Байрам Айтмурод. Оға (ҳикоя)

Уфқ қонталаш бўлиб келаверди. Қумлитовнинг тўридаги бир чети ҳовузга, бир томони шолизорга туташ Қурбон қассобнинг ҳовлисида уй эгалари ғимирлаб, кириб-чиқиб юрибди.

Ўрол гўштни жиклаб, паловга деганни бўлак, уйда осиладиган бош қозонга деганни алоҳида, қўноқ уйларга тарқатиладиганни бўлак ажратди, ундан кўз узмай турган Бўйноқнинг насибасини четроққа отди. Ит луқма ташланган тарафга ирғиб бориб, кўп ўтмай яна думини ликкилатганча қайтиб келди. Қассоб терига туз сепиб, қўранинг устига ёйиб қўйди. Келинларга калла-пойча куйдиришни топширди. Ичак-қоринни эскироқ тоғорага солди.

– Кенжабой, – деди. – болаларга айт, манавини Элмурод жувонмаргнинг уйига элтиб берсин. Бечоранинг беваси жўжабирдай болалари билан қолган, қўли калта-да…

– Эрта-индин ўзимиз паловга босмаймизми? – деди Кенжабой ясама хушчақчақлик билан.

– Қўйсанг-чи, ука, ўлиб турган жойингми? Сенларга бу ёғиям етиб-ортади.

– Ҳеч бўлмаса, чарвисини шилиб олайлик.

– Олганман, – жаҳли чиқди Ўролнинг. – Бир айтганда “хўп” деса-да!

У отасидан қолган қассобпичоқ, тошқайроқ, тарози солинган халтасини эшик ёнига қўйиб, ичкарилаганда уй тўла одам – эртанги бўладиган маъраканинг тадоригига йиғилганлар ўрнидан турди. Тўрда ўтирган Раҳима момо ўғлининг бўйнидан қучоқлаб йиғлаб берди. Ўрол кампирни юпатди. Қолганлар ўнғайсизланиб, қимирлаб қолишди. Келинлар, қизлар кўзига ёш олди. Кенжабой тишларини ғичирлатиб, онасига гапирмоқчи эди, Ўрол “индама” дегандай бош чайқади. Йиғилганлар силжиб, катта акага тўрдан жой беришди. Кампирнинг “Энди бу оиланинг боши сенсан, болам”, деб қайта-қайта айтгани ўтирганларга эриш туюлди. Орага жимлик чўкди.

– Семиз қўчқор экан. Эллик килога яқин тош босди. Мойининг қалинлигидан пичоғим юрмай қолди-я. Қуйруғининг ўзи бир тоғора бўлдими, а, Кенжабой? – деди Ўрол чой хўплаб. У доим шундай қилади, отасидан ўрганган одат. Кимнингдир жонлиғини чалиб берадиган бўлса, уй эгаларидан бирортасининг ёнида туришини тайинлайди. Сўнг эринмай ҳисобот беради. “Ўзига уриб қолибди”, дейишларини истамайди. Боя ҳам Кенжабойни атайлаб олдидан жилдирмади.

– Ҳм, – деди Кенжабой хушламайгина. У ҳали ҳам қўчқоридан айрилганига кўниколмай ўтирганди.

– Яхши-ку! – ёнбошлади Тиловбой. – Энди овқатга гўштни мўл-кўл босса бўлади.

– Кенжабой, сен ўпкалама. Битта қўзини яхшилаб семиртирсанг, ўғлингнинг суннат тў­й­игача ҳўкиздай қўчқор бўп кетади. Маъракага тумонат одам келади-да, серка гўшти урвоқ ҳам бўлмайди: бебарака-да, барибир. Кимсан Қурбон қассобнинг болалари отасининг йилида эчки сўйибди-я, деган гап тарқалса, уят бўлади.

– Дуруст, шавла кетса кетсин, обрў кетмасин, иним, – дея катта аканинг гапини маъқуллади Тиловбой.

