Ҳуснинисо Аҳмедова. Лайлакқор, азизим…(ҳикоя)

Январ ойидаги қуруқ об-ҳаво феврал киришида ҳам ўзгармади. Янги йилни ички бир дилгирлик билан қорсиз кутиб олсак ҳам, кўнглимизда ҳали икки ой қиш фасли бор-ку, деган умид йўқ эмасди. Қишнинг сўнгги ойи қисқа бўлгани учунми, кунлар ҳам бир тутамдек туюларди. Ҳадемай баҳор ва унинг биринчи кунидан Ожиз момо эшик қоқиб туради. Ожиз момо нари борса, бир ҳафта, ўн кунча ҳукмронлик қилади, холос. Лекин ирим-сиримларга ишонадиганлар шу кунлари ювинишмас, ҳатто бош ҳам ювишмас экан. Ожиз момо ҳавони иситиб, бирдан изғиринни уфуриб юборса, бош ювган одам қалтироқ бўлиб қолармиш. Ҳатто саратонда ҳам қалт-қалт титраб, совуқ ургандек, томирларинг тортишавераркан. Айниқса, Ожиз кампирдан синглим Чиннихол ўлгудек қўрқади. Ожиз момо кунларини календардан топиб, қизил тўртбурчакнинг ичига олиб қўйган.
Бизнинг Чиннихол ўзича шоира. Раёнимизнинг «Байроқли Октябр» газетасида шапалоқдек сурати ва «Бувим 80 ёшдалар» деган шеъри босилибди. Касалликдан илиги қуриб, чўзилиб колган энам газетани кўргач, умуман ётмади, қурушқоқ елкалари тўртта парқув болишга ботиб, диккайиб ўтираверди. Энамнинг қулоқлари оғир бўлгани учун, Чиннихол ёзган шеърини баланд овозда уч-тўрт қайта ўқиб берди.
Энам хурсандлигидан ҳатто кўзларига ёш ҳам олди. Кейин кулимсираб, опамга им қоқди:
–Эшитдингма, Тошхол, Чинни қандай шеърлар жозаяпти. Қизингни суратини кўриб қўй. Эй, сен шеър нималигини қандай ҳам билгин, – дейди-да, узун, сертомир қўлларини чўзиб Чиннихолнинг елкаларини силайди, э-вай, қарқуноқдан чиққан булбулчамдан айланай ўзим.
Қарқуноқ деган сўзга опам хафа бўлмайди. Чунки энам унинг қизини «булбулчам», деб эркалаб-суяётган бўлса, нимага хафа бўлсин.
Айниқса, энамнинг ҳолини сўрагани қўшнилардан бирортаси чиқиб қолса, энам суюкли набирасини мақташ асносида, бир-икки оғиз ёлғон сўзларини ҳам қўшиб юборади:
– Газетти райкомимиз каттаси ўқибдилар. «Ҳим-м, биринчи мактабнинг саккизинчи а синф ўқувчиси Чиннихол Абдураҳматова ким бўлдийкан, кимнинг қизи экан», – деб сўроғлатиб жотганмишлар. Райкомимиз, зўр одам-да, ҳи… Энам, айниқса, ўзининг ҳамқишлоғи бўлган, й ва о ҳарфлари ёнига ж ҳарфини қўшиб ишлатадиган Илашой чечага Чиннихолнинг мақтовини ҳаддан оширади:
– Сен манов газетти оч! Чиннини сурати, менга атаб жозган шеъри бор. Сен Чиннихол Абдураҳматова, деб жозилган жойини товиб ўқи!
Илашой чеча газетанинг орқа-олдини айлантириб кўриб чиқади.
– Тожикча жозилған экан.
– Вой, бир бети ўзбекча-ку. Сен ичини ўқи. Илашой чеча шеърни ўқиб, ҳақиқатан ҳам тўлқинланиб кетади.
– Вой, Чиннихол, бу шеърни ўзинг ичингдан тўқиб, жоздингма? Зўр-а, зўр! Кўзингга ўлай, Чиннихол, мени қизчамга ҳам шеър жозишни иргат. Мен келиб, Тошхол опачамнинг ул-бул ишига қарашиб кетаман. Мингбулақдан биратўласи иккита шоира чиғса-чиғипти. Майлими?
