Муаттар Баратова. Райҳон (ҳикоя)

Куз оёқлаган эса-да, табиат ҳали ҳам очилмаган қирраларини намоён этишда давом этмоқда. Олис ўлкаларга йўл олаётган қушлар парвозида андак ҳазинлик сезилади. Сарғайган япроқларнинг бир маромда тўкилиши эзгин бир кайфият уйғотади кишида. Мактабимиз ҳовлиси теграсида саф тортган адл тераклар новдаларида эса бирорта ҳам барг қолмаган. Бу манзарани дераза орқали кузатаман, маъюс хаёлларга бериламан.
Инсон маъюс тортганда ёки бошига ташвиш тушганида ўзига яқин сирдош ахтариб қолади. Бундай кезларда ёшнинг аҳамияти буткул йўқолади. Ҳозир мен шуни ҳис қилдим. Дарсда ўтиролмадим. Нимагадир юрагим тошиқиб кетаверди. Синф раҳбаримдан жавоб сўрадим-да, тўғри бувимникига йўл олдим. Бувим оғир бетоб бўлиб, тузалишларига умид йўқҳисоби эди. Буни бувимдан бошқа ҳаммамиз билардик. Бувимни ҳам билмайди деб бўлмасди. Негаки, аҳён-аҳёнда йиғлаб ўтирганини кўрганман. Лекин олдига бориб, кўнгил сўрашга негадир журъат қилолмаганман. Балки бувимни аягандирман. Аммо унинг ҳаёт шамлари кундан-кунга сўниб бораётганини ич-ичимдан ҳис этардим. Шундан сиқилиб, ёлғиз қолган пайтларимда йиғлашга тушардим. Кўз ёшидан бирор наф чиқмаслигин билсам-да, барибир ўзимни тўхтата олмас эдим.
Отам бош фарзанд бўлганлари учун биз ҳовли-жой қилиб кўчиб чиққандик. Бувим кичик амаким билан бирга яшарди. Кўчиб чиққанимизга бир йилдан ошган бўлса-да, янги уйга кўникишим қийин кечаётган, умрим бувимнинг ёнида ўтарди.
Бувим ҳар кўкламда ҳовлини айлантириб райҳон эктирар, жўякларни хато олсак, беозоргина койиб қўяр, қўлимиздан кетмончани олиб, ўзи ишга тушиб кетарди…
Шуларни ўйлаб, бувимнинг уйига қандай етиб борганимни сезмай қолибман. Дарвозадан киришим билан димоғимга хушбўй урилди. Ҳа, бу райҳон иси! Кеч куз бўлса-да, райҳон барглари бутунлай сарғаймаган, ҳовлига жозиба бахш этиб турибди.
Қизиқ бувим нега кўринмайди? Райҳонлар орасида ҳассасини дўқиллатиб, девор суяб сайр қиларди-ку шу маҳаллар. Бўғзимга ингроқ тиқилди. Нега қўрқаяпман? Ё уйда дам олиб ўтирганмикан? Бунча юрагим титрамаса? Айвонга чиқдим. Келинойим, амаким, сингилларим чой ичиб ўтиришибди. Негадир шу тобда улар билан гаплашгим келмади, ёки бувим ҳақида нохуш бир гап эшитиб қолишдан чўчидимми…
Бувимнинг хонасига кирдим. Уй тўридаги кароватда бувим кўзлари юмуқҳолда ётарди. Юрагим бир шув этди ўз-ўзидан. Кўзларимга илиниб турган ёш аччиқ зардобга айланди. Вужудимда аллақандай туманли бўшлиқ пайдо бўлди. Йўқ, йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас! Ўзимни қўлга олиб, бувимнинг ёнига бориб чўкдим.
— Бувижон! Буви, ухлаяпсизми? Сочингизга райҳон тақиб олибсизми? Қаранг, бутун уйни райҳон иси тутиб кетибди-я!
