Ғози Раҳмон. Қарқара мерган (ҳикоя)

Мерганнинг отда ўтириши қарқара қушга ўхшайди. Бироқ кўзлари қисиқ, бодом қабоқ, қароқлари қип-қизил қонталаш, қўлидаги лочин қушнинг кўзлари монанд.
У туғилиб вояга етган Сардоба қишлоғидан отнинг бошини ўнг тарафга бурсангиз Бухорога, чапга қайрилсангиз Жайҳуннинг нақ ўзига олиб чиқади.
Қарқара мерган бир пайтлар Бухоро амирининг номдор сарбози бўлган. Ҳар қандай муҳорабада мерганнинг куни туғади. Ўзини кўрсатган мерган ёвқурлиги учун амирнинг қўлидан ҳам, йўлидан ҳам кўп илтифот кўрган. Бироқ оёғидан оғир ярадор бўлиб чопишга ярамай қолганида истеъфога чиқиб, уйига қайтиб, уйланиб, бола-чақа кўриб, тинчгина овчилик қилиб юрган жойи.
У ов қилар ҳудуд бепоён уммоннинг ўзи. Аслини олганда, бу майдон ўртасидан бир пайтлар Қашқадарё оқиб ўтиб, Жайҳунга қуйилган. Балки Тоҳирни оқизган дарё ўзани айни шу қум барханларидан ўтгандир. Кета-кетгунча бироз сойлик экани, айни баҳорда фақат тоғ этакларида ўсадиган эрбаҳоси, шувоқларининг тўп-тўп бўлиши, улар орасида тулкию товушқон, шоқолу бўриларнинг кўп юриши, тахминни тамғалайди. Сойнинг икки қаноти теп-текис қумлик майдон бўлиб, уям тап-тақир саҳро эмас. Юлғун ва саксовуллар соясида бемалол соялаш мумкин. Уларнинг майда баргли шохлари орасида ҳам саҳро қушлари тухум қўйиб, бола очади. Ҳамма нарса бор-у, фақат сув йўқ. Оҳулар галаси сув қидириб, Жайҳунгача чопиб боришади ва унда қамишлар орасида ётган йўлбарсларга ем бўлади. Айтмоқчи, Қарқара мерганнинг уйида Жайҳун йўлбарси териси осиб қўйилган. Демакки, Қарқара юрак бетлаб йўлбарс овигаям борган ва шўппайиб қуруқ қайтмаган. Дарвоқе, Қарқаранинг минадиган оти ўзининг ранг-тусидай қоравут эмас. Ўмгани катта, оёқлари узун-узун жийрон қашқа. Салгина қимтисанг бўлди, қийнамай узоқ чопа олади. Мисли қанотли тулпор. Жайҳундан ўтаётганда қорнини шишириб, меш қилиб олади шекилли, ўрдакдай сузиб қирғоққа чиқиб силкиниб-силкиниб йўл қараб тураверади. Қарқаранинг ўлжаси ярадор йўлбарс бўлсаям ҳеч қийналмай, тисланмай ортиб келади. Йўлтўсар қароқчилар тўдаси ҳам неча бор ҳужум қилиб мерганни қўлга туширолмаган. От эгасининг кўнгил тилини билади. Мерган ҳам бу отга жонини беришга тайёр. Бир нохуш воқеа бўлдию, мерган ҳаммасидан қўл силтаб тарки дунё қилди.
Сардобанинг бой-бадавлат одамлари кўп. Уларнинг энг зўри Жобирбек эса тилло тангаларни саночга солиб, кураклаб шопиради. Бироқ элим-элатим дейдиган хилидан. Амирлик томонидан ҳар йили уч-тўрт марта қишлоққа ташланадиган ўлпончиларнинг бировини ҳам эшикма-эшик юрдирмай, бир ўзи тўлаб юборди. Кейинроқ бошқа бойлар билан келишиб, озми-кўпми ёрдам олсаям, буни оддий авомга билдирмайди. Сардоба қуриш ташаббуси ҳам Жобирбекдан чиққан. Бундай улкан сардоба Қарши ва Бухоронинг ўртасида танҳо десаям бўлади. Қурилиш харажатларини бойнинг ўзи кўтарган. Орияти баланд, саховати ундан бинойи.
Буни қарангки, бойнинг иккинчи хотини Гулзода форсий забон бўлиб, Жайҳуннинг нариги тарафидан тушган. Ой деса оғзи, кун деса кўзи бўлсаям бойга тушгандан бери фақат қиз туғади. Беш қиздан кейин бир ўғил – Турсунбойни туғиб олмаганида Жобирбек унинг тўшагини қайта босмай қўйиши ҳеч гап эмасди. Ё отага мол, ё қизга жамол деганларидек бой қизлари бирин-кетин жойини топиб кетди. Кенжа қиз Ҳуснора келган совчиларни қайтариб ётибди. Қарқара мерганнинг ҳам бу қизни кенжа ўғлига келин қилиш нияти бор. Эна дарёнинг нариги тарафидан ҳам совчиларнинг қадами узилмаяпти. Бир куни ҳеч кутилмаганда кор-ҳол рўй берди. Қиз ўлгур энажони билан тил бириктириб, ўзича муносиб куёв топиб, холаваччасининг отига мингашиб дарё ортига қочиб қолди.
Тонг азонда бомдод намозидан кейин қизининг номаълум куёв билан қочиб қолганини “суярча” хотинининг ўз оғзидан эшитган бойнинг тепа сочи тикка бўлиб, кўз олди қоронғулашиб “сенга уч талоқ” деб юборишига сал қолди. Ўзини зўрға қўлга олдию, “Сенинг тўшагинг энди менга ҳаром” дея олди, холос. Бой кун бўйи уйдан чиқмади. Тун бўйи мижжа қоқмади. Унинг эрталабки қарори бешафқат бўлди:
– Қарқара мерганни чақиринглар!..
