Эшқобил Вали. Ўғирлик (ҳикоя)

Бозор авжида. Биров билан бировнинг иши йўқ – ҳар ким ўз ёғига ўзи қовурилиб ётибди. Харидор чорлаётган сотувчиларнинг юзи иссиқ тандирга бош суққан новвойникига ўхшайди – бари бир хил тусда, гўё фойда аталмиш заҳар-заққумнинг аччиғи юзага ургандай…
Раста оралаб юриш – хорлик. Тирбандлик ширинликка ёпишган ари галасини эслатади. Оёқни босган безбет, бозор кўрганлар сохта тиржайиб узр сўрашган бўлиб, устингиздан кулади. Анойиларнинг усти ҳам, кайфияти ҳам шилта. Аммо бирор банданинг аламзадалигини кўрмайсиз. Ҳамма ёқда ҳисоб-китоб. Пулнинг майин шилдирашию унда-бунда янграётган ёғоч чўтларнинг шақ-шуқи…
Тўсатдан таралган қичқириқ улкан бозорни бир лаҳза домига тортди: “Халойиқ! Гилам бозорида ўғри ушланди! Пулингизга эҳтиёт бўлинг! Халойиқ…”
Сукунатни қорачадан келган, шоп мўйлов, семиз одамнинг: “Падарлаънатни тошпарон қилиш керак! Ур, уни!…” – деган ҳайқириғи бузди. Бозор олдингидан ҳам баттар шовқинга тўлди. Ҳамма гилам бозорига энди. Моли топталган сотувчиларнинг сўкиниши ўғридан нафратланган оломон ғала-ғовурига аралашиб кетди…
Гилам бозор кунжагидаги “Камаз”нинг устида учта мўйловдор тасқара йигит баланд бўйли, кўзлари ботиб кетган, жағ суяклари туртиб чиққан бир бечоранинг қўлларини орқага қайириб тутиб турибди: “Ҳароми, сенга гилам керакми? Ма, ол!” Йигитларнинг ғўлабир бақалоғи ўғрининг қорнига қулочкашлаб туширди. Қолган иккитаси мошиннинг устига ташланган қуёш нусха гиламга айбдорнинг бурнини ишқалай бошлади. Сўнгра унинг афтини оломонга кўрсатдилар – юзи моматалоқ бўлиб кетган, лаби ва бурнидан қон тирқирар эди…
Бақалоқ гиламфуруш унинг сочидан тортиб, юзини одамларга кўрсатар экан: “Халойиқ, кўриб қўйинг, бу – гилам ўғриси!” дея овоза қилди. Кимдир сўкинди, кимдир “тошбўрон қилиш керак”, деб луқма ташлади. Жабрдийда туйқус бир юлқиниб рақиблари қўлидан чиқди-да, нолинди:
– Эй мусулмонлар, ахир, мен ўғирламадим! Менга бир аёл-харидор гиламни бозор четига олиб чиқиб берсанг, эллик сўм бераман, деди. Мен киракашман, холос… – у сўзини якунлаб улгурмади. Ҳалигилар яна унинг қўлини қайириб тиз чўктирдилар.
Шунда оломон ичидан оппоқ соқолли, олтмишлар чамасидаги бир чол машинага чиқиб, ўғрини урмоқчи бўлаётганларнинг қўлидан бўшатди:
– Қани, тўхтанглар! Тўхта дейман сенга, ҳов!
Чол ёшига ярашмайдиган эпчиллик билан уларни силтаб ташлади-да, ўғрини билагидан тутиб, оломонга юзлаштирди:
– Ораларингизда шу бандага гилам олиб чиқ, деган харидор борми? – Бозорга сукунат чўкди. Чол яна сўради:
– Ким шу одамга гиламимни олиб чиқиб бер, деган бўлса, айтсин. Бегуноҳни жазолаш – гуноҳи азим! Айтинглар, мен гиламчилардан гуноҳини сўраб берай! Ҳаммамиз хом сут эмган бандамиз – пулини бериб улгурмагандир? Сотувчилар адашгандир…
Сукунат бузилиб ғала-ғовур қўпди:
– Ким ўз молини ўғрига беради?
