Дилфуза Ўрол қизи. Башорат (ҳикоя)

Қизалоқ буррогина эди, ўз исм-шарифини жуда яхши кўрарди, бу ном билан ғурурланарди. Шу боис уйларига бирор-бир меҳмон келадими ёки кимдир саволга тутадими, исминг нима деб сўрашса, бас, қошларини кериб, иягини бироз олдинга чўзарди-да, дона-доналаб, худди шуни ҳам билмайсизми дегандек таъкидлаб, “ма-а-ан Азиза Азизхўж-жаеваман”, дерди. Азиза дадаси, аясидан ташқари Асрор тоғасининг ҳам эркатойи эди. Асрор ҳамма талабалардек озғинроқ, пўримроқ, билмаган нарсаси йўқ, қизлару ўйин-кулгидан кўра телефони ва компьютерини чиқирлатиш, жиянчаси Азизани бижирлатиш-у унинг ҳамма саволларига эринмай жавоб беришни ёқтиради. Мусофир шаҳарда қариндошингнинг вайрона бўлса-да, бошпанаси бўлсин экан. Опасининг ижарада тура-тура, қийналиб сотиб олган мана шу мўъжазгина уйида тўртталови гункиллашибгина яшаб келишарди.
Бу йилги қиш қаттиқ келди. Бир ёққан қорнинг устига устма-уст қор тушаверар, тунги аёзлар деразага чизган қатқалоқ нақшлар расм китобларидагидек каштасимон, нафис эмас, қандайдир чағрайган, ханжарлардек кескир эди. Шунча “па-па”лашганига қарамай, Азиза томоғи оғриб, бир неча кундан буён иситмалаб ётарди. Ана шундай кунларнинг бирида Асрор уйга яп-янги, хориж пойафзали қутисига ўхшаган ялтироқ картон қути кўтариб келди. Қутининг ичида тўртта оппоқ, муздай, яп-янги чинни қўғирчоқлар бор эди.
– Қўғирчоқни шунақасиям чиқибди-да, – дейишди уйдагилар ўйинчоқдан ҳам кўра шахмат доналарига ўхшаб кетадиган, аммо улардан йирикроқ бўлган чинни одамчаларни бирма-бир қўлларига олиб кўришаркан.
– Менимча бу шунчаки сувенир бўлса керак, – аниқлик киритди Асрор.
– Шуларниям сотиб олдингми? Ўзиям фалон сўм турса керак? – жаврашга тушди опаси Асрорнинг ана шунақа антиқавор нарсаларга ўчлигини билгани учун.
– Йўғ-е, лишний расходга пул борми ҳозир? Сессиямни ёполмай юрибман-ку, – ўзини оқлашга тушди Асрор. – Боя нариги “дом”ни айланиб ўтаётганимда тўсатдан орқамдан “тўп” этган овоз эшитилди. Қарасам, қорда, ҳозиргина мен босиб келган изларнинг устида мана шу қути ётибди. Куппа-кундуз куни-ю, атрофда ҳеч зоғ йўқ, кўчадан ҳам бирорта машина ўтмади, ҳайрон бўлиб “дом”нинг кўчага қараган ойналарига бир-бир қарадим. Бўлса-бўлмаса қутича мен тагидан ўтиб бораётган “дом”дан ташланган. Қутини очиб қарасам, мана шу тўртта қўғирчоқ турибди. Жуда қимматбаҳо! Бунақа нарсалар ҳеч қачон кўчада ётмайди, уларни ҳеч қачон аямай-нетмай деразадан ҳам улоқтиришмайди. Эҳтимол, қутини билмасдан тушириб юборишган-у ҳозир унинг эгаси зиналарни дўпирлатиб, пастга тушиб келаётгандир деб анча кутиб ҳам турдим. Ҳеч ким келмади. Ахийри ўша уйнинг ҳамма эшикларини тақиллатиб чиқдим. Менга битта ҳам эшикни очишмади, бирор киши чиқмади. Кейин ўйлай-ўйлай буларни уйга кўтариб келавердим. Рости, уларни топган жойимга ташлаб келаверишга кўзим қиймади.
Қўғирчоқлар Азизага ҳам жуда ёқди.
– Ву-уй, – деди қизалоқ тўртта қўғирчоқнинг ҳали унисини, ҳали бунисини иситмадан ловуллаётган ёноқларига бирма-бир босаркан. – Улар меники, ҳаммаси меники!
