Ғафур Шермуҳаммад. Қудуқ (қисса)

Кўклам қурғоқ келган. Савр чиқиб улгурмаган бўлса-да, атрофда ястаниб ётган қир-адирларнинг майсаси қовжираб, борлиқ сарғиш тусга кириб улгурган. Тиккага келган офтоб қовжироқ хас-хашакни ёндиришга қасд қилгандек дала-даштга тинимсиз олов пуркайди. Адоқ тарафдаги тепаликда кўзга ташланиб турган чўпон кулбаси ва каттагина қўтонни ҳисобга олмаганда, кўз илғамас кенгликларда тирик жон асари сезилмайди.
Янги қазилган қудуқнинг теварагида қуруқ тупроқ тоғдай уюлиб кетган. Бир маромда ғувуллаб эсаётган қайноқ гармсел унинг чангини учириб ўйнайди. Қудуқнинг ёнида Қобил чўпон билан икки ўғли ҳорғин қиёфада чўнқайиб ўтиришибди.
Калта сопли кетмонини белбоғига қистириб олган Лаллай қудуқдан чиқиб келди. Унинг жомакор кийимлари тупроққа беланиб, юз-кўзи чанг ва тер қоришмасидан қўнғир тусга кирган эди.
Қобил чўпон Лаллайга савол назари билан қаради.
– Сув йўқ, амаки, – деди Лаллай гўё бунга ўзи айбдордек ўнғайсизланиб.
Бўз йигитлар хомуш тортиб қолишди.
– Шунча меҳнатимиз бекор кетадими? – деди Қобил чўпон атрофдаги тупроқ уюмига алам билан тикилиб. Лаллай унинг саволига жавоб бермай, атрофга синчиклаб разм солди. Бир қарорга келиб, қудуқнинг қуйи тарафига энди.
Лаллай кўклам ёмғирлари ҳосил қилган торгина ўзан бўйлаб йўқотган нарсасини излагандек ер сингилаб ўнгу сўлга юрди. Ниҳоят якка ўсган янтоқнинг ёнида тўхтаб, метиндек қотиб кетган ерга кетмон урди.
– Чиғириқни бузинглар! – деди Қобил чўпон ўғилларига. Бўз йигитлар сувсиз қудуқнинг чиғириғини бузишга тушишди. Қобил чўпон арқон боғланган челакни олиб Лаллай томон юрди.

* * *

Тепадан тушаётган заифгина нур қудуқнинг тубини ғира-шира ёритган. Лаллай кетмон билан қудуқ ковлаяпти. Эгнидаги жомакор кийими тупроқ ва терга қоришган. Пешонасидан қуйилаётган терни енги билан артиб қўяди.
Қудуқ анча чуқур ковланган, чамаси ўн беш қулочча келади. Қаламтарош билан йўнилгандек сип-силлиқ деворининг икки тарафида бошдан-охир сидирғасига пиллапоялар ўйиб чиқилган. Пастдан қараганда кенг-мўл саҳнли қудуқнинг девори қуйидан юқорига томон торайиб бориб, охирида тангадеккина туйнукка айланиб қолгандек туюлади. Ана шу туйнук ёпиб қўйилса бас, қудуқ тубини ҳаёт билан боғлаб турган ожизгина ришта ҳам узилиб, ҳаммаси зулматга, йўқликка юз тутадигандек. Умрида биринчи бор қудуққа тушган одам бундай ваҳимали ҳиссиётларни бошдан кечириши, қудуқ тубидаги аллақандай сирли, нотаниш муҳитга дош беролмай тезда юқорига қочиб чиқиши тайин. Аммо Лаллайнинг ярим умри қудуқда кечган, шу боис бунақа ҳиссиётлар унга бегона…
Лаллай зўриқиб ишлаяпти. Бот-бот ер ковлашдан тўхтаб, ўпкасини тўлдириб нафас олади – қудуқ анча чуқур бўлгани боис ҳаво сийраклашиб қолган.
Юқорида чиғириқ чириллаб айланиб, қалин резинадан тикилиб, бақувват арқонга боғланган қовға лопиллаб пастга тушиб келди. Лаллай уни тупроққа тўлдириб, арқонни силкитди:
– Қовға!
Арқон таранглашиб, зил-замбилдай қовға ердан зўрға узилди. Чиғириқ аянчли ғижирлади.
Лаллай қаддини ростлаб, чайқала-чайқала юқорилаб бораётган қовғани кузатиб қолди. Қовға чиғириққа бориб тақалгач, Қобил чўпон уни зарб билан тортиб олди. Қовғадан тўкилган тупроқ Лаллайнинг уст-бошига келиб тушди.

* * *

Эски ўзан бўйида ковланган қудуқдан сув чиққан. Чиғириқнинг теварагида аввалгисидан ҳам мўлроқ тупроқ ва лой чиқариб ташланган. Қобил чўпоннинг ўғиллари янги қудуқдан челаклаб сув тортиб, сурув суғоришаяпти. Қўй-қўзилар тунукадан ясалган қўлбола новга тўкилаётган лойқа сувни талашиб-тортишиб ичади.
Чеккароқда ерга гилам-кўрпачалар тўшалиб, дастурхон ёзилган. Тўкин дастурхон атрофида Эрат, Қобил чўпон ва Лаллай овқатланиб ўтиришарди.
– Лаллайи қурғур бизниям роса овора қилди, – деди Қобил чўпон Эратга чой узатиб. – Бунисидан ҳам сув чиқаролмайдими деб қўрқувдим.
Каттагина корсон товоқдаги овқатга нон бўктириб еяётган Лаллай хижолатомуз илжайди. Зимдан уни синовчан кузатиб ўтирган Эратдан садо чиқмади.
– Шунча заҳмат чекканимизга яраша, қудуғингиз баракали чиқди, – деди Лаллай Қобил чўпонга. – Сувини ичиб адо қилолмайсиз, амаки.
– Сувиям чучук экан, – деди Эрат ҳам тилга кириб. – Одатда, даштнинг қудуқлари тахирроқ келарди.
– Шу чоққача Лаллай ковлаган қудуқ ёмон чиқмаган дейишади, – деди бу гап мойдай ёқиб тушган Қобил чўпон илжайиб. – Орқаваротдан Лаллайнинг довруғини эшитиб юрардим. Сувсизлик жондан ўтгандан кейин азза-базза суриштириб, топдим.
– Ҳа, йил қуруқ келиб, чорвага жабр бўлди, – деди Эрат новнинг атрофида уймалашаётган қўйларга ўйчан тикилиб. – Саратон кирмасдан қудуқлар тортилиб, чашмалар қуриб қолаяпти. Емишини-ку, амалласа бўлар, лекин сув бўлмаса ёмон.
– Сизнинг сувлоғингиз баракали эди-ку? – деди Қобил чўпон ажабланиб.
– Чашмадан жилдираб чиқаётган сув ҳовузга етмай қуриб қолаяпти.
– “Сув берган савоб бўлар, сув бермаган кабоб бўлар” дейишган, – деди Қобил чўпон муғомбирона илжайиб. – Сиз ҳам отарингизни бизнинг қудуқдан суғориб кетаверинг, Эрат ака. Бизнинг бировларга ўхшаб кўлмакдаги сувни қизғонадиган одатимиз йўқ!
Негадир бу гап Эратга оғир ботди, чеҳраси тундлашиб, Қобил чўпонга олақараш қилди. Аммо Қобил чўпон ҳеч нарса бўлмагандек бамайлихотир ўрнидан туриб, Лаллайнинг елкасига беқасам тўн ёпди.
– Сенга атаганимиз бор эди, Лаллай.
– Шарт эмас эди, амаки, – деди Лаллай хижолатли илжайиб.
– Хизматингга рози бўл.
– Розиман, амаки, розиман, – деди Лаллай ундан кўзларини олиб қочиб.
– Сарпо муборак бўлсин, Лаллай! – деди Эрат кулиб.
– Қуллуқ, амаки…
Лаллай елкасидаги янги тўн уриниброқ қолган кийимларига ярашмаганини сезгандай ўнғайсиз ҳолга тушган эди.
– Бу дейман, ҳар бир қазган қудуқнинг ҳақига биттадан тўн кияверсанг, уйинг чопонга тўлиб кетган бўлса керак? – деди Эрат илмоқли оҳангда. – Бозорга чиқариб сотсанг пул бўлади!
Лаллай кулиб қўя қолди. Бу гал Эратнинг ўқи нишонга теккан эди. Лекин шу топда Қобил чўпоннинг кайфияти чоғ эди, шу боис унинг пичингига эътибор беришни ўзига эп кўрмади. “Ишим битди, эшагим сувдан ўтди. Оғзига кучи етмаганлар гапираверсин!”

* * *

Дашт оралаб ўтган ёлғизоёқ сўқмоқда Эрат отлиқ, Лаллай пиёда кетишарди. Лаллай жомакор кийимлари жойланган халтани калта сопли кетмонининг сопига илдириб, елкасига ташлаб олган.
– Отар ташналикдан қирилиб кетсаям Қобилга ялинмайман! – деди Эрат тунд қиёфада. Лаллай зимдан унга ажабланиб қаради. – Қайси куни ўғиллари сурувини бизнинг сувлоққа ҳайдаб борганида қайтариб юборувдим. Боя шуни юзимга солди, бетиқора!
– Қудуқ қазишдан қочмайман, амаки, – деди Лаллай. – Лекин яқин орада қўлим тегмайди. Бир жойга бориб келишим керак…
– Билиб қўй, мен Қобилга ўхшаб сени битта жулдур чопон билан алдаб юбормайман, – деди Эрат Лаллайга зингил солиб тикилиб. – Ишни битиришинг билан пулингни санаб бераман. Нима, сенга пул керак эмасми?
– Гап пулда эмас, амаки…
– Ўзингни тарозига солмай қўя қол, Лаллай! – деди Эрат энсаси қотганини яширмай. – Ёки менга қудуқ қазиб бергинг келмаяптими? Кўнглингдагини очиқ айтавер.
– Ундай хаёлга борманг, амаки… – Лаллай нима дейишни билмай бироз иккиланди. Ниҳоят бир қарорга келиб, Эратга юзланди. – Бориб уйдагилардан хабар олай, уч-тўрт кунда қайтарман.
Эрат бу гапдан сўнг хотиржам тортиб, отининг жиловини тортди.
– Демак, келаси душанба куни кутаман. Унгача бир-иккита бўз йигитларни ҳашарга айтиб, жонлиқ сўйдириб қўяман. Ишни битиргунингча еганинг қуйруқ-ёғ бўлади. Ҳўв, анави қўрғон – бизники. – Эрат қўлидаги қамчи билан кун ботишдаги қирда кўзга ташланиб турган якка уйга ишора қилди. – Тағин мени уялтириб қўймагин, Лаллай. Мен лафзсиз одамларни ёқтирмайман!
Эрат отининг жиловини якка уй томонга бурди. Лаллай бир муддат унинг ортидан қараб туради-да, йўлида давом этди.

