Дилфуза Собирова. «Севгилимнинг тўйи куни…» (ҳикоя)

Мен бахтнинг бошқа томонини топдим… Худди танганинг икки томони бўлганидек бахтнинг ҳам икки томони бор, ишонинг, ўз тажрибамдан гапиряпман.
Мен уни шунчалик севардимки, ҳеч қачон бирга бўла олмаслигимизни билиб ҳам севардим… Унга унсиз термулиб, гўзаллиги ва ширин сўзларига маҳлиё бўлиб ўтирардим. Шундай дамларда агар жонингни бер деса, ҳеч иккиланмай берворардим… Лекин у ҳеч нима сўрамасди… Мен эса уни қийнардим… Қайлиғидан воз кечишини, менга турмушга чиқишини жуда-жуда хоҳлардим. У эса синиқ жилмайиб қўйишдан нарига ўтмасди. Аввалига уни айблардим.
— Қандай қилиб ўзинг севмаган одамга турмушга чиқасан… Сенда юрак йўқ, тошсан, — деган пайтларим ҳам бўлган. Ўшанда унга қаттиқ озор бераётганимни билмасдим… Худбинлигимни бошқаролмай ундан кўп нарса талаб қилганман. Аслида, у менга ҳеч нима ваъда қилмаганди.
Фақат сизга озор беришни истамайман, дерди. Лекин бу билан жонимга янада қаттиқроқ озор бераётганини тушунмасди. Муҳаббатдан қийналишга жон деб рози бўлардим. Лекин у рози эмасди.
Бир бошидан гапириб берадиган бўлсам, у билан институтни тугатиб, ишга кирганимда танишганман. Директор аризангизни ёзаверинг, деб чиқариб юборганда, котибанинг хонасида бир муддат каловланиб турдим-да, компьютердан бош кўтармай нималарнидир чиқиллатаётган қизга нажот кутгандек қарадим.
— Қоғозингиз йўқми?
— Қоғоз керакми?
Бу гапни иккаламиз бир пайтда айтиб, кейин кулиб юбордик. Тезда ариза ёзиб, эртаси куни ишга чиқадиган бўлиб уйга қайтдим. Йўл бўйи ўша қиз хаёлимдан кетмади. Нимадан хурсандлигимни ўзим ҳам билмасдим, ишга кирганимданми ёки шундай чиройли қизни учратганимданми?..
Лекин биринчи иш кунданоқ хаёлларим тумандек тарқади. У ҳақида ҳали ҳеч бир маълумот йиғиб ҳам, ҳуснига тўйиб термилиб ҳам улгурмагандим… Қоп-қора «иномарка» автомобилда келган йигит уни машинасига ўтқизди-ю, олиб кетди… Кўнглим вайрон бўлганча қолавердим…
Мен билан бирга сигарет чекиб турган ҳамкасбим ҳолатимни сезди, шекилли:
— У фотиҳаланган… — деди сигаретни чуқур-чуқур тортиб. — Уйдагилари қариндошига мажбурлаб фотиҳалаб қўйишган…
Хаёлларимни сездириб қуйганимдан хижолат бўлдим.
У эса фикрларимни ўқиётгандек яна давом этди:
— Ишга келган борки, уни севиб қолади…
Мадина ҳақида эшитганларим шу бўлди. Негадир ишлашга иштиёқим ҳам қолмади. Ҳар куни уни кузатаман… Нафис, чиройли, баъзан маҳзун, баъзан қувноқ… Туйғуларимни тизгинлаб олган бўлсам-да, юрагимдаги умид ўчмасди. Ахир ҳали тўйи бўлмаган-ку! Тўғриси, унинг қайлиғи билан рақобатлашишга мендек оддий йигитга йўл бўлсин эди. Лекин кўнгил ўлгур, кўнмаса қийин экан… Хаёлимда уни бойвачча йигитидан тортиб олардим, кейин бир умр бахтли яшардик… Секин-секин у ҳам мен билан бемалол гаплашадиган бўлди. Иккаламиз битта хонада ўтирамиз, унинг саришта ва озодалига жуда ҳавасим келарди. Уйимни яшнатиб юришини хоҳлардим. Уйда тўртта ўғилдан кейин туғилган ягона қиз бўлгани билан эрка-тантиқ эмасди. Аксинча, баъзан хомуш тортиб қоладигандек туйиларди… Унинг эркаланиб, эркин гапиришлари жуда ёқарди… У қанчалик мени ўзига яқин олиб гапирса, шунчалик жоним азобланарди.
