Дурбек Қўлдош. Хуфиёна битим (ҳикоя)

Ахсидан келган машъум хабар нафақат подшоҳ хонадони соҳибларини, балки Андижон аҳлининг ҳам кўнгилларига маҳзунлик солиб қўйди.
Кўк юзига қора парда тортилгандай, Андижон осмонида юлдузлар ҳам кўринмай қолди… Гўё бутун Фарғона мулки ўзининг баланд ҳимматлиқ ва улуғ доиялиқ подшоҳига аза тутаётгандай эди.
Хуфтон намозига йиғилган намозхонлар шаҳарнинг энг катта – Дувахон масжиди хонақосига сиғмаганидан, ҳовлига, ҳатто кўчага ҳам жойнамозлар тўшалди…
Хожа Мавлонойи қози жаноблари масжид меҳробидан туриб жамоани нохуш хабардан воқиф қиларкан:
– Муҳтарам жамоатин муслимийн! Подшоҳи аъзам Султон Умар Шайх Мирзо жаноблари кеча, рамазон ойининг тўртинчи куни, пешин била аср намозлари орасида, Ахси қалъасида фалокат даст бериб, дорул бақоға рихлат қилдилар, – деди қайғу билан.
Мудҳиш хабардан таъсирланган аҳли жамоа беихтиёр: “Ё олло! Ё тавба!” деб юборди. Шов-шув бироз босилгач, қози ҳазратлари раиятга мурожаат қиларкан:
– Қани, аҳли муслимийн, Яратганға илтижо қилайлук. Илоҳо, саховатпеша олампаноҳимизнинг охиратлари обод, ётқон жойлари беҳишт боғларида бўлсун! – дея дуога қўл очди.
Сафдаги барча мўминлар ҳазратга иқтидо қилиб, якдиллик билан кафтларини кўтардилар… Эътиқоди баланд мусулмонлар эса: “Муборак рамазон ойида омонатни топшурмоқ ислом кишиси учун Эгамнинг махфиратидир”, дея бир-бирларига тасалли берган бўлдилар.
Кимдир:
– Ҳазрат! Олампаноҳимизнинг жонлариға суиқасд қилинмадимукин? – деб сўради.
Ҳазрат:
– Йўқ! Беклар маҳкам туруб азмойиш олибдилар, вале ҳеч қандай суиқасд аломатлари топилмабди. Афсуслар бўлсинким, тасодифий фалокат содир бўлғон экан… – деди таассуф билан.
– Бобур Мирзо шу ерда эканларму?
– Маййитни Андижонға келтирибдиларму? – деган саволларга жавобан:
– Ҳа, валиаҳд шу ерда эдилар, бугун салтанатни қабул қилиб олди, – деди қониқиш ҳисси билан.
Одамлар орасида: “Хайрият! Хайрият!” – деган сўзлар эшитилди. Кимдир секингина: “Валиаҳдимиз ҳали бола-ку!” деб ўсмоқчилаган бўлди.
– Тўғри айтадурсиз, тахт вориси ҳали ёш, – таъкидлади ҳазрат, – вале, шу кунда, шу ёшда, адолат, шуъжоат ақлу фаросат ва муборизлиқта бу темурийзодаға бас келадурғон бирон кимсани нафақат Фарғона мулкида, балки бутун Мовароуннаҳрда ҳам топиш амри маҳол…
Кўпчилик бу йил Наврўз айёми кунлари, қабақ уруш майдонида Бобур Мирзо эришган ютуқларни эсга олди.
– Бандаси Рубъи маскунға ҳукмдорлиқ қилғонда ҳам, Тангрининг олдида жуда ожиз экан! – дея давом этди Хожа Мавлонойи. – Яхши биладурсиз, Искандар Зулқарнайндек буюк фотиҳ ҳам берган ўттиз уч йиллик умрни кўрди. Уни лоқал яна бир йилға, нафақат бир йилға, атиги бир кунға, бир соатға бўлса-да, узайтира олмади! Инсон учун умр ризқи – Оллоҳ томонидан берилган искарт экан!
