Дилфуза Собирова. Қабристондаги бир кеча (ҳикоя)

Изиллаган қаҳратон қиш кунларининг бирида узоқ йўлга чиєишга тўғри келди. Совуқ кунда чиқмайлик, десам-да, турмуш ўртоғим гапимга қулоқ солмади. Шу сабаб йўл бўйи қовоқ-тумшуқ қилиб кетдим.
Нурободнинг ён-атрофи, бийдай даштли йўллардан ярим тунда машинани учириб кетяпмиз. Чўлда шамолнинг увиллаши янада ваҳималироқ эшитиларкан. Булутлар орасидан ҳар замонда кўриниб қоладиган ойнинг ёруғини ҳисобга олмаганда атроф қоп-қоронғу. Чироқсиз симёғочлар чақирилмаган меҳмонга ўхшаб йўл бўйида қаторлашиб, сўппайиб туришибди.
— Намунча, ҳувиллаган, совуқ жойлар… — минғирлаб қўяман норозилигимни билдириш учун.
Йўлдан ҳар замонда каламуш қувган тулкилар ўтиб қолади.
— Тулкини мультфильмларда чиройли кўрсатишарди, бу ернинг тулкилари нега бунақа?.. — дедим яна ғижиниб. Юрагимдаги тушунарсиз ваҳима сабаб ҳар нарсадан камчилик топаётганим ўзимга ҳам сезила бошлади.
— Телевизордан шаҳарлик тулкиларни кўрсатса керак-да, — деди эрим пичинг билан. — Сенга ўхшаганларини…
Атроф ваҳимали даражада кимсасизлигини ҳисобга олмаганда тунда, тунда машина ҳайдаш яхши экан. Чунки тезликни хоҳлаганча ошириш мумкин, ҳеч ким тўхтатмайди… шу нарса хаёлимдан ўтувди ҳамки, машинамиз бир-икки пақиллади-ю, таққа тўхтади! Салон ичига тўлган тутундан бўҳилган эрим сўкинганча машинадан тушди. Капотни кўтарганди, атрофни куйиндининг ҳиди тутди. Мен ҳам салон ҳавосини алмаштириш учун эшикни очдим, увиллаган шамол ёпирилиб кирди.
— Етиб келдик!.. — тутундан йўталганча машинага ўтирди эрим. — Шошилгандан радиаторга сув қуйиш эсдан чиқибди, мотор эриб кетди…
— Энди нима қиламиз, — ваҳимага тушдим, бепоён даштга қараб.
— Нима қилардинг, ўтирасан энди, тонг отишини кутиб. Сен норози бўлганинг учун шундай бўлди…
— Шу туманда курсдош дугонам яшарди, ўшанинг уйини топсак эди…
— Бу туманнинг қанчалик катталигини биласанми?..
Шу билан баҳс тугади. Иккаламиз икки бурчакка тиқилиб тумтайиб ўтирдик. Кўп ўтмай машина совий бошлади. Бир пасда оёқ-қўлларимиз музлаб қолди. Иккаламизнинг хаёлимизда ҳам бир гап — эрталабгача ўтирадиган бўлсак, музлаб қолишимиз аниқ, ҳаракат қилиш керак.
— Яқин атрофда қишлоқ йўқмикан? — сўрадим эримдан музлай бошлаган қўлларимни ишқалаб.
— Мен ҳам шуни ўйлаб турибман. Бориб қараб келай-чи, чироқ кўринса, сени ҳам олиб кетаман… — деди эрим. Менга раҳми келганидан арази ҳам эсидан чиққанди.
— Йўқ! — бақириб юбордим эримнинг гапи тугамай. — Бир ўзим қолмайман, сиз билан бораман… — шундай дея ундан олдин йўлга тушдим.
Иккаламиз қўлтиқлашганча, йўл бўйлаб юриб кетдик. Шамол кучлилигидан оёғимизни зўрға судраб босяпмиз. Анча юрдик, лекин тирик жон кўринмади.
— Йўл бўйлаб юришимиздан фойда йўқ шекилли. Даштга қараб юрсак бирор қишлоққа олиб борар… — деди эрим шамолдан ўзиш учун бақириб.
