Фарҳод Мусажонов. Сабоқ (ҳикоя)

Осмонни бир текис булут қоплаган, ёмғир майдалаб, эзиб ёғарди.
Ходивойнинг дўкони бозорга кираверишдаги савдо чакқон ерда жойлашган, аммо ҳаво паст бўлгани учун бугун харидор сийрак. Ходивой эснаб ўтирганди, бир маҳал синфдош ўртоғи шитоб билан бостириб кириб қолди.
— Ҳа, ошна, шаҳдинг пастроқ кўринади? — салом-алик ўрнига сўради Бадал.
— Ҳавони кўряпсан-ку, — Ходивой ўксиб жавоб қилди, — эрталабдан бери ҳали бир сўмлик савдо қилганим йўқ.
— Оғзингни очиб, лалайиб ўтирсанг албатта савдонинг мазаси бўлмайди-да. Хафа бўлмагин-у, сен ўзи мактабда ҳам ношудроқ эдинг, — Бадалнинг жони ичига сиғмаётгандек оёғидан ўт чақнаб турарди.
— Ҳамма сенга ўхшаган учар бўлса подани ким боқади, — деди Ходивой, мактабдош ўрто6ларнинг пичинг, таъналари бир-бирига оғир ботмасди.
— Энди оғайни, — деди Бадал, — замон сенга боқмаса сен замонга боқ, деган гап бор. Харидорнинг ўзи «ака, уни топиб беринг, буни топиб беринг» деб ялиниб келадиган пайтлар ўтиб кетди. Энди тескариси: сотувчи харидорнинг кўнглини овлаши керак.
— Нима, мени харидорни бездириб юборадиган сўтак демоқчимисан? — писанда қилди Ходивой.
Бадал оғайнисининг иззат-нафсига тегиб кетганини сезган бўлса-да ўзиникини қўймади.
— Савдо нозик соҳа, сирлари, шартлари бор. Уларни билмаганларнинг бозори касод бўлади. Яхши сотувчи аввало харидорнинг феъл-атворини билиши, ўрганиши керак. Харидор эса, ошна, жинси ва ёшига қараб беш-олти тоифага бўлинади. Хўш… биринчи тоифаси зиқналар, ёмон мижғов бўлади улар, чўнтагидан пул чиқишидан кўра танасидан жони чиқиши осонроқ. Иккинчи тоифаси бекорчихўжалар, дўконга мол кўргани, нарх-навони билгани киради. Учинчи тоифа — лақмалар. Булар ўзларича мустақил иш тутолмайди. Танишми, нотанишми, хуллас бировнинг маслаҳати, турткисисиз ҳеч нарса олмайди. Тўртинчи тоифа ишнинг кўзини биладиган мутафаккирлар. Булар нарса олишдан аввал уч-тўрт кун ҳамма дўконларни айланиб нарх-навони ўрганади, солиштиради, ана иннайкейин харид қилади. Бешинчи тоифа ғайирлар, ҳасадчилар, тақлидчилар. Қўшниси, қариндоши, дугонаси бирон нарса олган бўлса ўшандан (керак бўлса, бўлмаса) олмагунча кўнгли жойига тушмайди. Олтинчи тоифа — вазият мажбуриятидан келганлар. Фарзанди мактабга боради, тўйи ёки бошқа бирор маросими бор. Булар албатта нарса олади. Савдонинг иккинчи шарти сотувчининг харидорга муомаласи.
— Муомалани билсак керак, — деди Ходивой сал энсаси қотиб.
— Билмайсан! Бир сен эмас тошкентликларнинг аксарияти муомалани билмайди. Бир нарсанинг нархини сўрасанг «бўлиши фалон сўм» деб жеркиброк жавоб беради. Ҳа, албатта нархнинг олдига «бўлиши» деган сўзни қўшиб айтади. Борди-ю юз сўм деган нарсасини саксонга туширсанг «унда юз эллик сўм» дейди зардаси қайнаб. Хуллас савдолашишга имкон қолдирмайди. Ҳолбуки бозорнинг ёзилмаган, ботиний қонуни савдолашиш. Сотган қимматга пулладим, олган арзонга тушурдим деб ҳар икки тараф ҳам савдолашишдан баҳра олади. Фарғона водийсида бўлганмисан?
— Нимайди? — ҳайрон бўлди Ходивой.
— Водийда қайси дўконга кирма, қайси бозорга борма, бирор нарсани нархини сўрасанг, «фалон сўм, сўрайверасиз» деб жавоб қилишади. Албатта нархидан кейин «сўрайверасиз» деган сўзни кўшиб қўйишади ва савдолашишга имкон туғдириб беришади.
— Меники бозор эмас, минимаркет.