Умар Шайх Мирзонинг ўлимидан кўпроқ ҳирфагарлар озурда бўлдилар. Чунки темурийзода ҳукмдор улуснинг бу қатламини мудом ҳибзи ҳимоясида тутиб, бир неча йиллардан буён барча солиқлардан озод қилиб келарди. Тинчлик-осойишталикдан сўнг аҳли синоатга бундан ортиқ яна нима керак? Жамоа ҳамжиҳатлик билан муқаддас ой охирига қадар ўқиладиган таровиҳ намози ва ундан ҳосил бўладиган барча савобларни Султон Умар Шайх Мирзонинг муборак руҳи покларига бахшида этишга аҳд қилди…

* * *

Тун. Атроф тим-қоронғи зимистон…
Кўкда сузиб юрган бетайин қора булутлар ой юзини тўсиб, ҳавони дим қилиб қўйган. Таровиҳ намозидан чиққан аҳли мусулмон аллақачон уй-уйларига тарқаб, шаҳар кўчаларидаги ҳаракат сепсилиб қолган. Аҳён-аҳёнда, эломонни: “Осуда уюқлайверинг биродарлар, юрт тинч!” – деган овози эшитилади…
Сой даҳаси томонга тушган эски чорбоғлардан бири. Унинг ичкари хоналаридан бирида уч киши шамнинг хира ёруғида пичирлашганча ниманидир муҳокама қилиб ўтирарди. Мусоҳаба мавзуси ўта махфий бўлса керакки, эшикни маҳкам ёпиб, ҳовли томонга қараган деразанигина қия очиб қўйишган. Ним қоронғи хонага кириб қолган бу кимсаларнинг кимлар эканлигини дарҳол билиб олиши мушкул… Синчиклаб назар солайликчи, кимлар бўлди экан?
Тўрда, ҳар замонда чап қўли билан сергўшт гарданини тез-тез қашиб қўяётган киши Аҳмад Танбалга ўхшаб кетяпти… Шамдон унга яқин бўлганидан, қисиқ кўзлари, қалин шоп мўйлови остидаги дўрдоқ лаблари, дўппайиб турган қорни аниқ-таниқ кўринади. Бу тақлид жасад Фарғона мулкида фақатгина унга тегишли… Чорбоғ унинг тасарруфида, хизматкорга барча топшириқларни ўзи беради. У гоҳ-гоҳ: “Хаҳ шумтака”, деб тиззасига муштлаб қўяди, нимадандир, кимдандир қаттиқ норози экани ҳирқироқ овозидан сезилиб туради…
Ўнг тарафда, унинг биқинида болишни такя қилган норғул одамнинг гавдаси кўринади. У Ҳасан Яъқуббекнинг бўй-бастини эслатади.
Бир пайт дастурхондан бир нима олиш учун чўзилиб, юзи шамдонга яқинроқ бориб қолганда билинди. Чиндан ҳам ўша – Ҳасан Яъқуббек. Унинг серсоқол тунд башараси, қалин туташ қошлари ифшо этиб қўйди. Суҳбат асносида ундан бирон-бир муҳим фикр чиқмаса-да, ўзини шерикларидан сипороқ тутишга ҳаркат қилар, шу зайл Танбалнинг ҳамма гапларини хушомад билан маъқуллаб ўтирарди.
Учинчиси ким бўлди экан?
Кўринишидан оёқ-қўллари узун бу одам яна бир марта саросима бўлиб, дераза рахига келди… Токчага қўлларини тираганча узун бўйнини ташқарига чиқариб, у ён-бу ёнга аланглаб қўйди…
Боғдан чигирткаларнинг басма-бас чириллашларидан бошқа сас қулоғига кирмас, бироз хотиржам бўлгандай, жойига келиб чўк тушиб ўтирди. Дастурхон четида турган шарбат тўла кўзани қўлга олиб, ҳамроҳларининг косаларини тўлдириб қуйди. Унинг овози деярли эшитилмасди, вужуди қулоқ бўлиб, шерикларининг сўзларини тингларди, холос. Кўринишидан хийла эҳтиёткор одамга ўхшайди…
Бир пайт Аҳмад Танбал унга:
– Узун! Бурноғи йилги қишда саройда бўлуб ўтғон воқеа эсингдаму? – деб мурожаат қилиб қолди қандайдир муҳим нарсани ёдга олиб.
Ҳа, демак, у ўз номи ўзи билан: Узун Ҳасан!
