Гулчеҳра Асронова. Кўзгу (ҳикоя)

Бугун Бойболаев учун муҳим кун. Тумандан катталар келишади. Номзод топилгунча бўш турган бир раҳбарлик лавозимидан умидвор одам учун ўзини кўрсатиб қўйишнинг айни вақти. Аёллар сардори Раҳима опанинг келишини эшитиб, айниқса, ҳаловатини йўқотди. Туманда бу дангалчи опанинг гапи – гап!
Меҳмонларни сийлаш учун уйига олиб кетиш мартабасини тиш-тирноқ бўлиб талашган Бойболаев маҳалладагиларни кўндиргач, оёғини қўлига олиб уйига чопди. Ҳали икки кун вақт борлигига қарамай, хотинию болаларини боплаб тўзитди – “уни тузат, буни тузат, манави нимага бу ерда, анави қани…” ва ҳоказо. Одати шунақа: нимадандир қаттиқ ташвишга тушган пайти уйдагиларни “яхшилаб”, “авра-астарини ағдариб” сўкса ўзига келади. Айниқса Сумбулни “обориб-обкелади”. Хотин дегани шунақа бўлса-да – чурқ этмайди. Болалари ҳам писиб кетади бунақа пайтда.
Мана, ҳаммаси тайёр бўлди. Бойболаев ёзган дастурхонни бир кўришин­гиз керак эди-да. Анқонинг уруғи демасангиз, бутун ноз-неъмат шу ерда. Ҳаёт-мамот масаласи ахир бу! Гарчи бусиз ҳам Бойболанинг (уни яқин олганлар шундай чақиришади) ҳурмати жойида, доим “лаббай” деб туриши билан раҳбариятнинг меҳрини қозонган. Керакли жойда тилидан бол томади ўзиям. Лекин барибир, ишбилги одам сифатида шу меҳмондорчилик орқали ўз обрўсини янада мустаҳкамлаб олишга жазм қилган эди. Еган оғиз уялар, дейдилар-ку. Раҳима опага илтифот кўрсатиш имкониятини қўлдан бой бериш ғирт анқовлик эди унингча.
– Ў-ў, Бойбола, боғни боплаган экансиз-ку!
Дарвозаданоқ шинам ҳовлига маҳлиё бўлиб кириб келган Раҳима опанинг ҳар бир сўзини мезбон алоҳида ҳузур билан ҳазм қилар экан, ошхонадами ё оғилхонадами ивирсиб юришга одатланган Сумбул меҳмонларни шахсан кутиб олмаганини назардан қочирмади (ҳали кузатиб олсин, ўзи билади). Кенг меҳмонхонага қилинган жойнинг тўрига опа, икки ёнига яна аёллар, этакроққа эркак вакил билан ҳайдовчи жойлашди. Ҳали ўрнашиб улгурмасларидан эшик пардаси очилиб, Сумбул салом бериб кириб келди-да, астойдил кўришиш учун аёллар томон илгарилади. Раҳима опа унга қучоқ очди:
– Ассалом алайкум, хола, саломатмисиз?
Дастлаб унинг сўзларига унча эътибор беришмади. Бироқ одатдаги ҳол-аҳвол сўрашишдан кейин:
– Уринтириб қўймадикми, ишқилиб, хола? Ўғлингиз жуда аломат йигит-да, қўярда-қўймай олиб келди, – деганида… Бойболаевнинг юраги тўхтаб қолди гўё. Аслида Бойболаев бундай аҳволга илгари ҳам тушган, автобусда бир аёл унинг хотинига: “Ўғлингиз сизга жой олиб қўйибди”, – деган эди…
Сумбулнинг самимий табассуми бирпасда йиғиштирилиб, юзидаги сон-саноқсиз ажинлар уч-тўрттага қисқарди.
– Йўғ-а, овораси борми. Яхши ўтиринглар, – деди Сумбул эшитилар-эшитилмас ва тез-тез юриб чиқиб кетди.
– Ҳой, Бойбола, онахонни қайтаринг, биз билан ўтирсинлар. Хизматга ёшлар бордир?
