Ҳабиб Сиддиқ. Оламушукнинг каттаси (ҳажвия)

Жума куни иш вақти охирлаб қолганда қўққисдан йиғилиш чақирилди. Эртага текширувчилар келаётган эмиш. Энг қизиғи, соат ўн тўрту нол-нолда борамиз, ҳамма хоналар очиқ бўлсин, дейишибди. Фақат қаердан, қайси ташкилотдан келаётганини котиба қизимиз уқиб ололмабди.
Биринчи муовин ҳолатни баён қилгандан кейин башорат қилишлар бошланди.
— Ҳойнаҳой санитария назорати марказидан бўлишса керак,—деди кимдир. Анчадан бери жимиб кетишувди. Зериктирмай тез-тез келиб туришарди.
— Ҳамма хоналар очиқ бўлсин деганига қараганда ёнғинга қарши курашувчилардан бўлиши ҳам мумкин. Қўлбола электр иситгичларни йўқотиш керак. Жаримаси ошиб тушади.
— «Иссиқлик манбаи» деган ташкилот ҳам бор. Иситишни қойиллатмаса ҳам назоратни боплайди… Деразаларга плёнка қоплашни эсдан чиқарманглар.
— Ҳисобхона, омборхонадагилар ҳам у ёқ-бу ёғингларни қараб қўйинглар. Агар тафтишчилар бўлса, келибоқ ғазна билан омборни муҳрлашади.
— Ҳар қандай ҳолатда ҳам аввало ҳужжатларимиз жойида бўлиши керак, — деди муовин. — Бугун-эрта ёзув-чизувларни ҳам ўхшатиб қўйинглар.
— Навбатчилар жойида бўлсин. Зарур бўлса қўшимча кучайтирилган навбатчилик ташкил этилсин. Ҳар қачонгидан ҳам ҳушёр бўлинглар.
— Меҳмонлар келганда шошиб қолмайлик, — дея касабақўм раисига юзланди муовин. — Бир пиёла чойни қаерда ичирамиз, кечки овқати, меҳмонхонаси қандай бўлади. Ҳаммасини режалаштириб, тахт қилиб қўйинглар.
— Дастурхонларинг қуюқроқ бўлсин, — деб гап ташлади оқсоқоллардан бири. — Шавла кетса кетсин, обрў кетмасин, деган гап бор.
— Ҳар бир бўлим сўнгги уч йиллик фаолияти ҳақида батафсил маълумот тайёрлаб қўйсин. Ахборот гуруҳи уни зудлик билан умумлаштирсин.
— Ҳар бир ходим асосий фаолиятидан ташқари бугун жаҳонда юз бераётган воқеа-ҳодисалар ҳақида савол-жавобларга ҳам тайёр бўлиб турсин. Билиб бўлмайди, ҳар бир ходим билан савол-жавоб ўтказамиз, деб туриб олишлари ҳам мумкин.
— Ҳар эҳтимолга қарши ходимларнинг анкета маълумотлари ва қариндош уруғлари ҳақидаги маълумотларни икки нусхада тайёрлаб қўйинглар.
— Тиббий кўрикдан ўтмаганлар ноқулай аҳволга тушиб қолишлари ҳам ҳеч гап эмас. Ана унда ўзларидан кўраверишсин.
Ўзидан олдин ваҳимаси келган «меҳмон»ларнинг дастидан кимнингдир қон босими кўтарилди, кимдир юрак безовталигини ҳис қилиб хабдорисини тилининг остига ташлади. Корхонамизда нотаниш одам пайдо бўлса текширувчи бўлса керак, деб соясига салом бериб, мамнун қиёфада тавозе билан кутиб оладиган, бошқа киши эканлигини билгач, енгил нафас олиб, ортидан мамнун қараб қоладиган бўлиб қолганмиз.
