Гулчеҳра Асронова. Масофа (ҳикоя)

Муҳташам хонага қалбинг тўлқинланиб кириб келдинг. Энди у – сеники. Барча жиҳозлари, дабдабали қиёфаси, бор жозибаси билан сенгагина тегишли. Лабингдаги ним табассумни ёйилиб кетишдан тийганча, барра майсадек юмшоқ гиламни ҳузур билан босиб тўрга ўтдинг. Бир пайтлар кўзингга кўк тоқидаги юлдуздек олисдан жилвалар қилган оромкурсига жойлашиб ўтирдинг. Ниҳоят, ниҳоят!!! Ортингдан эргашиб кирган ходимлар жўровоз бўлиб табриклашарди. Самимият ила миннатдор бўлдинг. Рўйингда ажиб хушнудлик, фақат инсон зотига хос бахтиёрлик ифодаси жилваланар, хонангни ёритиб турган жилокор нур дарпардалар орасидан эмас, сенинг юзингдан таралаётгандек эди. Ўша куни сени қутлаб жуда кўп одамлар келишди. Уларнинг ҳар бири таниш, кўнглингга яқин ва қадрдон эди. Улар билан сенинг ўртангда аллақандай масофа пайдо бўлган, аммо у қисқа ва ёруғ эди. Шундан кўпларини ўрнингдан туриб, қўлингни кўксингга қўйиб кутиб олдинг. Эшик олдигача кузатиб бординг. Улар сенга шундайлигингча меҳр қўйиб, шундайлигингча эслаб қолдилар.
Бир муддатга кирувчилар тўхтаганда, кўксингдаги ширин туйғу учмоққа шай қуш мисол потирлаб, ўрнингдан туришга даъват этди. Дераза олдига бординг. Кўз олдингда бежирим боғча намоён бўлди. Дарахтларнинг шохию гулларнинг боши сен томон бурилиб, хиёл таъзимда турарди гўё… Кекса тутнинг қалин шохлари орасидан учиб чиққан бир жуфт мусича тўғри келиб ойна ортидаги токчага қўнди. Қу-қулашиб, нафис бошчаларини дам-бадам чайқаб, ўзаро тиллашган бўлишди-ю, бирдан жимиб қолишди. Шунда тим қора кўзлари худди сенга қадалгандай туюлди ва борлиғингни ажиб ҳузурбахш ҳис чулғаб олди. Силаб қўйгинг келди уларни. Патлари жуда майин бўлса керак… Бугун дунё ғоятда гўзал ва унинг ҳар бир зарраси сенга хайрихоҳ эди.
Кейин кўп сувлар оқиб ўтди. Ва бу сувлар сендаги кўп яхши хислатларни оқизиб кетди.
…Муҳташам хонага виқор билан кириб келдинг. Қалбингни тўлқинлар тарк этганига анча бўлган. Юзингда ҳозиргина ўзинг босиб ўтган мармар зиналарнинг силлиқ, ўзгармас ва тунд қиёфасига ўхшаш совуқ бир ифода қотиб қолган. Мансаб поғонасидан кўтарилганларнинг ҳаммасида ҳам бундай бўлавермайди, лекин сенда шундай бўлди: сен ўзгардинг. Ошёнинг ҳамон жозибадор, бироқ буни илғамай қўйгансан. Бу шунчаки сеники. Сенинг салтанатинг. Тўрдаги оромкурсининг оҳанрабоси ҳам сўнган, оҳори кетган. Унга жисминггина ўтиради, ўзинг эса жуда юксакдасан. Ортингдан кирган ходимнинг овози узоқлардан эшитилади. Анчадан бери шунақасан – баланддасан. Ҳалиги масофа ўз-ўзидан чўзилиб, хиралашиб кетган. Пастга қараб ўйлайсан: мунча майда бу одамлар? Эшигингдан кирувчиларнинг кети узилмайди. Уларнинг кўпларини танимайсан… Эҳтимол, бир пайтлар танигандирсан? Энди бунинг аҳамияти йўқ. Энди танишинг шарт эмас. Уларнинг айримларигагина қўл учини узатасан. Уларнинг ҳам кўпчилиги сени таниёлмайди, сендан сени тополмайдилар…