Йўлдан пастга тушдик. Ўнқир-чўнқир йўлларда туртилиб-суртилиб анча юрдик. Бир пайт узоқдан қандайдир нур кўринди. Кўнглимиз ёришиб, ўша ёққа қараб шошилдик. Яқинлашганимиз сайин нур узоқлашиб бораётгандек туюларди. Нур тепаликнинг устидан тушаётган экан. Қоронғуда аллақандай оқиш тошлар ҳам кўзга ташланарди. Амаллаб юқорига чиқиб олдик. Бир пайт… қўрққанимдан дод солиб юбордим. Чор-атроф қабр! Эрим ҳам қўрқиб кетди. Кейин ўзини қўлга олиб:
— Ўзингни бос, қабристон-ку, намунча ваҳима қиласан, — деди мени юпатиб. Гапираяпти-ю, овози титраб кетяпти.
— Орқага қайтайлик, илтимос… — Ярим тунда қабристонда юриб, яна қўрқмай бўларканми?
Лекин шамолнинг увиллашига мос липиллаётган чироқ нури ўзига чорлашини қўймасди. Эрим мени ўша ёққа судради. Қабрларни оралаб юриб пастқамгина кулбанинг ёнидан чиқдик.
Эрим яқинлашиб, эшикни секин тақиллатди. Жавоб бўлмади.
— Кетайлик, бу ерда вампирлар яшаса керак, — дедим қалтираб.
— Даҳшатли киноларни камроқ кўриш керак, — уришиб берди эрим.
Анчадан кейин ағанайман, деб турган эшик оғир ғийқиллаб очилди ва… ундан қош-кўзлари қоп-қора, соқоллари ўсган йигитнинг юзи кўринди. Қўрққанимдан бир сапчиб тушдим ва ёқамга тупириб олдим.
— Келинглар, келинглар, — деди мезбон кутилмаган меҳмонларни кўриб, шошиб.
— Биз, ҳалиги… адашиб қолдик, — деди эрим қўл бериб саломлашгач. Мен эса ҳали ҳам атрофга аланглаб хавф-хатар кутиб турибман.
— Совуқ қотибсизлар-ку, — деганча йигит бизни ичкарига бошлади. Кўриниб турибди, кулба меҳмон кутишга мўлжалланмаган. Деворга тақаб ясалган чорпоя ҳам каравот, ҳам стол вазифасини бажарарди. Кулбанинг бутун бойлиги қора қумғон ва иккита лаби учган пиёла, битта лампачироқ… Кўмирнинг иссиқ тафтидан бироз ўзимга келдим.
Мезбон дарров чой қўйди. У ишга уннаб, худди хонада ўзидан бошқа ҳеч ким йўқдек хиргойи қиларди: кўнглим, сенинг ҳолинг нечук…
— Меҳмонни саволга тутиш одобдан эмас-у, лекин ярим тунда нима қилиб юрибсизлар, — деди у чой узатаркан эримга мурожаат этиб. Эътибор берсам, у фақат эримга қараб гапирар, мен тарафга эса умуман қарамасди. Эрим вазиятни тушунтирди.
— Оббо, ёмон бўлибди-ку, лекин машинангиздан хавотир олманг. Бу совуқда, ярим тунда ҳеч ким кўчага чиқмайди. Эрталаб бориб олиб келамиз… — деди у.
— Сиз шу ерда яшайсизми? — сўрадим менга гап тегмаётганидан зерикиб.
— Ҳа, — деди у бошини кўтармай. — Мозорнинг қоровулиман…
Қариялар қабристонга қоровул бўлади, деб ўйлардим, шу сабаб бу ёш йигитнинг таркидунё қилиб овлоқ жойларда яшаши менга ғалати туйилди. Саволга тутишга тайёрланаётганимни билган эрим «жим ўтир», дегандек туртди. Кейин ўзи секин гап бошлади.
— Қандай шамоллар олиб келди, сизни бу ерларга, дўстим. Маҳаллий шевада гапирмаяпсиз, бошқа жойдансиз, шекилли…
Мезбон ҳам ҳамсуҳбатга зор турган эканми, гап бошлади:
— Тақдир бўронлари сабаб келиб қолганман… Эсингизда бўлса, бир йили Китоб довонида автобус ағнаганди… Ўша автобусда… менинг севгилим ҳам бўлган…
Сесканиб кетдим. Унга тикилиброқ қарадим.
