Аслиддин Мустафоев. Ҳасса (ҳикоя)

Офтоб энди кўтарилиб, кечаги ёмғирдан реза-реза тер босган деҳқон юзидай ҳўл бўлиб кетган заминни заррин рўмолчаси билан артаётган пайтда Руқия момо кундалик одатини такрорлаб чолининг ҳақига тиловат қилди, титроқ қўллари билан юзига фотиҳа тортди. Қишнинг қаҳратонию ёзнинг жазирамаси туфайли тахталари ёрилиб, кепаги чиқиб бораётган ўриндиққа ўтирганча эри Шодиқул бободан хотира бўлиб қолган ҳассани суяб, хаёлга чўмди.
— Эҳ, чол, — деди худди Шодиқул бобонинг қўлларини сийпалагандай меҳр билан ҳассани силаб қўяркан. — Урушда душманнинг ўқидан омон қолган жонингиз Гуласалнинг набирасининг битта гапини кутиб, илиниб турган эканда-а? Эҳ! — Чуқур «уҳ» тортди момо.

* * *

Ўнг қўли жанггоҳларда қолиб кетган, бир оёғи снаряд парчасидан оқсоқ бўлиб қолган Шодиқул уйга кириб келганида онаси ўзини қўярга жой тополмай қолди. Ахир, ўғлидан бир йилдан ошиқ на хат, на хабар бўлмади. Онаизорнинг кўнглига ҳам ошкора, ҳам ўғринча кириб олган шубҳа-гумонлар бир зум бўлса ҳам тинчлик бермас, умид куртаги қишлоққа кунда, кун ора ўт қўйиб кетаётган «қора хат»лар алангасида бир пасда кулга айланиши ҳеч гап эмасди:
— Дунёнинг кемтиклиги шунинг билан тўлган бўлсин-да, илоҳим… Оёғинг ҳам, қўлинг ҳам ўзимман, болажоним. Қошимда турсанг бўлди, — деди ўша куни онаизор, кўз ёшлардан сел бўлган ёноқларини енгига артганча.
Онанинг кўнглида дунёнинг кемтиклиги ўғлининг тирик қайтиши билан тўлса тўлгандир, аммо Шодиқулнинг Гуласал турмушга чиқиб, ҳижрон сели ўпириб кетган дилидаги кемтик ўрнини ҳеч нарса тўлдиролмади. Урушдан қайтганидан бир неча кун ўтиб Гуласал билан нигоҳлари тўқнашганда шимол ўрмонларининг бирида фашист ўқларидан жон таслим қилган аскарлар орасида Давроннинг жасадини кўргач, «Гуласал энди менга қолди», деган бир шайтоний ниятдан алдамчи малҳам топган ярасига кимдир чўғ бўлиб турган қилични жазиллатиб босгандай инграб юборди. Бироқ бу ингроқни уни эшитмаган ва ҳатто ҳис қилмаган Гуласалнинг саволи босиб кетди:
— У ёқларда дадасини кўрмадингизми?
Умид билан қанот қоққан саволга Шодиқулнинг “йўқ”, деган жавоби ўқдек ботди. Аслида бу ўққа савол эмас, Гуласалнинг юраги нишон бўлганди. Ўша пайт онгу шуурида Давроннинг кўзи очиқ ётган жасади, сўнг эса душман ҳамласидан жонини омон сақлаш мақсадида қочишгани ва бошлари устидан ўлжасини қуваётган қарчиғайдай учиб ўтган самолёт ташлаган бомбадан май ит-ларнинг парча-парча бўлиб кетгани жонланиб, «ҳа» дейишга чоғланган тилнинг нима учун «Йўқ, кўрмадим» дея жавоб қайтарганини Шодиқулнинг ўзи ҳам англаб етолмай қолди.
— Мен бировнинг никоҳидаги аёлман, — деди у бир кун «менга турмушга чиқ», деб Гуласалдан қўлини сўраган Шодиқулга.
— Даврон энди қайтиб келмайди. Уруш тугади. Келганида шу вақтгача келарди.
— Келади. Кўнглим сезаяпти.
— Келмайди, Гуласал. У кўз ўнгимда парча-парча бўлиб кетди.
— Ёлғон! Сиз менинг қўлимни сўраш учун шундай деяпсиз.
— Ўшанда, сўраганингда айтолмагандим. Гапларим рост. Давронни кутиб, умрингни хазон қилма.
— Келмаса ҳам кутаман. Кутавераман. Эрим учун яшамасам, Умидим учун яшайман…
Ҳаёт саҳросида қанчадан-қанча гиёҳ униб, қанчадан-қанча чечаклар хазон бўлиб кетди. Аммо Шодиқул Гуласални унутолмади. Мўйлови сабза ура бошлаган чоғда кўз очган ишқ чечаги Руқияга уйланиб бир этак фарзанд кўришганида ҳам, уларни улғайтириб, набираларнинг бобоси бўлганида ҳам хазон бўлмади. Токи, кунлардан бир кун Гуласал момонинг кенжа набираси Шодиқул бобога: «Сиз урушда ўликларнинг тагига беркиниб, тирик қолган экансиз-а?», дегунига қадар баҳор гулларидай яшнаб тураверди.
— Сенга бу гапни ким айтди? — сўради бундай саволни сира кутмаган бобо титраганча.
— Катта энам айтди…

* * *

Руқия момо ўрнидан туриб оғир-оғир қадамлар ташлаганча уй сари юрди. Ўн қадамча юргач, ортига ўгирилиб қаради. «Эҳ, чол, мен билан бир ёстиққа бош қўйибсизу, бошқа дунёда яшабсиз-а?!»
— Нима деяпсиз, эна? — кўзларини ишқалаб уйдан чиқиб келган набираси «менга гапиряпти», деган ўй билан момодан сўради.
— Бобонгнинг ҳассаси синган экан, болам.
— Ҳечқиси йўқ, — деди набира эсноқ тортганча. — Устага созлатамиз.
— Меники ҳам синди, болам.
— Сизнинг ҳассангиз йўқ-ку?
— Бор экан, болам, бор экан. Ўзим ҳам билмай юрган эканман. Бу ҳассани ҳеч қандай уста тузатолмайди, — деди момо бошини сарак-сарак қилганча, кейин эшитилар-эшитилмас пичирлади:
— Энди қаддимни қандай тутиб юраман…