Гулнора Авезова. Кутиш (ҳикоя)

У сарғайган қоғоздаги бу мактубни тиббиётга доир қадим бир китобнинг ичидан топган эди. Аввал эътиборсиз бўлиб, у варақдан бу варақ ичига қўйиб юрди. Бир сафар озгина дам олиш, чалғиш учун варақни очиб, дуч келган бир неча жумлани ўқидию, унга бутунлай боғланиб қолди.

* * *

…Мен у билан сокин куз оқшомларидан бирида танишган эдим. Ўша кун кутубхонадан кечроқ чиқдим. Ёмғир шивалаб турарди. Талабалар шаҳарчасига етгунимча ўриндиқда мудраб қолибман. Бекатдан автобус қўзғалаётган пайтда ўзимга келиб орқа эшикка югурдим. Тушаётганимда пошнам қийшайиб мункиб кетдим. Агар у билагимдан тутиб қолмаганида йиқилишим тайин эди. Хуллас у билан танишувим шу тарзда кечди.
У… болалигимдан бошлаб хаёлимда яратган… орзуим эди! У чангли йўлларда тенгқурларим билан қувлашмачоқ ўйнаганимда ҳам, Жайҳуннинг лойқа сувлари қирғоқдан дагиш  олишларини кузатганимда ҳам, ой ёруғида Эшонёпда чўмилганимда бармоқ учларидан нур ёғдуси каби сачраган томчилар билан ўйнашганимда ҳам хаёлимдан жилмасди. Уни қандай яратдим, ўзим ҳам билмайман… Уни аввал яратиб кейин ишондимми ёки аксинча… буни ҳам билмайман…
У пайтлар баҳор оқшомларида ўзгача бир тароват бўларди. Аниқ эсимда йўқ, қайсидир ўртоғимизникидан чиқиб, тўрт-беш синфдош бир-биримизни уй-уйга кузатиб юрардик. Қилт этган шамол йўқ. Ой сахийлик билан нур сочар, боғлардаги олмалар қийғос гуллаган, атроф шу қадар сокин эдики, тупроқли йўлда секинлик билан босилган қадам товуши ҳам оламни бузгудек эшитиларди. Шу сукунатни бузмаслик учунми деярли шивирлаб гаплашардик. Ўша оқшом сеҳрими, билмадим, бирдан уни тилимга кўчирди. У ҳақда шу қадар берилиб гапирибманки, кузатиб келаётган бир синфдошимиз йўл ярмида бурилиб кетганини ҳам сезмабман. Хайрлашаётганимизда қизлардан бири:
– Абдураҳмон-чи, у нима бўлади? – деди.
Елкамни қисиб қўя қолдим. Ахир, у билан, хаёлимнинг мукаммал меваси билан уятчангина қишлоқ йигитини тенглаштириб бўлармиди?!
Чиндан у бутун оламимни забт этганди. У, ўша… Талабаликнинг охиригача ҳам хаёлимда фақат у бўлгани учун ҳеч кимга кўнгил қўя олмадим, улар умид қилган эътиборни бера олмадим. Ҳаракат қилдим, аммо бўлмади.
Ўша куз оқшоми эса… Агар қиз бола бўлмаганимда унинг иккала кафтига қўлларимни қўйиб:
– Ниҳоят топдим! – дея ҳайқирган бўлардим!
Эсимда, унга одоб доирасида миннатдорчилик билдирдим. У жавоб қилди. Лекин унгача автобус жўнаб бўлган, мен сабаб у кейингисини кутишга мажбур эди. Ундан узр сўраб, ётоқхона томонга кета бошладим. Шунда у:
– Садоқат, – деб секингина чақирди. Мен кескин бурилдим.
– Биз танишмизми?
Ҳайратдан кўзларим катталашиб кетди шекилли, у кулди.
Биласанми, тушларингда юз марталаб кўрганинг, ҳушингда кўзларингни юмиб минг бор тасаввур қилганинг қаршингда туриб исмингни айтсаю жилмайса…
Ана шундай учрашган эдик. Кейин, ўзининг тан олишича, бу кўзлари маъюс қизнинг исми албатта шундай бўлиши керак деган-у, тилига кўчирган экан. Муносабатларимиз анча жиддийлашгач, у мени илк бор учрашувга чақирди.Ўша оқшом ҳеч эсимдан чиқмайди. Куз охирлаб, қиш ўз ҳукмронлигини сездираётган пайтлар эди. Кимсасиз боғда, азим чинорлар гувоҳлигида анча сайр қилдик. Кейин кичкинагина пастак курсичалар қўйилган шинам ошхонада овқатландик. У билан минг йиллик қадрдонлардек суҳбатлашиш, бирга бўлиш жуда ёқимли эди.
– Сен билан худди болаликдан таниш, қадрдондекман, – деди у бирдан. Ажабки, айнан менинг ҳам хаёлимдан ўтаётган нарсалар эди бу. – Кечир, сени сенламасам худди узоқлашгандек бўламан. Майлими?..