— Ўша ойда тўйимиз бўлиши керак эди… — гапида давом этди мезбон менга эътибор ҳам бермай. — Уни ўша автобусга ўзим чиқариб юборгандим. Тўйдан олдин холасиникига бориб келмоқчи эди… Ҳеч ажрашгимиз келмай, зўрға хайрлашганмиз. Баҳор фасли эди. Ёмғир ёғаётганда сирпанчиқ йўлдан чиқиб кетган автобус баландликдан ағанагани ҳақидаги хабар ўша куниёқ ҳамма ёққа тарқалди… Зудлик билан воқеа жойига етиб бордим. Туман шифохонасига одам кўплигидан яқинлашиб бўлмасди. Яқинларининг аҳволини билиш учун йиғилган одамлар, қўшни туманлардан ёрдамга келган шифокорлар… Кимдир яқинини йўқотганидан хабар топиб йиғлаётган бўлса, кимдир бемор яқинига тезроқ ёрдам беришларини сўраб шифокорларни ҳоли-жонига қўймасди… Мен ҳам одамлар оломонига қўшилдим. Палаталардан, рўйхатлардан Жамиланинг исмини топа олмай довдираб турувдим, бир ҳамшира хотин бир тўда одамни йиғиб «опознание»га деб етаклаб кетди. Аввалига тушунмадим, шифохона ҳовлисининг бир бурчагида жойлашган бинога кириб ҳушимдан айрилай дедим. Қаторлаштириб қўйилган одамлар орасидан ҳамма ўзиникини таниб олиши керак экан. Қўрққанимдан орқага тисарилдим. Лекин ваҳима билан олдинга интилаётган одамлар орасини ёриб ўта олмадим… Биринчи қаторни ҳамшира етовида айланиб чиқиб севгилим топилмаганига шукур қилиб қайтаётгандим, очилиб ёпилаверганидан кўтарилиб қолган чойшаб остидан чиқиб турган узук тақилган қўлга кўзим тушди… Бу ўша мен совға қилган узук эди! Ўшанда ҳушимдан кетганман… Ўзимга келганимда руҳий касалликлар шифохонасида ётардим… Олти ой деганда ўзимга келибман… Шундан буён менга ҳаёт қоронғу… Шифохонадан чиққанимдан кейин ўз уйимга ҳам сиғмай қолдим. Дайдиб юриб охири Жамилам ётган жойга келиб қолдим… Ҳар кун Жамилам билан гаплашаман, негадир руҳи безовтадек… Шу қабристонга ётиб юрганимдан хабар топган қишлоқ аҳли ҳашар йўли билан шу ҳужрани тикка қилиб беришди… Беш йилдан буён…
Энди шубҳага ўрин йўқ.
— Юсуф… — дедим овозим титраб, қолган гапини эшитишга тоқатим қолмаганди. Йигит билан эрим бараварига ялт этиб менга қарашди. Эримнинг кўзларида ҳайрат бўлса, Юсуфнинг кўзлари миннатдорчилик билан боқиб турарди.
— Танимайсизми, деб ўйлагандим… — деди у биринчи марта кўзимга тик қараб. — Мен эса сизни бир кўришда танидим… Учрашган жойимизни қаранг…
Гоҳ менга, гоҳ унга қараб турган эрим изоҳ талаб қилгандек менга тикилди.
— Жамила… Наҳотки, у… дунёдан ўтган бўлса… — деганча йиғлаб юбордим. Институтни тугатиб, хабарлашмай қўйган, тўйига ҳам айтмаган дугонамдан аразлаб юргандим. У эса ҳатто севгилиси Юсуфга турмушга чиқишга ҳам улгурмаган экан… Юсуфнинг садоқати-ю, дугонамнинг аччиқ тақдири юрагимни ларзага солди, роса йиғладим. Шу кеча талабалигимизни хотирлаб, ухламай тонг оттирдик. Эримга Юсуф билан Жамила ҳақида гапириб бердим.
Тонгда эса Жамиланинг қабрига бордик… Дугонамнинг қабри устида туриб, Юсуфни бу ерлардан олиб кетишга, яна ҳаётга қайтаришга ваъда бердим.
— Тақдирнинг ўзи бизни яна учраштирди, — дедим Юсуфга хайрлаша туриб. — Балки Жамиланинг руҳи ёрдам бергандир… Энди сиз бундай яшамаслигингиз керак. Одамлар орасига қайтсангиз, ҳаётингизни йўлга қўйсангиз, Жамиланинг ҳам руҳи ором топарди. Биз билан юринг…
Аввалига кўнмай турган Юсуф охирги гапимдан кейин ўйланиб қолди. Эрим ҳам юринг туриб олгач, рози бўлди. Фақат ҳозир эмас, бир-икки кундан кейин кетишини айтди. Шундан кейин биз қайтдик. Эрим тўрт кундан кейин яна шу туманга иш билан борди ва қайтишида Юсуфни ҳам ола келди. Шу кеча дугонам тушимга кирибди, менга қараб жилмайиб турганмиш…