– Жўқ, бўлмайди, – чўрт кесди энам. – Шоирлар худодод бўлишади. Уларга шеър жозишни иргатиб бўламикан? Уларнинг қулоғига паришатлари айтиб туриб, жоздиради. Сени ҳамжуртим, деб айтаман, шу қиз катта бўлсаю, жойига тушса, катта шойир бўп кетадиёв.
Илашой чечадаги кўтаринкилик тушиб кетди. Қовоғини уйди. Газетни тўрт буклаб, энамни ёстиғининг тагига тиқиб қўйди.
– Қиз болани шайирлиги гўр бўлами?! – деди энамга эшиттирмай.
Энамнинг мақтаниши учун биттагина шеър камлик қиларди. Ахир, ёстиқдайин-ёстиқдайин китоб ёзса, кейин уни ҳамма танийди-да. Энам Чиннихолни олдига чақирди. «Қоғоз-қаламингниям обке», – деди.
– Мен айтиб тураман. Сен жанги-жанги шеърлар жозасан.
Чиннихол энамнинг ёнига яхшилаб жойлашиб ўтириб олди. Ҳақиқий шоирлардек ўйга ботди. Лекин очган дафтарига нима деб ёзишини билмади, шекилли, авторучкасининг кетини оғзига тиқиб, тишлари орасида айлантира бошлади.
– Жоз, – деди энам. – «Эй худойи меҳрибон! Қишинг қишдек келсин, қорлар ёғсин, нонлар ёғсин. Баҳорда шиғилатиб-шиғлатиб жовирлар жовсин. Жозинг жазиллама бўлсин. Кузагингга барака берсин». Шуларди жувар.
Ҳамон ручкани айлантириб, бир нуқтага тикилганча бақрайиб ўтирган Чиннихолнинг шоира бўлишини астойдил истаганидан энам ўзи шеър тўқий кетди.
– Қишда қорлар жовсин,
Кузда жовирлар…
Ана-а ! Кўрдинг-ма? Шуйтиб жозаверсанг, кейин қўлинг ўнгланиб кетади. Журтимизга, элимизга лайлакқорлар жовсин, деб жоз.
Чиннихол бақрайганча ўтирди, ўтирди-да кейин бирдан шеър тўқиб юборди:
Лайлакқор, азизим, нечун ёғмайсан?
– Ҳа, ана, келаяпти. Ўрта-ўртасига худониям отини қўшиб жоз. Бандаларингга раҳминг келсин, деб, жоз.
Чиннихолнинг авторучкаси қитирлашдан тўхтаб, ўзи энамга умид-вор термулди:
– Худони қайтиб қўшиб ёзаман.
– Эй ношуд бола! Қадимги шоирлар, «Раҳм айлаю, ёмғир ёғдир султоним», деб қурғоқчилик жиллари достиқдайин-достиқдайин китоблар жозишган.
–Ҳозир, Худони қўшсанг, шеърингни чиқаришмайди. Партия, Ленинни қўшиб ёзсанг, кейин чиқаришади, – билағонлик қилдим мен.
– Лайлаққорни партия билан Ленин жовдирама, жибиржақа! – мени уруша кетди энам. – Жовир жовдир, султоним, деб жозғанларни китабини чиғаради. Бизарам, эй художон, қор жовсин қишларимизда, деб худога нола қилсак, нега чиғармайкан? Ўша чиғармайдиганини олдига оппор мени, бир жиғ-жиғини эзиб келай.
Энам елкасига ёстиқлар тиргак бўлмаса, туриб ўтиролмасди.
Кўрмаган бўлса ҳам редакциядагиларни оғзидан бол томиб, роса мақтаб кетади.
– Бир одамлар ишлайди, газетахонада ақллари кўплигидан бошгиналари тевакал. Кийимлариям бирам ороста. Жахси мақолаларди, зўр-зўр шеърларди тонлаб-тонлаб олиб, газетга жозишади.