Бўлимларнинг бошлиқлари алламаҳалгача ўтказилган, ўтказилмаган йиғилишларнинг баённомалари, гапирган-гапирмаган нотиқларнинг сўзларини ёзиш, компьютердан чиқариш билан банд бўлишди. Ишни эмас, қоғозни сўрайдиган текширувчиларни кўравериб пишиб кетган «ижодкор»лар ҳамма ҳужжатларни «хап» деганнинг оғзига урадиган ҳолга келтириб қўйишди.
Шанба куни эрта тонгданоқ ҳамма асосий эътиборни меҳмонларни яхши кутиб олиш ва эсон-омон кузатишга қаратди. Таътилдагилар ҳам текширувчилар келаётгани муносабати билан барвақтроқ чақириб олинди.
Қоровулларга махсус кийим кийдириб, бўйинбоғ такдириб қўйдик. Ходималар ишга байрамда киядиган либосларда келишди.
Корхона ҳудудида ҳашар уюштирилди. Тараддудга қимирлаган жон борки ҳаммаси сафарбар этилди. Асфалт йўллар совунлаб ювилди. Дарвоза ёнига очилиб турган гуллар кўчириб ўтказилди. Хонадонида гул етиштириб, бозорда сотадиган аёлдан ижарага олтмишта тувакда гул олиб келиб, кўринарли жойларга териб чиқдик. Гулчи хола билан ортиқча савдолашиб ўтирмадик. Чунки ҳар гал юқоридан меҳмонлар келганда жонимизга шу аёл оро киради. Атрофларга сув сепилди. Дарахтлар оқланди. Янги шиорлар осилди.
Дам олиш хонасидаги уч ойдан буён бузуқ ётган телевизор тузатилди. Таъминотчи бозорга чиқиб тўрвахалтасини писта-бодом, қази-қарта, узун-калта шишалар билан тўлдириб келди. Ошпаз шўрвани қайнатиб, ошнинг масаллиқларини тўғраб қўядиган бўлди.
Ўзининг асосий вазифаси нима эканлигини ҳам унутиб юборган меҳмон кутишга «ихтисослашган» ходимларга қанот чиқди. Уларнинг бир пиёла чой учун харажатларни ҳар галгидек кимгадир моддий ёрдам ёздириб ёпиш ҳақидаги маслаҳатлари охирига етмади. Дарвозадан рулига халта осилган велосипед етаклаган, эгнига ола-була куртка-шим, бошига латта қалпоқ кийган киши кириб келди.
— Бевақт келдим, шекилли, — деди у сал хижолат бўлгандай.
— Ҳа, биз комиссия кутаётгандик, — деб изоҳ берди уни танийдиган хўжалик мудири. — Кеча қўнғироқ қилишган экан… «ўн тўрту нол-нолда борамиз», деб.
— Мен ҳам шунақа деб қўнғироқ қилувдим… кеча…
— Нима? — деб ўринларидан туриб кетишди қатор сафланиб ўтирган меҳмоннавозлар.
— Ўтган сафар келганимда айрим хоналар ёпиқ эди. Бу сафар барча хоналар очиқ бўлсин, деб қўнғироқ қилувдим.
— Нега? — деди кимдир асабийлашиб.
— Қоидаси ўзи шундай. Ҳамма хонада бир вақтда иш олиб борамиз. Акс ҳолда доримиз бекор кетади.
— Қанақа дори, қанақа иш?! Э, сиз кимсиз ўзи?
— Ие, мени танимайдиган одам бор эканми?.. Бу туманда сичқонларга қирон келтирадиган ягона мутахассис — оламушукнинг каттаси ўзимман-ку. Казо-казоларнинг дабдабали хоналарию хонадонларига ҳам дорини ўзим қўяман. Манави халтада сичқондорининг энг тозаси бор. Ҳозироқ ҳамма хоналарга қўйиб чиқаман. Ортиб колса беришим ҳам мумкин. Уйга ҳам олиб кетасизлар. Ишқилиб… эрисангизлар бўлди-да.