Шундагина у мени сенлаётганини сезиб қолдим. Икковимиз ҳам кулиб юбордик. Анча кейин столдан тураётганимизда бошим айланиб кетгандек бўлди. Иссиқ ҳаводан бўлса керак деб ўйлагандим. Аммо атрофга қараб кўпчиликнинг саросимада ўрнидан туриб кетганини кўрдим. Ҳамма бирдан эшикка югурди. Эшик оғаси иккала тавақани ҳам очиб юборди. Ўн бештача одам ур-сур билан ташқарига чиқди. Шунда тепадан қарсиллаган товуш эшитилди. Ошхона тепасига ястанган азим дарахтнинг катта бир шохи устимизга қуларди. Кўпчилик жойидан қўзғалишга улгурмади. Шу жумладан биз ҳам. Фақат у менинг бошимни кўксига яширолди, холос. Еру осмон чайқаларди – бу зилзила эди.
Бир амаллаб ётоқхонага борганимизда шундоқ ҳам ҳилвирабгина турган икки қаватли бинонинг ҳамма ёғи дарз кетган, шу боис унга киришга рухсат беришмаётган экан. Ҳамма ҳар қаерга тарқаб бўлган, ёлғиз қоровул – татар момо қунишибгина ўтирарди:
– Ўзингга тунашга жой топ. Ина такрор бўлиши мумкин экан.
Сўнг у ўз ижара уйига боришим, у ерда хавотирсиз дам олишим мумкинлигини айтди. Бир оз тортишувдан кейин рози бўлдим. Бошқа иложим ҳам йўқ эди. Унча узоқ бўлмаган жойда бир хонали уйда тураркан. Хоналар саришта, ортиқча ҳеч нарса йўқ эди. Битта каравот, у-бу нарсалар… Вақт алламаҳал бўлганига қарамасдан анча пайтгача мусиқа эшитиб, гаплашиб ўтирдик. У билан қанча бирга бўлсам, шунча жозибасига асир бўлиб бораётгандим. У бир тўшакни олиб ошхонага чиқиб кетди. Мен эса тўшакни очмасдан ҳам каравотга чўзилдим. Чироқни ўчириб, мусиқани пасайтирдим, ухлашга ҳаракат қилдим. Аммо ичимни нимадир куйдирар, оғзим қуруқшарди. Сув истаб ошхонага ўтдим. У дераза олдида, қоронғиликда чекиб турарди.
– Ёнимга кел! – деди у қайрилмасдан. Мен худди сеҳрланган каби ёнига бордим. У сигаретасини чуқур тортди: “Тун андиша устига тортилган ниқобдир” деб қаердадир ўқигандим. Менимча тун юракнинг кундуз куни кўринишга журъати етмайдиган энг нозик қирраларини очиш учун берилган имкондир… – У узун тин олди. – Сен жуда яхши қизсан! Чунки… чунки…
Мен ортиқча гапиришини истамай қўлларимни чўздим.У кафтимни қўлига олиб, бармоқларимни ўпа бошлади…
Тонг ёришаётган пайтда у кўзимдаги ёшни кўриб сакраб ўрнидан туриб кетди:
– Мени кечир… Энди тақдиримиз бир. Шундай экан, ишларимни тезроқ тугатишим керак. Чунки сенинг ҳам, менинг ҳам бахтли бўлишга ҳақимиз бор, тўғрими? – У бурнимнинг учидан чимчилаб қўйиб тез-тез кийина бошлади. Шу пайт телефон жиринг­лади. Шошиб бориб кўтарган эди, ҳеч ким индамади шекилли, гўшакни қўйиб, анча ўйланиб туриб қолди. Менга қайрилганида, уни таниёлмай қолдим:
– Сотганмикан?! – Кейин шошиб рақам терди. – Сафар, сенмисан?! Нима… мастмисан?! Сотдингми?! Пастсан… қўрқоқсан… аблаҳ! Келиб-келиб сенга ишондимми ҳали… Билиб қўй сендаги ҳужжатлар ягона нусха эмас! – Гўшакни шартта қўйиб яна менга юзланди. Мен тош қотганча ўтирардим. Шунда чўнтагидан бир шода калит чиқарди-да, биттасини ажратиб кафтимга қўйди:
– Ярим соатлардан кейин чиқиб кет. Ҳеч кимга ҳеч нарса дема. Ўша боғда соат бешда учрашамиз… Қолган гапларни ўшанда гаплашамиз.
Ёмғир шивалаб турган саҳар эди. Уни деразадан кўчанинг нариги томонига ўтиб, машина тўхтатиб ўтириб кетгунича кузатиб турдим. Ўшанда эътибор бермагандим, кейин хотирлай-хотирлай у уйдан чиқиши билан эргашган бири дароз, бири паст бўйли икки одамни эсладим. У машинага ўтириши билан улар ҳам югургилаб бекат четида турган мовийранг “Жигули”га чиқиб, орқасидан ҳайдаб кетишганди. У кетгач уйга сиғмадим. Ундан-бунга юриб вақт санадим. Худди уйдан чиқсам вақт тезроқ айланиб уни кўрардим назаримда…
Хазонлар тўзғиётган боғда қоронғи тушгунча саросар кутдим. Ётоққа қайтдим. Хонага сиғмадим. Яна кўчага чиқдим. Бир пайт ўзимни унинг эшиги олдида кўрдим. Очиб кирдим. Аввал қандай кетган бўлса, шу ҳолича турарди, у қайтмаганди…
Эрталабгача шу ерда қолдим. Хонадан гўё унинг бўйи келгандай бўлар, ҳар бир нарсани ушлаб-силаб уни соғинардим. Ёзув столи устида тартиб билан терилган қоғозлар устида қора ён дафтарча турарди. Бир-икки қўлимга олмоқчи бўлиб журъат қилолмагандим. Саҳарда мажбуран қўл узатдим ва варақлаб вазиятни бир оз англагандай бўлдим…