Наргиза шошганча қўғирчоқларни қизининг қўлидан тортиб олди:
– Шошма, тегинма қизим, уларни яхшилаб ювай, кейин ўйнайверасан.
– Йў-ў, йў-ў-ў! Уларни ўзим чўмилтираман, – инжиқланди қизи. – Сиз ювсангиз, синдириб қўясиз!
– Ростданам, – гапга аралашди Асрор. – Булар тепадан ташланган бўлса-ю, синиб қолмаганини қаранг!
– Тоға, тоғажон, – бидиллади яна Азиза. – Манави қўғирчоғим аям – Наргиза Азизхўжаева! Буниси – дадам, Сарвар Азизхўжаев! Мана буниси эса – сиз, Асрор тоғамсиз! Манави энг кичкинаси – мен – Азиза Азизхўжаева. Мен бу қўғирчоқларимни Азизхўжаевлар дейман, хўпми? Дада, сиз улар учун чиройли уйча олиб берасиз, майлими?
Сарвар кулиб юборди:
– Бўпти, асал қизим! Эртагаёқ шу қўғирчоқларингга биргалашиб уйча қуриб берамиз.
Эртасига Азизанинг иситмаси тушди. Иштаҳаси очилиб, нима беришса паққос туширди. Қизалоқнинг юзига қон югуриб, ҳали анча-мунча дармонсизлигига қарамай гул-гул яшнаб, ётган жойида “азизхўжаевлар”ини гапиртириб, ўйнаб ётганини кўрган Сарвар азза-базза фалон пулга ўйинчоқ уйча олиб келди. Азиза бундан шундай суюндики, таърифлашга тил ожиз! Кунлар ўтаверди. Азиза бошқа ўйинчоқларини батамом унутиб, фақат шу қўғирчоқлар билан ўйнарди.
– Мана-а-а, Сарвар Азизхўжаев уйига келди. “Аяси, нима овқат?” деб сўради у. “Манти қилдим, дадаси!” жавоб берибди Наргиза Азизхўжаева. “Унда шошмай тур, Асрор ҳам ўқишдан келсин”, дебди дадаси. “Урре-урре, бугун аям манти қиларкан!” дебди Азиза Азизхўжаева, – бидилларди қизалоқ.
Қизларининг бир онаси, бир отасига айнан ўхшатиб, овозларини, гап оҳангларини ўзгартириб гапиришидан Наргиза билан Сарвар бир-бирига кўз қисиб кулишарди-да, ошхонага ўтиб мантига уннашарди. Эрка қизларининг кўнгли шу овқатни тусагандир-да!
Бошқа куни эса Азиза уйғонибоқ чопқиллаб, айвондаги ўйинчоқ уйча ичида “ухлашаётган” “азизхўжаевлар”ининг бирини олиб келиб, диванга ётқизиб қўйди. Сўнг овозига дўриллаган тус бериб жаврашга тушди:
– “Вой-вой-вой”, дебди Сарвар Азизхўжаев. “Вой қорним”, дебди у ва мана бундай қилиб, ётиб олибди. А-а-а-а… Сарвар Азизхўжаев ишхонасида ёмон нарса еб қўйибди, ўшанга қорни оғриб қолибди! Энди нима бўлади? Энди Сарвар Азизхўжаев каса-а-ал бўп қолади. Ишга бормай уйда ё-ё-ё-ётади. Бир кун ётади, икки кун, уч кун… Ана! Сарвар Азизхўжаев тузалди! Яна ишга отланди, – деди Азиза қўғирчоқлари билан ўйнаркан.
Сарвар қизининг гапларини эшитиб, унинг жингалак сочларини тўзғитиб-тўзғитиб эркалаб қўйди-да, ишга жўнади. Аммо шу куни унга нима жин тегди, ё ошқозонидаги яраси сабабми, балки тушликда еган овқатими, бирдан кўнгли айниб, ичи бузилиб, мазаси қочди. Уйга амаллаб етиб келди-ю, йиқилди. Уч кун дегандагина ўзига келди. Тўртинчи кун беҳолланиб ётаркан, бирпас ётмоқчи бўлиб кириб кетаётиб беихтиёр қизининг бижиллашига қулоқ тутди:
– “Асрор тоға! Асрор тоға! Қаерга кетаяпсиз”, дебди Азиза Азизхўжаева. “Бизга жавоб беришди! Термизга, бир ойга уйга кетаман”, дебди Асрор тоға. Аммо унақа бўлмабди. Уч кундан кейин Азизанинг тоғаси қишлоқдан қайтиб келибди… – қўғирчоқларини ўйнатганча гапирарди Азиза.
