Ҳуснинисо Аҳмедова. Маломат (ҳикоя)

“Оҳ, Нафиса! Бу исмни сенга ким қўйган ёки ўзинг унга мослашиб улғайганмисан? Овозинг ҳам нафис, бармоқларинг худди чиннигулнинг япроқларига ўхшайди, лабларинг…”
Нафиса ижирғанди, шакаргуфтор сўзларни бошқа эслагиси келмади. Ёнгинасига узун қизил автобус келиб тўхтади. Шоҳбекат радиокарнайидан “Анжан афтобуси 42-плошадкадан жўнийди”, – деган ширали овоздан билдики, автобус Андижонга боради. Таваккал қилиб автобусга ошиғич чиқаётган одамларнинг қаторига бориб турди.
– Шашилмасанг-чи, ука, кеннайингга йўл бер.
Қўнғизмўйлов йигитча тавозе билан Нафисага йўл очди:
– Марҳамат, марҳа-ма-ат!
Одамларнинг хайрихоҳлигидан, мулозаматидан ўнғайсизланди. Мулозаматни Анвар ҳам жуда ўринлатарди.
– Ҳой қиз, Анвар – илон, на қиласан унга ёндашиб? Авраб-авраб бир кун пўст ташлагандек, ташлаб кетади, – дерди ётоқхона бекаси Меҳри хола. – Бир хонадонни обод қиладиган, бир алпомиш йигитни бахтини очадиган там-там қиз бўлсанг. Бир кун шармисор бўлма, дейман-да…
Мана ўша шармисорлик…
Нафиса йўл бўйи ўзи билан ўзи олишиб борди. Гоҳ белидаги “чим-чим” оғриқ санчиққа айланади-ю, баданига муздек тер чиқиб кетади. Гоҳ оғриқ пасайиб, бироз мизғиб олади.
Автобус манзилга етиб келгач, оғриқ ҳам ўз-ўзидан тинди, назарида қушдек енгил вужуд билан пастга тушгандек бўлди.
– Бу мошина довлатники, опой, – деди ёшгина такси ҳайдовчи. – Бизда пилон бор, бензинни нархини осмондалигини билсайиз керак. Бўлмаса жоним билан обориб қўярдим. У яққа элтадиган одамийиз йўқми, почча…
Нафиса мулзам бўлди. Такси пули шунчалар қимматлашганини билмаган экан.
Бирдан белидаги оғриқ қаттиқ хуружга олди. Тишини-тишига босганча, юзига газета ёпиб, машина эшигини очиқ қолдирган шофёрнинг машинаси томон юрди:
– Амаки, мени туғруқхонага обориб қўйсангиз, – деди ва ўзи хуруждан майишиб, таксининг эшигига осилди.
“Амаки” бояги йигитдан ҳам ёш экан. Нафисадан баттар ҳовлиқиб, бўғриқиб кетди. “Ўтиринг, ўтиринг”, – дея эшикни очди-да, шиддат билан машинага газ берди.
Нафиса ҳар иҳраганда, гўё аёл ҳозир унинг машинасида туғиб қўядигандек, ҳайдовчи бола шошилар, “ҳозир етамиз, ана етдик, мана етдик, бирпас шашманг, апажон”, – деб юпатиб ҳам борарди.
Қабулхонада уни баланд оқ қалпоқли, нимжонгина аёл кутиб олди. Нафисанинг ёлғиз келганидан ажабланиб, ҳужжатларини синчиклаб текширди. Кейин беморнинг назарида аҳамиятсиз кўринган бир-иккита савол берди. Шу асно жувон боласини шу ерга ташлаб кетмоқчилигини билгач, қалқиб тушди. Оҳиста ва шикаста товушда:
– Аввал эсон-омон қутулиб олинг-чи, жоним, у ёғи бир гап бўлар, – деди. Кейин йўлакка қараб, буюрди: – Ҳалимахон, бу хотинни “дардхона”даги кушеткалардан бирига жайлаштиринглар, дарди “пишишига” ярим соғатча вақт бор.
Нафиса унинг сарғиш юзларига термиларкан, “х” товушини юмшоқ талаффуз қилиши унга ширин забон бахш этганини сезди.
