Дилрабо Мингбоева. Яшил тушлар (ҳикоя)

Илк бор учратганимда у жуда таниш туюлди.
Боғда сайр этардим. Ям-яшил боғ худди меҳрибон онамга ўхшар, бағрида ўзимни гулдек ҳис этардим. Боғда расм чизиб ўтирган йигитнинг қўллари бўёқ, атрофида ғижимланган қоғозлар сочилиб ётар, ўзи ҳам ўша қоғозлари каби эди. У берилиб ишлаётганидан ёнидан ўтганимни илғамади.
Атрофидаги манзарага ҳайрат билан тикилар, синчиклаб кузатар ва яна қоғозга энгашарди. Суратга зимдан қарадим — ям-яшил боғ ўрнига ҳар хил ранглар чаплаб ташланган манзарани кўрдим. Бу мен учун ўтакетган бемаънилик эди. Хаёлидаги бўлмағур нарсаларни чизмоқчи экан, ҳар бир ниҳолга, ҳар бир япроққа мафтун бўлиб тикилишнинг нима кераги бор, дея ўйладим.
Аслида, ўшанда бир сўз демасдан кетсам бўларкан. Лекин шеърларимга айланган қадрдон дарахтларни хўрлашига чидаб туролмадим. Табиатни масхаралашга ҳаққи йўқлигини айтиб, уни сўқирликда айбладим. У эса:
— Нима? Ҳамма нарсани гўзал дегувчи, ҳақиқатни кўргани кўзи йўқ шоиралар тоифасиданмисиз? — деди киприк қоқмай.
— Сиз “Бу суратимда ҳақиқатни тасвирлаганман”, дея даъво қилаяпсизми? Мана, боғнинг ям-яшил бўлиб товланиб тургани — ҳақиқат! Ахир, бу гўзаллик бўлмай нима?
— Аммо сиз дарахтларнинг қалбини — орзу-умиди, изтироби, хўрсиниғи, шодланишини кўрмаяпсиз-ку? Бу ранглар уларнинг юрагини очиб бераётганини тушунмаяпсизми?
— Мен осмонга узоқ тикилиб тураман-да, ўзимни поклашга интиламан. Лекин сиз уни бақрайиб турган кўз шаклида тасвирласангиз керак. Қанақа ранглар ишлатишингизни эса, ақлимга сиғдиролмаяпман.
— Ҳали расм чизиб тураман ҳам, денг.
— Ҳеч қачон, — дедим асабий тарзда.
Аслида эса ҳамма нарсани одам шаклига ўхшатиброқ чизишни хуш кўрардим.
— Ҳа, осмонни бақрайиб турган кўзга, қуёшни қоп-қора қорачиққа ўхшатиб чизган бўлардим. Умуман, менга осмон эркин яшашим учун халақит беради. У хоҳлагандек расм чизишимга ҳам халал беради.
Йигит мен қадрлайдиган ҳар бир нарсани пучга чиқараётган эди. Кўнглим оғриб, кетдим.
У жуда таниш туюлар эди. Ҳамма нарсанинг аслини кўришга интилар, на ўзига, на рангларга шафқат қиларди. Борлиқни кўриб турганимиздан фарқли равишда тасвирлар, шунинг учун ундан қаттиқ ранжигандим. Мен ҳамма нарсанинг юраги борлигини тан олишни истамас, ҳақиқатга нисбий ҳол деб қарар, шеърларимда ҳам журъатсиз эдим. Менга романтика ёқарди. Шу тарзда яшаш, шу каби шеърлар ёзиш қулайроқ эди.
Ўшандан бери боққа чиққаним йўқ. Чунки энди дарахтларни ҳар хил рангда, якка-ёлғиз кўра бошлагандим. Осмон эса ўшандан бери бақрайиб қарарди. Бу кўз олдида дўстларимга қилган хушомадларим, кўзгу олдида узоқ ўтиришим, ўқиган китобларим, ёзган шеърларим учун хижолат тортардим. Мендаги бу ҳолат дунёдаги яна биргина одамга — ўша йигитга ҳам тегишли эканлиги таскин берарди.
У билан гаплашгим келди. Яна боққа бордим.
Ёнидан бепарводек ўтиб кетаётганимда:
— Мен ўз ватанимнинг суратини чизаяпман. Бу сизнинг ҳам юртингиз бўлиши мумкин, — деди туйқусдан.
— Биз битта жойда туғилган бўлишимиз мумкин эмас, — заҳарханда қилдим мен ҳам.
— Иккимизнинг ҳам ватанимиз битта — қоғоз. Ҳа, дарвоқе, сиз хориждан келиб қолгансиз-а…
Кулиб юбордим.
У айтган “ватан” бўроннинг сурати эди. Ундан:
— Нега ҳамма нарсага қаршисиз? — деб сўрадим.
— Сизга ҳам бу туйғулар бегона эмас, тўғрими? Лекин сиз уларни жиловлай оласиз, дунёни чиройли, яшноқ рангда кўра биласиз.
— Ўзимни жиловлай олганим учун эмас, қўрқоқлигим, шундай яшаш осонроқ бўлгани учун оламни гўзал кўришга ҳаракат қиламан.
— Тасаввур қилинг-а, бутун мавжудот қарийди, йўқ бўлиб кетади, бўм-бўш олам худди оппоқ қоғоз каби қолади. Шундай экан, чизишдан нима наф? Балки, ҳамма одамлар кўриб турганларини эмас, кўра олмайдиганларини чизиш-англатиш керакдир.
Унга шеърларимни ўқиб бердим. Шеърлар унга таниш туюлди. Унинг суратлари эса борган сари кўнглимга яқин, ҳатто ўзимникидек бўлиб борарди.
Биз узоқ суҳбатлашдик. Кейин менга устахонаси ҳақида гапириб берди.
— Кўринарли жойга суратингизни илиб қўяман.
— Суратимни чизмагансиз-ку, — дедим.
Шу кундан бошлаб у лола расмини чиза бошлади.