Ишхонадаги йигит-қизлар йиғилса, албатта гап муҳаббат мавзусига буриларди. Ҳар гал «мен муҳаббатга ишонмайман», — дердим қайсарлик билан. — «Қизларга умуман ишонмаслик керак, муҳаббат тўйдан кейин келади».
У эса катта-катта кўзларида ҳайрат билан менга қараб қоларди.
— Ҳали севиб қолмагансиз-да… Бўлмаса унақа демаган бўлардингиз, — дерди. Қайсарлик билан гапимда туриб олсам-да, ичимда «кошки эди севиб қолмаганимда», деб эзилардим. Унинг бошқа қизларга ўхшамаган майинлиги мени кун сайин ўзига жалб этаверарди. Охири унга ҳазил аралаш «Агар фотиҳаланган бўлмаганингизда сизни севиб қолардим» дейдиган бўлдим. У эса одатдагидек жилмайиб қўя қоларди. «Нега тақдир уни менга асрамаган, нега мендан олдин фотиҳаланиб қўйишган», деган саволлар билан ўзимни қийнардим. У эса тўйи яқинлашгани сайин ўз ташвишлари билан овора эди. Лекин бошқа қизларга ўхшаб қувониб эмас, балки, шундай қилиш керак бўлгани учун қилаётгандек туйиларди назаримда. Бу қиздаги мени ўзига маҳлиё қилган сири нимадалигини билолмай бошим қотарди. Тўйи яқинлашгани сайин азобим ортиб бораверди. Энди уни ёмон кўриб борардим. «Нега учради, ёмон гапириб уришиб берса-чи», деб ўйлардим. Баъзан гап орасида уни жеркиб берардим, гоҳ қўполлик қилардим… У эса қўполлигимдан кўзи ёшга тўлса-да, индамай қўя қоларди.
Бир куни 8-март байрамида ишхона яқинидаги кафеда хотин-қизларга байрам қилиб бердик. Раҳбардан яшириб йигитлар оз-оздан ичиб олдик. Беихтиёр унга тикилиб қолдим. Бунинг нотўғрилигини билардим, лекин ихтиёримга қарши чиққим келмасди. «Бугун бир кўнглимнинг амрига бўйсунсам бўйсунибман-да. Ахир ҳар куни бечорани қафасга соламан», хаёлимдан ўтди. Тушлик пайтига мўлжалланган байрам анчага чўзилди, кейин ишхонага қайтдик. Шунда биринчи марта унга тик қараб:
— Нега мени кутмай турмушга чиқиб қўйдингиз-а? — дедим.
Гапларимни ҳар доимга ҳазилларимга йўйиб, кулиб қўя қолди.
— Кулманг, рост айтяпман… Мен сизни яхши кўриб қолганман. Ўша биринчи учратган кунимдан буён яхши кўраман…
У менга ҳайрат билан тикилиб қолди, кейин секингина:
— Биламан, — деди.
— Нимани биласиз?… — энди мен ҳайратландим.
— Яна ҳазилкашлик қилаётганингизни, — кулди у. — Ҳозир муҳаббатга ишонмайман, севги йўқ нарса, дейсиз…
— Қайлиғингиздан тортиб олсам, менга тегасизми?
— Йўқ, — кулиб юборди у. — Сизга тексам, рашк қилавериб кунимни кўрсатасиз…
Тилим айланмай қолди. Аҳмоқона ҳазилкашлигим бошимга бало бўлди.
Шу куни ишдан чиқиб, байрам баҳона роса ичдим. Юрагим шунақа сиқилдики, дунё кўзимга қоронғу эди. «Нега ҳам учратдим? Тинчгина яшаб юрувдим… Энди ҳаммани унга таққослайман, ҳаммадан унинг хислатларини ахтараман! Энди қандай яшайман!»
Энди ҳар куни унга яхши кўришимни айтадиган бўлдим. У эса кулиб қўйишдан нарига ўтмасди. Бир куни ўзимни тута олмадим.
— Бирор марта бўлса-да, гапимни жиддий оласизми? Ахир мен ишқингизда жинни бўляпман-ку! Қанақа бераҳм қизсиз!
У анчагача жавоб бермади, кейин секингина:
— Аксинча… мен жуда раҳмдилман. Севиб қолиб, қийналишингизни хоҳламайман! Буни қанчалик азоблигини билмайсиз…
— Худди бировни севадигандек гапирасиз-а?! Сиз тошюраксиз, ҳеч кимни севмайсиз… Сиз ҳатто ўша… қайлиғингизни ҳам севмайсиз!
