Ғози Раҳмон. Қўш кабутар чизилган уй (ҳикоя)

Катта Чақил тоғи орасидаги барлосларнинг Саркенти овулида дунё бино бўлган куни туғилган дуркунгина ўғил болага Жумақул деб исм қўйдилар. Худди ўша йили Саркентидан жудаям узоқда олти ой совуқ изғирин бўладиган минтақада жамики йўқсиллар бирлашиб катта тўнтариш қилишган экан. Ўша тўн­таришнинг уфқ куйгандаги каби қонталаш асорати – бурун қонаганда димоқда қоладиган нохуш ҳиди пасмаккина тоғ орасидаги Саркентига ҳам етиб келди. Бой дегани ёмон одам, унинг мол-мулкини тортиб олиш керак, мулла дегани элни йўлдан оздиради, уни бадарға қилиш керак, деган чақириқлар чор-атрофга таралди.
Жумақулнинг тақдир пешонасига битган қизалоқ эса шундоққина қўшни овулда, Дарали сойда айни Бухоро амири қизиллар зарбидан тахтни ташлаб қочган йили амирнинг хазиначиси Муҳиддин Маҳсум Афғонга кетаман, деб йўлдан адашиб Лангар Отага келиб қолган, шу жойнинг ўзида сохта пул чиқариб Қалқама бозоридан бир сурув қўй-эчки сотиб олиб, Ургут тарафга ошганда қизиллар қўлига тушиб, бор-йўғидан айрилган йили туғилган эди. Бу хушруй чақалоққа Малика деб исм қўйдилар. Барлосларнинг битта туфори негадир ўрис башара, сарғишдан келган, кўзлари зиғир гулидай кўкиш. Бошқаси эса буғдойранг, сурма кўз. Эркаклари ғуччоқ, миқти гавдали, хушбичим. Қиз-аёлининг эса хунугини топиб бўлмайди. Бамисли ҳилол какликдай, чашмадан сув ичганида юпқа томоғидан бемалол кўринади. Барлос момолар чақалоқ қизини гўдаклигида тоғ чўққисида ўсадиган каравуш гиёҳининг ифорли сувига кўп чўмилтирганидан қизнинг бўйи етар-етмас юрганда йўл тўлиб, атрофга қалампирмунчоқ ва райҳон ҳиди аралаш хушбўй ҳид тарқайдиган бўлади. Малика оёқ чиқарган пайтида ҳам шундай ширингина қизалоқ эдики, гўё ясқоқ тош устида диркиллаб бош кўтарган сумбулгиёҳнинг навниҳол пайтига ўхшарди. Жумақул ўн тўрт-ўн беш ёшида қўшни овулга қўй ҳайдаб бориб, аммасиникига тушган, аммаси эса кичкина Маликани кўрсатиб, ҳадемай каттарса шу қизимни сенга бераман, агар олмасанг, бўйнингга тўрва қилиб осаман, деганда, уялиб кетиб, қочиб қолганди. Ўшанда эшитгани яна бир воқеа ҳам сира ёдидан кўтарилмайди. Даралисойда бир мулланинг уйидан Амир Темурнинг каттагина сурати чиқиб қолиб, шу баҳона муллани бадарға қилишгани ҳам бор гап. Пешонада ёзилганидан ҳеч қаёққа қочиб қутилиб бўлмайди. Жумақулнинг отасию икки акаси ҳам йўқсиллар сафида бўлиб, уч-тўртта мол-ҳоли билан кол­хозга кирган, эшону хўжа, бой ёки муллани кўрса ёт-унсур, деб қувиб ҳайдайдиганлар тарафига ўтиб олишган эди. Ҳеч ким ўйлаб кўрмайди. Тани-жони соғ, ақлу фаросати етарли қай бир кимса ўз-ўзидан йўқсил бўлиб қолади. Камбағални аввало Худонинг бепул, беминнат ўтин ва сувидан қисади, деган нақл бор. Бошидан ўша икки нарсага ёлчимаган одамни ношукур, нодон дейишдан ўзга чора йўқ. Хўш, куч ишлатиб бўлса ҳам бойларнинг мол-мулкини ялангоёқларга олиб берилди, дейлик, лекин ётиб еганга тоғ ҳам чидамайди-ку. Камбағал яна камбағаллигича қолаверади. Уруш ортидан келган катта очарчиликда ҳаммадан бурун қирилиб кетганлар ўшалар бўлди.