* * *
“Бугун олдимга келган элчи ва улар таклиф қилган пул ҳажмини эшитиб нақ турнанинг кўзини мўлжалга олганимни англадим. Ҳали далиллар уларни бутунлай фош қилиш учун етарли эмас. Шуларни тўплагунимча фурсат керак. Ўйлаб кўришимни айтиб қайтардим”.

* * *

“Иш бунчалик катталашади деб ўйламагандим. Келишган жойимизга борганимда… даҳшат! Унинг боши пачақланиб ётарди. Ҳеч нарсага қўл теккизмай тезда у ердан узоқлашдим – менга қўйилган тузоқ бўлиши ҳам мумкин. Яхшиям ҳужжатларни қаерга қўйганлигини айтган экан. Уларни топдим-у, бу ёққа жўнадим… Яширинмасам менинг ҳам аҳволим маълум. Ниҳоят очиқ ҳужумга ўтишди”.

* * *

“Бир қиз билан танишдим. Ҳаётим мазмунига айланаётир у! Барча нарсадан воз кечиб, фақат у билан қолгим келади… Унинг кўзлари шу қадар қадрдонки…”

* * *

“Охиргиси қолди. Ана шундан кейин нафақат бир уюшган тўда, балки юқоридаги айримлар ҳам ҳал қилувчи зарбани ейди. Жойни доимий ўзгартириб туриш, қочиб юриш жонга тегди”.

Мана шу бор-йўқ кўрган-билганим. Шундан кейин кўнглимга оралаган гумон бутун вужудимни эгаллай бошлади. Бундан қанча халос бўлишга уринганим сари шунча қаттиқ томир отарди. Кунларим кечқурун боққа бориш-у, кейин кимсасиз хонада хаёлан уни чорлаб саросар кезиш билан ўтарди. Бир кун мусиқа қўйдим. Бу ўша тун эшитган мусиқамиз эди. Томоғимга бир нарса тиқилди. Ботинимдан отилиб келаётган аччиқ тўфонни босиш учун юзимни ёстиққа босдим. Бўлмади… мусиқа шовқини остида тўлиб кетган юрагимни бўшатдим. Шу пайт бирдан кўз олдим қоронғилашиб, кўнглим айниб кетди. Бир муддат ўзимни йўқотдим. Шунда… шунда иккинчи гумоним тасдиғини топганини англадим. Бу унинг борлигининг нишони эди. Вужудимни ёруғ бир ҳис чулғади. Аммо ҳали олдимда нималар кутиб турганидан хабарсиз эдим…

