Гўзалой Солиҳ қизи. Сиз ўшами? (қисса)

Азизим! Майлими, шундай атасам? Эсингиздами, суҳбатларимизда шу ном билан атаб қолсам, “Кечирасиз, шу сўзни кўп ишлатаман, билмасдан айтиб юборибман”, дердим дарров вазиятдан чиқиш учун. Аслида, шу сўзни ҳаммадан қизғаниб, фақат сизга илинардим. Билардим, сизга ҳам ёқарди. Ўзингизни кўриб турмасам ҳам, овозингизнинг титрашидан сезардим. Овозингиз! Ҳавога сачраган овозингиз. Балки сизга асир бўлиб қолишимнинг сабаби ана шу титроқ овоздир…
Кечки пайт эди. Китоб саҳифаси узра қароқларим югуради. Телефон жиринглади.
– Алло!
– Кечирасиз, Муниса борми?
Беҳад ёқимли овоз.
– Йўқ, адашдингиз.
Гўшакни қўйдим. Сония ўтар-ўтмас яна телефон.
– Алло!
– Муниса борми?
– Бу рақам Мунисаники эмас!
– Менимча англашилмовчилик бўлди.
– Менимчаям.
Жимлик. Аммо юрагим негадир кўксимдан чиқиб кетгудек потирлади. Билмадим, қанча вақт ўтди, сукунатни сиз буздингиз.
– Кимсиз?
– Ўзингиз кимсиз?
– Исмингизни билсам бўладими?
– Ўзингизнинг исмингизни билсам бўладими?
Бир пайтда кулиб юбордик. Кулишингиз… Ич-ичимдан соғинган нимадир бор эди бу кулишда.
– Чиройли куларкансиз.
«Раҳмат» дедиму, уялиб кетдим. Ўгирилиб ортимдаги кўзгуга қарадим. Ёноқларим қизариб кетганди.
– Исмингизни билсам бўладими?
– Ўзингизнинг исмингизни билсам бўладими?
Яна кулгуларимиз қўшилди. Ана шу кулгу суҳ­батимизга жон киргизди. Тўғрироғи, ҳаётимизни бошлаб берди.
Севгимиз ҳаёти! Севамиз деб ўйлаганмидик ҳеч?! Балки бу севги ўшандаги илк юрак дукурлашидан пайдо бўлгандир. Билмадим, аммо дўст бўламиз деб келишгандик-ку! Аввал дўст бўлиб, кейин сирдош, ке­йин эса…
Эсингиздами, бир саволни кўп берардим.
– Мени дўст деб биласизми?
Бир жавобни беришдан чарчамасдингиз сиз ҳам.
– Ҳа!
Кейин бир оз тин олардингиз-да, “Нимадан қўр­қаяпсиз?” дердингиз. Жавоб бўлавермагач, “Севгидан дўстликни афзал кўрадиган сизсиз”, дея таъна қилардингиз. Кейин оғир хўрсиниқ. Шу тахлит хайрлашардик. Эртасига яна суҳбат қурардик, сирлашардик. Гапимиз яна шу мавзуга тақаларди. Ҳар кунги тасдиқни такрорлардингиз. Кундан кун сизга қаттиқ боғланиб бо­рардим. Қўнғироқ қилганингизда ташна одам сувни қан­дай ютоқиб ичса, гапларингизни шундай чанқоқлик билан тинглардим.
– Биласизми, – дедингиз бир куни, – ҳар доим сизга қўнғироқ қилиш учун шошаман. Овозингизни эшитмагунимча кўнглим жойига тушмайди.
Жим қолдим. Сиз ҳам анчагача сукутга бе­рил­дин­гиз-да, тахмин қилган саволимни бердингиз.
– Қўнғироғимни кутасизми?
– Ҳа.
– Кўришайлик.
Қандай жавоб беришни билмасдим, лекин ич-ичимдан тўхтатиб бўлмас шодлик қайнаб чиқарди. Ахир буни қанчалик кутгандим. Шу сўзларни айтсайди, дея умид қилардим. Шундай бўлса-да, “Дўстлар учун телефонда суҳбатлашиш етади”, дедим. Сиз “кўришамиз”, деб туриб олдингиз. Мен “йўқ” дейишни қўймадим. Охири тоқатингиз тоқ бўлганидан, “унда уйин­гизга бораман”, дедингиз. Қўрқиб кетдим. Хаёлимдан ростдан излаб келса-я, деган фикр ўтди. Илтимосга ўтдим. “Қачон бўлмаса?” деган саволни кўндаланг қўйдингиз.
– Билмадим.
– Эртага.
– Йўқ.
– Бўлмаса қачон?
– Ёзда.
– Йўқ, баҳорда.
Қатъий гапирдингиз сиз. Чунки ёз узоқ эди, саб­рингиз етмасди, эрта яқин эди, чўчирдим. Шундай қилиб келишдик. Энди баҳорни сабрсизлик билан кута бошладим. Фақат менмас, сиз ҳам унга интиқ эдингиз. Сабрсизланаётганингиз сезилиб турарди. Тиланиб кутганимиз баҳор яқинлашаётганди. Аммо тақдир тес­кари айланди. Аввалига баҳорнинг тезроқ келишини хоҳлаган бўлсам, энди вақтнинг тўхтаб қолишини истардим. Чунки баҳорнинг биринчи кунидан сиздан ажралишга маҳкум бўлиб қолгандим. Менга тўй қилишаётганди, дунёингиздан кетаётган эдим. Бу ҳақ­да эшитганимда юрагимда чидаб бўлмас оғриқ турди. Шунда илк бор англадим севиб қолганимни. Аммо кеч, ҳаммаси аниқ, ажралишимиз ҳақиқат эди. Чеки йўқ қийноқлардан кейин айтдим, минг бир азоб билан. Жимгина эшитдингиз, анча сукутдан кейин:
– Биласизми, ўша инсоннинг ўрнида бўлиб қо­лишни қанчалик хоҳлаётганимни, – дедингиз.
Ҳадсиз азоблар ичида бўлсам-да, мендан бахтли инсон йўқ эди. Чунки муҳаббатни тан олдингиз. Тўғри, билардим, титраб сўзлашларингиздан сезардим. Лекин тан олишингизга кўзим етмасди. Бу ҳақда ҳеч қачон айтмайсиз, деб ўйлардим. Бахтли эдим, бироқ туганмас бўлиб кўринган шодлик изидан зулматга менгзалган азоб бостириб келарди. Сиздан ажралаётгандим, бир умрга кетаётгандим сизсиз дунёга. Қисмат ўз йўлига бошлаб борарди мени. Хайрлашдик.
Тун бўйи тўлғониб чиқдим. Гўё зулмат ўз қучоғига олиб аёвсиз бўғарди. Ҳар тун минглаб орзуларимга қанот бериб турадиган юлдузлар ҳам бу ҳолни кўришни истамай, кўзларини юмиб олишгандек эди. Тонггача киприк қоқмадим. Бугун кетаяпман, сизсиз жойларга. Кетаяпману, суҳбатлашиб ўтказган онларимизни ўйлаяпман. Сеҳрли овозингиз, маъюс кулишингиз! Ҳеч кимникига ўхшамасди бу кулишлар. Балки сизга билмай боғланишимнинг сабаби шудир.
Ҳар доим муҳаббат ўлкаси томон бурилиб кетаётган суҳбатларимизни тўхтатиб қўярдим. Жаҳлингиз чиқардию дилимни оғритиб қўйишдан қўрқардингиз. Билардим, англаб туриб сезмаганликка олардим. Чунки ўзим ҳам сиздан ажраб қолишдан қўрқардим. Бу дунёдан топган ягонам эдингиз. Бугун ҳаммадан қизғанганимдан кечиб кетаяпман. Кетаяпману, ба­ҳор­нинг биринчи куни билан гиналашяпман.
“Нега келдинг, юрагимга қишни олиб келаркансан? Нега келдинг, ундан ажратаркансан? Нега келдинг?”
Баҳор қулоғимга шивирлаб жавоб берди.
“Қалбингдаги муҳаббатни англатмоқ учун!”
Жимиб қолдим. Ҳадсиз зулматни бир тола нур ёритгандек, кўнглимни шу сўзлар нурафшон этди. Негадир, баҳорнинг келганига шукр қилдим. Сиз ҳам ундан рози бўлинг, азизим!
Баҳорнинг ўтган кунларида бошимдан нималар кечганини билсангиз эди. Бугун қошингизга қайтиб келаяпман. Ёлғиз сиз деб, иккимиз деб, ҳаммадан тониб келаяпман. Биламан, қўрқасиз. Бу қўрқув боиси шуки, ўзгалар жабр кўришини, кимлардир бахтсиз бўлиб қолишини истамайсиз. Аммо биз-чи, бутун умр бир-биримизга зор бўлиб, азоб чекиб юришимизни ўйлаб кўрмадингизми?! Айтинг, нега? Нега бизнинг бахтли бўлишга ҳаққимиз йўқ? Нимадан қўрқдингиз? Кетар чоғимда ҳам фақат ва фақат хўрсиндингиз. Айтар сўзингиз “бахтли бўлинг”дан нарига ўтмади. Кейин ҳам ёзган мактубларимга “Бошқалар учун ҳам яшашимиз керак” мазмунида хат ёзардингизу “ҳеч қачон унутмайман” сўзларини илова қилардингиз. Номаларингизни ўқиб, фиғоним кўкка ўрларди. Борлиғим олов бўлиб ёнарди. Гарчи биринчи қадамни қўймаган бўлсангиз ҳам, сизсиз яшашга кўнмадим.
Яқинларимнинг қистови билан бошқалар танлаб улгурган бўлғуси куёв билан учрашдим. Билсангиз эди, дилимда уйғонган туғённи. Тўйга бир кун қолганида куёвлик тўнини кийиб улгурмаган йигитга иккимиз ҳақимизда гапириб бердим. У бир сўз демасдан, бошини қуйи эгганча эшитди ва охирги бор кўзларимга тикилиб қаради. Гарчи кўрмаган бўлсам ҳам унинг алам тўла маъюс нигоҳлари сизникига ўхшаб кетди. Юрагимда нимадир чирт-чирт узилди. У кетди, бир сўз демасдан. Мен эса катта йўлнинг чорраҳасида қолавердим. Жимгина.
Ҳаммаёқ остин-устун бўлиб кетди. Онам йиғлади, отамнинг қадди букилди, акаларим ғазабга минди. Отам ўтирган жойида гап-сўзсиз дарвозани кўрсатди. Ҳеч нима демасдан, чиқиб кетдим. Орқамдан дарвозанинг инграб ёпилгани, эшик зулфининг уввос солиб қулфлангани эшитилди. Ортимга қарай-қарай кетдим. Мендан ўтмишим юз ўгирганди. Фақатгина келажагимга йўл, борар манзилимда сиз бор эдингиз.
Қайтиб келганимни кўрган дугоналарим ҳайратда. Ҳолимга қайсинисидир ачинди, қайсинисидир кулди, куюнчакроғи эса тўғридан-тўғри “эсингни ебсан”, дея тергашга тушди. Бироқ уларнинг гапини эшитмасдим, фикру хаёлим сиз билан банд. Соғинган эдим, сўзлашларингизни, кулишларингизни. Шундай бўлса-да, қўнғироқ қилишга шошмадим. Чунки қанчалик со­ғинмай, ҳаё йўлимни тўсиб турарди.
Кеч кирди. Само тоқига ҳилол осилди. Унга бо­қиб туриб: “Соғинганимда ойга қарайман”, деган сўз­ларингизни эсладим. Юзларимга ўзим билмаган ҳолда табассум югурди. Шу пайт хона сукунатини чилпарчин қилиб телефон овоз берди. Гўшакни дугонам кўтарди.
– Алло?
– …
– Яхшимисиз? – ким биландир сўзлашди у. Кейин гўшакни кафти билан ёпти-да, менга қараб шивирлади.
– Шаҳзода жаноблари!
Титраб кетдим. Апил-тапил гўшакка қўл чўздим. Дугонам “жим” ишорасини қилдию гўшакни қулоғимга яқинроқ тутди.
– Нима қилаяпсиз?
Овозингиз маъюс, аммо барибир ёқимли эди. Дугонам саволингизга жавобан:
– Китоб ўқияпман, – деди.
– Китобни бирга ўқимаймизми?
Бу сафар товушингизда ҳеч қандай ўкинч, изтироб сезилмади. Қайтанга илгариги маъюслик ўрнини қандайдир қувноқлик эгаллаганди. Ўзим англаб етмаган бегона ҳолат исканжасида қолдим. Чунки мен билан эмас, дугонам билан суҳбатлашаётгандингиз. Шундай хотиржам, шундай оҳиста гапирар эдингизки, ҳаётингизда ҳеч нима содир бўлмагандек гўё.
Наҳот, шунчалар тез унутдингиз?! Аслида унутилмасликка арзирмидим, ҳайҳот! Мен кутган бахт саробмикин?! Ортиқ тоқат қилолмадим, дугонамнинг қўлини силтаб ташлаб, қўшни хонага ўтдим. Кўчага қараган деразани очиб юбордим. Хонага баҳорнинг тунги ҳа­воси югурди.
Баҳор! Тиланиб кутилган баҳор. У ҳам худди сиз­дек ëлғончи, чечаклари билан бир зум алдаб турадию ўзидан нафис ифор қолдириб, қаерларгадир ғойиб бўлади. Бу алдовдан юрагимда қаттиқ оғриқ турди. Вужудим олов бўлиб ёнар, ҳатто баҳорнинг тунги салқин ҳавоси ҳам ором беришга ожиз эди. Азоб­ланардим, ўзим англаб етмаган қандайдир ҳисдан адо бўлиб борардим. Дугонамнинг овози эса нариги хонадан эшитилиб турар, товуши найза каби тўғри юрагимга қадаларди. Бу овозни тингламаслик учун қулоқларимни беркитдим, энди юрагимнинг зарблари баралла эшитиларди. Юрагим исмингизни айтиб йиғларди. Зоҳиримдаям, ботинимдаям номингиз жарангларди. Сиздан қаёққа қочишни билмай қолгандим. Шу тариқа ўз-ўзим билан узоқ олишдим. Оқибат эса ғурурим юрагимни енгди. Энди ёлғон севгингизга ишонганим учун ўзимни лаънатлай бошлагандим. Қўшни хонадан эса ҳамон дугонамнинг овози эшитиларди. Ноаниқ ҳис қуршовида хонадан чиқдим.
– Биласизми, бугун ким келди? – деди дугонам қув­ноқлик билан.
– …
– Барибир тополмайсиз, … келди!
– …
– Ишонмайсизми?
– …
Ўзимни ҳарчанд лоқайд кўрсатишга уринмай, ичимни нимадир тинмай кемирарди.
– Гўшакни берайми?
Дугонам гўшакни узатиши билан олдим.
– Алло.
– Яхшимисиз?
Овозингизда ҳеч қандай соғинч, ҳеч қандай ҳая­жон сезилмасди. Шундай босиқ гапирардингизки, ҳат­то бу сизлигингизга ишониш қийин эди.
– Раҳмат.
– Яхши келдингизми?
– Ҳа.
– Қайтиб келишингизга ишонмагандим.
Нима деб жавоб беришни билмай қолдим.
– Нотўғри йўл тутдингиз. Бундай қилмаслигингиз керак эди.