Жумақул етти-саккиз ёшида катта қишлоққа қат­наб, чала-чулпа савод чиқарди ва ўн беш ёшидан колхозга кирди. Аввал эшакбоқар, кейин отбоқар бўлди. Самарқандга бориб уч ойлик зоотехниклар тайёрлаш курсида ўқиб келди. Йигирмага кирганида барваста йигит бўлиб, отда қийшайиб ўтириб олиб, отарма-отар айланадиган ферма мудири бўлди. Ҳадемай ўрис инқилобчиси Жданов номидаги колхозга раис бўладиган шашти бор. Бироқ бу адоқдаги Катта қишлоқда тузилган “Янги турмуш”колхозидан катта фарқ қилади.Унда чорва яйловлари, деҳқончилик учун ер майдонлари, катта-катта узумзорлар бор. Ждановда чорвага қулайлик мавжуд, аммо ғалла экиладиган ерлар йўқ, ҳисоби. Тоғ орасидаги қир-адирларда, парча-буриш қияликларда қўш ҳайдаб, кетмон чопиқ қилиб арпа-буғдой экишади. Ғаллани қўл билан ўриб, боғлаб, от-ҳўкиз билан янчиб-совуриб, қоплаб эшакка ортиб, “Қизил карвон” қилиб салкам 150 чақирим келадиган Чўмич станциясига ташийдилар. Тўрт-бешта маҳмадона қариялар бу ҳақда ариза кўтариб, пойтахт Самарқандга, Йўлдош ота Охунбобоев ҳузурига боришгани рост. Ота ғамхўрлик қилиб Ждановдан ғалла режасини олиб ташлагач, колхознинг ташвиши бир ёқли бўлди. Ишлаб чарчамайдиган, еб тўймайдиган колхоз фаоли Жумақулни замонасининг чинакам фи­до­йиси, деса бўларди.
Бу ёқда Малика қиз ҳам ўн бешдан ошсамми-ош­масамми, деб турган, тушларида тўлғониб уйғо­надиган, ўзини-ўзи ҳидлаб маст бўладиган паллага кириб қол­ганди. Она совлиқ янги туққанида гелагай қилиб, шопириб-шопириб, ҳур-ҳур ичганмисиз? Маликанинг севимли таоми бу. Унинг аъзойи-бадани худди ўша оғиз сути рангида. Ўтовга эгилиб кирганидан маълумки, қадди-қоматига гап йўқ. Ўсма-сурмани сира кўрмаган эгма қошу қайрилма киприклар қундуз қора, таниқли рассом мўйқаламидан чиққандай ширин лаҳжада “вой, ман вулай” деб икки гапириб, бир кулганида ўтов ичлари тугул, Дарали сойга ҳам инжу – садаф тўкилади. Бор-йўғи бир қир наридаги Жумақулбойга фотиҳа қилинганидан бери шоша-пиша дастрўмол, белқарс тикаётган, уларнинг гирдо-гирдига пирпирак мунчоқ ўтказаётган қизнинг туну кун ўйлагани шул: «Мана шу ўртадаги катта қир келин бўлиб кетаётганимда чўккан туядай пасайиб турса бас…»
Орзуга айб йўқ. Бурун замон бўлганида Малика қизнинг қалинига минг қўй берса ҳам камлик қиларди. Колхознинг қўйини ичидаги боласи ҳам ҳисоблик. Жумақулнинг отаси Қодирқулнинг эшигида ҳам қора-қураси камгина. Шаппати билан юз қизартириб юради. Оғриқ зарбидан бир паслик қизарган юз, дарров ўз ҳолига қайтиб бўзрайиб тураверади.
Қиз отаси ҳам “тенгини топсанг, текин бер” қа­би­лида иш тутиб, эл кўзига Қодирқулдан бор-йўғи икки улоқ, тиши тушган қари совлиқ олиб, ўзидан қўшиб-чатиб, асраган қизил гулини ўраб-чирмаб ”катта” тўй-томоша қилиб узатганида ота-онанинг ҳим­мати баландлигини кўринг, деб мақтайдиган кўп бўлди. Ҳафсаланинг зўрлигини қаранг, барлоснинг ширинкор ўланчи аёллари бири қўйиб, бири олиб, шундаям айтишдики, келин-куёвнинг қадру қиммати шунда билинди. Хайриятки, Жданов колхозининг раиси, Жумақулнинг туғишган акаси йўғон сонига тамға урилган оқ бўз отини келин олиб келишга бериб турди. Куёв жўраю қиз дугоналар қийқириб қирдан ошди. Оқ кигиз ёпилган ўтовга чимилдиқ тортилди. Эски паранжига ўралган келин бола янтоқ ўтин ёқилган оловдан айланди. Таъзимга шайланди. Мисли фаришта. Буёғини чимилдиқ қилар саришта. Тўғриси, қолган жойини айтишга қизғандим. Энди куч-қувватни, баракаю омадни келин-куёвга берсин.