Энди эса шу ақли расо одамларнинг «жиғ-жиғи» ни эзмоқ бўлиб, муштини иягига тираб. яниб ўтирибди.
– «Лайлакқор, азизим», – дейишларинг ҳам хато, – дейман ўзимни кўп нарса биладигандек вазмин тутиб, лайлакқор одамми, «азизим» дейсизлар.
Энам мен томонга ўқрайиб қаради:
– Сен жибиржақа. қўйларди сувориб келдингма? Ақалла, бозор куни рўзғорга қўл қоқишсанг ўласанма? Путингди кўтариб жотганинг-жотган. Ўзинг бирон мисра жозоласанма, иккинчи! Ҳананаҳ урасан, одамди. Ҳай, майли, азизим дема, азиз қор, деб жоз.
Чиннихол, «азизим»ни «азиз қор» билан алмаштирди-да, навбатдаги мисрани тўқиди:
Ёғмасанг унмайди на ўт, на майса.
–Энди орасига Ленин ва партияни қўш, – дедим, энамнинг қўллари шаштироқ, қалтираётгани, лабларигача пириллаб кетаётганини сезиб турсам ҳам, ўжарлик қилиб, туриб олдим.
– Партия билан Ленинни қўш! Ўв, гаранг!
– Қўшмайди! – Чинқирди энам. – Худони қўшмаса, Лелинниям қўшмайди. Лелин худо эмас!
– Ленин ҳам пайғамбар!
– Пайғамбар бўлса ҳам қўшмайди! – Энам кўкариб, юзининг буришқоқ териларигача пириллай бошлади.
– Чинни, – деди пирқираб, – достиқларни ол, мени жотқизинглар. Чап биқинимга жана санчув кириб қолди.
Энам «накаут»! Чиннихол Абдураҳматованинг илҳом париси учиб кетиб, энамнинг сапчиб тушаётган қўлини уқалашга тушди. Мен зерикиб, янги туғилажак бузоқча учун бошвоқча тика бошладим.
Лекин энамнинг биқинидаги санчиқ дарров босилди, шекилли, ҳамон шикаста овозда «Чинни! Қани бояғи жозганларингни баланд-баланд қилиб ўқи-чи!» – деди.
Лайлакқор – азиз қор , нечун ёғмайсан?
Ёғмасанг унмайди на ўт, на майса.
Ёғмасанг – ёғмайди нонлар самодан,
Раббим, қор ёғдир, деб зорлар ҳар одам…
– Бу шеърларинг газетда босилиб, кейин худога етиб боргунча, баҳор келади. Ўша лайлакқорларинг, меваларимиз қийғос гуллаганда гуппиллатиб ёғиб берса, борми, – икки кафтимни ҳовуч қилиб очиб, жимжилоқларимни бирлаштириб, юзимга сурдим, – омин! Оллоҳу Акбар! Меваларнинг гулхонаси-ю балдоқлари яхлайди қолади, – яна тилим қичийди менинг.
Энам қарғайди:
– Ҳаҳ, шовшингинанг жағангга жопишсин. Ҳали бир ой қиш бор. Шу ой ичи жовсин, деяппиз-ку, калланг қурсин сени ҳандалакка ўхшаган, жиблажибон!
Чинни қиқирллаб кулади.
Уйга совуқдан қунишиб, онам киради.
– Қуруқ совуқ жонингни қақшатади-я, ўтирибсизларми, энангга шеър ўқиб.
– Ҳа, – дейди Чинни, – лайлакқор азизим, нечун ёғмайсан, деб шеър тўқияпмиз.
– Вой, мунча яхши шеър!
Энам индамайди. Ихраб-сихраб, қалтираётган панжаларини бир-бирига киргизади.
– Отам қанилар, опа? – дейман, – бошвоқча тикишни билмаяпман.
– Гузарга чиқиб кетдилар.
–Бу маҳмадона, қўйларди сувордими? – гапга кирди энам, – бекорчи гапларди айтишга уста.