* * *

– Қизим, сизнинг ишингизгаям, хулқингизгаям гап тополмайман. Беморлар ҳам сизни ҳурмат қилишади, жамоа билан муносабатингиз яхши. Фақат ёш бола билан ёлғиз ўзингиз… Эшитишимча, сизни пойтахтга ҳам ишга таклиф қилишган экан. Хуллас, сўрамоқчи бўлганим…
Мен индамадим. Ўшанда элликларни қоралаган сочлари оппоқ, ҳамма исми-шарифи қолиб Опа деб чақирадиган бўлим мудирамиз айнан шундай деганмиди ёки йўқми, аниқ эслолмайман. Фақат менинг сукутимдан сабри тўлган аёл овозини баландроқ кўтариб:
– У ким! – деб сўрагани эсимда. Мен ерга қадалган кўзларимни кўтардим. Агар у аёл ботинимдагини ўқий олганида эди… “Тинч қўйинглар мени… хотираларим билан. Ахир менинг ҳам ҳақим бордир хоҳлаганимча яшашга!” – деган нидони туйган бўларди.
– У… у ўлган!
Аёл ёшига ярашмаган чаққонлик билан ўрнидан туриб олдимда пайдо бўлди. Елкамга қўлини қўйиб, чуқур ҳамдардлик билан:
– Кечиринг мени, қизим, минг бор узр… Тақдиримиз Яратганнинг қўлида, – деди. Шунда ўзимни тутолмасдан бағрига отилдим. Бу биринчи бор унинг йўқлигини тан олишим, кўнглимдаги гумонни тилимга кўчиришим эди.
Шу воқеадан кейин Опа билан анча яқинлашиб қолдик. У баъзан менинг ишдан эртароқ кетишимга рухсат берар, вақти-вақти билан қизалоғимни ўзи назоратдан ўтказиб турарди. Унинг барча ғамхўрликларини табиий нарсадай, яъни бир онанинг бошига иш тушган қизига қилаётган ёрдами сифатида қабул қилардим. Бир куни қизалоғимни кўришга келиб анча ўтириб қолди. Ош-овқатдан кейин ҳам кетишга шошилмади. Оилам ҳақида кўпроқ сўраб-суриштирди, охирида бошини чайқай-чайқай сўйланди:
– Бунақа юришингиз менга ёқмаяпти. Ишончим комилки, боладан ота-онангиз хабарсиз…
Мен ҳар доимгидай индамасдан бошимни эгдим. Бу муқаддас мавзу ҳақида, нафақат муҳокама, балки гапириш ҳам мен учун хиёнат билан баробар эди.
У менинг қайғум, у менинг муҳаббатим ахир…
Ногоҳ эшик тақиллаб қолди. Мени бу пайтда ҳеч ким йўқламасди. Юзимдаги хавотирни кўрган Опа: – Очаверинг, менга келишган, – деди.
Қаршимда, ярим қоронғи йўлакда, баланд бўйли, басавлат эркак турарди.
– Опани олиб кетишга келгандим…
Овозини эшитиб титраб кетдим. Бу титроқ улар машинага ўтириб кетишганида ҳам босилмади. Тавба, овози ҳам, бўй-басти ҳам қуйиб қўйгандай унинг ўзи эди.

* * *

Эртаси куни Опанинг топшириғи билан жарроҳлик бўлимига бордим. У ерда яна уни учратдим. У касаллик варақасини анча ўрганди. Мен ундан кўзимни ололмасдан турардим. Одам ҳам шу қадар бир-бирига ўхшайдими?! Бу қисматнинг менга юборган яна бир синови эдими ёки тақдир бешафқатлигига бир ишора… Ниҳоятда гарангсиганимдан нимани кутаётганимни ҳам унутиб ташқарига йўналибман.
– Садоқат…
Кўзларимни юмиб олдим. Қайрилсам-у… уни кўрсам!