Умидвор деҳқон, бўғирсоқ дала, бинойи шудгор, ёғин-сочин мўл. Олганига шукур, берганига шукур. Ма­ликахон ғайрат қилиб уч йил ичида бирин-кетин пешонаси дўнг қўчқордай икки ўғил туғиб берди. Сут устида туғилгани учун ҳар иккиси эгизак каби ўсаберди. Жумақул ҳам қараб турмади. “Кадровой армия”га олинган акаси ўрнига раис бўлди. Энг қизиғи ҳали буёқ­да. Ўғиллари Ғулом, Қаҳрамонларга атаб, янгича усулда “данғиллама” уй солди. Бунақаси Саркентида ягона. Атроф овулларда ҳам йўқ ҳисоби. Барлослар кўкламдан ёз бўйи, куз охиригача яйловма-яйлов ўтов тикиб, кўчиб юрар, бу жойларни Ёнаюрт деб атар, қиш олди яйлов қайтди қилиб Саркентига кўч-кўронини ортиб қайтиб келар, ярим ертўла, қоронғу, аммо иссиққина кулбаларда яшашар, қўй-қўзихоналари наридан бери қурилган, пастаккина эди. Кейинчалик колхоз чорваси учун қўраю қўтонлар, чўпонлар боп ўтовлар қурилгани маълум. Жумақул ўзини тамоман янги замон одами, деб ҳис қи­либ катта қишлоқдан мардикор уста чақириб режа ип тортиб, чор кунжакли иморат пойдеворига тош ва сомонли лой ташлаб устидан пахса урдириб, эшик-туйнукли бир уй, бир даҳлиз қурдики, раиснинг бу қилмишига бошқалар тугул, отаси ҳам ҳайрон қолди. Ахир катта қишлоқда ҳам, Самарқандда ҳам, кўпдан бери одамлар шундай кенг, баҳаво, токча-туйнукли уйларда яшашади-ку. Улардан бизнинг қаеримиз кам, наҳотки бизникилар бундан бехабар бўлса? Нечта қўй кетса-кетсин, бу билан иши йўқ. Жумақул шундай иморатни қурди. Қуришга журъат қилди. Ҳатто ич-ташини оҳак билан оқлатиб, катта хонасига гул кестирди. Бир-бирига интилишаётган, дон олишаётган кўк каптарлар сурати гулдор хонага ярашиб тушди. Жумақул бу каптарларни Маликага кўрсатиб, бири сен, бири мен, де­йишдан ҳам тоймайди. Ҳали яна бир гала, камида еттита каптар суратини чиздираман, деб ўйлади ичида.Овулдошларнинг ҳаммаси келиб кўрди. Бу уйда яна бир янгилик.Токчада патефон деган қути қўшиқ айтиб турарди. Ё тавба, темир қути қандай гапиради? Биров ҳавас қилди, биров ҳасад. Аёллар эса ”бўл-бўл, раиснинг хотини бўл” деб роса куйинди…
Эсиз, эсиз, энди кун кўрдим деганда, балойи офат ёпирилиб уруш бошланиб қолди. Одам боласи бошига тушадиган барча кулфатларнинг онаси эди мудҳиш касофат. Ҳар қандай тирик жон унинг домига илинмасдан қолмайди. Овулдагиларни ишга, далага чорлаб ҳар куни икки марта чалинадиган занг уч кун узунасига бетўхтов чалинди. Унинг мудҳиш овозидан ҳатто девоналар ҳам сесканди. Итлар беихтиёр кечаю кундуз осмонга қараб ҳура бошлади. Одамхўр Эшназар босмачи яна тирилипти, деди аллаким. Шу пайтгача ҳеч кимнинг хаёлига келмаган “сафарбарлик” сўзи эл-юртга ҳоким ва хўжайин бўлиб олди. Энди ҳамманинг оғзида битта қўшиқ: “Бўлсанг йигит, бўлсанг ҳамки чол, қўлингга қурол ол!”
Жумақул яқиндагина жилдига доҳий сурати туширилган чўғдай қизил фирқалик билетини қўлга олган, кўксига босган. Юракка яқин жойда лаҳча чўғдай куйдириб турибди. Қаранг-а, бир томонда қўш кабутар сурати чизилган уй, қўш ўғил, аъзойи баданидан сут анқийдиган хушрўй келинчак. Бир томонда доҳий ва уруш. Кимни десин? Ҳаммасиям унга азиз…
Ўша куни раис бир қарорга келди. Овулдошлар, каттаю кичикни идора ёнига тўплаб, йиғилиш қилди. Ўртоқ Сталиннинг мурожаатини ўқиб берди.
