Абдусаттор Содиқов. Гуллаётган дарахт (ҳикоя)

Гулжаҳон эрта тонгда сут-қатиғини бозорга олиб бориш учун эшикни очса, ё тавба, уйининг нақ тагида икки туп ўрик дарахти пайдо бўлибди. Ажабки, улар яна куртак очиб, гуллай деб турибди. Қизиқ, осмондан тушганми ёки ердан чиққан, Гулжаҳон билолмай ёқа ушлаб қолди. Кеча оқшомга яқин эшикни тамбалаш олдидан одатича кўчанинг у ёқ, бу ёғига қараганида ҳеч вақо йўқ эди. Бугун эса…
– Нормат, ҳой Нормат! – У ҳозир уйғотган ўғлини бақирганча чақирди. – Буни қара, ким экди бу дарахтларни? – Кейин боласи етиб келгунича сабри чидамай зардали овозда: – Қайси гўрдан келиб қолди булар? – деди кўзларини кўчатлардан узмай.
Нормат ниҳолларни кўрдию, чеҳрасига билинар-билинмас жилмайиш ёйилиб, юзини бурди:
– Қаёқдан билай, ойи? Кеча кун бўйи сиз билан далада эдим-ку.
Гулжаҳон ўғлидан терс ўгирилди-да, сут-қатиқ тўла халтасини ликиллатганича жўнади-кетди.
Йигитча таътилда, лекин бўш ўтирмайди. Эрталаб мол-ҳолга қарайди. Кейин бир пиёла чойини ичиб, битта ёпган нон, қанд-қурс ёки туршак-ёнғоқни оқ рўмолга тугиб, белига боғлаб олади-да, далага жўнайди. Си­гир-бузоқларни анҳор бўйларига ҳайдайди. Гоҳида ар­қон учига уланган қозиқларни ерга қоқиб, қаёққадир ғойиб бўлади. Отаси шаҳарга – қурилишда ишлашга кетган. Уйига ойда бир-икки келиб хабар олади. Онаси эрта тонг ва кечқурун сигир соғади, томорқасидаги экин-тикинга қарайди, ёлғиз боласининг кир-чирини ювади ва вақти етса… рўпарасидаги Жамол ота билан жанжаллашади.
Бу чол тушмагур ҳам сира тинч ўтирмайди. Ўғли йўқ, биттагина асранди қизини узатган. Кампири билан умргузаронлик қилади. Ҳалиям қўл-оёғи лойдан чиқмайди, кўнгли чинни пиёланинг жарангидек нозик. Ҳали у қўшнисига эшиги тагидаги дарахтларни буташни, ҳали бу қўшнисига кўча девори бўйлаб гул экиш ёки сузонғич буқасини кўчада боқмаслик ҳақида жаврагани-жавраган. Айниқса, рўпарасидаги мол-ҳол билан тирикчилик қиладиган Гулжаҳоннинг асабига теккани-теккан. Кўчага сигирларнинг чиқиндисини чиқарама, ҳовли этагига чуқур кавлаб кўмиб қўй, шунда атроф ҳидланмай ўғит бўлади, ахир кўчада тўй ҳам, маърака ҳам бўлиши мумкин, дейди. Гулжаҳон эса қарияга бидир-бидир қилиб гап қайтаради-да, кейин нари кетатуриб афтини бужмайтиради. “Жа-а қонимни ичвординг-ку!”
Қизиқ-да, Гулжаҳон билан Жамол ота, узр, ит-му­шук эдилар-ку, лекин аёлнинг ўғли Нормат шу чол билан бува ва невара гўё. Бунинг сабаби шуки, ўспирин вақт топди дегунча онасидан яширинча қариянинг ҳов­лисида пайдо бўлади-да, ундан тандир ясаш сирларини ўрганади.