Гапларингиздан жаҳлим чиқар, шу ҳолатим тутайвериб охири ёнишни бошлаган оловга ўхшарди.
– Қўрқманг, фақат ўзим хоҳлагандай яшаш учун қайтиб келдим.
– Тушунмадим.
– Тушунмадим, – истеҳзо билан кулдим. – Нимани тушунмадингиз, қайтиб келганимними ёки сизни деб ҳаммадан кечганимними?
Жим бўлиб қолдингиз.
– Гапиринг!
– Нега жаҳлингиз чиқяпти?
– Жаҳлим чиқяпти, наҳотки, ҳақиқатданам жаҳ­лим чиқаётган бўлса?
Киноя аралаш дардларимни тўкиб солдим.
– Сизга жаҳл қилиш мумкинмас-а, узр, билмай қо­либман.
– Сизга нима бўлаяпти?
Ич-ичимдан тошиб келаётган хўрсиниқни аранг тўхтатдим. Илгари ҳаётдан гўзаллик излайдиган одам билан эмас, ҳамма нарсага бефарқ, лоқайд кимса билан гаплашаётгандек эдим. Шундай бўлса-да, ҳаёни бир четга сурдиму кўнглимдагини тўкиб солдим.
– Сиз учун, борлигингиз учун қайтиб келгандим. Сиз эса ҳеч нарса бўлмагандек бепарвосиз.
Томоғимга нимадир тиқилиб гапиролмай қолдим. Билмадим, кўнглингиздан нималар ўтди, балки ота-онангиз, балки улар унаштиришмоқчи бўлган қиз кўз олдингизга келгандир. Узоқ ўйладингиз, гўшакдан фа­қат тез-тез нафас олишингиз эшитиларди. Ниҳоят, сў­радингиз.
– Мен билан бир умр бирга қолишга розимисиз?
“Ҳа” дея жавоб бергим келди-ю, аммо нимагадир гапиролмадим.
– Гапиринг.
Овозим чиқмади.
– Сукут аломати ризо, шунақами?
Тилим айланмади. Сиз сўнгги қарорингизни баён қилдингиз.
– Сиз учун ҳамма нарсага тайёрман, деб ваъда бермасимдан олдин кўришишимиз керак.
Кутилмаган сўзлардан ўзимни йўқотиб қўйдим. Сизни кўрмай туриб кўнгил берганимдек, мени шундайлигимча севиб қолгансиз, деб ўйлагандим. Лекин янглишган эдим.
Қулоқларим остида жаранглаган сўзларга ишонгим келмасди. Наҳотки, шу сўзларни айтаётган сиз бўл­сангиз, наҳот гапираётган чинданам сиз!
Шу тобда борлиқ ва йўқлик оралиғида муаллақ турардим. Ишониш ё ишонмасликка ожиз эдим. Бироқ овозингиз ҳаммаси ҳақиқат эканини англатиб турарди. Ўзим билмаган ҳолда сесканиб кетдим. Худди бошимдан кимдир совуқ сув қуйгандай вужудим қалтирарди. Шу тобда интилганларим етиб бўлмас сароб эканини англаб етгандим. Юрагим кўкрак қафасимдан чиқиб кетгудек потирлар, ўзини ҳар ёнга урар, бу ҳақиқатни тан олгиси келмай, тинмай йиғларди. Қўлимдан эса топталган қалбимга ачинишдан бошқа иш келмасди. Бутун идрокимни ишга солиб, саробга интилганимни тушуниб етдим.
Мен овозингизга ошиқ бўлгандим. Бу овозсиз бир кун ҳам яшай олмасдим. Сиз-чи, ҳаммасини била туриб, юрагимда ишқ гулханини ёқдингиз-да, айтилажак гапни охирга қўйдингиз. Аслида ниятингиз нима эди?! Мени аросатда қолдиришмиди ёки на муҳаббатнинг, на ғурурнинг, на ақлнинг йўриғига юришни истамай ўзини ҳар ёнга ураётган МЕНимнинг ҳолини бир томоша қилишми?! Англаëлмадим!
Овозингизга ошиқ бўлдим, дедим. Ахир шу овозни юрак бошқармайдими?! Аслини олганда, юрагингизни севиб қолганимни ўзим ҳам сезмай қолгандим. Юрагингиз уммон қадар гўзал кўринганди менга.
Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз вақт югуриклиги ҳақида. Ёшмиз, чиройлимиз, гўзал нарсаларни яхши кўрамиз. Аммо вақт ўтган сайин чиройли юзларга ажин тушади, шаҳло кўзлар хиралашади, самбитдай қоматлар эгилади, сочларга қиров қўнади. Бироқ юрак гўзал бўлса, у ўз ҳуснини йўқотмайди. Янги-янги кашфиётлар қилиб, суюклисига тортиқ қилаверади. Юрагингизни шу қадар қудратли деб ишонардим. Бироқ умидларимнинг саробга айланишини хаёлимга келтирмагандим. Сиз шу сўзларни айтган лаҳзада хаёл ва ҳаёт тўқнаш келиб улгурганди. Фожиаси юрагимда юз бераётганди. Бу фожиа эса охирги умидимнинг умрига раҳна солди. Уни юрагимга боғлаб турган сўнгги тола ҳам узилди. Овози бутун борлиғимга акс-садо бериб, руҳимни синдирди.
Сиз эса савол беришни давом эттирдингиз.
– Учрашамизми?
Нима деб жавоб беришни билмасдим.
– Эшитаяпсизми?
– Қачон?
– Эртага.
Жавоб беришга улгурмай, яна гапирдингиз.
– Йўқ, индинга. Эртага зарур ишим бор.
Симиллаган юрагимнинг оғриғи юз чандон ортди. Ҳатто дийдоримга ҳам ошиқмаётгандингиз. Ич-ичимдан қайнаб келаётган йиғини зўрға тўхтатдим. Ҳаммаси барбод бўлганини, ҳаммаси бир туш эканини англаб етдим.
Бир муддат жим туриб, дилимдан муҳаббатнинг кучини синаш учун тўқиган ёлғонларим гуноҳини яратгандан сўраб ёлвордим. Шундан сўнг ҳақиқатни айтишга, бутун ёлғонларимни фош қилишга қарор қилдим. Ич-ичимдан қайнаб чиқишга тайёр турган йиғини аранг тўхтатдим.
– Шунақами? Шунақа денг.
– Ҳа, фақат хафа бўлманг…
– Ҳеч қандай тушунтиришнинг кераги йўқ.
Кескин гапингизни бўлдим. Тоқатим тоқ бўлганди. Тезроқ бу ўйинни тўхтатишни хоҳлардим.
– На дўст бўла оласиз, на сева оласиз. Аслида ким эканингизни билиш учун ёлғон тўқигандим. Мен кетмаганман. Тўй қилишмоқчилиги ҳам ёлғон. Муҳаббатингизни синаб кўрмоқчи бўлдим. Билдимки, муҳаббат сиз учун ҳеч нарсага арзимайдиган матоҳ экан.
Шу сўзларни айтар эдиму, ич-ичимдан тошаётган йиғини базўр тўхтатардим.
– Сизни алдадим.
– Нима?
– Алдадим.
– Кечирмайман.
Овозингиз алам ҳамда нафратга тўла эди. Истамасам ҳам кулдим. Аммо бу кулги кулгига эмас, йиғига ўхшарди. Борлиғимни ноаниқ ҳис чулғаб олганди. Менга ҳақиқий ҳаёт малол келаётганди. Чунки ўзим ўйлаб топган ҳаётда бахтиёрроқ эдим.
Шу тобда сиз билан эмас, ўз ҳисларим билан ҳазиллашганимни сезиб қолдим. Ўжар юрагим эса буни тан олгиси келмасди. Сизни ёлғонларга ишонтираман, деб ўзим алдовлар қурбонига айланганимни билмай қолгандим. Ғурур деб ишонганим тантиқлик сабаб барча беғубор ҳисларимни нобуд қилгандим. Сизни алдаш баробарида ўз-ўзимни бўҳтонларга кўмиб ташлагандим. Билмадим, қаердан олдим бу сўзларни. Энг, энг разил сўзларни гапирдим сизга. Чидай олмадингиз. Олдинига ҳаммасини ҳазил деб ўйладингиз. Ке­йин тушуниб етдингиз. Фақат бир нарсанинг фаҳмига етолмай ҳайрон эдингиз. Сизни “нима учун”, деган савол қийнарди, аёвсиз нафрат бўғарди. Мен нафақат сизнинг, балки ўзимнинг ҳам шаффоф туйғуларимни оёқости қилгандим. Биринчи марта кечириб бўлмас хато қилдим. Фақат охирги лаҳзалардагина шу хатоим учун умрбод азоб чекиб ўтишга маҳкум бўлиб қолганимни тушуниб етдим. Аммо энди кеч. Гапларим нишонга бориб текканди, сиз ғазаб отига мингандингиз.
– Бу ишингиз учун пушаймон бўласиз.
Хатойимдан юрагим оғриётган бўлса-да, жиловим ҳалиям ғурурнинг қўлида эди.
– Нима қиласиз, пушаймон бўлишга мажбурлайсизми?
– Йўқ, ўзингиз пушаймон қилишга мажбур бў­ла­сиз!
Овозингиз йиғлашга тайёр турган болакай товушидек титрарди. Аллақачон пушаймон бўлишни бошлаган бўлсам ҳам:
– Ҳеч қачон, – дедим ўжарлик билан.
– Ҳали йиғлайсиз, мени ўйлаб кўп йиғлайсиз.
Охирги гапингиз шу эди. Карахтлигимдан нима деб жавоб беришни билмай қолдим. Бутун вужудим пушаймонлик изғиринидан музлаб қолганди. Дугонам қўлимдан гўшакни олганида кулишга ҳаракат қи­лардиму, аммо бу беўхшов табассум буюк бахтсизлигимдан дарак берарди. Дугонам гўшакни қўйиб, менга нигоҳини тикди.
– Бекор қилдингиз.
Нима дейишни билмай қолдим. Худди менга тегишли сўзларнинг барчаси бекасидан юз ўгириб кетгандай эди. Шу тобдаги ҳолатим борлиғи зимистонга айланган, туйнуксиз қасрга қамалиб қолган одамни эслатарди. Виждон азоби аёвсиз сиқарди. Билмадим, ўзимдан бегона сарҳад ичида кезинганимда орадан қанча вақт ўтди, идрок қилишга ожиз эдим.
Қора кокилларини ёйиб тун ҳам чўкди. Гарчи чироғи ўчирилган хонани ой нурлари нурафшон қилиб турган бўлса ҳам, руҳим зимистонлик ичра кезиб юрарди. У ҳар нарсадан нажот истар, ўзини оқлашга ҳаракат қилар, аммо уддасидан чиқолмай саргардон эди. Юрагим зулмат қучоғида ҳам сизни ўйлар, сизни қўмсар, исмингизни айтиб йиғларди. Сизнинг қалбингизда эса нафрат ғалаён қиларди.
Бироқ шундай кун келадики, мени авф этасиз. Шундай ёғдуга чулғанган бахтиёр онлар келадики, мени маъюс ва сассиз табассум билан эслайсиз.
Ҳеч ўйлаб кўрдингизми, ёлғонларим сабабини. Ахир дилингизни атай оғритмоқчи эмасдим-ку! Олдинига ҳаммаси шунчаки ўйин эди. Ёлғонлар эвазига ўзимга бениҳоя азоблар орттираётганимни хаëлимга ҳам келтирмагандим. Афсус, ҳаётимнинг энг гўзал лаҳзалари ëлғон билан йўғрилаётганини сезмай қо­либман.
Айни лаҳзада пушаймонликнинг аччиқ заҳрини тотяпман. Биламан, ранжиган бўлсангиз ҳам кўпроқ ўзингизни айблаяпсиз. Чунки ўйинни сиз бошлагандингиз. Ўртамизда туғила бошлаган беғубор дўстликни аллақандай бегона ҳислар билан алмаштириб юбордингиз. Бу билан нафақат ўзингизни, мени ҳам алдовларга кўмиб ташладингиз.
Эсланг. Илк дафъа танишувимизни. Аслида танишмаган эдик. Худди бир-биримизни олдиндан таниймизу, фақат узоқ вақт йўқотиб қўйгандай эдик. Илк бор овозингизни эшитганимда юрагимга яқиним, йироқларда юргану ниҳоят соғиниб кутганимни билиб ёнимга қайтиб келгандай таассурот уйғотганди менда. Овозингиз шу қадар таниш эдики, уни олдин ҳеч қачон эшитмаган бўлсам ҳам, ҳар доим меники бўлгандай эди. Авваллари атрофимдагиларга лоқайд, беэътибор, ҳиссиз боқардим, аммо овозингизни эшитганимдан сўнг юрагим ноаниқ ҳислар қуршовида қолди. Ўшанда илк бора сўзлашганимизда бор-йўғи учтагина сўздан иборат савол бергандингиз: “Кечирасиз, Мунисани мумкинми?” Шу учтагина сўз юрагимни титратганди ўшанда. Шундан кейин бирон марта ҳам гаплашмадик. Аммо бир-биримизга тобора яқинлашиб бораётганимизни ич-ичимдан сезиб турардим. Дугонам сиз ҳақингизда гапирганида, гап яқин инсоним ҳақида кетаётгандек ҳис қилардим ўзимни. Шу билан бирга менга тинмай талпинаётганингизга ишончим комил эди. Йўқ. Буни муҳаббат деёлмайман. Чунки севмагандим. Фақат ёлғизлигим дунёсига кимнингдир кириб келганини сезмай қолгандим. Тўғри, атрофимда мени яхши кўрадиган, ардоқлайдиган, севадиган инсонлар, яқинларим кўп эди. Бироқ ўз дунёимда кимгадир муҳтож эдим. Унда ёлғиз яшардим. Унда фақат ой-юлдузлар, парқу булут, ёғаётган ёмғир, қор парчалари бор эди, холос. Ёлғизлик оламимда суҳбатдошим гуллар, эгилиб қулоғимга шивирлаётган мажнунтол эди фақат. Аммо бу оламга сездирмай кириб келдингизу у янаям файзли бўлди. Энди мени сўзсиз тушунадиган инсонни – сизни топгандим.
Сиз учун ҳам шундаймиди?! Йўқ! Чунки ўшандан кейин бирон маротаба ҳам сўзлашмагандик. Бироқ тақдир тақозосимиди ёки тасодиф, яна телефон орқали дучлашдик. Ўшандан кейин бошланди ҳаммаси. Сиз ҳар куни қўнғироқ қиладиган, мен қўнғироғингизни сабр­сизлик билан кутадиган бўлдим. Ҳар куни соатлаб суҳбат қурардик. Гаплашаётганда вақт шунчалик тез ўтардики, бу онлар худди бир лаҳзадек туюларди менга. Бир-биримизга айтадиганимиз тугамас, яна, яна янгилари туғилаверарди. Шу тариқа ярим тунгача давом қиларди суҳбат. Кундан-кунга сизга қаттиқ боғланиб борардим. Бу дунёдан топган ёлғизгинам эдингиз. Юрагимга шу қадар яқин бўлиб қолгандингизки, у фақат сизнинг номингизни айтиб урарди. Тўғри, бирор марта бўлсин муҳаббат ҳақида гаплашмаганмиз. Аммо нафасингиздан уфураётган севги шаббодасини ҳар лаҳза сезиб турардим. Мен учун дунёдаги энг яхши, энг меҳрли инсон эдингиз. Шу меҳрингиз сабаб сизга қаттиқ ишондим. Ҳеч кимга айтмаган сўзларимни сизга омонат қилдим. Ўзимни, ўзлигимни фош қилдим. Сиз-чи?! Оламларга тенг ишонч эвазига қандай жавоб қайтарганингизни ўйлайсизми? Зулматга чулғанган тунда тонг отишини кутиб, унга талпинаётган, нурга чўмилишни истаган гул эдим. Олдин очилишга интиқ турган ғунчаларимни бир-бир уздингиз, кейин эса ўзимни беаёв синдирдингиз. Шу ондаги ҳолатим нур истаб ўзини шамга урган парвонани эслатарди.
