Гулноза Одилова. Уста (ҳикоя)

Уни ҳамма уста деб чақирарди. Чунки у умр бўйи устачилик қилган. Лекин айтишларича, ҳеч ким унинг ишидан барака топмаган. Ёпиб берган томи чакка ўтказган, ясаган эшиклари қинғир-қийшиқ чиқаверган. Яшаб турган жойи ҳам ҳатто мундоқ ҳунарманд уста яшайдиган ҳовлига ўхшамайди. Шунга қарамай, негадир уни ҳамма уста деб чақирарди.
Олтмишни уриб қўйган уста ҳаёти давомида на дўсту ёр ва на обрў орттирди. Бор-йўқ орттиргани шу – уста деган ном. Лекин гап бошқа ёқда: кунлардан бир кун у бир ром ясади. Деразамас, портрет роми. Ўзиям узоқ ясади. Қаричлари билан тўрт тарафини тўрт юз марталаб ўлчаб чиқдиёв. Унга ўзича нақшлар ҳам ўйган бўлди. Ниҳоят, ишни битирди ва бундан ўзи роса масту мамнун бўлди. Кейин одамларни ҳам ўз иши билан ром этмоқчи бўлди: ясаган ромини кишиларга кўз-кўз қилиб ҳар кун базму жамшид берди, казо-казоларни ўтиришига таклиф этди. Гўёки шу орқали улар қаторига қўшилмоқ ёхуд ясаган ромига ром бўлишларини кўриб завқланмоқ бўлди. Аслида, уни писанд қилмайдиганлар бояқишнинг қозон-қозон ошини еб, устига ағанаб тушай деб қолган ҳовли-жойига қараб бошларини сарак-сарак қилиб кетишарди. Охири, бу юмуш устанинг жонига тегди. Ясаган ромининг ҳақиқий баҳосини одамларнинг ўз оғзидан эшитмоқчи бўлди. Энг аввал маҳалланинг энг бой кишисиникига борди.
– Ясаган ромимга кир, – деди уста. Еб-ичган туз ҳурмати бой кирмоқчи бўлди. Аммо сиғмади.
– Қорин катталик қилаяпти, ясаган роминг тор экан, – деди бой норозиланиб.
– Роса мақтаган эдинг-ку? Яна бир уриниб кўр!
– Йўқ! Мақтов сенга керак эди, мақтадим ва сен хурсанд бўлдинг!
– Кир деяпман сенга!
– Нега кирар эканман? Тор жойга хушим йўқ, қорним сиғмайди!
– Мен устаман-ку, ўлчамни аниқ олганман, сен сиғишинг керак! – тутақиб кетди уста бойнинг ёқасига ёпишиб.
– Тупурдим усталигингга! Ёқамни қўйвор!
Устанинг тарвузи қўлтиғидан тушиб бойникидан чиқди. “Уста-уста” деб майда-чуйда ишларини битказиб юрадиган мансабдор қўшнисиникига чопди ва унга ўдағайлади.
– Кир ромнинг ичига!
– Четлари яхши рандаланмаган, менга тўғри келмайди, – тўнғиллади қўшниси, – кийимларимни фалон пулга олганман илиниб, сўкилиб кетиши мумкин.
– Кирасан!
– Нега?
– Қанча юмушингни қилиб бердим, ахир, меҳнатимнинг ҳурмати йўқми?
– Сен қилган ишни кўчадан келган мардикор ҳам қиларди. Ҳеч бир ишни қойиллатганинг йўқ.
– Валдирама! Кир ромга!
– Йўқол кўзимдан, пандавақи!
Уста яна нечаларни ўзи ясаган ромга солиб кўрмоқчи бўлди. Йўқ, фойдасиз. Кимнингдир бўйи, кимнингдир жуссаси ромга тўғри келмади. Уста улар билан энди юз кўрмас бўлди. Ром кўтариб келаётган устани кўрганлар тум-турақай қочиб кетадиган бўлишди. Ҳа, яна нимасини айтай…
Бегона, барибир, бегона-да. Энди жон жигарлари – фарзандларию қариндош-уруғларини киргизади ромга! Киргизади. Кўнглининг туб-тубида ромнинг нимасидир нотўғри эканлигини пайқаган бўлса-да, сиртдан буни у асло тан олгиси келмасди. Қандай қилиб тан олсин? Ахир, у уста бўлса!…
Ўғлини чақирди.
