Гулноз Мамарасулова. Муаллима холам (ҳикоя)

Ўша изғирин, совуқ қиш кечаси ҳали-ҳамон эсимда.
Ташқаридаги шамолнинг ғувиллаши қулоқни қоматга келтиргудек эди гўё. Йўқ, мен ўша куни тизза бўйи қор ёққанини айтмаяпман.
Яхшиси, ҳаммасини бошидан бошлай қолай…
Онамларнинг оиласи серфарзанд бўлган. Ўн битта бола: етти қизу тўрт ўғил. Шунча фарзандни дунёга келтириб, вояга етказишнинг ўзи бўладими? Яна уларни ўқитиш, уйли-жойли қилишни айтмасангиз ҳам бўлаверади. Отам ва энамнинг бардошларига қойил қолсанг, арзийди. Отам ҳам майли — вақти далада, иш билан ўтади. Эрталаб кетиб, кун қорайганда қайтади. Ҳаммасидан ҳам меҳрибон энамга қийин бўлган экан. Уй ишлари, мол-ҳолга қараш, болаларни эплаш ва яна қанча майда-чуйда ишлар… Эҳ-ҳе, бу кундалик ташвишларни санаб саноғига етиш қийин. Одамни эзиб юборади. Булар ҳам майли, болаларнинг чуғур-чуғури, ҳали унга, ҳали бунга талашиб жанжаллашишлари, орадан ҳеч қанча вақт ўтмай яна ўйинларини давом эттириб кетишлари одамни бир зумда ақлдан оздириши ҳеч гап эмас. Энамнинг сабр-тоқати улкан тоғдан ҳам баланд бўлган экан-да. Йўқ, йўқ, тоғ емиришилиши мумкин, лекин энамнинг бардошлари емирилмаган.
Шу каби ташвишлар билан болаларнинг бирин-сирин катта бўлиб қолганини сезмас экан киши. Аввал уч қизни (онам учинчи қиз) уч тарафга узатди, кейин тўрт ўғилни уйлатиришган. Яна қолган тўрт қизларини ҳам бамисоли оқ қушлардек ўз бағриларидан учириб, барчасига бахт тилаб қолишаверди.
Фарзандларнинг ҳаммаси уйли-жойли бўлиб кўпайишгач, ўзларидан ўзлари ортмай қолишар экан. Бир томондан олиб қаралса яхши-ю, лекин ота-она, опа-сингил, ака-укаларнинг кўзи-кўзига тушиб турмаса, меҳр-оқибат ҳам секин-аста орадан кўтариларкан.
Ўша қиш оқшоми катта оила яна йиғилиши учун баҳона топилганди. Энамнинг туғилган кунлари муносабати билан барча фарзандлари қишлоқдаги болалик уйларига йиғилишадиган бўлди.
Қаҳратон қиш. Қишлоқнинг ўнқир-чўнқир, қинғир-қийшиқ жинкўчаларини қалин қор қоплаган. Кўчалар билч-билч лой: на қор, на тупроқ… Бу йўллардан юриш ниҳоятда азоб.
Лойсувоқ уйларнинг томларини қор босиб қолганидан, худди оғир юкли аёл каби бир томонга оғиб турганга ўхшайди.
Тушга бориб аввалига секин, кейин эса гупиллаб яна қор ёға бошлади.
Биз ҳам туғилган кун муносабати билан эрталабдан йўлга чиқишга тайёргарлик кўра бошладик. Онам билан дадам турмуш қуришганларидан сўнг туман марказидан уй олишган экан. Биз шу уйда катта бўлганмиз.
Қишлоқ унчалик узоқ эмас. Дадамнинг ”Жигули”сида чорак соатда етамиз. Дастурхон ўралгач, машинага солинди. “Жигули” жойидан секин қўзғалди.
Йўлда ҳамма ёқни — бир-биридан гўзал манзараларни томоша қилиб кетиш мазза-да. Машинада узоқроқ юришни шунинг учун ёқтирсам керак. Машинанинг олдинги ойнасига учиб келиб қўнаётган қор парчалари ва уларни баджаҳллик билан ойнадан суриб ташлаётган сирпанчиқ узун таёқларга маҳлиё бўлиб, қишлоққа кирганимизни ҳам сезмай қолибман.
— Мана, қизим! Етиб келдик, — дея дадам гап қотганларидан сўнггина сезибман. — Қачон етамиз, деб қўймаётгандинг.
Машинамиз дарвоза ўрнига ёғочешик қурилган, ҳовлиси кенг уй ёнида тўхтади. Кетма-кет чалинган сигналдан сўнг уй ичидан мезбонлар бирин-кетин чиқа бошлашди. Биз эса дастурхонни кўтарганча ичкарига ошиқдик.
Йўл бўйи анча совуқ қотибмиз. Иссиқ уй, иссиқ чой, иссиқ юзлардан сўнг юзимизга қон югурди.