Юзига биров секин-секин, кейин қаттиқроқ шапатилади. Исмини сўраганди, Нафиса гапиромай, ғалати ғўлдираб қўйди. Кейин кўзини очиб, тепасида узун бўйли, қотмадан келган киши ва оқ дуррачали хўппа семиз аёл турганини кўрди. Қаердалиги, ўзига нима бўлгани шуурига етмадими, ёинки, қаттиқ толиққан қобоқларнинг очилиши қийин бўлдими, яна кўзларини юмди.
– Келин, эркаликни бас қилинг, кўзингизни очинг, – дея ҳалиги киши юзига шапатилар, лекин Нафиса карахтлик бағридан чиқиб кетолмас эди.
То исмини айтмагунча тинчлик бўлиши қийинлигини сезганидан сўнг, фикрини жамлаб отини айтди. Лекин сўз ўрнига яна боягидек ғўлдираш…
Билагига санчилган игнанинг чимиллаши кўзини очиб юборди.
– Мен… Мен Нафиса…
– Ҳа, ана ҳушёр бўлдингиз. Ҳаммани қўрқитвордингиз-ку. Нақ тўрт кило ўғил туғдингиз, ундан кейин сал маза қочди, кравит қилдингиз. Жиччагина наркўзга шу-унча ухлаб, ҳаммани овора қилдийиз-а, келин, мунақамас-да. Бўпти, мен кетдим, бошқа ухламанг.
“Мунақамас-да, мунақамас-да”… Кўнгли беҳузур бўлиб, бошини оғир тош айланиб эзаётгандек беҳол ингради, яна кўзларини юмди. Тегирмон тош узоқ айланди. Айланса-айланар, анови киши тепасидан кетди-ку. Энди бемалол ўлавериш мумкин. Нафиса ўзини ниҳоятда беҳол сезар, гўё жони танидан айрилиб чиқаётгандек, ўзича ота-онасидан рози-ризолик сўраб тургандек эди. Бирдан ҳаммаёқни қоронғилик босди. “Энди ўлдим, ўлдим, ўлдим, ўлдим, ўлдим…”
Аёл кишининг қаттиқ чинқириғидан қулоғи батанг бўлиб уйғонганда, уни ғилдиракчали каравотга солиб, кўкимтир рангга бўялган хонага киритишаётган эди. Қулоқларидан ҳамон бояги жувоннинг “Вой аяжон”лаган фарёди, дераза токчасига чиқиб ичкарида дард билан олишаётган қизига далда бераётган аёлнинг товуши кетмасди:
– Ая, дема, аянг айлансин, Худо де, Худога нола қил…
Нафисанинг эса дардкаши йўқ. Автобус, такси, туғруқхона, дардхона, дўзах азоби, ниҳоят палата. Доя момо айтганидек, хайрият, йўл-чўлда туғиб қўймади.
– Боласини раддўмга ташлаб кетармиш мамбу қиз, – шанғи овоз “мамбу қиз”нинг қулоқларини тешиб юборгудек бўлди. – Қандайдир пабрикада ишлармиш. Вой, кучала еган жайига бориб тиришмайдими, Анжан шунақаларга жайми?
– Ҳафизахон, халал беряпсиз, ҳижолат қилманг булани, – бу ўша – уни қабул қилган, “х” товушини юмшоқ талаффуз қиладиган доя хотиннинг овози.
Нафиса юқоридаги таҳқирни туғруқ хонасида эшитганди. Лекин акушер-гинекологлар бир хил халат кийиб, юзларини дока ниқоб билан тўсиб олганлари учун овоз эгасини илғамаганди. Мана ўша овоз соҳибаси: шаҳло кўзлар теграсига ингичка сурма тортилган, кўкракдор, қалин, пайваста қошлари хиёл чимирилган, фақат овози… У Нафисанинг “тарихи”дан сўзлаб ҳаммага карнай чалиб чиққан шекилли, атрофдагилар унга совуқ ва жирканиб қарарди.
