Дилфуза Собирова. Қадрдонлар (ҳикоя)

Дид билан кийинган қирқ ёшлардаги киши нуроний онахонни авайлабгина ёнимдаги ўриндиққа ўтқизди. Стюардесса қиз ширинсуханлик билан самолёт учишга тайёрланаётганини, камарларни боғлашимиз лозимлигини эълон қилди. Кутилмаганда онахон, ҳаммага эшиттириб “Илоҳи омин, сафаримиз бехатар бўлсин…” деб дуо ўқий бошлади. Атрофдагилардан кимдир кулиб, кимдир самимий, ҳатто бир-иккита хорижлик ҳам “омин” деб қўлини дуога кўтарди. Ўғли  меҳр ва хижолат аралаш онахонга қараб қўйди.
Кекса киши самолётда безовта бўлса керак деб хавотирлангандим. Хавотирим ўринсиз чиқди. Онахон аввал ҳам учган, шекилли, самолёт кўтарилаётганида безовталанмади.
— Американи бир айланиб келай дебсиз-да?! — дея гапга тутдим онахонни. — Ёки қариндошлар борми, у ёқда?
— Қариндошдан ҳам яқин қадрдонларимиз яшайди, шуларни зиёрат қилишга кетяпмиз, болам. Мени олиб бор, кўзим очиқлигида яҳудий қадрдонларимнинг дийдорини яна бир кўрай, дедим.
— Яҳудий?!
— Ҳа, болам, ҳайрон бўлманг. Бизнинг шаҳарчада ҳар хил миллат, шу қаторда ўзбеклару яҳудийлар битта маҳаллада яшардик. Кейинчалик ҳамма ҳар ёққа кўчиб кетди…
Менинг барибир ҳайрон бўлиб турганимни кўрган ўғли кулди:
— Бир пайтлар таниш бўлганларни кўргани шунча йўл босиб кетишяпти, деб ҳайронмисиз? Бунинг тарихи узун… Улар нафақат ҳамшаҳар, балки одамийлиги осмон, бағрикенг одамлар эди. Ўзи мусофирчиликда қийналса-да, ҳимматли эди бизнинг ака Яъкуб. Ҳаммага  хеш деб мурожаат қиларди. Улар билан бир воқеа сабаб бир оиладек бўлиб кетгандик. Бизга кўп ёрдам қилганди. Ота-онасининг қабри юртимизда қолган. Хабар олиб турамиз. Кўчиб кетишаётганида бутун маҳалламиз билан йиғлаб кузатганмиз…

