Ғози Раҳмон. Дунё асбоби (ҳикоя)

Агар киши Исо каби юкини кўчага олиб чиққанда ҳам, игна унинг йўлини тўсиши мумкин. Зеро игна дунё  асбобидир.
Жалолиддин РУМИЙ

Бу мангу обод маскан Ҳисор тоғларидаги Ҳазрати Султон, Хўжа пирпироқ чўққиларининг этагида, улар бағрида эримай ётадиган, яхмалак ёпунчуғи сариқ саратон офтобидагина зўр-базўр кўз ёш тўкканида унинг ғоят мусаффо шаҳду шиддатини бир томонда ҳамиша офтобга тикилиб ётадиган Муқанна ғоридан тортиб, нариги тарафдаги Самарқанд далаларини ҳам файзиёб этар, бор бўйи билан Яшил водийга интилган чашмалар жон риштаси каби етиб борган жойини гуллатиб, яшнатиб ётади. Шукрона улки, Тангри таоло ҳайбатидан қўрқиб, қоқилган қозиқдай қаққайиб туриб қолган Ҳисор – қўрғонли тоғнинг ўнгу сўлида абадий сукунат эмас. Бу хилқат гунг ва соқов бўлгани билан ўз бағрига Қақнус каби илоҳий зотларни, бойлик, шону шавкат, дабдабали ҳаётни ҳеч, деб билиб, Увайс каби йўқлик қаъридаги мангу борлиққа интилиб, Тангрига дўст тутинган азиз-авлиёларни имлаб чақиргани тасодифий эмас. Энг қизиғи, уммонида ютишга тайёр юҳо нафсини енгиб, ўзини англаши ҳамоно Яратганнинг даргоҳига тобора ё
вуқлашган авлиё зотлар айнан шаҳри азим ёки дашту биёбонга эмас, Куррайи Заминдан юксак бўлгани билан Фалак ва Коинот ҳукмдорига анчайин яқин тоғ-тошлар, ғорлар бағрига умтилгани бор гап.
Асли ғилонлик, кейинчалик Бошқофда яшаган Мулла Қосим Бошқофийни оладиган бўлсак, ул зот «Дил ба ёру даст ба кор» мақомида иш тутиб, оддийгина хивчиндан сават-гажава тўқиш ҳунари билан тирикчилик қилиб, тош тоқату тоат-ибодати билан «Калом» илмини эгаллаб, талаб водийсига сайру саёҳат қилиб, юз ёшининг юзини кўриб, пирлик мақомига эришди. Шайх фоний дунёдан ўтганидан кейин ҳам, унинг хилхонаи-тупроғини ҳам кўзга тўтиё қилдилар. Тангрининг хоҳиш иродаси билан Шайхнинг жонини тарк этган танаси қабрга киргач ҳам, Оллоҳ зикрини айтишдан тинмади. Зикри само гулхани ҳар оқшом ловуллаб ёниб, қабр тупроғини қайнатиб, куйдириб, лаъл-ёқутга айлантирди. Унинг тупроғи Тангри даргоҳига олиб борадиган йўл устида бўлгани учун Даври Қиёматгача йўқлаб туриладиган бўлди. Булбул тўрт-бешта тухум қўйиб, бола очиб, бор-йўғи биттаси сайроқи булбул бўлиб етишиб, қолгани жиртаки қуш бўлиб кетганига ишонадиган бўлсак, Шайхнинг уч-тўртта фарзанди ҳам оддий тирикчилик гирдоби
га сингиб кетиб, отадан мерос маҳзумлик ҳам уларнинг белини майиштириб юборди. Олти ёшлигида отасидан сабоқ олиб, ўн етти ёшида қорилик мартабасига эришган кенжа ўғил Аълам Бошқофий инчунун тириклик дея йигирма ёшида уйланиб, бир ўғил, бир қизлик бўлганида оиласи билан Сибирга бадарға қилинди. Салкам ўн йил сургун азоби унинг жуфти ҳалолини ҳам, икки норасида гўдакларини ҳам бағридан юлиб олди.