– Анвар ҳар не дейверади-да, болам, ичдан чиққан илон иссиқ, – дерди Меҳри хола. – Қадимги эртаклар икки бошли илон туғсаям, турмучлаб бағрига босган оналардан ривоят қилади. Оҳ, қизи тушмагур-а, одамдан одам келиши осонми? Кўз ёраётган хотиннинг фақат жимжилоғи гўрдан ташқарида тураркан. Худойим раҳм қилса, ўша жимжилоқдан ушлаб хотинни ўлим чангалидан тортиб оларкан, бўлмаса…”
Нафиса охирги кунларда ўзига ўлим тиларди. Онаси ҳам уни озмунча қарғамаганмиди:
– Илоҳим, эшигимдан энди товутинг лапиллаб кириб борсин. Ўқишга кирмай очиқ мозорга кир. Мани юртга юруғсиз қилдинг. Берган сутим дили жигарингни эзиб, оғзингдан қора қон бўлиб ваққиллаб келсин. Худоё жувонмарг бўл…
Қиз онасидан бундайин даҳшатли қарғишни шу ёшга етиб эшитмаган эди. Худди кесакдек музлаб, карахт бўлиб қолди. Фақатгина табиатан ҳалим отасининг кўзларида ғилтиллаган ёш кўрди:
– Қарғама, қарғама-ей! Ёмон бўлса ёмонди бири, эгри бўлса эгрилани қатори. Болангдан тонасанми, эси йўқ? Бас, қарғиш қилма!
Кўзи ёригандан кейин ҳам атрофидагиларнинг: “Йўлдоши ёпишиб кетибди. Қон тўхтамаяпти”, – деган хавотирли шивир-шивирларини эшитганда: “Онамнинг қарғиши олди мени, энди бу дунёдан уларнинг рози-ризолигисиз кўз юмарканман-да”, – деб ўйлар, буни Худонинг жазоси деб тушунарди.
…Қовуғининг устида оғриқ қўзғалиб, чидаб бўлмас даражага етди. Дарддан тўлғаниб, ўзини ҳар ёққа ташлаб, ингроқ аралаш йиғлай бошлади:
– Вой отажон, вой онажон, вой ўламан!..
– Нима? – бояги овоз шанғиллади. – Чордард тутяптими? Оғрийди-да, ҳа? Ундан орттириб, мундан орттириб, туғиб ташаб кетовраман деб ўйлаган бўсайиз керак-да. Ишқибозлик қилиш осон, туғиш осонмас!
Нафиса ўз-ўзидан тинчланиб қолди, ҳатто оғриқ ҳам пайсал топгандек бўлди. Фақат хўрлик…
Лекин бу хўрликни Худодан ё бандасидан кўрмоқ тўғри эмасдир? Ахир бу савдони ўз бошига ўзи сотиб олди-ку. Шу бола бўйида бўлганини билган кунданоқ, Анварнинг муносабати ўзгарди. Ширингуфторлар ўрнини совуқ, керик муомала эгаллади.
…– Ота, юрист бўлмоқчиман, мени ўқишга қўйинг, – деганда, отаси қанча хушвақт бўлган эди. Қизиқиш ва меҳр билан қизига боқаркан: “Анови пўрма кийиб юрганларга ўхшаб-а? Ҳа-а-а… Ўқишга кироласанми ўзи?”
Бунисини Нафиса билмас, лекин ўзига ишонар эди. Онаси эса қизининг бошига тушадиган савдоларни олдиндан сезган эканми, ота-болани жеркиб солди:
– Қиз болага ўқишни ким қўйибди? Пўрма кийиш осон эканми? Бир ками уруғимиздан суд хотин чиқиши қолувди.
Онасининг ён бермаганига бешиккеттиси Сотиволди айбдор, деб ўйларди қиз ва бундан ҳадсиз изтироб чекарди. Ёлғизгина тантиқ ўғил Сотиволдиларнинг данғиллама ҳовлиси, келинга атаб тўплаган бўхча-бўхча сеплари, тилло тақинчоқлари мўллигини она баъзан қизига эшиттирар, “Ўл, Напса, нимаси ёмон Сотиволдини”, – деб яна мақтовга тушарди.
– Онажон, ўқишга қўйсангиз тегаман шу Соттига, жон она…
Сотиволди балки ёмон эмасдир. Лекин ўша пайтда Нафиса уни шунчалар ёмон кўрди. “Унга ўлсамам тегмайман!” – бу унинг ички қасами эди.
