Ғози Раҳмон. Тилсимли тоғлар (ҳикоя)

Бўри болалайдиган унгур оғзида илоннинг кулча бўлиб ётишини, бўриваччаларни вақт-бевақт илон қўриқлашини бир овчидан эшитгандим. Очиғи, ўша гапни муболаға деб ўйлаб, қўл силтаб қўйгандим. Кейинроқ ўзимнинг бошимдан ўтган мана бу воқеа кўзимни мошдай очиб қўйди. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, орадан ўн беш қовун пишиғи ўтсаям ўша воқеа кўз ўнгимда…
Қирқ билан элликнинг нари-берисида эдим. Бизнинг барлос қавмимиз эшигида беш-ўнта қўй-эчки асрамаса, «учовара»га қўшилмайди. Етти пуштимиздан нарида отакентилик катта бобомизга она совлиқ шивирлаб айтган экан:
— Ҳой одам, мен Одам Атога эргашиб жаннатдан чиққанман. Таъбим нозик. Туёғимдай қаттиқ одамга ҳақ бераман. Меҳрингни аямасанг, турган-битганим барака! Бир амаллаб узун сонимни элликка етказсанг, элингни-овулингни боқаман!..
Эчкининг тилини тушунадиган яна бир бобомиз болаларига манови ҳикматни бот-бот тайинлаган экан: Эсинг кетса, эчки қил!
Бизам ўшалардан ортиб қайга бордик. Қаттиқчиликни бўйнимизга олиб, қўй-эчкимиз сонини йигирматадан ошириб оламиз-да, ҳув анови Лангар тоғ бағридаги бобомерос яйловга ҳайдаймиз. Қиш-қировли кунларда ҳовлимиздаги бостирмали қўтонда, кўкламда адир ёқалаб, ёз келиши билан баланд тоғ чўққилари бағрига капа тикиб кўчиб чиқамиз. Буни қарангки, саратон пайтида ҳам чўққилар қўлтиғида ҳур-ҳур шабада, салқин, жилғалар жимирлаб, гиёҳлар ям-яшил бўлади. Бундай яйловда уч-тўрт ой ўтлаган қўй-эчкилар баб-баравар семириб, бўрдоқи бўлади. Қиш бошида туғилган қўзилар ота-онасига бўйлашиб, бозорга оптушсангиз, оёқ тираб «дусоқ» (икки-уч ёшли урғочи қўзи) совлиқ нархида сотасиз…
Биз тарафда «Қўй қилсанг, ўзинг боқ, чўпонга қўшсанг, омонат» деган гапга амал қилиб, қўни-қўшнилар, қариндош-уруғ беш-ўн киши «навбат»га чиқамиз. «Навбат» дегани шундайки, чўпонликка чиққан киши кечқурун қўтонга етиб бориб, тунни шерик билан ўтказгач, эрталаб қўйни санаб, қабул қилиб олади ва шерикка жавоб беради. Иккинчи кеча ҳам шуйтиб давом этади. Бўлар гапни айтсам, шўронинг замонида қўй-эчкимиз ўнтадан ошмас эди. Оширгани қўйишмасди. Мажбурлаб «гўштликка» олиб қўйишар эди. Ҳозир замон бошқача, эпласанг, юздан ошир! Оқибат бозорни арзон қиласан. Бундай рўшнолик ҳеч қачон бўлмаган.
Саратон сариқ чопонини елкасига ташлаб, жизловуқлар фарғонача катта ашуласини бошлаганда «яйловқочди» қилиб ўрмалаб, баланд тоққа кўчамиз. Катта йўл адоғидаги Қоратут деган офтобга терскай, бироз тошли бўлсаям серўт манзилга сурувни ҳайдаганимизга икки ҳафтадан ошганди. Яйлов серўтликка серўт, аммо-лекин анчайин хилват ҳам. Ёзда тоққа ўрлайдиган чўпонларнинг ҳаммасиниям Қоратутга қўй ҳайдашга юраги бетламайди. Серсув жилғалар бўйи қалин чакалакзор. Сой бўйидаги маймунжонзорлар шундай қуюқки, самолётдан сакрасанг ҳам аъзойи баданингга озор етмайди.