— Хусусий минимаркет, шундоқ экан буюмнинг нархини беш-ўн сўмга ошириб кўрсат-да «оладиган бўлсангиз, келиштириб бераман» деб айт, шунда мол сотилади. Қўрс, димоғдор, хажанг, тунд сотувчининг ҳеч қачон савдоси юришмайди.
— Энди баъзи инжиқ, зиқна, эзма харидорлар одамни қонини сўрворадида, — ҳимояланишга уринди Ходивой.
— Иккинчи оғзингдан бундай гап чиқмасин! — хитоб қилди Бадал, -харидорнинг инжиқлиги малол келадиган юраги тор одам бўлсанг савдони йиғиштириб бошқа ҳунар қил. Харидор инжиқ бўладими, ғалчами, бечораҳолми, бойваччаларданми барини илиқ кутиб ол, ширин муомала қил. Дўконингга кирган харидор ўзини хўжайиндек эркин ҳис этсин. Магазин музей эмас. Харидор истаган нарсасини истаганча текшириб олсин. Сен унинг хизматида бўл, аммо шилқимлик қилиб мол олишга зўрлама. Зўрласанг «моли ўтмаётгандирки қистаяпти олгани» деб шубҳа туғилади харидорда. Баъзи тортинчоқ одамлар буюмга яқинлашгани андиша қилади, узоқдан кўздан кечиради, нархини сўрашга ҳам ботинолмайди, «сўрасамда олмасам сотувчининг жаҳли чиқади» деб чўчийди. Бинобарин магазинга кирган одамнинг олдига дарров югуриб борма «нима керак?» деб. Ҳа, ҳуркитворма, ўзига ташлаб қўй, айлансин, молларни обдан кўздан кечирсин, биттасини олдида тўхтаб сенга қараса ана иннайкейин олдига бор, бутун вужудингни қулоқ қилиб гапини эшит. — Бадал оғайнисини кўзига тикилди, — энди савол, бирорта одам сенда йўқ нарсани сўраб келса нима қиласан?
— Нима қилардим, йўқ нарсани йўқ дейман.
— Ҳа, валакисаланг, билгандим шунақа дейишингни. Биров нарса сўраб келса ҳеч қачон йўқ демагин. Сиз сўрагандан йўғу лекин бошқаси, сифати яхшироғи бор, фақат сал қимматроқ деб бошқа буюм кўрсат. Олади, чунки қимматроқ, демак яхшироқ. Энди акаси, кимга қандай мурожаат қилиш ҳақида. Дўконингга аёл киши кирса фақат «кеннойи» деб мурожаат қил. Негаки «опахон» ёки «сингилжон»нинг замирида зиғирча бўлсада тегажоқликка шама ётиши мумкин. Аммо «кеннойи» сўзи эгриликни бутунлай инкор этади ва фақат олди-сотди муносабатларига хизмат қилади, айни пайтда сотувчи билан харидор ўртасида яқинлик, қариндошлик ришталарини бунёд этади гўё.
— Нима, унда эркаклар кирса почча дейманми? — Ходивой гапни ҳазилга бурди.
— Акажон дейсан. Борди-ю ёши улуғроқ бўлса «буюринг дода, нима керак» деб кутиб ол.
— Бўлдими дода, бошқа ақл ўргатмайсизми, кутулдимми? — пичинг қилди Ходивой.
— Бўлгани йўқ, савдонинг энг охирги, асосий шарти қолди, — деди Бадал, — дўконингда харидор доим кўп бўлсин, мол оладими йўқми бари бир. Нега десанг бўм-бўш дўконга тортинчоқ одамлар киргани ийманади. Кирсаму ҳеч нарса олмасам сотувчи ранжийди, деган андишага боради. Бошкалар арзирли мол йўкдирки дўкон бўм-бўш деб эшикдан мўралаб кетворади. Демак магазинда одам қанча кўп бўлса, шунча яхши. Харидор магазиннинг файзи, кўрки. Қолаверса харидор асал аридек ғап, биттаси кирса қолганлари дув этиб орқасидан учиб кираверади.
— Ўзи кирмаса нима, бўйнига арқон солиб судраб кираманми?
— Йўли бор, лакалов, йўли бор.
— Қандай йўл, — Ходивойнинг энсаси қотди, — гапларингнинг ҳаммаси қуруқ назария. Аммо назария бошқа, амал бошқа.
— Ҳаққина рост, — ўртогининг сўзини маъқуллади Бадал, — унда амалиётга кўчамиз. Дурустроқ дискинг борми?
— Ана рўйхати, танлаб олавер.
Бадал битта дискни танлаб музцентрга тиқиб овозини баландлатиб қўйди. Қаҳқаҳа кулги жўрлигида аския бошланди.
— Энди савдо қандай бўлишини диққат билан кузатиб тур.