Жамол ота дастлаб йигитчани хушламайгина қар­ши олди, гўё чолнинг олдида сира ёқтирмайдиган аёлнинг сояси тургандек бўларди. Анчагина ўспиринга қовоқ осиб, қўрслик қилиб юрганди, бир кун туш кўрди: отаси уйи эшиги олдида хафа ҳолда пайдо бўлиб, ерга қараганча тураверибди. Нега келдингиз, ота? – деб сўраса, рўпарасидаги қўшни уй томон бир боқиптиғ-ю ғойиб бўлибди.
Тушини кимга айтарди, албатта, кампирига-да. У билан биргаликда тупроқ чангитиб катта бўлган, бир вақт шу қишлоқнинг қизи эди. Аниқроғи, собиқ синфдоши. Бир-бирларини Лайли-Мажнундек яхши кўришарди. Йигитча илк кўклам кунлари чучмомалар чаман очилган кезлари гулларни даста-даста қилиб дастрўмолига ўраб, мактабга олиб борарди-да, қизалоққа пинҳона узатарди. Бу пайтда қизнинг юзлари тонг қуёши мисол бир ёришардию кейин чучмомаларни матодан тикилган жилд сумкасига авайлаб солиб қўярди.
У пайтлар бундай жасоратли севги изҳорига нафақат бир оддий тандирчининг ўғли, ҳатто қиш­лоқнинг манаман деган каттаси бўлган раиснинг эркаси ҳам ботина олмасди. Лекин Жамол табиатан шўх-шодон, чапани бўлгани учунми бундай “андишасиз” ҳаракатни оддий ҳол деб тушунар ва мабодо бирон кимса буни кўриб ёки билиб унинг ялпоқ қулоғидан чўзиш у ёқда турсин, озгина танбеҳ берсин-чи, ўша одам билан муштлашишга ҳам тайёр эди. Балки унинг авлодлари тандирсозлик қилиш учун лой пишитганларида ана шундай чайир ва ғурурли одамларга айланишгандир.
Тақдир экан, ниҳоят улар турмуш қуришди ва афсуски, йигирма йилча бирга яшаб ҳам фарзандли бўла олишмади. Ўшанда эр-хотиннинг ёшликдаги ғанимларига ҳеч ўхшамаган гап топилди-қолди: гўёки Жамол олис йигитлик пайтларида қўшниси та­биб бобонинг ўт тушган болохонасидаги хашакни ўчираётганида пушти камари куйиб кетганмиш. Хуллас, шунча йил бирга яшаб қўйишдими, энди нима қилиш керак? Жамол ва Моҳигул бир қиз асраб олишди. Оқ ювиб, оқ тараб катта қилишди. Ўн беш кунлик ойдек бўлиб етишди. Институтга ўқишга кирди. Бир кун қишлоқнинг кўчасида зулукдек қора машина кўринди-ю, чол-кампирнинг пастқамгина уйи олдида тўхтаганида қўни-қўшнилар анграйиб қолишди. Охир-оқибат ўша савлатли машинадаги олифта сов­чилар сабаб чол-кампир истар-истамай яккаю ягоналарини олис ша­ҳарга узатишга рози бўлишди. Чунки қарияларнинг ўз­лари ҳам ёшликларида бир-бирларини қандай севганликлари ва муҳаббат бир қўшиқда айтилгандек, айрилмас бало бўлишини ҳамон ширин тушдек унутишмаганди.
Тўйдан кейин эса ўзи шундоқ ҳам бўм-бўш уйлари қишки яйловдаги кимсасиз ўтовдек ҳувиллади-қолди. На шундай ғамгин кезларда эр ва хотин ўзларининг хаёлидан ўтаётган аламли ва андишали ўйлардан ич-этларини кемиришар ва албатта, шундай бўлса-да ҳамон ҳаётларини бир-бирларидан сира айро тасаввур эта олмасдилар. Узатилган асранди қиз эса пўрим эри билан ойда, йилда бир келиб, чол-кампирга қимматбаҳо кийим-кечагу бир дунё рўзғор масаллиқларини ташлаб кетарди. Бироқ буларнинг ҳаммаси кучдан қолиб, кўнгли тобора нозиклашиб бораётган чол-кампир учун ёлғон юпанчдек туюлиб, кундалик дийдор ва озгина меҳр олдида сариқ чақачалик қийматга эга эмасди.