* * *

Кун намозгарга оғиб, офтобнинг шашти пасайган маҳалда Лаллай дашт тарафдаги тупроқ йўлдан қишлоққа кириб келиб, йўл чеккасидаги одмигина почтахонага бурилди. Шу пайт олтмиш ёшлар атрофидаги Қувват амаки оқсоқланган кўйи ичкаридан чиқиб келди.
– Ассалому алайкум, амаки, – деди Лаллай елкасидаги тугун осиғлиқ кетмонини қўлига ола туриб.
– Ие, бормисан, Лаллай? Ваалайкум ассалом. Қани, ичкарига.
Қувват амаки Лаллайни газета-журналлар қалашиб ётган чоғроқ хонага бошлаб кирди.
– Нимага шунча пайт йўқ бўлиб кетдинг? – сўради Қувват амаки эски столнинг тортмасини титкилашга тутиниб.
– Даштободда қудуқ қаздим.
– Боя аёлинг келиб кетувди. Бояқиш ҳар куни канда қилмай келади. – Қувват амаки тортмадаги қоғозлар орасидан конверт олди. – Мана. Бир ҳафтадан бери яшириб ўтирибман.
Лаллай Қувват амаки узатган хатнинг жилдини авайлаб очди. Конвертнинг ичидан чиққан бир варақ қоғознинг ўнгу сўлини айлантириб кўрди-да, яна Қувват амакига қайтариб берди.
– Сизнинг кўзойнагингиз бор, амаки…
Қувват амаки столнинг устида турган йўғон гардишли кўзойнагини қаншарига қўндириб, хатни ўқишга тушди:
“Ассалому алайкум, Элмурод ака. Мен яна Шодмоннинг номидан хат ёзаяпман. Бугун сизлардан хат келди. Уни Шодмонга ўқиб бердим. Сизнинг яқин орада Тошкентга келишингизни эшитиб, жудаям хурсанд бўлди. “Отам келгунича тузалиб, юриб кетишим керак, кейин ўзим уларга шаҳарни томоша қилдираман”, дейди. Элмурод ака! Ўғлингиз мендан “Шодмон анча тузалиб қолди” деб ёзишимни илтимос қилган эди. Шу аҳволидаям сизларни ўйлаяпти. Лекин сизларни алдашга виждоним йўл қўймаяпти. Очиғини айтсам, аҳволи унчалик яхши эмас. Ҳалигача оёқ босишга қийналади. У сизларни қаттиқ соғинган. Кечалари яширинча йиғлаб чиқади. Иложи бўлса, тезроқ келсангиз яхши бўларди. Хайр, омон бўлинг. Тез-тез хат ёзиб туринг. Шифохона ҳамшираси Давлатова Маҳфуза”.
Қувват амаки хатни ўқиб бўлиб, Лаллайга қаради. Лаллай муштумини иягига тираганча ўйга чўмиб ўтирарди.
– Ишқилиб, ўғлингнинг олдига бормасанг бўлмайди, Лаллай.
– Даштда яна беш-олти кунлик ишим бор… Шуни тугатишим билан йўлга тушаман.
– Иш бўлса қочиб кетмас! – деди Қувват амакининг энсаси қотиб.
– Лафз қилиб қўювдим, амаки. Бормасам бўлмайди.
Қувват амаки маъноли бош чайқади.
– Қаюм амаки ҳам “шу кунларда ишларим кўп” деяпти, – деди Лаллай ўзига-ўзи гапираётгандек. – Ўзим йўлни билмасам…
– Сен Қаюм шўрога кўпам ишонаверма. У бир тутуриқсиз одам.
Лаллай индамади.
– Бу… Хатни нима қилмоқчисан?
– Келинингиз бу гапни кўтаролмайди.
– Эрта-бир кун билиб қолса нима қиласан?
– Худо хоҳласа, Шодмонжон тузалиб кетади! – деди Лаллай алланечук ишонч билан. – Сиз ўйланмай ёзаверинг, амаки.
– Яна ўзинг биласан.
Қувват амаки ноилож қўлига қоғоз-қалам олиб, хат ёзишга тушди.

* * *

Лаллайнинг ҳовлиси.
Оила аъзолари супадаги дастурхон атрофида жам бўлишган. Бўйи етиб қолган Зулфия супанинг чеккасида омонатгина ўтириб, “акасидан келган хат”ни ўқияпти. Тўрда чордана қуриб, болишни буклаб бағрига босган Лаллай мубҳам кайфиятда кўзларини юмиб олган, елкасига оғир юк ортилгандек чакка томирлари бўртиб чиқиб, пешонасини реза тер қоплаган эди. Қўшалоқ қувончдан ҳалигача ўзига келолмаган Тошбуви анчадан бери орзиқиб кутилган номанинг ҳар бир сатрини қулоғига жойлаб олмоқчидек қизининг оғзига термилиб ўтирарди.
“… Мендан сўрасангизлар, соғ-саломат юрибман. Бу ернинг дўхтирлари жуда яхши экан. Ҳозир анча тузалиб қолдим. Ҳамма нарса бор. Ҳар куни уч маҳал иссиқ овқат беради. Онам ҳам мени кўп ўйлаб ётмасин. Насиб этса, ҳадемай уйга ўз оёғим билан кириб бораман. Тез-тез хат ёзиб туринглар. Салом билан, ўғлингиз Шодмон”.
Лаллай ўтирган жойида безовта қимирлаб олиб, кўзларини очди. Зулфия хатни онасига узатиб, зимдан отасига савол назари билан қаради. Лаллай унинг нигоҳига дош беролмай, нигоҳини ерга тикди.
– Хат ёзган қўлларингдан айланай, болам! – Тошбуви кўзларида ёш билан мактубни ҳидлади. – Шодмонжонимнинг иси келиб турибди.
Зулфия аста ўрнидан туриб, уйга кириб кетди. Лаллай аста томоқ қирди.
– Акам “онам йиғламасин” деб ёзсаям сиз, барибир, йиғлайверасиз, – деди кенжа ўғил Дилмурод ўпкаланган оҳангда. – Акам билса, хафа бўлади.
– Йиғласам, қувонганимдан йиғлайман-да, болам, – деди Тошбуви кўзларида ёш билан жилмайиб. – Ўзи, отангнинг бир шарофати бор. Доим бир жойдан қайтса, ўзи билан акангнинг хатиниям олиб келади. Мен бўлсам, ҳар куни почтахонага қатнайвериб, Қувват амакини ҳам безор қилиб юбордим. Мени кўрди дегунча, қовоғини осилтириб олади. Бормай дейман-у, сабрим чидамайди. – Тошбуви эрига қараб, дафъатан безовталанди. – Сал хафароқ кўринади? Тинчликми?
Лаллай ҳушёр тортиб, ёстиқдан ўмганини кўтарди.
– Тинчлик, хотин. Бироз чарчабман…
– Чарчаган бўлса, ётиб дамини олсин.
– Ота, елкангизни уқалаб қўяйми? – деди Дилмурод ғамхўрлик билан.
– Майли, ўғлим, – деди Лаллай ҳам жилмайиб.
Дилмурод чаққон ўрнидан туриб, отасининг елкасини уқалашга тушди.
– Энди бу ишни йиғиштирсаям бўларди, – деди Тошбуви эрига ачиниш билан қараб. – Шу ёшида қудуқ ковлаш осонми?
– Шодмон тузалиб келсин, уйимизнинг ёнидан унга атаб битта қудуқ қазаман, – деди кенжа ўғлининг меҳрибонлигидан кўнгли ёришиб, ҳузурланиб ўтирган Лаллай орзумандлик билан. – Шу билан бу касбни йиғиштираман. Кейин сен ҳам беланги бўлиб бировларнинг қудуғидан сув ташиб юрмайсан.
– Қудуғимиз бўлмаса ҳам майли, фақат Шодмоним тузалиб кетсин! – деди Тошбуви кўнгли бузилиб. – Болаларим билан бу киши соғ-омон юришса, менга шунинг ўзи катта давлат.
– Худо хоҳласа, албатта тузалади! – деди Лаллай вазмин оҳангда. – Яхши ният қил, хотин. “Яхши ният – ёрти давлат” деб бекорга айтишганми эскилар.
– Илойим, илойим…
Эр-хотин жимиб қолишди. Отасининг елкасини уқалаётган Дилмурод ҳам шу топда катта одамлардек ўйчан тортиб қолган эди.