Ҳадемай магазинга иккита мўйсафид кириб келди. Бири кўзойнак таққан баланд бўйли, қотма. Кийим боши эскироқ бўлса ҳам озода, ораста, бошида оҳори тўкилиб қолган шляпа. Иккинчисининг кўриниши чапанинамо, дўппи чеккада, елкасига белбоғ ташлаб олган, ўзи бақалоқ, санъатга даҳлдор кимсалардан эканми аскиячини таниди, исмини айтиб «бунинг олдига тушадигани йўқ» деди, сўнг Бадалга боқди.
— Укахон, бу тасма сотиладими ё ўзинглар эшитгани қўйдингларми?
— Нимайди, дода? — Бадал жилмайиб сўради.
— Иложи бўлса биз ҳам кўчириб олмоқчи эдик-да.
— Бизда иложи йўқ нарсанинг ўзи йўқ, — ҳозиржавоблик қилди Бадал -Ходивой, аскияни икки нусха кўчириб бер.
Ходивой буйруқни адо этгани киришди, унга қадар Бадал мўйсафидларни гапга солиб турди.
— Дода, сизни қаердадир кўргандек бўляпман, — бақалоққа мурожаат этди Бадал.
— Бир пайтлар доира чалганмиз, аскияга ҳам аралашганмиз, концерт-понцертда кўрган бўлишингиз мумкин, энди нафақахўрмиз. Қиладиган ишимиз йўқлиги учун манави кўзойнак билан ҳар куни бир-бир кўчаларни айланиб келамиз. Бу билан бирга юришимнинг сабаби мен чаласавод, тўпори одамман, бунинг ичи виж-виж ақл. Физикадан ўқигансиз-ку плюс минус тортишади, — бақалоқ ўзи гапириб ўзи шох ташлаб кулди.
Қариялар дискни олиб чиқиб кетишганларидан кейин магазинда яна битта харидор пайдо бўлди. Ясаниб кийинган, қўлига шоколад тутқазилган боладек бахтиёр. Фақат янги уйланган йигитлар шунақа либосда ва шунақа кайфиятда бўлишади.
— Оғайни, менга музцентр керак эди, ўзингиз дурустроғидан танлаб бермасангиз мен унча фарқига бормайман, — деди йигит.
— Жуда соз, совғагами ёки ўзингизгами, шуни айтсангиз бўлди.
— Нима десам экан… — ийманиб гап бошлади йигит, — тўйдан олдин қаллиғимга музцентр ваъда қилгандим, куй, ашулани яхши кўради. Оила қурганимизга бир ҳафта бўлди, ваъдадан қайтиш номардлик.
— Яшанг, лафзи ҳалол йигитларнинг садағаси кетсанг арзийди… — Бадал сидқидилдан куёв болани мақтади.
Тамом, шу заҳоти куёв боланинг тақдири Бадалнинг қўлига ўтди.
— Сизга кераги шу, — Бадал қимматбаҳо «Сони» музцентрини тутқазди. Аммо куёв бола молнинг нархини эшитиб бўшашиб қолди. Бадал сабабини дарров сезди, демак пули камроқ. Дарров бошқа аппарат тутқазди.
— Манави ўзимизнинг «Садо», «Сони»дан қолишмайди, нархи ҳам арзонроқ.
— Келинингиз японники бўлсин, обдан суриштириб, яхшисини олинг деганди, — хижолатомуз гапирди куёв бола.
— Жуда тўғри айтибдилар, «Садо» келинга ёқади, ўзимизда ишлаб чиқарилганига карамай сифати чет элники билан бир хил. Унда нега арзонроқ деб сўрарсиз. Сабаби оддий, чет элнинг буюми устига кира ҳақи қўйилади. Ахир битта нарсани Япония ёки Сингапурдан олиб келишнинг харажати қанчага тушишини ўзингиз чамалаб кўринг, — Бадал бирдан овозини пасайтириб, сирли овозда давом этди, — мен чет эл молини асти камситмоқчи эмасман, сифати, кўриниши зўр. Аммо очиғини айтиш керак, узоқ йўл босиб келган буюмдан сал чўчийман. Қанчалик авайлаб олиб келинмасин урунади, ичидаги ашқал-дашқаллари сал-пал жойидан силжиб қолиши мумкин, аппаратлар нозик нарсада, қолаверса пластмасс, заменителлардан ишланади, албатта японни моли чиройли, сифатли. Обрў учун, ясатиб қўйиш учун японияники маъқул, лекин кундалик ишлатишга келганда ўзимизнинг молдан ўтаверсин.
Шу пайт бир аёл пайдо бўлиб, гапга қулоқ тутиб турди. Бадал унга эътибор бермай маҳсулотимизни мақташда давом этди.