Ахир юрагимдаги бор сирларимни сизга тўкиб со­лардим-ку! Балки буни икки қалб ўртасидаги му­ҳаббат, деб тушунгандирсиз. Бироқ бундай эмасди. Дилимни оғир дард эзарди. Нимагадир буни фақатгина сиз ҳис қиласиз, деб ишонардим. Бу ғуссанинг нима эканини ҳатто ўзим тушуниб етмасдим. Ёлғизликми, зерикишми ёки лоқайдлик – билмасдим. Фақат бир нарсани – тўрт томонимдан зулмат аёвсиз сиқаётганию қаёққа қочишни билмай қолганимни англардим. Шу сабабдан нажотни сиздан изладим. Эртаклардагидай халоскор бўлиб кўриндингиз. Эътиборингизни таъмасиз деб ишондим. Афсус, минг афсус! Эсингиздами, ўртамизда ҳеч қандай ёлғон бўлмаслигига келишиб олгандик.
Суҳбатларимизнинг бирида дугоналарим ҳақида сўрадингиз. Ҳазил аралаш уларни таърифлай кетдим.
– Учта дугонам бор. Биттаси жудаям мулойим, ширин сўз. Биттаси эса мағрур, бир сўзли, мард.
– Дугоналарингизнинг ёмони йўқ экан-да?
– Биттаси бор. Ёлғончиликда ундан ўтадигани йўқ. – Гарчи бунақа дугонам бўлмаса ҳам ҳазиллашардим. Гапларимдан кулгингиз қистади. Куларкансиз:
– Унақа бўлса, яхши дугоналарингиз билан таништирарсиз, – дедингиз.
– Чиндан танишасизми?
– Ҳа.
– Майли.
Қўшни хонада ўз юмушлари билан машғул бў­ла­ётган дугоналаримни чақирдим. Бехосдан чақириб қол­га­­­­нимга ҳайрон бўлган қизларга гўшакни бердим. “Битта бопланглар” деганимдан кейин уларнинг шўх­лиги тутди. Дугоналарим ҳазиллашишар, сиз ҳам қо­лишмасдингиз. Ниҳоят, гўшакни ўзимга қайтаришди.
– Кўрдингизми, чинданам яхши эканми?!
Ёлғондакам ғурурландим. Кейин улар ҳақида гапириб бердим. Гапимни тугатар эканман:
– Ёлғончи дугонангиз билан қачон таништирасиз? – дея сўрадингиз. Ҳазиллашаяпсиз деб ўйладим.
– У билан таништирмайман, чунки ёмон қизлар билан гаплашиш сиз учун зарарли.
Жиддий оҳангда гапираётган бўлсам ҳам, буни ҳазил тариқасида айтардим. Шу биргина ҳазилим ке­йинги ҳаётимизни алғов-далғов қилиб юбориши хаëлимга келмаганди. Ўртамиздаги энг катта хато ва энг катта тушунмовчилик шу ердан бошланганди.
Ҳар куни суҳбатлашардик, ҳазиллашардик. Суҳ­батларимизда “Дугоналарингиз яхши юришибдими?” дея сўрардингиз. “Ҳа”, деган жавобимдан кейин суҳ­батимиз бошқа мавзуга кўчарди. Жудаям бахтиёр эдим.
Орадан кунлар ўтди, ҳазиллашиб “ёмон” деган дугонам кимдир тинмай безовта қилаётганидан шикоят қиладиган бўлди. Унга ҳар куни қўнғироқ бўлар, дугонам асабийлашар, қўнғироқ эгаси билан тинмай гап талашарди. Унинг асабийлашишларига кулибгина қўя қолардим. Шундай кунларнинг бирида яна қўнғироқ бўлди. Гўшакни кўтарган дугонам “имо” билан чақирди-да, “эшитиб кўринг” деди.
Қулоқ тутдим.
– Яхшимисиз! – овоз келди гўшакдан.
Карахт бўлиб қолдим. Сиз эдингиз.
Шу ондаги ҳолатимни кўрсангиз эди. Тилим лол, қулоқларим батанг бўлиб қолганди гўё. Борлиғим музлаб борарди. Юрагимни аёвсиз “нима учун?” деган савол эзарди. Ўз-ўзимни англаб етмаётгандим. Дугонамнинг “танийсизми?” деган саволига “йўқ” маъносида бош чайқадим. Нега бундай қилаётганимни англамасдим. Ноаниқ ҳис қуршовида бошқа хонага ўтдим. Йиғлагим келарди. Очиқ, ошкора, дунёларга дод со­либ. Бироқ бундай қилолмасдим. Кўзёшларимни ютишга, аламимни ичимга кўмишга мажбур эдим. Аммо билмабманки, бу кўзёшлар заҳарга айланиши-ю алам қалб кўзини хиралаштиришини. Ожиз эдим, нотавон эдим. Худди ер қаърига кириб кетаётгандек ҳис қилардим ўзимни.
Қора тўрларини ёйиб тун чўкди. Ҳар оқшом сиздан хабар бериб чинқирадиган телефон негадир бугун жим эди. Хўрлангандек сездим ўзимни. Алам, пушаймон, ғурур – буларнинг ҳаммаси бир бўлиб, нафратни уйғотди. Шунда ўч олишни хоҳладим. Худди сиздек нафис сўзлар тагига заҳарли наштар кўмдим. Энди умуман бошқа одамга айлангандим. Бунга сабабчи сиз эдингиз.
Кун бўйи маст одамдай, алаҳсиб, қўнғироғингизни кутдим. Ҳар сафар телефон жиринглаб қолса, сиз деб хаёл қилиб, гўшакни кўтарардим. Ниҳоят қуёш ўз кошонасига кириб, тун маликасига ўрнини бўшатиб берганида жумла олам сукунатини чилпарчин қилиб, телефон товуш берди. Юрагим дукурлаб кетди.
– Алло.
– Алло.
– Яхшимисиз? – сўрадингиз сиз ҳеч нима бўл­магандай.
– Яхши, – дедим, кейин қўшиб қўйдим. – Ёмон дугонам ҳам яхши юрибди.
– Сиздан буни сўрамадим, шекилли?
Бу гапингиздан кейин чидаб туролмадим.
– Тўғри, чунки биласиз-да унинг аҳволини.
Жим бўлиб қолдингиз.
– Шунақами?!
Алам билан жаранглади овозим.
– Тушунмадим?
– Тушунмадим, – такрорладим мен. Энди ростакам портлаётган эдим.
– Нимани тушунмадингиз, дугонамга нимага телефон қилаётганингизними ёки мени билмайди, деб ўйлаганингизними?!
Сиздан садо чиқмади.
– Гапиринг!
Сўзлашим хотиржам бўлса ҳам, ғазаб устувор эди.
Бироз сукут сақладингиз-да, яна “тушунмадим”, деган сўзни такрорладингиз. Энди ақлим ўрнини алам, нафрат, ғазаб эгаллаб олди.
– Кечирасизу, ниятингизни тушунмадим. Мақса­дингиз нима ўзи?
– Ҳеч нима.
– Соғмисиз, ишқилиб?! – Менда устингиздан кулиш истаги пайдо бўлаётганди. – Ёки шу пайтгача телба билан гаплашганманми?!
– Мени хафа қилаяпсиз.
Хандон отиб юбордим.
– Наҳотки!?
Кейин қаҳрнинг кучидан бирданига жиддийлашдим.
– Мени хафа қилсангиз майлими?! Танишгингиз келган экан, нега айтмадингиз? Кечирасизу, сизга ёлғон гапирганман. Дугонам жуда яхши қиз, ҳазиллашиб уни ёмон деганман. Билмадим, қандай тушунгансиз?
Сиз яна ўша босиқлик билан “мен сизни тушунмаяпман”, дедингиз.
Бу гапингиздан кейин баттар тутоқдим.
– Дугонамга қўнғироқ қилганингизни тан олиш шун­чалик қийинми?
– Қачон қўнғироқ қилибман?!
Кутилмаганда жаҳлингиз чиқиб кетди. Бироқ бу шунчаки мени ишонтириш учун ўйлаб топилган ҳий­лага ўхшарди.
Бир лаҳза иккиланиб қолдим. Ўзимдан кўра сизга кўпроқ ишонганимдан гапларингиз рост, дея ўйлай бошлагандим. Бироқ овозингиз ёлғонларингизни фош қиларди, унда самимийлик сезилмасди, у ўзининг сохталигини кўз-кўз қилиб бонг урарди. Сиз бу ролга астойдил киришиб кетганингиздан менга бақиришни бошлагандингиз. Ҳолатингиз ёлғонингизни яшириш учун ниқоб эканини англаб етгандим. Бир фурсат баланд овозда ўзингизни оқлашингизни эшитиб турдим. Кейин эса паст, бироқ қатъий овозда гапирдим.
– Менга бақиришга нима ҳаққингиз бор?
– Узр, қизишиб кетдим.
Гўшакдан қисқа-қисқа нафас олишингизгина эши­тиларди. Гарчи қилмишингиздан фиғоним кўкка ўр­лаётган бўлса ҳам ғазабимни ичимга ютдим. Чунки тан олгингиз келмаётганди. Мен эса бунга нуқта қўйишни, сизни ҳаётимдан ўчириб ташлашни истардим.
– Биз дўст бўлишга, нима бўлган тақдирда ҳам бир-биримизга ёлғон гапирмасликка келишган эдик, шундайми?
– Ҳа.
– Шундай бўлса, нега алдаяпсиз?
– Алдаётганим йўқ.
– Узр, сизга ишона олмайман.
Жим бўлиб қолдингиз. Мен эса давом этдим.
– Келинг, шу ерда хайрлашамиз.
– Шуни хоҳлаяпсизми?
– Ҳа.
– Шуни хоҳлаётган бўлсангиз нима ҳам дердим. Қўнғироқ қилманг, десангиз бошқа безовта қилмайман. Фикрингиз ўзгариб қолса, қўнғироқ қиларсиз.
– Омон бўлинг.
– Хайр.
Билмадим, нимадан қўрқдингиз. Буни тан олган тақ­дирингиздаям, кечирардим-ку! Бироқ хаёлларим тес­кари айланди. Энди иймоним комил эди сизга эътиборим шунчаки эрмак эканига, ишончим поймол бўл­ганига.
Сизга бўлган меҳрим сўнди. Ўрнини алам, изтироб, нафрат, ўч эгаллади. Энди умуман бошқа одам бўлишга, худди сизга ўхшаб юзимга ниқоб кийишга қарор қилдим.
Ўзлигимни ниқоблаганимдан кейин хотиржам уйқуга кетдим. Тонг отди. Ҳар саҳар деразам тагидаги дарахт шохида нағма қиладиган булбул негадир бугун кўзимга хунук кўринди. Деразамни очиб, уни дарахт шохидан ҳайдадим-да, рақамингизни тердим. Ҳеч ким кўтармади.
Кун бўйи иккимиз ҳақда, топталган туйғулар, ҳа­қо­ратланган ҳислар ҳақида хаёл сурдим. Кеч ҳам кирди. Телефонда суҳбатлашадиган пайтимиз бўлди. Қўнғироғингизни кутдим, кутдим, аммо садо бўлмади. Бошқа кутишга сабрим чидамади, ўйинни ўзим бошлашга қарор қилдим. Хотирамдан бир умр ўчмайдиган ўша рақамларни тердим. Ҳар доимгидай гўшакни ўзин­гиз кўтардингиз.
– Алло.
– Алло, яхшимисиз?
– Сиз!? – ҳайратингизни яширолмадингиз. – Бош­қа қўнғироқ қилмайсиз деб ўйлагандим.
– Нимага энди, – қувноқлик билан гапирдим мен. – Сизга ишонмай бўладими?!
Жим бўлиб қолдингиз.
– Нима қилаяпсиз?
– Ҳеч нима.
– Мен билан гаплашаяпсиз-ку! Алдоқчилигингиз қолмади, қолмади-да!
Кулиб юбордингиз.
– Ҳа, тан олдингиз-а охири, – муғамбирлик билан дедим.
– Нимани?
Яна ўзингизни билмаганликка олдингиз.
Худди сизни ноқулай аҳволдан чиқармоқчидай:
– Келинг, ҳаммасини унутамиз, – дедим.
Маъқулладингиз. Шундан кейин суҳбатимиз давом этди. Хайрлашар чоғимизда яна шу мавзу ҳақида гап очдим.
– Алдаган бўлсангиз ҳам кечирдим, ўша сиз эдин­гиз-ку!
Негадир бу сафар гапимни инкор қилмадингиз. Сўнг­ги лаҳзада тан олдингиз, бироқ энди кеч эди. Ўйинни бош­лаб бўлгандим. Ниқобим кийилган, орқага йўл йўқ.
Ўзимни бу йўлдан қанчалик қайтаришга уринмай, ичимдаги иккинчи МЕНим изн бермасди. У ўзлигидан кечганди, энди айёрликни, ўчни, мағрурликни қурол қилиб олганди. Аламзада эдим. Қалбим ойнасига дарз етганини сира кечира олмасдим. Шу тариқа сиз бошлаган ёлғонни давом эттирдим. Қилмишингизни тан олганингиздан кейин сониялар ичида ҳаммасини ўйлаб чиқдим.
– Сизни кечирдим дедим, аслида кечирмаганман, кечирмайман ҳам. Ахир сизга ўзимга ишонгандек ишонардим.
– Кечиринг мени…
– Энди сизга ишонмайман.
– …
– Умид қиламанки, мени бошқа безовта қилмайсиз.
– Шуни хоҳлайсизми?!
– Ҳа.
– Чиндан шуни истасангиз, ҳеч қачон безовта қил­майман. Аммо қўнғироғингизни кутаман.
Ич-ичимдан ўзимдан мамнунлик ҳисси уйғонди.
– Омон бўлинг.
Оғир хўрсиндингиз.
– Хайр.
Кейин “ҳаммаси учун афсусдаман”, дея қўшиб қўйдингиз.
Жавобан гўшакни жойига қўйдим. Шундай қи­либ биринчи актёрлик ишим тугади. Илк қадамни муваффақиятли ташлаганимдан мамнун эдим. Қилган ишимдан ҳеч қандай афсус туймасдим.
Кунлар ўтди. Гоҳи-гоҳида қўнғироқ бўлиб қолар, жавоб берсам қўнғироқ эгасининг нафасидан бошқа нарса эшитилмасди. Савқи табиий билан сиз эканингизни англаб етардим. Чунки бундай нафас фақатгина сизга хос эди. Ҳолатингиздан ич-ичимдан қувонардим.