Берганига ҳам, олганига ҳам минг бора шукрона айтиб, фақат Калом сеҳру-синоатига суяниб яшаган Аълам Маҳзум қишлоғига қайтиб келганида соч-соқолини қиров қоплаган, энди қирқдан ошган бўлса ҳам, қадди қомати асонинг бошидай таъзимга чоғ-ланиб улгурган эди. Қишлоқдошлар уни қўярда қўймай тенгу-тўшидан орқада қолиб кетган, энди ҳур қизлик сари юз буриб турган намозхон бир қизга уйлантириб қўйишди. Маҳзум ҳам отаси каби азизлик даргоҳига йўл олиб, унинг қулфи калити дарвозасини очиб, энди бу даргоҳга бўйламоқчи бўлиб турганида ажал пайконидан отилган ўққа нишон бўлиб, жонини жабборга топширди. Хайриятки, Маҳзум отаси тупроғи ёнидан жой олди. Отани Ватан дейдилар. Маҳзумдан қолган учтагина зурриёднинг бирови ўғил бола эди. Эна тарбиясини кўриб, ундан «Ҳафтияк» саводини олган Абдулҳамид худди отаси каби эсини танигани ҳамоно тоат-ибодатга берилди. Лекин унинг ўсмирлик, балоғат палласида «Қизил» ҳукумат тазйиқи билан энг чекка қишлоқда ҳам намоз ўқийдиганлар сони сийракл
ашиб, яккам-дуккам бўлиб қолган, бу тоифага ётсираб қараш авжига чиқиб бораётган эди. Шул боисми Абдулҳамид ўн етти ёшида ариза бериб, ҳарбийга кетди. Худди отаси каби Новосибир ўрмонида ёғоч кесиш гавдаси кичик, аммо милтиқнинг ўқидай шипиллайдиган мулла йигитчага ҳам насиб этди. Бундай хизмат ҳеч кимга наф бермайдиган, уч йиллик умрни беҳуда ўтказишдан бошқа нарса бўлмаса ҳам, Маҳзумнинг бироз бўйи чўзилди, оқ юзи бадтар оқариб, қош-киприклари баайни қундузникидай ялтираб, қорайди. Маҳзум хизматда ҳар қанча қийинчилик бўлса ҳам беш вақт намозу, рўзани тарк этмади. «Оқ қўйнинг гўштидан емасанг, бу ерларнинг совуғига чидаш беролмайсан, ўпкангни совуққа олдириб қўйсанг, бир умр рангинг сомон бўлиб ўтади» дея ичи ачиб, насиҳат қилган жўралари, «чурбан, чёрный, ещ на здорове» дея командирлар томонидан гўё раҳм-шафқат пардасига ўралгану аслида таъна дашном ва камситишдан иборат ўгитлар унга кор қилмади. Бу ўзига хос солдат бир бўлак нону икки бў
лак чақмоқ қандга гўшт тўла косасини алмаштириб, шунисига шукр қилиб юраверди. Бора-бора унга «бывает такой веруший» дея ҳеч ким эътибор бермай қўйди. Тожикзабон бўлгани учун рус тилини ҳам тез ўзлаштирди. Хизматнинг иккинчи йили ўнг оёғига оғир ёғоч тушиб кетиб, қирқ кун касалхонада ётиб, соғайганидан сўнг ҳам унга жавоб беришмади. Бироз енгилроқ хизмат, ёғоч тахта омборига қоровулликка қўйишди. Фақат фарз намозларини ўқиб юрган Маҳзум энди суннат намозини ҳам тўкис ўқийдиган бўлди. Кам-кам хўрак қилгани учун ҳам таҳоратни маҳкам ушлар, тонг пайти оёғини ювиб, қалин пайтавали этигини кийиб, беш вақт намозни шинел устида ўқир, тез айтиш каби жадал ўқилган намозни биров билиб, биров билмай қоларди. Ният қилиб юз бурган томонини қибла, деб ўйлаганидан Каъбатуллоҳ ҳам ўша тарафдан бўй кўрсатар, чап елкадаги гуноҳ ёзадиган фаришта бемажол ҳаракатсиз қолар, ўнг елкадаги фариштанинг ҳисоб-китобига барака эниб борарди.
Коля Маҳзум намоз сўнггида ноҳақ айбланиб, Сибир кўрган бегуноҳ ота жонининг жаннати бўлганига юз фоиз ишонса ҳам, қисқа тиловат билан етти пушти, айниқса, шайхил машоях бўлиб ўтган бобожонини қўшиб, дуойи хайр қиларди. Фақат шом намози бундан мустасно. У ҳар куни бомдод намозидан фориғ бўлгач, чин дилдан пичирлаб «Ла илаҳа иллоллоҳ» калимасини минг марта такрорлар ва бунинг савобини отажонининг руҳи-покига бағишлар эди. Хулласки, Маҳзум ўз умрини беҳуда ўтказди, дейиш ноқулай бўлар, аммо мусофирлик чин мусулмонлик эшигининг мўъжазгина калитини ҳадя этди дейилса, маъқул бўлар.
Айни май қуёши Мироқи тоғи этакларини, зўрға бир арава сиғадиган тошли тоғ йўлларининг атрофларини бошига яллиғ чўғ қўндирган алвон лолаларга тўлдириб ташлаганида, бир қўлига аскар шапкасини олиб, иккинчи қўлида панер жомадон кўтарган, онажонини тезроқ кўрмоқ илинжида шошилиб ўрмалаб кетаётган ҳарбийни кўрганлар Отинча амманинг ўғли армиядан қайтибди-да, дея бир энтикиб қувонганлар анча-мун-ча бўлгани рост гап. Отинча амма – онаизор ўғлим отасизлигидан ўксинмасин, дея югуриб-элиб, қўшнисининг бир улоғини қарзга олиб, қон чиқарди. Ўша пайтлар уч йиллик армиядан қайтиш салкам урушдан соғ-омон қайтиш билан бўйлашар, колхоз ночор бўлса ҳам Коля Маҳзумнинг «солдат тўйи» учун бир қозон ош дамлаб, тўйга, деб от қўйиб чақиргани кўпчиликнинг ёдида қолган.