Суҳбат анчадан бери давом этиб келаётган бўлса-да, ҳамтовоқларнинг боши ҳамон бир жойда. Хуфиёна учрашув, хуфиёна суҳбатнинг поёни кўринмасди…
Умар Шайх Мирзо тириклик чоғи унинг узангисида бўлиб юрган бу бекларнинг мавкибат аҳлидан ажратиб бундай хилватга ким ёхуд нима етаклаб келди экан?
Подшоҳ хонадонига яқин бўлган кишилар, Андижонда ҳозир бўлган беку амирлар, аҳил-иттифоқ бўлиб, жонлар тортишиб турган долзарб бир пайтда…
Марҳумга аза очилган, жами яқинлар уйларига бормай, мотамсаро бўлиб, саройда тунаб қолаётган бўлсалар…
Ўзи азалдан: “Кимга тўй, кимга аза…” экан. Бу кун кекса хизматкорга ҳам қийин бўлди.
“Чорбоққа меҳмонлар келар эмиш” деган хабар етказилгандан бери боёқиш тик оёқда, рўза оғиз ҳолида тиним билгани йўқ. Чарчоқдан кўзлари юмилиб кетаётган бўлса ҳам, “Тилаб қолсалар, ғофил бўлуб қолмайин, дағи…” деб айвонда у ёқдан бу ёққа босарди, бир қулоғи эса мудом ичкарида…
– Ахир саҳарликка туриш лозим, унгача бироз мизғиб олсам эди… – дея кўнглидан ўтказди бобо. Кейин “Астағфируллоҳ! Эркак кишилар ҳам онча кўп гаплашадилар экан-а? На бирон маротаба кулдилар ва на баландроқ овоз чиқардилар”, деб қўйди таажжубда ўзига ўзи.
Ўттиз йилдан зиёд саройда, арк ичида гулчилик билан шуғулланган кекса боғбон уч-тўрт йил бўлдики, Аҳмад Танбалнинг турли ваъдалари билан бу ерга келиб қолган.
Бобо темурийзода ҳукмдорлар хизматида кўп бўлди, дилни яйратувчи, кўзни қувонтирувчи анвойи гуллар етиштирди, шунга яраша мурувват ҳам кўрди.
– Ҳа, майли, Оллоҳ инсоф-тавфиқ берсун буларға… – деб қўйди-да, таомдан хабар олиш учун аста-аста босиб ўчоқ бошига қараб юрди…
…Иттифоқо, эшик яна тиқиллаб, маҳтал бўлиб турган кекса хизматкорнинг:
– Султон Аҳмадбек жаноблари! Ош тайёр бўлғонига анча бўлди, сузиб келайинму, – деган ялинчоқ овози эшитилди.
Бир зум ўтиб, ичкаридан Танбалнинг: “Майлинғ…” дея ғўлдираган жавоби келди.
…Чинни товоқдаги хушбўй таом Аҳмад Танбалнинг иштаҳасини қитиқлаб юборди:
– Узун! Таом ғўр кетмасун! Бир аёқдан, фақат бир аёқдан…
Кейин индамай ўрнидан туриб, токчадан баркаш ортига яширилган кўзани олиб келди. Учта косага шаробдан сила қуйиб, илжайганча эгаларига узатди-да, кўзани яна жойига элтиб яширди.
Ҳасан Яъкуббекнинг тил учида:
– Қандай бўларкин, жаноблар? – деган луқмаси эса оғзида қолиб кетди…
Ҳамтовоқлар қўлларидаги косани тубига қадар сипқориб қўйдилар-да, сўнг таомга қўл узатдилар…
Ҳуфиячилар ошдан кейин ҳам, тун яримлаб қолаётган бўлса-да, тарқалишга шошилмадилар…
Кекса хизматкорнинг сабри тугаб, ахийри эшик ёнига борди…
“Жаноблари, менда юмушингиз йўқми?” – деб сўрамоқчи, Аҳмад Танбал изн берса, ҳужрасига кириб ухламоқчи эди. Эшикни тиқирлатмоқчи бўлган ерида қотиб қолди.
Во ажаб, Танбал айни шу дамда, хуфиёна суҳбатга якун ясаётган экан…
– Жаноблар! Хуллас калом, гап шу… Бобур қайсарнинг феъл-атвори ҳаммаға маълум… ўз нияти йўлида ҳеч кимни аяб ўлтурмайди… Магар у тахтда бўлур экан, бизнинг йўлумиз банд, илгимиз қисқа! Бас, имкони бўлғон – ўқ, уни салтанатдан четлатмоқ даркор! Келишдикму жаноблар?
