Дилфуза Ўрол қизи. Ширинлик (ҳикоя)

– Тўсатдан тап этиб ўлиб қолишдан бемаънироғи бўлмаса керак. Биринчидан, бу дунёни тарк этганингни англагунингча бўлмай, беҳимоя, ожиз ва забун танангни оборишади, кўмишади-келишади. Ҳамма сенинг ғамингда адо бўлган, йиғлаган, бевақт ташлаб кетдинг деган, тобутинг ортидан хавотиру ғуссага тўла нигоҳлар, ерга қадалган кўзлар оломони эргашган. Шундай пайтда турсанг-у, ҳаммани ҳар ёққа тирқиратиб ҳайдаб юборсанг. Эндими, десанг, мени билиб, менга куйиб қолдиларингми десанг! Бу икромингни обор энди, десанг! Ўзи тўғри айтишган, ўлимдан кейин ҳаёт борми, деб сўрашганда, сен ўлимга қадар борми деган саволга жавоб бера оласанми? Йўқликдан яна йўқликка қараб кетасан-у, барибир, ҳеч бўлмаса етти кун сенинг мавжуд бўлганингни исботловчи амаллар амалида қолаверади. Бу ёғи энди маъракаларинг бошида турганларга боғлиқ. Аммо уларга ҳам ишонч йўқ. Кўзларини тупуклаб туришгани билан нечтасининг нияти мана шу тўрт хонали уйни қандай қилиб ўзиники қилиб олишда! Билмайдики, билишмайдики… – жаврарди кампир.
Шунчаки, ўз-ўзи билан гаплашгандек сўзлаётгандек бўлса-да, аллаким, кўринмас кимларгадир қарата намойишчилар сардори каби бақирарди, киши билмас, ҳатто ўзи ҳам пайқамай бақирарди кампир… жимгина, сунъий тишларини ғийчиллатиб…
Унинг бу қадар ловуллашига, юраги қота-қота ғадирланиб кетишига қарамай, дунёга нисбатан алам-адовати ҳар қанча маддалаб кетган бўлса-да, тан олмасликнинг иложи йўқ, барибир нимагадир тўймасди ҳаётда. Сўнгги нимагадир. Гарчи сўнгги бўлса ҳам. Шундай экан, ҳеч бўлмаса, манави эзилган мандариннинг нордонгина таъми учун ҳам яшаганга не етсин?
Кампир ошхонага ўтиб, тартиб билан терилган ликопчаларнинг энг кичкинасини олди-да, ўша мандаринни сўлакайлари оқиб кетаётганига қарамай шошмасдан, ҳафсала билан, қўлларининг қалтирашини пайқамасликка, буни тан олмасликка уриниб арчди. Атрофга меванинг пўстлоқлари шилинишидан зарра-зарра сабзи ранг томчилар сачради. Серсувгина, бироз сўлғинлиги анчагина таъм берган мева тилимчаси лунжини суюқ мазага тўлдириб юборди. Кампир роҳатланиб, ғулқ этиб ютинди. Ютинди-ю, аммо бўғилди. Кўзларига жиққа ёш келди. Қулоқлари остида ўша аёлнинг шанғи овози жаранглади:
– Илоё сан ўлмагин, ўлмаслар бўлгин, ўлмай қийнал!!!
Қанча экан улар? Унинг мана шундай ўлмай юргани малол келаётганлар? Биттами ё мингта? “Унчаликмасдир-ов, Сталинмидимки…” – ўйлади кампир яна киноя билан.
Кампирнинг эмас, онасининг шу одамдан алами бор эди. Сўнгги кунигача шуни қарғади.
– Отангни оттирди, – дерди онаси доим. – Сенинг отингни Марлен қўйдирган отангни-я! Ўшанда исмингни эшитган борки, отангнинг устидан кулганди, уни телбага чиқарганди, аммо ақлли одамлар отангнинг соя­сига кўрпа тўшар эди. Қишлоқдагиларнинг тили келишмай Майрам деб аташди. Отанг уларни сўкарди. Қизимни ўз оти билан атанглар, бу большевик бўлади, дерди.