– Ҳа, суғорганку-я, пича печкага ўтин қилиб берсанг, улим. Кундузи шунча совуқ, кечаси изиллаб кетса керак.
– Қорни иси келаяпти, лайлакқорни иси, – деди энам.
– Қорда ис бўладими? – ҳайратланаман.
– Иси бу – совуғи. Қорнинг совуғи келаяпти, – деди энам.
– Кўча совуқми, Тошхол? Ҳаво айниганига аяхларим зирқираб овриб жотир. Манув еримда пичақ санчгандек, санчув оралаш оврув бор… Энам биқинини кўрсатди.
– Эрталаб эритганим қуйруқ мой, печкани олдида илиққина турибди экан, уқалаб қўяйми? – деди опам.
– Майлинг. Лекин аввал қўлингни қиртишига обдон мой ишқаб, мулойим қил. Баданим ҳилвираб жотибди, шиливоласан.
Опамнинг қўлларининг қиртиши ҳақиқатан ҳам тиканакдек экан. Мой суриб, кафтларини бир-бирига ишқаласа, ғашга тегадиган «ғиш-ғиш» деган овоз эшитилди.
Кейин малакали духтурлардек енг шимариб, пиёлачадаги мойни энамнинг биқинига суриб чиқди. Уқалашнинг ҳадисини олган қўллари, энамнинг «уҳ, бўлди-эй!» дейишига қарамай, биқин атрофини айлантириб уқалайберди. Чаққон қўллар бир зумда бир пиёла ёғни суякка «чип» ёпишган терига «эгизиб», уқалаб бўлди.
– Вой бўлди-эй! Ҳаҳ! Илоҳи иловандо! Баракангни топ!
Энамнинг олқиши қулоғимга қарғишдек эшитилди.
Лекин, энамнинг шугина дуосигаям онам зор.
– Раҳмат, раҳмат, – дейди қўлини кўксига босиб, – менимас, болаларимни дуо қилинг, раҳмат, энажониси раҳмат!
Кечқурун осмон қорайиб, қаттиқ изғирин турди. Шомга яқин муздек шовоттоб ёмғир томчилай бошлади. Этигим ташқарида қолиб яхлаб қолмаслиги учун уйга киритиб, печканинг ёнидаги қўлбола супачага қўйиб қўйдим.
Онам печкага ўтин қалади. Лекин ҳаво тортмай, тутун қайтарди. Уйни қўйчалманинг ачқимтил ҳиди тутди.
– Тошхол! – шанғиллади энам, – Вой ўламан-эй! Жана қўйчалма жоғаяпсанма? Зормондани соситмай, тагидан бир-икки калтак токзангини қўйсанг бўмайма?
– Қўювдим. Карнайи тўлганми, тутун қайтараяпти – энамнинг яқинига бориб, қаттиқ-қаттиқ сўйланди опам. – Бирпас устингиззи ўраб қўйиб, эшикни очсам майлими, чалмани ҳиди уйчага ўтириб қолади.
– Майлинг, пақат устимди овир қима.
– Хўб бўлади, – деди опам ва яна печка билан уйга изғирин ёпирилди. Печ гуриллаб ўт олди. Опам эшикни зичлаб ёпди. Бир зум ўтмай уйга чакмони ҳўл бўлиб, отам кириб келди.
– Тошчироққа мой солдингма? Лампасини жувдингма? – Ҳар кунги топшириғини опамга эслатди энам. – Иликтор чироқ кўзимни овритади.
–Тошчироқ тайёр. Суюқтуппа қилганман. Овқатингизни егиздирайми? – бақиради онам.
– А! Ҳа, майли, суриб келавер, Абламид ўзи ичиради, сен тўгиб-чачасан, тўшагимга.
Иссиқ сандалнинг четида мўйловини силаб, оғир ўйга чўмиб ўтирган отам бир қўзғалиб олади:
– Ҳа, ҳа, ўзим ичираман.
Отамнинг исми Абламид эмас, Абдулҳамид эканлигини яқинда паспортидан ўқиб билдим. Лекин биров исминг нима, кимнинг улисан? – деб сўраб қолса, «исмим Абсалим, Абламид новвойнинг улиман», деб бурро жавоб бераман. Отам бир пайтлар қишлоқнинг тўю-маъракасига нон ёпиб, новвойлик қилган. Ҳозир ҳамма нонни бозордан олади.
