Гулчеҳра Асронова. Палаҳмон тоши (ҳикоя)

Одам учса ғалати бўларкан. Тахмина катта йўлда бораётиб, бирдан уча бошлади. Йўқ, қанот битмади унга. Қулочини ёйди-ю, учи-иб кетди. Бунинг шунчалик осонлигини билганида-ку… Баланд-паст уйлар, узун-қисқа кўчалар, адиру боғлар узра сокин, бир маромда учаверди. Ота уйи томон. Бу ҳақда ўйлагани сари юраги орзиқарди. Қўлларини бир силкитди-ю, янада баландлаб кетди. Ана, қишлоғи! Ўртадаги сердарахт кўча уларники. Анави азамат чинорни отаси ўз қўллари билан эккан. Ана, шабадада барглари тебраняпти. Худди уни имлаб чорлаётгандек. Яқин қолди, яқин…
Ниҳоят! Энди бир оз пастлаши керак. Ҳавони ўт-ўланлар иси тутди, болаларнинг шўх кулгулари сас берди. Ҳойнаҳой бу Тахминанинг жиянлари. Тўполончи, қора-қура, дунёдаги энг ширин болакайлар… Мана, етай деб қолди. Уни кўриб, қий-чув солиб суюнишлари аниқ. Йўқ, кўришмади, доимгидек ўйин билан банд улар. Тахмина ҳавода аста сирғалиб, ҳовли тепасига ўтди. Хайрият, онажониси шу ерда экан! Дунёдаги энг катта бахт бу – сен келсангу, онанг уйда бўлса!
Волидаси меҳнатданми, заҳматданми, эрта қар­тайган. Пиёладаги оқ тутдан битта-битта олиб, ҳузур қилиб еяпти-ю, кўзлари маъюс…
Ҳозир ерга тушади. Тахминани кўриб, маъюс кўзлар шундай порлаб кетадики! Синглиси ўсма узяпти. Демак, сочини ювган. Унинг одати шунақа, бош ювди дегунча ўсма қўйгиси кепқолади. Қорақошгина ўзиям. Ҳозир опасини кўриб, ўзи ёпган нонлардек қип-қизил юзларига кулгу ёйилади. Бирпасда шакароб қилиб, дастурхон ёзади.
Тахмина чинор бўйи баландликда, ердаги Эрам боғига ўхшаш ҳовли устида ҳамон муаллақ турарди. На қимирлай олди, на овоз берди. Балки кўринмаётгандир ҳам? Майли, қанча турса турсин, яна юз йил муаллақ қолиб кетса ҳам рози, фақат соғинчдан қақраган кўнгли дийдор чашмасига қонса бас…
– Эй, тур! Мунча?
Қаёқдан келяпти бу овоз?
– Тур деяпман сенга! Чўзилиб ётишини-чи!
Тахмина тепасида қовоқ уйиб турган эрини кўрди. Бояги парвози… Аттанг. Ўша ўнги, бу дағдаға туш бўлса-чи? Тахмина тотли дийдор лаҳзаларини қай­тариб олмоқчидек, кўзларини беҳол юмди.
– Ўлиб қолганмисан, тур!
Аёл чўчиб оёққа турди.
– Вой, тоза ухлаб қопман-ку…
Яхшиямки, Нусрат бошқа гапирмади. Бунақа пайтда бўралаб сўкиб берарди, қалбини чил-чил қилиб. Тахминанинг қалби эса шишадек нозик, ҳатто овоз билан синдириш мумкин… Тушда кечган ажиб дамлар нашъаси уни анчагача тарк этмади. Ота уйини жуда-жуда соғиниб кетди. Эри бугун рухсат берса, ажабмас. Нонушта пайти астойдил жазм қилди-ю, гапни нимадан бошлашни билмади. Кенг ҳовлининг қай бир бурчида унинг яна кун бўйи банд бўлишига арзирли бирон юмуш топилиши аниқ, агар Нусрат шуни истаса…
– Тавба, тушимда роса учибман, – дея жилмайганича эрига юзланди.
– Нима?
– Тушимни айтяпман. Уйимизга учиб борганмишман, қаранг. Сўрида онам раҳматли…
– Минг марта айтаман сенга, одам осмондамас, ерда юриши керак деб! Мана, хаёлпарастлигингдан тушларинг ҳам ғалати, айниган.
– Нима қипти, туш-ку.
– Тушмиш. Мана бу ерда нима бўлса, – бармоғини чаккасига тўқиллатиб урди Нусрат, – тушга ўша киради!
