Зокир Худойшукур. Узилмаган қарз (ҳикоя)

Холиёр овчининг, уч-тўртта овчи жўрасини ҳисобга олмаганда, дўсти йўқ ҳисоб. Унинг дўсти — тоғу тош, ҳайвон, гиёҳ ва ўт-ўлан. Қирқ йилга яқин овда ёлғиз юраверганидан одамлардан узоқлашиб, табиатга яқинлашди. Баъзида ўзини борлиқнинг танҳо эгасидек тутиши шундан.
У яна овга чиқмоқчи. Фарзандлари, кампири “Бўлди энди, тўхтатинг, қариб қолдингиз”, деб қаршилик қилди. Қаерда дейсиз, овчи қаригани билан қайсар феъли қаримаc экан-да:
— Улар менинг “қорамдан” чўчийди, — деди эгардан тушгиcи келмай.
— Қариган арслон тулкига ем бўлади, — деди кампири эcки ҳазилкашлигини қўймай.
— Мени қариганга чиқаряпсанми, кампир?! Ҳали эҳ-ҳе…
Овчи билганидан қолмади. Қўшотар милтиғи, тузоқ ва емакни орқалаб жўнади-кетди.
…Тоққа кўтарилмоқда. Илонизи йўлнинг охири кўринмайди. Олдинлари бу йўлни дарров босиб ўтарди. Бугун йўл унмай қолди. Нима бўлди ўзи? Ёки кампири айтганидек қарияптимикин? Бунинг устига кўнгли алағда. Бирпас дам олмаса бўлмайди, шекилли. У шу хаёллар билан ҳар гал кўравериб, қадрдон бўлиб қолган харсанг устига чиқиб чўзилди. Хаёллари яна узоқларга улоқди…
Йигирма ёшида отадан овчиликни олди. Ўзига яраша маросим бўлганди ўшанда. Отасининг беш-ўнта овчи жўралари келишди. Улар йигитни ўртага олиб, роса насиҳат қилишди.
— Болам, овчининг дўсти — милтиқ, ёри — милтиқ, — деди ота бошини сарак-сарак қилиб. — Уйи — тоғу тош, дала-қир. Билгани — ов. Аммо “ов”, дегани, жониворларни бўлар-бўлмас ўлдириш эмас. Унда бу жаллодлик бўлиб қолади. Овчи — табиат фарзанди. Шунинг учун буларнинг ҳисобини олиши, табиат уйғунлигига путур етказмаслиги керак. Бу йил қайси ҳайвон кўп, қайси камёб — ҳаммасини билишинг зарур. Агар шуни билмасанг, овчилик қилмаганинг маъқул. Ҳақиқий овчи табиат жаллоди эмас, табиат қўриқчиси бўлади, болам…
— Жўрақул мерган тўғри айтди, — деди Қарға мерган лақабли овчи. У овчилар билан баҳслашиб, қарғанинг кўзидан отгани учун шу лақабни олган. — Табиат мувозанати овчи зиммасида. Буни фаҳмлаш учун ўткир ақл керак. Эсимда: бир йили қиш қаттиқ келди. Ўшанда билган-билмаган ов қилди. Ҳайвону қуш камайди, тоғ ҳувиллаб қолди. Айиқ тоғни ташлаб кетибди, деган гап чиқди бунинг устига. Эшитишимча, айиқ ҳайвонлар пири эмиш. Агар у тоғни тарк этса, билгинки, ҳайвону қуш бариси тоғни ташлаб кетади.