* * *

Эртаси куни Лаллай барвақт туриб, Қаюм шўроникига йўл олди. Хўп деса, Эратнинг қудуғини қазиб бўлиши билан иккаласи шаҳарга, Шодмоннинг олдига жўнамоқчи эди. Бироқ ҳашамдор ҳовлига қадам қўйиши билан Қаюм шўро уни таъна-маломат билан қарши олди.
– Қаёқларда санғиб юрибсан, Лаллай? – деди у бароқ қошларини чимириб. – Оғилхонанинг деворини суваб бераман, деб ваъда қилганинг қачон эди! Бўл тез, шу ишни тугатмагунча ҳеч қаёққа кетмайсан.
Лаллай ноилож оғилхона олдидаги тунука хандақда лой қоришга тушди. Бироздан сўнг Қаюм шўро хандақ ёнига курси келтириб ўтирди-да, терлаб-пишиб чой ича бошлади. У ёши элликларни чамалаган гирдиғум битишли, тепакал киши эди.
Лаллай юрак ютиб, ўғли ҳақида гап очди, бироқ Қаюм шўро бепарво қиёфада қўл силтади.
– Яна бирон ой сабр қилиб турсанг, менам ишларимни бирёқли қилиб оламан, – деди у елкасига ташлаб олган рўмол билан пешонасининг терини арта туриб. – Кейин икковимиз қайдасан Тошкент, деб йўлга тушамиз… Сомондан яна қўш. Лойинг ҳали пишмади.
– Шу кунларда кўнглим ғаш, амаки, – деди Лаллай қопдаги сомонни лойнинг устига соча туриб. – Иложи бўлса, тезроқ борсак дегандим.
– Мен давлатнинг одамиман, эрким қўлимда эмас. Билсанг, катталардан берухсат ҳатто, ҳожатгаям боролмайман!
Лаллай тасодифан қўлидаги кетмонни тунука хандақнинг тубига уриб олди.
– Кўзингга қара, Лаллай, хандақнинг тагини тешасан! – дея дашном берди Қаюм шўро афтини буриштириб. Сўнг бўшаб қолган пиёласига чойнакдан чой қуйди. – Тошкент деганлари – жуда катта шаҳар. У ерга бориб-келишнинг ўзи бўлмайди. Белни бақувват қилишинг керак!
– Сиз пулини ўйламанг, амаки, – деди Лаллай юзига сачраган лойни қўли билан сидириб. – Шодмон тузалиб келса, шукронасига элга чоғроқ тўй берарман деган ниятда уч-тўрт танга жамғариб қўйган эдим…
– Уч-тўрт танга деганинг қанча? – Қаюм шўро Лаллайга синовчан тикилди.
– Ҳа, энди…
– Яширмай айтавер!
– Шу… икки юз сўмча чиқиб қолар.
– Икки юз сўм?! – Қаюм шўро истеҳзоли илжайди. – Содда бўлмай кет, Лаллай!
Лаллай лой қоришдан тўхтаб, Қаюм шўрога савол назари билан қаради.
– Икковимизнинг Тошкентга бориб-келишимиз учун кам деганда минг сўм даркор, билдингми!
Лаллай Қаюм шўрога нимадир дейишга чоғланди-ю, лекин фикридан қайтиб, тайёр бўлган лойни кетмон билан челакка сола бошлади.
– Бу замонда мушук ҳам текинга офтобга чиқмайди, Лаллай! – деди Қаюм шўро жиддий тортиб. – Биринчидан, у ердаги дўхтирларнинг оғзини мойлашимиз керак. Шунда улар ўғлингни яхшироқ даволайди. Анави хотин ҳам бекорга “тезроқ келинг” деб хат ёзмаган. Дарди пул уларнинг!
– Ўйлашимча, у аёл ёмон одам эмас, – ўзича эътироз билдирди Лаллай. – Барака топсин, дам-бадам ўғлимнинг номидан хат ёзиб турибди.
– Дўхтир зотининг бари – бир гўр! – дея қўл силтади Қаюм шўро. – Қолаверса, озиб-ёзиб Тошкентга борганимизга яраша, ўзимиз ҳам яйраб келишимиз керакми-йўқми? Тошкентга боргач, “Москва” гастинсасининг нақ йигирманчи қаватидаги люкс номерга жойлашамиз! У ердан бутун шаҳар кафтдагидек кўриниб туради. Пастда шикарний ресторан! Кечқурун оппоқ қуйруқдеккина жононлар… Ҳай, жонидан!
Қаюм шўро пихиллаб кулди. Лаллай унинг гапларига эътибор бермай, оғилхона деворига лой чаплаб, андава тортишга тушди.
– Бўпти, мен ишга боришим керак, – деб Қаюм шўро ўрнидан турди. – Сен бир-икки кунда шу ишни тугатиб қўй. Кўнглинг тўқ бўлсин, Тошкентга борамиз!
– Душанба куни Даштободга бормоқчи эдим, амаки. Ўша ерлик бир чўпонга қудуқ қазиб беришим керак…
– Аввал бизнинг ишни битир, ўша чўпоннинг қудуғи қочиб кетмас! – дея Қаюм шўро аччиқланган қиёфада унинг гапини кесди. – Бир ғайрат қилсанг, икки-уч кунда тугатасан.
– У кишига лафз қилиб келувдим, – деди Лаллай ялинчоқлик билан. – Вақтида бормасам уят бўлади.
– Гапни кўпайтирма, Лаллай! – деди Қаюм шўро пешонасини тириштириб. – Тезроқ қимирла, лой қотиб қолади.
Қаюм шўро уйига томон юрди. Лаллай оғилхона ёнида нима қилишини билмай, гарангсиган қиёфада туриб қолди.

* * *

Лаллай ўлиб-тирилиб ишлаб, Қаюм шўронинг оғилхонасини уч кун деганда зўрға сувоқдан чиқарди. Бу орада Эрат билан ваъдалашилган кун ҳам ўтиб кетди. Лаллай шу чоққача бирон марта лафзига хилоф иш тутмаган эди. Шу боис кечга яқин ишни тугатиб уйига қайтгач, эрталабгача кўзига уйқу келмади.
Тонг бўзарар-бўзармас ўрнидан туриб, калта сопли кетмони билан жомакор кийимларини олди-да, йўлга отланди.
– Мен беш-олти кунларда қайтаман, – деди хотинига. – Унгача Қаюм амакининг ҳам қўли ишдан бўшаб қолар. Келишим билан Тошкентга жўнайман.
Лаллай даштга элтувчи тупроқ йўлга чиқиб олиб, шошилинч йўлга тушди. Бу орада тонг ҳам ёришиб қолди. Қишлоқ тарафдан чиқиб келган сариқ тусли “Москвич” машинаси унинг ёнида тўхтади.
– Йўл бўлсин, Лаллай ака? – деди ҳамқишлоғи Чори машинадан бошини чиқариб.
– Даштободга, амаки…
– Даштободга пиёда кетяпсизми? Авлиёга икки дунё бир қадам экан-да, – кулди Чори. – Чиқинг мошинга. Наймансаройнинг чорраҳасига ташлаб ўтаман.
Лаллай кетмонини авайлаб ушлаган кўйи машинага ўтирди. Орқа ўриндиқда қуюқ соқоли қордек оқарган, нуроний қиёфали Дониёр бува ўтирарди. Салом-аликдан сўнг улар бир муддат жим кетишди.
– Отам замонидан бери қудуқ қазасиз, Лаллай ака, – деди Чори қаршисидаги кўзгу оша Лаллайга қараб қўйиб. – Ҳаммасини қўшиб ҳисобласа, бирон мингталардан ошиб кетгандир-ов?
– Билмасам, амаки. Санамаган эканман.
– Лаллайнинг кетмонига дуо кетган, – деди Дониёр бува. – Шу пайтгача у ковлаган қудуқларнинг биронтаси қуримаган. Бизнинг қудуқни қирчиллама йигит вақтида қазиб берувди. Шундан бери сувини ҳузур қилиб ичиб ётибмиз.
– Лаллай ака қазган қудуқларнинг суви ширин чиқади, – деди Чори Дониёр буванинг гапини қувватлаб.
Жомакор халтаси билан кетмонини бағрига босиб ўтирган Лаллай бу мақтовлардан ўнғайсизланди. Машина бир-бирига уланиб кетган кимсасиз, яланғоч адирлар оралаб борарди.
– Бир пайтлар отам раҳматли Каттақир тарафдаги томорқамиздан қирқ қулочлик қудуқ ковлаган эди, – деди Дониёр бува ўйчан қиёфада. – Ана унинг суви бошқача эди. Ичиб тўймасди одам. Бир йилча бутун қишлоқ шу қудуқдан сув ичди. Одамлар унга “ширинқудуқ” деб ном беришди. Бир куни Сарман чўпоннинг бўй қизи қовға тортаётиб, қудуққа тушиб кетибди…
Дониёр бува дафъатан жимиб қолди.
– Қиз тирик қолдими, ишқилиб? – сўради Чори бетоқатланиб.
– Бечоранинг жасадини топишолмади, – деди Дониёр бува ҳикоясини давом эттириб. – Ўша қудуқ ер ости дарёсининг устидан тушган экан. Айтишларича, ернинг тубидаги сувлар ҳам киши билмас дарё бўлиб оқиб ётармиш… Қизни оқим олиб кетган экан.
– Вой, бечора! – Чори надомат билан бош чайқаб қўйди.
Лаллай ҳам маъюс тортиб қолди.
– Отам раҳматли, “бехосият чиқди” деб ширинқудуқни кўмиб ташлади. Кейинги йили биз бошқа жойдан уй қуриб, кўчдик. Сарман чўпон қудуқнинг ўрнида қизига мозор тиклаб, атрофини девор билан ўради.
– Бу гапдан кейин қудуққа яқинлашишгаям қўрқиб қолади одам, – деди Чори чуқур тин олиб. – Ўлмаган Лаллайнинг жони!
– Шу ёшга кириб ширинқудуқнинг сувидай сувни бошқа ичмадим, – деди Дониёр бува. – Кўнгил қурғур ҳалигача унинг таъмини тусайди.
– Вақти келиб Лаллай ака ўша сувни топса, ажаб эмас, – деди Чори Лаллайга юзланиб. – Нима дедингиз, Лаллай ака?
– Билмасам, амаки, – деди ўйга толиб ўтирган Лаллай.

* * *

Қуёш тиккага келиб, даштни тандирдек қиздира бошлаган вақтда Лаллай Эратнинг уйига етиб борди. Қуйироқдаги оғилхона атрофида сандироқлаб юрган иккита баҳайбат кўппак важоҳат билан унга ташланди. Эсанкираб қолган Лаллай қўлидаги калта сопли кетмонини ўнгу сўлга сермаб ўзини ҳимоя қилар, итлар эса баттар қутурарди. Бу аҳволда Лаллайнинг қаршилиги узоққа бормаслиги аниқ эди.
Уй олдидаги сада қайроғоч соясида тўшалган кўрпачада ёнбошлаб ётган Эрат бу манзарани жимгина кузатарди.
 Шу пайт Эратнинг хотини шошиб ошхонадан чиқди.
– Ҳа, ер юткурлар! Тур, кет!
Аёл итларни бир амаллаб Лаллайдан ажратиб олиб, нари ҳайдади. Чопонининг этаги йиртилиб, бошидан телпаги учиб кетган Лаллай қўрқув ва ҳаяжондан қалтираб ерга ўтириб қолди.
 Эрат норози қиёфада ўрнидан туриб ўша томонга юрди.
– Бор, сув олиб кел! – деди у ҳамон атрофда ириллаб айланиб юрган кўппакларни ҳайдаётган хотинига ўқрайиб.
Аёл ошхонага кириб кетди. Эрат абгор қиёфада чўнқайиб ўтирган Лаллайга зингил солиб тикилди.
– Кечикдинг-ку, Лаллай?!
Аммо Лаллай унинг саволига жавоб берадиган аҳволда эмас эди. Шу пайт Эратнинг хотини косада сув келтирди. Лаллай аёл узатган сувни тўкиб-сочиб ичди.
Бироздан сўнг Лаллай сада қайрағочдан қуйироқда ерни синчиклаб кўздан кечира бошлади. Эрат бир чеккада ғўддайиб турар, ҳозиргина даштдан қўй ҳайдаб қайтган ўн икки ёшлар чамасидаги ўспирин – Жонибек қийиқ кўзларини баттар қисганча Лаллайнинг ҳаракатларини қизиқиш билан кузатарди. Ниҳоят, Лаллай юришдан тўхтаб, Эратга юзланди.
– Шу ердан ковласак бўлар, амаки?
– Бошла! – деди Эрат дағал овозда.
Лаллай кетмони билан чоғроқ айлана чизиб олди-да, ер ковлашга тушди.
– Ота, мен қишлоққа бориб, ҳашарчиларни айтиб келайми? – сўради Жонибек.
– Шарт эмас, – деди Эрат ўғлига қарамай. – Ўзимиз эплаймиз!