Ана шундай кунларнинг бирида кампир эрига тасалли бериб, “Ҳарҳолда бекор яшамадик, чолгинам, – деди аста ерга қараб. – Ёдингиздами, ўшанда онангиз айтиб берган воқеа. Чақалоқлигингизда ўпкангиз қаттиқ шамоллаб қолган экан, агарда шу рўпарамиздаги қўшнимизнинг табиб бобоси бўлмаганида сиз ва мен шунча йил бирга яшармидик. Шунисига шукр қилинг, чолгинам”.
Шу топда эрининг кўнгли ёришди. Ахир хотини тўғри айтаяпти. Асранди бўлса ҳам боласи, ундан кўрган икки невараси бор. Лекин энди улар шаҳарчи, бу қишлоққа келишмайди, тўғрироғи, келишади, шунчаки, чол-кампирнинг кўнгли, э, бу ёғини айтса ҳаво алмаштириш, сайр учун.
Ҳа, кампирининг ёдида экан. Жамол ўша болалик пайтларида қаттиқ шамоллаганида бу дунёдан кетиши тайин бўлиб қолганди. Жойи жаннатда бўлгур қўшни табиб бобо қандайдир ўт-ўландан дори тайёрлаб, Жамолнинг онасига берди-да, гўдак омон қолди. Тақдирни қарангки, яна табиб бобонинг авлоди билан қўшни. Қайтар дунё экан, бунгача даланинг бир чеккасида унинг отасига қўшни бўлиб яшашар, болохонасига ўт тушганда, у пайтлар азамат, чайир йигит Жамол ловуллаб ёнаётган хашаклар ўрамига ўзини урган, яланг қўл билан ғарамларни кўчага улоқтирганди. Кипригу қошлари куйиб кетганига қарамай даҳшатли оловни енга олганди.
Бу воқеага анча йиллар бўлган, табиб бобонинг ўғли дунёдан ўтган, лекин чамаси ўғли ва келинига бу ҳақда индамаганди. Шу сабаб Гулжаҳон ўша пайтдаги абжир, йигит эндиликда соқоли оппоқ оқарган чолнинг насиҳатларига ёв қараш билан жавоб қиларди: “Ҳа, майли, – ўйларди чол ажиб таскин топиб, – ҳар­холда қайнотасининг уйи ёниб кул бўлишидан сақ­лаб қарзимни узгандим. Энди бу дунёдан… ҳа, начора армонсиз кетарман”. Бироздан сўнг кўнгли яна ғашланарди.
Ана шундай кунларнинг бирида у қайта туш кўрди: отаси унга норози қиёфада қараб турганмиш. Ёнида тандир… Ва ажабки, бирдан рўпара қўшниси Гулжаҳоннинг Нормат ўғли пайдо бўлибди.
Чол бу сафар тушини кампирига айтмади. Нима қиламан яна ўтмишимизни эслатиб, деб ўйлади. Йигитчанинг тандир тайёрлашга ишқибозлиги, ҳовли этагида уюлиб ётган тупроқни лойга айлантираётгани Жамол отада невараси мисол Норматга меҳрини оширди. Ана энди етти авлоди тандирчи ўтган қариянинг кўнгли жойига тушди.
– Болам, қўлинг анча келиб қолибди, – деди қария эртасига жилмайиб. – Бўш пайтингда чиқавер, бирга­лашиб ишлайверамиз. Яратганга беадад шукрлар бўл­син, қишлоғимизда донимиз мўл. Демакки, нонимиз мўл бўлиши учун тандиримиз ҳам кўп бўлиши керак.
Шу куни бозордан қайтган Гулжаҳон сигири маъраб безор қилгач ўғлини қарғади:
– Ҳа, қулоғинг қурғур, эрталаб мендан кейин яна уйқуга кетгансан, шекилли, молнинг аҳволини қара. Бор, болохонадан хашак олиб туш.