Мандатдан “йиқилган”дан кейин қайтиб бормаганининг сабаби ҳам шу – Сотиволдини ёмон кўриши эди. Сотиволди туфайли ота-онасини алдади, ўша туфайли парвонадек ўзини ўтга урди.
Анвар акаси – бутунлай бошқа дунё. Қишлоқи йигитлар билан унинг ўртасида ер билан осмончалик фарқ бор. Дугонаси Раънонинг айтишича, Анвардан ўта маданиятли, назокатли муғамбир ва буюк шарқшунос чиқармиш. Анвар Нафисага дарров илакишмади. У бултурдан буён уларнинг ётоқхонасида яшаркан. Раъно киришимли қиз бўлгани учун уни ҳамма танийди. Анвар ҳам. Анвар Раъно билан суҳбатлаша туриб, унинг пинжида қимтиниб, қизариб турган Нафисага бир зум нигоҳ ташлар, шу куйдиргижон қараши билан қизнинг юрагига тушган лахча чўғни алангалатарди.
– Ҳеч гап эмас, – деди бир куни. – Юрфак бўлмаса, шарқшуносликка киритамиз. Хоҳласангиз, кириш имтиҳонларига бирга тайёргарлик кўрамиз, ҳай, Нафисажон. Ҳар қанча маслаҳат зарур бўлса тортинмай айтаверинг.
“Шарқшуносликка киритамиз”, “маслаҳат”, “Нафисажон” – шу оддийгина сўзларнинг ўзи унга бир дунё умид бағишларди. Анвар ширин бир лутф билан гоҳо араб, гоҳ турк, гоҳо ҳинду форс тилларида сўзлар, таржимаси ҳам оддий ва ёқимтой бўларди. “Хуш келдингиз, сафо келдингиз”, “Чойга марҳамат”, “Толиқиб қолмадингизми?”
Нафиса унинг қоп-қора думалоқ кўзларига, кулганда, тўлиқиб сўзлаганида чуқурлашадиган кулгичига тикилиб қолар, ўзидаги бу сеҳрланишни сезиб қолса, хижолатдан бош эгарди.
Анвар ҳам қиздаги ўзгаришларни сезар, бироқ совуққонлик билан ўзини билмаганга соларди. Бир кун Анвар эшик қоқиб келганда, Нафиса Раъно прокатга келтирган телевизордан ёлғиз ўзи бадиий фильм кўриб ўтирарди.
– Ассалому алайкум, келинг, Анвар ака.
– Ва алайкум ассалом, Нафисажон. Ичкарига ижозат бўладими? Раънобону сменадаларми дейман?
Нафиса шитоб билан китоб-дафтарларини тайёрламоқчи бўлганди, Анвар чиройли жилмайди:
– Якубович айтганидек, “рекламная пауза”. Яхши кинога ўхшайди. Ўтиринг, Нафисажон, мутолаага ҳали улгурамиз.
Телеэкранда чўл чечакларидан, буғдой бошоқларидан бошига гулчамбар таққан қиз, сочлари бир ёнга таралган йигит ва чиройли манзаралар кўзга ташланарди.
– Қаранг, Нафисажон. Қизнинг сочлари жуда гўзал эканми?
– Сочлари? – Нафиса телевизордан кўз узиб унга қаради. Анвар ўзига қаттиқ тикилиб турганини сезиб, сапчиб турди: “Мен чой қўйиб келай”.
– Йўқ, йўқ, – Анвар унинг бармоқларидан ушлади. – Ҳожати йўқ.
Нафисанинг шуурига фильмдаги мантиқ етиб бормади, худди Анвар унга боягидек тикилиб турган каби ўз-ўзидан лавлагиси чиқиб кетаверди.
– Сиз иш билан анча ҳорғин кўринасиз, асал қиз. Маслаҳат билан эртага бир сайру гашт уюштирамизми? Сиз ҳам водий чечаклари билан сочларингизни безатардингиз. Раънога айтмай қўяқолинг, билса, мениям олиб бормапсизлар деб хархаша қилиб юрар, ҳайми?
Анварга нима бўлди ўзи, сайру гашт дейдими, асал қиз, дейдими, тавба.