Ундан ҳам юқорироқда, одам қадами етмайдиган қалин арчазор орасида ғорсимон унгурда бўри болалайди. Беҳамроҳ, бемилтиқ, бўрибосар итларсиз Қоратутдаги қўтонда тунаб бўлмайди. Хайриятки, бинойидай итимиз ҳам, илгаридан Қоратутда қўй ҳайдайдиган «тишқоқди» чўпонларимиз ҳам, отам замонидан қолган якка бир милтиғимиз ҳам бор. Тонг азонда уйдан чиқиб ахталигидан семириб кетган шалпангқулоқ эшагимни учи найзадай ўткир ирғай халачўп билан “их-их”лаб етганимда, кўрдимки, қўшнимиз чағиркўз, ҳаммага ўхшатиб лақаб қўядиган, белида чурраси борлигидан эгилиб юрадиган Шариф ҳўкак «Қишлоқлар тинчми?» дейишга базўр улгуриб, қўй-қўзиларни бир-бир санай кетди. Хайрият, тўрт кўз тугал экан. Мендан тўрт-беш кўйлакни зиёд йиртган Шариф ҳўкак эгилганча, эшагини эгарлаётганда тайинладим:
— Анови бодича Юнус пўпига (тикрайтириб соч қўйиб юргани учун лақаби пўпи) хотинчаси қўйдан яхши кўриниб, оқшомги навбатга келмай қўймасин, хўпми?
— Майли, майли, айтаман!..
Бу маконда куппа-кундузи ҳам сурувга бўри ташланиб қолиши мумкин. Итимиз кечаси билан ухламай, ҳуриб чиққани учун кун бўйи қўтонда, тош соясида бир кўзини очиб, иккинчисини юмиб ухлайди. Ҳушёр бўлмасанг, қўй-қўзини олдириб қўйишинг мумкин. Лекин қўйчивонликнинг маза томони ҳам бор-да… Сурувни бир сермаб қайтариб қўйиб, қизиб турган ясқоқтош устига кетингни босиб, ўзинг билан ўзинг қолиб, қўйларнинг курт-курт ўт чайнаётганига қараб туриб, хаёл сурганга нима етсин! Хотирга нималар келмайди…
Кўз очиб кўрганимиз янгангиз Сабога фотиҳалик пайтимда икки қир оша қўшни қишлоққа «қаллиқ»қа борганман, денг. Баъзан пиёда, баъзан от ёки эшакда. Яқинроқ бир сойда қоронғи бўлишини пойлаб, Сабони чақириб чиқиб хилватга ўтамиз-да, ширин-ширин суҳбат қурамиз. Гап топилмай қолганда шартта ўпичга ўтаман. Бир сафар борганимда қайнотам раҳматли хуфтон номозини ўқиётган экан. Мушукдай ўрмалаб томга чиқиб, яна мушук юриш қилиб бўғотга келиб, эгилганча ҳуштак чалаяпман. Жўрттага қилибми, Сабо чиқмаяпти. Қайнотам бечора номозни шоша-пиша тугатиб, «Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳ», дея ўнг-чапига салом бериб, томда эгилиб турган бошимни кўриб қолиб, ўғри деб ўйладими ёки атайлабми, «омин» дея ўрнидан туриб, сўкинганча нарвон тарафга юрди.
— Ўлдим, энди қўлга тушаман. Шарманда!
Бурилиб орқага юрдим-да, таваккал қилиб ўзимни томдан отдим. Жоним оғзимга келиб кетяпман-кетяпман, сира оёғим ерга етмайди. Чуқур лойхандақ экан. Тиззамгача лойга ботдим. Уриниб-суриниб бризент туфлим лой ичида қолиб, ялангоёқ ўрмалаб чиқиб қочдим. Қайнотамнинг овози чиқмади. Ичида роса кулган бўлса керак. Икки кун ўтмай уйимизга одам жўнатди:
— Буйтиб юрмай, кесин-да, одамини опкетсин!
Эҳ, эсга тушганда энтикиб кетасан киши… Хаёл билан бўлиб нарида бир қўйнинг безовта инграётганини эшитиб қолдим. Ўн беш-йигирма қадам пастда тўрт гилам бўйи ястанган ясқоқ тош биқинида бир дусоқ (икки-уч ёшли урғочи қўй) пишқирганча олдинги оёқларини тап-тап ерга уриб, хезланиб турибди. Нима экан уни бунчалик безовта қилган нарса? Атрофда бошқа қўйлар бамайлихотир ўтламоқда. Қизиқиб икки-уч қадам юрдим.
