Бобур Наби. Сурур (ҳикоя)

Унинг хаёллари ўзида эмас – осмонларда учиб юрарди, лабида эса ним табассум, тепаликка қиялаб чиқиб бораркан, гоҳ-гоҳ ўзича сакраб, қўлларини ҳавода ўйнатиб қўяди. Оёғи остидаги ўнқир-чўнқир йўл ҳам уни чалғита олмас, аксинча паст-баландликлар унинг юришига ёрдам бераётгандек эди.
Адирнинг чап тарафида олма боғи ястаниб ётибди. Ўнг томонида эса пахта пайкали. Олмалар кузги қуёшнинг заиф нурида ялтираб, гўё кўз қисиб тургандай. Қуёш ҳам куни билан нур сочиб чарчаган шекилли, тоғ ортига ҳорғин бош қўймоқда. Баҳром шу боққа қарайди. Мана, ҳозир йиғим-терим пайти, ҳосилни йиғиштириб олиш керак. Шу адирнинг энг тепа қисмида у бувиси билан яшайдиган уй жойлашган. Ҳойнаҳой бувиси қовоқхўрда қилиб, уни кутиб ўтиргандир. Бу овқат ҳақида балки сиз билмассиз, лекин бир марта татиб кўрсангиз, ошқовоқдек ширин неъмат борлигига яна бир карра амин бўласиз. Ана ўша ошқовоқни сигирдан янги соғилган сутга қўшиб қайнатилса, энг мазали қовоқхўрда тайёр.
Баҳромни қувноқ кайфиятда кўриб, Ризвон бувининг ҳам юзига табассум югурди, лекин барибир бу саёқ неварасини койимоқчи бўлди.
– Ҳой, Баҳром, сенмисан, болам? Шу пайтгача қаёқларда юрувдинг? Бу ёқда шунча иш қоп кетдию.
Баҳром бу гапларга эътибор бермади. Қандайдир қўшиқни хиргойи қилиб, сўрига узала тушиб ётиб олди. У ҳамон самоларда учиб юрарди. Ризвон буви турган жойида қотиб қолди. Ахир ҳамиша салом бериб келарди-да. Бугун негадир бошқача бўлиб туюлди. Ўзи билан ўзи овора. Сен кимга гапиряпсан, демайди ҳам. Ризвон бувининг энди ростакамига жаҳли чиқиб кетди. Косага неварасининг севимли овқатини сузиб, дастурхонга қўйгач, секин Баҳромни чақирди:
– Ҳой, бола, сенга нима бўлди?
Баҳром ҳеч нарса бўлмагандай ерга қараб ётарди. Ризвон кампирни ёмон хаёллар ўраб олди. Тавба, нима бўлди экан, а? Ҳеч бунақа одати йўқ эди-ку. Кампир энди бақиришга тушди:
– Баҳром! Ҳой, Баҳром!
Ва ниҳоят бола бу оламга қайтди. Бошини кўтариб, қаршисида қошларини чимириб турган бувисини кўрди. Шундагина қаерда эканлигини англади. Дарҳол ўзини ўнглаб, бувисига салом берди.
– Валейким, – деди Ризвон кампир заҳархандалик билан. – Ҳа, Баҳромбой, нима бўлди? Жа бошқача кўринасиз…
Бола бувисининг феълини яхши билади. Жаҳли чиқади-ю, аммо бирор ёмонликни ўйламайди. Шунинг учун ҳам Баҳром эркалик қилаверади. Ризвон буви эса биринчи невараси бўлгани учун уни бошқача кўради. Койиб-койиб, яна эркалаб кетаверади.
– Ҳеч нима бўлмади, буви. Пастга пахта тергани келишибди. Шуларни кўргани тушувдим, – у шундай дедию юзи қизариб кетди.
Аммо Ризвон кампир қоронғида буни сезмади. Менга нима, дегандай қўл силтадию ўз юмушларига шўнғиди…
Баҳром оппоқ тишларини кўрсатиб, бир илжайдию ҳузур билан қовоқхўрдасини, ундан кейин ўчоқда қайнатилган чойни ичди. Бувисининг сигирларга ем бер, деган эслатмасидан кейин уйнинг орқа томонига – адирнинг энг тепа қисмига олиб чиқадиган йўлга ўтди. Боғнинг тугаш жойида молхона бор эди. Иккита эна-бола сигир, улардан сал нарироқда эса бир буқача бойланган. Буқачани Баҳромнинг шахсан ўзи боқяпти. Оппоқ майин юнглари, мунчоқдек мўлтираб турган кўзлари, пешонасидаги қора қашқаси ва айниқса, ярим қаричча келадиган шохлари Баҳромнинг дийдасини юмшатиб, унда новвосчага нисбатан янада кўпроқ меҳр уйғотарди.