* * *

Опанинг барча ҳаракатлари нима мақсадда эканлигини тушунгандай бўлдим. Кўнглимда ҳаётга нисбатан қаттиқ бир исёнми, норозиликми қўзғалди. Нега мени, ўзим билан ўзимни тинч қўйишмайди? Мен кимга халал бераяпман? Ахир, одам ўз-ўзи билан яшашга ҳақи йўқми? Шу хаёллар билан уч ойлик чақалоқни бағримга босдим-у, энаганинг саволларини жавобсиз қолдириб ташқарига отилдим. Пойтахтга кетадиган автобекатда бир қанча вақт туриб қолдим. Қиш ўз ҳукмронлигини қўлга олаётган кунлар эди. Автобуснинг иссиқ салонига ўтиргачгина чақалоққа ҳеч нарса олмаганим эсимга тушди. Шаҳарга етишимизга яқин қолганида чинқираб йиғлаб ҳамманинг тинчини бузди. Бир амаллаб етиб олганимда тун ярмидан оққан эди. Изғирин ҳавода, катта кўча бўйида ёлғиз қолгач, боришим мумкин бўлган жойларни эсладим. Аммо мени саволга тутмайдиган ҳеч бир манзил ёдимга келмади. Бекатда ўтириб анча совқотдим. Тобора сийраклашиб бораётган машиналар секинлашиб, баъзилари ошкора, баъзилари яширин қизиқишларини билдира бошлашди. Бундай ўтириш мумкин эмас эди. Битта машинани тўхтатдим-у, манзилни айтдим. Қизиқ, ўшанда нимани ўйладим, нимадан умидвор бўлдим… ҳануз билмайман. Аммо… аммо унинг деразасида чироқ кўриб юрагим тўхтаб қолаёзганди. Машинадан чопқиллаб тушиб иккинчи қаватга кўтарилгунча терга тушиб кетдим. Эшикни дум-думалоқ бир жувон очди .
– Бизгача битта йигит турганди дейишганди. Аммо нарсаларини ҳам олмасдан кетиб қолган экан. Акангизмидилар… эссиз…
Шу пайт чақалоқ уйғониб йиғлай бошлади. Хайрлашиб жўнадим. Жувон эшикдан бошини қайта чиқарди:
– Олисдан келган кўринасиз. Биз ҳам бу шаҳарда мусофирмиз. Киринг, бир оз дам олволинг. Чақалоғингизга қаранг…
Ўйланиб қолдим. У билан ўтган илк оқшомимизнинг гувоҳи – ўша хонага қайта кириш… Бироқ бошқа иложим ҳам йўқ эди. Хуллас, тунда шу ерда қолдик. Бунда уни эслатадиган ҳеч нарса қолмаганди. Иккита бола хона бурчагида кўрпага бурканганча ухлаб ётар, қарши бурчакда эса табуретка устига қўйилган оқ-қора, кичкина телевизорда қандайдир фильм кетарди. Аёлнинг кўнгли учун ошхонада у-бу тамадди қилган бўлдим. Шалдир-шулдиргина жувон экан. Менинг бу юришимни эри билан чиқишолмаганга йўйди:
– Ҳали яхши бўлиб кетади. Бугун уришасиз, эртага ярашасиз… Фақат эшикни қаттиқ ёпиш керакмас. Мана мени айтди дерсиз, ҳали бир…
Аёлнинг ўзича шундай хулосага келиши менга негадир хуш ёқар, этагимдаги чақалоқни аллалаганча, баъзан бошимни эгиб унинг гапларини маъқуллаб қўярдим. Эҳ соддадил аёл, бу девона кўнгилнинг не тилаётганини билсанг эди… Не тиладинг-у, не топдинг! Имкон бўлса-ю, у билан ўтган дамларимиз гувоҳи бўлган деворлар билан сирлашсам…
Саҳарда орқага қайтдим. Бунга ўша соддадил аёлнинг оддий, аммо ҳаётий хулосалари мажбур қилди. Ҳарҳолда ҳозиргача ҳам бу қарорни умрим давомида қилган ягона ва тўғри, юракни четга суриб, ақл билан қабул қилинган қарор деб ҳисоблайман! Тушликдан кейин Опанинг олдига бордим. Столни айланиб ўтиб, сертомир қўлларига юзимни босдим.
– Эртага қишлоққа кетсам дегандим…
Опа тушунди. Юзларига мамнунлик табассуми югурди. Болани энагага қолдириб қишлоққа бордим. Орадан озгина ўтиб совчилар келишди. Тўй ихчамгина бўлиб шаҳарда ўтди.
У фарзандлик бўлмаганлиги сабабли оиласи билан ажрашган, тўғрироғи, аёлининг ўзи рози-ризочилик билан кетган экан. Мен ундан миннатдор эдим. Ён-атрофдагиларнинг муносабатларида ўзгаришни сезар, борган сари кўнглимда унга нисбатан қарздорлик ҳисси ошарди. У жуда босиқ, мулоҳазали, илтифотли эди. Вилоятдаги энг қўли енгил жарроҳ ҳисобланар, қабулига навбатга ёзилишарди. Ҳамма нарса етарли, бир аёл орзу қилса бўладиган бахтга эришган эдим… Аммо бу фақат ташқаридан шундай эди. Аслида на ейиш, на ичишимда ҳаловат бор эди. Ботинимни сўнги йўқ бир қайғу кемирар, фақат қизалоғимни бағримга олганимдагина у бир оз чекинарди. Бу неданлиги ёлғиз ўзимга аён, на уни тилга кўчириб бўларди ва на унутиб. Мен ўзини кўра-била туриб оловга урган одам ҳолида эдим. Ҳамма нарсани ҳисобга олган эканман-у, бироқ ҳамма нарсанинг тўлови борлигини ўйламабман. Тунлар… тунлар шу қадар узун бўлардики, узун хиёнат тунлари эди улар…

