Фарид Усмон. Қабзият (қатра)

Катта йўл бўйидаги соя жойга оппоқ “Нексия” тўхтаб, ундан эллик ёшлар чамасидаги икки оғайни тушди. Улар гулзор ёқалаб марказий хиёбонга ўтишди. Замонавий бинолар, рангин тошйўлаклар, виқорли ганч-устунларни кўриб баҳри-диллари очилди. Ҳали одамлар тўлдириб улгурмаган йўлакларда, қуёшнинг нимжон нурларида, икки томонда очилиб ётган гулларда ажиб сокинлик бор.
Икки оғайни шу зайлда, атроф гўзаллигидан баҳра олиб юришаркан, улардан бири суҳбатга мавзу ташлади.
— Табобат китобларида ёзилишича, — дея гап бошлади у, — қабзият ошқозон-ичак касаллиги маъносини билдираркан.
Ҳамроҳи аста тўхтади-да, кўзойнагини қўлига олиб шеригига разм солди. Бу истеъфодаги полковник, ўқимишли-зиёли, унда-мунда қалам тебратиб ҳам турадиган киши эди. Аммо ҳамроҳи унинг олдида анча номи чиққан адиб. Тунов куни китобига дастхат ёзиб, полковникка совға қилганди. Полковник эса ана шу китоб ҳақида ихчамгина мақола ёзиб, таҳририятга олиб борганди.
— Қабзият, менимча, бошқа нарса, — дея полковник кўзойнагини қулоғига илди.
Жуссаси кичкина, қоп-қора костюм-шими эгнига ярашиб тушган, сочларига оқ оралаган адиб яна ўйчан қиёфада кета бошлади. Хаёлида дўсти дастхат ёзиб берган китобини ўқидими-йўқми, шуни ўйларди. Ўзидан сўрашга эса ийманди. Икки кун олдин полковник унинг уйига қўнғироқ қилганда ҳам, “Китоб ҳақида фикр айтса керак”, дея кўнглидан ўтказганди, аммо у аллақандай “қабзият” деган сўзнинг маъносини сўради. Бугунги суҳбат ҳам ўша гапнинг давоми эди.
— Юрт обод бўляпти, — деди ёзувчи тўсатдан гапни бошқа томонга буриб, — шаҳримизнинг гўзаллигини қаранг.
“Қабзият ҳақида сўрамасам бўларкан”, дея ўйлади полковник. ”Бекор телефон қилибман, эҳтимол газетада шу ҳафта бериб юборишар. Лекин кечаги сонда ҳам чиқмади-ку. Шанба сонида чиқармикан-а?”.
Унинг кўз ўнгига муҳаррир ўринбосари келди. Мақолани олиб борган куни унга учрашганди. “Ака, сиз равон ёзасиз, гап йўқ. Фақат бошлиққа бир кўрсатиб оламиз-да”, деганди. Бош муҳаррир эса каттакон ёзувчи. Эҳтимол, бошқа ёзувчининг яхши асарини кўриб, унга нисбатан қабзияти бормикан, дея ўйлаганди полковник. Шунинг учун адибнинг ўзига қўнғироқ қилиб, бу сўзнинг маъносини излаганди. Аммо дўсти унинг мақола ёзиб газетага бериб қўйганини қаердан билсин…
— Табобат китобларида ёзилгани, эҳтимол, тўғридир, аммо унинг бошқа маъноси ҳам бор, ана шу маъноси асл маъно ҳисобланади, — ўз билганидан қолмасди полковник.
—    Хўш?
— Қабзият инсоннинг вужудига ўрнашиб олган қора тутун, дуд. У қалбни емиради.
Полковник гапирар экан, хаёлида яна бояги муҳаррир жонланди. Унинг эълон қилинмаётган мақоласи калта бўй, елкаси туртган, сочлари силлиқ таралган муҳаррирга боғлиқдай туюлди. У ўринбосарнинг “материал “шефда”, яқинда чиқади”, деган сўзларидан бироз хотиржам тортганди. Энди эса, мана, салкам бир ой… Демак, шефнинг қабзияти қўзғаб қолган.
Адиб куюниб сўзлаётган шеригига қаради-да, унинг фикридан қайтариб бўлмаслигини тушунди. Музқаймоқ дўкони олдига етгач ҳамроҳига қўл узатаркан, мулойим хайрлашди.
Полковник одамлар оралаб машинаси томон кетаркан, мақолани ҳозироқ қайтариб олиб бошқа таҳририятга беришга қарор қилди. Ёзувчи эса кечқурун уйга борганда луғатни яна бир эринмай кўриб қўйишни дилига тугди.