Орадан кўп вақт ўтмай кун совуқлигидан бетобланиб қолдим. Дугоналарим атрофимда парвона бў­лишига қарамай, негадир ич-ичимдан сизни со­ғин­дим. Овозингизни эшитгим келди. Бироқ алам, ўч, нафрат бу сафар ҳам ғолиб бўлди. Ҳатто дугоналаримдан фойдаланишга ҳам ор қилмадим. Дугонамга режаларимни тушунтириб берганимдан кейин у фақат шу сафар ёрдам беришга рози бўлди. Шу тариқа ра­қамингизни тердим, гўшакни унга бериб, ўзим ҳам қу­лоқ тутиб турдим.
– Алло, – овоз келди гўшакнинг нариги тарафидан.
– Алло, – деди дугонам ҳам.
– Эшитаман.
– Ўзингизмисиз? – деди дугонам қувноқлик билан.
– Ҳа, сизмисиз, яхшимисиз?
– Ҳа, яхши, раҳмат. Ишларингиз жойидами?
– Раҳмат.
Иккалангиз ҳам бир зумга жим қолдингиз. Дугонамни туртганимдан кейингина гапиришга тутинди.
– Биласизми, қандай тушунтирсам экан,– каловланди у.
– Гапираверинг.
– Биласизми, у касал бўлиб қолди. Қанча мажбурламайлик, дориларини ичмаяпти. Биласиз-ку, ўлгудай ўжарлигини. Айниқса, уришиб қолганларингиздан ке­йин ўзгариб қолган. Илтимос, бир мартагина телефон қилиб гаплашинг.
Жим бўлиб қолдингиз. Билмадим нималарни ўй­лаётгандингиз.
– Майли, бир оздан кейин қўнғироқ қиламан.
– Фақат қўнғироқ қилганимни билмасин, – деди дугонам шоша-пиша.
– Келишдик.
Дугонам гўшакни жойига қўяркан, “Ишқилиб яхшилик билан тугасин-да, у-ку ўзини эплаб кетиши мумкин, аммо ҳамма хавотирим сиздан”, деди чуқур уҳ тортиб. Унга кулиб қўя қолдим, билмабманки бу ўйин иккимизга ҳам қимматга тушишини.
Ваъда берганингиздай ўн дақиқа ўтар-ўтмас қўн­ғироқ қилдингиз. Шу вақт ўтгунга қадар яна бир карра айтадиган гапларимни ўйлаб олдим. Ягона мақ­садим, сизни ёлғонларимга ишонтириб, эрмак қи­лиш ва шу орқали ўч олиш эди. Гўшакни яна дугонам кўтарди.
– Алло.

– Ҳа, бор, – деди у менга кўзини қисиб.

– Ҳозир бераман.
Дугонам атайлабдан сиз эшитишингиз учун “сизга экан”, деди баланд овозда.
– Ким?– дедим мен ҳам жўрттага.
Дугонам “дўстингиз”, деди. Мен эса “менинг дўс­тим йўқ”, деган жавобни бердим. Дугонам гўшакни қайта қулоғига тутди-да:
– Кечирасиз, у гаплашишни истамаяпти, – деди худди бунга ўзи айбдордек. Шундан кейин у бир муддат гўшакни қулоғига тутганча туриб қолди. Кейин эса гўшакни менга узатганча “гаплаша қолинг”, деди илтижоли оҳангда. У билан келишганимиз учунми ёки ростданам сизга раҳми келганидан шундай қилдими, фарқлолмай қолдим. Бир муддат ўзимни гаплашишни хоҳламаётган одамдек тутдим-да, кейин гўшакни кўтардим.
– Алло?
– Алло.
– Яхшимисиз?
– …
– Нимага гапирмайсиз?
– Томоғим оғрияпти.
– Шамолладингизми?
– Шамолласам сизга нима? – қўполлашдим.
– Дори ичдингизми?
– Йўқ.
Товушим олдингидан ҳам қўрс чиқди.
Чуғур хўрсиндингиз.
– Майли, мени кечирманг, фақат вақтида дори ичинг. Агар вақтида даволанмасангиз, ўзингизга қийин бўлади.
– Қийин бўлса, менга қийин бўлади, – гапингизни бўлдим. Сўзимни тугатар-тугатмас, мени қаттиқ йўтал тутди. Уялганимдан гўшакни қўлим билан беркитдим. Қайта қулоғимга тутганимда, сиз:
– Кўрдингизми? – дедингиз таънали оҳангда.
– Дори ичолмайман, – дедим худди ёш қиза­лоқ­лардек йиғламсираб.
– Нега?
– Аччиқ.
“Жиннивой”, дедингиз кулиб. Ўшанда биринчи марта уришишингиз эди. Оҳангингиз уришишга эмас, кўпроқ эркалашга яқин эди. Меҳрингиз қалбимнинг туб-тубида ярақлаб ёнди-ю, нафратнинг кучи билан зумда ўчди-қолди. Шу тобда юрагимда меҳрдан кўра нафрат кўпроқ жойни эгаллаб олганини сезиб қолдим. Бироқ нима учундир ачинмадим. Кўзларим кўр эди. Нафрат, ўч, алам сўқир қилиб қўйганди уни. Мен тўғри йўл қолиб, эгри йўлни танлагандим.
– Ҳозир дорингизни ичинг-да, яхшилаб ўраниб ухланг. Хўпми! Эртага қўнғироқ қиламан.
Итоат билан “хўп”, дея жавоб бердим.
– Яхши дам олинг.
– Сиз ҳам.
Гўшакни қўйдим. Нимагадир хурсанд эдим. Меҳ­рибонлигингизданми ёки режаларим амалга ошаётганиданми, ўзим ҳам англаб етмасдим. Бироқ тузалишим учун энг катта туртки овозингизни эшитиш эканлигини ич-ичимдан англаб етгандим. Ҳар кеч ёлғизликдан қораядиган туним негадир ўшанда чароғон эди. Ҳар оқшом юзларини ўгириб оладиган юлдузлар ҳам худди имлаб ёнларига чорлаётгандек туюлди менга. Ўша кундан яна узундан узоқ суҳбатларимиз бошланди, аммо кетма-кет ёлғон тўқирдим. Алдовлар бир-бирига шундай уланардики, ҳатто ўзим ҳам сезмай қолардим. Бора-бора бу ёлғонлар иккаламизни севишганларга ўхшатиб қўйди. Бу ҳақда бир-биримизга айтмасдигу, лекин бир-биримизсиз яшолмайдигандек эдик. Сизни алдовларга кўмишга киришиб кетгандимки, ҳатто тўқиган ёлғонларимга ўзим ишона бошлагандим.
Аввалига ролини аъло даражада бажараётган актёрга ўхшардим. Кейин бошқа бировнинг ҳаётини яшай бошлагандек ҳис қилдим ўзимни. Билмайман, вазият тақозосимиди ёки дилимдаги талотўплар сабабми, бора-бора ўзим ўйлаб топган ҳаётга ўрганиб қолдим. Телефон орқали кечган суҳбатларимизда ба­ногоҳ шеърлар янграб қоларди. Мен шеър ўқишни, сиз эса эшитишни хуш кўрардингиз.
Кимсиз?
Айтинг,
Кутганиммисиз?
Ёки қисматимда
Адашган кимса.
Кимсиз?
Пешонамга битилган ғамми
Ва ё кипригимга
Бойланган ғусса.
Бу суҳбатлардан кейин вужудимиз бошқа-бошқа бўлса ҳам, руҳимиз бирдек бўлиб қоларди гўё. Менинг бу оламдан сира ажралгим йўқ эди. Аммо алам ва наф­ратнинг қоришмаси бунга йўл бермасди. Руҳимда макр қўзғолон қиларди. Билардим, менга ўзингизга ишонгандек ишонардингиз. Хаёлингизга ҳеч қачон мен ҳақимда ёмон фикр келмасди. Айнан шу ишонч мен учун қурол вазифасини ўтарди. Сизни батамом ўзимга боғлаб олганимдан кейин оғриқли нуқтани қўйишга аҳд қилдим. Ҳар кунгидай кеч кириб, тун чўка бошлаган пайт қўнғироқ қилдингиз.
– Алло.
– Яхшимисиз?
– Раҳмат, ўзингиз яхшимисиз?
– Худога шукур, ҳар доимгидай.
Жим қолдим.
– Нега гапирмайсиз?
Ҳамон жим эдим. Безовталана бошладингиз.
– Нима бўлди сизга?
– …
– Гапиринг…
– …
– Одамни қийнамасдан гапирсангиз-чи!
Оғир хўрсиндим.
– Мени унаштиришмоқчи.
Гўшакдан фақат тез-тез нафас олганингиз эшитилди. Шу кўйи анча вақтгача на сиздан, на мендан садо чиқди. Билмадим, нималарни ўйлар эдингиз. Менинг хаёлимда эса “нима деркин?”, деган савол айланарди. Анча пайтдан кейин “Қачон?” дедингиз.
– Шу ойнинг охирида.
– Демак, учрашишга келишган пайтимизда, шу­нақами?
– Ҳа…
– Биласизми, ўша одамнинг ўрнида бўлиб қо­лишни жудаям хоҳлардим.
Ич-ичимдан тўхтатиб бўлмас шодлик қайнаб чиқ­­ди. Бироқ бу қувончнинг сабабини билолмай овора эдим. Севинчим сизни чиндан яхши кўриб қол­га­нимданми ёки ёлғонларимга ишонтира олганимданми, англаёлмасдим. Бироқ ичимдаги макр қувончдан рақс тушарди. У шод эди, у ғолиб эди ва бу ғалабасидан масрур яна юриш бошлади, заҳарли ништарларини юрагингизга қадашда давом этди.
– Энди нима бўлади?
– Билмадим.
Худди ҳаво етмаётгандек тез-тез нафас олардингиз. Орага оғир сукунат чўкди. Қўнғироқ қилишингиздан олдин ўқиётган китобимга кўз югуртиришда давом этдим. Аҳён-аҳёнда хўрсиниб қўйишингиз эътиборимни тортганини демаса, бутун диққатим китобда эди. Ниҳоят сукунатни буздингиз.
– Нима ҳам дердим, бахтли бўлинг.
– Ростданам шуни истайсизми?
– Ҳа, чин дилдан.
– У билан бахтли бўлади, деб ўйлайсизми?
Жавоб беролмай довдирадингиз.
– Гапиринг…
– Билмадим.
Аҳволингиз чиндан аянчли эди. Гоҳ кулгим қис­таса, гоҳ ачиниб кетардим. Нима бўлганда ҳам бу ичимдаги макрга ҳузур бағишларди. У туйғуларингиз, ҳиссиётларингиз устидан мазах қиларди. Шундай кулардики, унинг кулгусига беихтиёр эргашиб кетганимни ҳам сезмай қолгандим.
Аслида кулаётган мен эмасдим. Мен ўзимдан, ўзлигимдан кечгандим. Кулаётган бошқа, умуман бегона кимса эди. У нафақат сизнинг туйғуларингиз, балки дунёдаги субути йўқ, қатъиятсиз инсонлар ҳис­сиётларини масхара қилишни хоҳларди. Шу ниятда йўлга чиққанди, шу мақсадда манзили томон интиларди. Энди унинг ягона нияти шу эди.
– Сиздан бир нарса илтимос қилсам, майлими?– дедим секингина.
– Майли.
– Кетганимдан кейин дугоналаримга қўнғироқ қи­либ туринг, хўпми!
– Нима учун?
– Чунки, сизга мени эслатиб туришади. Унутишингизни хоҳламайман.
– Унутади деб ўйлайсизми?! – изтироб билан инг­ради овозингиз, – қанчалик қўйворгим келмаётганини билсангиз эди.
Кулиб юборишдан зўрға тийилдим.
– Аммо қўйворишга мажбурсиз.
– Биламан.
Сиз хўрсиндингиз. Менинг кулгим қистади.
– Афсусдамисиз?
– Танишганимиздан, бир-биримизни тушунгани­миздан жудаям хурсандман. Тўғри, ҳозир оғир, ик­кимизгаям. Сиздан кўра менга оғир. Чунки сиз йиғ­лайсиз-сиқтайсиз, бора-бора кўникиб кетасиз. Мен-чи, ёлғиз қоламан. Биламан, ичингизда мени тин­май айблаяпсиз. Қийинчиликларга чидаб яшайверасизми, курашмайсизми, дегингиз келаётгандир. Айтмасангиз ҳам биламан. Ўйлаб ҳам кўрмасдан кечиб қўя қолди, деб ҳам хаёл қилаётгандирсиз. Бироқ қачондир шундай бўлишини билганман. Бир кун ташлаб кетишингизни, ажралишимизни. Биз фақат ўзимиз учун яшамаймиз. Ўртада ота-она, оила, уларнинг орзу-ҳаваси…
– Демак, биз ҳою ҳаваснинг қурбони бўлишимиз керак экан-да? – сўзингизни бўлдим.
– Илтимос, мени қийнаманг…
– Қийналяпсизми, наҳотки…
– Бошқа йўл йўқ эканини ўзингиз тушуниб ту­риб­сиз-ку…
– Тушунмайман, тушунишни истамайман ҳам.
– Ўзингизниям, мениям қийнаманг. Кўникишдан бошқа иложимиз йўқ.
– Демак, кўникишим керак, шундайми?! Мен кў­никаман, ҳаммасига кўникаман, фақат номардлигингизга эмас.
Гўшакни қўйдим. Кейин ичимда анчадан бери тўп­ланиб қолган масхарали қаҳ-қаҳа портлади. Овозим қаттиқ янграганидан қўшни хонадан дугонам чиқ­ди.
– Намунча?
У бир пас қараб турди-да, кекса онахонлардай бошини сарак-сарак қилди.
– Нимага керак-а, шу ғалва. Ҳафсалангиз пир бўлган экан, қўл силтаб кетавермайсизми?
– Керак! Керак шу ғалва. Қани кўрамиз қандай чиқаркин бу ғалвадан.
Дугонам ўзингиз биласиз, дегандай қўл силтади-да, хонасига кетди. Унинг изидан қараб қоларканман, қилаётган ишим нотўғри эканини хаёлимга ҳам келтирмаётгандим. Мен ўзим бошлаган ўйиннинг қурбони ўзим бўлиб қолишимни сезмаётгандим. Кўзим наф­ратдан кўр бўлиб қолганди. Сиз телефондан мени топиб беришини тинмай сўраётгандингиз. Телба ҳо­латингиздан мамнун эдим. Телефон дунёга жар солиб чинқирарди, дод соларди, йиғларди. Мен эса парвойи фалак, бепарвогина унга боқиб турардим холос. Охири уни тармоқдан узиб қўйдим. Қилган ишимдан ўзимда ҳеч қандай афсус сезмадим.
Тонг отди. Ўтган кунда қандай бўлсам, ҳали-ҳануз ўшандай эдим. Кибрли, қаҳрли, мағрур.
Кун бўйи телефон мени сўроқлаб тинмади. Тоқати тоқ бўлган дугонам “гаплаша қолинг энди”, дегандан кейин, истамайгина гўшакни олдим.
– Алло.
– Нимага жавоб бермаяпсиз?
– Мажбурмасман.
– Тўғри, мажбурмассиз. Ахир сизга кимман? Ҳеч ким. Ҳатто бир-биримизни кўрмаганмиз ҳам. Узр!
Шундай деб алоқани уздингиз. Қисқа-қисқа гудок келаётган гўшакни мен ҳам жойига қўйдим. Кун бўйи ташвишларим билан бўлиб сизни эсдан чиқариб юборибман.