Кампир аянчли илжайди. Отаси орзу қилганидек ҳам бўлди. Аммо ота бу кунларни кўрибдими, Сибирнинг аллақайси ўрмонларида қашқирларга ем бўлиб кетди-ю…
Отаси жуда келишган одам эди. Марлен эса онасига тортган, кулча юзли, бўйлари ҳам унча баланд бўлмаган, сочлари туссизгина қиз бўлиб ўсди. Отаси қизини ҳаддан зиёд яхши кўрарди. Бир сафар қизча қаттиқ шамоллаб қолди. Иситмаи оташ бўлиб ёнди. Отаси мажлисдан тунги учлардами келган экан, қизидан хабарлашай деб кирса, Марлен лов-лов ёниб ётибди. Элас-элас ёдида: отасидан чарм ва тамаки ҳиди таралгани. Кейин ҳаммаёқ оппоқ бўлиб кетгани… Бир вақт чанқаб уйғонди. Лабларига сув тутишди.
– Оч қолдим, – ҳиқиллаганди ўшанда. – Қулупнай егим келаяпти… – алаҳсираганди чоғи.
Аммо ташқарида кеч, серёмғир, шилта куз. Эртасигами, отаси яна мажлисдан, яна жуда кеч қайтди. Қизчанинг асли одати шу. Тунги икки ё учда қисталибми ё алаҳлабми, албатта, батамом уйғонади. Бу палла – қизча бир уйқуни оладиган, отаси ишдан этикларини гурсиллатиб, ҳориб кириб келадиган пайт. Ўша кун ҳам отаси келиб, остона ёнида турган эски сандиқнинг устига ўтириб этигини ечди. Онаси шип-шип чой-нонига уннади. Човгумда чой шиғиллай бошлагунга қадар отаси келиб, касалликдан ҳолсизланиб чала уйқуда ётган қизининг пешонасини силади. Қизча таниш ҳиддан ялт этиб кўзларини очди.
– Отажон?
– Мен сенга қулупнай опкелдим, Марлен, мана, қарагин, – отаси чўнтагини узоқ ковлаб, у ердан бир попукқанд чиқарди. Бунақасини Марлен улар райқўмда ишлайдиган Сотим амакилариникига борганда кўрган. Рангдор қоғозга ўралган бу ғаройиботнинг нима эканлигини тушунмагани учун унга ўрамини арчиб, қўлларига тутишганда ҳам ейишга жазм этолмаган. Кафтида маҳкам сиқимлаб олган ширинлик бирпасда чилпиллаб эрий бошлагач, қизча ижирғаниб, амаллаб уни хонтахтанинг тагига ташлаб, оёғи билан ичкарироққа сура-сура, ширадан худди кир бўлиб қолган каби кафти, бармоқлари бир-бирига чип-чип ёпишаётганидан нима қилишни билмай қўлларини кўйлагининг этагига артмоқчи бўлган, аммо кейин кафтида бирпасда қотиб қолган ширани кетказиш учун бармоқчаларини ёйиб, дадасига билдирмай, бу ёпишқоқ нарсадан тезроқ қутулиш учун беихтиёр бармоқларини ялаб олгандагина унинг таъмини билди. Шундагина у ўша, аллақандай мушукча сурати туширилган қоғозга ўралган нарса ширин эканлигини пайқаб қолганди. Бу унинг ҳаётидаги биринчи конфети эди. Шундай нарсани хонтахта тагига, одамларинг оёғи остига ташлаб юборганидан афсусланди, аммо қайтиб дастурхондан яна битта попукқанд олишга журъати етмади. Бугун эса отаси худди шундай қанднинг қип-қизил қоғозга ўралганини кўрсатиб, жилмайиб турарди. Қизча уни очиб, апил-тапил оғзига солди. Талхир танглайи ҳеч бир таъм сезмади. Шунга қарамай, у тошдек қаттиқ бу қандни шимий-шимий ухлаб қолди.
Шу кундан кейин у қайтиб отасини кўрмади. Онаси аввалига жинни бўлиб қолаёзди. Қизини қўшниларига ташлаб, қаёқларгадир кетар, сўнг кўзлари йиғидан шишиб келар, мунисгина, муштипаргина аёлни энди таниб бўлмас, унинг қорачиқлари телбавор гир-гир этар, томоғининг четидаги кўк томири мудом лўқ-лўқ тепиб турар, ҳеч кимни эшитмас, ҳеч нарсани идрок этмасди. Кейин онаси бирдан худди шоқолдек увиллашга тушарди. Марлен йиллар ўтгачгина билди. Ўшанда онаси эрининг ноҳақ қамалганини исботлаш учун идорама-идора югурган. Кимларга ялиниб-ёлвормаган, аммо эрини қайтиб кўролмаган экан. Шу кўргиликлардан кейин онаси ҳам кўпга бормади. Уни эса болалар уйига жўнатишди. Душманнинг боласи экан-да, қарангки, Марленнинг бирорта ҳам қариндоши чиқмади. Кимнинг ҳам ўз бошини кундага тутгиси келарди. Кейин… мана, ўлмади, ўқиди, ишлади, ҳатто турмуш ҳам қурди… Фақат…
Марлен хола кўзойнагини топиб, телевизорни қўйди. Кино беришаётган экан. Оловиддин ҳақида шекилли? Ҳа, ўша.