Энди буёғини эшитинг. Индамайгина юриб йигирма икки ёшни босиб қўйган ибодатгўй йигитнинг кўнглига Тангри таоло ишқи аллақачон кириб улгургани ва тобора зўрайиб бораётганини кузатиб келаётган бўлсангиз керак. Тавба дегулик, қишлоқда чакана қўй-эчки боқиб юрадиган Ҳайит чўпоннинг шўх-шаддод қизи Гулбаҳорнинг ишқи ҳам жой талашмай кира қолганига ҳайрон бўларлик. Ўша куни ёзнинг ёзилмаган палласида Маҳзум пешин намозини ўқиб, онажонига раҳми келиб сувга йўл олганди. Ёлғизоёқ сўқмоқ тўппа-тўғри Бургут қоянинг нақ киндигидан қиқирлаб қайнаб чиқадиган «Бибо» (тожикча – яна келинг) деб аталадиган чашма бўйига элтади. Маҳзум сўқмоқдан маржон топиб олмоқчидай йўлга тикилиб кетатуриб, бошига мис кўза қўйганча икки қўлини қанот қилиб, хаёл суриб келаётган Гулбаҳорга урилиб кетиб, ҳар иккисининг ҳам эси оғиб қолаёзди. Қизнинг бошидаги кўза тушиб, сўқмоқда ёнбошлаб олиб, ичидаги сув қиқир-қиқир қилиб оқиб ётганида, тоғ лоласидек кийиниб олган қиз бир ч
имирилиб олди-да: «Писар гаранг шудаге ё суқир», дея йигитга қараб нолиш ва ноз қилаётир. Қизнинг кўзларига йигитнинг кўзи тушганда кечирим сўраш ўрнига тили тутилиб, дудуқланиб қолганига нима дейсиз? Йигит энди киприклари бир-бирини ачомлаб, қалб кўзи билан кўра бошлаган юрагининг туб-тубида бир пичирлаш садо бераётганди:
– Мен бу қизни ўн тўрт ёшимдан бери ҳар доим тушимда кўраман. Баъзан қиблага юзланганимда ҳам жойнамоз устида пайдо бўлади. Бу худди ўша. Ўшанинг ўзгинаси.
Қиз кўнгли: – О, бунақаси, қайда юрганди? Бу жоду кўзлар жонни олади-я. Анови қалдирғоч қанотидай мўйлаб остидаги ёқут лаблар чашмада урчиган зулукдай бунча бўсахўр!.. Эссизгина ман гўрсўхта, бекордан бекорга анови хумкалла йигитга бор-йўғи биттагина нуқра узук олиб бергани учун икки марта бўса бериб, қучоғига кирибман. Вой, бийижон, ман мўрам!..
Буни бир кўришда суйиб қолиш десак, андак хатога йўл қўйган бўламиз. Суймоққа йўядиган бошқа бир иддао ҳам бор. Улар бир-бирларидан тамоман бехабар кўз-кўзга тушмай, тасодифан омадли оққушлар каби қанотларини ёзиб келиб, ўмганлари билан бир-бирига урилган икки тарафнинг ҳам бўртган кўкраклари зарбидан оғизлар очилиб, беихтиёр «хиҳ» деб юборган ва бу овозга омихта нафас тўлқинлари зарб билан учрашгани айни муддао бўлиб, юраклардан ҳам аввал балоғатнинг муаттар ҳидлари бир оний висолга етиб улгурганини айтмасдан бўлмас. Ишқилиб бу икки жинснинг тасодифан тўқнашиб кетишидан Ҳисор тоғ бағрида чинакам чақмоқ содир бўлмаса ҳам қисқа туташувдан чиққан бир қатим учқун ҳам пишиб-қовжираб қолган хас-чўпни бирданига оловга айлантиргани каби икки юракни ёндиришга қодир гулханга айлангани рост. Бўлмаса Абдулҳамиддай Художўй, дунё кўрган йигит бор-йўқ бисоти, онажони, Гулбаҳор бўлмайди, оти чиққан қиз, дея ялиниб-ёлборганига қарамай «У бўлмаса дунёдан тоқ ўтаман»,
дея оёқ тираб олганини нима билан баҳолаш мумкин?..
