Гулчеҳра Асронова. Ватан (ҳикоя)

Илёс шоиртабиат йигит. Шу феъли зўр келиб, бир пайтлар қоғоз қоралаб ҳам юрган. Шоир-ку бўлмади, лекин адабиётга ихлоси сабабидан китоблар билан кўпроқ танишди ва… яхшигина ўқитувчи бўлиб етишди. Эртага ўз синфининг ўқувчиларига дарси бор. Янги чорак бўлгани учун адабиётда “Ватан мавзуси талқини”, деган эркин мулоқотни режа қилиб қўйибди. Шунақа эркин мавзуларга келганда “шоирлиги қўзиб” кетади доим. Ҳозир ҳам қалин дафтарига мук тушганча узоқ ўйга толди, хаёлида айқаш-ўйқаш мисралар кезди. Уларни бир сафга тизиб, битта тўртлик бўлса ҳам ёзишга ва эртага ўқувчилари олдида “Муаллимингиз нафақат адабиёт ўқитувчиси, шоир ҳам” дегандек, айрим гапларни ҳам айтиб ўтмоқчи эди. Аммо уринишлари зое кетди. Шеър чиқмади. “Илҳом келмади”, деб қўя қолди хўрсиниб, ҳам бироз жаҳлланиб. Хулосаси шу бўлди. Яқинда уйлангани ва касб тақозоси ҳисобга олинса, бу шоиртаъб йигитнинг аҳволи анчагина тушунарли бўлади.
Ҳар гал шунақа тўмтоқ кайфият чулғаганида хаёли Дилрабо томон олиб қочади. Исми жисмига монанд, мафтункор курсдош қизни қачон ўйламасин, беихтиёр кўнглига ғубор чўкади ва айни дамдагидек мужмал ҳолати сабаб баттар асабийлашади. Дилрабога қандай қилиб боғланиб қолганини ўзи ҳам билмасди. Назарида овози мусиқа янглиғ, нутқи ғазал монанд бу сулув қизга ошиқ бўлмасликнинг иложи йўқ эди. Қизнинг ёқимли боқишлари, умидбахш кулгулари, эрка хўрсинишлари… Бари-бариси Илёсни мубтало қилган, қалам тебратишига ҳам шу қиз сабаб бўлган эди. Илҳом париси ҳам аслида шу қорақош санам — Дилрабо эди. Лекин… учинчи курсдаёқ бошқа йигитга тегиб кетди. Йигит ҳали дил изҳорини айтиб ҳам улгурмай кетди-қолди. Биргина ҳамхонаси Муҳаммаджонгина Илёснинг бу пинҳон дардидан воқиф ва ҳамдард шу бўлди унга. Илёсни ҳам ўқишни битирган йили ҳе йўқ, бе йўқ уйлантиришди. Олис қишлоқдаги қариндошининг қизи — Дилнозага. Бу қизнинг ҳам ҳуснда ҳусни бор, қадди-қоматда Дилрабодан қолишмасди. Аммо… Дилрабо эмасди-да. Суйган кишингнинг ҳар бир ҳаракатиям фазилат бўлиб кўринади, деган гапнинг мазмунини шундагина ҳис қилди йигит.
Уйлангани — рисоладагидек келинчак Дилноза эса… қисқа-қиса гапиради, ҳеч нимадан ҳайрон қолмайдигандек, ҳеч нарсага қизиқиши йўқдек гўё. Дейлик, бирор бадиий асар устида баҳслашмайди, чиройли сўзларни ҳам билмайди, Илёс билан хаёлот, тасаввур оламида қўл ушлашиб бирга кезмайди. Ҳар ҳолда, Илёснинг илк таасуротлари шундай, гарчи тўйдан аввал уч-тўрт марта Дилноза билан суҳбатлашган, феъли-хўйи бир-бирига маъқул бўлганини ўзгаларга айтган бўлса-да… ҳай, одамнинг кўнгли қачон тўлган?!
“Илёс ака, чой…” Мана, қўлида чойнагу пиёла билан қаёқдандир пайдо бўлдию муаллимнинг хаёлини бўлди келинчак. “Чой” эмиш. Агар унинг ўрнида Дилрабо бўлганида қанча чиройли сўзларни изҳор этган бўларди. “Азизим, бир пиёла чойимизни қайтармассиз? Нималар банд этди хаёлингизни, шоирим?!”
 — Бир илтимосим бор эди…
Дилноза чой узатаркан, эрига илтижоли боқди.
— Нима гап?
— Томорқадаги ишларни тугатдим. Бир уйга бориб келсам, девдим. Ойим рухсат бердилар. “Хўжайинингиздан сўранг-да бориб келақолинг”, деди.
Илёс “майли” дейишга оғиз жуфтладию фикридан қайтди.
 — Уйингдагилар куни кеча келиб кетишдию, кимни кўргани борасан?
— Уйимизни.
— Нима?
— Уйни соғиндим-да.
Илёс кулиб юборди.
— Ёш болага ўхшайсан-а?
— Кулманг. Одам уйини соғинади-да. Ўша ерга борсам хуморим босилади. Туғилиб ўсган ҳовлимнинг ҳар буржини соғинаман. Тандиру ўчоғи, сўрию супаси, пахсасигача. Фақат одамларигина эмас, тупроғи, иси ҳам бошқача азизда у ернинг…
Илёс бир сўз демай унга тикилиб қолди. Шу топда одми, сўзга нўноқ хотинининг айтган икки оғиз гапи унга эртанги дарси учун мавзу эканини туйқус англаб қолди. Ва беихтиёр тўлқинланиб кетди. “Ё, пирай! Шундан чиқдими шу гаплар?” Бу саволлар қувонч аралаш уни қамраб олди. Ҳа, унинг — адабиёт муаллимининг эрталабдан бери бошини қотириб, аллақандай чучмал сатрлар, гўзал ташбеҳлар билан эвини қилолмаётганини хотини оддийгина қилиб айтди-қўйди. Ўзидек содда иборалар билан англатди.
— Бўпти, унда, мен ҳам кийиниб чиқай. Кузатиб келаман…
Эридан бу жавобни кутмаган келинчак ёйилиб ёқимли жилмайди. Илёсга хотини илк маротаба бениҳоя гўзал кўриниб кетди.