Тахмина нигоҳини ерга қадади.
– Ўзи оилавий хаёлпараст экансизлар. Исмингни ҳам қайсидир китобдан ўқиб қолиб қўйишган бўлса керак. Ҳеч қаерда йўқ отни топиб.
Бу гаплар оғир ботди. Лекин индамади. Нусрат доим ҳақ… Аммо айни пайтда Тахминага бошқа нарса алам қиларди – қишлоғига бориб келишдан гап очолмади. Ҳар куни ер ёришмай тик оёқда бўладиган аёл аксига олиб шу бугун ухлаб қолибди, эрининг қовоқ-тумшуғи шундан. Ҳали ҳам бўлса сўрасамикин? Умидвор назар ташлади. Юзида истеҳзо, Нусрат шошмасдан чой ҳўпларди. Қиёфасидаги бу ифода… Тахмина унга биринчи марта ўзи ёзган шеърни ўқиб берганида шундай қараганди. Ўша-ўша қўлига қалам олмай қўйган…
Тахминанинг отаси ўқитувчи ўтган, уйларида энг бисёр нарса – китоб эди. Мутолаа турмуш тарзига айланган қиз ҳамма шундай яшайди деб ўйларди. Ўқишга киролмаган йили узатилди-ю, бутунлай бошқа дунёга тушиб қолгандек бўлди. Бу оламда аёлнинг қадр-қиммати ошхона-ю томорқадаги муваффақиятлари билан ўлчанар эди. Гулларнинг энг нозиги қайси? Қизғалдоқми? Ўша қизғалдоқни тиканзорнинг қоқ ўртасига экиб қўйишди. Чидаёлмасам керак, деб ўйлаганди. Аёл зотининг нақадар яшовчан бўлишини билмаган экан…
Пешинда қайнонаси меҳмонга келди. Тахмина қўли қўлига тегмай хизмат қилди, Нусратнинг келишига ошни ҳам дамлаб қўйди. Бир кўнгли, қайнонаси билан суҳбатда икки ойдан бери отауйга боролмагани, акасининг мазаси йўқлигини эшитгану, кўролмаганини қистириб ўтиб, эри келгунча вазиятни юмшатиб тургиси келди. Лекин қайнонанинг авзойи бузуқроқ кўринди. Бунинг боиси эри ишдан келгандан кейин маълум бўлди.
– Хожарни бекор ўша зиқналарга бердик, – ёрилди она ўғлига. – Тагли-тугли бўлгани билан, асли паст экан.
– Нима гап?
– Икки ҳафта келмади. Кеча жўнаган экан, қай­нонаси картошка кавлашга ёрдам бериб кетинг деб турволибди. Тоза топишди-да хизматкорни! Хожарим ҳам боплабди, шартта чиқиб келаверибди.
– Хўш? – ўсмоқчилади Нусрат.
– Ландовур куёвинг онаси тараф бўлиб, таксига пул беришгаям ярамабди. Қизим бечора бола билан автобусда кепти-я! Йўлнинг бошида тушиб қолиб, буёғига пиёда юрибди.
Нусрат ҳезланди:
– Э ўша… ўзи топганидан ўргилдим! Нима қилди кейин, яна ўзи кетдими?
– Йўғ-а, тек қўярмидим, телефонда куёвни ўйиб-ўйиб олдим. Пилдираб таксида етиб келди. Хожарингниям роса бураб қўйдим. Ҳар ҳафта келасан, дедим. Бошидан жиловни маҳкам ушласин-да. Индамаса жа-а…
“Фожиа бўпти-ку, – ўйлади Тахмина. – Йўлнинг боши деганлари эллик қадам жой. Ҳар кимга ўз боласи азиз экан-да. Мени азиз қиладиганлар ўтиб кетишди… Ойда-йилда, учта бола билан йўлга чиқаман. Пулни тежанг дейишади, ярим йўлни пойи-пиёда юриб кетаман. Биров ачинмайди. Майли, йўл юриб одам ўлмаган. Боравер, деса бўлди.”
Аммо бугун рухсат сўрашнинг мавриди эмасди. Эртага меҳмонни кузатиб, кейин. Худонинг эртаси кўп…
Тахмина алламаҳалгача тинмади. Оғил-ўчоқни тин­читиб, саришталаб, ҳаммадан кейин ётди. Очиқ деразадан янги ойнинг жамолига термилиб, ниятлар қилди. Охирида пичирлаб қўйди: “Оймомажон, кечаги тушимни яна кўрсат…”

“Ёшлик” журнали, 2014 йил, 3-сон