Очиғи худди ўша никоҳ лаҳзасидан бошлаб, Абдулҳамид (яъни Оллоҳнинг қули бўлиб, унга ҳамиша ҳамд-сано айтувчи) билан Борлиқнинг эгаси ўртасида ботиний парда ҳосил бўлганини фаришталардан ўзга ҳеч кимса сезмади. Мулла йигит бир пайтлар худди шахматга ўхшаб кетадиган бу ўйинни ўсмирлик чоғида Аспидухтар қишлоғидаги мачит айвонида ўйнаб кўрган эди. Чамаси бу ўйин «Арши аъло» деб аталарди. Нарда тоши каби тўрт бурчакли тошда 1 дан 4 гача рақам ёзилган бўлиб, тахта устига ташлаганда қайси рақам чиқса, ўша рақам жойлашган катакда «савоб» ёки «гуноҳ» сўзлари ёзилган бўлиб, «гуноҳ» катагида илон ва илончалар бўлиб, уларга тушган ютилиб, «гуноҳ» катагига тушиб кетар, агар рақамингиз «савоб» катагига тўғри келса, унга қўйилган нарвон орқали юқорилаб, бора-бора Арши аълога йўл олишингиз мумкин. Ёки аксинча, ўйин давомида омадингиз келмаса, майда-чуйда гуноҳлар қуршовига тушиб қолиб, Олий даргоҳга сира чиқа олмаслигингиз ҳам мумкин. Абдулҳамид ҳам худди ўш
а ўйин майдонига тушган ўйинчи каби Оллоҳ даргоҳидан кўз узмай, аммо тириклик завқи-шавқидан ҳам бебаҳра қолмай, ҳамма қатори синов дунёсини ғарибгина бошидан мардона кечирмоққа бел боғлаган эди. Шоядки, тақвонинг барокотли қўли унинг ҳам ёзиқларини ўнглаб юборса? Ё бахтки, Абдулҳамиднинг чекига тушган паттанинг саволлари шу қадар оғир эдики, бу имтиҳондан эсон-омон ўтиш тугул, унга кўз қиринг тушиши ҳамоно ўзингдан кетиб қолишинг ҳеч гап эмас.
Ўшанда Абдулҳамид қизнинг енгил табиати ҳақидаги яқинларининг, ҳатто онаизорининг гап-сўзларига ҳам қайрилиб боқмади. Мажнуннинг девоналиги, Лайлининг беқиёс ишқига мубтало бўлганидан бизнинг мулла йигит илон авраган чумчуқ каби Гулбаҳорга интилар, таҳорат олиб намозга чоғлангани саждайи заминга эгилгани ҳамоно Гулнинг кўзларига тўқнаш келар, тиллари Оллоҳни улуғлашга чоғланса ҳам, юраги титраб-энтикиб, унинг номини такрорлашдан чарчамас эди.
Бу йил тоғда дўлана мўл бўлди. Тоғолча эса ундан-да сероб. Армияда чиниқиш мактабини ёмон тугатмаган собиқ аскар юлдузли камарини белидан ечмай, амакисининг қоп-қора тахта эшигини ва бир жуфт кажава саватини ижарага олиб, тоғ оралаб дўлана қоқиб, шаҳарга оптушиб, кўтара сотиб, пулини олиб қайтаверди. Ошиқлик дардини бошидан ўтказгандан сўра. Уйланаман деган йигитнинг ғайрати жўшиб, ўн йигитнинг куч-қудратини ўзига жамлаб олишини ҳеч кузатганмисиз?. Айниқса, ёқтирган қизингга «нон ушатиб» қўйишган бўлса… Қаҳрамонимиз жуссаси кичикроқ бўлсаям, илвирсдай чапдасту чаққонлик билан ишга киришиб, онасини ҳам дўлана теришга жалб қилиб, бозорга қирқ маротаба қатнаб, тўйга пул йиққанини, қиш-қировли кунларга қолмай бир уй, бир даҳлизни пахсадан кўтариб, арча ёғочдан устига тўсин ташлаб, вассажуфт териб, ғаров қамиш билан ёпиб олганини, теп-текис қилиб шувоқдан чиқариб, қўлбола эшик ва ром ўрнатиб, оқлаб чиққанини, даҳлизга албатта ташноб ўрнатганидан би
лса бўладики, бу уй келинпошшага аталган.
Тоғликлар тўй дастурхонига егулик ва ичгуликни мўл-кўл қилмаса ҳам, никоҳ тўйини эплаб, эъзозлаб, шоду хуррамлик ила каштасини келтириб ўтказа олади. Мўминқобил йигит билан шаддод қизнинг тўйи ҳам ҳеч кимдан кам бўлмади. Лапар ва ўйинда, ёр-ёр айтишда, оёқ босишда қиз тарафнинг ютиб чиққани кўпчиликнинг ёдида қолди.