— Бизнинг аппаратураларимиз японники сингари қушдек енгил эмас, ғози оғир. Нега? Чунки табиий, асл хомашёдан ясалган. Билмасдан тушуриб юборасизми, офтоб ёки ёмғирда қолиб кетадими писанд қилмайди, эртатабдан кечгача варанглаб ишлаб ётаверади. Ишонсангиз ўзим ҳам шундан олганман.
— Нима қилсам экан, дангал биттасини олаверсаммикин? — куёв бола иккиланди.
— Ўйчининг ўйи битгунча, таваккалчининг иши битаркан, — деди Бадал кулимсираб, — аммо зўрлаш йўқ, яна ўйлаб кўринг.
— Э бўлди, беринг биттасини, — куёв бола чўнтак ковлай бошлади.
— Ходивой, оғайнимизга «Садо» бервор.
Шундан кейин Бадал хушхонлик билан навбат кутиб турган аёлга боқди.
— Келинг кеннойи.
— Тўнғичимиз саккизинчи синфни битиряпти, шунга адаси музцентр олиб бермоқчийдилар, — аёл ниҳоятда ориятли, аҳамиятли экан майин овозда илтижо қилди.
Бадал маданиятли харидорлар билан муомала қилишни ҳам ўринлатарди, меъёридан ошиб кетмайдиган тавозе билан.
— Жуда соз, — деди, кейин қатор териб кўйилган аппаратураларга ишора қилди, — ёққанини танлайверинг.
Аммо аёл уларга қиё боқмади.
— Бояги йигит олганининг таърифини эшитдим, менга ҳам ўшандан берақолинг.
Бадалнинг кўзига аёл тўқ оиладан бўлиб кўринди, шу боис ҳозиргина «Садо»ни мақтаб турган одам дарров «сиёсат»ни ўзгартирди.
— Кеннойи, сиз «Сони» олаверинг. Ҳозирги ёшлар жуда зукко бўлиб кетишган, фақат импортний нарса керак уларга, ўзимизнинг буюмларни назарга илишмайди, «Садо»га гап йўқ, аммо ўғлингизга ёқмайди. Сабаби ўша-ўша, ёшлар моданинг кетидан қувишади. Мени тўққиз яшар қизчам бор, ўша ҳалитдан кийим танлайди, чет элникини олиб берасиз, деб хархаша қилади, — Бадал беғараз кулди, — сизни ўғлингиз саккизни битираётган бўлса катта йигит бўлиб қолибди, раъйига қарамасдан иложинглар йўқ, ахир ўзи тайинлагандир қанақасидан олиш кераклигини.
— Тайинлаган, магнитофонни ҳам японникини олдирганди, аммо у эскириб қолди, энди модада музцентр.
— Ана айтдим-ку «Садо»ни олсангиз келиб алмаштириб кетишингизга тўғри келади, — Бадал аёлнинг олдига «Садо» қўйди. — Бу сал қимматроғу лекин қимматда бир ҳикмат бор, арзонда бир иллат бор дейдилар. Шундоқ экан, адашмай десангиз «Сони»ни олаверинг. Япония аппаратларининг сифати, дизайни ҳавас килса арзигулик, буни тан олмасдан иложимиз йўқ, бекорга бутун дунёга довруғи кетмаган. Уларнинг молини олсангиз пулингиз ўзингиз билан кетади.
— Бўпти, берақолинг, — аёл қўли остида турган «Сони»ни ўз олдига сурди.
— Йўқ, кеннойи, буни сизга бермайман, — деди Бадал қатъий оҳангда. Аёл таажжубдан кўзлари пирпираб Бадалга саволчан боқди.
— Пештахтада турган нарсага чанг-панг қўнади, ҳар хил одамлар ушлаб, айлантириб кўради. Хар ҳолда қўл текканда. Сизга ичкаридан бошқасини опчиқиб берамиз картон қутида, очиб, ишлатиб кўриб оласиз. Ходивой, кеннойимга қара!
— Вой раҳмат сизга, — аёл қувониб кетиб Ходивойнинг ёнига йўналди. Шу пайт магазинга шошилиб иккита ўрта яшар эркак кириб келди. Бадал  бир қарашдаёқ уларнинг қандай харидор эканликларини, не мақсадда келганларини аниқлади.
— Оғайни, бизга совғабоп нарса керак, — шошиброқ сўз бошлади эркакларнинг қорамағиздан келгани.
— Гап йўқ, — деди Бадал ҳозиржавоблик билан, — сизлар совға кимгалигини, таваллуди нишонланаётган ҳамкасбларингиз эркакми, аёлми, шунисини айтсанглар бўлди, худди кўнглингиздаги нарсани топиб берамиз.
Эркаклар Бадалнинг топқирлигига, совға ҳақиқатда ҳамкасбларининг туғилган кунига эканлигини билганига қойил қолдилар.
