Муродулла Ғафуров. Кўнгилчановнинг кўрганлари (ҳажвия)

— Ҳечам ёлғон гапирма! Бировнинг дилига озор етказишдан тийилиб юр.
— Астойдил меҳнат қилиб, ҳалол пул топ! Қунт билан ҳунар ўрган. Имкони борича одамларга яхшилик қилишга интил.
— Дўст орттир.
Ота-онам болаликдан шундай тарбия беришди. Мен ҳам уларнинг маслаҳатига тўлиқ риоя қилиб ўсдим. Хатти-ҳаракатимни кузатган устозларим, “Оғир ва босиқ бола, ҳеч кимни ранжитмайди!” дейишар, ўртоқларим эса “Унинг тантилигига тасанно — ўзи емаса ҳам мудом бизга бир нималарни илиниб юради — қўли очиқ!” дер, синфдош қизларимиз ҳам ич-ичида: “Кимки унга турмушга чиқса, чин бахтга эришган бўлади!”, деб мени алқагандай туюлаверарди. Албатта, бундай ёқимли мақтовлардан сўнг яна-да сермулозамат ва бағрикенг бўлиб яйраб кетардим.
— Кучи бор бирни йиқар, билими бор — мингни!
— Қизларнинг кўнгли жудаям нозик бўлади, укажоним. Уларга гулга қарагандай қарагин!
Акам ва опам ўсмирлигимда мени шундай деб огоҳлантиришди. Мен доим уларнинг йўл-йўриқларига амал қилдим. Энди вақт деганиям ўша синфдош қизлар сочпопугидаги капалак мисол “лип” этиб ўтиб кетибди-ки, қарабсизки камина олий ўқув юрти толиби. У ерда, айтишим керакки, жисмоний машғулотдан сабоқ берадиган ўқитувчидан бошқа ҳамма домлаларнинг эътиборини тортдим. Аста-секин, кунба-кун обрўли шахсга айланиб бордим. “Ҳа, Абдужабборовми, у яхши бола, боқса одам бўлади”, дейишарди устозлар орқаваротдан. Алал-оқибат (энг муҳими ҳам шу бўлса керак) талаба қизларнинг назарига туша бошладим. Туғилган кун муносабати билан уларнинг баъзиларига қўлсоат, баъзиларига эса яна бир нималарни ҳадя этишни ҳунар қилдим. Бу ҳунар ўзимга хуш ёқарди.
Бундан ғоят бахтиёрлигимни тушуниб тургандирсиз! Аммо бундай мартабани қўлга киритиш ўз-ўзидан бўлгани йўқ. Ҳаммаси учун пул керак. Дам олиш кунлари ёхуд дарслар кам бўлган кунлари мардикорликка ёлландим. Турли хил ишларни ҳам лом-мим демай бажаравердим. Гоҳо баъзи бир худодан қайтган нокас бандалар ваъдасида турмади — ҳақимни ярим қилиб, куракда турмайдиган сўзларни айтиб, олдига солиб қувдилар ҳамки, каминангиз ўнг юзингга урса, чап юзингни тут, деган машойихлар сўзидан рағбат олиб юравердим. Илло-билло бирортасини қарғамадим: тарбиямиз шундай! Негаки, бировнинг дилига озор етказишдан чўчийман. Ахир, устозлар ҳам бежиз, кучи бор бирни йиқади, билими бор – мингни, деб айтмаганлар-да!
Шу билан баробари билим эгаллаш пайидан бўлиб, бутун зеҳнимни жадал ўқишга қаратдим. Ўқишни тугатгач тағин қайтадан ўқишга ҳужжат топширдим, денг.
— Олим бўлсанг, олам сеники! — дейишди олийгоҳни тугаллаётган чоғда устозларим.
Мен шу ақидага маҳкам ёпишиб олдим. Иккита университетни шу тахлит тугатдим. Лекин… ҳалиям кўп нарсага ақлим етмайди — ақлим шунга етади.
Ўқишни яна давом этттирмоқчи эдим-у, аммо ёш ҳам ўттиздан ўтиб қолгани халақит берди. Уйдагилар қачон уйланасан, деб дашном бера бошлашди. Жуда алам қиларкан, тенгқурларингдан каммисан, шу ёшда улар ували-жували бўлишган, қачонгача сўппайиб юрасан, — деган таъналарни эшитиш.