30-йилнинг «қулоқлаштириш» даврида қизил ҳукумат «ёт унсур»лардан тозалаш тадбирида сон минг оилаларни бегона ўлкаларга кўчириб юборган эди. 50-йиллардагиси бурунгисига анча ўхшаса ҳам бироз юмшоқ бўлиб, тоғли водийлардан хаворга, фақат пахта экадиган янги ерларга кўчиришни бошлади. Эндигина чилласи чиқиб улгурган ёш оила ҳам кўпчилик билан янгидан ташкил этилган пахтакор хўжаликка келиб жойлашди. Омадни қарангки, бир оилага мўлжаллаб қурилган турна қатор уйлар тўдаси бир-бирига ўхшар, номерлаб қўйилмаса адашиб кетиш ҳеч гап эмасди. Бу худди ўша ҳаммани мажбуран тенг қилиб бир хилда ўйлаб, бир хилда бош қотиришга даъват қиладиган Қизил ҳукуматнинг азалий таомилига жудаям ярашиб тушгани қизиқ.
Гулбаҳор биринчи фарзандини туман марказида очилган туғруқхонада топди. У пайтлар чақалоқ туғилганидан кейин бирданига онасига кўрсатишмас, кейинроқ эмиздириб кетишса ҳам алоҳида хонада сақлашарди. Етти кунлигида ўғлини қўлига олиб, Рамазон деб қулоғига азон айтиб, исм қўйиб бўлган. Ота кўрдики, боласи айнан хабашга ўхшаш қоп-қора. Тавба дейишдан ўзга чора йўқ. Ҳаммамиз оқ танли, ҳеч бўлмагани ҳам буғдой ранг. Гулбаҳорнинг насл-насабида ҳам бунақаси йўқ. Бу кимга ўхшадийкан? Ё қудратингдан! Гумон имондан айиради, деганларидек, ёш отанинг душман кўнглига нималар келмади? Гулбаҳор хотиржам, унинг бу ҳолатини кўриб, ёш ота ҳам бир тўхтамга келди. Оллоҳнинг иродаси, берганига шукур! Илк бора Азонни жория айтган Ҳазрати Билолдай мусулмон бўлса бас. Ўша куни Рамазоннинг охирги куни эди. Эртасига ҳайит. Абдулҳамид ҳайит намозини ўқиб келиб, ўз-ўзига сўз берди: «Энди қолган умримни кундузи рўзадорлик билан ўтказаман, Оллоҳ ўзи куч-қудрат берсин!».
Гулбаҳор эрининг нега бундай қилганини қанча ялиниб-ёлвориб сўраса ҳам айтмади. Абдулҳамидни саратонда сувсизликдан лаблари тарс ёрилиб кетар, ташналик азоби енгай-энгай деб хуруж қиларди. Худди шундай ҳолат қаттиқ қиш пайтида ҳам содир бўлиб, оқ юзлари кўкариб, мижози совиб кетар, бу қийноқлардан барибир ўтиб кетаман, болам ўзимга ўхшамаса ҳам ўзим-ўзимга ўхшашим керак, деган тушунча жисми жонини эгаллаб олганди. У тирикчилик дея қишлоқ ўртасидаги пахта пунктида қоровуллик қиларди. Қирқдан ошиб, қирчиллама пайтида нуроний мўйсафид бўлиб қолгани учун қишлоқдошлари тўй-маъракага, айниқса, азадор жойга кўпроқ айтар, мулла ҳеч нарса таъма қилмай ҳокисор ўтириб, дуойи фотиҳа ўқир, кетишда нимани эп кўриб қўлига тутишса, кўзига суртиб олиб, нафақайи рўзғор деб уйига элтарди. Бу орада мулланинг чалпакхўрлари 3 нафарга етган, тўнғичдан кичиклари отасига ҳам, онасига ҳам қуйиб қўйгандай ўхшарди. Катта ўғил эса уйдан кўра кўчани яхши кўрар, бир иш қилади
ми-йўқми, дайдиб юришни одат қилганди. Бу орада рўй берган яна бир кўргулик муллани энасидан қайта туғилгандек қилиб қўйди.
Гулбаҳор кўчиб келгандан бери бригадир қўшнисининг пахта даласида ишлар, топган-тутгани кетмон, тутолмагани армон бўлиб яшарди. Лекин унинг бир томонига янги қишлоқлик ҳамма аёллар ҳавас қилишар эди. Бу аёл уч боланинг онаси бўлиб, яна кетмонга бўлсаям келинчаклик давридан қолган ҳар доимги одати эрталаб ва кечқурунги пардоз-андозини ташламас эди. Унинг майдалаб ўрилган қирқ кокили ишлаган пайтида қошига чамбарак қилинмаса, турган-битгани малол. Икки зулфининг қармоқи гажаклари, ўсма ва сурмага тўйинган қош-кўзлар ёлғончи сўқир дунёнинг кўзларини очиб қўйишга қодир. Уни эридан қониқмай, бригад билан дон олишади, дегувчилар ҳақу ноҳақлигини исботлаш миннатидан йироқда. Эр ҳам ниманидир сезгандай бўлади-ю, кўз билан кўриб, қўл билан ушлаб олмаса, ноҳақ туҳматга айланади, дея ўзини ишонтиришга уринади.