* * *

Турмушимизнинг иккинчи ойи эди шекилли. Қаттиқ уйқудан негадир чўчиб уйғондим. Тўлин ой нурлари дераза тўрпардаси орасидан сизиб кириб бутун ётоқни илоҳий бир ёғдуга чўмилтирарди. Шу ёғду қучоғида, оппоқ тўшаклар орасида У… ухларди. Қимир этмасдан уни кузатдим. У… хаёлим… орзуим… муҳаббатим ёнгинамда ухларди. Қоп-қора сочларининг бир тутами пешонасига тушиб турар, нозик-нозик бошланиб охирида йўлини йўқотиб қўядиган қошлари бир оз чимирилган, қирра бурни чўзинчоқ юзига янаям салобат бағишлаган… Нафас олиши чуқур, залворли, ёстиғим остига чўзилган қўллари бақувват. Ёғду чимилдиғида шу қадар беғубор, ёш кўринардики… Бутун борлиғим билан унга интилдим.
– Бахтиёр!..
Лабларимдан унинг исми бутун ботиний соғинчим билан ташга кўчди. Аммо жуда секин кўчди. Бахтиёр… Ҳеч нарсани идрок қилмасдан титраётган қўлларимни унга чўздим. Бармоқ учларим юзига тегиши билан у бир қимирлаб қўйди. Кейин кўзларини очди. Мен унинг ёнида чўккалаганча, қўлларим юзида, қотиб қолдим. У кулимсиради. Қўлларимни олиб лабларига босди, туриш учун ўрнидан қўзғалди. Шунда… шунда… эвоҳ… Унинг қиёфаси ҳозир кўрганимдай эмас, тўлароқ, пешонасидаги сочларига оқ оралаган… Сапчиб ўзимни четга олдим. Тунги халатимни олиб ташқарига отилдим.
– Садоқат…
Оҳ унинг овози… Қайтишга журъатим етмади. Ҳозиргина кўрганим, бир лаҳзалик дийдор рўё бўлиб чиқишини юрагим кўтаролмасди…

* * *

Қизалоғимни қоп-қора кўзлари учун Чарос деб атагандим. У икковимизга қараб, эндигина бўртиб келаётган тишчаларини кўрсатиб кулганида барча ташвишу чарчоқни унутиб у билан овора бўлиб қолардик. Баъзан офтобли кунларда уни аравачага солиб шаҳарчани айлангани чиқардик. Аммо бундай сайр узоқ давом этмас, касалхонадан ҳар доим бирон иш чиқиб уни чақиртириб олишарди. Мен бундан оғринмасдим. Аксинча, ёлғиз қолсам ўзимни эркинроқ сезар, гўдак уйқуга кетса ўз дунёмга шўнғиб вақт қандай ўтганини сезмасдим.
Ўша кун офтобли эди. Ранги заҳил, икки чеккасидаги суяклари бўртиб чиққан, ўрта ёшлардаги озғин аёл биз ўтирган суянчиқли ўтирғичга чўкди. Унинг бутун кўриниши нафас йўллари касаллигидан далолат берарди. У анчагача ўзига келолмади. Ниҳоят пешонасига қалққан терларини кафтларининг орқаси билан сидириб бизга қаради. Шу орада у типирчилаб бир жойда ўтиришга унамаётган қизалоқни олиб анҳор томонга кетди. Уларнинг орқасидан бир оз тикилиб қолган аёл:
– Сизникиларми? – деб сўради ва хўрсиниб қўйди. – Бахтли бўлинглар… Ёлғизлик қурсин!
Кейин… кейин мен анчадан бери таъриф беролмаётган ёки тополмаётган гапни оддийгина қилиб айтди-қўйди:
– Ота-бола бир-бирига қуйиб қўйгандай ўхшайди-я! Қиз боланинг отасига шу қадар ўхшашини энди кўришим.
Бошимда чақин чаққандай бўлди. Ҳа, улар бир-бирига икки томчи сувдек ўхшарди!