Икковлари бир овозда: “Йигит сўзи, келишдук, келишдук!” – деган сўзларни бир неча бор такрорладилар.
Бобонинг қулоғига кириб борган бу фитна сўзлар унинг аъзойи баданини титратиб, кўз ўнгини қоронғи қилиб юборганди… Қўрқувни босолмаган кекса хизматкор шу заҳотиёқ ўгирилиб, ташқарига отилди. Чиқаётиб даҳлиз остонасига қоқилиб кетди. Боёқиш қаттиқ изтиробдан қадам босолмай, чиққан жойигаёқ ўтириб қолди.
Даҳлиздаги тапир-тупурдан сергакланган Аҳмад Танбал жасадига хос бўлмаган тезлик билан сапчиб ўрнидан туриб важоҳат билан ялангоёқ ҳолда айвонга чиқиб келди…
Кўзининг пахтаси чиқиб кетган Танбал, кела солиб, мўйсафиднинг ёқасига чанг солди.
– Тур ўрнингдан! Ҳамма гапларимизни тинглаб турғон экансан-да! – деганча ердан даст кўтариб, тикка қилиб қўйди. Унинг юзида қон қолмаган, тинмай пишиллар эди.
Бобонинг ёқасини қўйиб юбормай, зуғум билан итобга ола бошлади:
– Гапир! Нималарни уқдинг? Сўзимизни пошшо бувинға сотуб, садақа оламен дедингму?
Негадир бобонинг қўрқувидан асар ҳам қолмади. Унинг қаршисида икки йўл турарди: бири бор эшитган гапни айтиб, умрининг қолган қисмини тақдир ихтиёрига топшириш, иккинчиси қутулиб кетиш учун ёлғон гапириш, ялиниш.
Бобо виждони кўрсатган биринчи йўлни танлаб фавқулодда дадиллик билан Танбалнинг чақчайган кўзларига тик боқди:
– Сўзларингизни ҳаммасини эшитдум… Темурийзодалардан нима ёмонлиқ кўрдингизким, бу болада шунча қасдингиз, адоватингиз бўлса! Бузуқ ниятингиздин қайтинг! Шайтонға ҳай беринг!..
Кутилмаган бу сўзлардан эсанкираб қолган Танбал:
– Ўчур унунғни, айғоқчи! Менга ақл ўргатма бошқа! Ҳозир-ўқ жонинғни суғуриб оламен! – деди ғазаб билан.
– Мен ёшимни яшаб, ошумни ошаб бўлғон одаммен! Ўлимдин нечун қўрқай? Қайтаға, шундайин улуғ айём кунлари ўлсам… – дея бир-икки силтаниб, унинг исканжасидан чиқиб кетмоқчи бўлди, бироқ, боёқиш бобонинг мадори етмади.
Аҳмад Танбалнинг бақувват панжалари борган сари чолнинг томоғига ботиб борарди…
Кекса хизматкор муқаррар ўлими олдидан бор кучини тўплаб яна бир нималар демоқчи бўлди, бироқ овози чиқмай қолди. Қотил шундан кейингина чолнинг томоғини чангалидан қўйиб юборди.
Узун Ҳасан шоша-пиша ёнидан дастрўмол чиқариб, тер босган башарасини артишга тутинди… Бутун вужудини қалтироқ босган Танбал жоҳилона нафрат кўзи билан тикилганча мурдадан кўзини ололмай қолганди…
Ҳаммаларининг нигоҳи беозоргина букчайиб қолган кекса хизматкорда эди.
Во ажаб! Маййитнинг серажин, нуроний юзида совуқлик аломатлари эмас, адолат қурбонларидагина бўладиган сокинлик зоҳир эди.
Узун Ҳасан билан Ҳасан Яъқуббек қўлларини очиб, худди бобога таъзия билдиргандек, омонатгина юзларига фотиҳа тортдилар… Бобонинг очиқ қолган кўзларига дош беролмадиларми, ёпиб қўйдилар-да, жасадини ҳужраси томон олиб кетдилар…
Қора гуруҳ тун ярмидан оққанда чорбоққа қандай келган бўлса, ўша тартибда, бирин-кетин қоронғи тун қаърига кириб ғарқ бўлди…

“Шарқ юлдузи” журнали, 2014 йил, 2-сон