Овчиларнинг кўнглига хавотир тушиб, жонлиқ сўйиб, тоққа боришади. Мақсад — айиқ кўнглини овлаш бўлган. Қурбонликни белгиланган жойда қолдиришади. Аммо бир неча кун ўтса-да, айиқ келмайди. Чунки у одамлардан норози бўлган. Кейин нима бўлди, денг? Бир неча йил тоғу дараларда овга арзирли ҳайвону қуш кўринмади ҳисоб. Фақат қарғаю қузғун, тулкию тўнғизлар кезиб юрди. Йиллар ўтиб, бари изига тушган. Шунинг учун, болам, овчи отишдан олдин ҳисоб юритишни, қаҳр қилишдан олдин меҳр қўйишни билсин экан…
Овчилар насиҳат қилиб, билганларини ўргатишди. Шундан сўнг асосий маросим бошланди. Отанинг “Сенга овчиликни бердим”, дейиши билан иш битмайди. Мерганлардан бири қирғийни хонага олиб кирди. Сўнг йигитга: “Унинг кўзига тикил!”, дейишди. Агар қайси тараф биринчи бўлиб кўзини олиб қочса, мағлуб ҳисобланади. Қирғий ютқазса, йигит овчиликка муносиб. Худо кўрсатмасин, йигит мағлуб бўлса, ота ҳар қанча уринмасин, мерганлар уни овчи, деб тан олишмайди. Улар розилик бермагач, овчилик қилишдан маъни йўқ. Кўпнинг дуосини олмаган овчини ўрда ё қирда тўнғизми-бўрими тилкалаб кетса, ажаб эмас.
Йигит қирғий билан баҳс бошлади. У қирғий кўзларида тоғу тошларни, дараларни ва уларда ўрмалаган ҳар бир жонлини кўргандек бўлди. “Наҳотки, жониворнинг кўзи шунчалик тубсиз ва сирли бўлса”, деб ўйлади. Бунинг устига ўзида куч туйгандек. Назарида, қушнинг ўткир кўзи ўзига кўчгану, синчиклаб тикилса, узоқларда қимирлаган жониворни-да кўрадигандек.
Ниҳоят, қирғий кўзини олиб қочди. Даврадагилар йигитни олқишлади. Уни сафига қабул қилишди…
Овчи харсангга таяниб, ўрнидан турди. Ўзини эллик йил олдингидек кучли ва ўктам ҳис этмоқда. Шу дадиллик билан илдам юрди. Кечга яқин тоғнинг нариги томонидаги арча ёғочидан қурилган кулбасига етиб олди. Толиққани учун ул-бул егач, ухлашга тутинди.
Тун ярмидан оққанда бўрининг “ув-в”лашидан уйғониб кетди. Овоз шу яқин атрофдан келмоқда. Қўли милтиққа югурди. Сўнг кулба дарчасидан ён-атрофга тикилди. Гарчи зимистон кеча бўлса-да, унинг ўткир кўзлари икки юз қадам наридаги баҳайбат бўрини илғади. Нимагадир жонивор танишдек кўринмоқда. Уни қачон, қаерда кўрган эди?!
Ҳа, эслади: бунга беш йилча бўлди. У пайтларда жонивор ҳозиргидек ҳайбатли эмас, кичикроқмиди-ёв. Ў чўчигани учун шундай кўриндими?..
Ўшанда овдан қайтаётганди. Бўриларнинг очиққан, овга чиққан пайти экан. Уч-тўрттаси атрофидан ўраб келди. Одам қўрқмади. Милтиққа ўқни жойлаб, уларнинг ҳужум қилишини кутди. Йиртқичлар иккиланди, шекилли, бунга журъат қилишмади. Буни сезган одам дадилланди. Кутилмаганда ёш она бўри ташаббусни қўлга олиб, ўткир тишларини кўрсатиб, яқинлашди. Бошқалари бундан руҳланиб, халқани сиқиб келаверди. Одам она бўрининг пешонасини нишонга олди, тепкини босди. Бир зумдан сўнг бўри йиқилди, бошқалари қочди. Фақат ёш бўри, балки жуфтидир, ҳа, жуфти эди, қочмади. Қонга беланган жасад атрофида айланиб чопаверди, чопаверди. Аҳён-аҳён одамга қараб қўйиб, яна чопарди. Бу ҳол кўп такрорланганидан одам ҳисобдан янглишиб кетди.
Овчи унга базўр қаради, бўри ҳам ўткир кўзларини қадади. Иккиси ҳам бир-бирининг кўнглида кечаётган гапларни уқмоқда.
— Жуфтимни ўлдирдинг, — деди бўри.
— Ўзимни ҳимоя қилдим, мажбур бўлдим, — деди одам.
— Учта болам бор, қандай боқаман?..
— Билмайман…
— Қасд оламан, сени тилкалайман!..