* * *

Шу куни Лаллай ғайрат билан ишлаб, кечгача чамаси беш-олти газ чуқурликда қудуқ ковлади. Эрат қудуққа чиғириқ ўрнатди, Жонибек эшакда қовға торта бошлади.
Офтоб аллақачон адирлар ортига ботиб, поёнсиз даштга аста тун чўка бошлаган бўлса-да, Эрат ишни тугатишни хаёлига келтирмасди. Қудуқ туби баттар қоронғилашиб, Лаллай қудуқнинг девори билан саҳнини ажратолмай қолди.
Лаллай қаддини ростлаб, юқорига қаради. Қудуқнинг оғзига ўрнатилган чиғириқ шом ғира-ширасида қорайиб турарди.
– Амаки! – дея овоз берди у. Юқорида Эратнинг кўланкаси пайдо бўлди.
– Нима дейсан?
– Кеч тушиб қолди. Бугунча етар?
Эрат дарров жавоб бермади.
– Қудуқдан сув чиқмагунча ташқарига чиқмайсан! – деди у бироздан сўнг эътирозга ўрин қолдирмайдиган оҳангда.
– Ҳазиллашманг-ей, амаки, – деди Лаллай кулиб. – Қудуқдаям ётиб бўларканми?
Лаллай қудуқнинг икки четидаги пиллапояларга тусмоллаб оёқ қўйиб юқорилай бошлади. Кутилмаганда қудуқнинг оғзи ёпилиб, тепадан тушаётган ғира-шира ёруғлик ҳам ғойиб бўлди. Лаллай буткул зулмат қоплаган қудуқда гўё муаллақ осилиб қолди.

* * *

Кунботарда боягина ёлқинланиб турган шом шафағи ҳам буткул сўнган, тунги осмонда сон-саноқсиз юлдузлар жилва қиларди. Шомдан сўнг кўриниш берган ой борлиқни хирагина ёрита бошлади.
Уйдан тугун кўтариб чиққан Эрат қоронғида тусмоллаб қадам ташлаганча қудуққа яқинлашди. Чиғириқнинг ёнида қўлидаги тугунни ерга қўйиб, қудуқнинг қопқоғини очди-да, чиғириққа суянган кўйи зим-зиё чоҳга мўралади. Қудуқ ичига теран сукунат чўккан, “тиқ” этган овоз эшитилмасди.
– Лаллай! – дея чақирди Эрат, аммо жавоб бўлмади. Эрат овозини бир парда кўтарди. – Лаллай дейман!
Ниҳоят, ичкаридан Лаллайнинг сокин овози эшитилди:
– Нима дейсиз, амаки?
– Ўлиб-нетиб қолганинг йўқми, ишқилиб? Нимага сасинг чиқмайди?
Зим-зиё қудуқ тубида ўтирган Лаллай юқорига қаради. Эратнинг элас-элас кўзга ташланаётган кўланкаси узра осмонда юлдузлар чарақлаб турарди.
– Ма, манавини еб ол!
Эрат тугунни қовғага жойлаб, қудуққа туширди. Чиғириқ чириллаб айланиб, қовға қоронғилик қаърига сингиб кетди.

* * *

Эрат эрталаб қудуқнинг қопқоғини очди.
– Яхши ётиб турдингми, Лаллай? – деди илжайиб. Лаллайдан жавоб бўлмагач, ёнида турган Жонибекка имо қилди, ўспирин шу заҳоти арқонга боғланган қовғани қудуққа туширди. – Идиш-товоқларни узатиб, ўзинг ҳам юқорига чиқ. Нонушта қилиб, ишни бошлаймиз.
Жонибек арқонни юқорига тортди. Бироздан сўнг тугун солинган қовға қудуқдан чиқиб келди. Бироқ унга қўл ҳам урилмаган эди. Жонибек тугунни қўлига олиб, отасига савол назари билан қаради. Эратнинг чағир кўзлари ғазабдан қисилиб кетди.
– Ҳали шунақами? – деди у тишларини ғижирлатиб. – Менга деса, очингдан ўлиб кет! Кечаги гапим-гап. Қудуқ битмагунча ташқарига чиқмайсан. Жонибек, эшакни олиб кел!
Жонибек отасига қўрқа-писа қараб қўйиб, оғилхона томонга кетди.

* * *

Тиккага келган қуёш борлиққа беаёв олов пуркайди. Чор атрофда ястаниб ётган бепоён даштда тирик жон асари сезилмайди. Боягина кўкда муаллақ осилиб нағма қилаётган якка бўзтўрғай ҳам жазираманинг забтига дош беролмай, янтоқзор орасидаги уясига ўзини урган. Фақатгина унда-бунда жизловуқларнинг бир маромдаги мунгли овози эшитилади. Жайдари итлар оғилхонанинг соясида тилини осилтирганча ҳансираб ётибди. Сим тўр билан ўралган қўрага қамалган қўйлар бир-бирининг пинжига суқилиб олган.
Чиғириқ бир маромда чириллаб айланади. Жонибек терлаб-пишиб эшакда қовға тортаяпти. Юз-кўзи чанг ва терга қоришган Эрат қудуқдан чиқиб келган қовғадаги тупроқни бир чеккага олиб бориб тўкади.
Тобора забтига олаётган гармсел қудуқнинг теварагида уйилиб ётган қуруқ чангни учириб ўйнайди.
Эрат қовғадаги тупроқни бўшатиб, қудуққа энгашди:
– Лаллай!
– Нима дейсиз, амаки?
– Қачон сувга етамиз?
– Оз қолди.
– Оз қолганмиш! Ўн беш қулоч қазидик-ку, тупроқ нам тортгани йўқ!
Шу пайт кажавали мотоцикл тупроқ йўлни чангитиб, Эратнинг уйига шитоб билан яқинлашиб кела бошлади. Оғилхона соясида мудраётган жайдари итлар ваҳимали вовиллаганча ўша томонга отилди. Мотоциклнинг орқа ўриндиғида ўтирган одам қўлидаги таёқни ўнгу сўлга сермаб итларни ҳайдашга уринарди. Эрат чағир кўзларини қисган кўйи нотаниш кишиларга диққат билан тикилди.
Кажавали мотоцикл Эратнинг қўрғонига яқинлашгач, қудуқ томонга бурилди. Мотоцикл­да милиция либосидаги нотаниш киши ва Ўлжабой ўтиришарди.
– Бор, итларни қайтар! – деди Эрат ўзига хавотир билан қараб турган ўғлига. Жонибек шу заҳоти эшакдан тушиб, ўша томонга югурди. Эрат иккиланган қиёфада чиғириққа суяниб турарди.
Мотоцикл қудуқдан беш-ўн қадам нарида тўхтади. Жонибек итларни қувиб солгач, милиция ходими билан Ўлжабой чўпон мотоциклдан тушишди. Нотаниш лейтенант норози тўнғиллаганча уст-бошининг чангини қоқди. Ўлжабой чўпон қўлидаги калтакни мотоцикл­га суяб қўйиб, қудуққа қараб юрди.
– Ассалому алайкум, Эрат ака.
– Ваалайкум ассалом, – дея алик олди Эрат унга зимдан синчков тикилиб. – Келинг, Ўлжабой.
    Эрат билан қўл олиб саломлашишди.
– Қудуқ қазаяпсизми? – деди Ўлжабой атрофда уйилиб ётган тупроқни кўздан кечириб.
– Шундай.
– Сув чиқай деб қолдими?
– Чиқиб қолар, – деди Эрат лейтенантдан кўз узмай.
Ўлжабой билан лейтенант бирин-кетин чиғириққа суяниб, эҳтиёткорлик билан қудуққа энгашишди.
– Ҳорманг, уста, – дея овоз берди Ўлжабой.
– Саломат бўлинг, амаки, – қудуқдан Лаллайнинг бўғиқ овози эшитилди.
– Чарчамаяпсизми?
– Йўғ-ей, амаки. Ҳамишаги қилиб юрган ишимиз-да.
– Ғайрат қилинг, уста! – деди лейтенант негадир жилмайиб.
– Раҳмат, амаки.
Лейтенант қудуқдан четланиб, бош чайқади.
– Қудуқ ҳам шунақа чуқур бўладими? Қараб туриб бошим айланиб кетди-я.
– Ҳа, “даштнинг қудуғи қирқ қулоч” деб бекорга айтишмаган, – деди Ўлжабой. – Бу ерлардан сув чиқариш осон эмас.
Шундан сўнг улар қудуқдан узоқлашишди.
– Тинчликми, чўпон? – деди бироз хотиржам тортган Эрат Ўлжабойдан.
– Тинчлик бўлса, шундай сарсон бўлиб юрармидик, Эрат ака? – Ўлжабой чуқур тин олди.
– Кеча тунда Ўлжабой аканинг отаридан ўн бештача қўй йўқолган, – дея изоҳ берди лейтенант пешонасининг терини артиб. – Ўғриларни излаб юрибмиз.
– Чатоқ бўпти-ку, – деди Эрат таассуф билан бош чайқаб.
– Оқшом бу атрофда бегона одамларга кўзингиз тушмадими? – сўради лейтенант Эратдан.
– Йўқ, кўзим тушмади. Кеча кун бўйи қудуқ қазиб, чарчаган эдик. Шунга эртароқ ётувдик.
– Салим буванинг айтишича, ярим оқшом икки отлиқ шу томонга бир гала қўй ҳайдаб ўтган эмиш, – деди Ўлжабой.
– Бегона ўтса, итлар пайқаган бўларди… – Ўлжабой чўпоннинг ўзига синовчан тикилиб турганини кўриб, Эратнинг авзойи ўзгарди. – Мабодо, мендан гумон қилаётган бўлсанг, қўрани бориб кўр.
– Йўғ-ей… Ўлибмизми сиздан гумон қилиб, – деди Ўлжабой чўпон ўнғайсизланиб.
– Кун ҳам роса қиздирди-ку, – минғирлади лейтенант кепкаси билан юзини елпиб. – Гуллоланинг иссиғи шунақа бўлса, саратонники қанақа бўларкин.
– Бўлмаса, биз борайлик, Эрат ака.
Ўлжабой чўпон ортига бурилди.
– Уйга кириб, чой-пой ичиб кетинглар. Ҳашар оши пишиб турибди.
Лейтенант Ўлжабойга умидвор қаради.
– Шу топда томоқдан овқат ўтармиди, Эрат ака? – дея Ўлжабой чўпон мотоцикл томон юрди. – Қўйларни топмасам, раис уйимни куйдиради.
Лейтенант ҳам ноилож унинг ортидан эргашди.
Кажавали мотоцикл тупроқ йўлдан дашт ичкарисига қараб кетгач, Эрат қудуққа энгашди.
– Лаллай!
– Нима дейсиз, амаки?
– Кўрдик, жўмард экансан, – деди Эрат ноаён кайфиятда. – Лекин мен ҳам туфлаган тупугимни қайтариб оғзимга олмайман. Қудуқдан чиққинг келса, тезроқ ишни тугат!
Эрат қаддини ростлаб, уйига томон кетди.
Бир муддатдан сўнг Жонибек қўлида дастурхон билан чумагидан буғ чиқиб турган қумғон кўтариб, қудуқ томон эниб келди.
– Лаллай амаки! – дея овоз берди у қудуққа мўралаб.
– Нима дейсиз, амаки?
– Овқат ейсизми?
– Сиз берсангиз, ейман.
Жонибек хурсанд қиёфада дастурхон билан қумғонни қовғага солиб, қудуққа туширди.
Шундан сўнг Лаллай нимқоронғи қудуқ тубида олдига дастурхон ёзиб, овқат ейишга тушди. Жонибек қудуқ лабида чиғириққа суянган кўйи Лаллай билан гаплашиб ўтирарди.
– Боя мелиса амаки келганда қўрқиб кетдим, – деди Жонибек соддадиллик билан.
– Нега қўрқасиз, амаки?
– Унга отам сизни қудуққа қамаб қўйганини айтиб берасиз деб ўйловдим.
– Чақимчилик эркак кишига ярашмайди, амаки, – деди Лаллай сокин овозда.
Қудуқ лабида ўтирган Жонибек бу гапдан сўнг бир муддат жимиб қолди.
– Нимага ҳамма сизни Лаллай деб чақиради?
– Лаллайган одам бўлганим учун бўлса керак-да, амаки, – деди Лаллай кулиб.
– Бу исмни ким қўйган?
– Ёдимда йўқ. Эсимни таниганимдан бери ҳамма мени Лаллай деб чақиради.
– Бошқа исмингиз йўқми?
– Бор, амаки. Ҳужжатларда отим Элмурод деб ёзилган. Чақалоқлигимда раҳматли мулла Қодир бува шу исм билан қулоғимга азон чақирган экан.
– Унда менам сизни Элмурод амаки деб чақираман.
– Нега?
– Чунки сиз Лаллай эмассиз! Ёмон одамлар сизни Лаллай деб чақиради.
– Қўяверинг, амаки, – деди Лаллай кулиб. – Эл берган исм… Бизга шуниси дуруст.
– Нимага сиз ҳаммани “амаки” дейсиз? – сўради Жонибек бироздан сўнг.
– Чунки ҳамма одамлар менга амаки бўлади-да.
– Мен ҳамми?
– Сиз ҳам.
– Лекин мен сиздан кичкинаман-ку?
– Кичкина бўлсангиз нима қипти?
Жонибек қудуқ тубида ғира-шира кўзга ташланиб турган Лаллайнинг кўланкасига ажаб­ланиб тикилди.
Лаллай олдидаги дастурхонни йиғиштириб, қумғондан пиёлага чой қуйди.
– Айтгандай, ёшингиз нечада, амаки? – дея сўради у тепага юзланиб.
– Ўн тўртда.
– Дилмуроджондан икки ёш катта экансиз, – деди Лаллай чой ҳўплаб.
– Дилмуроджон ким?
– Кенжа ўғлим.
– Ҳа…
– Катта ўғлим ҳозир Тошкентда, – деди Лаллай ўзига ўзи гапираётгандек сокин овозда.
– Кетганигаям уч ойдан ошди. Эрта-ю кеч шуни ўйлайман, амаки. Бу ёқда онаси қаттиқ соғинган…
– Тошкентда дейсизми? – ажабланди Жонибек. – Ўғлингиз у ерда ўқийдими?
– Йўқ, Шодмонжоннинг сал мазаси йўқ эди. Ҳозир Тошкентда даволанаяпти. Насиб этса, яқин орада кўргани бораман. Унгача Шодмонжон ҳам тузалиб қолса керак. Кейин ота-бола уйга бирга қайтамиз-да, амаки.
Лаллай дастурхон билан қумғонни қовғага жойлаб, юқорига қаради.
– Қовғани тортинг, амаки.
Жонибек қовғани қудуқдан тортиб олди. Шу пайт Эрат ҳам қудуқ бўйига эниб келиб, енг шимарди.
Тушдан сўнг уқубатга тўла, зерикарли юмуш бир маромда давом этди. Лаллай ер қаърига янада чуқурроқ кириб боргани сайин қудуқ теварагидаги тупроқ хирмони юксалиб борар, лекин интиқиб кутилган сувдан дарак йўқ эди.
Эрат қовғадаги тупроқни чангаллаб кўрди. Қуруқ, майин тупроқ кафтлари орасидан шувиллаб ерга тўкилди. Эрат қудуқ бўйида чўнқайиб ўтирганча жазирама офтоб тиғида ҳансираб ётган кимсасиз даштга ноумид тикилиб қолди. Қорамағиз чеҳраси иссиқда баттар қорайиб, кўзлари киртайиб қолган Жонибек эринчоқлик билан қовға тортаётган эшакни тўхтатиб, отасига қаради.
Кутилмаганда Эрат шахт билан ўрнидан туриб, тупроқ тўла қовғани жон-жаҳди билан бир чеккага улоқтирди. Бироқ қовғанинг арқони оёқларига ўралашиб қолиб, ўзи ҳам тупроқ уюми устига йиқилди. Бошдан-оёқ оппоқ чангга беланди.
– Йўқ сув! Ер ютиб кетган сувни! Бу нима кўргилик!
Эрат телбавор қиёфада ер муштлаб, бошидан тупроқ сочиб йиғлашга тушди.