Ҳозир ҳам сигирларга емини бергач, ўз “суюклиси”нинг олдига бир тоғора кўсак қўйди. Кўсак молларнинг севимли емиши, қолаверса, семиртиради. Буқачанинг оғзини кўпиртириб кўсак ейишини завқ билан томоша қилиб тургач, бўйнидаги юнгини аста силади. Новвос халал берма, дегандек гўёки қозиғини суғуриб юборадиган даражада бир пишқириб қўйди. Ҳеч қанча вақт ўтмай, тоғора тарақлай бошлади – буқача кўсакни еб бўлиб, тоғорани ялаб-юлқаётган эди. Баҳром новвосдан тоғорани базўр тортиб олди-да, ой шуъласи ёритиб турган тепаликка чиқмоқчи бўлди.
Осмон очиқ, юлдузлар порлаб турибди. Ой ҳам тўлин. Атроф худди кундуздек ёп-ёруғ. Бир ёқда чигиртка нағма қилади, узоқроқдаги зовурдан эса қурбақаларнинг сайраши эшитилади. Баҳром тепаликка чиққач, кўкрагини тўлдириб нафас олди. Сўнг майсалар устига чалқанчасига чўзилди. Қўлларини ёзиб, тепасидаги ойга тикилди. Шу аснода боягина хаёлларини ағдар-тўнтар қилиб юборган қиз ҳақида ўйлай бошлади…
Баҳром боғнинг қуйи қисмида олма тераётганида катта йўл бўйидаги эски шийпонга иккита автобус келиб тўхтади. Ичкаридан қий-чув қилиб, талабалар тушишди. Баҳром барча ишини йиғиштириб, ўша томонга югурди. Талабалар аввалига янги жойни кўздан кечириб чиқишди. Кейин эса автобусдан юкларини тушира бошладилар.
Баҳром беихтиёр автобус ёнига бориб қолди. Ҳашарчиларнинг гоҳ адирларга, гоҳ узоқдан кўриниб турган тоғларга тикилиб туришини кузатиб, ёнига келган қизни пайқамади.
– Ҳей, сизга гапиряпман.
Бола ёнига қарадию, юраги тез уриб кетди. Қип-қизил ғунча лаблар, қоп-қора чарос кўзлар, айниқса, унинг ҳуснига ҳусн қўшиб турадиган юзидаги кулгичи Баҳромни бир кўришдаёқ ўзига мафтун этди. Узун киприклар остида таажжубли тикилиб турган хумор кўзларга боланинг кўзи тушиб, икки юзи қизариб кетди.
Қиз қувноқ овозда яна сўз қотди:
– Болалар тарқаб кетишди. Ўзим қийналяпман, сумкамни кўтаришворинг.
Баҳром энди ўзига келди. Бахтиёр қизнинг тўрвасини қўлига олди.
У қиз билан гаплашишни жуда-жуда истарди. Аммо бирор сўз тополмади. Қиз анча шаддод экан, ўзи болани сўроққа тутди:
– Отиз нима?
Бу кутилмаган саволдан бола эсанкираб қолди. Наҳотки унинг исмини билгиси келяпти?! Баҳром қулоқларига ишонмади. Беихтиёр исмини айтдию сармаст ҳолда осмонда уча бошлади. У шу пайтгача бундай ҳолатга тушмаган эди. Олдинлари қизларни кўрганда ҳам ўзини йўқотиб қўймасди.
– Меники Шоҳида, – деди қиз ўша-ўша қувноқ оҳангда. Ўртоқларим Шоҳи деб чақиришади. Сиз яхши бола экансиз. Шу ерликмисиз?
Наҳотки у ҳам қизга ёқиб қолган бўлса?! Бўлмаса, бунчалик сўраб-суриштирмасди. Балки қўл бериб кўришарман, деб ўйладию дарров юзи помидор бўлиб кетди. Қизнинг ингичка қошларини кериб, лабини чўччайтириб туриши боланинг қалбига яна ўт қалади. Ҳали-ҳамон жавоб талаб қилиб турган нигоҳ билан Баҳромнинг ҳам нигоҳи тўқнашдию дарҳол кўзини четга олди.
– Ҳа, шу ерда боғимиз бор. Ҳар йили кузда ҳосилни териш учун келаман.
Унинг гапи узилиб қолди. Нарироқда бир неча қиз улар томонга қараб келишаётган эди. Қизлар икковини кўриб, қиқир-қиқир кулишди. Бола баттар хижолат бўлди. Энди бу ерда ортиқчалигини сезиб, орқасига бурилди. Келган жойига қайтиб кетмоқчи эди, бояги қувноқ овоз уни яна тўхтатди. Баҳром юраги зириллаб, ортига қаради. Ўзи билмаган ҳолда кўзини юмиб олган экан, қизнинг чақирувидан сўнг ўзига келди. Шоҳида унга қўлини чўзиб турарди. Бола энди тамомила карахт бўлиб қолди. У аста ўнг қўлини кўтариб, қизнинг майин қўлини ушлади. Шунда унинг бадани чумоли ўрмалагандек жимирлаб кетди. Шунчалик сархушлигидан ҳушини йўқотаёзди. Кўзлари сузилиб, гандираклаб ортига қайтди. У йўқолган бир қоп олтинини қайта топиб олган одамдай осмонларда учиб борарди…
Баҳром иккала қўлини бошининг тагига ёстиқ қилиб қўйди-да, оёқларини чалкаштириб, тепасида турган ойга яхшилаб разм солди. Оймома доимгидан кўра сал катталашгандек кўринди. Ёки ўзига шундай туюлдимикан? У янада синчковлик билан назар солди. Шу қадар берилиб тикилдики, гўё ой билан ёнма-ён тургандек ҳис қилди ўзини… Кейин ойда ўша таниш қиёфа намоён бўла бошлади. Аввал кўзлар, қошлар, киприклар расми чизилди, сўнгра қизғиш лаблар ва бежиримгина бурун тасвири пайдо бўлди. Аста-секин ой ўрнини қизнинг рухсори эгаллади.