– Мен чироқнинг қулиман, лекин сенинг дўстингман! Мен сенинг дўстингман, лекин чироқнинг қулиман… – дўрилларди дев.
– Қулмисан, дўстмисан? – бетгачопарлик билан жириллади хушсурат Оловиддин асабий ҳолда.
– О-о-о-о-ҳ-ҳ-ҳ….
Дев бу ҳаққоний саволга не деб жавоб берарини билмай бир жойда чаппор уриб қолди. Зериккан кампир телевизор пультини “чирқ” этказиб, бошқа каналга ўтди. “…аъло ўқишга сўз бераман”, қарсиллаб ваъда берарди жамалаксоч қизалоқ. Унинг нимасидир Заҳрога ўхшаб кетарканми? Ҳа, кулгичиям бор, ана. Фақат бироз ёши каттароқдай. Аммо телевизор одамни қари кўрсатади. Буни у яхши билади. Йўғ-е, нимага Заҳродан катта бўлсин? Уни туққанига қирқ йилдан ошмадими? Заҳро… Заҳрогинаси… кун кўрмай кетган болам…
“Илоё сен ўлолмай ўл, сира ўлма, ўлолмай ўл!!!” – шанғиллади яна қулоғи остида ўша овоз. Уф-ф… Ўша тушунтириш хатини барибир ёзиш керак. Ҳеч бўлмаса директор боланинг юз-хотири учун. Шу йигитнинг нимасидир отасининг ёшлигини эслатади. Уни кўрса кўнгли ийиб кетади. Шунинг учун унинг бу илтимосини ҳам рад этолмаганди.
– Марлен Сафаровна! Очиғи, мен ҳам сизнинг бундай қилганингизга… сира ишонгим келмаяпти. Аммо мактабда шундай ҳодисаларнинг бўлиши шаънимизга яхши гап эмас. Билмадим, балки сизнинг олдингизда ёшлик қиларман, лекин шу соҳада ишлаётганимга ҳам ўн йил бўлиб қолибди-ю, ҳали бунақасига дуч келганим йўқ. Шу машмашаларга янги чиққан, ўринсиз анъаналарнинг кўпайиб кетгани сабаб бўлаётганини ҳам тушуниб турибман. Шунга қарамай… – директор столи устидан қоғоз-қалам олиб, кекса муаллима томонга суриб қўйди. – Хуллас, сизнинг ҳам, менинг ҳам шу даргоҳда қолиш-қолмаслигимиз сиз ёзиб берадиган тушунтириш хатига боғлиқ. Ахир, бу ғавғо бошқармагача етиб борибди. Изза бўлдим. Лекин барибир сизни хафа қилдириб қўйгим йўқ. Шундан келиб чиқиб…
Марлен тушунади. Ҳозир кимга қийин, раҳбар зотига қийин! Нимаям қилсин бу шўрлик? Тамом, ишончни оқламадингиз, энди туёқни шиқиллатинг, демаяпти-ку! Нима бўлганда ҳам педагог-да! Ҳа, майли, шу бола учун ёзса ёзибди-да. Бошга келганни кўз кўради!
– Ёзаман, ёзаман, – тинчлантирди директорни. – Фақат уйда, майлими, батафсил, яхшилаб узр сўраб…
– Э-э, батафсилингизни ким ўқиб ўтирарди? Қилган ишим учун узр сўрайман, бошқа қайтарилмайди, денг-қўйинг, – бетоқатланди бошқа ташвишлари ҳам тўлиб-тошиб ётган директор.
Аммо, айтганида туриб олмаса, Марлен Марлен бўлармиди?
Хола уйига келгач, тамадди қилиб олди, кейин катта, юмалоқ, ҳозирда қаншарига оғирлик қилиб бораётган кўзойнагини тақиб, болаларнинг диктант дафтарларини текшириб, баҳолаб чиқди. Кейин тартиб билан китоб-дафтарлар териб қўйилган ёзув столига ўтириб, оппоқ қоғозга қитирлатиб тушунтириш хатини ёзишга тутинди ва… қўллари қалтирамаётганини пайқаб, мийиғида жилмайиб ҳам қўйди.