Мезбоннинг нафаси ичига тушиб кетганди, опага ер остидан қараб, аранг товуш берди:
– Опа… у менинг… болларим…
Раҳбар бир муддат таажжуб билан тикилиб тургач, юзи дув қизариб кетди. Ушбу зоҳирий аломатни мулзамликка йўйган Бойболаевнинг миясини анча вақтгача “бу хотиннинг турган-битгани ғалва” деган аламли ўй тарк этмади…
Катталар меҳмондорчилик учун раҳмат айта-айта яна идорага, мажлис ўтказишга кетишди. Йиғин тугагач, Раҳима опа меҳмонларни машинагача кузатиб чиқаётганлар орасидан уни четга чақириб олганида юраги ҳапқириб кетди: наҳотки кўрсатган илтифоти дарров мева бериб, опа бирон мужда айтса. Бойболаев унинг қаршисида қўлларини кўксига чалиштирганча ним эгилиб тураркан, вужуди қулоққа айланди.
– Иззат-икром учун минг бор қуллуқ, иним. Сени тоза овора қипмиз. Лекин… мени биласан, бор гапни бетга айтаман. Эркакнинг қанақалигини аёлининг туриши айтиб беради. Хотинни хор қилибсан-ку, Бойбола? Сен қирчиллаб юрганинг нимаси-ю… Ўшандаёқ айтмоқчийдим, лекин тузингни еб ўтиргандим-да.
Кейин бир зумга тин олиб, кўзларига қаттиқ тикилиб таъкидлади:
– Хонадонингни гуллатиб, ўзи сўлиб бўпти бечора! Менга қара, Бойбола, ҳайкал қўй демайман, лекин ҳалиям бўлса авайла уни.
…Сумбул кўзёшлари шашқатор бўлиб идиш юваётган эди. Бугун уни ўзидан беш ёш катта эрининг онасига ўхшатишди!..
Шу пайт эшик зарб билан очилди-да, эри бостириб кела бошлади. Кўзлари қонга тўлган эди.
– Сени деб шарманда бўлдим, лаънати!
Кейин Сумбулнинг юзига гурзидай оғир мушти билан туширди.
– А-а-а!
…Аёл ўзининг овозидан чўчиб уйғонди. Туш экан, даҳшатли туш! Бечора, йиғлай-йиғлай, ўтирган ерида ухлаб қолибди. Эри келмасидан-а! Ҳозиргина кўрган туши ана-мана ўнгида содир бўладигандек, юраги орқага тортди. Тавба, емаган калтагимиди… Лекин бугун кўнгли алланечук ҳилвираб турар эди.
Даҳлизга кирди. Худди уни масхара қилмоқчидек, рўпарасида одам бўйи кўзгу турарди. Бу матоҳ неча йилдирки, шу ердан қимирламайди, лекин бугун кимдир атай рўпарасига қўйгану, “Ўзингга бир қара!” деяётгандек эди. Унда қароқларида аянчли нигоҳ қотиб қолган озғин, қаримсиқ аёл қиёфаси пайдо бўлди. Офтоб олган юзи ғуссадан янада буришган, кийими қозиққа осилгандек шалвираб турар, рўмолининг четларидан оқ толалар қайсарона мўралар эди. Сумбул кўзини чирт юмиб олди. Хаёлидан бугун уйининг тўрида ўтирган аёлларнинг кўркам суратлари зувиллаб ўтди. Кейин чор тарафдан эрининг қаҳрли овози жаранглагандек туюлди:
– Уйда ўтирасан-ку, йиғиштир ясан-тусанни!
– Сенга ярашмайди бунақа кўйлак!
– Буни кийиб қаққа борасан?!
Бир пайт қадам товуши эшитилди. Сумбул эрини қадамларидан танийди. Ана, келяпти…
Аёл қалбининг туб-тубида асов бир пўртана қўзғалди. Етар, бас! Энди ўзини хўрлатиб қўймайди! Ҳозир жоҳил шу эрнинг юзига шундай гапларни айтадики!..
Эшик аста очилди. Остонада кўзлари киртайиб қолган эри пайдо бўлди. Ўртага бир нафаслик сукут чўкди. Бойболаев хотинини энди кўраётгандек боқиб, секин гап қотди:
– Чарчагансан, дамингни олсанг-чи, онаси…

“Шарқ юлдузи” журнали, 2016 йил, 3-сон