Замони келиб, пахтани «қўшиб ёзиш» бошланганда, баъзи бировларнинг нафси ўпқонига айланиб, босар-тусарини билмай қолди. Қўшни бригад ҳам ўша касофатдан қуруқ қолмаган эди. Чўнтаги суяксиз гўшт каби луғур пул кўрганидан ҳар куни бурни қизариб юрадиган, бироқ қоши каби қалин мўйлови бадтар каттариб, қулоғи тагини қитиқлайдиган бўлиб қолганди. Ҳаром луқма – ҳаром ҳиссиётни тарбиялаб, урчитиб беради. Яна бир нақлни эслаш жоиз: «Фунажин кўзини сузмаса, жувона ипини узмайди». Ҳар иккисини ҳам унутмаган ҳолда аралашиш ножоиз бўлса ҳам, бу оқшомги воқеадан огоҳ этишга жазм қилдик.
Бригад кеча кечқурун плани ярим бўлса ҳам, аванс пулига пахта пунктидан «кўпик» сотволиб, режани бажарган, йўқ пахтанинг ярим пулини чўнтакка олиб, шаҳарга тушган, заҳри қотилдан беш-ўн қултум ютиб, бозор оралаган, бир кийим хон атласу фаранги атирдан сотволиб, уйига келмай, кеч бўлишини кутиб, Гулбаҳорнинг уйидан чиқишини пойлаган. Гулбаҳор кўча бошидан биттаю-битта жўмрак қувурдан сув олгани келганида совға-саломни топширган, қоқ ярим кечада қўйнингга кираман, дея изини қумга солгандан кейинги Гулбаҳор ўзига келди.
– Йўғ-э, эрим билиб қолса нима бўлади? Болалар-чи, каттариб қолган. Айтса нима бўлади, каттаси қўйворади… Хотиним борми-йўқми, демайди. Кундузи рўза тутиб, кечаси қоровуллик қилади. Мижозиям кун ба кун совиб бораяпти. Мениям таним бир қўрғон, гул қўрғон, униям биров қўриқлаб туриши керак. У кишим бўлса йўқ пахтани қўриқлаб тонг оттиради. Узун кечаларда тонг оттириш қандай қийин? Фақат қоравойим билиб қолмаса бўлди.
Абдулҳамид шунча йилдан бери покиза юриб, тоат-ибодат қилса ҳам, ғайб илмидан бехабар эди. Бироқ қоровулхонада хуфтон намозидан кейин узундан-узоқ дуои хайр қилиб, ўрнидан тураётганда юраги алланечук гупуриб кетди. Айни шу пайтда суюкли хотин ҳам, қўшничилик туфайли бир-бировидан камида икки ҳақи бир «мўмин ва мўмина» ҳам хиёнатнинг ифлос тўшаги томон интилаётган, энг қизиғи уларга халақит берадиган бирорта ёввойи куч бу ёруғ дунёда кўринмаётган эди. Ҳовли билан пункт ораси одимласа минг қадамга етмайди. Ҳеч нарсадан бехабар қоровул яқинда бозордан олган талғир ҳўкизчаси ипга ўралиб қолмадими, дея хавотир олиб, уйига йўл олганида, пахта ортган тракторларнинг ҳам қадами узилган, қоқ ярим кеча бўлгани учун кўчадаги электр чироқлари ҳам ўчиб қолганди. Абдулҳамид қўлидаги хитой фонарини ёқиб, тўғри молхонага борди-ю, ҳўкизчадан хабар олди. Охурига хашак ташлаб, елкасини қашлаб қўйди. Хотиржам изига бурилиб, индамай чиқиб кетса бўларди. Негадир ошхона том
онга ўтиб, бир кружка сув олиб ичмоқчи бўлди. Ё тавба, ичкарида эркак ва аёл овози. Пардалар туширилиб ингичка шам ёқиб қўйилган шекилли, ғира-шира ёруғ хиёнатнинг зил-замбил юкини кўтаролмай бутун уйни, ҳовлини ҳам зулмат чоҳи сари судрамоқчи бўлади. Фонар ёруғида бегона эркакнинг брезент этиги ҳам, хотини уйда киядиган ковуши ҳам алкашиб бир-бирига мингашиб турарди.
– Бу ўша, энағар ҳамсоя бригад! Хаҳ, кусфуруш, хотинталоқ, ўзингники етмагандай энди тортинмай меникига келдингми?! Энди буларни жойида «ҳаром шайит» қилиб ўлдирмоқдан бошқа илож йўқ!
Саратонда ҳам, қаҳратонда ҳам нафс жиловини маҳкам тутиб юрадиган зот, ҳар икки нафси ундан доимий норози бўлса ҳам, руҳи ва жисмига ўчакишмоқчи бўлган шайтони лаъиннинг бўйнини ҳар лаҳзада синдирадиган одамнинг қарори тўғрига ўхшаб кўринади.