* * *

Болакай касалманд онаси билан ярим хароба уйда яшарди. Онаси жияк тикиб сотар, шу арзимас пулга кун кўришарди. Она уни туққач, касалманд бўлиб қолган. Отаси эса қўлида чақалоғи билан онасини ёлғиз ташлаб, БАМга кетган. Қулоғига чалинган гапларга қараганда, онаси туғруқхонада, яъни чиллахонада ухлаб қолиб, “нарсаланган” эмиш. Шундан кейин икки йил хаёли паришон бўлиб юрган. Қўни-қўшни биргалашиб болани бир амаллаб катта қилиб олишган. Бола саккиз ёшга кирганида онасининг ақл-ҳуши жойига келиб қолган-у, лекин соғлиғи йўқ, ҳеч қаерда ишламасди.
Болакай тезроқ катта бўлгиси, онасига жудаям ёрдам бергиси келарди. Маҳалладаги болалар таътил пайтида шаҳар четидаги “грен завод”да (грена — ипак қурти) ишлаб пул топишарди. Уларга ҳаваси келарди. Бир куни маҳалладаги катта болаларга қўшилиб, у ҳам “грен завод”га борди. Назоратчининг “кичкина-ку”, деган эътирозига маҳалладош қиз изоҳ берди:
— Ёши ўн иккида, бўйи ўсмай қолган!
Бошқа болаларга қўшиб уни ҳам цехга киритишди. Болакай қувончидан ичига сиғмасди. Худди бу ерга кириб олса бўлгани, пули кўпайиб кетадигандай…
Бадбўй зах бинога киргач, кўнгли озиб кетди. Уларнинг вазифаси катта-катта ёғоч қутиларда аралашиб ётган капалак қуртларни бир-биридан ажратиб, алоҳида идишларга солиш экан. Шилимшиқ капалакларни ушлаб кўргач, ғижиниб қайт қилиб юбораёзди.
— Тез-тез қимирламасанг, ака Яъкубдан калтак ейсан, — уни огоҳлантирди маҳалладош қиз.
Сассиқ, дим хонада боланинг бўлари бўлди, тушгача зўрға чидади. Тушликда завод ошхонаси ёрдамчиларга овқат тарқатаркан, тоза ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас олган бола стулга ҳолсиз чўкди. Унинг овқат ейишга ҳам кучи қолмаганди. Дастурхонга тортилган карам дўлмани кўриб тамшаниб қўйди. Бу таомни бир марта қўшни кампир “ҳамсоятовоқ” чиқарганида татиб кўрганди. Шундан буён таъми оғзида қолган. У овқатга термилса-да, хаёли онасида эди. “Гўштли экан”, тамшанди у битта дўлмани бўлаклаб оғзига соларкан. Ойижоним ҳам еганида эди… Бирдан хаёлига келган фикрдан кўзлари порлаб кетди. У дўлманинг картошкасини ва шўрвасига нон ботириб еб, қорнини тўйғазди-да, столдаги “салфетка”ни секингина олди-да, иккинчи дўлмани унга ўради. Кейин атрофга ўғринча қараб олди. Болалар дастурхондан бош кўтармай овқат ейишарди. Унга ҳеч ким эътибор ҳам бермади. Сездирмай дўлмани секин чўнтагига солиб қўйди. Тушликдан кейин цехдаги болалар бироз дадилланиб ишга киришишди. Маҳалладош қиз секингина шивирлади:
— Олмос, сен атрофдагиларга эътибор берма, улар нариги цехдан пилла ўғирлашади. Бирортасига қўшилма! Агар ака Яъкубнинг қўлига тушсанг, нақ ўлдиради…
Болакай пиллани нима учун ўғирлашларини тушунмаса-да, хўп деб қўйди. Ака Яъкуб ҳақида роса кўп ваҳимали гаплар эшитгани боис уни кўрмасданоқ қўрқа бошлади. Пилла ўғирлашни эса хаёлига ҳам келтиргани йўқ. Лекин чўнтагидаги ойижони учун олган дўлмасидан қўрқарди. Ака Яъкуб унинг ўғирлик қилганини билиб қолса нима бўлади… Қўрқув кучлилик қилиб қуртлардан ғижингани ҳам эсидан чиқиб ишга киришди.
Иш тугагач, ҳамма ташқарига йўл олди. Лекин эшик олди бирдан ғала-ғовур бўлиб кетди. “Ака Яъкуб, ака Яъкуб” деган ваҳимали гаплар қулоғига чалинган болакай қўрққанидан ўзини орқага олди. Ака Яъкуб эшик ёнида туриб болаларнинг чўнтакларини битта –битта  текширар, чўнтагидан пилла чиққанларни калитига ўрнатилган ингичка занжирча билан қарсиллатиб урарди. Болаларнинг қий-чуви атрофни тутгани сари болакайнинг оёқлари қалтираб, ҳолсизланди. Тахлаб қўйилган қутилар орасига кириб яшириниб олди. Ҳаммани кузатган ака Яъкуб сўкинганича қўлидаги пилла тўла қутини жойига қайтариш учун цехга кирди. Этикнинг гурс-гурс овози билан болакайнинг юраги уриши бирлашиб кетгандек эди. Бир пайт унинг кўзи болага тушиб таққа тўхтади.
— Бу ерда нима қиляпсан? Қўлингдаги нима, нимани яширяпсан? — ўдағайлади у.
Болакай бир қўлида қоғозга ўралган дўлмани маҳкам сиқиб, иккинчиси билан бошини беркитганича чўкка тушди. У ҳамма нарсага тайёрдек жим турарди. Миясида фақат битта фикр: “Ойижоним ҳам дўлмадан еса эди, гўшти кў-ўп экан-да…” Яъкуб унинг қўлидагини юлиб олди. Олмос бошини чангаллаб, баттар қунишди. “Ўлгудек савалаши аниқ. Сағирга ким ҳам раҳм қиларди!”
Кутилмаганда Яъкуб тиз чўқди ва болакайнинг бошини силади. Олмос қўллари остидан унга жовдирабгина қаради. Ака Яъкуб йиғларди… Товушсиз, кўзларидан шашқатор ёш оқарди…  Томоғига хўрсиниқ тиқилган болакай унинг бағрига отилди…