“Чистосердечное признание”… Кейин бир зум бу сўзнинг ўзбекча талқинларини излаб, ўйланиб қолди. “Чин юракдан тавба”ми, ё “соф виждонан иқрор?” Унисиям, бунисиям расмий хатга тўғри келмайди. Қолаверса, ундан тилхатни айнан ўзбек тилида ёзилишини талаб ҳам этишгани йўқ. Яна жиғибийрон бўлди. Ёзгиси келмаётганди. Лекин шуни ёзмаса, бу аёллар керак бўлса судлашишгача боришади. Кимга зарил ундай ғавғо? Хуллас, ўзининг ҳуснихатида бор гапни қоғозга тушира бошлади:
“Биласиз, умримнинг қирқ йилдан ортиқ даври ўқитувчиликка сарфланди. Илк бор менинг қўлимдан биринчи ҳарфларни ўрганиб кетган болаларнинг кўпчилигини ҳозир эслолмайман ҳам. Умуман олганда, менинг вазифам – ўқитиш ва болаларни саводли қилиш экан, ҳеч иккиланмай ва уялмай айта оламанки, мен шу чоққача бу бурчимни виждонан ва ҳалол уддалаб келдим. Чунки мен ўқитган синфнинг болалари ҳеч қачон қолоқ бўлишмаган, бунга журъат ҳам қилишолмаган. Чунки уларни бошиданоқ шунга ўргатиб, кўникма ҳосил қилиб келганман. Балки шунинг учундир ёхуд ҳозирда бошланғич синф ўқитувчилигига асосан тажрибасиз, ўқув юртини зўрға тугатиб, ўлганининг кунидангина мактабда бирор йил дарс бериб, турмушга ёки декретга чиқиб кетаётган муаллима қизларнинг яхши натижа кўрсатолмаётганиданми, пенсияда бўлишимга қарамай, директор, барака топсин, менинг мактабга чиқиб, болаларга сабоқ ўргатишимни илтимос қилиб қолди. Директорнинг таклифига рози бўлдим-у, ўқув йилининг бошидан битта биринчи синфга раҳбарликни олдим. Ҳаммаси худди илгаригидек эди. Нафақат синфимдаги, балки мактабдаги барча ўқувчилар менга кўзи тушиши билан бирдан жимиб қолишар, одоб билан саломлашишар, агар китоб-журнал кўтариб келаётганимни кўришса, дарҳол олдимга югуриб келиб, қўлимдан олишга, кўмаклашишга шошишарди. Сизнингча, ўқувчиларим фақат қаҳримдан қўрққанидан дарсларимни жим тинглашармиди? Йўқ! Аслида жимлик сақланган, интизом бўлган жойда сабоқ ҳам болаларнинг қулоғига қўрғошиндек қуйилиб боради.
Бундан уч кун олдин дарс вақтида эшик тақиллаб қолди. Доскага янги ҳарфни ёзиб кўрсатаётгандим. Бўр билан охирги нуқтани қўйиб бўлдим-да, шошилмай бориб эшикни очдим. У ерда ёши ўттиз-ўттиз бешларда бўлган бир йигит қўлида ка-аттакон торт ушлаганча кулиб турарди.
– Ассалому, алайкум Марлен Сафаровна! Кечирасиз, устоз, сизни бе­зовта қилдим… – узр сўради йигит хижолатпазлик билан.
Унинг “устоз” деганини эшитиб, алланечук бўлиб кетдим. Наҳотки, собиқ ўқувчиларимдан бири бўлса, ўйладим ўзимча. Мени ҳам ўқувчиларим йўқлаб келар экан-да? Очиғи, ҳеч кутмагандим. Ахир, шу чоққача мактабда ўтказиладиган охирги қўнғироқ тадбирларидагина биринчи сабоқни ўргатган ўқувчиларим рамзий ва расмий тарзда мени табриклашар, шу билан қайтиб йўқлашмас, мен ҳам уларнинг бирортасини эсламасдим. Вазифам ўқитиш экан, бажардим. Уларнинг иши ўқиш экан, ўқишди – тамом-вассалом. Аммо қаршимдаги йигитга меҳрим жўш уриб кетди. Қўлидаги тортга қараб эса, бутунлай кўнглим ёришди. Унга миннатдорчилик билдириш учун: “Кечирасиз, сизни ҳеч эслолмай турибман, қарибман чоғи”, – дея хижолат бўлгандим, йигит дарҳол ташрифининг асл сабабини тушунтирди:
– Ўқувчингиз Шерзод ўғлим бўлади. Бугун унинг туғилган куни эди. Ўшанга мана бу тортни ўртоқлари билан ейишса, болалар хурсанд бўлишса, деб олиб келгандим. Илтимос, устоз, сизга хизмат бўлмаса, танаффусда болаларни бир меҳмон қилсангиз.