Сарвар мийиғида жилмайиб қўйди. Ҳақиқатан ҳам, эртага қайниси Асрор уйига кетиши керак. Аммо уч кунга эмас, бир ойга. Кейин бирдан сергак тортди: Азиза Асрорнинг кетишини қачон эшита қолди экан? Қизиқ.
Қишлоққа Асрор зарур ишлари чиқиб, уч кун ўтиб-ўтмай яна ортга қайтиб келди. Ана шундагина Сарвар ғалати бўлиб кетди. Ахир Азиза қўғирчоқлари билан ўйнаб, “Асрор тоғам уч кунда қайтади” демаганмиди? Шундан кейингина Асрор қизининг “азизхўжаевлар” билан ўйнайдиган ҳар бир ўйинини диққат билан кузатадиган бўлди. Қизиғи шундаки, Азиза “азизхўжаевлар” билан ниманики ўйнамасин, ўша нарса ўз тасдиғини топаверарди. Бехато тарзда!
Борган сари Сарварнинг диққати оша борди. Бир куни у Асрорни четга чақириб, ундан суриштирди:
– Тўғрисини айт! Сен анави қўғирчоқларни қаердан олгандинг?
– Айтдим-ку, топиб олдим деб.
– Аниқми?
– Ҳа, почча, аниқ! Қути мен йўлакдан кетаётганимда орқамдан “тўп” этиб тушди. Кейин унинг эгасини қидирдим. Тополмадим. Нима эди?
– Йўқ, йўқ, ҳеч нарса! Қизиқдим-да… Шунчалик ғаройиб қўғирчоқларни ким ташлаб юбориши мумкин? Хўп, уларни сен айтгандай, картон қутининг ичига солиб, музлаб ётган йўлакка улоқтириб юборишди ҳам дейлик. Унда бу қўғирчоқлар қандай қилиб синиб қолмаган, ҳаттоки бирор жойига дарз кетмаган?
– Почча! Билмайман. Мен сизга тўғрисини айтдим. Аммо кўнглингизга бирор гап келаётган бўлса, сиз ҳам ташлаб юборинг уларни! Кераги йўқ…
– Э-э… нимага ташларканман? Сўрадим, қўйдим-да. Қара, Азиза уларни қандай яхши кўриб қолди…
Орадан кунлар ўтаверди. Бошқа бир сафар эса Асрорни опаси Наргиза сўроққа тутди:
– Асрор! Тўғрисини айт! Бу қўғирчоқларни қаердан олдинг?
Бу гал Асрорнинг фиғони чиқди: “Нега ҳадеб мени тергайверасизлар? Шу қўғирчоқлар сизларга дахмаза бўлаётган бўлса, ана, отворинглар ахлатга!”
– Асрор, укажон, – Наргизанинг кўзларида ёш ғилтиллади. – Гап қўғирчоқларда эмас. Поччангга бир бало бўлганга ўхшайди. Хўп, Азиза-ку гўдак, қўғирчоқ ўйнаши табиий. Аммо поччанг ҳар куни келиши билан қизидан қўғирчоқларини суриштиради. “Қизим, эртага Сарвар Азизхўжаев нима қилади, Наргиза Азизхўжаева-чи, Асрор-чи, Азиза-чи”, деяверади. Азиза нима деса, ҳаммасини диққат билан эшитади. Саволлар бераверади, бераверади. Билмайман, бошим қотиб қолди. Поччанг умуман ўзига ўхшамай қолган.
– Э, опа! Шунчалик экан, даф қилинг ўшаларни, тамом-вассалом.
– Қаёққа дейсан? Кўрмайсанми, Азиза қўғирчоқларидан бир дақиқа бўлсин ажралмаяпти. Бирор жойга яшириб ташласам, аюҳаннос солиб, дунёни бузади. “Қани, азизхўжаевларим қаерда? Топиб беринг”, деб ҳол-жонимга қўймайди. Нима қилишга ҳам ҳайронман. Бошим қотган.
– Шунга шунчами? – қўл силтади Асрор. – Ўзларизам Азизани жуда эркалатворгансизлар-да! Ахир нима яхши – алдагани бола яхши!