Баҳром унга шунчалар яқин турганидан хижолат тортиб, юзини орқага олди. Тик турган жойида яна ўша майин қўл тафтини ҳис қилди. Бола энди ўзига бўйсунмади. Қизнинг қўлидан маҳкам ушлаб, қирларга қараб югуриб кетди. Икковлон кучлари етган жойгача чопишди. Энг юқори чўққига чиқишгач, оёқлари остидаги лолақизғалдоқлар қучоғида анча вақтгача бир-бирига тикилиб ўтиришди. Қанча пайтдан бери бир-бирига тўймаган кўзлар бугун айрилишни ҳеч ҳам истамасди. Висол дамлари етиб келгани ҳар икки ошиқ юрак учун ҳам аниқ бўлиб турса-да, журъат этиб бир нима қилишга ботина олмасди. Ҳатто бир сўз дейишга-да ҳожат йўқ эди. Фақат нигоҳлар сўзлашар ва бу тилни фақатгина ошиқ юраклар тушуна оларди.
Улар узоқ вақт шу зайлда ўтиришди. Лекин ҳеч бир-бирига тўйишмади. Аксинча янада кўпроқ термулиб туришни хоҳладилар. Қизнинг лаблари табассумга мойил тарзда жилмайганида унинг кулгичи боланинг дилига қайта ўт ёқди. Юлдуз чақнаб турган қизнинг кўзларида чуқур муҳаббат изҳори яширин эканлиги шундоққина билиниб турарди. Лабининг четига тушиб турган бир тутам сочи эса қизнинг жаҳлини чиқармасди. Аниқроғи, Шоҳида бунга эътибор бермаганди. Бола икки бармоғи билан ўша зулфни қизнинг қулоғи орқасига ўтказиб қўйди. Шундагина ҳаёдан қизарган юзлар кўздаги нигоҳ билан бирга қуйига эгилди. Кейин қиз унинг қўлидан юлқиб чиқиб, нарироққа борди-да, қўллари билан юзини тўсиб олди.
Баҳром ўзида йўқ хурсанд, бахтидан сармаст эди. Ҳозирда ундан бахтли одам топилмасди. Оппоқ тишларини кўрсатиб, жилмайди-да, гуллар устига аста чўзилди. Кўзларини юмиб, лаҳзалар ичида рўй берган воқеалар ҳақида кўпроқ ўйлашга урина бошлади…
– Ҳой, сизга гапиряпман.
Бу таниш овоздан Баҳром кўзларини очди. Қуёш тиккага келиб қолган, атрофида эса бир неча қиз унга қараб туришарди. Қизларнинг олдида чўзилиб ётгани ўзига ҳам эриш туюлиб кетди, шекилли, дарҳол ўрнидан сакраб турди. Шундай ширин тушнинг белига тепгани учун уларни бир сўкмоқчи бўлдию, лекин бояги таниш овоз унинг қулоқлари остида жаранглагандек яна янгради:
– Ҳей, эски таниш, пахтазорда юрган буқача сизга қарашлими?
Бу ўша қизнинг овози эди. Наҳотки уни топиб келган бўлса? Бу ерга қандай чиқишди экан? Ёки шунчалик кўп ухлаб юбордими? У саволларига жавоб топгунича қиз яна гап ташлади:
– Сизни бувингиз қидириб юрибди. Пастга тушсангиз, яхши бўларди, – улар шундай деб, ортига қараб кетишди. Шоҳида кета туриб, унга ўгирилди. Қўлини кўтариб, хайрлашган бўлди-да: – Бундан кейин бунақа жойларда ухламанг, – деб ширин кулгичини унга ҳадя қилиб кетди.
Бола то ўзига келиб олгунича қизлар пахтазор ичида ғойиб бўлишди. Нима дейишди? Буқача бўшалиб кетибдими? У дарров яна пахтазорга қараб йўл олди. Энди у дунёдаги энг бахтиёр инсон эди. Югуриб бораркан, қип-қизил тусга кирган юзидан табассум аримасди…

«Ёшлик» журналининг 2010 йил, 3-сонидан олинди.