Ҳабиб Сиддиқ. Жарима (ҳажвия)

Нусрат Баракаев котибаси дамлаб қўйган қайноқ чойдан хўплаб, хона бурчагига қўйилган телевизорда машҳур хонанда куйлаётган қўшиқ оҳангига тебраниб, гоҳ ўзи ҳам қўшилиб ҳиргойи қилиб ўтирганди.
— Ассалому алайкум, Нусрат Баракаевич, — дея сочларини устарада қирдирган, пастак бўйли, семиз гавдали бош ҳисобчи Шодиев юмалаб келаётган тарвуздай хонага кириб келди.
— Ваалайкум ассалом, келинг.
— Кайфиятингиз яхшими, хўжайин.
— Яхши, хўш нима эди?
— Яхши кайфиятингизни бузмоқчи эмасдим. Лекин, айтмасам бўлмайди.
— Нима гап ўзи? Тушунтириброқ гапирсангизчи?
—Табиатни муҳофаза қилиш қўмитасидан яна тўловнома жўнатишибди, — деди Шодиев чап қўли билан кўзойнагини тўғрилаб, ўнг қўли билан қоғозни бошлиққа узатар экан. — Тозалаш иншоотимиз ишламаётганлиги учун яна жарима солишибди.
— Тўловдик шекилли, — деди бошлиқ, сигарет тутунини бурқситганча телевизордан кўз узмай.
— Ўтган чоракда 200 минг сўм тўлагандик. Энди 500 минг сўм жарима ёзишибди.
Телеэкрандан кўз узмай рақс томоша қилаётган Баракаев бу гапга парво ҳам қилмади.
— Анавини қаранг… Ўйинни қийворади шу қиз. Қаранг, қаранг, қимирламаган ери қолмайди-я.
Рақс тугаб халқаро аҳвол шарҳи бошланди.
— Хўш, нима деяётгандингиз?
— Жарима.
— Нима қилишимиз керак?
— Шуни сиздан сўрагани кирдим.
— Тўлаймиз, вассалом. Бўлмаса улардан қутилиб бўлмайди, биласиз-ку.
— Тўғри-ку-я, қачонгача шунақа қиламиз. Бирор чорасини кўриш керакмикин…
— Э-э, қизиқмисиз, 500 минг сўм биззи миллионер корхонага нима деган гап.
— Шунақа-ю, тозалаш иншооти қурилиши орқага сурилиб кетаётгани чатоқ бўляпти-да.
— Бўлади, ҳаммаси бўлади. Сабр қилсанг ғўрадан ҳалво битур, деган машойихлар.
— Манавини шахсан ўзингизга юборишибди.
— Нима экан бу?
—Атроф-муҳитни ифлослантираётган корхона раҳбари сифатида жарима тўларкансиз.
— Қанча экан?— бирдан ҳушёр тортди Баракаев.
— Энг кам иш ҳақининг уч баравари миқдорида.
Баракаевнинг авзойи бузилди, кўзлари пирпираб, ўнг бети уча бошлади.
— Минг марта айтганман сенларга, бу аҳволга чидаб бўлмайди, деб. Шунча маблағни қаердан оламан?
— Ахир, ўзингиз…
— Гапимни бўлма, — дея столга муштлаб сенсирашга ўтди бошлиқ. — Каллани ишлатишларинг керак эди. Ҳамманг бу ерда нима қилиб ўтирибсан? Бор, қурилиш бўйича муовин Эркаевни топ. Тозалаш иншооти қурилишини тезлаштирсин, масалани ҳал қилмагунча иккалаларинг ҳам кўзимга кўринмаларинг…
Шодиев талмовсираб чиқиб кетди. Баракаев ўйланиб қолди.
— Энг кам иш ҳақининг уч баробари эмиш, шунча пулни қаердан оламан?..
Экранда жилдираб оқаётган зилол сув, қирғоқда шамолда тебраниб турган қийғос очилган гуллар кўринди. Баракаев жаҳл билан ўрнидан турди ва … телевизорни ўчирди.