Нормат қовоғини уйиб, нарвондан кўтарила бош­лади. Қоронғуда охирги зинасига оёқ қўйганди, бир силкинди-ю, болохона устунини тутолмай пастга қу­лади. Ерда эса хашак майдалайдиган зил-замбил жо­ди ётарди. Йигитча биқинидаги қаттиқ оғриқдан азоб­ланиб йиғлар, ўрнидан қўзғалиш у ёқда турсин, чўккалаб ўтиришга ҳам мадори келмасди. Бақир-чақирни эшитган Жамол ота кўчага чиқди-ю аҳволни билиб қўл телефонида тез ёрдам чақирди. Докторнинг ҳай-ҳайлашига қарамай мен бувасиман деганча машинадаги Норматнинг ёнига чиқиб олди.
Чол қабулхонада Гулжаҳон билан анча кутиб қолди. Бир пайт унинг рўпарасига оқ халатли хипча ки­ши чиқиб келди.
– Сиз бувасимисиз? – сўради у чолдан, кейин жавобини кутмаёқ давом этди: – Набирангизнинг оёғи синибди. – Майли, тузалиб кетар, лекин… – унинг овози титради. – Битта буйраги ёмон жароҳатланган. Олиб ташлашга тўғри келмаса бўлди.
Гулжаҳон дод солиб йиғлади:
– Вой, болам-а, ёлғизгинам-а! Оллоҳим, нима гу­ноҳим учун бошимга шундай кулфат солдинг?!
Жамол отанинг серажин пешонасидан муздек тер чиқиб кетди. Қўллари билан шими чўнтакларидаги рў­молчасини ахтарар экан:
– Ўғлим, агар шундай бўлса боламга мана мен буй­рагимни бераман, – деди шошиб. – Ичмаганман, чек­маганман, қара, соппа-соғман.
Гулжаҳон бирдан йиғидан тўхтаб, чолга бақирди:
– Вой, сиз қари чолнинг буйраги кимга керак! – Сўнг докторга қаради. – Мана мен онасиман, болам учун жонимни ҳам беришга тайёрман.
Доктор бу гаплардан гарангсиради-да “Кутиб ту­ринглар-чи, аниқ жавобини кейинроқ оласиз”, – деганча хонаси томон йўл олди.
Бир неча кун ўтгач Нормат гипсланган оёқ билан касалхонадан қайтди. Докторлар зўр экан, жа­ро­ҳатланган буйракни даволашибди.
Жамол ота ва Моҳигул хола Норматни кўргани чиқишди.
– Мана, бу ўзинг ясаган тандирда ёпилган нон, – деди ота уларни хонтахта устига қўяркан. – Туппа-тузук шогирд бўлиб қолибсан. – Кейин Гулжаҳонга қа­ради. – Тўғрими, келин?
Келин эса бир пайтдаги ўз ўғлини қарғагани ёдига тушди шекилли, шошиб: “Ҳа, ҳа, сиз фақат дуо қилиб турсангиз бас”, – деди уялганча. Кейин ўйла­ди: “Онанинг қарғиши ўтмайди дейишарди. Нима, ўғ­лимнинг нар­вондан йиқилиши тасодифми? Уф-ф, барибир ях­ши ният қилиш керак экан”.
Бу вақтда қариянинг кўзларида ёш милтиллади. Унинг хаёлидан нима ўтганини фақат ўзи биларди: “Ҳа, ота-боболаримиз одамларга яхшиликни раво кўр деганлари ҳозир ҳам амалда. Э, буёғини айтсам, энди етти авлодимда давом этган тандирсозлик ҳунари қишлоғимда ҳам яшайверади”.
Кўчага чиқишди. Жамол ота қўшнисининг уйи би­қинига тунов куни оқшомда ўзи эккан икки туп ўрик дарахти оппоқ гуллай бошлаганди.

“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 10-сон.