Жуда ёмон аҳволга тушдим. Ўз-ўзимдан ҳам кулгим келар, ҳам жаҳлим чиқарди. Бу ота-оналарга нима бўлган ўзи? Биргина туғилган кун учун нафақат боласининг, балки унинг жинқарча дўстларининг ҳам кўнглини олиш учун нималарни ўйлаб топишмайди? Лекин уларнинг кўзини очиб, ҳарф танитаётган ўқитувчисига аввало бир оғиз раҳмат айтиш хаёлига келса-чи! Ҳа, майли, таъмагир бўлмай. Байрам бўлса, байрам экан-да!
Синфга кириб, тортни столим устига қўйдим. Тортга кўзи тушган болалар бирдан ғимирлаб, шивир-шивир қилишга тушишди. Шу пайт қўнғироқ жиринглади. Менинг синфимдаги бирорта ҳам бола рухсатимсиз танаффусга чиқиб кўрмаган. Шу боис улар пичир-пичир қилишганча менга термилиб туришарди.
– Болалар! – дедим уларни кўп интиқ қилгим келмай тантанавор тарзда. –­ Бугун синфдошингиз Шерзоднинг туғилган куни! Ҳар доим ана шундай ақлли, одобли бола бўлсин! Мана бу торт эса бизга экан. Қани, Назокат, ёнимга кел, – деб синфбошини чақирдим. – Болаларни санаб чиқ-да, нечталигини менга айт. Мен тортни шунча бўлакка кесаман, сен эса энг охирги партадан бошлаб ҳаммага тарқатиб келавер.
Шивир-шивирлар бир зумда қувончли гувирлашга айланди. Назокат – фаросатли қиз. Биринчи ликопчани менинг олдимга қўйди, “устоз, аввал сизга”, – деди дадил эркаланиб. Сўнг қизлардан бири унга кўмаклаша бошлади. Болаларнинг қўлига торт текканлари уни ейишга тушишган, навбати келмаганлар бетоқатлик билан ўз тегишларини кутишарди. Мен ҳам тортмамдан кумуш қошиқчамни чиқариб, тортдан кесиб олиб, едим. Ажойиб! Қулупнай шарбати сингдирилган. Бир четда, болаларни ўз ҳолига қўйиб секин-секин ширинликни тановул эта бошладим. Синфни қандайдир ажойиб, шукуҳли шивир-шивир ва қиқир-қиқир овозлар босган эди. Болаларнинг янаям эркинроқ бўлишлари учун дераза томонга ўтиб, синфга орқа ўгириб олдим.
Шу пайт болалардан кимдир: “Назо, бир бўлаккина қолди, бошқаларга етмай қолмасин”, – деганини эшитдим. Ортимга ўгирилганимда эса Назокат сўнгги бўлакни, яъни ўз улушини олиб, партасига ўтиб кетди. “Устоз, бизга бермадиз-ку-у”, – деб қолди бир қизалоқ. Ие… Қарангки, рўпарамда, биринчи партада ўтирадиган Зилола ва Бунёд деган болаларга шошилинчда торт етмай қолибди. Бошим қотди. Болалар иккита бўлса, торт эса аллақачон бўлиб берилган. Бунинг устига ўзим еяётган тортдан ҳам фақат кремигина қолган. Қитмирлигим тутди. Чунки кайфиятим хуш эди. Умуман, камдан-кам ҳоллардагина ўқувчиларим билан ҳазиллашаман.
– Э, силар торт еб нима қиласилар ўзи, – дедим пинагимни бузмай. Ликопчамда қолган кремларни йиғиб, оғзимга соларканман, дедим: – Ана энди биз мана бу-ундай қилиб еймиз, сизлар томоша қилиб ўтираверинглар.
Синфдаги болалар гуриллаб кулиб юборишди. Зилола ва Бунёднинг боши эгилди. Кейинги дарсга қўнғироқ чалинди.