* * *

Ярим тун. Тўлин ой нурларига ғарқ бўлиб ётган сокин дашт алланечук сирли ва улуғвор тус олган. Кунчиқар тарафда қорайиб кўринаётган адирликлар этагида сон-саноқсиз чироқлар милтиллайди. Қақроқ яйловнинг олис пучмоғида заиф бир шуъла гоҳ ёниб, гоҳ ўчиб турибди.
 Одатда, эрталабгача бетоқат ҳуриб чиқадиган жайдари итларнинг ҳам уни ўчган. Борлиққа теран сукунат чўккан. Гўё жазирама оташида силласи қуриган замин салқин оқшом қўйнида ором олмоқда.
Жонибек шарпасиз қудуққа яқинлашиб, эҳтиёткорлик билан унинг қопқоғини очди.
– Лаллай амаки!
– Ким у? – зим-зиё қудуқдан Лаллайнинг овози эшитилди.
– Мен, Жонибекман.
– Нима гап, амаки?
– Отам ухлаяпти. Тезроқ қудуқдан чиқиб, уйингизга кетинг! Онам итларни оғилхонага қамаб турибди.
Қудуқ тубидан Лаллайнинг оғир хўрсинган овози эшитилди.
– Қўяверинг, амаки, – деди у бироздан сўнг. – Ишимни чала ташлаб кетолмайман.
– Барибир, бу қудуқдан сув чиқмайди! – деди Жонибек алам билан.
– Чиқади, амаки, кўнглим сезиб турибди, – деди Лаллай хотиржам оҳангда. – Сиз бориб, дамингизни олаверинг. Эртага ишимиз янаям оғирлашади.
Жонибек қудуқнинг қопқоғини очиқ қолдириб, истар-истмас уй томон юрди.
Лаллай шундоққина қудуқнинг устида балқиб турган тўлин ойга тикилиб қолди.

* * *

Қудуқнинг чуқурлиги қарийб йигирма қулочни чамалаб қолган. Лаллай ҳамон терлаб-пишиб ер ковлаяпти. Чиғириқ бир маромда ғижирлаб айланади. Чармдан тикилган қовға гоҳ тепага, гоҳ пастга қараб ҳаракат қилади.
Лаллай юқоридан тушиб келган қовғани бир четга қўйиб, қўлидаги кетмонни куч билан ерга ботирди. Кутилмаганда кетмонга қуруқ тупроқ аралаш бир парча лой илашиб чиқди. Лаллай кўзларига ишонмагандек, титроқ қўллари билан лойни сиқимлаб кўрди. Нима ҳодиса юз бераётганини англолмай, бир муддат серрайиб туриб қолди. Эс-ҳушини йиғиб олиб, жонҳолатда қўллари билан тупроқ ковлашга тушди. Қудуқнинг ўртасида ҳосил бўлган чуқурчадан ғайритабиий тарзда сув сизиб чиқа бошлади. Лойқа сув шиддат билан юқорига кўтарилиб, кўз очиб-юмгунча қудуқ саҳнини бир текисда қоплаб олди.
– Ё, қудратингдан, Эгам! – дея шивирлади Лаллай ҳовучида эритилган симобдек ялтираб турган сувга тикилиб.
Чиғириққа суяниб турган Эрат қовға кечикиб қолганидан бетоқатланиб, қудуққа энгашди.
– Ухлаб қолдингми дейман, Лаллай? Нега қовғани узатмаяпсан?
– Қудуғингиздан сув чиқди, амаки!
– Нима?.. Тентак-пентак бўлганинг йўқми, мабодо! – деди Эратнинг энсаси қотиб. – Ҳали тупроқ нам тортгани йўқ-ку, сувга бало борми?
Нарироқда эшакни ушлаб турган Жонибек югуриб келиб, қудуқ тубига тикилди.
– Қаранг, ота! Сув! – дея чинқирди у ҳаяжон билан.
Эрат чағир кўзларини қисиб, қудуққа қаттиқроқ тикилди.
Ғира-шира қудуқ тубида қорамтир тусли суюқлик жимирлаб турарди.

* * *

Саратон жазирамаси борлиққа ҳукмни ўтказа бошлаган, дашт узра қайноқ гармсел эсяпти.
Қирнинг устидаги якка уйдан Эрат билан Лаллай чиқиб келишди.
Лаллай сада қайрағоч тагидан кетмони билан жомакор кийимлари солинган халтани олди. Эрат бефайз даштга ўйчан тикилди. Қирнинг этагида Жонибек билан онаси янги қудуқдан қўйларни суғормоқда эди.
– Манавини олиб қўй, Лаллай, – Эрат унга қоғозга ўралган пулни узатди.
– Шарт эмас эди, амаки, – деди Лаллай ўнғайсиз жилмайиб.
– Ол, ол! – Эрат пулни Лаллайнинг халтасига солиб қўйди.
Шундан сўнг иккаласи қуйига томон энишди.
– Мендан хафа бўлма, Лаллай, – деди Эрат ўзига-ўзи гапираётгандек паст овозда.
– Ундай деманг, амаки… Хафа эмасман.
 Эрат илкис юришдан тўхтаб, Лаллайга ажабланиб тикилди: “шунча таҳқиру зуғумларни жимгина ичига ютиб кетаверса… ўзини хасдек ҳақир тутса… бу қандай одам ўзи?”
Кўнглидан кечган саволларга жавоб топмоқчидек Лаллайнинг кўзларига қаттиқ тикилди. Лаллай унинг ўзига наштардек қадалиб турган нигоҳига дош беролмай, кўзларини олиб қочди. Дафъатан Эратнинг кўнгли равшан тортиб, мийиғида жилмайди.
– Бора қол, Лаллай, – деди Эрат унинг елкасига беозор қоқиб қўйиб. – Болаларинг йўлингга кўз тикиб ўтиргандир.
Лаллай қудуқ тепасида ўзига тикилиб турган Жонибекка илжайиб қараб қўйиб, йўлга тушди.
Ўспирин дашт оралаб кетган тупроқ йўлда тобора узоқлашиб бораётган Лаллайни кузатиб қолди.

