Алижон Жўраев. Ўтар дунё (ҳикоя)

— Қобилбек томорқасини сотармиш.
Бу янгиликни эшитган Толибжон ота оромини йўқотди.
— Ўзимизнинг маҳалла, — деди, — тошиям, кесагиям ўзимизники. Четдан бирор киши келиб қошиқ солмаслиги керак.
Қариянинг юрагида шундай хоҳиш уйғонди. Ана шу туйғу аста-секин бутун вужудини қамраб олди. Худога шукр қилди. Яхшиям ўғли Солижонни ўқитиб қўйгани. Ҳисобчи бўлиб ишлаяпти. Одамлар эртаю кеч далада кетмон чопиб, кафти қавариб ишлаяпти. Солижон эса қаламини бир айлантирса кифоя. Буларнинг баридан, энг аввало, Толибжон ота наф кўради. «Фарзанднинг ҳузури деб шунга айтсалар керак-да», ўйлади ота.
— Ўзи нима учун сотаркан? — мошгуруч соқолини тутамлаб қўшни йигитни сўроққа тутди чол.
— Отасини операция қилдириши керак экан.
— Хотини-чи, у ҳам розимикан, жўжабирдай жон эди. Нақд тўртта боласи бор-а! — мулоҳаза қилди қария. Унинг аввало, ўйлагани Қобилбекнинг оиласи эмас, балки унинг хотини эртага хархаша қилиши мумкинлиги эди. Ҳа, чол ўз тинчини кўзлаётгани аниқ эди.
 Толибжон ота кечки пайт бошига ташвиш тушган ва анчайин харажатга гирифтор бўлаётган, шу боис ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларида томорқа сифатида берилган ерни сотмоққа шай турган Қобилбекнинг эшигига борди.
— Келинг, ота, — чолни Қобилбекнинг ўзи қаршилади. Гарчи айни дамда меҳмонга кўзи учиб турмаган бўлса-да, ўзбекчилик, меҳмон — атои Худо. — Ичкарига марҳамат!
— Раҳмат ўғлим, умрингиздан барака топинг, кўп яшанг, — деди одамнинг лафзи ярим ризқи эканини жуда яхши англаган қария, — дўстим тузукмилар?
— Буйраклари операция қилинмаса бўлмас экан.
— Э, чакки бўпти-ку, аттанг, — гарчанд бу ҳақида аввалроқ эшитган бўлса-да, бироз ажабланиб ва ташвишланганнамо бош чайқади Толибжон ота. — Энди нима қилмоқчисиз?
— Пул лозим, уйда икки жуфтгина туёқ йўқ. Кўз тикканим ўн сотихли томорқа, холос. Шуни пулласам… Агар вақти келиб томорқани ўзимга қайтариб сотадиган киши бўлганида яна ҳам яхши бўларди. Ҳозир қўлим калта, башарти шунақа харидор учраса, томорқани арзонроққа ҳам бериб юборардим.
Бу гап қариянинг шундоқ ҳам ҳовурлардан таҳликага тушган қалбига ўт пуркади.
— Майли болам, — деди, — бандасининг боши — Оллоҳнинг тоши деганлар. Отангизни рози қилсангиз, саодатга эришасиз.
Толибжон отанинг бамаъни фикрларидан сўнг Қобилбекнинг унга нисбатан ҳурмати яна ҳам ошди. «Шояд, — ўйлади у, — ана шу имон-эътиқодли киши томорқамни олса, бир кун келиб, аҳволим ўнглангач менга, албатта, қайтариб беради».
«Томорқасини кун келиб қайтариб бераман, десам, ҳеч бўлмаганда бир-икки миллион ютишим мумкин», деб ўйларди Толибжон ота бу ёқда.
Келишдилар, Қобилбек рози бўлди. Унинг тасарруфидаги ер ўн миллионга баҳо бўлди. Эртасига эса Толибжон ота пулнинг ярмини берди.
— Қолганини, — деди, — ерни ҳужжатлаштиргандан сўнг оласан…
Бурнига шапалоқдек кўзойнакни қўндирган нотариус сотилган томорқани Толибжон отанинг номига расмийлаштириб бергач, қария чуқур тин олди. Тер босган, ҳадик уфуриб турган юзида табассум уйғонди…