– Энди раисликни аёллар ҳам қилаберади, – деди у ҳайқириб, – Бизнинг жойимиз фронт! Доҳий Сталин шундай деган. Қани ким биз билан кетади? Аввал кўнгиллилар рўйхатга ёзилсин. Биринчи Қоди­ровлардан бошлаймиз. Акамиз аллақачон ўша ёқда. Кичик акамиз билан мана мен кетаман. Бир, икки, уч. Ким қўрқоқлик қилса, шартта отиб ташланади. Ўзим отиб ташлайман.
Тўда ичидан кимларнингдир баданида чумоли ўр­малади, кимдир дағ-дағ титрай бошлади. Жумақул раис ўша куни куйиб-ёниб гапирди. Қанийди, унинг шу важоҳатини ўртоқ Сталиннинг шахсан ўзи кўрса. Ҳеч бўлмаса қизил билет берган райком бува кўрса… Елкасига қоқиб «балли-балли, мард йигит», деб олқишлаб қўйган бўлармиди?
Жумақул шу кетишда нақ уч йил кетди. Аввалига учбурчакли, чумчуқ тилидай хатлар бирин-кетин келиб турди. Орадан бир йил ўтар-ўтмас ҳавога учгандай тақа-тақ тўхтаб қолди. Бир эмас, уч ўғлидан хат-хабар кутиб чарчаган онаизор ётиб қолди. Бирданига икки ўғлидан “қора хат” олган ота бу даҳшатни кампирига билдирма­йин, деб қанча уринди, бўлмади. Ахири уям кампирининг ёнига чўзилди. Титраб-титраб ураётган юраклар тоғдай тегирмон тошлар орасига тушиб қолган бир дона кичик дондай янчилиб борарди. Жабр-зулм билан айланаётган ваҳшат тегирмонига очарчилик, деган балойи офат зардобли сувидан тинимсиз қуяверди-қуяверди. Бундай азоб тегирмонлари гўё овулнинг ҳар битта хонадонида атайлаб ишлаб ётарди. Бу тоғистон бағрида бир ҳовуч дон сепиб, экиб олай десанг, ҳаворгина ернинг ўзи йўқ. Баъзи бировлар жанда-жобиғни яғир эшакка ортиб, тоғ оша Самарқанд тарафга нон қидириб кетди. Бу ёқда қолганлар эса ёввойи жонзотлар каби илдиз териб ея бошлади. Иситма, безгак касали уйма-уй изғиб юрарди. Нон, нон деб жон бераётганларнинг мозори йўқ. Аввалига кампир шўрлик, изидан ота бечора бандаликни бажо келтирди. Эга бўлиб, бирин-кетин ўлик кўмган Маликанинг йиғлай-йиғлай кўзларида ёш қолмади. Кўмиш маросимига ноилож борадиган одам бир коса суюқ атала ичиб олмаса, ўликни кўтариб боришга ҳам, гўр қазишга ҳам тинка-мадори йўқ. Ўликда ҳам, тирикда ҳам қадр-қиммат қолмади. Малика катта ўғлини тупроққа бериб келганида Жумақулдан хат келди. У биринчи бўлиб Ғуломжонни йўқлаган эди. Ғуломжоннинг эса отасини кутиб оладиган кўзларига тупроқ тўлганди. Орадан йил ўтар-ўтмас Қаҳрамонжон ҳам отасининг урушдан қаҳрамон бўлиб қайтишини кутмай, норасида ҳолида жаннатга равона бўлди. Ҳеч нарса тотинмай, иссиғи тушмай, уям онаси қўлида жон берди. Пари-пайкар номини олган, кабутар сурати солиниб, оппоқ қилиб безатилган уй соҳибаси қўш ўғлонидан ажралиб, ёғ­га ташланган қўзиқориндай бужмайиб қолди. Нақш олмадай таранг юзларига бевақт ажин тушди. Узун сочлари тўкилиб, ярмигача оқ оралади. Оддий аскар Жумақул Қодиров урушда қон кечиб, жон олиб, жон берди. Камида ўн жойидан ярадор бўлиб, аъзойи бадани илма тешик бўлиб кетди. Ҳар сафар ўлим билан юзма-юз келганида, лоп этиб кўз олдига қўш кабутар сурати чизилган уй ва уй ичида қўш бешик теб­ратиб аллалаётган Малика келар, уларни ҳеч бўлмаса бир марта кўрмай ўлмасликка қасам ичар ва бу қасамдан илоҳий куч олиб, оёққа туриб кетар эди. Охирги марта бошидан оғир жароҳат олиб, ҳарбий госпиталда узоқ ётди. Жинни сифат бўлиб қолганди. Кўкрагига “Қизил юлдуз” ордени тақилганда ҳам ўзини ўнглаб-ўнглолмай турган палласи эди. Юрак бетўхтов куйишар, бош гўё арининг уяси эди. Ниҳоят уйга жавоб беришди. Ўшанда манзил-маконини зўр-базўр эслай олди. Хотира деярли йўқолиб бўлганди. Барибир юрт меҳри, қадрдон уй ўзига оҳанграбо каби тортар экан. Ҳафталаб йўл юриб, ўз уйига аранг етиб келганида эса кўрган-кечирганларидан яна эси оғиб қолаёзди. Ота-она, атак-чечак қилиб қолган икки ўғилдан айрилган, тухумдай қилиб оқланган нақшли уйнинг томидан чакки ўтавериб деворидан зардоб оқиб хароб бўлган, рангин гиламлар ночорликдан сотиб юборилган шекилли, уй қип-яланғоч, гилам ўрнига хас-тўшак тўшаб қўйилган эди. Бечора каптарлар, уларни каптар дейишга тил бормасди. Шифтдан девор бўйлаб оққан лойқа сув каптарлар жисмини минг бўлакка ажратиб, тиғибарон қилганди.
