин тўсатдан хаёлимга бу гапни эшитса эрим мени уйдан ҳайдайди деган ўй келди. Соат сайин бу фикрдан юрагим ваҳимага тўлиб борарди. Ўйлай-ўйлай ахийри эримни бу уйдан ҳайдашим кераклигини тушундим. Арзимаган жанжални баҳона бўлиб, унга кетинг, сиз билан ортиқ яшамайман, дедим. Шунда у менга пичоқ ўқталиб, ўлдиришини айтди. Бу ҳолат икки марта такрорланди. Унинг қўлида ўлиб кетишимдан қўрқиб, тез ёрдамни чақирдим. Эримни ўша куни жиннихонага олиб кетишди. Мана бир йилдирки, у жиннихонада ётибди. Уй эса менга қолди.
— Унинг болаларига ачинмадингизми? — сўрадим дугонамнинг гаплари эсимга тушиб.
— Болаларга ачинаман, лекин қишлоқда уларнинг ўз уйлари, бошпаналари бор. Мени эса на уйим, на қўнимим бор. Ундан кейин уларга ўз отаси ачинмади-ю… Мана кўрдингизми, эркаклардан нафратланишимга яна бир сабаб бор. Мен ҳаммасидан чарчаганман! Шунча қийинчиликларимдан кейин теккан эрим жинни бўлгани менга алам қилади. Икки ой аввал онам оламдан ўтди. Шундан бери ўзимни яна ҳам ожиз, чорасиз ҳис қилиб қолдим. Ҳеч бир ишга хафсалам, тоқатим қолмаган. Узоқларга кетгим келади. Лекин ёлғиз, аёл бошим билан қаерга ҳам сиғардим? Умримнинг сўнгги дамигача шу уйда қолсам керак.
— Бунчалик тушкунликка тушманг! Бошингизга тушганлари тақдирнинг ҳукми.
— Тасалли берманг, эшитишга тоқатим йўқ! Сиздан бир илтимос, меникига тез-тез чиқиб, хабарлашиб туринг. Тағин ўлиб-нетиб қолсам…
— Нафасингизни иссиқ қилинг-е!
— Ёлғиз ўзи яшайдиган айрим ўрис кампирлар бор-ку, ўшаларнинг ўлганини ҳатто қўшнилари ҳам сезишмайди. Жасади бир неча кун уйида қолиб кетганидан кейингина уни чиқариб кўмишади. Мен ҳам бир куни ўшандай аҳволга тушиб қолишдан қўрқаман!
Шу тобда унга қараб ачиниб кетдим. Гавҳар Ширинованинг кўзларида ёш ҳалқаланарди.
— Сиз узоқ умр кўрасиз! Мен сизникига тез-тез чиқиб тураман. Ўзингиз ҳам чиқинг, уйимизни биласиз, — дедим кетишга чоғланиб.
— Майли кўрамиз. Ҳозирча эса қиладиган ишларим кўп, — деди у маъюс тортиб.
Бир неча кунгача Гавҳар Ширинованинг гапларини таъсиридан чиқа олмадим. Тавба, гадой либосидаги маликага ўхшайди. Ёлғизликдан азоб чекаётган ўқитувчимга бир ачинсам, бир унинг худбинлиги, мағрурлиги шу куйга солди деб қоралайман.
Душанба куни ишдан қайтаётиб, бекатда Гавҳар Ширинова бир бола билан турганига кўзим тушди.
— Бозорга тушганмидингиз? Келинг битта сумкангизни мен кўтараман, — деб унга қўлимга узатдим.
— Керакмас, ўзим эплайман! — деди у кескин.
Автобусда йўл бўйи гаплашмадик. Гавҳар Ширинова болакайга меҳрибонлик билан нималарнидир гапирар, деразадан гўзал манзараларни кўрсатарди. Бекатга тушиб, унинг ёнидаги боланинг кимлигига қизиқдим.
—Ўша куни яхшилаб ўйлаб, қишлоққа боришга қарор қилдим. Эримнинг уч боласини олиб келдим. Энди уларга ўзим қарайман, ғамхўрлик қиламан.
— Ростданми?! — Унинг гапига ишонолмай нарироқда турган болага қарадим.
— Бу каттаси, —  деди у болага ишора қилиб, — иккитаси уйда. Уларни уйимиз яқинидаги мактабга жойлаштириш ҳаракатида юрибман. Энди улар менинг болаларим. Учовини ҳам ўқимишли, уйли-жойли қиламан. Кўрасиз, ҳадемай бир этак неварали бувига айланаман!..
Гавҳар Ширинова тўлиб-тошиб гапирарди. Унинг кўзлари меҳрга, умидга тўла эди.