Уқувсиз ходимингни бўралаб сўкиб, қувиб солгач, асов ғазабни жиловлаш учун у ёқдан-бу ёққа юрдинг. Нодонлар, ношудлар! Шунча иш, шунча вазифа, буларнинг сулайиб юришини-чи! Беихтиёр дераза ёнига бординг. Боғ кўзингга файзсиз кўринди. Токчада ҳозиру нозир бир жуфт мусичанинг қу-қулаши асабинг торларини баттар таранглаштирди. Намунча дунёга ғавғо солмаса булар. Шу пайт яшил шохлар бағридан яна бир кичикроғи пириллаб учиб чиқиб, уларнинг ўртасига келиб қўнди. Мусичаларнинг бири эгилиб, тумшуғидаги ниманидир токчага ташлади. Ҳалиги полапон емакни дўқиллатиб чўқий бошлади. “Дўқ, дўқ… Қу-қу… Дўқ-дўқ…” Кўпайиб кетишганини-чи! Тек қўйсанг, ҳаммаёқни булғаб ташлашади. Столингга яқинлашиб, қизил тугмачани босдинг-да, анави букчайиб қолган қари тутни таг-тугидан кесиб ташлашни буюрдинг…
Шу тариқа баландлайвердинг, баландлайвердинг… Пастдагилар эса майдалашаверди. Назарингда ҳаммаси тўғри. Назарингда шундай бўлиши керак. Шундай бўлиши табиий.
…Қанчалик баландлама, банда экансан. Қазоинг етди… Дунёнинг барча хою-ҳавасларига кўз юмдинг. Эл қатори ювиб-тараб, оқ матога ўрадилар. Лекин Яратган сенга шундай бир буюк синовни юбордики, одамларнинг наинки гапини, балки ички товушлариниям эшитиб ётдинг. Бу товушларнинг мазмуни… даҳшатли эди.
– Яхши одам эди, раҳматли (Дилозор эди, дилозор).
– Кўпларга яхшилик қилганди (Одам ажратарди, бадфеъл).
– Арзимаган касал олиб кетди-я (Кибри бошини еди).
Сен: “Ҳаммасини ишни деб қилдим! Куну тун ишладим, шуми раҳматларинг?!” – дея ҳайқиргинг келди. Лекин забонинг карахт эди. Сен фақат эшитардинг. Кўп вақтлардан бери биринчи марта “майда”ларни жимгина эшитардинг…
– У дунёсини берсин (Бу гумроҳни Ўзи кечирсин).
Водариғ, бу не синоат?! Улар нима дейишяпти ўзи? Демак, нотўғри яшабди-да? Энди нима бўлади, дўзах оловига отиладими? Йўқ-йўқ, истамайди, йўқ!!! Нимадир қилиш керак. Қанийди қайтолса, бир кунгина бўлсаям яшаса эди, бутунлай бошқача одам бўларди. Кибр отлиғ бу машъум либосни ечиб, бурда-бурда қилиб ташларди!..
Ҳамон ўшандай гаплар:
– У дунёда ҳам мартабали бўлсин (Худо жазосини берсин)
Чидолмадинг. Жонсиз танангга исёнкор бир куч инди. “Бас!” – дея қичқириб юбординг ва… уйғониб кетдинг. Туш экан.
“Ахир бу туш экан!” – таъкидладинг ўзингга ўзинг. Бироқ, заррача енгил тортмадинг…
Барибир баландлайвердинг. Назарингда, пастга тушадиган нарвон олиб ташланган, энди йўлинг фақат баландликка йўналган эди. Бироқ, фоний дунёда ҳамма нарсанинг охири бор. Бир куни… Туйқус қулаб тушдинг. Шунча масофадан-а! Бир лаҳзада рўй берди бу. Ажаб, заррача шикастланмай, бус-бутун тушдинг ерга. Фақат, ич-ичинг вайрон, ботинингда нимадир симиллар эди. Атрофга аланглаб ҳайратландинг – ҳалиги майда одамлар… сен билан баб-баравар экан. Улар каттариб кетдими ё сен кичрайдинг? Шу ҳақда ўйлашинг билан, бояги симиллаган оғриқ чидаб бўлмас даражада зўрайиб кетди. Қаердан бошланди у? Чап кўксингни пайпаслаб, ўйга толдинг: НИМА ЭДИ БУ?..

“Шарқ юлдузи” журнали, 2016 йил, 3-сон