* * *

Тонг отиб, уфқда қуёш бош кўтараётган маҳал. Ҳовли этагидаги йўл бўйида Лаллай ҳамқишлоғи Турдиқул билан гаплашиб турарди. Турдиқул деганлари – эллик ёшлардан ошган, зиёлинамо кийинган, бақалоқ битишли бир кимса. У қўлларини силтаганча зўр бериб нималарнидир уқтирар, Лаллай ерга кўз тиккан кўйи сукут сақлаб турарди.
– Бошқа пайт бўлганида йўқ демасдим, амаки, – деди ниҳоят Лаллай ҳам тилга кириб. – Лекин шу кунларда иложим йўқ…
– Ўзингни тарозига солма энди, Лаллай! – деди Турдиқул жиғибийрон бўлиб. – Сен пахсанинг лойини тайёрлаб бериб турсанг, усталар иморатни бир ҳафтада битиради!
– Шу ишни сал кейинроқ қилсак бўлмасмикин?
– Иложи йўқ! – деди Турдиқул афтини буриштириб. – Мен Амир билан шу ҳафтага келишиб қўйганман.
Лаллай қўрада боғланган ола қўзига емиш бераётган хотинига қараб қўйиб, овозини пасайтирди:
– Тўғрисини айтсам, ўғлимнинг аҳволи унча яхши эмас эмиш…
– Бир ҳафтада осмон узилиб ерга тушмас! – деди Турдиқул унинг гапига эътибор бермай. – Ҳақингниям олдиндан бериб қўяман. Мана!
Турдиқул чўнтагидан бир даста пул олиб, Лаллайнинг қўйнига тиқди.
– Нима қилаяпсиз, амаки? – шошиб қолган Лаллай унинг қўлини қайтаришга уринди. – Керак эмас…
– Бу сенинг ҳақинг, – деди Турдиқул бўш келмай. – Барибир, қайтариб олмайман. Буёғи ўзингга ҳавола.
Турдиқул хайр-маъзурни ҳам насия қилиб, тупроқ йўлдан шитоб билан жўнаб қолди. Лаллай гарангсиган қиёфада уйга томон юрди.

* * *

Шу куни Амир бошлиқ ҳашарчилар Турдиқулнинг қишлоқ чеккасидаги янги иморатини бошлаб юборишди. Амир ёшгина йигит узатаётган лойдан пахса урар, икки нафар бўз йигит ғайрат билан лой пишитишарди. Лаллай чуқурлиги одам бўйи келадиган ҳандақдан ташқарига тупроқ отиш билан банд.
– Бўшашманглар, йигитлар, – Амир лой пишитаётган йигитларга далда берди. – Ғайрат қилсак, кечгача учинчи пахсани ҳам битирамиз.
– Уддалаймиз, Амир ака! – деди лой пишитаётган Санжар ишонч билан.
– Лойни яхшироқ пишитинглар, – деди Анвар шерикларига. – Белга ёпишиб қолаяпти.
– Пишитаяпмиз-ку! – эътироз билдирди Бахтиёр. – Нима, сен бу лойдан зувала ясаб, нон ёпмоқчимисан?
Шу пайт Лаллай хандақдан бошини чиқарди.
– Буёққа қараб юборинг, амаки.
Йигитларга нимадир демоққа чоғланган Амирнинг хаёли бўлиниб, Лаллайга юзланди. Лаллай бесаранжом қиёфада унга мўлтираб қараб турарди.
– Нима гап, Лаллай ака?
– Тезроқ келинг.
Амир девордан тушиб, хандақ томон юрди. Йигитлар ҳам унинг ортидан эргашишди.
– Тинчликми? – сўради Амир Лаллайга синовчан тикилиб.
– Манавинга қаранг…
Лаллай кўз қири билан пастга имо қилди. Хандақнинг бир чеккасида сарғайиб кетган бош чаноғи тупроққа қоришиб ётар, қуйироқда болдир суяклари ҳам кўзга ташланиб турарди.
– Одамнинг калла суяги-ку! – деди Анвар ваҳима билан. Шериклари ҳам бесаранжом қиёфада бош чаноғига анграйиб қараб қолишди.
– Худо урди! – Амир кутилмаганда дами чиққан пуфакдек бўшашиб, хандақнинг бўйида чўнқайиб ўтириб қолди. Ногаҳоний воқеадан ҳамон ўзига келолмаган ҳашарчилар унга юзланишди. – Палакат босиб, эски қўйиндига дуч келдик. Кўз тегди бизга! Ишимиз чаппасига кетади энди.
– Нимага ундай деяпсиз, Амир ака? – деди Бахтиёр ажабланиб.
– Ақли бор одам яккамозорнинг устида яшамайди… Турдиқул ака деворни буздириб, хандақни кўмдириб ташлайди!
– Шунча меҳнатимизга куйиб қоламизми?
Санжар чала тикланган иморатга алам билан кўз югуртирди.
– Сен тез бориб, Турдиқул акани чақириб кел! – деди Амир ёнида серрайиб турган Бахтиёрга.
Бахтиёр истар-истамас қишлоқ томон йўл олди…
Бироздан сўнг Турдиқул ҳам шошилинч келиб қолди.
– Нима бўлди? Қани суяк? – деди Турдиқул бесаранжом қиёфада хандаққа эгилиб. – Йўқ-ку ҳеч нарса!
Турдиқул хандақнинг бир бурчида тупроққа қоришиб ётган бош чаноғини кўриб, дафъатан сесканиб тушди. Қўрқувдан ранги бўздай оқариб, беихтиёр бир-икки қадам ортга тисарилди.
– Тезроқ кўзимдан йўқотинглар буни! – деди у суяклардан ҳазар қилгандек бурнини жийириб. – Кўрмайин ҳам, куймайин ҳам.
– Қаёққа йўқотамиз? – деди Амирнинг энсаси қотиб.
– Бирор холироқ жойга олиб бориб, кўмиб ташланглар! Бу гап орамизда қолсин.
Санжар Амирга умидвор тикилди. Амир эса “сиз нима дейсиз?” дегандек Лаллайга юзланди.
– Ундай деманг, амаки, – деди Лаллай вазмин оҳангда. – Буям бир пайтлар сиз билан менга ўхшаган одам бўлган…
– Нима, шу чирик суякларнинг тинчини ўйлаб, бошлаган уйимни буздириб ташлайми? – деди Турдиқул Лаллайга ўқрайиб. – Ёки шу яккамозорнинг устида яшашим керакми? Бу гап элга овоза бўлиб кетса, мен нима деган одам бўламан?
– Бу одам қиёматда даъво қилса, нима деб жавоб берасиз, амаки?
– Отам замонида ўлиб кетган одам ҳам қайта тирилармишми? – деди Турдиқулнинг энсаси қотиб. – Шу гапга ишонганнинг ўзи аҳмоқ!
Лаллай Турдиқулга озорланиб қараб қўйиб, хандаққа тушди. Белбоғини ерга ёзиб, тупроқ орасидаги суякларни унинг устига тахлай бошлади.
– Нима қилмоқчисан? – сўради Турдиқул ажабланиб.
– Қабристонга олиб борамиз.
– Эсингни еб қўйибсан, Лаллай! – деди Турдиқул истеҳзо билан кулиб. – Бир каминг гўрковлик қилиш қолувди.
– Сиз аралашманг! – Амир Турдиқулни жеркиб бериб, Лаллайга кўмаклашиш учун хандаққа тушди.

* * *

Қуюқ ўсган хас-хашаклари сарғайган қабристон.
Бир-бири билан туташиб кетган саноқсиз қабрлар ёнида гўдакникидек мўъжазгина турбат пайдо бўлган. Лаллай билан Амир қабр бошида чўнқайиб ўтиришибди. Лаллай пичирлаб дуо ўқийди. Уларнинг ёнида қаққайиб турган Турдиқул ҳам алланечук ўйчан тортиб қолган эди.
Лаллай билан Амир юзига фотиҳа тортишди. Турдиқул ҳам беихтиёр қўлларини юзига сийпаб қўйди. Шундан сўнг Амир ерда ётган белкуракни олиб, қаддини ростлади.
– Туринг энди, Лаллай ака. Тезроқ бормасак, лой қотиб қолади.
Бироқ Лаллайдан садо чиқмади.
– Суякларни кўмдинг, яна нима каминг қолди? – деди Турдиқул пешанасини тириштириб. Амир унга “Лаллайни ўз ҳолига қўйинг” дегандек имо қилиб, қабристон дарвозаси томон юрди. Турдиқул ҳам ноилож унга эргашди. Лаллай бир муддат сукут сақлаб ўтирди.
– Шундай қилиб, сизни тупроқдан олиб яна тупроққа топширдик, амаки, – дея тилга кирди у қаршисидаги ихчам қабрга тикилиб. – Ҳар бандани бу дунёдаям, у дунёдаям кўпдан айирмасин… Одам ўлганидан кейин қиёматгача қабри унинг уйи бўлади дейи­шади. Уй бўлганидан кейин томиям бўлгани яхши-да, тириклар билиб-билмай босиб ўтмайди. – Лаллай ўзича қабрнинг чимларини текислаган бўлди. – Анчадан бери кўнглим ғаш, амаки. Ўйласам, кечалари уйқум қочади. Айтай десам, эшитадиган одам йўқ. Ўзидан ортиб, сенинг дардингга қулоқ соладиган мард топилмайди.
Эсимни таниганимдан бери элнинг қудуғини қазаман. Илгари қудуқларнинг суви мўл бўларди. Беш-ўн қулоч ковлашим билан ернинг тагидан чашмадай қайнаб чиқаверарди. Суви тошиб чиққудай қалқиб турган қудуқларга қараган одамнинг ваҳми келарди. Суви новвот солиб эритилгандай тотли эди, ичган одамнинг тани роҳат қиларди.
Ҳозир негадир ернинг авзойи ўзгарган. Кун сайин суви тортилиб, қудуқлардан барака кўтарилаяпти. Отам замонидан бери тупроқнинг тагида тиним билмай оқиб ётган дар­ёлар ҳам қуриб бораётганга ўхшайди. Қудуқдан сув чиқариш ҳам маҳол бўлиб қолди. Шўр қудуқлар кўпайган. Одамлар бунинг сабабини осмондан қидиради. Қудуғидан сув чиқмаса, булутлардан домангир бўлади.
Шу чоққача ҳам қурғоқчиликнинг кўпини кўрдим. Осмоннинг суви ўзини азиз қилиб, ҳамал чиқмай ўт-ўланлар қовжираб қолган пайтлар бўлди. Лекин ўша вақтларда ҳам қудуқлар бунчалик тортилиб кетмаган эди. Ишқилиб, ерга нимадир бўлаяпти. Эрта-бир кун қудуқлар буткул қуриб қолса нима бўлади? Одамларнинг ҳоли нима кечади? Ҳаёт деганлари остин-устун бўлиб кетмайдими? Ўйласам, ваҳмим келади…
Дардларимни дастурхон қилиб, сизниям музтар қилдим, амаки. Сизни ўзимга яқин олиб, юрагимнинг чигилини ёзгим келди. Шуям кўнгилга таскин-да. Сиз гапларимни ўзингизга олиб, кўп ўйлаб ётманг.
Энди мен қайтсам… Лекин сиз “шу билан Лаллайнинг ҳам дараги ўчди” деган хаёлга борманг. Оқибатсизлик бизга ярашмайди. Ҳали яна олдингизга келаман. Икковимиз яна тўйиб-тўйиб гурунглашамиз. Ўшанда фақат яхши гаплардан гаплашамиз. Лаллайдан рози бўлинг, амаки!
Лаллай оғир қадамлар билан қабристондан чиқди. Пастаккина турбатни бағрига олган қўҳна қабристон сукутга толди.