Эртасига бир барваста аёл шитоб билан хонага бостириб кирди-да, биринчи партада ўтирган Бунёднинг партасига тап этказиб битта торт, иккита “Кока-кола” қўйди. Сўнг синфдаги болаларга юзланиб, шундай деди:
– Ана энди сизлар қараб турасилар, Бунёд билан Зилола торт ейди. Ҳе, уятсизлар, битта арзимас тортни ўз ўртоқларингга раво кўргиларинг кемадими? Одамни қадри бир оғиз ширинликдан кам бўлдими? Кеча шуларга торт бермай, қанча калака қилганларинг учун ўзларингни айбдор сезмайсиларми? Қани, ўзларингни ҳам бир кўрайлик-чи, ҳозир Зилола билан Бунёд силарга бермай, торт ейди, силар қараб туринглар.
Аёлнинг туришидан, гапи, хатти-ҳаракатидан кечаги воқеага шаъма қилаётгани билиниб турарди. Мен унга бир оғиз нимадир десам, шу билан ўқувчиларнинг олдида мени юмма талаб ташлашга тайёрлигини сезиб, индамай туравердим.
Кейин билсам, кеча болалар уйига етгунча Бунёдни “Торт ейсанми?” – деб мазахлаб боришибди. Зилола эса ўша кун йиғлаб, уйида роса тўполон қилибди: “Аяжон, айтинг, менинг бошқалардан нимам кам? Нега устоз менга торт бермади? Санга ўхшаганлар торт емайди, деганими бу? Ахир манам “аъло”га ўқийман-ку!” – ва ҳоказо… ҳоказолар…
Бунёднинг онаси менга нафрат билан қараб, чиқиб кетаётганда, йўлакда яна шовқин-сурон эшитилди.
– Қўйворинг, – қичқирарди бир аёл. – Мен ўша уятсиз муаллиманинг юзига қараб, айтишим керак! Болаларни хўрлашга нима ҳақи бор унинг? Нега синфдошларини менинг боламга қарши гиж-гижлайди? Ўша лаънати торт етмай қолган экан, буни болага тўғриликча тушунтирса бўлмайдими? Ўзи ёш боланинг олдида кўз-кўзлаб егани етмагандек, нега яна уларни камситади?
Бу Зилоланинг онаси экан. Бу хотин ҳам худди Бунёднинг ойисига ўхшаб мен билан ёқалашгани келибди. Уларни директор, илмий ишлар мудири амаллаб ўқитувчилар хонасига олиб кириб кетишди. Бирпасдан кейин мени ҳам чақиртиришди. Аёлларнинг униси у деди, буниси бу деди. Хуллас, болалар мендан Азройилдан қўрққандек чўчишармиш, уларни қандай усуллар билан бунчалик зириллатиб олганимни бир Худо билармиш, шу сабабдан менинг масалам педкенгашда кўрилиши керакмиш…
Директоримиз аёлларга менинг энг яхши ўқитувчилигимни таъкидлаб, болаларнинг гап-сўзига учиб, мактабга жанжал қилиб келиш сира одобдан эмаслигини тушунтираркан, ора-сирада менга қараб: “Илтимос, Марлен Сафаровна, фақат сиз асабийлашманг. Ахир тушунасиз-ку”, – деб узр сўраса, аёлларнинг баттар жаҳли чиқар, “бу хотин директорни ҳам бураб олган”, – дейишарди. Ниҳоят тоқатим тоқ бўлди.
– Хўш, мақсадларинг нима? – сўрадим хотиржам. – Бу ерга шунча ғавғо қилиб келиб, одамларни ишдан қолдиришларингдан мақсад нима?
Аёллар бир зум жимиб қолишди.
– Ҳозироқ, – деди шунда Бунёднинг онаси. – Бутун синфнинг олдида болаларимиздан кечирим сўрайсиз!
“Аҳмоқ хотин!” – дедим ичимда. Ўлай агар, кулгим ҳам келди. Сўнг қатъий дедим:
– Қўлингдан келганини қил. Мен кечирим сўрайдиган иш қилганим йўқ!
– Унда, – кўзлари ёниб саннади аёл. – Менга деса, ўлиб кет!
– Йўқ, бу киши ўлмасин, илоё узоқ яшасин! Шундай узоқ яшасинки, шу болагиналар катта одам бўлган кунларга етсин. Ана шунда улар кичкиналикларида бор-йўғи бир бўлак торт туфайли ҳаммага калака қилдириб қўйгани учун шунинг юзига тупуриб ўтишсин! Илоё, ўлолмай ўл! – қарғади Зилоланинг онаси.
Шундан буён бу аёлнинг шу сўзлари қулоғим остида жаранглайди.