Ие, ана, илон, катта илон, улоқ ёки қўзичоқни ўртага олиб, бўғиб турибди. Улоқ боши ўртада тўлғонмоқда. Э ҳа, бу улоқ боши эмас, катта морнинг боши. Боши шундай бўлса, танаси қандай экан? Баданим бижирлаб, танамга чумоли ўрлади. Ҳамла қилса, мениям ютиб юборади. Энди нима қилдим? Кимдир айтувди. Буни мендан бошқалар ҳам кўришган. Биров юрак ютиб унга яқин йўламаган. Менда ўқланган милтиқ бор. У шунга ярамаса, нимага ярайди? Моҳир мерган каби милтиқни елкамдан олиб илонга тўғриладим. Қўй билан андармон бўлиб (балки «авраб» тургандир) менга эътибор қилмади. Таваккал қилиб тепкини босдим. Питраси кўп солинганми, қўндоқ кўкрагимга шундай тепдики, от эмас, туя тепгандай бўлди. Бир лаҳзалик тутун ичра ҳеч нарса кўринмай қолди. Кўп эшитганман, илон зотига отилган ўқ тегмай қолмайди. Бунинг сир-синоати менга қоронғу. Лекин газанданинг зўрини отдим. Жўраси бўлиб, қидириб келмаса, гўргайди. Ҳали Юнус пўпи келса кўрсатиб мақтанаман. Ҳозирча жойида тура турсин… Ўзимча ёвуз аждарҳони ўлдирган баҳодирдек бироз ҳаволандим. Бироқ илон томонга боришга, бориб кўришга юрагим бетламади. Ҳали шеригим келса, улгураман, деб ўйладим. Ногоҳ қарасам, сурувнинг бир томони ўқ овозидан ҳайиқиб кетибди. Офтоб ҳам уфққа ёнбошлаб тошлар сояси кун чиқиш томонга чўзилибди. Шошилиш керак. Харсанглар оралаб пасту баландга югуришнинг ўзи бўлмайди. Тўрт оёқли, темир туёқлига қараганда икки оёқли, юмалоқ бошлининг бузиқ жойда юриши қийин. Маҳмат мудирдан яқинда олганим латта ботинканинг таги «падуш»лиги ёдимдан кўтарилибди. Чап оёғимни бўшангроқ ташлаб юбориб тойиб кетдим. Йиқила туриб оёғим буралиб, қаттиқ қарсиллади. Оғриқнинг зўридан иҳраб юбордим. Расво бўлди. Чап оёқ ё синди, ё чиқди. Ошиқ атрофи кўкариб кетибди. Оғриқ тобора зўрайиб, оёқ шиша бошлади. Энди шўрим қуриди. Бир оёқлаб сурувни қандай қайтараман. Зорманда милтиқни бир амаллаб ковакка тиқдим-да, таёққа суяниб зўрға юра бошладим. Қўйлар эса парвойи палак. Еб тўймас юҳодек ўт-ўланга ёпишади. «Хўп бўлди, ажаб бўлди», дегандек чор-атрофга ёйилиб ўрмалайди. Икки кўзим шаршара ортидаги қишлоқ тарафда. Ёлғизоёқ йўлга термуламан. Қанийди бирорта одамнинг қораси кўринса. Кунботарда қора терга ботиб, қўйларни қўтонга тўплаб олдим. Баланд тоғ устида кун ботиши чўзилиб кетади. Қоронғулик эса хонадаги чироқни биров пуфлаб ўчиргандек бирдан ёпирилади. Озиб-ёзиб ўғирликка чиққанимда ой ойдин бўлди, деган экан аллаким. Бориб-бориб, менинг навбатимда шу фалокат бўлиб турса-я. Юнус бодининг келмаётгани ҳам дард устига чипқон бўлди. Уйгинанг куйгур боди, пўпи яқинда уйланган. Хотинчасининг қўйнидан чиққиси келмаган. Ўзини-ку жонлиги ҳемири эмас, кўпчиликнинг моли-жонини ўйламаган. Қора чойдишни қайнатиб, чой дамлаб ичишга ҳам ҳафсалам бўлмади. Икки бурда нонни сувга ивитиб еб, ёнбошладим. Лат еган оёқ оғрий-оғрий увишиб қолди. Кўзим илинибди. Ўлдирган илонимнинг жуфти келиб, ҳе йўқ, бе йўқ чап оёғимга