– Бекор гап, ана, шунча киракашлар бор! У – ўғри.
– Ўғрининг жазоси – ўлим!
– Тўхта, халойиқ! Бунинг ўзини ҳам эшитиб кўрайлик!
– Ўғлим, мен Ҳожи отаман! Ўзингни оқлаш учун нима дейсан?
– Ҳожи бува! Худо урсин, агар гилам олган бўлсам! Мен кўпнинг хизматини қилиб юрган одамман!…
– Ай бува! Бировни ишига нима қиласиз аралашиб?! – Бақалоқ гиламфуруш беписанд гап қўшди.
– Сен жим тур! Агар жонингни хомталаш қилса ҳам мусулмон бандаси бировни бундай хўрламайди. Қоч, бола! Ўзим орача қиламан.
Хомсемиз думбадор чекинди. Чол яна жабрдийдадан сўради:
– Ҳов йигит! Мижозинг ким эди? Аёл бўлса, ёшми, қарими?
– Эй худо! Қари кампир эди. Ҳатто бозордан чиқолмаяпман, девди, олти яшар қизчамни қўшиб, дарвозага йўлладим. Энаси оғир ётибди, ўзим билан олиб чиқувдим…
– Қизинг ҳали кампир биланми?
– Ҳа, йўқолиб қолмаса гўрга эди…
 Йигит чолга қараб жавоб берар экан, бир неча бор қон туфлади, мункиблар кетди. Унинг сўнгги сўзларидан кейин гиламфурушлар беихтиёр қўлларини орқага олишди. Ҳалиги бақалоғи эса нари бориб папирос тутатди. Томошаталаблардан кимдир жабрдийдага сув тутди.
– Қизингнинг исми нима?
– Бинафша…
– Халойиқ! Ким шу банданинг олти яшар, Бинафша исмли қизини кўрди?
Улкан гилам бозори сув қуйгандай жим бўлиб қолди. Кўпчилик ҳаяжон ичра болаларининг қўлларини маҳкам чангаллади. Чол яна такрорлади:
– Ким Бинафшани кўрди? Олти яшар қизча адашиб қолибди.
Жавоб бўлмади. Кутилмаганда тиззалаб ўтирган ота ўрнидан инграниб турди-да, нимадир деди. Чол, “жим” дегандек, ўнг қўлини кўтарди. Оломон тинчиди. Шундагина отанинг ингроқ овози эшитилди:
– Бинафша! О, Бинафша! Қаердасан, қизим? Энажон, эшитаётган бўлсанг жавоб бер! Мен – дадангман!
Ўша ондаёқ: “Дада! Дадажон”, деган чинқириқ сукунат бағрини тилиб юборди. Кунботар томондаги одамлар иккига бўлиниб, “йўл” очди. Даттигина, жингалик сочли қизча отасининг қошига югуриб келди. Кимдир машинага чиқарди. Бинафша дадасини ачомлади. Аёлларнинг кўзларида ёш қалқиди.
Чол, худди дуо ўқиётгандек, кўкка қараб пичирлади.
– Бинафша! Сен етаклаб кетган момонг қани?
– Дарвозада. Чарчабди-ла, сиз-а қараб ўтирибтил-а. Эй, сиз йиқилиб кеттийизми? Оғримаяптими, дада?
– Йиқилиб кетдим, оғримаяпти, – йигит машинадан сакраб тушди ва қизчасини бағрига босди.
Чол гиламчиларга нимадир деди, аммо тарқалиб бораётган оломон ғовури остида унинг сўзларини англаб бўлмас эди. Гиламчиларнинг ёшроғи бир гиламни ажратиб олиб чолга узатди. У гиламини қўлтиқлаганича бозор дарвозаси томон кетди.
Орадан ўн дақиқа ўтар-ўтмас бозор яна авжига чиқди.

“Шарқ юлдузи” журнали, 2014 йил, 1-сон