Мана шунақа гаплар. Ҳозир бу хатни сизларга уйда ёзаяпман. Қон босимим ошибди. Даволанаяпман. Аммо энди барибир ишга чиқмас эканман, нега кечирим сўрашим керак? Директор мени кечирсин, йўқ, тўғри тушунсин. Умуман, арзимас жанжални деб болаларни ташлаб кетиш ҳеч ҳаётимда бўлмаган эдику-я, аммо билиб турибман, бу гал менинг бунга кучим етмайди. Чунки энди ўлмаслик учун ҳаракат қилишим керак. Нега дейсизми? Қани, ўша қарғиш амалга ошармикин, шуни билиш учун. Қани, ўша менинг юзимга тупуриши керак бўлган болалар бир кун келиб ота-онасининг ҳам бетига туфламасмикин?
Мени ноҳақ хафа қилишди, демоқчи эмасман. Фақат бир нарсага тушунмайман. Биз ҳаётнинг не-не қаҳр-зарбини жимгина, индамай ютамиз-у, баъзида ўша ютувлар ичимизда бижғиб ёта-ёта арзимаган сабаб туфайли бирдан портлайди. Шунда ҳаммани босамиз, янчамиз, йўқ қилиб ташлагимиз келади. Менинг бу болакайларда ҳеч бир аламим ё қасдим йўқ эди. Шунчаки ноўрин паллада айтилган бетайин бир гап нохуш мазмун касб этиб кетди. Менга ўлим, яъники умр тилаб ётган аёлни яхши биламан. Эри ташлаб кетган. Унинг кўзига мен ўша бевафо, боласининг алиментини тўламай, кўчаларда “Нексия”сини вағиллатиб ҳайдаб юрган эри бўлиб кўрингандирман-да, бўғиб қўйишга етгулик шашти бор эди. Уни ҳам тушунаман. Чунки бевалик нималигини мен яхши биламан. Етим эдим, бева қолиб, иккинчи карра етим бўлгандим. Шунинг учун мен ўзимни худди бошқалардек бекўст ҳис этишим мумкин бўлган битта жой – болаларнинг бурунларини “шўрқ-шўрқ” тортиш сасларию, пичир-пичирларига тўла шу синфхоналар, доска билан латта эди. Шундай экан, мен ўзимнинг шу ҳудудимда қатъий ва шафқатсиз бўлсам мумкин эмасми? Ҳаёт шундай эканки, даданг доим ҳам сенга ширинлик олиб келмаслиги мумкин, аммо вақти-вақти билан, талхирлиги оғзингда бир умрга етгулик бемаза таъм бўлиб қолишига қарамай, тақдиринг тўсатдан ҳадя этган луқмасини тотмай иложинг йўқ. Ахир бу ҳам бир насиба-да. Менинг насибамда бир томчи сиёҳ томмаган, оппоқ қоғоз каби тоза бўлиб келган ўқитувчилик фаолиятимда шундай синов ҳам бор экан, уни бемалол, ҳеч бир фожиасиз қабул қиламан. Гарчи бундан буён мактабга қайтиб чиқмаганим сабабини ўша аёллар: “Болаларимизни мазах қилган Марлен Сафаровнани ишдан олдириб ташладик”, – деб тушуниб, керилаверишсин. Аммо барибир ҳеч кимдан кечирим сўрамайман! Ҳеч кимдан!
Марлен ёзганларига нуқта, сана, имзо қўйгач, тилхатни қайта ўқиб ҳам кўрмади. Дераза томонга термилганча қолди. Токчада Заҳронинг расми доимгидек унга кулиб қараб турарди.
“Дугонамнинг туғилган кунига кетаяпман”, – деганди ўша куни у эмранибгина.
Ҳа, шундай деганди. Рухсат берасизми, борсам майлими эмас, кетаяпман деди. Тугма қадаб ўтирган онанинг жаҳли чиқди. Қизини қанчалик яхши кўрмасин, барибир унга нисбатан қаттиққўл эди. Аммо кейинги пайтларда қизи унинг бу қаттиқлигини унчалик писанд қилмай қўйганди. Қиқирлаб кулиб, шартта унинг бўйнидан қучоқлаб олар, Марлен бир зумда эрирди-қоларди. Ҳозир ҳам шу найранг ишлатилишини билса-да, барибир қизини тергай кетди.
– Ҳеч қаёққа бормайсан! Дарсингни қил-да, ўтир!