Кеч кирди. Ярим кундан бери жим турган телефон яна тирилди. Унга жавоб берган дугонам “сизга” деди.
– Алло?
– Яхшимисиз?
Сиз эдингиз.
– Раҳмат, яхши.
– Сиз билан гаплашгим келди.
– Ростданми?
– Балки ишонмассиз, лекин рост.
Яна узундан-узоқ суҳбатларимиз бошланди. Мен тақдирга тан берган қиз ролини ижро этардим. Сиз сиқилардингиз, куйинардингиз. Бу баттар кулгимни қис­­­татарди. Шундай суҳбатларимизнинг бирида:
– Мен ҳеч нарсадан қўрқмайман, сиз рози бўл­сангиз бўлди, мен курашаман, – дедингиз.
Шунда иқрор бўлдим. Чиндан қийналаётганин­гиз­га, ёлғонларимга ишонганингизга. Аҳволингизни би­либ виж­доним қийналмасди, афсус ҳам чекмасдим. Ак­синча ўйинни давом эттиришни хоҳлардим.
– Йўқ, рози бўлолмайман.
– Нега?
– Тушунинг, онам рози бўлмайди.
– Рози қиламан онангизни.
– Сиз у кишини билмайсиз.
– Унда айтинг, сиз учун нима қилай?
– Ҳеч нима, тақдирга тан беришдан бошқа иложимиз йўқ.
Чуқур уҳ тортингиз.
– Тўғри, бошқа иложимиз йўқ.
Иккимиз ҳам анчагача жим қолдик. Иккимиз ҳам ўз хаёлларимиз билан банд эдик. Билмадим, нималарни ўйлаётгандингиз, қизиқмасдим ҳам. Фақат кетма-кет уланаётган сукунатдан зерикардим.
– Майли, яхши дам олинг.
– Чарчадингизми?
Хайрлашгингиз йўқ эди.
– Чарчадим.
– Майли унда, яхши дам олинг.
– Хўп.
Шоша-пиша гўшакни жойига илдим. Хайриятки, телефон шу билан тинди. Яна тонг отиб, яна кун бот­ди. Сиздан хабар йўқ. Бу ҳаракатингиздан ҳайрон эдим. Севиб қолди шекилли, деган ҳадикка ҳам бордим. Бироқ ҳаммасини тезда унутиб, кундалик ташвишларга кўмилиб кетдим. Сиз ҳақингизда ўйламай ҳам қўйгандим. Олдинлари қўнғироғингизни сабрсизлик билан кутган бўлсам, энди телефонга эътибор ҳам бермасдим. Яна борлиққа қора парда ёйилди. Бироқ кечани тўлин ой ёғдуси нурафшон этиб турар, бу туннинг ўзгача сеҳри бор эди. У сизга ўхшаб жилокор, аммо ёлғончи эди. Сутдек оппоқ кўрингани билан бағрида зулмат яширин. Ойнинг тўкилаётган нурларига боқиб ўтирар эканман, хаёлимни остун-устун қилиб, телефон чинқирди. Дилимдан сиз эканингизни англаб турардим. Шунинг учун ҳам қайта-қайта рақам териб хуноб бўлишингизни истадим. Кутганимдай телефон узлуксиз асабий жиринглар, бу эса юзимда масхараомуз кулгини пайдо қилганди.
У қанчалар дод солмасин, музга айланган юрагимни эритишга қодир эмасди. Кўксимда бир парча тошни кўтариб юргандек эдим. Бу юрак қачон тошга айланиб улгурганини ҳатто ўзим ҳам билмасдим. Ҳислар йиғлаган тун ҳам ниҳоясига етди. Оппоқ ҳарир рўмолини кўз-кўз этиб тонг отди. Бироқ зулмат чўккан кўнглимга нурафшонлик бахш этолмади. Кун бўйи қора тошнинг юкидан эзилиб юрдим. Ниҳоят борлиққа яна худди ҳисларимдек ҳазин тун чўкди. Худди зулмат чулғаб олган кўнглимга оқиб кирмоқчи бўлганингиздек ой юзлари қора тунни ўз нурларига чулғашни истаб, осмон тоқига югуриб чиқди. Бироқ зулматга қорилган руҳимни бу ёғдулар ҳайратга сололмасди.
Одатдаги вақтда яна қўнғироқ.
– Нимага телефонни кўтармадингиз?
– Қачон?
– Ўша куни.
Жим бўлиб қолдим.
– Биламан, хафасиз. Ҳаммасига мен айбдорман. Йўлингизда пайдо бўлган ҳам, тинмай безовта қилган ҳам менман. Лекин қийналяпман, сиқиляпман.
Гапларингиздан нимагадир жаҳлим чиқиб кетди. Ўзингиз ҳақингизда эмас, бошқа инсоннинг туйғулари ҳақида гапираётгандек таассурот уйғотдингиз менда.
– Мен-чи, – алам билан сачради овозим, – қий­налмаяпти, деб ўйлайсизми?! Мен кетаман, сиз қо­ласиз. Сизда хотиралар қолади. Ўзингизни қайта тик­лаб олгунингизга қадар шу хотиралар мадад бўлади. Мен эса кетаман, ўзим билмаган, кўрмаган, севмаган инсон ҳузурига. Кейин… Кейин сиз тўғрингизда хаёл суришгаям ҳаққим бўлмайди. Энди айтинг! Ким кўпроқ қийналаяпти, сизми ёки мен?!
Жим қолдингиз. Чуқур-чуқур нафас олаётганингиз эшитиларди, холос. Шу тахлит анча турдингиз, кейин чуқур хўрсиндингиз-да:
– Кечиринг, – дедингиз бўғиқ товушда. – Ўзга инсон ҳузурига бораётганингиз, айнан шу нарса қийнаяпти мени.
Ўзим билмаган ҳолда юзимга табассум югурди. Юрагимнинг аллақаери увишди, қўлларим титради. Бироқ бу туйғу қандай тез келган бўлса, шундай тез ғойиб бўлди. Бу сафар ҳам нафрат устун келди.
– Бугун сизга қўнғироқ қилмоқчи эдим, ўзингиз қилиб қолдингиз. Сиз билан хайрлашмоқчийдим.
– Хайрлашмоқчи?..
– Ҳа, эртага кетяпман.
– Бунча тез. Ахир кетаман деб айтмаган эдингиз-ку!
– Бунақа шошилинч кетишимни ўзим ҳам билмагандим.
Одатингизга кўра анча вақт жим қолдингиз. Кейин синиқлик билан гап бошладингиз.
– Балки тез кетаётганингиз яхшидир. Барибир, йўлимиз бошқа-бошқа-ку. Қийналиб юрганимиздан ни­ма наф?
Гапларингизни охиригача эшитолмадим. Шу сўз­­­ларни осонгина айтишингиз, осонгина мендан кеч­моқчи, ҳаммасини тезда унутмоқчи бў­лаёт­га­нин­гиз жуда оғир эди.
Гапиряпсизу оҳангингизга монанд юрагим парчаларга айланиб увалиб бораётгандек эди. Ахир, айтинг, нима учун дилингизда борини очиқ айтмайсиз? Шу ҳолатингизда кўринишининг катталиги билан атрофдагиларни ҳайратга солган, бироқ ичи бўм-бўш пуфакка ўхшайсиз. Дардларингиз қанчалик катта кўринса, ичингиз шунчалик бўшлиқ. Унда дард, ҳайрат, севинч, чақин йўқ. Лойқа сувдек дилингиз хира. Ҳатто, ўзингизнинг кўнглингизни тушунмайсиз. Энди айтинг, ўз ҳисларингизни англаёлмасангиз, менинг юрагимда уйғонган тўфонни қандай тушунасиз?! Сиздан гина қилаяпману, лекин ўзим ҳам тушунолмаяпман. Азоб чекаётганга ўхшаяпсизу, бироқ осонликча ҳаммасидан воз кечмоқчи бўлаётганингиз юрагимга қаттиқ ботарди. Бу эса нафратимни баттар оловлантирарди. Ҳаммаси қанчалик бемаъни бўлиб туюлса ҳам, ўзимни қўлга олиб, режам асосида иш кўришга қарор қилиб бўлгандим. Шунинг учун ҳам сўзларингизни охиригача эшитолмадим.
– Балки сиз кўникарсиз, аммо мен ҳеч қачон рози бўлмайман.
– Бошқа иложимиз йўқ.
– Йўқ, мен топаман иложини, қайтиб келаман.
– Йўқ, ундай қилманг.
– Нима учун?
– Агар шундай қилсангиз, яқинларингизнинг кўнг­лини оғритасиз.
– Нега бошқаларнинг кўнглига қарашим кера­гу, уларни менинг кўнглим билан иши йўқ. Ўзим хоҳ­ла­гандай яшашга ҳаққим йўқми?
– Тушунинг, биз фақат ўзимиз учун яшамаймиз.
Бир пайтлари ўзим айтган гапларни такрорлаётгандингиз. Бундан кулгим қистар, кулиб юбормаслик учун лабларимни тишлаб олгандим.
– Демак, қайтиб келишимни истамайсиз, шундайми?
– Йўқ, унақамас, – тушунтиришга киришдингиз. – Тушунинг, биз ўзгаларни бахтсиз қилиб бахтли бўлол­маймиз.
– Нега? Улар бахтсизлигимиз эвазига бахтли бў­лишади-ю, биз бўлолмаймиз.
– Бундай қилолмаймиз.
Ҳадеб бир гапни такрорлашингиз ғашимни келтирди.
– Биласизми нима, сиз қўрқаяпсиз. Қўрқманг, сизни безовта қилмайман. Бошингизга ташвиш ҳам орттирмайман. Шунчаки хоҳламаганим учун қайтиб келаман.
– Бундай қилманг.
Оҳангингизда ёлвориш бор эди.
Томоғимга ич-ичимдан ҳам қаҳ-қаҳа, ҳам аччиқ бир нарса келиб тиқилди. Шу онда чиндан ҳам дунёдаги энг яқин кишисидан айрилаётган инсон ҳолатига тушиб қолгандим. Юрагимни азоб эзар, йиғлагим келар, аммо дарднинг зўридан кўзимга ёш келмасди.
– Майли,– дедим ҳорғин товушда. – Мени унутинг, умуман эсламанг. Бироқ сизни ҳеч қачон эсимдан чиқармайман.
– Йиғламанг, илтимос.
Ёлғонларга ишонтиролганимга севинмоқчи бўл­диму, лекин шодланолмадим. Аксинча, йиғлагим келаётганини тушуниб қолдим.
– Биламан, қийналмаяпсиз. Фақат сиз тақдирдан, мени қўйиб юбораётганингиздан афсус чекманг. Биламан, бошқа иложингиз йўқ. Фақат дугоналаримга қўнғироқ қилиб туришга сўз беринг. Сиқилганингизда озгина бўлсаям нохушликдан қутуласиз. Мана кўрасиз, уларни ёқтириб қоласиз.
Шу даражада худбинлашиб кетган эдимки, бу гап­ларни сизга чиндан ачинганим учун эмас, ажралганимиздан кейин қай ҳолатга тушишингизни дугоналарим орқали билиш учун айтаётгандим.
Ҳамма гапларимга ишондингиз. Оғир хўрси­ниш­лардан кейин илтимосимни бажаришга сўз бердингиз. Сўнгра хайрлашдик.
Орага узоқ жимлик чўкди. Гўшакни қўяй демасдингиз.
– Гўшакни қўйинг.
– Фақат сиздан кейин.
Яна бир муддат жим турдим-да:
– Хайр, яхши қолинг, – деб алоқани уздим. Кейин ўзим хоҳламасам ҳам кулдим. Негадир қаҳ-қаҳам ўз-ўзидан йиғига айланиб борар, лабларим ниманингдир аччиқ таъмини сезарди. Аралаш ҳислар қуршовида қолгандим. Бир томондан сизни бир умрга йўқотганим учун ўзимни кечиролмаётган бўлсам, бир тарафдан ғурурим мени олқишларди. Йиғлаётган юрак ва ғолиб мағрурлик ила дераза пардасини суриб, ойга тикилдим. Тўлин ой нурлари зимистонлик қўйнига тўкилар, унинг бағрига қандайдир сирларни яширарди. Айни лаҳзада худди шу нурлар каби ўз-ўзимдан қайларгадир яширингим келди. Бу ҳолатнинг недан эканлигини билмасдим. Балки сиздан ажралганим, балки виждон амрига тескари юрганим учундир. Нима бўлганда ҳам илк маротаба кимнингдир кўнглини қаттиқ оғритаётганим юрагимга тош бўлиб ботарди, яна ёлғиз қолаётгандим. Ўзим билан, ўзлигим билан, ўз дунёимда, яна кимсасизлик сарҳадида якка. Сабабчи эса ўзим. Ҳаммасини ўзим хоҳлаб, билиб, кўриб қилаётгандим. Ахир сизни узоқлаштираётган ҳам ўзим эдим-ку!
Тўғри, ёлғон тўқимаганимда олдингидай бирга бўлардик. Аммо истамадим, сохталикка ортиқ кў­милиб яшагим келмади. Шу билан бирга ўз-ўзимни алдаб юришни хоҳламадим. Ҳаммасига чек қўйиш, йўлимиз бошқа-бошқа бўлган тақдирда ҳам сизсиз яшай олишимни исботлаш учун шундай қилдим. Ва бунинг уддасидан чиқдим ҳам. Чунки чиндан сиздан ажралишга кучим етмаганида ҳеч қачон нафрат кўзи ила боқмасдим. Ўч олишни ўйламасдим, манзилимни ўзгартирмасдим. Бироқ шундай қилдим, кучим етди. Демак, севганим, ҳаммадан қизғонганим, сизсиз яшай олмаслигим – бари ёлғон. Ҳаммаси чўпчак. Аммо бир нарса, мени тушуна оладиган ягона инсондан айрилиш алами рост. Айни ҳақиқат. Буни ҳеч қачон инкор қилмайман, қилолмайман ҳам.
Иккимиз бирга ўтказган онларимизни, қурган суҳ­батларимизни охирги бора хаёлимда қайта жонлантирдим. Ўша лаҳзаларни хотирамдан ўтказарканман, ўша дамлар ҳаётимнинг энг завқли, шу билан бирга аламли онлари эканини англадим. Шундай бўлса-да, сиздан ажралаётганимга сира афсус чекмасдим, чунки буни тақдирнинг иши деб ишонардим. Агар чиндан ҳам бир-биримиз учун яратилган бўлсак, бир кун келиб қисмат йўлларимизни туташтиришига ҳеч қандай шубҳам йўқ эди.
Тунни нурларига чулғаган моҳга охирги бора назар ташладим-да, дераза пардаларини ёпиб қўйдим. Кўзларимни юмарканман, уйғонганимда сизни бутунлай унутишга, ҳаётимда ҳеч қачон бўлмаганингизга ўзимни ишонтиришга, тонгда умуман бошқа инсон бўлиб уйғонишга ўзимга сўз бердим. Чунки сизни ҳаётимдан ўчириб ташлашга жазм қилгандим.
Саҳарлаб уйғондим. Руҳим тетик, кўнглим бўм-бўш. Ҳаётимда ҳеч қандай ўзгариш, ҳеч қандай бурилиш бўлмагандай. Асосийси, юрагимни қаттиқ эзаётган алам қаёққадир ғойиб бўлганди. Шунда англаб етдимки, чиндан унутишни уддалаган эканман.