– Йўқ-йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас. Малика, менинг Маликам, қайдасан? Ғуломжон, Қаҳрамонжон, каптарларим қани?
Ҳеч ким жавоб қилмади. Жумақул уйдан таш­қарига чиқиб, тўппа-тўғри осмонга қараб, шундай ўкирдики, бу ўкирик боласини олдириб қўйган она бўри ноласидан, жуфтини йўқотган арслон ноласидан ҳам аянчли бўлиб, баланд тоғларни-да зириллатиб, Саркенти овулини дириллатиб юборди. Жони бор қўни-қўшнилар, қа­ри-қартанг қий-чув қилиб изиллаб етиб келганда Жу­мақулнинг аъзойи баданини қалтироқ тутиб оғзидан кўпик сочиб, кўзлари ҳеч нарсани кўрмай қолган, шунча уқубат, жангу жадал кўрган полвон йигит устидаги ҳарбий кийимни, медалларини ҳам унутиб, ёш боладай тупроққа ағанаб, ер муштлаб қарғаб, сўкинар, нима қилаётганига тушуниб бўлмас, ўзини батамом унутиб қўйганди. Ҳеч ким унга яқинлашишга журъат қилолмас, йиртиқ-ямоқ, оч-юпун уч-тўрт бола унга қўшилиб изиллаб йиғлашдан бошқа чора тополмасди. Хайриятки, Афғону Румда бўлиб табибликни ўрганиб қайтган, ҳар қандай дарднинг шифосини биладиган Абдулла табиб етиб келиб, Жумақулни юпатиб, тинчитишнинг чорасини топди. Қайдандир муздай чашма суви солинган идишқовоқ кўтариб келиб, ундан қўлларига сув олиб, девона бўлаёзган аскарнинг юз-қўлларига сепа бошлади:
– Бисмиллоҳир раҳмонир раҳийм. Ло ҳавла вала қуввата илло биллаҳил алиюл азийм. Кет, кет, ҳа, шайтонилаин!
Шундай муолажа уч марта такрорлангач, Жумақул бирдан жимиб қолди. Теварак-атрофга тикилиб-тикилиб қарай бошлади. Абдулла табиб шошиб бориб унинг қўлига идишқовоқни тутқазди.
– Ма, болам, ич, ичиб ол, тўйиб-тўйиб ич. Ўзинг ичиб каттарган Жонбулоқнинг сувидан, жудаям шифобахш.
Жумақул ҳеч иккиланмай бир кўтаришда сипқор­ди. Энди Жумақул батамом ўзига келган эди. Уялгандай бўлиб ўрнидан туриб, усти-бошини қоқиб, томоқ қириб беш юлдуз тамғали камари остидан чиқиб қол­ган кўйлаги барини тортиб қўйиб Абдулла табибга қу­чоғини очди.
– Абдулла тоға, соғ-омон бормисиз? Сатторқулдан хат-хабар борми? У биздан Житомирда ажралиб кетганди. Кейин кўрмадим.
– Вой, тоға деган тилларингдан айланай, ўзимди раис жияним. Соғ-омон бормисан? Одамни қўрқитиб юбординг-ку! Қаҳрамон жияним, манови нишонларинг муборак! Қирқ йил қирон келса, ажали етган ўлади. Ота-онангни куни калта экан. Бандалик қилди. Кўнмайин иложинг йўқ. Маликанг – менинг чиройли келиним чоп­қиллаб юрибди. Мозор бошига кетганди, ҳали замон кеп қолади. Қўша-қўша ўғил-қиз кўрасизлар. Ўзи бериб, ўзи олганига сира ўксинма, болам. Худонинг қаҳри келади. Сен йигитсан, эркаксан, бошингни кўтар! Маликани энди ўзинг овутиб ол! Ана, келяпти бечора…
– Раисжон, мени кечиринг, болаларимни асраб қо­лолмадим, ота-онамизни асраб қололмадим. Мени кечиринг, раисжон. Мени уриб ўлдирсангиз ҳам розиман.