* * *

Турмуш қурганимизга анча бўлганига қарамай унинг қишлоғига боришга ҳеч имкон топилмаганди. Наврўз арафасида синглисининг тўйи хабари келди. Тўйдан бир кун олдин зўр-базўр ишдан бўшаб йўлга чиқдик. Тоғли чегара туманда туришар экан. Айни баҳор бўлгани учун атроф ҳарир либосга бурканган, гўё икки дунё жаннати шу ерларга кўчгандай эди. Тепада тўхтаб бу манзарани анча томоша қилдик. Шу кўйи фақат кечга яқин қишлоққа кириб бордик. Чой-нондан кейин этагимда ухлаб қолган гўдакни ётқизиш учун қайнонам кўрсатган хонага ўтдим. Хона ичма-ташли икки бўлмадан иборат эди. Замонавий усулда таъмирланган, жиҳозлар ҳам янги, худди янги келин тушириш учун мўлжаллаб ясатилгандай… Аммо одам яшамаётгани кўриниб турар, қандайдир совуқ эди. Гўдак устини ёпиш учун бирон нима излаб, иккинчи бўлма эшигига бордим. Шундай пардани кўтаришимни биламан… Юрагим уришдан тўхтаб қолаёзди! Қаршимда бутун бўйи-басти билан У турарди!!! Худди ўшандагидай, кийимлари ҳам ўша-ўша… баланд бўй, қоп-қора, бир оз жингалак сочлар, қарашлари ўткир, мағрур ва гўзал!
Қанча вақт ўтганини билмайман, қандайдир овоздан ўзимга келдим.
– Укам у, Бахтиёр! – кўзларини расмдан узмасдан изоҳ бера бошлади у. – Икки йил олдин бедарак кетди. У ҳуқуқшунос эди, жиноят қидирув бўлимида ишларди. Охирги учрашганимизда афюн билан боғлиқ бир ишнинг изига тушганлигига шама қилганди. Шу иш уни биздан айирди чамаси… Онамиз ҳали ҳам дараги чиқишидан умидвор.
У қўлидаги сумкаларни диван четига қўйди. Унда ҳар хил совға-саломлар, қизалоқнинг кийимлари бор эди.
– Бу хоналар кетгунимизча бизнинг ихтиёримизда. Укам тирик бўлганида… сиз аллақачон овсинли бўлган бўлардингиз!

* * *

Ярим тунда унинг хонасида суратга бағримни бердим. Сурат хонанинг деярли ярмини эгаллаган, орқасида қишлоқ манзараси, олисда тоғлар… Бу бағри қон бўлган онанинг охирги тасаллиси эканлигини англадим. Мойбўёқлар устидан юзларини силадим… оҳ онажон! Қанчалар бахтли эканлигингизни ўзингиз билмайсиз-да! Нега дейсизми? Шу сурат қаршисида туриб йўқолган юрагингизни йўқлаб баралла йиғлай олиш имкони… Соғиниб юрагингиз қонга тўлганида шу суратга қараб кўзларингиз мўлтирагани… Бағрингизни ҳар доим куйдириб турадиган оловни совуқ қабр тупроғига босиб бир лаҳза бўлсин совутиш… Булар менга насиб этмаган! Менда ҳатто унинг бирорта кичик расми ҳам йўқ. Бу имконлар менда йўқ! Энди унинг мана шу суратини кўзларимга муҳрлаб кетаман, холос! Шугина…