Кунлар ўтар, қачонлардир ҳаётимда сиз бўл­ганингиз хаёлимга ҳам келмасди. Энди умрим давомида орзу қилиб, сиғинган муҳаббат шунчаки бир ўйин деб тушунардим. Менда сизга нисбатан илгари ўзим ардоқлаб, меҳр қўйган инсон сифатида эмас, шунчаки бир ўткинчи, ўйин иштирокчисига қарагандек муносабат шаклланди. Энди қўнғироқ қилмасдим, аммо телефон орқали хат ёзиб безовта қила бошлагандим. Бўш вақтим бўлди дегунча дугоналарим билан сизга телефонхат ёзиш севимли машғулотимга айланиб қолди. Охирги марта хайрлашганимиздан уч кун ўтиб, сизга хат ёздим. У шундай эди: “Биласизми, ҳамма хурсанд, ҳамма тўй ташвишлари билан банд. Фақат менинг ичимга чироқ ёқса ёришмайди. Соғиндим сизни…”
Хатни дугоналарим билан кула-кула ёздигу, жў­натдик. Зум ўтмай жавоб келди. “Сизнинг бошқа биров билан бирга бўлишингизни ўйласам, фиғоним кўкка ўрлаяпти. Бироқ чидамай иложим йўқ. Унутмайман сизни, унутолмайман. Бахтли бўлинг!”
Дугоналарим билан мактубингизни қотиб-қотиб ўқидик. Балки қилаётган ишимизни четдан туриб одамийлик кўзи билан кузатаётган одам ёқламас, бироқ бу биз учун фожиа эмасди. Сиз шунчаки ҳазил қилиб ҳордиқ чиқаришимиз учун восита эдингиз, холос. Ўйин қилгимиз келган пайтда сизни безовта қилардигу, кулгу бадимизга ургач, ўйинчоғимизни эсдан чиқарардик.
Орадан кунлар ўтди. Бир куни дугонам қўнғи­роқларингиз ҳақида гапириб қолди.
– Бекор қилдингиз қўнғироқ қилиб, фақат сиз ҳақингизда гапиради. Ишқилиб, алдаганингизни билиб қолмасин-да.
Ўзимни тутолмай кулиб юбордим. Дугонам таажжубга тушди.
– Нега кулаяпсиз?
– Кулмай нима қилай?!
– Жиннисиз.
Баттар кулгим қистади. Бироқ кулмадим, жиддий туриб дугонамнинг кўзларига кўзимни қададим.
– Яхши бўпти, унутолмаётган бўлса!
Нима учундир нафратим қўзиётганди.
– Кимларгадир қўнғироқ қилаётганида ўйлаши керак эди бу ҳақда. Бу ҳали ҳолваси, ҳали ҳаммаси ёлғонлигини рўйи-рост юзига айтаман. Бир кўриб қўй­син алдаш қанақа бўлишини.
Таърифлаб бўлмас шундай нафрат билан гапирардимки, ҳар қандай вазиятда жавоб қайтара оладиган дугонам ҳам жим бўлиб қолди. Агар суҳбатимиз шу зайлда давом этса, аразлашиб қолишимизни сезган дугонам бошқа гапирмади.
Ниҳоят сизга қўнғироқ қилиб, барчаси ёлғон эканини айтмоқчи бўлдим. Дугонам юзимга тикилди-ю, аммо олдинги суҳбатимизни эслади шекилли, ҳеч нима демади. Сездим, деёлмади. Бошқаси эса “қўнғироқ қилинг”, деган маслаҳатни берди. Энди гўшакка қўл чўзгандим, телефоннинг ўзи чақириб қолди.
– Алло,– деди гўшакни кўтарган дугонам. Кейин менга шивирлади.
– Шаҳзодангиз.
Дугонамга имо қилиб, келганимни айтишини илтимос қилдим. Шу тобда юрагим бўм-бўш эди. Ҳатто қилмишим нима билан тугашини ўйламасдим ҳам. Сизга ўзим хоҳлагандай, дилингизнинг туб-тубини вайрон қиладиган сўзлар айтдим. Чидолмадингиз. Сездим. Худди сизни рашк қилишим чиндай дугонамни телефонга чақиришимни илтимос қилдингиз. Сиз дугонам билан гаплашиб, менинг рашкимни уйғотмоқчи бўлаётгандингиз.
Ҳолатингиз кулгили эди. Бироқ уддасидан чиқ­дингиз. Ўзим билмаган ҳолда бемаъни рашкнинг қур­бонига айландим. Аммо бу ўша оннинг ўзида эмас, орадан анча вақт ўтиб юз берди. Шу онда алдовим ақлингизга сиғмасди. Шу йўл билан мазах қи­лишимдан сақланмоқчи бўлаётгандингизу, бироқ уддасидан чиқолмаётгандингиз. Ҳолатингизни кўриб ни­магадир ич-ичимдан сизга ачиниш ҳисси уйғонди. Балки шунинг учунми, ҳеч иккиланмасдан телефонга дугонамни чақирдим. Дугонам “кейин гаплашамиз”, деди-ю, суҳбатни қисқа қилди. Шундай қилиб сўнгги суҳбатимиз якун топди. Худди икки елкамдан нимадир босиб тургандай эди-ю, шу суҳбатимиз туфайли у қулаган эди. Аммо энди мени пушаймон эзарди. Сизни алдовларга кўмиб ташлаганим учун эмас, ўзлигимга қарши борганим, виждон амрига қарши юрганим учун ўз-ўзимдан нафратланишни бошлагандим. Бу вазиятда қийналаётганингиз эмас, кимгадир азоб бериб ҳузур топаман, деган хаёлга борганим мени кўпроқ афсуслантирарди.
– Бекор қилдингиз.
Дугонамнинг сўзларидан кейин нигоҳимни унга қададим. “Сизмасмидингиз битта синаб кўр, деган” дегим келди-ю, гапиролмадим. Мен ҳаммаси учун фақат ўзимни айблардим.
Кунлар ўтди. Юрагимни бир хижиллик эзар, сизга қўнғироқ қилгим, сиз билан гаплашгим келаверар, ҳолингиз нима кечдийкин, дея хавотир олардим. Бироқ ҳар доимгидай ғурур йўлимда тўғаноқ бўлиб турарди. Тинимсиз ўз-ўзим, ҳисларим, туйғуларим, нафратим, ғурурим билан олишардим. Охир оқибат барибир сизга боғлиқ бўлган хотираларим устун келаверарди. Ич-ичимдан адо бўлиб борардим.
Шундай кунларнинг бирида телефон жиринглади. Нимагадир дилимда бу сиз дея ўйладим ва ўзим билмаган ногаҳоний ҳис билан телефонга талпиндим.
Гўшакни худди нариги тарафидан сиз жавоб берадигандай қувонч билан кўтардим.
– Алло,– дедим умид билан. Аммо бу сафар ҳеч қандай жавоб бўлмади. Юрагим тез-тез урар, ички сезги билан бу сиз эканлигингизни англардим. Ҳеч қандай овоз келмаса ҳам нафас олишингизни бутун вужудим сезиб турарди. Гапирмадингиз, мен ҳам нафасингизни тинглашда давом этдим. Бироқ шуниям кўп кўрдингиз. Гапиришга оғиз жуфтламасимдан телефондан қисқа-қисқа гудок эшитилди.
Киприкларимдан тўкилай-тўкилай деб турган шаб­намлар ёноқларимда из қолдириб сирғалиб тушди. Шу ондаги ҳолатим саҳро ўртасидаги нажотсиз одамни эслатарди. Худди юрагим юлиб олингану, жуссам увалиб бораётгандек. Хаста дил, эзгин хаёл билан дераза пардасини суриб, самога тикилдим. Кўк ҳам дардимни тушунгандек маъюс тортиб турар, сим-сим ёшларини тўкарди. Ўша кун само билан йиғлашдим. Бироқ дилимни эзган дардларим тўкилиб кетмади. Улар баттарроқ дилимнинг туб-тубларига кириб ўрнашиб олган эди гўё. Синиқ дил, яро бағир билан кунни кеч қилдим. Куйган кўнглим изтиробларидан бехабар ду­гоналарим кириб келишди. Азизларимни кўриб ғам­ларим аригандай бўлди. Шодон кулгилари остида ош­хонага йўналарканман, яна телефон жиринглади. Юрагим бир қалқди. Қўшни хонага ўтдим. Бироқ ихтиёрсиз равишда дугонамнинг суҳбатига қулоқ тутдим.
– Алло, – деди. Сўнгра “Кейин гаплашамиз, ҳозир у уйда”, деди шивирлагудек бўлиб. Карахт бўлиб қолдим.
Бошимга осмон қулаётгандек қаддимни эгдим. Йўқ, осмон қуламади. Бироқ юрагим тўхтаб қолди гўё. Худди уни йўқотиб қўйгандай ҳис қилдим ўзимни. Ҳисларим йиғлаётганди. Аста-секин бу оғриқли йиғи бутун борлиғимни қамраб олаётганди. Ғам, алам, наф­рат, надомат исканжасида қолиб кетгандим. Шунда ёлғизгина Эгамдан мадад кутдим ва У менга сабр берди. Хаёлимга бир ҳикмат келди: “Гумон иймондан айирар”. Ярқ этиб чақнаган бу сўзлардан ўзимни тутдим. Тавба қилдим. Сиз эмассиз, янглишдим, юрагимга шайтон қутқу солди, дея ўз-ўзимни ишонтирдим. Бу эса хаёлларга суяниб ўнгланишимга ёрдам берди. Бироқ кўнглим нотинч эди, ўзим ҳам англаб етмаган нимадир юрагимнинг туб-тубларида ғалаён қиларди.
Кунлар давомида шу ёлғонларга ўзимни ишонтириб юрдим. Бироқ бу ишончнинг омонат дўстларга содиқлиги узоққа бормади. Иккинчи бора дўстликка ишониб янглишган эдим. Бу худбинликмиди ёки сизни улардан рашк қилаётганмидим, ўзим ҳам билмасдим.
Ҳар куни сизни ўйлар, сиз ҳақингизда дугоналарим билан гаплашгим келарди. “Дугоналаримга қўнғироқ қилиб туринг”, деганимдан кейин улар билан бот-бот боғланиб турардингиз. Уларга қўнғироқ қилишингизни билардим-у, аммо бир кун келиб дугонам билан ораларингизда муҳаббат саргузашти бўлади, деб хаёлимга ҳам келтирмагандим. Ҳаммаси гумон қилганимдай бўлиб чиқди.
Дугонам билан сайр қилишни хуш кўрардик. Шу сайрлар давомида иккимиз ўй-хаёлларимизни бир-биримизга тўкиб солардик. Биринчи маротаба дугонам ва сиз ҳақингизда ҳам шу сайрда эшитдим. Йўл ёқасидаги ўриндиқда гул баргига қараб хаёл суриб ўтирган дугонамга “у қанақа экан-а”, дедим. Дугонам шу ўтиришида жавоб берди.
– Деярли кўпчиликдан фарқ қилмайди. Бўйи баланд, лекин сиз тасаввур қилганингиздай эмас.
Унинг табассум билан гапиришидан ҳазил­ла­шаяпти, деб ўйладим:
– Худди кўргандай гапирасиз-а?!
– Кўрганим учун айтаяпман-да.
Жойимда қотиб қолдим.
– Қачон?!
– Анча бўлди.
Дугонам ҳеч нарса бўлмагандай жавоб берди.
– У билан учрашдингизми?
– Йўқ.
– Унда қаерда кўрдингиз?
– У билан учрашганида.
Дугонам “у” деганида иккинчи дугонамни кўзда тутаётган эди. Ҳайрон бўлиб қолдим.
– Қачон кўришишди?
– Анча бўлди, сиз билан уришиб қолганидан ке­йин.
– Нимани гаплашишибди?
– Билмадим, лекин ўшанингиз унга севги изҳор қилганини биламан. Сиз эса ҳалиям уни ўйлайсиз, арзимайди сиқилишингизга!
«Ёлғон» деган ўй келди хаёлимга.
– Ҳазиллашмаяпсизми?
Дугонам бир пас юзимга тикилиб турди-да:
– Эсин­гиз жойидами, нега ҳазиллашаман? – деди жиддий туриб.
Нима деб ўйлашни билмасдим. Ҳақоратланган, хўрланган ҳис қилдим ўзимни. Бутун вужудим титрар, кўзларим ҳеч нимани кўрмас, бошим узра сайраётган қушларнинг овози юрагимнинг нолишидай эшитиларди. Дугонам билан учрашганингизни эмас, дугонамнинг келиб-келиб сиз билан учрашганини ақлимга сиғдиролмасдим.
Дунёим қоронғуликка чўмди гўё. Бу зулмат ичида дўст ким, душман ким ажратолмай қолдим. Мен биргина қалтис ҳазилимга ҳақ тўлаётгандим. Шу биргина ҳазилим учун атрофимдаги азиз инсонларимдан ажраб қолаётгандим. Аввалига сиздан, кейин эса мен фариштага қиёслаган дугоналаримдан. Буни ўзимга жазо деб билдим. Кўнглингизни оғритганим учун берилган жазо. Бироқ ишонишниям, ишонмасликниям билмасдим. Жаҳлим чиқар, ўзимни ҳарчанд қўлга олишга ҳаракат қилмай кўзларим буни ошкор қилиб қўяверарди. Буни бепарво кулгим ортига беркитишга уринмай у беўхшов табассумга айланиб ғашимни келтираверарди. Дугоналарим билан муносабатим четдан қараганда ҳавас қиларли эди. Бироқ кўнгилларимиз тобора узоқлашиб борарди.
Кунлар ўтиб борар, сиз дугоналарим учун асосий суҳбат мавзусига айланиб улгургандингиз. Шундай кунларнинг бирида кутилмаганда йўлимизда пайдо бўлдингиз. Билмадим, сиз дугонамни излаб келганмидингиз, ёки мени?! Тушунолмадим. Балки дугонамни излаб келганингизни билдириб, рашкимни уйғотмоқчи бўлгандирсиз, сизни бир дунё ёлғонларга кўмиб ташлаган қизни кўриб қўймоқчи бўлгандирсиз. Билмадим, азизим, билмадим. Бу ёғи қоронғу. Бироқ келганингиз ёки келмаслигингиз эмас, муҳими сизнинг келишингизни билиб худди нимадир содир бўладигандай юрагимнинг бежолангани эди. Шунда тушуниб етдим ҳаётимнинг бир бўлагига айланиб улгурганингизни, аммо энди ҳеч қачон бирга бўлмаслигимизни ҳам анг­лаган эдим.
Кунлар ўтди. Дугоналаримнинг сиз билан муносабати давом этар, улар мени кўрганларида бу ҳақда кулиб, ярим чин, ярим ҳазил гапиришар, бу билан эски яраларимни янгилашарди. Анча пайтгача уларнинг ҳазилларини табассумларим ортига яшириб юрдим, бироқ юрагим бунга дош беролмади. Бир сафар сиз ҳақингизда гапиришаётганда чидаб туролмадим. Тилим ўзимга бўйсунмади.
– Биламан,– дедим бепарво.
– Нимани биласиз? – ҳайрон бўлганча сўради дугонам.