— Билганингни қил…
Одам ёшли кўзини олиб қочди. У шундан кейин бу ишидан афсус чекиб юрди. Бунинг устига ишлари ҳам орқага кетди. “Бўрининг уволи тутдимикан”, деб ўйларди у. Кетма-кет келган кўнгилсизликлар овчини гангитиб қўйди. Ови ҳам юришмай қолди. Қўшниси билан “сен-мен”га боргани ҳаммасидан ошиб тушди. У ноинсоф “Мерганнинг уйида қурол бор, ўзим кўрдим”, деб ёзиб берибди. Овчи бундан бехабар.
Иш судга оширилди. Броконерликда айбланиб, бир йил ўтириб чиқди.
… Бўри кулбага яқин келди. Кўзлар яна тўқнашди.
— Мени танидингми? — бўрининг кўзидан аллақандай ўт чақнарди.
— Танидим! Шунча йил қаерда эдинг? — одам унинг кўзидаги бу ўтдан таажжубда эди.
— Сени кўздан қочирганим йўқ, доим кузатиб юрдим, сен пайқамадинг.
— Болаларинг тирикми?..
— Ўша йили қиш қаттиқ келди. Иккитаси нобуд бўлди, бирини зўрға асраб қолдим.
— Ҳозир у қаерда?..
— Шу ерда! Уни қасоскор қилиб тарбияладим. Сени яхши танийди.
— Биламан, бўрининг қасди қаттиқ! Шаҳдингдан қайтиш ниятинг йўқ! Лекин бир нарсани ҳеч тушунмадим. Нега шу пайтгача индамасдан, энди шу ишни қилмоқчисан?
— Сабаби бор…
— Нима қилмоқчисан?..
— Билмайман! Ҳали кўзинг ўткир, қўлларинг кучли, бақувват! Кучдан қолишингни кутсам керак…
Бўри беихтиёр ортга чекинди. Одам чўккалаб қолди. У бўрининг овга чиққанлигини тушунди. Кўнглига ваҳима оралади. Сўнг: “Ҳе, овчи бўлмай ўл, шунча йил ов қилиб, ҳеч нарсадан чўчимадинг, энди келиб-келиб қари йиртқичдан чўчийсанми”, деб қаддини ростлади.
Пешингача унинг ови бароридан келди: ўнтача каклик, қуён, тустовуқ отди. Лекин кўнгли нотинч. Бир — уйга қайтсамми, деган ўйга борди. Бу сафар ҳам қайсарлиги устун келди, қайтмайдиган бўлди. Шу ўйлар билан тошўчоқ яcашга тутинди. Уч-тўртта тошни қалади. Нарироқда турган тошга қўл узатди. Хаёл билан тош тагига қўл югуртганини билмай қолди. Бармоғи “жиз” этди. Ҳушёр тортган овчи тошни кўтариб қаради ва заҳар бойлаган “қора қурт”ни кўрди. Ҳа, бу жуда заҳарли ҳашорат. Ҳар қандай жониворни ўлдиради, одам нима бўлибди. Овчи бир зум шошиб қолди. Тезда чорасини кўрмаса, ҳалок бўлиши мумкин. Шартта пичоқни қинидан чиқариб, ўргимчак чаққан жойни тилиб юборди. Бу билан қаноатланмасдан, кулбасида сақлаб қўйган гиёҳлардан малҳам тайёрлади. Шундан сўнг кўнгли бир оз хотиржам тортгандек бўлди.
Ўзига келган овчи яна овга чиқди. Бу сафар у йирик тоғ эчкисининг ортига тушди. Унга писиб яқинлашди. Мўлжалга яқинлашгач, қулайроқ ерга жойлашди. Қўшотарни ўқлаб, нишонга олди. Қанча уринмасин, аввалгидек кўролмади. “Қаридимми, ё ўргимчак заҳри таъсир қилдими”, деб ўзича минғирлади. Мўлжални тусмоллаб отди. Ҳушёр жонивор чап бериб, тошдан-тошга сакраб, чўққи томон чопқиллаб кетди. Овчининг биринчи марта ўқи тегмади, биринчи марта ўзини ғариб ҳис этди.