* * *

Мен энди журъатли эдим, у ҳам баъзан суратларида яшил рангдан фойдаланарди.
Бир куни уни боғдан тополмадим. Кейинги кун яна…
Қидириб ҳар куни боққа чиқаман. Фасллар алмашди, йиллар ўтди. Уни кўриш умидидан эса воз кечолмадим.
Устахонаси ҳақидаги гапларини эслаб, қидиришга тушдим. Таниган-танимаган рассомларнинг устахонасига бориб, уни излаб йилларимни елга совурдим.
Ниҳоят, уни устахонасида топдим. Қўллари бўёқ, атрофида ғижимланган қоғозлар сочилиб ётар, ўзи ҳам ўша қоғозлари каби эди.
Ўтиришга таклиф қилди. Мулозамат кўрсатди, нозу неъматлар билан сийлади. “Сиз соҳибжамол қиз экансиз”, деди. Шунда унинг мени танимаётганини сезиб қолдим. Йигит хушмуомала, сермулозамат, донишмандларга хос қиёфада ҳаётдан миннатдор эди. Мен бирор сўз деёлмай, ажабланиб боқардим, холос.
Кейин суратларини кўрсатди. Деворга осилган ягона суратда оддийгина қизил лола тасвирланган эди. Бу сурат ярим йил олдин чизилганини айтди. Мен эса уни излай бошлаганимга етти йилдан ошди. Рассом дарахтларни яшил рангда, осмонни ҳаворангда, юртини бетон уй шаклида, қуёшни порлаб турган ҳолида — ҳамма нарсани қандай бўлса, шундай тасвирлаганди. Шунда билдимки, у бегона эди. Кетдим. Йигит кимлигимни билмай, ташрифимнинг боисини ҳам тушунмай, ортимдан жилмайиб қолди.
Ҳамон уни тушларимда кўраман, ҳар сафар эҳтиётсизлик қилиб яшил бўёқни тўкиб юборади…