– Кеча телефонда гаплашганларингни. Олдин мен ҳақимда озгина гаплашгансизлар, кейин у “келинг, у ҳақида гаплашмайлик”, деган. Албатта, у бу гапни сизни нима деркин, деган мақсадда айтган, кейин суҳбат мавзуси ўзгарган, шундайми?!
Нега бундай деганимни билмайман, балки алам қилгандир. Дугонам гапларимдан кейин бирданига жиддий қиёфага кирди.
– Шунақа денг, демак, ҳаммасини айтибди-да.
– Ҳа, айтди. Шу пайтгача нима ҳақида гаплашган бўл­сангизлар ҳаммасини.
Дугонам эсанкираб қолди.
– Ҳаммасини айтиб бераркан-да…
– Ҳа, сиз нима деб ўйловдингиз? Мени ҳеч нарсадан хабари йўқ деб ўйлагансиз, шунақами? Ораларингиздан нима ўтган бўлса, ҳаммасини биламан.
Жиддий қиёфада гапирардиму, гапларим қандай таъсир қилаётганини ҳам кузатардим.
Уларнинг тобора жаҳли чиқар, бироқ аламини куч билан ичига ютишарди. Улар билан яхши кайфиятда тўпланишиб, ёмон кайфиятда тарқалишдик. Кўнгилларига қанчалик қаттиқ тегса ҳам, қилган ишимдан пушаймон эмасдим. Ўзимни бутунлай ҳақ деб билардим. Шу билан бирга мени “нималар ҳақида гаплашишган экан?”, деган савол қийнарди.
Гумонларим тўғри чиқса ҳам, гарчи аламларим тарқаëтгандай бўлса ҳам, юрагим озорланишдан тўх­тамади. Энди сиз учун мен эмас, дугоналарим бор эди. Дугоналарим учун ҳам мен эмас, сиз бор эдингиз. Менинг ҳеч кимим йўқ эди. Мен энди ҳеч ким эдим. Шундай бўлса ҳам юрагимда умид кўз оча бошлади. Овозингизни эшитиш умиди. Ишонардим. Гумон қилиб айтган гапларимни улар сизга айтишини, нима учун бундай қилганимни билиш учун қўнғироқ қилишингизни ҳам билардим. Аслини олганда ниятим шу эди. Шу баҳона овозингизни яна бир эшитишни истардим. Кутганимдай бўлди. Гарчи телефон жиринглагунга қадар ҳаяжон устунлик қилган бўлса ҳам, кейин ўзим билмаган қандайдир гина аралаш шаҳд пайдо бўлди. Бориб жавоб қилдим.
– Алло?
– Яхшимисиз?
Ўша мулойим, ўша ёқимли овоз. Ўша ҳаётбахш кунларга қайтгандай бўлдим. Ич-ичимдан тўхтатиб бўлмас шодлик қайнаб чиқди. Шундай бўлса-да, сир бой бергим келмади.
– Яхши, раҳмат. Ким бу?
– Танимадингизми?
– Танимадим.
– Нега бунақа қилаяпсиз? Нега дугоналарингиз билан орамизга совуқлик туширяпсиз?
Гапингиздан тутоқиб кетдим. Рашк ақлимдан ус­тун келди.
– Ким ораларингизга совуқлик солибди?
– Сиз! Бўлмаган гапларни сиз айтмадингизми?
– Айтдим, – дедим ўзимнинг ишимдан ўзим мамнун,– айтган бўлсам, яхши бўпти.
– Яхши бўпти?! – киноя аралаш гапимни қай­тар­дингиз. – Сиз мени қийнаб ҳузур қиласиз шекилли, шунча қийнаганингиз етмайдими? Нега мени тинч қўй­майсиз?
Гапингиздан ўзимни кераксиз буюмдай ҳис қил­дим, овозингизни эшитиб энди овуна бошлаган юрагим яна бўзлашни бошлади. Юрагимдаги муҳаббат ўрнини мағрурлик эгаллади.
– Бу сизнинг ҳаётингиз. Менга деса, ўшаларингиз билан қўшмозор бўлмайсизми?!
Менинг овозим шу қадар нафрат, алам, ғазаб билан янградики, ҳатто овозимни ўзим танимай қолдим.
– Йўқ, мен ўзим йўқоламан. Фақат тинч қўйсангиз бўлди. Ҳаётингиздан, хаёлингиздан буткул йўқолиб кетаман.
Гапингиздан худди сизни тинч қўймаётгандай эдим. Қасдма-қасдига асабларингизни қитиқлаш йў­лига ўтдим.
– Йўқ, ким айтди сизни тинч қўяди деб. Ҳеч қачон тинч қўймайман, қаерда бўлсангиз ҳам, йўлингиздан чиқавераман, тинч яшашга қўймайман. Шу гапим керакмиди сизга?!
– Бу гапни айтмасангиз ҳам биламан.
Жим бўлиб қолдим, нима дейишимни, буё­ғига қан­дай йўл тутишни билмай ҳайрон эдим. Ҳақо­рат­­­­лангандек ҳис қилдим ўзимни. Олдин ишончим, му­ҳаббатим ҳақоратланган бўлса, энди ғурурим оёқ ости бўлаётгандек таассурот уйғонди менда. Сездингиз юрагимга оғир ботганини.
– Кечиринг.
Овозингиз шу қадар ёқимли эдики, кечиришдан бошқа иложим қолмади.
Аслида мулойим гапиришингиз, ёқимли овозингиз мени асир этганди. Шу овозингиз вужудимга ажиб бир хотиржамлик бахш этар, юрагимга фараҳбахш куйдек ором олиб кирарди. Бу сафар ҳам мулойим овутишингиз кечиришга мажбур қилиб қўйди. Ўзим билмаган ҳолда сўзларингизга жавоб қайтарар, аҳволингиз билан қизиқардим. Овозингиз сизга бўлган туйғуларимни фош қилиб қўйишимга мажбур қиларди. Шу суҳбатимиз сабаб сизни қаттиқ соғинганимни, ҳаммадан қиз­ға­наётганимни тушуниб етдингиз. Суҳбатимиз давом этар, вақт аталмиш югурик отнинг манзилига етганини сезмай қолардик. Илиқ хайрлашдик. Шундан кейин ҳар куни қўнғироқ қилардингиз. Овозингизни эшитгач юрагимни қандайдир хотиржамлик эгалларди. Ҳар сафар суҳбатимизда ўтган воқеаларни муҳокама қилар, бир-биримизнинг кўнглимизга оғир ботмайдиган қилиб тушунтиришга уринардик. Бироқ ўтмишни қанча ойдинлаштиришга уринсак ҳам ҳаммаси мавҳумлигича қолаётгандек бўлаверарди. Бундан афсус чекардим, худди ёлғонларим учун бир умр кечирмайсизу, бу гуноҳнинг юки елкамни эзаётгандек эди. Муносабатларимизни қанча равшанлаштиришга уринмай, сирларини фош қилишни хоҳламаган денгиз каби сокин эдингиз. Ҳар қанча тиришмай аслида ким эканлигингизни англаб ололмасдим. Шу зайлда кунлар ўтар, худди аросатдаги одамга ўхшардим. Мен учун икки йўл бору, шу икки йўл аро саргардон эдим. Сиз тарафга талпинардим, бироқ сирлилигингиз тўсиқ бўлиб турарди. Иккинчиси эса сиздан кечиб кетиш. Аммо муҳаббатим бу йўлга йўлатмасди. Кўп ўйладим. Ақл ва муҳаббатимни муросага келтиришга уриндим ва ниҳоят сизга бўлган меҳримни ақл тарозисида тортиб хулоса чиқаришга қарор қилдим. Учрашишга келишган кунимиз ҳар доимгидай оқшом чўкиб, юлдузлар кўз очган пайтда қўнғироқ қилдингиз.
– Алло?
– Яхшимисиз?
– Раҳмат, ўзингиз-чи?
– Раҳмат.
Шундай деб жим бўлиб қолдингиз, нима учундир бу сафар нафас олишингиз ҳам эшитилмасди. Ҳар қанча уринмай сизда бўлаётган ўзгаришни илғаб ололмасдим. Ва бу кўпроқ иккиланишимга сабаб бўл­моқда эди. Яна бир бор қарор қилдим, шу ондаёқ туйғуларимизни, муносабатларимизни, ўтмишимизни, келажагимизни, ҳамма-ҳаммасини ойдинлаштириб олишга. Энди бу ҳақда оғиз жуфтлаганимда, савол бериб қолдингиз.
– Нега жимсиз?
– Ўйлаяпман.
– Нима ҳақида?
– Иккимиз ҳақимизда.
– Иккимиз ҳақимизда?! – такрорладингиз сиз.
– Ҳа, иккимиз ҳақимизда.
– Қачондан бери ўйлаяпсиз?
– Кўп бўлди. Жуда кўп вақт!
– Ростданми?!
– Ҳа. Нима деб ўйлайсиз, муносабатларимизни аниқлаштириб олиш вақти етмадимикин? Ниятингиз нима, дилингизда нима бор? Ҳатто кимлигингизниям билмайман, сизни кўрмаганман ҳам?
– Хоҳлайсизми кўришни?
– Ҳа.
– Учрашамизми?
– Ҳа.
– Қачон?
– Эртага.
– Қаерда?
– Билмадим.
– Қаерга десангиз ҳам бораман, ўзингиз ҳал қи­линг.
Ҳаммасини ўзимга қўйиб бераётгандингиз. Иккиланиб қолдим. Орага жимлик чўкди.
– Нега жимсиз, учрашамизми?
– Ҳа.
– Қаерда?
– Хиёбонда.
– Қачон?
– Эртага.
Шу жавобни беришга бердиму, бироқ юрагимни ўзим билмаган қўрқув аралаш ҳаяжон эгаллаб олди.
Қарор қабул қилгунча бўлган қатъиятим, “келишдик” деган сўзингиздан кейин қаёққадир ғойиб бўлди. Ўрнини қўрқув, ҳаяжон, англаб бўлмас шодлик эгаллаб олганди. Ҳаяжонланардим. Келиб улгурмаган дийдорлашув онларидан маст бўлиб борардим. Эртанги кун ҳақида ўйларканман, туйқус савол бериб қолдингиз:
– Сизга нима бўлаяпти?
– Ҳеч нима.
– Сизга нимадир бўлаяпти?!
– Тушунмадим.
– Сиз ҳалитдан ҳаяжонланишни бошладингизми?!
Ўзим сезмаган ҳолда нафасим ҳолатимни ошкор қилиб қўйганди.
– Йўқ, сизга шундай туюлаяпти.
– Наҳотки, – овозингизда ҳазил аралаш киноя бор эди. Бу гапингиздан кейин ҳаяжоним қанча кучли бўлмасин, ўрнини ғурур эгаллашни бошлади.
– Ҳа, шунақа, – дедим. Кейин “Хайр” дедим-да дас­такни қўйдим.
Бироқ телефон ёнидан узоқлашиб улгурмай, у яна жиринглади.
– Алло?
– Нега гўшакни қўйиб қўйдингиз, аразладингизми?
– Йўқ.
– Нега унда алоқани узиб қўйдингиз?
– Гапимиз тугади деб ўйлабман.
– Йўқ, ҳали тугагани йўқ.
– Менга айтадиган гапингиз борми?
– Ҳа, яхши дам олинг, эртагача.
Овозингиз шу қадар меҳрли эдики, шу меҳр туфайли тирикдек эдим гўё.
– Сиз ҳам.
Ич-ичимдан тўхтатиб бўлмас шодлик қайнаб чи­­­қарди. Бироқ бу қувонч орқасида англаб бўл­мас бир хавотир яширин эди. Нимадан бунча ҳадик­си­раёт­ганимни ўзим ҳам билмасдим. Тезроқ вақт ўти­шини, тезроқ эрта келишини истардим. Ошиқардим дийдорингизга, кутганимнинг дийдорига.
Тонг отди. Қуёш заррин нурларини борлиққа кўз-кўз этиб, уфқдан мўралади. Деразани очиб унга рўбарў туриб кўзларимни юмдим. У вужудимни тобора илитиб борарди. Тафти худди меҳрингиз каби қайноқ. Руҳимда ажиб бир оҳанг. Бу оҳанг мени шу қадар ром қилиб олгандики, маст бўлиб борардим. Сармастлигим учрашув вақти етгунга қадар давом этди. Қанчалик ҳаяжонланмай, ақлим қатъиятли бўлишга ундарди.
Белгиланган вақтда етиб бордим. Йўқ эдингиз. Ҳаяжоним ортарди. Йўқ, келмаслигингиз эмас, сиз билан юз-юз бўлганимда қандай ҳолатга тушишим ташвишлантирарди. Қанча бетоқатланмай, сездирмасликка ҳаракат қилардим. Назаримда, чекка-чеккада туриб кузатаяпсизу, ҳаловатсизлигимдан ҳузур топаётгандингиз гўё. Сабрим тошиб борар, агар яна бир сонияга кечикканингизда, бу маконни тарк этишим ҳақиқат эди. Бироқ бу фикрга келиб улгурмай, оҳиста қадам ташлаганча кимдир кела бошлади. Хаëлимдан яшин тезлигида “наҳотки у”, деган фикр ўтди. Юрагимнинг уриши тезлашди, қўрқув ёки ҳаё устун келдими, кетишга чоғланиб қолдим. Бироқ қимирлай олмасдим. Чунки тўғри мени кўзлаб келаётгандингиз. Иккиланиб қолдим. Қарор қабул қилиб улгурмай рўпарамда пайдо бўлдингиз. Қарашингиз ўткир, қатъиятли, яна унда шу пайтгача ҳеч кимда кўрмаган алланимадир аксланиб турарди. Кўзларингиз мени ўзига шундай сеҳрлаб олдики, улардан кечиб кетиш мумкинмасдек эди. Нигоҳингизни кўзларимдан узмасдан яқин келдингиз-да, мен соғиниб кутадиган ўша товушга умуман ёт бўлган бошқа овозда “Мени кутаяпсизми?” дедингиз. Иккиланиб қолдим. Яшин тезлигида у эмас, деган ўй ўтди хаёлимдан.
– Нега гапирмайсиз?
Аро йўлда қолдим. Бу сиз эканингизга ишонишниям, ишонмасликниям билмасдим. Ўйлардим: “Агар у бўлмаса, нега бу ерга келди, у бўлса, нега овози бошқа, умуман унга ўхшамайди?”
Ўз-ўзимни шу каби саволлар билан кўмарканман, кўзларимга олдингидан ҳам қаттиқроқ тикилдингиз.
– Қўрқяпсизми?
Овозингизда гина аралаш киноя бор эди. Шунда тушуниб етдим, мени ҳали-ҳануз кечиролмаётгандингиз. Меҳр аралаш гина билан қарадингизки, ни­гоҳ­ла­рингизга дош беролмай ерга тикилдим.
– Кимсиз?
– Танимадингизми?
– Йўқ.
– Наҳотки?
Энди бу сиз эканингизга умуман шубҳам йўқ эди. Бурилиб кета бошладим. Ҳеч нима демасдан кетаётганимдан ҳайрон бўлдингиз.
– Қаёққа?
– Юринг.
– Ишқилиб ўғирлаб кетмайсизми?