– Йўқ, йўқ, Малика, ундай дема, сен айбдор эмассан. Ҳаммасига касофат уруш айбдор. Энағар Гитлер айбдор. Ҳали у ҳезалакка кўрсатиб қўяман. Ўртоқ Сталин барибир ғалаба қилади. Ҳозир душманга сич­қоннинг ини минг танга бўлиб қолган.
Малика отаси тенги табибдан ийманиб эрининг кўк­сига бош қўйди. Муздай совуқ темирлар – юлдузли медаллар Жумақулнинг кўксида уриб турган юрак зарб­ларига йўл бермасди. Тебраниб, жиринглаб ха­лақит берарди.
Оҳ, ўз уйинг – ўлан тўшагинг. Кўз очиб кўрганинг ёнингда бўлса, қоронғу тунда ҳам чироқнинг ҳеч кераги йўқ. Улар бир-бирини тўйиб-тўйиб ҳидлаб маст бўлиб ухлаб қолдилар. Ола-чалпоқ бўлсаям, оқланган уй, оппоқ тонг ёғдусида янада ёришиб турарди. Малика эрининг қучоғидан чиқиб, даҳлизга ўтиб ювиниб-тараниб олдида, қайдадир қолиб кетган чўлтоқ супургини топиб, эшикни супура бошлади. Жумақул уч йил орасида бугунгидай тиниқиб ухламаган эди. Туш ҳам кўрмади. Босриқмади ҳам, ярадор жойлари зирқираб оғримади ҳам. Қора қумғонга солиниб ўчоққа қўйилган сув биқирлаб қайнаганда сакраб ўрнидан турди. Малика идишқовоқда илиққина сув қуйиб турди. Жумақул пишқириб ювинди. Ҳарбий кўйлагини кийиб, устидан куёвлик тўнини елкасига илди. Юк халтасини очиб, икки бўлак қора нон, қанд-қурсларни дастурхонга қўйди. Икки ўғилчасига атаб олган совға-саломини кўрсатгиси келмади. Икковлон бирга чой ичиб, тамадди қилишди. Нонушта пайти эр-хотин бир-бирини зимдан кузатди…
Эр: Озиб-тўзиб кетипти, ёлчитиб нон емаган. Касалманд болаларга қараш, қўлида жон бердириш, қайси аёлнинг юрагини эзмайди.
Хотин: Бечора эрим, урушда роса қийналипти. Ярадор бўлмаган жойи йўқ. Эй, мен нима деб ўй­лаяпман, жони омон қопти-ку. Не-не азаматлар урушдан қайтмади. Тўрт мучаси соғ-омон қайтипти-ку. Хайрият, етказганига шукур!
Ўшанда кеч куз эди. Дов-дарахтлар хазон фаслини ўтказиб, деярли яланғоч бўлиб қолганди. Ўрик шохларидаги сўнгги япроқлар танадан ажралгиси, бандидан узилгиси келмай сўнгги байроқча бўлиб ҳилпираб турарди. Қайрағоч барглари эса қор ва изғиринни кўради. Жумақул ҳамон ҳарбий кўйлак-шимда, ҳатто қалин пайтавасини ҳам ташламаган. Бир куни қиш олдидан ўйлаб юрган ишини қилди. Қўлига темиртак пичоқ олиб қўш кабутар чизилган деворни қириб ташлади. Атала лой қилиб устини суваб чиқди. Бунга ҳам қониқмай бурчакдаги ғишт печни ҳам бузиб ташлади. Кунжакдан сандал-ўчоқ очиб, тол ёғочдан сандал ясаб ўрнатди. Дераза-ромлару эшик-туйнукни ёпиб ташлади. Ана энди қиш дегани келаверсин. Бу ернинг қиши Жумақул кўрган қишлар олдида мойли ҳалводай гап. Улар қаҳратон қишни бир амаллаб ўтказишди. Кўкламнинг илиқ кунларида Жумақулни яна фронтга жўнатишди. Энди душман зўр бериб чекинаётган, аламзада касофатлар эгаллаб турган жойларига ўт қўйиб кетаётган эди. Энди газандани ўз уйида янчиб ташлаш учун изма-из қувиб бориш ва Берлинда қизил байроқни ўрнатиш керак. Худди шундай бўлди ҳам. Жумақул Рейхстаг устига алвон байроқ илинганини кўрди. Ноҳақ тўкилган дарё-дарё қон шуъласи офтобни-да қорайтириб юборган эди. Бироқ бу урушдаги Ғалаба. Ҳар бир тирик қолган аскар қадри ҳар недан баланд. Унинг ортидаги чек-чегарасиз Ватан унданам қадрли. Ўлмаган қул барибир ютади. Жумақул