Энди зардоб ўрнини илтижоли йиғи эгаллади. Бувимнинг қўлларини ушлаб кўраман, жуда иссиқ. Ширин илинж билан кўксига бошимни қўйиб эшитаман. Дук-дук… Йўқ, йўқ! Ростдан ҳам “дук-дук” овози. Бу сўзни ўзим билмаган ҳолда овоз чиқариб айтиб юборибман. Ўзимга келиб қарасам, бувим мунгли кўзларидан меҳр таралиб, мамнун жилмайиб турибди.
— Бувимдан айрилиб қолдим, деб ўйладингми, лапарчи қизим, — деди тетикланиб. Бувим зерикиб қолган пайтларида (бувим-ку, зерикмасди, аслида менинг ўйнагани бирор машғулотим қолмаса), узун кўйлак кийиб олиб, ўзимча нималардир тўқиб айтар, авжим келса рақсга ҳам тушиб берардим. Тўқиганларимда бирор мазмун, қофия бўлмаса ҳам, бувим маза қилиб эшитаётгандай бир маромда тебраниб, чапак чалиб ўтирар, қўни-қўшниларга мени “лапарчи қизим” деб мақтарди.
Бувимни маҳкам қучоқлаганча, анча вақтгача туриб қолибман. “Бугун мени қўйиб юбормайсанми дейман, лапарчи қиз”, деб бошимни силаб қўйди. — Сенга бир гапим бор, — деди кейин. Юрагим титраб кетди. Ич-ичимдан “Сиз ўлмайсиз, бувижон, сиз яшайсиз!” деган нидо кучайиб келар, аммо сиртимга чиқаришга нимадир монеълик қиларди.
— Қизим, — давом этди бувим синиқ оҳангда, — мен ўтганимдан сўнг ҳам мана шу ҳовлида райҳонларнинг ўрни бўшаб қолмасин. Келинойингни биласан, ишидан ортмайди, сингилларинг ҳали кичкина, — деб елкамга қоқиб қўйди.
Ўша куни бувимнинг ёнида қолдим. Туни билан бувимга шифо тилаб, ухламай чиқдим. Тонгга яқин барибир ухлаб қолибман. Уйғонсам, бувим айвонда ўтирибди. Чеккасига митти баргли бир тутамгина райҳон қистирилган. Юзимни апил-тапил ювиб, айвонга кўтарилдим. “Мактабдан ҳам қолиб кетдинг, уйқучи қиз”, деб койиган бўлди бувим. Менинг юзимга табассум югурди, гўёки бувимнинг койишларида ҳаётга бўлган муҳаббат жилоланиб тургандай. Бундай койишлар ҳам мен учун катта бахт эди. “Тавба, мен тоғдан келсам, бу боғдан келади-я, қани, тезроқ уйингга бор, онанг ҳам хавотир олиб ўтиргандир. Тўғри уйингга бор”.
Сумкамни олдим-да, райҳон ифорига кўмилган ҳовлидан чиқдим. Уйимизга қандай етиб борганимни билмайман. Кўз олдимдан бувимнинг бироз тўла қизғиш юзи, ярашиб турган оппоқ сочлари, чеккасига қистирилган райҳон бир зумга ҳам кетмади. Орадан уч кун ўтиб, бувимни бериб қўйдик…
Шунга ҳам мана бир йилдан ошди. Бир куни саҳарда тушимга бувим кирибди. Сочларида ҳам, қўлларида ҳам, юрган йўлларида ҳам райҳон. Тушимни онамга айтиб бердим. “Райҳон — жаннат гули, бувинг жаннатда юрибдилар, иншаоллоҳ, қизим”, деб жавоб берди онам.
Бувимни эсласам, ширин хотиралар мени тарк этмайди, тарк этгиси келмайди. Шунда соғиниб-соғиниб, бувимга атаб райҳонлар эка бошлайман.