Хулласки, мулла хизмат чоғида алоқа қилиб турадиган бор-йўғи икки рақамни териб, навбатчи ходимга уланди-да, «Икки одамни жиноят устида тутиб олдим, тўппа-тўғри пахта пунктига етиб келинглар», дея тайин қилди. Кейин хотиржам бўлиб, қўштиғдан ўқни олиб, камарга жойлаб, ташқарига чиқиб кутиб турди. Тўғриси, бу мусича каби беозор муллани туманда каттаю кичик бирдай танир, иззатталабликдан ҳоли бўлган нурли юзига қараб кўнгли ёришар, айниқса, мелисалар унинг гап-сўзига ўзига ишонгандай ишонарди.
Ҳаш-паш дегунча икки ходим бели боғлиқ машинада етиб келиб, хизматга тайёрлигини айтишди. Улар биргалашиб мулланинг ҳовлисига етиб келиб, ичкари кирганда фаҳш тўшагида андармон жуфтлик ғафлатда қолиб, ярим-яланғоч титраб-қалтираб, бош эгиб турарди. Қиёматли қўшничиликнинг нақ юрагига тиғ санчган бригадирнинг қўлини орқага боғлашиб, бўлимга олиб келишди. Гулбаҳор эса бор бўйи билан ўзини мулланинг оёғига ташлади. Мулла этагини қоқиб «осмондаги юлдузча талоқ» дея куфр сўзни айтиб юборса бўларди. Лекин бундай қилмади.
– Биласан, ҳаромдан жудаям ҳазар қиламан, – дея гул ўрнида бадбўй ҳид чиқарадиган қора қўнғизни кўргандай жирканиб, этагини бир силтаб ташқарига отилди.
Ҳар нарсанинг давоси вақт. Орадан қирқ кунча вақт ўтди. Мулла ўша нобакор қўшнининг судига ҳам бормади. Жавобгар бор-йўғи ўн беш сутка «меҳмон» бўлиб қайтиб келди. Бироқ у қайтганда хотин, бола-чақаси бутунлай тоққа – ота-онасиникига кетиб қолган, қанча ялиниб-ёлвориб борса ҳам уйга қайтмаганидан мулла каби кулбасида ёлғиз тунаб, ичкиликдан бош кўтармай қолганди. Бригадирликдан эса ҳайдаб юборишди. Орадан икки-уч ой ўтиб «қўшиб ёзиш» жинояти ҳам очилиб кетиб, қамоққа олинди-ю, ўша ёқларда қийноққа дош беролмай оламдан ўтди.
Аёл шўрлик бола-чақа деб ҳар нарсага кўнади. Гулбаҳор йиғлаб-сихтаб қайта-қайта бош эгиб, эрининг ҳузурига борди. Мулланинг тош қотган юраги эримади. Охирги боришда мулла аёлнинг афти-ангорига зимдан қаради. Озиб-тўзиб кетибди. Бевақт ажинлар, сочларига оқ оралаган, пардоз-андоздан дарак йўқ, усти боши ҳам ночор, рўзғордан қийналаётган бўлса керак.
– Анови ҳўкизчани сотинглар-да, рўзғорга яратинглар, ўзинггаям, болаларга ҳам иссиқ кийим-бош олинглар. Ойлик маошимни олсам яна пул юбораман. Энди менинг олдимга келма!
Гулбаҳор ҳеч нарса дея олмай ўкириб-ўкириб йиғлаб кетди…
Орадан уч юмалаб уч ой ўтганда қоровулхонага лўли аёл келди. Қизиғи, унинг қўлида тўрваси ҳам, таёғи ҳам йўқ эди. Қўлида сумкача, кийиниши эса эпини келтира олмаган. Бир қарашда худди Гулбаҳорга ҳам ўхшаб кетади. Ё тавба, Гулбаҳор тиланчига айланиб келмадими, ишқилиб…
– Мулла ака, мана эшитинг, битта гап айтаман, жаҳлингиз чиқмасин…
Абдулҳамид шошилиб чўнтагини ковлай бошлади.
– Йўқ, йўқ, ман хайр сўраб келмадим. Ай, майли, Худонинг йўлига битта сўм берсангиз бўлади. Илойи барака топинг. Мулла ака, мани бир катта фолбин Хумор деган аммам бор. Ўтган йили ўзидан-ўзи фол очиб, битта гап айтган эди, ман ишонмаган эдим. Хотинингизнинг оти Гул, Гул, Гулбаҳормиди? Мана энди ўзингизни кўриб чиппа-чин ишондим. Туғуруқхонада манинг бачам сизнинг бачангизга алмашиб кетган. Жон мулла, шу бачаларни қайтариш қилсак. Бизнинг отамиз ҳам шунга қистаяпти.