* * *

Орадан йиллар ўтди. Қобилбекнинг отаси барибир ўнгланмади. Унинг чап томон буйраги ишламай қолган, шу боис операция қилиб олиб ташланганди. Шундан сўнг бемор бир йилча яхши юрди. Бироқ кутилмаганда тақдир ундан иккинчи буйрагини тортиб ола бошлади. Ҳа, Қобилбекнинг отаси яна кўрпа-тўшакка михланди. Танасида оқиб турган қонига вирус юқди. Буйраги ишламай қолгач, танадаги заҳарли чиқиндилар тозаланмас экан. Оқибатда вируслар қонга ўтди. Қобилбек отасининг дардига шифо излаб Тошкентга борди. Бир аппарат бор экан. Одамнинг бир томон билагидан қон олиб, иккинчи томонга тозалаб ўтказар экан. Лекин бу билан ҳам бўлмади. Беморнинг жони қийналди.
Кекса беморнинг умри шу тахлит якун топди. Унинг умри сўнггидаги дардли ҳоли Толибжон отага қўл келганди. Қария шунчаки, пулни банд қилиб қўйиш учун томорқа сотиб олганди. У ернинг нархи борган сари ошишини чамаларди.
Тўрт йил деганда Қобилбекнинг омади чопа бошлади. Ниҳоят унинг ҳам елкасига офтоб тегди. Савдо қилиб бири икки, минги туман бўлди. Бойиди, бироқ ҳали ҳам яшаш учун дурустроқ ҳовли-жойи йўқ эди. Шунда туйқус унинг хаёлига қайтариш шарти билан сотиб юборган томорқаси келди.
— Бува, — деди Толибжон отани, қария бу палла саксон ёшга кирганди, — биз ҳам сиздек қариб юрайлик. Худога шукр, сиз берган пул билан елкамдаги юкни аритдим. Аммо отамнинг умрлари қисқа экан, пешонамизга сиғмадилар.
— Умрингдан барака топ, болам, — ширин тил билан сўзлади ота, бироқ у Қобилбекни остонасига келганини кўргани ҳамоноқ ранги-қути ўчиб бўлганди. — Аллоҳ жонни ўзи беради, омонатини қайси пайт олиш ҳам унинг измида. Отанг яхши одам эди.
Қобилбек қалбида имони бутун қарияга миннатдор боқди.
— Энди, томорқамни қайтариб берсангиз, бошқа жойдан ҳовли сотиб олишимиз ҳам мумкин-у, аммо, ўзбекчилик экан, сизга берган ернинг тафти қўмсаяпти.
— Берган эмас, ўғлим, сотганман денг, — Толибжон отанинг авзойи бузилди. — Ўша пайтлари ер нисбатан арзон эди…
— Майли, ер учун қанча сўрасангиз берай…
— Хўп, дердим-у, аммо, ўғлим кўнмайди-да.
— Ота, ахир шартлашгандик-ку!?
— Тўғри, лекин орадан қанча сувлар оқиб ўтди, бу кунга келиб ўша ер менга ҳам қадрли бўлиб қолган…
Қобилбекнинг тарвузи қўлтиғидан тушди. Боиси, у томорқани қайтариб олиш учун ҳеч қандай қонуний асосга эга эмасди. Бироқ…
Орадан уч ойча вақт ўтиб, Толибжон отани ўша Қобилбекдан сотиб олган томорқанинг ён тарафидаги девор босиб қолдию ажали етган экан, ўмрови синиб кетиб ўлди.
Таъзияда Қобилбек ҳам эл қатори қўл қовуштириб турарди. У уламоларнинг марҳумнинг бировда қолган ё берар қарзи бор-йўқлигини сўраётган паллада бир бошқача бўлди. Ва шу заҳоти ичида гапиринди: астағфируллоҳ, товба-товба. Ер эшитмасин, бориб айтмасин. Оғринмасин…
— Сиздан розиман, – деди пичирлаб Қобилбек. Биров бу гапни эшитди ё эшитмади. Кетмону белкураклар тупроқларнинг чангини кўтарди. У бағри куюк кишиларнинг оҳларидан яралган тўзонга ўхшарди…

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 37-сонидан олинди.