– Алдадим, – оғир ютинди Наргиза. – Неча марта алдашга, чалғитишга ҳаракат қилдим. Янги қўғирчоқлар олиб бердим. Қани уларга қараса, қани ўша “азизхўжаевлар”идан ажралса! Қўлимдан ҳеч нарса келмаяпти. Ўзинг биласан-ку, Азизамиз касалманд. Шунинг учунам боғчага бермай, иш-пишимни йиғиштириб, унга қараб, уйда ўтирибман. Дўхтирлар тайинлагани учун ҳам уни кўпроқ ўз ҳолига қўяман, – мижжаларига сизиб чиққан кўзёшларини артди Наргиза.
– Опа, бўлди, йиғламанг, – юпатди уни Асрор. – Азизанинг шу қўғирчоқларидан кечишга ўзим кўндираман. Фақат бунинг учун бир нарсани аниқ билишим керак: қизингиз қўғирчоқ ўйнашдан бошқа яна нимани яхши кўради?
– Рақсни, – жонланди Наргиза. – Рақс жон-дили. Ҳар сафар телевизорда раққоса қизларни кўрса, “ая, маниям рақсга беринг”, деб хархаша қилади. Аммо соғлиғи бунга тўғри келармикин?
– Э, опа! Қўйсангиз-чи! Худога шукр, Азиза беш ёшга тўлди. Аяган кўзга чўп тушади, деганлар. Ўша дўхтирларингиз “болангиз уч ёшгачаям яшолмайди” дейишмаганмиди? Худога шукр қилинг, Азиза соғ-саломат юрибди. Рақсни деса, рақсга қатнатинг-да! Бўлди! Мен Азизага “рақсга қатнашишни хоҳлайсанми?” деб сўрайман. У “ҳа”, деса, “унда қўғирчоқларингни менга берасан. У ерга қўғирчоқ ўйнайдиган қизларни олишмайди”, дейман. Мана кўрасиз, у дарров кўнади.
– Илойим айтганинг келсин, – жилмайди Наргиза укасининг пешонасидан ўпиб. – Мен эртагаёқ бориб ўша мактабни гаплашиб келаман. Боғчага боролмаганига яраша шўрлик қизим ўша ёққа қатнаб турсин. Аммо бу ҳақда поччангга ҳеч нарса демай тур. Сюрприз қиламиз!
Мусиқа мактабига бориб Наргиза ҳафсаласи пир бўлиб қайтди. Чунки қабул куз фаслининг бошидаёқ тугаган экан. Наргизанинг бу гапдан тамоман шалвираб қолганини кўрган мактаб ходимлари унга далда беришди:
– Ўн кундан кейин келинг. Бир иложини топамиз!
Ўн кун! Ўн кун! Наргиза шунисига ҳам хурсанд эди. Энди Азизадан қўғирчоқларни олиб қўйишса, бас. Сарварнинг телбавор хатти-ҳаракатларига ҳам чек қўйилади. Ҳаммаси илгаригидек бўлади.
– Ҳаммаси ҳал! – деди Асрор қатъий. – Аммо қачон ўн кун ўтаркин деб кутиб ўтирамизми? Бугун кечқуруноқ Азиза билан гаплашиб оламиз.
Тушдан кейин Асрор уйга қайтиб келди. Қўлида кинога чипталар. Кечқурунги сеансга.
– Поччамнинг ишдан қайтиш вақтини ҳисобга олдим, – дея илжайди.
Орадан бир муддат ўтиб-ўтмай Сарвар ҳам келди. У нимадандир тажанг, сиқилган эди. Келди-ю, тўғри қизининг хонасига ўтиб кетди. Наргиза билан Асрор ҳам беихтиёр унинг изидан киришди.
Бу пайтда Азиза қўшниларининг қизи Дилдор билан ўша, ўзининг севимли “Азизхўжаевлар”ини ўйнаб ўтирарди. Бир пайт Азиза ўйинга берилиб кетди-ю… Ҳаммалари сергак тортдилар.
– Кейин Азизхўжаевларнинг уйида мотам бўлибди. Дадаси ўлибди, аяси ўлибди, тоғаси ўлибди, Азизаям ўлибди, – ҳамма қўғирчоқларни ётқизиб чиқди Азиза. – Азизхўжаевларникига кўп, роса кўп одамлар келибди. Ҳамма йиғлабди. Кейин Азизхўжаевларни кўмгани олиб кетишибди.
– Азиза!!! – бақириб юборди Сарвар. – Нималар деяпсан, тентак!
– Ҳеч нима… ўйнаяпман, дадажон!
– Ҳой қиз! Шунақаям ўйин ўйнайдими, а? Жинни бўлганмисан? – жазавага тушиб бақирарди Сарвар.