Бу сафар қизи индамай келиб унинг бўйнига осилмади. Юзига тик қараб тураверди. “Ўзиз бирор марта туғилган кунимни қилиб берганмисиз? Яна бошқаларникигаям қўймайсиз… Ахир синфимиздан ҳамма боряпти-ку”, – деди йиғламсираб.
– Нима бўпти? Ҳамма қилган нарсани қилишинг шартми? Кейин… дугонангнинг уйи узоқда, дарё лабида. Хавотирланаман, қизим.
“Қизим” дегани ҳамон Заҳро югуриб келиб уни қучиб, чўлпиллатиб юзларидан ўпди “А-а, демак борсам бўлаверади, а? Хавотирланманг, дарёнинг яқинигаям йўламайман. Нима совға олай? Китоб, а? Барибир китоб яхши. Ҳозир, мана”, – қиз шошиб жавонни титкилади.
– Топдим! Манави китобни оламан. “Йўқолган дунё”. Яхши-а? Кетдим, кетдим, ойижон! Ҳали Дурдонага дастурхон тузатишга ҳам ёрдамлашворишим керак.!
Сўнг бало-қазодан қочгандек, ҳатто мактаб формасини ҳам алмаштирмай чопқиллаб кетганди Заҳрогинаси. Сочларига тақилган ленталари, атиргулга ўхшаш оппоқ ленталари бир лип этди-ю, дарвоза ортида ғойиб бўлди. Кейин дарёдан биринчи бўлиб ана шу ленталарини топишди. Ўзи эса кейинроқ топилди. Унинг оёқлари сув ўтларига ўралиб қолгани учун оқиб кетмаган, аммо шафқатсиз сув ўтлари оқиб кетишдан асраб қолгани баробарида сув юзига қалқиб чиқишига ҳам халал берган экан.
Ўшанда Марлен бир томчи ҳам кўзёши тўкмаган, аммо туғилган кунини нишонламоқчи бўлган Дурдонанинг онаси додлаб йиғлаган эди: “Атиги бир челак сув, қизим, югуриб бир челак сув олиб кел, дегандим! Мана, болаларим кечаю кундуз шу дарёдан сув ташийди, кечаю кундуз! Тилимга тирсак чиқса бўлмасмиди шу қизга иш буюргунча?”
Назарида ўшанда бу аёл унга қарата: “Ҳе, ўл, қизингни шундан шу ёққа юборгандан кўра, унга кўзим учиб турганмиди? Бошимизга шу бало керакмиди!” деётгандай туюлган. Аммо ўзи-чи, нега ўшанда ўзи ҳам: “Сенга менинг қизимдан бошқа хизматкор топилмадими? Ўйламай-нетмай ёш болани дарёга жўнатасанми? Хўп, ўзингникидан-ку қўрқмас экансан, ахир бу бировнинг омонати, демадингми?” – демаган бўлса-да, кейин минг-минг бор, ичида, кечалари из-из йиғлаган пайтлари, бўғилиб, бўғриқиб, кимни, нима деб саннаётганини ҳатто ўзи ҳам тушунмай айтди. Аммо ўшанда эмас! Кечаги аёллар эса… Балки улар ҳақдир? Она бўлгач, боласини ҳимоя қилиши керак-да. Фақат…
Заҳрони тупроққа топширгач, қишлоғидан умуман бош олиб кетди. Шундан буён ёлғиз эди. Шундан буён ёвуз. Аммо бировга тиламади бундайин қисматни. Иш овутди уни, ана шу мишиқи болакайлар юпантирди. Улғайишгач, уни ҳеч қачон эсламайдиган, йўқламайдиган, аммо ундан олган сабоқлари туфайли ҳаётда бошқаларга нисбатан камроқ қоқиладиган болалар…
Ич-ичидан увилларди бу нафрат, одамларга, хотинларга, бу дунёга наф­рати. Лекин билдики, аслида фақат болаларнинг юрагида йилтиллабгина қолган заиф бир туйғу туфайли, оналикми деган, қизигами насиб этмай кетган ёки ўзи бир пайтлар ололмай қолган бир ҳис билан севиб келган, аммо сира буни сиртига чиқармаган экан. Бу ҳисни у мана энди, бой бериб бўлгандан кейин билди. Уйининг бир-биридан озода тўртта хонасини ҳам мандариннинг хушбўй иси гуркираб тутиб ётар, кампирнинг кўзлари эса юраги каби ҳувуллаган, қуп-қуруқ эди.

“Шарқ юлдузи” журнали, 2015 йил, 4-сон