Қайсар чол чекинмади. Худди тоғ эчкиси каби тошдан-тошга ўтиб, унга эргашди. Ҳеч тоймайдиган оёғи тойди. Мувозанатни тутолмади, гурсиллаб тошлар устига йиқилди. Бели “жизиллаб” кетди. Сўнгра эмаклай-эмаклай пастга қайтиб тушди. Оғриқ зўрайди. Яна эмаклай бошлади, кулбага ҳали анча бор. У судралиб борар экан, “таниш” бўрининг пайдо бўлганини сезмай қолди. Ялт этиб унга қаради. Бўрининг кўзларидаги ўт алангадек бўлиб кўринди.
— Шуни кутаётганмидинг, — одам маъюсланди.
— Беш йил кутдим буни, — бўрининг ҳаракатлари жонланиб қолганди.
— Нима қилмоқчисан?
— Тилка-пора қиламан!..
— Осонгина жон беради, деб ўйлайсанми?!
— Энди аввалгидек шаштинг йўқ, овчи! Заҳар танингни емирмоқда.
— Қайдан билдинг?
— Соянгдек юрибман, биламан-да…
Бўри ташланмоқчи бўлгандек қаддини ростлади. Одам буни пайқаб, милтиққа қўл чўзди. Иккиси-да бир-бирининг кўзига боқиб турибди.
— Келавер, ким ютаркан…
— Ўлсам ҳам қайтмайман…
— Наҳотки, шу арзимас қасосни, деб ўлимни бўйнингга олсанг?
— Арзимаган иш эмас бу! Сен учун арзимасдир, лекин мен учун умрим мазмунига айланган.
— Қўрқаяпти, дема, ўйлаб кўрмайсанми?
— Бу сўнгги овни қанчалик кутганимни билмайсан-да сен…
— Рости, мен ҳам сўнгги овга чиқаётганимни сезгандим. Аммо сен билан тўқнашиб, сен билан олишишимни билмагандим, бўри!
— Одам боласи кўкда учган юлдуз сирини топади-ю, оёғи тагида турган ўлим шарпасини сезмайди, пайқамайди. Орзу истакларга ўчлиги унинг ички сезгисини зарарлаган, ишдан чиқарган.
Бўри ортга бурилди. Бўйнини кўкка чўзиб, узоқ-узоқ увлади. Унинг “ув-в”лашини кўп нарсага йўйиш мумкин эди. Аввало, йиртқич қасос онлари яқинлашганини ҳис этмоқда. Овчи бу ўйдан енгил сесканиб қўйди. Кулбага киргач, қўшотар ва пичоқни кўздан кечириб, ўзига қулайроқ жойга қўйди. Чунки ҳар дам ғанимат. Қасоскор бўри кутилмаганда яна пайдо бўлиши ва ташланиб қолиши мумкин. Аммо бир нарса тушунарсиз. Нега ерда чўзилиб ётганида ташланмади? У яна нимани кутаяпти, нега қасосни чўзади?!
Узоқ ўйлади. Ниҳоят, сабабини топгандек бўлди. Бўри боласининг қасос олишига имкон бермоқчи. Бунинг учун овчининг янада ҳолдан тойишини кутмоқда. Бу ўйлар овчини руҳан чўктирди. Бунинг устига ўргимчак заҳридан тўла халос бўлмаган, шекилли, оз-оздан ҳолдан тойиб бормоқда. Айниқса, тун ярмидан оққанда бутун аъзои баданида оғриқ турди. Ана, энди ҳаммаси тамом, деб ўйлади у. Бироқ шу ҳолида ҳам бўри билан бўладиган тўқнашув ҳақида ўйлашдан тўхтамади.
Тонгда ўрнидан беҳол қўзғалди. Танасида қаттиқ оғриқ бор. Ташқаридан келаётган бўри “ув-в”лаши сўнгги овга — ҳаёт-мамот жанггига чақириқдек бўлиб туюлди. Овчи ўрнидан турди, кулбадан чиқди. Ахир, шунча йиллик овчи бўла туриб, бу чақириқни қабул қилмаслик уят! Кулбадан эллик қадамча нарида турган иккита бўрини кўрди — бири қари, аммо жуда тажрибали ва айёр, иккинчиси навқирон ва шижоатли.
Икки қариянинг кўзлари яна тўқнашди.
— Ҳолинг шу экан-ку, — деди бўри.
— Ҳа, жуда ёмонман, — деди одам.
— Ниҳоят, қасос онлари яқин…
— Ким билан курашаман? Иккаланг ташланасанми?