Дадасининг важоҳатини кўриб, қизи қотиб қолди.
– Дадаси, – секин эрини туртди Наргиза. – Ўзингизни босинг.
– Нима? Ўзингизни босинг? Кўрмайсанми бунингни? – яна бақирди Сарвар.
Азиза ортиқ дош беролмай йиғлаб юборди. Қизининг кўзларида ёш кўрган Сарвар бирдан шалвираб қолди. Тиззалаб юриб, қизининг олдига келди-да, уни бағрига босди.
– Бўлди… Бўлди… Попук қизим! Йиғлама. Билмасдан бақириб юборибман, асалим. Бўлди… Фақат… Фақат жоним қизим, иккинчи бундай ўйин ўйнама, хўпми?
– Хўп, – деди Азиза бурнини “шурқ” этиб тортганча дадасининг эркалашларидан юпаниб. – Ўйнамийман…
Сарвар қизини қўйиб, бошини чангаллаганча хонадан чиқиб кетиши билан Асрор билан Наргиза қизалоқни аврашга тушишди.
Мусиқа мактаби-ю, рақс ўрганишга қатнашини эшитиб, Азиза хурсанд бўлиб кетди. Асрор тоғаси айтган шартга ҳам дарров рози бўлди. Қўғирчоқларидан кечди. Наргиза ҳам “темирни қизиғида босиш” учун қўғирчоқларни йиғиб олиб, тезда бир қутига солди-да, шошганча ташқарига чиқди.
– Ҳозироқ буларни ахлатга обориб ташлайман! – деб ўйлади ўзича.
Аммо кейин иккиланиб қолди. Шундай чиройли, қимматбаҳо қўғирчоқларни қандай ташлаб юбориш мумкин? Ундан кўра бировга бергани яхши эмасми?
Шу хаёллар билан зинадан пастга тушаётган Наргиза бир аёлга рўбарў келиб қолди. Бу хотин рўдапо, қоп-қора, тиланчигами, дайдигами ўхшарди. Наргиза суюниб кетди.
– Саломалайкум, опа! Манг, манавини олинг. Сизга! – деди ўша аёлга қутини узатиб.
Аёл ҳам худди шуни кутиб тургандек қутини ундан тортиб олди.
– Ростданми? Булар ростдан менгами? – деди у қутини бағрига босганча.
– Ҳа, сизга!
– Бутунлайгами? Тоабадми? – тишсиз оғзини очиб хунук тиржайди аёл эсипастлардек.
Наргиза сесканиб кетди. Аммо сир бой бермай:
– Ҳа, сизга! Бутунлай, – деди-ю, зипиллаб тепага, уйига чиқиб кетди.
Кечқурун Асрор чипталарини кўрсатди. “Ҳаммамиз кинога борамиз! Билет куймасин!” деди. Сарвар ҳам жонланди: “Яхши бўларди, юрагим сиқилиб турганди. Кино баҳона бир ёзилиб келардик” деб кийингани хонасига кириб кетди.
Сал ўтмай Асрор билан Сарвар ташқарига отланишди:
– Сизлар чиққунларингизча такси ушлаб турамиз, – дейишди.
Наргиза қизини кийинтириб, кўчага опичиб олиб чиққанда Асрор уларни кутиб олди.
– Нима бўлди, мошин келдими? – сўради Наргиза.
– Ҳа, ана, кутиб турибди. – Азизани опичиб олди Асрор такси турган тарафга уларни бошларкан. – Лекин ҳайдовчиси аёл киши экан.
– Нима фарқи бор, – қўл силтади Наргиза. – Айтган жойимизга оборса бўлди-да!
Сарвар олдинга, Наргиза қизи ва укаси билан орқа ўриндиққа жойлашгач, “мана бўлдик, ҳайдайверинг, опа” деди таксичи хотинга.
Ҳайдовчи аёл моторни ўт олдираркан, шошилмай, гўёки яхшилаб кўриб олмоқчидек Наргизага бурилиб қаради-да, унинг кўзларига қаттиқ тикилди. Ана шундагина Наргиза ҳайратдан “вой” деб юборди. Рулда… боя Наргиза қўғирчоқлар солинган қутини берган ўша турқи совуқ хотин ўтирарди.
– Бўлдими? – деди ҳайдовчи хотин Наргизага қараб хунук тиржайганча. – Унда кетдик. Бутунлайга! Тоабад!

“Шарқ юлдузи” журнали, 2015 йил, 4-сон


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!