Мерган Жобирбекни бой бўлгани учун эмас, элим, дегани учун хуш кўрарди. Катта оғасидай унинг имо-ишорасига ҳозиру нозир эди. Бу сафар ҳам бир оғиз сўратгани, яхшиликка деб келдию пойига тиз чўкди.
– Мерган оғам, сенинг хабаринг борми-йўқми, менинг бошимни эгиб кетишди. Қизимни олиб қочишди.
– Қайси қизингиз, Ҳуснораними, мен уни сарбоз ўғлимга сўратмоқчи эдим.
– Қанийди шундай бўлса? Энди уларни қўш­мо­зор қиламан. Қарқара, мен кўп ўйладим. Жонимни қақшатиб йўқ демасанг, айтаман.
– Майли, сиз бир нима десангиз, йўқ дермидим.
– Фақат сен бу ишнинг уддасидан чиқасан. Сен ва ёлғиз Аллоҳ!
– Тортинмай айтаверинг.
– Сенга уч кун муҳлат. Ўша нобакор қиз тушган ҳов­лини қидириб топасан. Келин-куёвнинг бошини та­­насидан жудо қилиб, қўш каллани келтириб, менга кўр­сатасан. Мендан ўша беўй бошларнинг оғирлигича тилло оласан.
Мерган бехос “ихх” деб юборди. Бой эса хотиржам, ҳижжалаб шартни яна қайтарди.
Мерган ҳар сафар ов қилганида ўлжаси урғочи ҳайвон бўлса кўп ачинарди. Ахир бундан зурриёд қо­лади-ку. Ярадор бўлгандаям, даволаб қўйиб юбо­рарди.
– Тушундим, улардан насл қолмаслиги керак! Бой ота, яна пушаймон бўлмайсизми?
– Уларнинг айби – гуноҳи менинг бўйнимда. Сен менинг ор-номусимни қайтариб, қўлимга берасан.
– Майли, бой ота, бир уриниб кўраман. Битта бошга битта ўлим ҳамиша бор.
Жийрон қашқа ниманидир сезгандай бўлди. Бели тортилаётганда, юган солинаётганда, устига хуржун ортилганда тувлаб – қулоқ жимирди. Агар тили бўлса ялиниб-ёлвориб мерганни ёмон ниятдан қайтариб оларди. Бироқ йўлда ҳам, Жайҳундан ўтаётганда ҳам от ўзини сездириб қўяверди. Буни аллақачон билган мерган дарё ўртасидан сузиб бораётиб, ортга қайтмоқчи бўлиб жилов тортди. Энди от жонивор изи­га қайтишни истамади. От мени тушунди деб ўйлаган мерган қирғоққа қараб жадал сузиб кетди. Бераҳм тақдирни кўринг. Келин-куёвнинг никоҳ иддаси ўтиб, айни шу оқшом бир-бирига қовушган эди. Бундай пайтда ҳатто илон бўлсаям ўлдириш гуноҳи азим. Мерган эса ор-номус деб шу ақидани ҳам унутиб қўйгандай эди. Азроилни кутиб ўтирмай қилич яланғочлаб нақ гўшанганинг ўзига бостириб кирди. Тун қўйнида ишқ висолидан маст икки севишганнинг танасидан бошини олиб, хонани қон билан тўлғазиб, кўзлари чақчайиб қолган бошларнинг киприкларини ёпиб, хуржунга солиб отининг ёнига яқинлашганда жийрон пишқириб кишнаб юборишига сал қолди. Хайриятки, олдинда дарё бор. Унда ювиниб-покланиш мумкин. От ҳар сафар кечувда бемалол сузарди. Бу сафар атайлаб қилгандай шўнғиб-шўнғиб олди. Худди шу пайт мерганнинг қаттол танаси от билан сувга ботиб-ботиб кетар, бундан фойдаланган мерган юз-қўлларини ишқалаб-ишқалаб ювиб олар эди. Шу алфозда кундуз куни юриб бўлмас эди. Хуржунга чивин айлана бошлаганди. Кундузи бирор пана ўнгирда ётиб, тунлари тўхтамай юрган мерган айтган куннинг охирги кечаси Жобирбекнинг эшигига кириб борди. Хуржундан чиқарилган бошлар ювиқсиз эмас, малларанг докага ўхшаб қолганди. Уларга кўзи тушган бойнинг рангу рўйи ҳам худди шу тахлит оқарди. Юз-қўлларини саҳро қуёши куйдирган мерган эса кўкариб кетганди.
– Воҳ, болам, воҳ жоним-а, ҳам қизимдан, ҳам тилломдан айрилдим. Эй Худо, менга ажал бер!
Мерган ваъда қилинган тиллога ҳам қарамай уйи­га қайтди. Бечора жийрон қашқа уч кунга ҳам етмади. Ҳеч нарса емай-ичмай, кўзларидан юм-юм ёш оқизиб, тик туриб жон берди. Уни мерган ювиб-кафанлаб, катта қабристон девори тагига кўмиб келди. Қирқ кун аза очиб, дунё ишларидан қўл силтаб Тангрига ялиниб-ёлвориб ибодатга юкинди. Жобирбек эса ўша куннинг ўзиёқ савдойи бўлиб қолдию, қизининг бежаноза кўмилган мозорига қатнаб юриб, еттинчи кун унинг ўлигини ўша қўш қабр ўртасидан топдилар. Бойнинг ўғиллари унга кўпам ўхшамади. Невара-чеваралар бобомдан қолган мерос, деб ўша кўҳна сардобага ҳамон кўз-қулоқ эмиш.

“Ёшлик” журнали, 2015 йил, 5-сон