Опам билан Чиннихол овқатдан кейин идиш-товоқларни ювгани ошхонага кетишди. Отам кўрсатиб турди, мен бошвоқча тикишни давом эттирдим.
– Абламид, – дейди энам, – қиш чиллада ўлмадим. Жоз чиллага жетиб, тош қизиғида жумалаб берсам, тайяргарлигинг борми?
– Эй, апа! – дейди отам, – мунча қиш чилла, ёз чилла, тош қизиғи, деб ҳаммани қўрқитаверасан? Ўлим ҳақ! Тайяргарлик ҳам бўлади-да. Энди сен қулоқ тут, мен айтай, – отам энамнинг тўшаги ёнига чўк тушди
– Кузакда сотиб олган қўш қўчқорча етилиб қолган. Бир плайча ёғ-запасда. Гурунч бор. Хўш – нон 300 кило қайроқи буғдойни босиб қўйибман. Сандиғингда 30 метр оқ сурп, ошиғи билан. Бир той газлама бор. Келининг кеча бозорга борганида, жилдираган духоба чапон олиб келди. Минг сўм пулниям, сандиғингни остига ташлаб қўйганман. Ҳали ҳайбаракалла бўб кетасан, апа. Ҳадеб балларни қўрқитовурма, энди саксонга кирдинг. Отам раҳматли етмишда кетувдилар. Қарчиғайдек эдилар. Сен яша, апа.
– Отанг жаннати экан, вақтида аёҳ узатди. Жетмиш-кетмиш, улим, саксон-жаксон! Шуйтиб, жаксоним чиғиб жотавераманма? Тайяргарлигингни билай, дедим.
– Кўйнийни тўқ тутавер, апа, – отам қўзғалиб жойига келиб ўтирди.
Энам «ҳиқ-ҳиқ» йиғлашга тушди. Опамни дуо қилгандек, йиғламсираб, отамни ҳам дуо қилди:
–Ҳай, Абсалим! Тош қизиғида ўладиган бўлсам, белгинайни маккамгина байлаб, жахши-жахши жила. «Вой энам! Вой беозорим энам-м!» – деб боқириб, дод соб жила, – қандай энам бориди-я, журганида жерлар зириллариди-а, вой энажоним ойимимов». – деб товутимни айланиб-айланиб жила. Айтиб-айтиб, жиллаб-жилаб, Чиннихол икковинг маъракага келган хотинларни жилатиб-жилатиб жиланглар.
Энам, ўзи саннаб, ўзи йиғлаяпти. Мен кулгим келиб, отамга қарасам, отам ростакамига йиғлаб ўтирибди. Кўзлари қизарган. Юзини сал буриб, кўз ёшларини кафти билан сидираяпти.
Энам ҳамон айтим қилаяпти:
– «Вой, энам, мохтасам мохтагулик энам бор эди-я», – деб товутимми орқасидан гўристонлиққача бўзлаб бор. Отангни яккалигини билдирма. Эртаси куни қабрбошига борсанг, гўримни зичлаб чимлаб қўй. Ҳа, айтгандай, гўристонлиқдан қайтариб келтирилган тўшакларимни келтириб, симдорга илиб қўй. Тунда ҳам турсин, жулдуз кўрсин. Кейин эрталаб жийиштириб, энамдан таварик, деб тагларингга солиб жотасизлар.
Эна, кўрпаларингизни юлдуз кўрмаса, нима қилади, деб савол бермоқчи бўлдиму, ер остидан отамнинг қизарган кўзларига қараб, дамимни ичга ютдим.
– Абламид, шу улингни дийдаси қаттироқ. Чиннихол меҳрибон. Мунинг ўша куни таяққа таяниб, таякдек қотиб тура берса керак.
Отам илжаяди. Мен ҳам отамнинг кўнгли ёришганидан хурсанд бўламан.