Ҳазилингиз орамизда тўсиқ бўлиб турган ётсирашни кўтаргандай бўлди. Бироқ мен ҳаяжонланардим, сездимки, қанчалик ўзингизни тутишга ҳаракат қил­манг, сизда ҳам шу ҳолат эди. Иккимиз йўлакчадан ёнма-ён юриб борарканмиз, гарчи сизга ишонмасам ҳам ўзимни бахтиёр сезардим. Чунки ҳаммадан яшириб, дил-дилимга беркитган сирим, кутганим ёнимда эди.
Бироқ ҳаммасини қанчалик ойдинлаштиришга ҳа­ракат қилмайлик, барчаси мавҳумлигича қолаёт­ган­дек бўлаверди. Чунки ҳар қайсимиз ўз-ўзимизни оқлаганимиз ҳолда, ўзимизни ўзимизча ҳақ деб билардик. Аммо барибир сиз ҳам худди мен каби ўзингизни ич-ичингиздан айблардингиз, худди мен сиз учун азоб чекаётганимдек, мени деб қийналардингиз. Балки сизни шунинг учун ҳам яхши кўргандирман. Тўғриси, нима учунлигини англаб етмасдим. Кеч кириб хайрлашадиган онларимиз яқинлашди. Бироқ худди мен каби хайрлашгингиз келмаётган эди. Аммо бизнинг хоҳишимизга қарши бўлган вақт шуни тақозо қиларди.
Охирги лаҳзада кутилмаган саволни бердингиз.
– Агар ҳаммасини унутиб, барини бошидан бошлайлик десам, нима дейсиз?
Саволингиздан бир зум ўзимни йўқотиб қўйдим. Чунки дийдорлашувимизнинг биринчиси ва охиргиси бўлади, кейин ҳеч қачон кўришмасак керак, деб ўйлагандим. Юрагимни шодлик тўлдирган бўлса ҳам “йўқ” дедим қатъият билан.
– Нимага?
– Қўрқаман.
– Нимадан?!
– Сиздан.
– Мендан?!
– Ҳа, сиздан. Ҳаммасига қўл силташингиздан, ке­йин қийналиб юришдан қўрқаман.
– Йўқ, чиндан мени десангиз, бахтли бўлишимиз учун қўлимдан келганини қиламан.
Сўзларингизга шубҳа билан қарасам ҳам, дил-дилимдан қувонч уфурарди. Севинчимни беркитишга ҳар қанча уринмай, кўзларим ошкор қилиб қўяётганди. Кўзларингизга тикилдим. Бу кўзлардан муҳаббат билан бирга самимият ёғилиб турарди. Бу нигоҳларга ишондим. Бироқ ич-ичимдан нимадир “йўқ” деган жавобни беришга ундарди. “Йўқ” дея жавоб берган бўлсам ҳам, муқим тура олмадим. Тўғрироғи, сиздан ажралгим келмади. Чунки бахтиёр эдим. Кечирганингиздан, яна мени деганингиздан, мен билан қолаётганингиздан, бахтдан сармаст бўлиб борардим. Кетар чоғингизда менга қувонч бағишлайдиган товушда “Телефон қиламан, яхши дам олинг”, дедингиз. Сиздан узоқлашар эканман, изимдан кузатаётганингизни ҳис қилиб турардим. Эшикни ёпиб улгурмай, сим қоқдингиз.
– Алло.
– Алло, яхши етиб олдингизми?
Овозингиз сеҳридан юзимга табассум югурди.
– Ҳа, раҳмат.
– Унда яхши дам олинг, эртага телефон қиламан.
– Майли.
Ўша тун бахт оғушида ухладим. Сиз бир умрга ёнимда бўлишга сўз бергандингиз. Бироқ кўп ўтмай хаëл қилганларим, орзуларим шунчаки сароб эканини сеза бошладим. Ҳар куни соатлаб суҳбат қурардик, бироқ овозингиздаги қачонлардир мени мафтун этган ўша сеҳр, самимиятнинг ўрнини қандайдир сохталик эгаллаб олганди. Кундан-кунга сизга бўлган ишончим сўниб борар, муносабатимиз омонатдек туюларди. Ҳаётим хавотирга бурканганди. Йўқ, мени ташлаб кетишингиздан эмас, севгим қалбимни тарк этишидан, муҳаббат ўрнини нафрат эгаллаб олишидан қўрқардим. Афсуски, асраганим, ҳаммадан қизғанганим, муҳаббатимга ўзингиз дарз етказдингиз.
Эсингиздами, охирги дийдорлашувимиз. Боғ, хиёбон, тунги чироқлар. Бизни суратга олган сураткаш-чи?! Ўша кун ҳаётимнинг энг бахтли лаҳзаси эди, чамамда. Сайр қилдик, суҳбатлашдик, кези келганда тортишдик, баҳслашдик. Ҳаммаси қандайдир мароқли эди. Бироқ юрагимнинг аллақаерида ғашлик ўрмаларди. Уни ҳар қанча йўқотишга уринмай, вужудимга томир отиб борарди.
Хайрлашадиган вақтимиз етди. Йўлак бўйлаб секин-аста қадам ташлаб борар эканмиз, ерга бо­қиб нималарнидир хаёл қилардингиз. Гоҳи-гоҳида оғир хўрсинардингиз-да, кўз қирингиз билан қараб қўярдингиз. Ҳолатингиздан борган сари хавотирим ортар, лекин ўзимни бепарво кўрсатишга ҳаракат қи­лардим. Манзилимизга етгунга қадар на сиздан, на мендан садо чиқди. Иккимиз ҳам ўз ўйларимиз билан банд эдик. Хайрлашадиган жойга етганимизда “яхши боринг”, дедим. Кўзларимга тикилдингиз. Нигоҳингизда узрхоҳликка ўхшаган, чорасизлик акс этиб турарди. Борлиғимни эгаллаб улгурган ғашлик сабабини тушунгандай бўлдим.
Жилмайишга ҳаракат қилдим.
Сиз эса менга тикилган кўйи ҳамон жим турардингиз. Бир нима демоқчи бўлардингизу, бироқ нимадир гапиришингизга тўсиқ бўлиб турарди.
Ҳолатингиз худди ҳозир кетсам, иккимиз бошқа ҳеч қачон кўришмайдигандек тасаввур уйғотди. Кўз­ларингиз тубида англаб бўлмас ғусса балқиб турар, бу ҳолат сабабини дил-дилимдан англаётгандек эдим, бироқ тушунишга, тан олишга ҳайиқардим. Агар ҳозир яна бир лаҳза қолсам, кейин бир умрга сиздан ажралишга маҳкум бўлиш хавотири ўртарди мени. Шунинг учун ёнингиздан тезроқ кетишни истадим. Кўзларингизга қарамасликка уриндим. Сиз эса ҳали-ҳануз ўшандай тикилганча турардингиз. Нигоҳингизда ҳали бизга етиб улгурмаган айрилиқнинг кўланкаси акс этиб турар, аста-секин юрагимга ҳам унинг сояси тушиб бораётганди. Бетоқатландим. Юзларимда табассум бўлса ҳам юрагимни ғашлик кемирарди. Ногаҳон қўл телефоним жиринглади. Бемаврид бўлса-да, бу ҳолатдан чиқиб кетиш учун айни муддао эди.
Шугина телефон кўнглимга қўнаётган хавотирларни қувишга, тилингиз учида турган, бироқ қандай айтишни билмаётган “алвидо”ни кечиктиришга бир баҳона эди.
– Уйдагилар хавотир олишаяпти, яна бироз турсам излашга тушишади.
Нимадир демоқчи бўлардингизу, гапиришингизга қўймасдим. Охири тоқатингиз тоқ бўлди шекилли, исмимни чўзиб айтдингиз. Деярли шивирлаб айтган бўлсангиз ҳам унда қандайдир безовталик сезилиб турарди.
Кўзларингизга тикилган кўйи жим қолдим. Унда дард, алам, изтироб яширин эди. Ҳа, азизим. Кўз­ларингиз кўзларимдан кечишни истамаётганди. Бироқ ўч, йигитлик шаъни бунга изн бермаётганди.
Англаб етдим. Сиздаги нафратни, сиздаги ўчни, сиздаги орни. Англадим. Аммо тан олишни истамадим. Тўғриси, қўрқдим. Сиз ҳам журъат қилолмадингиз, тўғридан-тўғри айтишга. Чунки сиз ҳам мендан, кўзларимдан кечишни истамаётгандингиз. Билмадим, шу ҳолатда қанча фурсат ўтди. Ўгирилиб кетишга журъатим етмади. Секин-аста ортимга тисарилиб сиздан узоқлашар эканман, нигоҳингизда менга аталган муҳаббат йиғлаётганини кўрдим. Бироқ овутишга ҳаққим йўқ. Чунки шу муҳаббатни ўзим яратиб, ўзим ўлимга ҳукм қилгандим. Мен бу муҳаббатни шунчаки эрмак қилдим. Энди эса ўзим унинг қарғишига учраётгандим. Мен кетдим, сиз қолдингиз. Аслини олганда сиз икки ўт орасида қолгандингиз. Менга аталган бу иккала ҳиснинг биринчиси муҳаббат, иккинчиси наф­рат эди. Иккисидан бирини танлашга маҳкум эдингиз. Нима бўлганда ҳам тўғри ва иккимизга ҳам фақат яхшилик келтирадиган қарор қабул қилишингизга ишондим.
Туни билан мижжа қоқмадим. Фақат сиз ҳақингизда ўйлаб, фақат сиз ҳақингизда хаёл сурдим. Ниҳоят заррин нурларини борлиққа кўз-кўз қилаётган қуёш заминдан бош кўтарди. Унинг тафтига юзимни тутиб, хаёлимга ўзим билмаган ҳолда ўхшатиш келди. “Худди унинг меҳридек иссиқ”. Ўйлаб топган сўзларимдан сархуш бўлиб, қуёш нурларининг ўткирлигидан юзим куяётганини сезмай қолибман. У худди муҳаббатингиздан юрагим куйиб қолишини айтиб огоҳлантираётгандек эди.
Кун бўйи кўзимни юмсам ҳам, очсам ҳам кўз ол­димга кулиб турган чеҳрангиз келар, қаёққа қарамай фақат сизнинг сиймонгизни кўраётгандек бў­лаве­рардим. Шундай соғинчли лаҳзалар ила вақт ўтиб борар, сиздан эса дарак йўқ эди. Жонсиз телефон қачон тилга кираркин дея бетоқатланардим. Бироқ у ҳам ҳолимни кўриб, кўрмаганликка оларди. Гоҳида мазах қилгандай асабий жиринглаб қолар, гўшакни кўтарганимда сизникига ўхшамайдиган бегона товуш эшитардим. Лаҳзалар ўтаверар, ҳеч қандай хабар келтирмаган бу фурсатлар билан келишолмасдим. Улар атайин қилаётгандай қайта-қайта хабарсиз келиб, дилимни хуфтон қиларди.
Шундай озорланишлар ила тун ҳам чўкди. Хавотир мени ўз исканжасига олар, аёвсиз сиқар, унинг қий­ноқларига чидолмаган юрагим ўзини ҳар ёнга урарди.
Сабрим тугаб борарди. Ортиқ лаҳзалар ўйинига чидолмасдим. Шу сабрсизлик орқасидан сизга қўнғироқ қилишга жазм қилдим. Бироқ гўшакни кўтарган қўлим уни қайтиб жойига қўйди. Чунки дилимдаги соғинч қанча чексиз бўлмасин, андиша унинг йўлини тўсиб турарди. Тобора ҳаловатсизлигим ортиб борар, худди энди ҳеч қачон овозингизни эшитмайдигандек, бошқа сизни кўрмайдигандек эдим. Мени хавотир эзарди. Бир хавотирки, буни енгиш мумкинмасдек эди.
Шундай хаёллар билан юлдузсиз осмонга тикиларканман, ногаҳон қўл телефонимга хабар келди. Хабар сиздан эди. Беихтиёр булут тўсган қалбим нурга тўлди. Ҳовлиққан кўйи ўқидим. “Энди мени унутинг, телефон ҳам қилманг, хабар ҳам жўнатманг. Сизни худди мени алдаганингиздай ёлғонларга кўмдим. Хайр!”
Хабар келганида борлиғимни қандай шодлик қамраган бўлса, уни ўқиб дунёим шундай қоронғи бўлди. Беҳол деворга суяндим. Чап кўксимда нимадир санчди. Бир неча сония нима бўлаётганини англаёлмадим. Фурсатлар ўтиб, юрагим овозини эшитдим. У уввос солиб йиғларди. Ўша тун юрагимни овутолмадим. Ҳар қанча ўзимни тетик тутишга уринмай тўкилиб борардим. Шу зайлда тун тонгга, тонг кунга, кун эса тунга уланди. Келмаслигингизга ишониб, фақат хотирангиз билан яшашни бошлагандим. Хотирангизгина яшашим учун таянч бўларди. Ёдингизни тиргак қилиб яна бир тонгни кутиб олдим.
Бу тонг ҳар кунгига ўхшамас, офтоб ҳар кунгидай нурларини кўз-кўз қилмас, секингина булутлар орасидан сузиб чиқаётганди. Булутлар эса уни ўз қучоғидан қўйиб юборгиси келмагандай, қуёш юзини тўсиб турарди. Нур билан абр шундай омухта кўринардики, бу манзара одамни ўзга оламларга етаклаб кетарди. Хаёлларимни қўққис қўнғироқ тўзғитиб юборди.
– Алло?
– Алло, қизим, яхшимисан?
Онам эди.
– Ассалому алайкум, ўзингиз яхшимисиз?
– Яхши, раҳмат, қизим, сенга отангнинг гапини айтгандим-а, – деди онам тўғридан-тўғри. Гап нимадалигини дарров англадим.
– Кеча отанг дўстига розилигини берди. Бу ҳақда сенга кеча айтмоқчи эдим, аммо алламаҳал бўлгани учун безовта қилгим келмади…
Онам тўхтамасдан гапирар, менинг эса қулоғимга гап кирмасди. Ўйлардим. Бирга суҳбат қурган онларимиз, кунларимиз ҳақида…
– Алло, эшитаяпсанми?
– Ҳа.
– Майли, учрашиб гаплашарсан.
Гўшакдан қисқа-қисқа гудок келди.
Энди мен учун ҳаммаси барибир эди.
Тайинланган пайтда учрашув жойига бордим. Онгим нима қилаётганимни идрок этолмас, фақат шундай қилишим лозимлигини англардим. Учрашув вақтидан анча кеч борган бўлсам ҳам, белгиланган жойда ҳеч ким йўқ эди. Ўриндиққа оғир чўкдим. Сиз ҳақингизда хаёл суриб ўтирар эканман, кимдир рўпарамга келиб “салом”, деди. Юрагим бир қалқди. Бу сизнинг овозингиз эди.
Товушингизни эшитиб ўрнимдан туриб кетдим. Шунда рўпарамда турган сиз эмас, умуман бошқа кимса эканини кўрдим. Кўрдиму, сизсизликдан қўрқиб кетдим. Сабаби, қаршимда мен ўйлаган улкан муҳаббат соҳиби, ҳаётимни нурга чулғаган қалб эгаси эмас, бор-йўғи ота-онаси раъйи билан нотаниш қиз ҳузурига учрашувга чиққан, тақдирига жимгина кўнган қиёфада бир йигит турарди, холос.
Орқамга аста-секин тисландим, билмадим, нима учундир бошим оққан томонга чопиб кетдим. Изимдан ҳайрон бўлганингизча қараб қолдингиз.

«Ёшлик» журнали, 2015 йил, 3-сон.