Бу гапимдан кейин у йиғлаб юборди ва югуриб хонадан чиқиб кетди. Шу билан эртаси куниям ишга келмади. Жинни бўлиб қолай дедим. Ўзимни ўзим ёмон кўриб кетдим. Энди бу ерда қололмасдим. Ариза ёзиб раҳбаримнинг ҳай-ҳайлашига қарамай ишдан бўшаб кетдим. Тезроқ уни унутмасам жинни бўлишим аниқ. Одамнинг яхши хислати ҳам бировга озор бериши мумкин экан. Мен унинг яхшилигидан куйгандим. Лекин ундан узоқда ҳам унинг хаёли билан яшардим. Азобимда, фироғимда ҳам у. Ўзимча ундан воз кечмоқчи эдим, лекин бу мен ўйлаганчалик осон эмас экан. Ҳар куни телефонимга жиринглаб қолармикан, деб тикиламан. Бу дунёда ҳеч ким мени унчалик тушунмайди. Фотиҳалангани сабаб менга барча гапларини айтган, мен уни жуда яхши билардим…
Ишдан кетиб дадам билан савдода ишлай бошладим. Уни унутиш учун кўпроқ ишлашим керак эди. Бир томондан унинг қайлиғи бойвачча йигитлиги аламимни келтирарди. Соғинч азобини енгиш учун ҳар уни эслаганимда телефонимга «Соғиндим» деб ёзиб қўядиган одат чиқардим. Бир кунда эллик марта ёзибман! Кейин бу эрмакка айланди. Соғинчларимни санаб қалбим тафтини босардим. Дадамда тижоратда, янги иш жойлари очишда туғма қобилият бор эди. Қайси ишга қўл урмасинлар, албата ўнгидан келарди… Мен ҳам шу йўлдан кетдим. Дадамнинг ишини анча енгиллатдим. Орадан уч ойлар ўтди. Дадам касодга учраган бир тадбиркорнинг тўйхонасини сотиб олиб, уни юритишни менга топширди… Тўйлар мавсуми яқин бўлгани учун тезда таъмирдан чиқариб, мижозларга тақдим этишимиз керак эди. Туну кун шу иш бўйича югурдим, айтилган муддатда ишларни тугатдим. Кўп ўтмай тўй ўтказадиган талабгорлар ҳам чиқди. Ўз ишимдан фахрланиб тўйхона эшигида турибман. Карнай-сурнайлар садоси остида оппоқ лимузиндан новвотранг костюм-шим кийган куёв бола тушди… Уни кўриб юрагим тўхтаб қолай деди…
Демак, тўйхонамдаги биринчи тўй севгилимники экан! Эй, Худо, қайси гуноҳларим учун?.. Оёғим остидаги ер йўқолгандек бошим айланиб кетди… Куёв қўлини узатганда машинадан оққушдек бўлиб келин ҳам тушди. Кўзимни юмиб олдим, унинг бахтиёр чеҳрасини кўришга тоқатим йўқ! Шартта тескари ўгирилиб кета бошлагандим, нимадир қаттиқ гумбирлаб, атроф қийқириқларга тўлиб кетди. Шошиб ўгирилдим… куёв жўралар келин-куёв шарафига салют отишган экан… Лекин мен салют эмас, бошқа нарса ҳайратга солди. Куёвнинг ёнидаги қиз Мадина эмас, бошқа эди! Ишонмай унга тикилиб қарадим. Йўқ, кўзларим алдамаяпти. У бошқа!
Югуриб биринчи қаватдаги хонамга югурдим. Эшикни маҳкам ёпиб, таниш рақамларни тердим… «Алло» деган майин овоздан томоғимга нимадир тиқилгандек бўлди.
— С-салом, бераҳм… Нега шу пайтгача бирор марта қўнғироқ қилмадингиз?
Бир зумлик сукунатдан кейин жавоб келди:
— Сиз барибир муҳаббатга ишонмайсиз-ку!
— Ишонмайман! — яна қайсарлигим тутди. — Лекин менга тегсангиз, кунингизни кўрсатаман, биласиз-а!
— Биламан!..
Ўзим таъмирлатган тўйхонада тўйимиз бўлиб ўтди. Биз-бир-биримиз учун яратилганимизни вақтида ҳис қилдик. Бошқа севишганларга ҳам шуни маслаҳат берамиз, ҳаётингизнинг ҳар лаҳзасида ҳушёр туринг, бахтингизни бой бериб қўйманг!