Шундай қилиб, опам кўрсатган бир онаси ўпмаган қиз билан танишдиму ҳаловатимни буткул йўқотдим. Ул кишимнинг ойдек юзидан қуёш ҳам хижолат, ой ҳам. Кўзёш ювган кўзгудек тиниқ кўзларидаги меҳри бўғзимга тиқилган юраккинамни бежо қилди-қўйди.
Хуллас, уйландим. Акамнинг қистови билан бир эътиборли идорага ишга ҳам жойлашдим. Бошқа ерда қандай билмадим, аммо бу ишхонанинг аҳил жамоаси янги келган ҳар бир ходимни зимдан кузатишар, мавриди топилса, ҳазилу чин синаб кўришаркан. Нафси ўлмагурлар мен билан ҳам “жиддий” шуғулланишди.
Иш бошлаганимнинг тўртинчи куни бошлиғимдан жавоб сўрадим: ён қўшнимизникида тўй, эртароқ бормасак бўлмас?
Жавобни олгач талабаликдан эсдалик папкани қўлтиққа уриб энди кетаман деб турувдим, кадрлар бўлими бошлиғи ёнимга келиб:
— Оғайни, уч-тўрт киши келишиб қўйгандик. Бирга тушлик қилсак, яқинроқ танишсак, дегандик. Шунга нима дейсиз? Ҳаммаси ўзимизникилар, — деди у яна қўшимча қилиб.
Кўнгилчанлигим тутиб кетиб, “майли” дедим. Хилватроқ ошхонага бордик. Ошхўрлик, кабобхўрлик… Албатта, икки шиша ароқ ҳам олинди! Ичдик-едик, едик-ичдик… Бир маҳал ер қимирлагандай бўлди. Бошим айланаётгандай бехосдан силкиндим. Ёки ўтирган стулим қийшиқмиди — билмадим, ўнг елкамдан юк босгандай кўлоблатиб сепилган сувга йиқилиб тушдим. Уст-бошимга лой чапланди. Ҳиқичоқ тутаётган бўлса-да:
— Энди мен… кетма-сам… бўлмайди. Бора-диган жо-ойим бор эд-и. Ҳеч кимдан хафа эмасма-ан! — дедим-да, папкамни қўлтиқлаб, амаллаб ўрнимдан турдим. Улар ортимдан кулиб қолишди, бироқ бунга парво қилмай, ўзимча илжайиб, йўлимга кетдим.
Уйга келасолиб, дарҳол уст-бошимни алмаштирдим. Кейин қўшнининг уйига ўтдим…
Даврага эндигина қўшилгандим, қўшнининг кичик ўғли эшикдан мени имлаб чақирди. Олдига бордим.
— Нима дейсан, полвон?
— Кеннойим чақиряптилар…
Кўчанинг нариги бетидаги дарахт панасида парирухсоримиз кутиб турган экан. Ҳовлиқиб, унинг истиқболига шошилдим.
— Бу нима? — деди бўзрайиб қўлидаги бир парча қоғозни кўрсатиб.
— Мен қайдан билай? Нима бўлди?!
— Уйда хотингиз бўлатуриб, кечқурун ким билан учрашмоқчисиз?
— Нима?
— Кимни алдайман деяпсиз?
— Билиб қўй, мен ҳеч қачон сенга хиёнат қилмаганман, қилмайман ҳам!
— Учрашувга ярим соатча вақт қолибди. Юринг, ўша жойга борамиз! Гапингизнинг рост-ёлғонлиги киносаройнинг ортида маълум бўлади.
Нима қиларимни билолмай қолдим. Бировнинг кўнглига озор етказиб қўйишдек азоб йўқ дунёда.
— Юр, ўша жойга борамиз! — дедим қатъий.
Бордик. Учрашувга ҳеч ким келмади.
— Бизни кўриб, бирор ерда бекиниб тургандир ўша севгилингиз? — деди хотиним бўзариб-бўзариб.
— Қанақа севгилим? — дедим тутақиб.
— Мана хатни ўқиб кўринг…
Унда қуйидагилар бўялиб-чатилиб битилган экан: “Эй, ўзимнинг қўрқмас арслоним! Бунчалик соғинтирмасангиз… Ҳар куни дийдорлашиб турадиган ўша — киносарой ортига соат олтида келинг. Кутаман. Сизнинг адои-тамомингиз… ”.