* * *

…Зимистон тун эмиш. Лаллай ноаён бир манзилда адашиб юрганмиш. У сўқир каби қўлларини олдинга чўзганча тусмоллаб қадам ташлайди. Дам-бадам тўхтаб, зулмат қаърига тикилади. Ногаҳон узоқда ялт-юлт алангаланаётган гулханга кўзи тушди. Йиқилиб-суриниб ўша томонга интилди.
Лаллай бир-бирига тўш бериб ётган қабрларни оралаб ўтиб, гулханга яқинлашди. Яқинда ўзи қазиган мўъжаз қабр ёнида икки киши олов ёқиб ўтирарди. Бири кенг елкали, барваста қоматли киши, иккинчиси ёш, озғин бир йигит. Иккаласи ҳам жимгина оловга тикилиб ўтиришибди.
Йигит гулхандан кўз узиб, Лаллайга қаради.
– Шодмонжон? – деди Лаллай ҳайрон бўлиб. – Бу ерда нима қилаяпсан, ўғлим?
Шодмон унинг саволига жавоб бермай, яна оловга юзланди.
Лаллай ўғлидан кўз узиб, қаватида ўтирган одамга қаради. Олтмиш ёшлардан ошган, мош-гуруч соқоли ўзига ярашган, мўмин қиёфали бир киши. Чеҳраси жудаям таниш. Келбати Лаллайга ўхшаброқ кетади. Ажабо, ким бўлдийкин бу одам?
Шу пайт қабристоннинг аллақайси бурчидан аёл кишининг ғуссали ноласи эшитилди. Лаллай жонсарак қиёфада теваракка аланглади. Шу заҳоти кўз ўнгидаги манзара изсиз ғойиб бўлиб, атрофни яна қуюқ зулмат қоплади.
Лаллай чўчиб уйғонди. У туш кўраётган эди…
Лаллай калима қайтариб, аста ўрнидан турди-да, ташқарига чиқди.
Ҳали тонг ёришмаган, борлиққа қуюқ зулмат чўккан эди.
Лаллай ҳовли ўртасидаги супага бориб ўтирди. Кўнглида алланечук алағдалик пайдо бўлган эди. Ўзича кўрган тушининг мағзини чақишга уринди. Бироқ шуури қотиб қолгандек, хаёли ўзига бўйсунмасди.
Шу пайт хотини ҳам уйдан чиқди.
– Алламаҳалда ташқарида нима қилиб ўтирибди? – деди Тошбуви унга хавотир билан тикилиб.
– Уйқум қочди. Сен боравер…
– Бу кишига нима бўлаяпти? – деди Тошбуви зорланиб. – Шу кунларда хаёли ўзида эмас. Аҳволини кўриб юрагим эзилади. Дардини менга айтмаса, кимга айтади?
Лаллай хотинига нима дейишни билмай иккиланди.
– Кўнглим нотинч, хотин, – деди ниҳоят оғир тин олиб. – Юрсам ҳам, турсам ҳам шу воқеа кўз олдимдан кетмаяпти. Руҳи озорланганми, оқшом тушимга кирибди.
– Тушга ҳар нарса кираверади, – деди Тошбуви унга таскин беришга уриниб. – Кўнглига олмасин. Ундан кўра, ола қўзини сўйиб, худойи қилиб юборсин. Ўзигаям, Шодмонжонгаям енгиллик бўлади.
– Уни ўғлимизнинг келишига сўямиз деб ният қилиб қўйган эдим, – деди Лаллай иккиланиб.
– Жонлиқ бўлса топилади. Бахтимизга бу киши омон бўлсин.
Лаллай ўйланиб қолди.
– Ўйлаб қарасам, умрим қудуқда кечган экан, – деди у паст овозда. – Тупроқ ковлаш билан андармон бўлиб, дунёнинг ўзгарганини сезмай қолибман. Одамлар ҳам аввалгидай эмас. Уларнинг кўксидаги қудуқ қурий бошлагандай. Мен шу қудуқлардан сув чиқараман деб беҳуда уринаётганга ўхшайман… Кейинги вақтларда қудуқдан чиққим ҳам келмай қолди.
Тошбуви бир бурдагина бўлиб ўтирган эрига маъюс тикилди…

* * *

Шу куни Лаллай хотинининг маслаҳати билан худойи тадоригини бошлаб юборди. Эрталаб Тўлан қассобни айтиб келиб, бисотидаги биттаю битта ола қўзини сўйдирди.
Тошбуви ўчоққа қозон осиб, шўрва қайнатишга тушди. Дилмурод одамларни худойига айтиб келиш учун жўнатилди.
– Бу ишингни эшитса, одамлар устингдан кулади, – деди сўрида шўрвага сабзи арчиётган Тўлан қассоб. – “Лаллай бир уюм суякларга аза очибди” деган маломатга қолиб кетишинг мумкин.
– Элнинг оғзига элак тутиб бўлармиди, амаки, – деди Лаллай пинагини бузмай. – Ким нима деса деяверсин.
– Қараб туриб сенга раҳмим келади, Лаллай. Бола десам бола эмассан, катта десам катта эмассан…
– Бандага банданинг раҳми келса, худонинг қаҳри келармиш, – деди Лаллай ўйланиб. – Нима қилай, менинг бўлганим шу, амаки.
Шу пайт Турдиқул важоҳатли қиёфада келиб қолди. Лаллай ўрнидан туриб, унга пешвоз юрди.
– Келинг, амаки.
– Нега ҳашарга бормадинг? – дея ўшқирди у Лаллайга важоҳатли тикилиб. – Усталарга лойни катта холанг тайёрлаб берадими?
– Шаштингиздан тушинг, амаки. Аввал бундоқ гапни эшитинг…
– Пулингни олдиндан қуртдай санаб олган бўлсанг, яна нима каминг қолди? – деди Турдиқул баттар авжланиб.
– Ўзингни бос, Турдиқул, – деди Тўлан қассоб оғринган қиёфада. – Бояқишни ҳеч бўлмаса бугунча тинч қўй.
– Бу нима деганингиз? – Турдиқул унга ҳайрон бўлиб қаради.
– Лаллай сенинг уйингдан чиққан марҳумга бағишлаб худойи қилаяпти.
– Нима?! – ногаҳон Турдиқул чаён чаққандек сапчиб тушди. Ғазабдан ранги гезариб, кўзларига қон тепчиди. – Бу гапни дарров элга овоза қилдингми, бетиқора?
– Сиз ундай хаёлга борманг, амаки…
– Ўлдираман сени!
Турдиқул Лаллайга ташланиб, унинг юзига шапалоқ туширди. Тўлан қассоб Турдиқулни бир амаллаб Лаллайдан ажратиб олди-да, четга судради.
– Сен бола қутурганинг йўқми, мабодо! Бу нима қилганинг?
Лаллай ўчоқбошида ҳайкалдек қотиб қолган хотинига қараб аянчли илжайди.
– Қўйиб юборинг мени! – дея бақирди Турдиқул Тўлан қассобнинг қучоғидан чиқишга уриниб. – Бу овсарни ўша чирик суякларнинг қаватига жойлаб келаман!
– Ўзингни бос! – деди Тўлан қассоб уни маҳкам қучоқлаб. – Бировнинг маъракасида жанжал кўтаришга уялмайсанми?
– Қанақа маърака?..
Турдиқул дафъатан ҳовуридан тушиб, ҳовлига олазарак аланглади. Ўчоққа тезак қалаётган Тошбувига кўзи тушиб, бир муддат унга тикилиб қолди. Сўнг Турдиқулнинг қучоғидан юлқиниб чиқиб, ўчоқбошига югурди. Тошбувини итариб юбориб, эски тоғорадаги тезакни қайнаб турган дошқозонга ағдарди.
 Тошбуви жон аччиғида чинқириб юборди.
 – Мана сенларга маърака! – дея Турдиқул телбавор қиёфада чўмич билан дошқозондаги шўрвани шопира бошлади. – Ўзим сенларга тезак шўрва пишириб бераман! Тезроқ косаларингни олиб келинглар!
– Уйинг куйгур Турдиқул! Кўзинг кўр бўлгур Турдиқул! – дея Тошбуви ер муштлаб қарғашга тушди. – Илойим, сени шу таомнинг уволи тутсин.
– Овозингни ўчир, сассиқ кампир! – дея ўшқирди Турдиқул унга. – Йўқса, сениям тезак шўрвага қўшиб қайнатаман.
Лаллай хотинига яқинлашиб, уни суяб ўрнидан турғазди. Сўнг дошқозоннинг бошида чўмич тутганча тиржайиб турган Турдиқул томонга юрди.
– Ўзимни беҳурмат қилдинг, индамадим, – деди у ғазабга келиб. – Лекин бир бегуноҳ ўликнинг руҳини таҳқирлашга қандай ҳаддинг сиғди, нокас?
– Тилинг чиқиб қолибдими, энағар?
Турдиқул чўмич ўқталганча Лаллайга ташланди. Бироқ Лаллай унинг қўлидан чўмични тортиб олиб, бир чеккага улоқтирди.
– Сен ҳали менинг уйимда одамларга тезак шўрва ичирадиган бўлдингми? – дея Лаллай Турдиқулнинг ёқасидан бўғиб, дошқозон томонга судроқлашга тушди. – Аввал ўзинг ичасан!
– Ёқамни қўйиб юбор деяпман! – деди Лаллайнинг важоҳатидан қўрқиб кетган Турдиқул кўзларини олайтириб.
Эс-ҳушини йиғиб олган Тўлан қассоб ҳай-ҳайлаб орага тушди.
– Ўзингни бос, Лаллай. Бу ит билан тенг бўлма!
Лаллай шу топда гап уқадиган аҳволда эмас эди. У Тўлан қассобни четга суриб, Турдиқулни биқирлаб қайнаётган дошқозонга боса бошлади. Нафаси қайтиб, юзи бўғриқиб кетган Турдиқул аянчли ғингшиганча зўр бериб Лаллайнинг чангалидан халос бўлишга уринарди.
 Тошбуви ҳам келиб Лаллайнинг қўлига ёпишди.
 – Ундай қилмасин! – деди у зорланиб. – Бу шўртумшуқни ўлдириб қўйса балога қоламиз.
Бироқ шу топда Лаллайнинг кўзига ҳеч нарса кўринмас, у гап уқадиган аҳволда эмас эди.
Турдиқул қўлларини ўчоқнинг қиррасига тираганча жон-жаҳди билан қозондан бошини олиб қочишга уринарди. Қайноқ шўрванинг ҳовури юз-кўзларини куйдира бошлагач, у ғайритабиий овозда ўкириб юборди.
 Шу пайт Қувват амаки ҳаллослаб келиб қолди.
– Тошкентдан хабар келди, Лаллай! – деди у қўлидаги бир парча қоғозни силкитиб шоша-пиша. – Ўғлинг оғирлашиб қопти. Тез етиб боришинг керак экан!
Лаллайнинг теварагида гиргиттон бўлиб юрган Тошбуви бу хабарни эшитгач оғир уҳ тортиб, ерга ўтириб қолди. Лаллай Турдиқулни қўйиб юбориб, бу гапнинг маъносини тушунолмагандек Қувват амакига анграйиб тикилди. Муқаррар фалокатдан қутулиб қолган Турдиқул қоқиниб-суриниб дарвоза томон қочди.