— Йўқ! Аслида сени ўзим тилка-пора қилишим керак эди. Аммо бу имконни боламга бераман. Чунки у мендан кам азоб чекмади. Онаси йўқлиги учун неча бор ўлим билан юзлашди. Ҳа, у урушади!
— Тажрибали қарияга қарши навқирон бўри тушаркан-да?
— Бу cизларнинг ақидангиз. У бизга тўғри келмайди. Ким кўпроқ ҳақли бўлса, ўша қасос олади! Болам мендан кўра ҳақлироқ….
Жанг бошланди. Ёш бўри абжирлик билан сакради, чол чап берди. Яна сакради. Бу сафар одам пичоқ билан унинг оёғини тилиб юборди. Йиртқич аянчли овозда яқинлашди-да, одамнинг чап қўлига чанг солди. Одам оғриқдан ингранди ва пичоқ билан яна жароҳат етказди. Икки томон ҳам ҳолдан тоймоқда. Уларни сокинлик билан кузатиб турган қари бўри кўкка қараб “ув-вв”лади. Кейин ўткир кўзларини одамга қадади, одам-да унга қараб турарди.
— Қийин бўлдими, — деди бўри.
— Боланг абжир экан, — деди одам.
— Ҳали анча ғўр экан, билиниб қолди…
— Энди нима қиламиз?
— Бугунга етади. Эртага мен билан олишасан!
— Унда қоида бузиларкан-да?
— Қоидани одамларнинг ўзлари тўқиб олган. Унинг бизга алоқаси йўқ…
Ота-бола бўрилар чопқиллаб кетишди. Овчи зўрға кулбага кирди. Яна бир кун кутади, яна бир кун яшайди.
Тонгда пайдо бўлган бўрилар яна “ув-в”лаб, овчини жангга чорлади. Руҳан ва жисмонан толиққан овчи кулбадан зўрға чиқди. Икки жуфт кўз яна тўқнашди.
— Бугун ҳаммасига чек қўямиз, — деди бўри.
— Ҳа, шундай қиламиз, — деди одам.
— Айтадиган гапинг йўқми?
— Бор! Табиатдан қарзим бор, шуни айтмоқчиман, холос!
— Қарзинг кўпроқ мендан, боламдан, шундай эмасми?!
— Шундай, бўри, шундай!..
— Қонинг билан ювасан буни!..
Бўри ташланди, овчи зўрға чап берди. Иккинчи ҳамлада одамнинг қорнига ўткир тишларини ботирди. Овчи оғриқдан ғужанак бўлиб қолди. Шу ҳолида ҳам пичоқни маҳкам тутиб, йиртқичнинг яна ҳужум қилишини кутмоқда. Бўри югуриб келиб сакради-ю, одамнинг бўғзига чанг солди, овчи эса пичоқни бўрининг томоғига санчди. Иккиси ҳам йиқилди. Зум ўтмасдан кўп бор тўқнашган икки жуфт кўз хира тортди…
Ёлғиз қолган ёш бўри “ув-в” тортиб тоғу дараларни титратди, сўнг кўздан йўқолди. Шу орада отасининг ҳаяллаб қолганидан хавотир олган катта ўғли етиб келиб, ҳаммасидан воқиф бўлди. Маййитни уловга ортиб, қишлоққа эниб борди. Овчини сўнгги манзилга яхши хотиралар билан кузатишди.
Жаноза олдидан катта ўғил можаро қилди: “Отам бир умр қўшотар милтиқни қўлидан қўймади. Шунинг учун милтиқни бирга кўмамиз”.
— Бўлмайди, — деди мулла. — Унда жанозани ўқимайман!
— Ўқийсан, — деб ўғил унга зуғмкор кўз тикиб. Мулла ноилож рози бўлди. “Кимдан қарзи бор”, дейилганда ҳеч кимдан садо чиқмади. Шунда кимдир “Овчининг одамлардан қарзи йўқ, қарзи бўлса фақат жониворлардан бўлиши мумкин”, деди. Ўғил ўйланиб қолди. У “Отамнинг табиатдан қарзи бўлса, демак, мен ҳам овчи бўлишим ва бу қарзни узишим керак. Овчи учун қўшотар керак бўлади”, деган ўйга борди. Кейин милтиқни кўмиш фикридан қайтди…