— Бир опахонимиз 55 ёшга тўляптилар, совға ўшаларга, — деган жавоб олди Бадал.
— Бир дақиқа сабр қиласизлар, ҳозир қотирамиз, — Бадалнинг овози ҳам мулойим, ҳам жиддий эди, — Ходивой, анавиндан қолганмиди?
Ходивой «нимадан?» деб сўрамоқчи бўлганди Бадал уни қўлтиғидан олиб омбор вазифасини ўтайдиган ичкари хонага бошлади.
— Ўтмай ётган молинг борми? — деб сўради Бадал ичкарига кирганлари ҳамон.
— Чойнак-пиёла сервизи бор, икки йилдан ошди ётганига, — деди Ходивой.
— Дарров чангини артиб олиб чиқ, — Бадал харидорлар ёнига йўналди, Ходивой молни эпақага келтургунча эркакларни гапга солиб турди, — аёл кишига, айниқса элликдан ошган бўлса атир-упадан кўра рўзғорбоп нарса маъқул. Чойнак-пиёла кунда ишлатиладиган нарса, дарз кетиши бор, синиши бор, шунинг учун қанча бўлса ҳам олаверишади, сифати зўр бўлса сервантларга тахлаб ясатиб қўйишади.
Ходивой битта чойнак ва ўн иккита пиёла олиб чиқиб пештахта устига ёйиб қўйди. Бадал қалам билан худди чанг асбобини чалгандек бир лаҳзада ўн иккита пиёлани чертиб чиқди.
— Хитой чиннисининг жаранглашига беш кетаман-да, мусиқадай қулоққа ёқади, — деди Бадал ва ҳали харидорлар пиёлаларни кўриб улгурмасларидан Ходивойга буюрди, — сервизни чиройли кутига жойлаб устидан шойи тасма билан боғлаб бер. Совға совғага ўхшасин.
Ходивой пиёлаларни қутига жойлай бошлади.
— Бундан атиги олти комплект олгандик, сизларга ўхшаган акахонларимизнинг ҳожатини чиқариш учун омборга ташлаб қўйгандик, охиргиси сизларга насиб этди, — деди Бадал. — Аммо буни опахонимиз бари бир рўзғорга ишлатмайдилар.
— Ие, нега? — ажабланишди эркаклар.
— Асл мол-да, шунинг учун қизлари бўлса сепига қўшиб қўядилар, ўғиллари бўлса келинга олиб қўядилар, ўзларига ишлатгани кўзлари қиймайди.
Иккала эркак асл мол олганларидан кўнгиллари кўтарилиб эшик томон йўналдилар.
— Ёмонсан, — шу тариқа ўртоғини мақтади Ходивой, — сервиз савил қолиб ётгани учун ярим нархига сотиб юбормоқчи бўлиб юргандим.
— Ҳой лапашанг, эркаклар иккита бўлиб келса билгинки бирорта ҳамкасбларининг юбилейига ёки чет эллик меҳмонга совға оладилар. Бундайлар пул ўртада йиғилгани учун савдолашиб ўтирмайди, мижғовлик қилиб буюм танламайди, тутқазганингни олиб кетаверади. Айниқса Янги йил, Наврўз, саккизинчи март байрамлари олдидан эркаклар серқатнов бўлиб қоладилар. Демак бундай қулай пайтдан имкони борича фойдаланиб ўтмай ётган нарсаларни урвор. Баъзи юҳо, калтабин сотувчиларга ўхшаб байрамлардан олдин бозор чаққон бўлади, деб нархни асло оширма. Чет элликлардан ўрнак ол, улар байрамлар арафасида нархни туширадилар. Чунки ишнинг кўзини билади улар, битта буюмни ўн кун деганда минг сўмға сотгандан кўра ўша буюмни ўнтасини бир кунда саккиз юз сўмдан сотган кўпроқ фойда келтиради. Уста дўкондор бўлсанг шунга амал қил!
— Буни биламан.
— Энди аёлларга келсак…
— Э, аёллар одамни ёмон қийнаб юборади, — Ходивой қўл силтади.
— Бекор гап, нарса оладиганлар асосан, аёллар. Шунинг учун уларнинг тилини билишинг керак. Хўш, — Бадал нафас ростлаб олди, — инсон боласи борки барида ички рақобат бўлади, мен сендан қолишмайман, деб мусобақалашиб яшайди. Ҳавас, ҳасаддан ҳеч ким мустасно эмас, фарқи бировда кўпроқ, бировда камроқ, аёлларда эркакларга нисбатан ҳасад сал кўпроқ бўлади, машҳур актрисаларга, хонандаларга, юлдузларига тақлид қилишни яхши кўрадилар. Ўшаларга ўхшаб кийинишга, пардоз-андоз қилишга тиришадилар. Демак аёллар келса нима қилишинг керак?