* * *

РАФ русумли эскигина машина тоғ-тошлар оралаб ўтган асфальт йўлдан елиб борарди. Ҳайдовчининг қаватидан жой олган Қувват амаки теваракдаги манзараларга ўйчан тикилади.
Машина салонида сариқ тусли чойшаб билан ўралиб, устидан чопон ташлаб қўйилган жасадни бағрига босиб ўтирган Лаллайнинг хаёлидан ўғли билан боғлиқ хотиралар бирин-кетин липиллаб ўтарди.
Кунлардан бирида Лаллайнинг уйи ёнига трактор келиб тўхтади. Рўзғор лаш-лушлари уйиб ортилган прицепда юзига рўмол ёпилган аёл билан беш ёшлар чамасидаги гўдак ўтиришарди. Уй олдида пойлаб турган хотинлар шу заҳоти аёлни трактордан тушириб, ичкарига етаклаб кетишди. Тракторчи гўдакни азот кўтариб, уйнинг панасида хижолатли илжайиб турган Лаллай томон юрди.
 – Энди мана бу одам сенга ота бўлади, – деди у болакайни Лаллайнинг ёнида ерга қўйиб. – Бора қол, Шодмонбой.
 Гўдак оқсоқланган кўйи итоаткорлик билан Лаллай томон юрди. Лаллай ҳам жилма­йиб унинг бошини силади…
Ҳовлида ўрмак қуриб, гилам тўқиётган Тошбуви ёнида ўтирган Лаллайга мақтанарди:
– Шодмонимнинг сарполарини тахт қилиб қўйганман. Худо хоҳласа, келиши билан уйлантирамиз. Ўғлимга қишлоқнинг энг сулув қизини келин қиламан!..
Шодмоннинг жасадини бағрига босиб ўтирган Лаллай оғир тин олиб, ҳасратли овозда шивирлади:
– Онанг сенга қизлар сайлаб юрган эди-ку, ўғлим! Энди унинг кўзига қандай қарайман…

* * *

Тез орада қабристондаги гўдак турбатини эслатувчи таниш мозор ёнида янги қабр пайдо бўлди. Лаллай титроқ қўллари билан ўғлининг мозорини силаб-сийпалаб, мўъжаз қабрга юзланди.
– Шодмонжоним сизга омонат, амаки. Ўғлим бу дунёда рўшнолик кўрмади. Энди у ёқларда кўнгли ўксимасин.

* * *

Орадан бир ойча вақт ўтди.
Чошгоҳ маҳали Лаллай сўрида чой ичиб ўтирарди. Азадорлик белгиси сифатида бошига оқ рўмол ўраган Тошбуви ошхонадан қўшалоқ челак кўтариб чиқиб, пастга эниб кетди.
Лаллай қишлоқ оралаб ўтган тупроқ йўлда кетиб бораётган хотинини кузатиб ўтирди. Тошбуви муюлишда бурилиб, кўздан ғойиб бўлгач, аста ўрнидан турди.
Сада қайрағоч шохига осилган калта сопли кетмонини қўлига олиб, қуйига томон юрди.
Уйининг рўпарасидан ўтган тупроқ йўл бўйидаги сайҳонликни диққат билан кўздан кечирди. Бир қарорга келиб, шахт билан ерга кетмон урди. Бўз ер метиндек қаттиқ эди, кетмон гўё тошга урилгандек сапчиб кетиб, Лаллайнинг суякларини зирқиратиб юборди. Лаллай эгнидаги камзулини ечиб, енгларини тирсагигача шимарди-да, жаҳд билан ишга киришди. У ҳар гал кетмон урганида ердан танкиллаган овоз чиқар, зўрға уваланган кесак парчалари юз-кўзига сачрарди. Лаллай гўё қасдлашгандек ерга янаям қаттиқроқ кетмон урарди.
Лаллай терга ботиб, жон-жаҳди билан ишларди. Қудуқнинг чуқурлиги тиззага етгач, метин қатлам тугаб, тупроқ анча юмшаб қолди.
Катта йўл бўйидаги қудуқ одатдагидан анча кенгроқ олинган, унча-мунча одамнинг қулочи етмасди.
Даладан бир қучоқ ўт кўтариб қайтган Дилмурод отасига кўзи тушиб, унинг олдига югурди.
– Нима қилаяпсиз, ота? – сўради у қизиқиш билан.
– Қудуқ қазаяпман, ўғлим.
– Ўзимизгами? – деди Дилмурод қувониб.
Лаллай ўғлига илжайиб қараб қўйиб, ишини давом эттирди.
– Нега қудуқни йўлнинг бўйидан ковлаяпсиз?
– Чунки бу қудуқдан бошқалар ҳам сув ичиши керак-да.
Қўшниларнинг қудуғидан сув олиб қайтган Тошбуви супа лабига омонтагина чўкиб, йўл бўйидаги манзарага бир муддат ўйчан тикилиб қолди.
Қудуқ аста-секин чуқурлаб, гўё Лаллай ер қаърига сингиб бораёгандек эди. Ниҳоят, Лаллай қудуқ ичида кўздан ғойиб бўлди. Қудуқдан отилаётган лахта-лахта тупроқ чеккароқдаги уюмнинг устига бориб тушарди. Дилмурод қудуқ бўйида чўнқайиб ўтирарди.

* * *

Кун пешинга чамалаб, жазирама забтига олган паллада Лаллай хотини ва болалари билан бирга қудуқ ковларди. Дилмурод эшакда қовға тортар, Тошбуви билан Зулфия қудуқдан пайдар-пай чиқиб келаётган тупроқ тўла қовғани чиғириқдан олиб, бир чеккага олиб бориб тўкишарди. Қудуқ анчагина чуқурлаб, тупроқ уюми катталашиб қолган эди.
Шу пайт Қувват амаки билан Амир уч-тўрт нафар йигитларни эргаштириб келиб қолишди.
– Ҳорманглар-ов! – деди Қувват амаки қудуққа яқинлашиб.
– Саломат бўлинг, келинг, Қувват амаки…
Тошбуви бошидаги рўмолини тўғрилаб, ўзини четга олди.
Ҳашарчилар бирин-кетин қудуққа мўралашди.
– Қудуқнинг суви тотли бўлсин, Лаллай ака! – деди Амир жилмайиб.
– Айтганингиз келсин, амаки, – деди қудуқ ковлаётган Лаллай тепага юзланиб.
– Қудуқ бошлаб қўйганингизни эшитиб, айтмасангиз ҳам ҳашарга келавердик.
– Раҳмат, амаки.
Тупроқ йўлда эшак минган Дониёр бува, улардан орқароқда кетмон-белкурак кўтарган беш-олти йигит кўзга ташланди.
– “Лаллай ўзига атаб қудуқ ковлаётган эмиш” деган гапни эшитиб одамларнинг тинчи бузилган, – деди Қувват амаки кулиб. – Ҳашарга бораман деганнинг саноғи йўқ. Ўзиям бутун қишлоқ кўчиб келадиганга ўхшайди.
– Қудуқдан чиқинг, Лаллай ака, – деди Амир эгнидаги камзулини еча туриб.
– Шарт эмас, амаки…
– Бўлинг энди! – деб Амир Тошбувига юзланди. – Сиз бораверинг, янга.
Тошбуви билан Зулфия уйга томон кетишди.
Бироздан сўнг Лаллай ҳам кетмонини белига қистириб, қудуқдан чиқди.
Кўз очиб-юмгунча қудуқнинг бўйи анча гавжумлашиб қолди. Ёш-яланг гангир-гунгир суҳбатлашиб галма-гал қовға тортишар, даврада бот-бот кулги янграрди.
 Бу орада Тошбуви билан Зулфия бир чеккага кўрпача-гилам ёзиб, жой ҳозирлашди. Қувват амаки билан Дониёр бува ўша ерга ўтишди.
– Сен ҳам ўтир, – деди Дониёр бува қудуқ ёнида нима қилишни билмай иккиланиб турган Лаллайга. – Буёғини ёшларнинг ўзлари эплайди.
Лаллай ҳам ноилож уларнинг ёнидан жой олди.

* * *

Кўпдан қуён қочиб қутулмас, деб бекорга айтишмаган экан. Ҳашарчилар эртадан-кечгача тинимсиз ишлаб, ниҳоят учинчи кун кечга яқин қудуқдан сув чиқаришди…
Дониёр бува билан Қувват амаки чиғириққа суяниб қудуққа мўралашди. Кенг-мўл, чуқур қудуқ тубидаги сув ғира-шира ёруғда симобдай ялтираб турарди.
– Астағфирулло! – деди Дониёр бува ўзини четга олиб. – Қудуқ ҳам шунақа ваҳимали бўладими? Қараган одамнинг ваҳми келади.
– Девқудуқ бу, Дониёр ака, – дея кулди Қувват амаки.
– Чинданам девқудуқ бўпти.
Бир чеккада калта сопли кетмоннинг лойини тозалаётган Лаллай ўзича илжайди.
Йигитлардан бири челакда тиндириб қўйилган сувни олиб келди.
– Девқудуқнинг сувидан татиб кўринг, Дониёр бува.
Дониёр бува шошилмасдан ерга чордона қуриб ўтирди-да:
– Бисмиллоҳир роҳманир роҳим! – дея челакдаги сувни ҳўплади. Мазасини билмоқчидек кўзларини юмиб, тамшанди. Ҳашарчилар унинг ҳаракатларини қизиқиш билан кузатиб туришарди. Лаллай ҳам кетмон тозалашни йиғиштириб, Дониёр бувага термилиб қолган эди.
Ниҳоят, Дониёр бува кўзларини очиб, Лаллайга юзланди.
– Бу ўша сув, – деди у алланечук шикаста товушда. – Охири топдинг-а, Лаллай!
 Дафъатан Лаллайнинг ҳам кўнгли бузилди. Томоғига нимадир қадалгандек ютиниб қўйиб, ёш ҳалқаланган кўзларини ерга тикди.

* * *

Лаллай қабристон оралаб келиб, Шодмоннинг қабри тепасида чўккалади.
– Қудуғингнинг суви ширин чиқди, ўғлим, – деди у жилмайиб. – Қишлоқда ҳамма сенинг қудуғингдан сув ичаяпти. У ҳеч қачон қуримайди. Чунки тубидаги чашмаларнинг ҳисоби йўқ. Мен умр бўйи шу сувни ахтариб яшаган эдим. Ниҳоят, уни топдим. Энди буёғига кўнглим хотиржам…
Шу пайт енгил шабада туриб, қабр устидаги қовжираган ўтлар оҳиста чайқала бошлади.

“Шарқ юлдузи” журнали, 2013 йил, 2-сон.