– Ман, ман ҳали рўзғорда эмасман, билмадим…
– Булд-э… Эртага бачани опкелиб кўрсатаман…
«Айтдима, ўйловдима, Гулбаҳор бу ҳабашни қаердан орттирди». Мулла ич-ичидан алланечук бўлиб ўртаниб кетди. Эртаси куни лўли бачани ўз кўзи билан кўргач эса, тўла иқрор бўлдики, бу ўзининг боласи. Қуйиб қўйгандай ўзининг ёшлиги. Бироқ Рамазонга оқ сут бериб катта қилган Гулбаҳор нима дейди?
Ҳа, Гулбаҳор қайсарлик қилди. Болаларни алмаштириб олишга қўймади. Чунки Абдукарим лўли хотинни эмиб катта бўлган. Ундан орланиб турарди. Ўғил боласи турмайдиган шўрлик аёллар ўғил туққани ҳамоно унга Турди, Турсун, дея от қўйиб, баъзиси бегона хотинга эмизиб, айримлари эшак сути ичириб, эчки ёки сигир сути билан катта бўлганлари ҳам ота-онасига меҳр қўйиб кетганини Гулбаҳор қайдан билсин? У ўзича қилган гуноҳларимга Оллоҳнинг ғазаби, деб ўйлаб ич-ичини еб битирмоқда эди.
Лўли хотин охирги марта болани олиб келганида мулла чидаб туролмади. Барча таъна-маломатларни бегуноҳ бўйнига ғулдай осиб, уйига борди. У худди айбдор каби суюкли хотинининг юзига қарай олмасди. Гулбаҳорни бир оғиз гапиртирмай, томдан тараша тушгандай шарт қўйди:
– Агар Рамазонни ўз онасига қайтарсанг, мен сен билан ярашаман!
Иккиланиб қолган аёл ҳамма айб ўзида эканини англаб етди-ю, ўзингиз биласиз, дея бош эгишдан бошқасига ярамади. Онаси эмас, худди отасининг қўлтиғидан туғилган каби унга жудаям ўхшаш Абдукарим намоз фарз бўлган ёшга кириб қолганди. Уни ибодатга тортиш осон бўлмади. Қолаверса, болакай лўли маҳалласида мактабга ҳам бормаган. Бироқ зеҳни тез болакай мактабда алифбо сабоғи билан отасидан ибодат сабоғини олиб улғая бошлади. Ота унга шундай деб қулоғига қуйди:
– Яратганнинг ҳақиқий қули бўлишга эришиш инсон боласини озод ва эркин яшашига йўл очади. Қолаверса, ҳар мўмин етти пуштини билиши керак.
Отанинг шажара сабоғи ҳам бесамар кетмади. Абдукарим ўзидан ўзлигини қидириб топмоққа киришди. Албатта, мактабни битирса, диний мадрасага кириб ўқимоқни ихтиёр қилди. Абдулҳамиднинг ҳам ягона орзуси шу эди. Отаси барвақт ўлиб кетмаганида тақдир ёзуғи бошқача бўлармиди? Ҳалиям минг қатла шукурки, ота-боболари орзулаб ўтган, аммо кўрмаган юрт озодлигини кўрди. Кўрган-тутганини маҳкам қучоқлаб бағрига босди. Ҳуррият шукронаси унинг ҳар тонги дуоларининг сарлавҳасига айланди. Бундай озод ва фаровон юрт яна қайда бор?
Гуркираб, гуллаб тугаётган қовун палакнинг айнан томиридан уни сўлитмоқчи бўлиб нофармон шумғия тўрсайиб бош кўтаргани каби динни ниқоб қилиб олган шумғия оқимлар унда-бунда портлаб чиқа бошлади. Эл-элат, маҳалла қўй-кўзига суртадиган муллани ҳам, унинг ўғлини ҳам ўша оқимлар роса айлантириб қўйди. Аввал «ваҳҳобийлар», кейин «хизбутчи»лар. Асл айнимас, дейдилар. Шарофатли авлиёлар наслидан бўлган, ҳамиша нафсига ҳукмини ўтказиб келган шайхсифат одамни енгиб бўлармиди? Етти пуштидан мерос қолган динга эътиқод қўйган Расулуллоҳ (с.а.в) миллати фирқаларга бўлинмас. Юртини жон каби суйган одамнинг имони ҳамиша соғ-омон.
Ўша нохуш воқеадан кейин ҳам икки қиз туғиб каттартирган Гулбаҳор анча-мунча сонга кириб қолган, келин-куёв тўйида «Саломнома» китобини хушовоз оҳангда ўқиб юриб, кейинроқ «Биби сешанба»ни ҳам ўрганиб олиб, аёллар кайвонисига айланди. Машойихликка интилиб, унга етолмаётгандан унчалик надомат чекмаётган қаҳрамонимиз маҳзумлик меросини бинойи уддалаб, охират сафари озуқасини мўл-кўл қилаётганидан мамнунлик шукронасини қилса бўлади.