— Қучоқ очиб кутиб олишим керак, — ҳазиллашди Ходивой.
Шу пайт дўконга бир бойвачча жувон кириб қолди. Эгнида алламбало матодан тикилган ялтироқ кўйлак, қулоғида олмосдан зирак, қўлида қўша-қўша қимматбаҳо узуклар, бўйнида шода-шода марварид. Кўриниши русларнинг «чиройли бўлма, бахтли бўл» деган гапини тасдиқларди.
Бадалнинг қулоғи диккайиб ўлжа тузоққа яқинлашишини кутди. Жувон атир-упаларни кўздан кечира бошлади, кейин Бадалга назар ташлади.
— Менга яхши косметика керак, — деди секин овоз билан. Жувоннинг ола-чипор кийинишидан диди пастлига билиниб турарди.
Устига устак анчайин тантиқ, енгилтак ҳам экан. Бундайлар билан гаплашишни Бадал қойиллатарди. Кўзларини чақчайтириб чапанисига деди:
— Бизани магазинга кириб жаям тўғри қипсиз, косметикани зўри шўтта. Бизадан силага ўхшаганлар нарса олмаса унча-мунчани қурби етмайди.
— Вой нимага? — ўзини гўлликка солди эркатой жувон.
— Нархига чидолмайди, — хиринглади Бадал.
— Шунақа денг, — талтайиб қиқирлади жувон, — менга «Шанел»ни кўрсатинг.
— Шанелми? — Бадал ўсал бўлиб юзини аянчли буриштирди, — ундан қолмаганди-ку, ўзиз билас, француз духийларини бозори чаққон.
— Вой, ана турибди-ку, — пўписа аралаш ўпкалади жувон.
Бадал атир-упалар тахлаб қўйилган жавонга қаради, «Шанель»ни «кўриб» тиззасига шапатилаб қичқирди.
— Ие, битта қолган экану, ман ҳаммаси сотилиб кетган деб ўйловдим. Омади кулган жувон экансиз, — Бадал «Шанел»ни олиб пештахта устига қўйди, — охиргиси сизга буюрди.
Жувон тимсоҳ терисидан ишланган сумкасини очиб пул олди, аммо Бадал унга имкон бермади ҳисоб-китоб қилгани.
— Кремни қанақасидан оласиз? — деб сўради.
Фақат духига келган жувон крем олишга ҳам рози бўлди, биттасини танлаган эди, Бадал қўлидан юлиб олди.
— Бу сизга бўмайди, — деди ўдағайлаб, жувон тахминан Бадал билан тенгдош, 35-40 ёшларда эди, — буни ўттиздан ошган аёллар ишлатади, ажинини кетказиш учун. Сиз ёшларга кераги манави, женьшень экстракти, бодом ёғи, бодринг суви омихтасидан тайёрланган, сурсангиз юзни ойдек яшнатади.
— Бўпти, — жувон кремни ҳам олишга кўнди.
— Шампунни қайсинисидан берай? — деб сўради Бадал.
— Вой, уйда шампуним тўлиб ётибди, — чекинишга уриниб кўрди жувон кийшанглаб, — минг хили бор.
— Бунақаси йўқ, — Бадал пештахтани остидан битта шампун олиб жувонга тутқазди, — кеча фалончихон (Бадал машҳур хонанда аёлнинг номини айтди) шундан тўрттасини обкетти, кўрбоқинг.
Машҳур юлдуз олган шампун табиийки жувонга ҳам ёқди.
— Ўзингиз ўша юлдузга ўхшайсиз десам, дидингиз ҳам бир хил экан, қаранг унга ёққани сизгаям маъқул тушди.
Жувон мақтовдан эриб кетиб бурнини қанқайтирди.
— Қанча бўлди ҳаммаси? — деб сўради димоғ билан. Бадал калькуляторда ҳисоблади нархларни.
— Мана шу помадани қўшворсак роппа-роса икки юз минг бўларкан. Сизга яна битта сирни айтай, фалончихон (яна машҳур юлдузни тилга олди Бадал) фақат мана шу помадани ишлатади. Лабини кўрасизу, шарбат сизиб тургандек ялтираб туради.
Жувон помадани ҳам олишга мажбур бўлди, бироқ қанчалик бойвачча бўлмасин катта харажатга тушгани учун сал ачингандек кўринди Бадалнинг кўзига.
— Поччамнинг пулларига худо барака берсин, аммо… — Бадал сал овозини пасайтириб тагдор гап қилди, — аммо бахтли эркак эканлар.
Гарчи «сиздек гўзап хотини борлиги учун» деб қўшиб қўймаган бўлса-да жувон қанчалик енгилтак бўлмасин Бадалнинг қочириғини тушунди. Ва ўзини энг гўзал аёл ҳис этиб бахтиёр ва мағрур қиёфада магазинни тарк этди.