– Ромга кир!
– Сиғмайман, ота!
– Қани бўл, сиғасан!
– Киролмайман, тушунинг, ахир.
– Унда хотинингни чақир.
– …..
– Эркакмисан ўзи?
– Хотиним ўзи ром ясатган, ўшанга киради. Сизнинг ромингиз унга тўғри келмайди, ота.
– Беоқибат фарзанд, кет!
Алқисса, ҳеч ким устанинг ромига киришни истамади. На ака-укаси, на бола-чақаси. Ана шу тариқа жигаргўшалари билан ҳам алоқани узди ҳисоб. Ниҳоят, оғилхонанинг бир бурчагига итқитди лаънатини. Ичи ҳувуллаб қолди. Уйга кириб ётиб олди. Ўтган умрини сарҳисоб қилди. Тавба, ҳаётининг тенг ярми шу ромни ясашга кетган бўлса, қолган қисмини унга кимнидир киргизаман деб сувга оқизибди. Эҳ!.. Натижада, ҳеч ким қолмади. На дўсту ёр ва на қавму қариндош, эссиз, эссиз… Бир маҳал денг, миясига чақиндек урган фикрдан сапчиб ўрнидан туриб кетди. Ҳамма бахтсизликлари ўша савил ромнинг касофати эканлигини фаҳмлаб етди. Умр бўйи ечолмаган жумбоқ жавобини мана энди топди – ҳамма ўзининг ромига киради! У бутун ҳаётини сарфлаган ромга, аслида ҳам, ҳеч кимнинг эҳтиёжи бўлмаган. Ҳозир шу ромни ёқиб юборади. Бирор зот ичига кирмаган ром кимга керак! Шу ўй билан оғилхонага кириб қараса, қоп-қоронғи зулмат ичида кимдир ҳалиги ромга кириб олиб, унсиз йиғларди. Чироқни ёқиб яқинроқ борди. Хотини экан.
– Сен бу ерда нима қилаяпсан?
– Ўттиз йилдан бери шунинг ичидаман. Гавдамга мос келмаса-да, белим букчайиб, баданларимни рандаланмаган пайрахалар тилса-да, чидаб ўтирибман. Илтимос, мени бу ердан чиқаринг. Ортиқ бу оғриқларга чидай олмайман. Кетмоқчиман.
Уста хотинини ромдан чиқариб қучоқлаб олди-да, ҳўнграб юборди. Юз-кўзларидан ўпди. Аёлидан далага чиқиб тоза ҳавода айланиб келишини сўради. Узоқ йиллардан бери ромнинг ичида бели букчайиб, ранги синиқиб кетган хотини бўйнини уқалай-уқалай, кулишини ҳам, йиғлашини ҳам билмай, ҳовлига чопқиллаб чиқиб кетди. Уста узоқ ўйлади ва бир қарорга келди. Пичанни бир жойга қалаб, тепа қилди-да, устига ромни қўйди. Ўзи ясаган “санъат асари”га бир муддат маҳлиё бўлиб турди-да, ичига кирди. Қандай машаққат билан ясаган эди уни. Қанча кўз нурини сарф этганди шу матоҳга. Тушунмадилар, қадрига етмадилар, сиғмадилар, истамадилар. Уста гугурт чақди… Олов бутун вужудини ёндирса-да, ромнинг ичига кириб олган суратдек қотиб тураверди. Кенг қулочлари билан ромнинг икки ёнини қаттиқ ушлаб олган кўйи жойида мағрур туриб жизғанак бўлди….
…Уста ўз ҳаётини мана шу тариқа якунлади. Ҳар ҳолда, шундай деб атардилар уни…

“Шарқ юлдузи” журнали, 2014 йил, 2-сон