* * *

Тўй ғала-ғовури билан бўлиб менга ҳеч ким эътибор бермади. Гоҳ ҳуш, гоҳ беҳуш юриб тўйни ҳам ўтказдим. Қизни узатишиб бора олмадим. Қариндош-уруғ назаримда яйраб-яшнаб юрмаганим учун хафа бўлгандай туюлди. Мен эса ташвишлар тезроқ тугашини сабрсизлик билан кутардим. Ҳаммасини ўйлаб олишим, ҳеч тасаввуримга сиғдира олмаётган тақдирнинг бу ўйинига бирон ташбеҳ топишим зарур эди.
Катта йўлга чиққач машина тезлигини оширди. Уни шоширганим учун олдинга интилиб узр сўрашга чоғландим. Шунда олдинги кўзгу орқали унинг қарашини илғадим. Вужудимни қалтироқ босди. Бу унинг ўша кун телефонда гаплашиб бўлиб менга ўгирилгандаги ғазабли қиёфа эди.
Фикримдан қайтиб бошимни ўриндиқ суянчиғига ташладим. Юрагимни сўнгсиз бир хўрлик эгаллади. Бирон тирик жонга бу ҳақда оғиз очиб бўлсайди… Ўкириб юбордим. У бирдан машинани четга олиб тўхтатди. Олдимдаги қизалоқ чинқириб йиғлай бошлади. У ҳеч нима сўрамай, руль чамбарагига суяниб ўтираверди. Бу сукут, бу қараш, бу босиқлик… нақадар ўхшаш! Жазоми бу ё туҳфа?!…
Бир оздан кейин чўнтагидан дори чиқариб узатди:
– Бу борди-келдилар сиз учун эмас…
Буни у шунчаки кўнгил учун айтганлигини, хаёли умуман бошқа ёқда эканлигини титраётган қўлларидан сезиб қолдим.

* * *

Шу кунларда куч-қувватим тугаётганини ҳис қилаяпман. Уни йўқотгач ич-ичимда нурай бошлаган нимадир охирги нуқтасига етаётир. Тиббиётда бир неча хил ном билан аталадиган бу дарднинг ҳақиқий номини бир ўзим биламан, бир ЎЗИМ…
Охирги кунларда ўтган умримни сарҳисоб қилишга уриниб кўрдим. Аммо… аммо ҳеч нима топа олмадим. Хотирамда михлангани… у билан танишиб – йўқотгунимгача бўлган икки ой… ёруғ, ёғдули кунлар, холос. Қолгани кутиш… Қоп-қора зулмат қўйнида юрагингни бағрингга босганча кутиш… Борлиқ ҳам, йўқлик ҳам шунга михланган – КУТИШ…
Баъзан уйқу ва уйғоқлик орасида болалигимга қайтаман. Эшонёпнинг лойқа сувларида сочлари жамалак қизалоқлар билан чўмилаётган бўламан… Гоҳо опамнинг тандирдан эндигина чиқарган чўракларининг ҳиди димоғимни қитиқлайди… Кўзим илинганида отам ҳассасининг товушидан уйғониб кетаман ва… азобимга якун, соғинчимга дийдор яқинлигини ҳис қиламан.
Тонгда уни туш кўриб уйғондим.
Ўша илк бор учрашган боғимизда мени кутаётганмиш. Оёқ остида тилларанг барглар шитирлайди. Қулоч етмас дарахтнинг нариги томонида ундан-бунга юриб бетоқатланади. Лабининг бурчидаги сигаретасини бесабр тортиб-тортиб қўяди. Устида ўша қораранг чарм плаш. Ўзи ҳам ўша-ўша… ёш, навқирон, гўзал… Бир пайт дарахт ёнига яқинлашиб, унга суянди. Узун уҳ тортди. Шунда… шунда димоғимга сигарет тутуни аралаш нафаси урилди…
Мен эса… дарахт танаси билан бир бўлиб кетгудай унга қапишиб, унинг мени кўриб қолмаслигини Аллоҳдан илтижо қилдим. Юрагим қинидан чиқиб кетгудай типирчиларди. Ахир мен тушимда ҳам шу ҳолимча – юзларимни ажин қоплаган, сочларимда оқ… эвоҳ!!!

* * *

У аввал бу узуқ-юлуқ жумлалардан ҳеч нарса англамади. Бир оздан кейин эса юрагининг бир чети симиллай бошлади. Сатрлар орасидан сизиб чиқаётган бу илоҳий соғинч бутун атрофни тутиб кетгудай эди. Ундан эса бир қадрдон сиймо иси келарди…

«Шарқ юлдузи» журналининг 2012 йил 2-сонидан олинди.