— Хей бузуқи, боя харидор аёлларга асло тегажоқлик қилмагин, кеннойи деб мурожаат қил дегандин-ку. Бу ёғи қандоқ бўлди?! — таъна қилди Ходивой.
— Ҳар қандай қоидани ҳам истисноси бўлади. Дейлик машинада кетяпсан, чорраҳага етганингда кўк чироқ ёнди. Аммо аёл киши ўтаётганини кўриб тўхтаб йўл бердинг. Бундай қоидабузарлик на фақат оқланади, балки рағбатлантирилади ҳам! Демак аёлларнинг кўнглини кўтариш учун баъзида илиқ гап қилсанг бунинг айби йўқ.
Шу гапнинг устига магазинга эру хотин кириб келди. Кийим-бошларидан ўрта ҳол эканликлари билиниб турарди.
Эрнинг башараси аянчли буришган, бўйнига арқон солиб судраб кирилган одамнинггина кўриниши шундай тушкун ва ачинарли бўлиши мумкин. Хотин газламалар ёйиб кўйилган пештахта ёнига бориб матоларни кўздан кечира бошлади, эр орқарокда жонсарак аҳволда турар, иложи бўлса тезроқ қочиб қолиш пайида эди.
— Ҳой, дадаси мана шу матодан икки кўйлакли олайлик, ранги чиройли экан, чоки ҳам пишиқ тўқилган, чидамли матога ўхшайди. Келинг, ўзингиз ҳам кўринг.
Эр матога тузукроқ қарамади ҳам.
— Ҳозир зарурми шу…
— Канақасиз?! Аёллар бугун қиз кўрса эртасидан бошлаб сандиққа сеп йиғишади. Сизни қизингиз ўн олтига тўляпти, ҳали бир метр мато олиб қўйганимиз йўқ. Ҳадемай совчилар кела бошласа, нима, куруқ бўйини узатасизми? — бобиллаб берди хотин.
— Метири неча сўмдан экан?
— Мана ёзиб қўйибди, бир ярим минг.
— Бўлмайди, — нархини эшитиб эр орқасига тисарилди, — жуда ола чипор экан. Гуруч керак, картошка керак деётгандинг, ўшанга ўтайлик, ҳа сен аввал қозон қайнатишни ўйла, матони кейинроқ олармиз.
— Қачон кейин? Маошингиз уч кунда тугайди, пулингиз борида жилла қурса икки жўра олиб қўяйлик шундан.
— Оламиз вақти-соати билан, юр. Танлаган матоинг менга ёқмади, дедим-ку, бачкана.
Бадал эр-хотинни зимдан кузатиб турганди, сездики ўртага тушмаса эр жуфтакни ростлаб қоладиган. У мол олмоқчи бўлган аёлни эмас эрнинг ёнини олишдан бошлади гапни.
— Кеннойи, амаким тўғри айтяптилар, сиз танлаган мато ёмон эмасу аммо қизнинг сепига ярамайди, — деди Бадал ва шу тариқа эрни ўз тарафига оғдириб олди, — мана буларни кўрбоқинглар-чи, бойпўрим, сифати ҳам зўр.
Бадал деворга тираб кўйилган ўрам-ўрам матоларнинг номларини санай кетди.
— Шифон, велюр, гепюр, трикотин, крепдешин — бари хорижий матолар. Мана булар ўзимизнинг маҳсулот: духоба, чийдухоба, бахмал, шойи, сурп, сатин. Атласнинг ҳам уч-тўрт хили бор. Хонатлас, кичиқ атлас, жугут атлас, адрас керак десанглар уни ҳам топиб берамиз, — Бадал бирваракай матоларнинг нархларини ҳам айтиб ўтди.
Эр матоларга қарашга мажбур бўлди ва энг арзонини танлади.
— Манави дуруст шекилли, одмигина, гули ҳам чиройли. Бадал шу заҳоти эрга яна ён босди.
— Кеннойи, амакимиз эркак бўлсалар ҳам мол танлашни билар эканлар. Бу ҳақиқатда асл мато, ювсангиз тариқча киришмайди. Тишлаб тортсангиз ҳам йиртилмайди, шунақа чидамли, кўринишини айтмайсизми гул-гул ёниб турибди.
Эр мақтовдан бурнини қанқайтириб хотиниға қаради.
— Олиб берайми шундан, нима дейсан?!
Хотин матони чокларини қунт билан кўздан кечирди, ғижимлаб кўрди.
— Аёлларнинг бир тўхтамга келиши қийин, — Бадал газчўпни олиб эрга жилмайиб бокди, — эркаклар яхши, шарт-шурт савдо қилади.
— Оладиган бўлсанг ол кўп чайналмасдан, неча метр керак?