Катта хонага ҳамма сиққулик қилиб дастурхон тўшалганди. Хонага кириб жойлашиб олингач, яна ҳол-аҳвол сўрашилди:
— Неваралар яхшими, чопқиллаб юришибдими? — дея отам ва энам гап бошлаши билан қолганлар гапни илиб кетишди.
— Ўзларингиз қалайсизлар? Ишлар чарчатмаяптими?
Шу орада менинг зерикаётганимни сезган Баҳодир тоғам юзимдан чимчилаб тортди:
— Вой Тамара-эй, бир кеп қопсан-да. Нечинчи синф бўлдинг? Сени синфдошларинг хафа қилмаяптими? Биров хафа қилса дарров менга айт, қулоғини чўзиб қўяман.
Тоғам мени доим Тамара деб чақиради. Ўзининг айтишича, исмимни билса-да, ҳазиллашиб сўраганида нимагадир Тамара деган эканман. Шундан бери тоғам учун Тамараман.
Хонадагилар ҳар тарафдан гаплашиб ўтиришарди. Катта оила яна жамулжам бўлиши учун муаллима Нури (Нуржаҳон) холам етиб келишлари керак эди. Буни онам ҳам сезди шекилли, укасига қараб:
— Нури кўринмайдими? — деди ҳавотирланиб.
— Ҳа, опа, ҳавотирланманг, кечгача келиб қолар, — дея тоғам ўрнига жавоб қайтарди кичик холам.
— Дарсларини тамомлаб кейин йўлга чиққандир-да. Бугунча мактабга бормасаям бўларди, — деди яна бир холам гапга қўшилиб.
— Майли-да, ишига масъулият билан қараса ёмонми? Ўқувчиларим бекор қолишмасин, деган. Ўқитувчилик муқаддас касб. Қанчалаб болалар кўз тикиб кутиб ўтиришади. Ўқитувчи бўлганидан кейин туғилган кун деб дарсдан қолавермайди-ку, — деди отам пиёладаги чойни хўплаганча. Ҳамма жимиб қолди.
Ташқарида кун қорайиб, кеч туша бошлаган маҳал эшик секин ғийқиллаб очилиб, Нури холам кириб келди.
— Вой-эй, ташқари бунча совуқ бўлмаса, музлаб қолишимга сал қолди-я, — деди муаллима холам кириши билан совуқдан кўкарган қўлларини оғзида пуфлаганча.
— Ана, бўрини йўқласанг қулоғи кўринади, — дея холам билан кўришди тоғам. Кейин кула-кула қўшиб қўйди:
— Устоз, дарсга кечикдингиз!
Хона бўйлаб енгилгина кулгу садолари янгради.
Янги келган меҳмонга нон ушатилиб, ҳол-аҳвол сўрашилгач, овқатлар сузилди. Таомдан сўнг эркаклар алоҳида хонага кўчишиб, аёлларни холи қолдиришди.
— Нури қизим, мунча кечга қолдинг? — деди энам қўлига оппоқ пахта оларкан.
— Тушгача дарсларим бор эди. Ташлаб келолмадим. Янги йил ҳам яқинлашаяпти. Синфимни байрамга тайёрлашим керак. Шунинг учун ишларим кўпайиб кетди.
— Ишқилиб соғ-саломат бўлинглар! Энг муҳими соғлиқ. Қолгани бўлаверади, — деди энам қўлидаги момиқ пахтанинг чигитини битта-битта ажратганча.
Шундан сўнг холаларимнинг гап халталари очилди. Онамнинг опалари Дилбар ва Ойхумор холам бир-бирига опа-сингил қуда бўлишганди. Дилбар холам ўғлига синглисининг қизини келин қилган. Иккала опа-сингил қудалар ҳам анча дардлашишди.
Холаларимнинг гап хазинаси борган сайин қайнаб чиқарди. Гоҳ ёшлик даврларини эслайди, гоҳ…
Менинг кўзимга уйқу келмасди. Кўрпачага ўралволиб, ўзимни ухлаганга солиб ётардим. Биздан бошқа ҳамма аллақачон пинакка кетган. Холаларим эса бу ўтиришларида эрталабгача ухлашмайди.
Лекин тўғри ишдан чиқиб келган Нури холам уйқуни урарди.
Бир пайт донг қотиб ухлаётган Нури холам алаҳсираб нималарнидир гапира бошлади.
Буни дарров илғаган Гавҳар холам болаларча шўхлик билан:
— Тўхтанглар, бир пас жим туринглар! Нури уйқисираяптими?
Оғизлар бир зумга дам олди. Ҳамманинг қулоғи Нури холамда. Муаллима холам эса ҳеч нарсадан хабари йўқ, “дарс” ўтишда давом этарди:
— Болалар, қорбобони чақирамизми? Яхши… Қани унда биргаликда баралла чақирамиз… Қор-бо-бооо…Қор-бо-бооо…
Хонани холаларимнинг шодон кулгилари ларзага келтирди.