Суюқтуппа ичиб олганман, чанқаб бир пиёла илиқ чойни симириб олдим-да, иссиққина ўринга кириб, тарракдек қотдим.
Эрталаб турсам, ҳаммаёқ оппоқ қор. Отам курак билан молхона томонга йўл очяпти. Уйга югуриб кириб, этигимни шоша-пиша кийдим.
Энамга нонпалла едириб ўтирган онамдан оҳиста сўрайман:
– Опа, қор қачон ёғди?
– Кечаси билан лайлакқор ёғиб чиқди-ку, улим. «Лайлакқор азизим, нечун ёғмайсан?»- дейвердиларинг, мана ёғди-да.
– Ўша шеърни сиз ҳам биласизми?
– Эса-чи?
Ташқарига отилиб чиқаман-да, бир зумда ҳаммаёқни кузатаман. Отамнинг қўлидан куракни олиб, дарвозахона томини кураб тушдим.
Уйга кириб энамнинг тўшаги ёнига чўкиб, қулоғига яқин бориб, бақириб сўйлайман:
– Энов! Лайлакқор тўпиқни қўмадиган. Роса қалин ёғибди. Ҳар битта дарахтнинг шохида иккитадан-учтадан қарға ўтирволиб, яна – «қор! қор!» деб қағиллаб ётипди.
– Қарғалар? – Нурсиз ва намли мижжаларини қийинчилик билан очиб, мен томонга хиёл ўгирилди энам. – Улар қор, демаяпти. Улар хўрак излаб келишган. Уч-тўртта маккасўтани олгин-да, дарвоза-хонанинг томига ташаб қўй.
– Э, йўқ, – дейман. Қарғаларга маккайи? Килоси икки сўм. Ана Шокирларникига боришсин. Бу йил бир тележка сўта олишган.
– Ундай, демагин-да, худойи таоло бу безабон махлуқларни «шулар сенларга ризқ беради» деб бизи даргоҳимизга жугарган, улим. Сен уларга уч-тўртта сўта ташласанг, Тангри сенга бир мошин макка сўта беради.
Хамирни сандалининг четига ўраб қўяётган опам энамнинг гапини тасдиқлайди:
– Маккайи, чирик олма-ноклардан ҳам ташлаб қўй.
Бошқа пайти бўлганда, бу қора қарғаларни итимга олкишлатиб, ҳовлидан қувиб чиқарар эдимку-я, лекин бугун лайлакқор ёғди. Тилимда, ҳозиргина онам айтган Чиннихолнинг шеъри айлана бошлади:
«Лайлакқор, азизим, нечун ёғмайсан?».
Менинг айбим билан «азизим» сўзи «азиз қор»га айланиб кетганидан пушаймон едим. «Лайлакқор, азизим…». Қандай чиройли мисра.
Пиёла-чойнакларни елим тоғорачанинг ичидаги буғи чиқиб турган иссиқ сувга чаяётган Чиннихолнинг тепасига келдим:
– Чинни, «Лайлакқор, азизим»ни редакцияга юбордингми?
– Йўқ!
– Нега энди?
– Билмасам, баҳор яқин. Баҳор ҳақида ёзиш керак.
– Чинни, сен «лайлакқор, азизим» деган жойини «лайлакқор – азиз қор» деб ўзгартирма, хўпми? Агар истасанг, жондорниям, бежонниям азизим, десанг бўлаверади.
Лайлакқор, азизим, нечун ёғмайсан,
Сени кутавериб сарғайди майсанг.
Феврал ҳам ўтмоқда, кунлар бир сиқим,
Ёғсанг-чи, лайлакқор, жоним, азизим!
Мен синглимнинг оиламизда айтилаверганидан ёд бўлган шеърини шундай тўлқинланиб айтиб бераман деб ўйламаган эдим. Гўё бу шеър билан юрагимга қордек шаффоф туйғулар бостириб кирди. Оппоқ қордан бир сиқим олиб, юз-кўзимга босаман, нурдан-да тозароқ қорни лабларимга яқинлаштириб, шивирлайман:
Ёғавер, лайлакқор, жоним, азизим…