— Беш метр етар, — деди хотини.
— Йўқ кеннойи, — Бадал эътирозга ўрин қолдирмайдиган оҳангда чўрт кесди, — олти метр олаверинг, етмай қолса ундан ёмони йўқ, ортиб қолса зое кетмайди, мошиначининг ўзи билиб лозим-позим тикиб беради. Пул қўлнинг кири, нималарга сарф бўлиб кетмайди, олинган нарса эса мулкка айланади.
Шу аснода бўш тоғоралар кўтариб дўконга учта аёл кириб келди, булар даладан ҳўл мева опкелиб сотишган, пулига нарса олиб қайтишади. Бадал уларнинг атай кўзини ўйнатиб матони ўлчай бошлади, байроқдек ҳилпиратиб, жилвалантириб…
— Қанақа мато экан бу? — деб сўради аёллардан бири.
— Янги чиққан мато, хорижники, — деди Бадал сиполик билан, — кеннойи, бу ёғи уч метрча қолибди, олиб қўяқолинглар тўй қиладиган одам экансизлар.
Дарҳақиқат мато ўрамининг туби кўриниб қолганди.
— Вой, адо бўлдими? — ачиниб сўради тоғорали аёллардан бири. Харидорларнинг тарқаб кетишидан қўрққан Ходивой «Э, қалаш…» деб сўз бошлаганди шу заҳоти Бадал оғзига урди.
— Э Қалашбоевми? Ўшанга олиб қўйгансан-а икки ўрам? Чайқовчи у, бизни молни қишлоғидаги дўконга обориб икки ҳисса қимматига сотади. Булар ўзига олади, ҳожатларини чиқариш керак. Юр олиб чиқайлик молни, — икковлон ичкари хонага йўналдилар.
Эшикда кўзлари аланг-жаланг ҳовлиқма бир аёл пайдо бўлди. Навбатда турганлардан сўради.
— Ҳой, опоғойи, нимага турибсизлар?
— Янги мато чиқибди, шунга турибмиз. Мана булар олишди, — тоғорали аёл эр-хотинга ишора қилди.
— Яхши мато эканми? — энди эрли аёлга мурожаат қилди шаддод аёл. Қайси харидор олган нарсасини ёмонлайди.
— Биз охиргисига илиндик, одамлар билишса керак қанақалигини, бекорга талаш бўлиб кетмагандир, — ғолибона овозда мақтанди аёл.
Пештахтада турган мол-ўлик мол. Харидорнинг қўлига ўтган мол жарчи, ҳавас ва ҳасад уйғотувчи энг зўр реклама.
— Бошқа қолмадими? — бўшашиб сўради ҳовлиқма жувон.
— Ҳозир яна олиб чиқишади, — тоғорачи аёл тасалли берди.
— Ростданми? — жувон эшикка яқинлашди-да кўчага қараб қичқирди, — Хай Мапура, Шапоатни ҳам чақиринг, тез келинглар.
Ҳадемай магазинда Шапоат билан Мапура пайдо бўлишди, кетларидан яна иккита аёл эргашиб кирди. Ҳаммалари навбатга туришди.
Ичкари хонада воқеани кузатиб турган Бадал ўртоғининг елкасига қоқиб гапирди.
— Савдо деган бундай бўлибди, овсар. Матони олиб чиқ-да гупиллатиб сотавер. Бу гал сендан мол олганларнинг ҳаммаси доимий мижозингга айланишди. Нимага десанг, яхши мол олдим деб севиниб, иззат-ҳурматга сазовор бўлиб, кўнгли кўтарилиб кетишди. Бўпти, менга рухсат, шанба куни бизникига ўтасан, шуни айтгани келгандим.
— Нима муносабат билан?
— Австралия билан қўшма корхона очдим, шуни ювамиз.
— Ие, ҳашаматли ресторанинг, учта супермаркетинг бўлса яна қўшма корхона ҳам очяпсанми? Нима, сен бечоранинг қозон қайнатгани пулинг етмай қолдими? — деди Ходивой беғараз кулиб.
— Гап пулда эмас, шилдирвоқи, мен ўз лаёқатимни синаб кўрмоқчиман, — деди Бадал жиддий тортиб, — тадбиркор қотиб қолмаслик учун ўз фаолият доирасини кенгайтиравериши керак. Аммо мақсад фақат бойлик орттириш эмас, насиб этса шаҳримиз болаларига замонавий, муҳташам кутубхона қуриб бермоқчиман, ёш авлод нафақат жисмоний бақувват балки руҳан юксак маънавиятли инсонлар бўлиб етишишсин, тушундинг?
Бадал эшикка йўналди. Кўчага чиқса, не ажабки ёмғир тинган, булутлар тарқаб, офтоб чарақлаб турарди.