“Вой, муғомбирлар-ей! – ногаҳон ишхонамдагилар хаёлимга келди. – Бекорга ортимдан кулиб қолмаган экансизлар-да. Папкамга билдирмасдан қоғозни солиб, қитмирлик қилмоқчи бўлибсизлар-да. Ҳали мендан кўрасизлар!..” Барибир, мен уларга ҳеч нарса қилолмасдим. Чунки кўнгилчанман-да.
Йиллар ўтиб, тўрт фарзанднинг отаси бўлдим. Иш жараёнида катта тажриба тўпладим. Бу — муваффақиятларим гарови эди. Аммо кўнгилчанлигим гоҳида панд бера бошлади. Бир куни ишдан жуда кеч қайтдим. Уйим анча узоқ бўлса-да, очиқ ҳавода юришни афзал билиб секин-секин одимлаб бораяпман. Ёмғир майдалаб ёғиб турибди. Икки бекат юргач, ивиб қолмай деб навбатдаги бекатда тўхтадим. Осмон қуюқ булут билан қоплангани учун атроф қоронғи эди. Ёритгичлар хира нур сочмоқда. Қаёқдандир келишган бир аёл пайдо бўлди:
— Энди нима қиламан? Қаёққа бораман? Мени алдашди-я! Бундай катта шаҳарга биринчи бор келишим. Ай, номардлар-а! — деб ҳўнг-ҳўнг йиғлай кетди.
— Кечирасиз, синглим, сизни ким хафа қилди? — сўрадим юрагим ачишиб.
— Билмайман, акажоним, билмайман. Борадиган жойим йўқ. Энди нима қиламан? Бунчалик шафқатсиз бўлмаса бу одамлар?
— Борадиган жойингиз йўқми?
— Бегона шаҳарда кимим бўлиши мумкин, ахир? Мендай муштипарни алдаш кимга зарил экан.
— Ўксинманг. Дунёда яхшилар кўп. Эътироз билдирмасангиз, уйга олиб кетайин.
— Майли. Фақат биттагина шарти бор: менга тегинмайсиз; саҳарлаб кетаман!
— Хотиржам бўлинг. Ёвқараш хотиниму балоғатга етган ўғил-қизларим бор. Ният холис.
Аёлни мусофир билиб, уйга олиб бордим. Уни оилам билан таништирдим. Бўлган воқеани болаларимга тушунтирдим. Одамларга яхшилик қилишим, кўнгилчанлигимга хотин ҳам кўниб қолди бечора.
Эрталаб тўнғич қизимиз айюҳаннос солди.
— Кечаги хотин ким эди, дада? Тақинчоқлару зиракларимни ўмариб кетибди-ку?
— Йўғ-е, бўлиши мумкин эмас!
Қаранг-а, яна кўнгилчанлигим панд берди. Унинг афт-башарасигаям тузукроқ қарамабман. Вой, хомкалла!
Ҳафсалам пир бўлиб, ишхонага бордим. Сувга тушган мушукдай кабинетда шумшайиб ўтирибман. Эшик ғийқиллади. Бошимни кўтариб қарадим.
— Сизни бошлиқ чақираяпти! — деди котиба.
— Кеча нима иш қилиб қўйдингиз? — деди бошлиқ жиддий алфозда ҳузурига киришим билан.
— Нима қилибман? Тушунтиринг…
— Қидирувда юрган ўғри билан ҳамкорлик қилибсиз-ку. Тағин унга уйингизнинг тўридан жой берибсиз. Буни қандай тушунса бўлади, Кўнгилчанов?
Бошлиққа бўлган воқеани батафсил гапириб бердим. У тугмачани босди. Хонага милиция майори ва ўша аёл кириб келишди. “Муштипар” аёл зирак ва тақинчоқларни столнинг устига қўйди. Аммо у хижолат чекиш ўрнига жилмайиб турарди.
— Булар қизингизникими? — дабдурустдан сўради милиция ходими.
— Ҳа. Лекин буларни қандай қилиб қўлга киритдингиз?
— Кўнгилчанлик оқибатида… — деди майор ва у ҳам, бошлиқ ҳам кулиб юборишди.
Мен эса ҳеч балога тушунмай анқайиб туравердим, фақат “раҳмат” дейман.
Шу воқеадан кейин ўйланиб қолдим. Ота-она, яқинларинг ва устозларингнинг тарбияси бошқача-ю, ҳаёт тарбияси бошқа экан. Аммо ҳар ким ўз йўлини танлагани маъқул, шундай эмасми?

 “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2012 йил, 6-сон