Нафиса ўшал дилафрўз водийни ҳам, сочларини безаган нафармон чечакларни ҳам ҳеч қачон эслагиси келмайди. Ўшал жаннатул ризвонда унга қарғиш тегди…
Ишхонадагиларига билдирмай Анвар Нафисани яширинча никоҳ қилдир­ди-ю, лекин бирор жойга “ис” чиқармади. Нафиса яна аросатда қолди. Анварни ишхонаси томонидан бир йиллик муддат билан Ливанга жўнатишмоқчи бўлишибди, таржимонлик қилармиш. Кетиш олдидан у норасмий, лекин шаръий хотинига мулойимлик ва совуққонлик билан “насиҳат” қилди:
– Нафисажон, боланинг туғилмагани яхши. Ҳар ҳолда шаънингга паст-баланд гаплар бўлмасин, дейман-да. Раънога тайинлаб қўяман, йўл-йўриқ кўрсатади, мана бу қоғозда эллик минг бор, ҳозирги айтганимга сарфлайсизлар. Яна кўзёшими? Ахир мен сенга олдин ҳам айтганман. Хотиним, болаларимдан воз кечолмайман, лекин сени ҳам ташламайман. Номардлик қилсам, сен билан никоҳ боғламас эдим. Агар ҳомилали бўлмаганингда, ўзим билан олиб кетардим. Начора. Яна бир гап, ўзингни сақла, мен ер тагида илон қимирласа биламан. Фақат бола туфайли азият чекмагин, дейман, бунинг устига ишхонадагилар билиб қолишса, менинг ишим ҳам, сенинг ўқишинг ҳам абгор бўлди деявер.
Анварнинг “маслаҳат”ини эшитгандан сўнг Раънонинг бирдан жини қўзиб, ўрисча-ўзбекча, эркакча-хотинча ҳақоратларни қаторлаштирди:
– Вой зараза… исқирт, тварь… Ман уни одам десам, бир грамм шарми йўқ экан-ку. Сен унга нима учун керак эканлигингни тушунгандирсан? Кўрдингми, энди қизиғинг қолмади-да! Вой тулки-ей… – Кейин бирдан бўшашиб титилиб кетган ўриндиққа беҳол чўкди. – Сен ҳам тузуксан. Доимо ўшанинг етовида юрасан. Аслида Анварнинг айтгани уч минутлик даҳмаза. Лекин ундан кейин… кейин тилло сочиб ҳам бола бетини кўролмайсан. Бепуштлик нималигини биласанми? Эркакнинг минг бир ҳийла-найранги бўлади-да. Бугун болангни олдир, қийналиб қолма, деган одам, эртага туғмас, деб осонгина талоғингни қўлингга тутқазади. Маслаҳатим: сенга ҳам тирноқ керак эмас экан, узоқроқ жойдаги туғруқхонага бор-да, болани ўша ерга ташлаб кел. Бу ерда туғсанг, боладан кўнгил узолмай қоласан…
…Дока ниқобли, лўмбиллаган аёл қўғирчоқдек йўргакланган чақалоқ­ларни белидаги рақамига қараб оналарига тарқатаркан:
– Қани, ўрнингиздан турингиз, – дерди ҳазиломуз. – Бузакчаларингизни эмизингиз. Ҳа, ойимшо, нега аза тутиб ўтирибсиз? Агар хоҳласангиз, келтириб бераман, аясини истаб қўзичоқдек мағраб, дуняни бузиб ятир.
Нафиса боласига нисбатан кўнглида ачиниш ҳисси туйди. Лекин ҳозир кўрса, уни ташлаб кетиши қийинлигини билиб, “йўқ, йўқ”, деди.
– Ихтиёринг, – татар хотин шарт бурилиб, жаҳл билан тўқ-тўқ юриб чиқиб кетди.
– Вой, мамбу хотинни. Тирноққа зорлар қанчаю, болабезорлар ундан кўп экан-да. Мана, мен ҳозир ўттиз еттидаман. Шугинани дийдорига етгунча ўн беш йил ҳасрат тортдим. Худойимдан ўргилай, оҳимга етди. Сизга нима қипти? Битта шу гўдакни эплаволарсиз. Боқиб катта қилсангиз, эр етса у сизни боқади. Қайтар дунё, дейдилар, айланай, гуноҳга ботманг-а.
“Оҳ, шўрпешона Нафиса… Нега ўлмай қолдим? Шунча номуссизликдан кўра, ўзимни ҳам болага қўшиб бир нима қилганим яхши эмасмиди?”