кўп бор яраланди. Палаги тоза насл дарров ўнгланиб тузалиб кетаверди. Ўлим дегани доғда қолаверди. Ғолиблик кўп қатори унинг ҳам чекида бор экан, кўксини орден-медалга тўлдириб юртга қайтди. Юрт эса харобдан-хароб бўлиб ётарди. Оддий аскар Жумақул Қодиров бир пайтлар овулда ягона бўлган уйини бузиб, устини очиб, ундан чиққан арча болорларни кўзи қиймай, катта қишлоқ адоғидан яна уй тик­лади. Оддийгина лой сувоқ том. Бошқалардан зиёд жойи йўқ. Агар озгина оқлатиб гул кестирса, кўз тегиб қоладигандай, васса жуфтли лой сувоқ уйда тинчгина яшаб туришни ҳаммасидан афзал билди. Тўрт-бешта ўғил-қизлари каттаргандан кейин ҳам уй-жойини янгилашга шошмади. Ҳамма томини шифер қилганида, оддий аскар бунгаям лоқайд қаради. Урушдан кейинги ўн йиллик бус-бутунича тик­лашга қаратилди. Иш ҳақи, меҳнатга тўланадиган пул гўё қимматбаҳо қоғоз-заёмга айланди. Одамлар тинмай бир ой ишлаб, узоқ муддатли тилла заём – қуруқ қоғозга эгалик қилаверди. Қашшоқлик эса давом этаверди. Пул бермай ишлатадиган ҳукумат бор бўлсин. Ҳали зўр бўлади, биз албатта коммунизм қурамиз, дея ўзини ҳам, болаларини ҳам юпатарди Жумақул фирқа. Бизда ҳаммадан зўр дейишдан уялмасди бошқалар ҳам. Коммунизмга бор-йўғи йигирма йил қолди-я, ҳа денглар деб, жаврарди. Бир вақт “Қайта қуриш” бошланди. Бечора Малика “Қайта қуриш”ни ҳам кўрмай жигар касалидан вафот этди. Тўнғич қизи Турсунтошни куёвга узатишга ҳам улгурмади. Илашбой ўғлининг уйланиш тўйини ҳам кўрмади шўрлик. Танадаги жароҳатларни назар-писанд қилмай келаётган Жумақул фирқа бирдан чўкиб қолди. Бора-бора қанд касали, дегани чиқди. “Коммунизм”нинг эса уч-қуйруғи ҳам кўринмасди. Мабодо тўсатдан кўриниш бериб қолса ҳам уни рўй-рост таниб олиш учун фир­қанинг кўзлари ҳам хира тортиб қолганди. “Қайта қуриш” юракка ваҳима солиб қўйди. “Пахта иши” деган балойи офат ёпирилиб не-не азамат йигитлар қамалиб кетди. Олим пахтакор ўғлининг хўжаликда озгина раис бўлиб ишлаб, ноҳақ жабрланганидан ғазаби қўзиган қуролдош дўсти Обиддин фирқа нақ Московга ариза кўтариб бориб, ноумид қайтиб келиб, ётиб қолдию, жон бериб қутулди. Ота-онанг ўлса-ўлсин, қадрдонинг ўлмасин. Жумақул фирқа жўралари Обиддин фирқага ҳам, Маматқул раисга ҳам кўп куйди. Энди ўзига ҳам навбат келиб қолгандай эди. Тан маҳраминг, ёр-биродаринг бирин-кетин кетаверса, оғзингдаги тишингни бировига қурт тушса, бошқаларига зил кетгандай безовта бўлмайдиган одамнинг ўзи йўқ. Дори-дармон ҳам орзу-умиди узилган одамга ярайди. Жумақул бобонинг умид оти жудаям толиққан, ўзининг ҳам таппа ташласа қайтиб турмайдиган шашти бор. Хайриятки, ўша кунларда қишлоқда эпкинли хабар тарқалди. Вилоятнинг биринчи раҳбари шахсан ўзи келиб уруш фахрийлари билан учрашар эмиш. Жумақул бобони ҳам қўярда-қўймай олиб кетишди. Бобо “Қизил юлдуз” орденини яктаги ёқасига тешиб-тақиб олган эди. Биринчи раҳбар фахрийлар билан обдон суҳбат қурди. Ҳол-аҳвол сўради, айнан Жумақул отага тўхталиб, бир-икки ширин сўз билан кўнглини кўтарди. Тезда ётиб даволанишни маслаҳат берди. Ҳали яхши замон келади, яшариб кетасизлар, дея ҳазил-ҳузул қилиб, толиққан умид отини қанотлантирди. Фахрийлар қу­вониб қайтишди.
