Ғафур Ғулом. Нетай (қисса)

Савр ойларининг узлуксиз ёмғирлари кўкатларни қулоғидан тортиб чиқарган. Ҳаво мусаффо. Қуёш йиғилар сўнгидан кулган қиз каби шабнамли киприклари билан кўк ўртасидан мўралайди.
Наврўзий беданаларнинг пайдар-пай сайрашлари кўклам келинига: «Хушвақт, хушвақт…»—деб чучут отади.
Қиш бўйи тўкмада қўр тўккан йигитлар кураш олғудай бир майдон қидирадилар.
Фақат Андреевский (Пойқовоқ) кўчаси учун йилнинг ҳар тўрт мавсумида ҳам кўклам. Унинг ўзига айрим қуёшлари бор. Унинг беданалари узлуксиз сайроқи, йигитлари ҳар қачон бир-бировлари билан куч синашади…
У шўх. У ҳар қандай баҳрадан, ҳар қандай ташвишдан хабарсиз яшайди. Унинг ўзига махсус баҳраси, ўзига махсус ташвиши бор.
Унда на сипоҳлик, на вазминлик; тескарисича, бўйдоқ қаҳқаҳа, саёқ ашула, ишвали чақчақ, маст ҳайқириқ ёппасига ҳукмрон. Кўча бўйлаб ширали, фақат аччиқ ҳид эгалик қилади.
Пўлтахон, Санталатхон, Зебихон, Холдорхон, Саодатхон, Маърифатхон, Лутфихон сингари бир гуруҳ умумий маъшуқалар бу кўчанинг қалблари. Шулардангина бу кўчанинг доим баҳори.
Шуларнигина деб шаҳарнинг косиби, чапани ўспиринлари узоқ-узоқ ерлардан келадилар. Топганларини тўкиб соладилар. Ёр учун ичадилар, маҳбуб учун тўн ва этикларигача гаровга қўядилар. Нима бўлса ҳамки, Зебихоннинг бир дамлик суҳбати, бир пайт ашуласи, ой каби жамоли, қадди баркамолидан баҳраманд бўлсинлар. Улар рақиб билан талашиб муштлашишга, дилдор амри билан киши ўлдиришга ва керак бўлган-да, ўлишга ҳам тайёрлар.
Етса мол, етмаса жон!
Шунинг учун ҳам Пойқовоқни босиб, Салорга қуювчи ариқ баъзида кечанинг уятидан, баъзида фаҳш ва жиноятнинг шиддатидан қизариб, буғриқиб оқади.
Шулар учунгина шоирлар ўртаниб шеър ёзадилар. Қошларнинг қоралиги, сочларнинг муаттарлиги, белларнинг толмалиги, юзларнинг нақшин олмалиги тўғрисида ақл юргизадилар:

Қошларин меҳробида сўфи кўнгил қилди ватан,
Тишларинг васфида қимматланмади дурри Адан,
Минг Зулайхо ҳуснида лаъли лабингга берди тан,
Сочларинг бўкида бозори касод мушки Хўтан,
Кўп қаро холинг кўриб, Ҳиндида ғавғо, Зебихон.

Жон оларга жоду кўзлар сурмадан кийди қаро,
Тиғи мужгонинг билан ҳар дам кўнгилда минг яро,
Лутф ила бу ошиқи мажнунингга бир дам қаро,
Чун Масиҳо мурда тан топсин ҳаёт олам аро,
Бу қулингга бир нигоҳинг айла савғо, Зебихон,—

дейдилар. Давраларнинг бўғиқ ҳавосини жирканмай шимирадилар. Фақат Зебихон-Зебихонлар, Пўлтахон-Пўлтахонлар — бадбахтлар. Кўнгиллари йиғлар экан, юллари кулади. Қалблари ҳақоратлардан қонар экан, кўзлари ишва билан сузилади.
Уларни ўзлари билмаган зарурият, кўзлари кўрмаган мажбурият бу олтин гирдобларга улоқтирган. Аллақайси ҳарис кўзли сайёр бу олтин қафасларга уларни қамаган.
Улар бунда фаслли ҳурмат, севилмаган ҳар жойи улфатларнинг қучоғида истаксиз бўғиладилар.
Улар кўпинча йиғлайдилар.
Фақат бу йиғи аҳмоқлар йиғиси. Чунки уларнинг хўжайинлари бор. Улар ўз хўжайинларига умрбод қарздор.
Текин овқат… Текин кийим-бош… Текин жой…
Энди бўлса Зебихонларнинг ўйнаб-кулганлари учун суюнишлари, хўжайинларига миннатдорчилик билдиришлари керак. Улар энди озгина ишлашга, меҳмонлар, ҳаржойи бир кечалик ошиқлар билан ўйнашга, кулишга, ишва ва нозланишга оғирсинмасинлар…

Асарнинг тўлиқ вариантини сақлаб олинг.