ташланибди. Тортиб олай десам, оёғим йўқ. Тўрткўзнинг безовта ҳургани қулоғимга элас чалинди. Хайрият, Тўрткўз ёрдамга келди, деб ўйладим. Бир пайт кўзимни очсам, тепамда Тўрткўз қоронғи томонга қараб безовта бўляпти. Ирғиб ўрнимдан турмоқчи бўлдим-у, гурсиллаб йиқилдим. Атрофга қарадим. Илон йўқ. Оёғим синганини унутган эканман. Қўтонга бўри дориган. Милтиқдаги бор-йўғи биттагина ўқ кеча отилиб бўлган. Ие, ўша милтиқни ўзиям тош ковагида қолган. Ўтирган жойимда ҳай-ҳайлашга тушдим. Чўқмор таёғимни кўтариб, лиққиллаб Тўрткўзга ҳимо қилдим. Хайрият, Тўрткўз бўрини қувиб солди. Лекин бўри оладиганини олиб, икки қўйни тинчитиб кетибди. Тутолмаган авлиё кечиримли келади, деганларидек, садқаи cap дейишдан бошқа иложим қолмади. Энди буёғига кўзимга уйқу келмади. Тонг юлдузи Ҳулкар бир арғамчи бўйи кўтарилганда отарга яна бўри ҳужум қилди. Бу сафаргиси бир эмас, иккита экан. Қанча қийқириб бақирсам ҳам, тошни тошга уриб учқун чиқарсам ҳам, фойдаси бўлмади. Ожизлигимни билгандай у ёқдан, бу ёққа ташланаверди. Тонг отгунча олти қўй, тўрт совлиқ, икки қўчқорни нобуд қилишибди. Туваллаб қарасам, ҳаммаси бўлиб саккиз қўй кетибди. Хайрият, иккитасини бир амаллаб «ҳалол»лаб олдим. Кун чиқарда Юнус боди эшакка қийшиқ ўтириб етиб келганда, мен шўрлик усти-бошим қон, қўтон билан битта бўлиб қўйларнинг терисини шилаётган эдим. Юнус эшакдан тушмай салом берди. Алик ўрнига «Ҳей отангди қоқ каппасига», деб сўка бошладим.
— Файзиқул бобо, сиз отамнинг жўраси, нима деб сўксангиз ҳам, урсангиз ҳам ҳаққингиз бор. Кеча қайнотам, қайнонам бир мошин бўлиб қиз кўргани келишган эди. Қўй сўйиб зиёфат қилдик. Қош қорайганда қайтишди. Оқшом келишга отам қўймади. «Файзиқул «тишқоқди», неча йил колхознинг қўйини боққан. Бир ўзи минг қўйни эплайди», деб йўл бермади.
— Ҳаҳ улим-а, мен бир касофатга дуч бўлдим. Куни кеча куппа-кундузи бир катта илонни отиб қўйдим. Ўша номаъқул ишнинг касофати урди, болам. Сен кўриб турганинг қўйларга бўри чопгани бир ҳалво. Мерганликдан сал ўтмай чап оёқни синдириб қўйдим. Гуппидай шишиб кетган. Билмадим, неча ой гипсда юраман. Йиринглаб кетиб, кесиб ташлашмаса гўргайди. Юр қани, илоннинг ўлигини ҳам кўрганим йўқ.
Мен эшакда, Юнус пиёда, кечаги жойдаги ясқоқ тош биқинида ўлиб ётган илонни кўрдик. Уҳ-ҳу, бу илон эмас, аждар бўладиган экан. Кечадан бери илон танаси бироз шишибди. Ҳозирги туриши одамнинг йўғон сонидай келади. Узунлиги ҳам уч метрдан зиёд. Боши улоқбош, елкасида мугузсимон ёли ҳам бор. Бундай ёши катта илонлар судралиб ов қилолмаса ҳам, авраб, ўзига тортиб, ютиб юборади. Ўлжа эса ҳар доим ҳам рўпарангдан тап-тайёр чиқиб турмайди. Кечаги дусоқни ҳам авраб домига тортмоқчи бўлган. Ҳалақит берганман. Бошқа нима қилай, бировнинг молини кўра-била бериб қўяйинми? Отишга отдим-у, изидан бундай азоб борлигини қайдан билай. Пўписа қилиб, отмасам бўларкан…

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2012 йил, 47-сон