Эртасига эрталаб яп-янги “Тез ёрдам” машинаси Жумақул бобонинг эшиги ёнига келиб тўхтади. Оппоқ халат кийган икки ёш йигит тортинмай, отани қўярда-қўймай қўлтиғидан суяб, уйдан олиб чиқишди.
– Сиз орденли фронтовой Жумақул Қодировсиз-а? Биз нақ Шаҳрисабз шаҳрининг ўзидан келдик. Биринчи раҳбарнинг топшириғи. Сизни ҳар томонлама яхшилаб даволашимиз керак. Ҳаммаси давлат ҳисобидан бўлади. Юраверинг, қайтишда манови ҳассани ташлаб қайтасиз. Гарантия!
Жумақул фирқа бундай меҳрибончиликни яқин орада кўрмаган эди. Ҳиқ-ҳиқ этиб ўпкаси тўлди. Хира тортиб қолган кўзларига ёш келди.
– Раҳмат болам, тузалгандай бўлдим. Илойим ўша раҳбаримизнинг умрини узоқ, ризқини мўл қил­син! Бу одамда бир неклик кўряпман. Кеча оқшом тушимга кирган эди. Оқ от миниб олган эмиш. Келинг ота, сизни отга миндириб катта шаҳарга олиб кетаман, дермиш. Мен бир ногирон, ярим жон одам, отга минолмайман, деб унамаган эдим. Мана бугун машина юборипти, отасига раҳмат. Барака топсин!
Жумақул фирқа роппа-роса бир ой Шаҳрисабзнинг сўлим ва баҳаво жойидаги беморхонада ётиб даволанди. Жон-жонлаб, жон берадиган дўхтирлар, фақат қаноти йўқ фаришта ҳамширалар отани бошига кўтаришди. Оқ ювиб, оқ тараб муолажа қилишди. Худди мўъжизанинг ўзи. Ўн беш кун ўтар-ўтмас дармонга эниб, кўзлари равшан тортиб ҳассасиз юрадиган бўлдию, «кетаман»лаб қолди. Кўнгил тубида чўкиб ётган орзулар жонланган эди.
– Қизимни чиқаришим, кенжамни уйлантиришим керак…
– Сиз барвақт кетиб қолсангиз, биз каттага нима деймиз, – дейишди дўхтирлар.
– Тилимдан “тилхат” бераман, соппа-соғман.
– Укол-дориларингиз бир сира тугасин, кейин майли.
Отаси шифохонадан тузалиб қайтган куни Илашжон бир қўй сўйиб қон чиқарди. Изи тўйга улашиб кетди. Укасига келин қилди, синглисини узатди. Қўш келин ўртада қайнотага роса қарашди. Болаларидан қарзини қутилган ота қушдай енгил тортиб қолган эди.
– Энди Малика момонгизнинг ёнига кетсам бў­лади. Тушимга кўп кираяпти, соғиниб қолган шекилли.
– Йўқ-йўқ, ундай деманг, ҳали невара-чевараларингизнинг ҳам тўйини кўрасиз, – дейишарди болалар.
– Майли, майли, тақдир қилса кўрамиз…
Орадан тўрт-беш йил ўтиб, бир куни мактабдан қайтган тўрт невара бобоси ёнига бирваракайига салом бериб, кирди. Хаёлга чўмиб ўтирган чол беихтиёр чўчиб тушди. Кўксига туф-туфлаб “бор жонимай ” дея саломга алик олди.
Катта невара оғзини тўлдириб гап бошлади.
– Бова-чи, бова, биз Мустақил бўлдик. Юртбошимиз шундай деб эълон қилди. Энди бизга мазза бўлди. Бобожон, сизгаям муборак бўлсин!
– Сизларга муборак бўлсин, болаларим. Айтдима, ўша биринчи раҳбарда бир неклик бор, деб. Оқ от мингани бежиз эмас экан. Аниқ, отнинг жиловида Хизр бува бўлган…
Отага қаттиқ суюниш ҳам оғирлик қиларди. Унинг хаста юраги бу қувончни кўтара олмади. Бирдан тез уриб, кейин секинлаб қолди. Қон босими тушиб кетиб, ранги докадай оқарди. Ҳовлиқиб етиб келган Илашжон рози-ризолик тилашга ҳам улгурмади. Отаси оғзидан уч марта «Худога шукур» жумласини эшитди, холос. Кулиб туриб, жон берган отанинг юз-кўзларида ёп-ёруғ табассум қотиб қолган эди…