Болалари билан “тил”лашиб эмизаётган хотинларни кузатиб ётаркан, бирдан кўкси симиллаб оғриб кетганини сезди. Кўкрагидан тизиллаб сут чиқиб, кўйлагини шилта қилди. Сут совиб, шираси ғашни келтирди. Нафиса ноилож қўзғалиб, хона деворидаги кран тагига кўйлагининг олдини ювди-да, сутини соға бошлади.
– Соғма, баттар бўласан, – деди корейс аёл. – Яхшиси дуррачангни ҳўллаб, маҳкам боғлаб ёт, уч-тўрт кунда қайтиб кетади.
– Ҳалигинда энага, болангизни чирқиллаб ётибди, деди-ю, шу ифлос краннинг тагига соққандан кўра, ўша шўринг қурғурни эмизсайиз-чи, – деди ўттиз еттисида фарзандли бўлган аёл.
Нафиса индамади, лекин бирдан чақалоғини кўргиси, мана буларга ўхшаб эркалаб эмизгиси келди. Меҳри холани эслади. Бечора хола ҳадеб Нафисани ўз йўлига юргизмоққа тиришар, боланинг тақдиридан хавотирланарди:
– Кўнглингни равшан тут, шайтоннинг йўриғига юрма. Анвар ёшлик қилган. Агар болангни кўзинг қиймаса, кўтариб опкелавер, қизлар судра-судра қилиб ўзлари катта қилиб беришади. Боласини кўргандан кейин Анварга ҳам инсоф кириб қолар, қизим.
Ростдан ҳам боласини бегона шаҳарга ташлаб кетгани билан бўйнидаги тавқи лаънатдан қутулмоқнинг иложи йўқ. Агар у ўлиб қолса-чи, шу кунгача қанча маломатларга чидади, ўзининг бўшанглиги, соддалиги туфайли ҳалиям ҳамманинг кўзига бало бўлиб кўринаяпти. Эрсиз бола кўриб, кўтариб юрибди, дейишса, буям шу маломатларнинг биридир-да! Нафиса юрагида исён кўтараётган, боласига хайрихоҳ бўлган туйғуларга жимгина қулоқ тутарди. Мана Анвар, “хотиним қоп-қора зоғчадайин, унга ҳеч кўнглим илимайди, фақат болаларимни яхши кўрганим учун у билан яшаяпман”, деганди. Анвар Нафисани жонидан ортиқ кўраркан, лекин нега ўз боласини кўнгли тортмайди? Унинг вужудида, юрагининг туб-тубида қизғанчиқлик пайдо бўлди: унинг боласи Анварнинг болаларидан кам эканми? Бояги хотин “ҳаромивачча”, деди. Нега? Ахир унинг отаси бор-ку! Унинг ҳароми эмаслигини айтиш, одамларни ишонтириш учун ҳам боласи ўзининг бағрида бўлиши керак эмасми?..
Кечқурун миқтидан келган энага болаларни тарқатаркан, тасодифан Нафисага ҳам чақалоқ тутқазди:
– Ёнингизда ётиб турсин, чиллахонада бир ўзи қолмасин. Қоринчаси тўқ, ҳозир сут берганман.
У чиқиб кетиши билан Нафиса чақалоқни кўксига яқинлаштирди. Кулча юзли, бодомқовоқ бола қийинчилик билан кўкракни олди. Хонадагилар она-болани жимгина кузатишар, биров “чурқ” этиб оғиз очмасди. Нафисанинг тошдек кўкси ийигани каби кўнгли ҳам ёришиб борар, кўзларидан шувуллаб ёш қуйиларди.
Чақалоқ озгина эмиб, ухлаб қолди. Нафиса унинг қип-қизил юзларига, пўст ташлаётган пўрсилдоқ лабларига, тиришлари кўп манглайига тикилиб тўймасди. Қулоғига биров шивирлаб айтиб тургандек қўшиқнамо шеър эшитилар, оҳанглар силсиласида дилига кўчарди:

Ичдан чиққан иссиқ олов – илон болам,
Сен туфайли бўлсам бўлай ёмон, болам…

“Шарқ юлдузи” журнали, 2016 йил, 3-сон


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!