Бундан икки кун олдин Кенжабой туманга борганда акасининг уйига кириб ўтганди. Отасининг маъракасига серка сўймоқчилигини айтганда, Ўролбой “Нега энди, ўтган сафар қўчқорни атагандинг-ку”, деб тутақиб кетганди. Кенжабой “Қўчқорни неварангизнинг суннат тўйига олиб қўйсаммикан деб ўйлаб қолдим. Мен ҳам эл қаторига қўшилиб, қилаётган биринчи тўйим. Яна бозорга тушиб, қўй қидириб юраманми?” Акаси ўшанда ё туш­ун-­­

мади, ё тушунишни истамади. Оёқ тираб олди: “Агар серка деяётган бўлсанг, бошқа қассоб топақол”, деди. Ука иложсиз кўнишга мажбур бўлди. “Энди айбини ювиб-чайишга бало борми, – ўйлади Кенжабой. – Бунисиям маъқуллаб ўтирибди. Ўзидан кетмади-да, жони ачирмиди…”

– Эл оғзига элак тутиб бўлармиди, Ўрол ака? Биттадан қўчқор етаклатиб юборсангиз ҳам яхши от олмайсиз. Арқонини бермабди бу қурумсоқ, деб кулиб кетади, – деб узиб олди Кенжабой.

Инисининг отини айтиб чақиргани Ўролга оғир ботди.

– Мен ҳам мановиларга айтдим! – Раҳима момо бир нарса эсига тушгандай, тўсатдан ўғли билан келинига ишора қилди. – Мени тинглармиди булар? Мияси айниган кампир айтаверади, дейди-да!

Раҳима момонинг арз қилиши ўтирганларга ёқмади, Тиловбой томоқ қирди. Катта келини лабини тишлаб, бош чайқади. Қизлар қош чимирди. Кенжабой билан хотини онасига еб қўйгудек қаради. Момо эса бепарво, яна бир нарсаларни пичирлаб, бирда жилмайиб, бирда қовоғини солиб ўтираверди.

– Ундай деманг. Қилади айтганингизни, қилмай қаергаям борарди? – деди Ўрол мийиғида кулиб, ука-сингилларни зимдан кузатди. Уларнинг бепарволигидан ранжиди. Бир пайтлар бир оғиз сўзини қайтара олмайдиган ўғил-қизларнинг, босган изларига пою патак бўлишга тайёр келинларнинг бугун унинг гўё бор-йўқлигини сезмагандай ўтиришидан ғазаби келди. Кўзларингни мой босганми, деб бир буровга олмоқчи бўлди. Шайтонга ҳай берди.

* * *

– Сен кўп эзилма, болам, – деди Қурбон қассоб киртайган кўзларини боладан узмай. – Дунё­нинг ишлари ўзи шундай. Биров Яратганнинг неъматидан умидвор ўтади, кимдир эса берганнинг қадрига етмайди.

Қуёшнинг тиғидан тақир бошини базўр паналаб бораётган ўн ёшлардаги бола қассобнинг гапини тушунмади. Қўлидаги яримта нонни тиш­лаб, кавшанди. Қассоб тўриқ биянинг жиловини онда-сонда сермаб қўяр, бия илкис юришини тезлатганда бола қалқиб тушар ва қўли билан эгарни маҳкам ушлаб қоларди. Улар кун пешиндан оққанда қишлоққа кириб борди.

– Таниш, – деди Қурбон дастурхонга ўтирмай туриб. – Энди бу аёл сенинг онанг бўлади. Кўришинглар!

Эшик олдида ҳайрат тўла нигоҳларини бир эрига, бир болага қадаб турган Раҳима истамайгина кўришди. Ўзи, дардини кимга айтишни билмай юрганда бу нима қилиқ? Ким бўлди бу? Нега ундай қилади? Раҳима ичидан қайнаб келаётган адоқсиз саволларга жавоб топгиси келди. Лекин тиш ёриб, бирор нима деёлмади.

Бор дардини ичига ютиб, Ўролни “болам”, дея бағрига босди. Баъзи-баъзида эри уйда йўқ пайт­лари ота-онасини суриштирди, тайинли жавоб ололмагач, баттар эзилди. Қурбон буни сезди.

– Бекор ич-этингни тирнаяпсан, хотин, – деди бир куни ётиш олдидан. – Гуноҳ етаклаб келмадим, хотин.

Раҳима изиллаб йиғлади. Қассоб эл уни “шарманда”га чиқариб қўйганини орқаворатдан эшитган. Эл, деб бўлмас, бир-икки тилига кучи етмаганлар шундай деяпти. Бу гап аёлининг ҳам қулоғига чалинган. Минг қилсаям ожиза-да, кўз очиб кўрганига ишонмай, кўчанинг гапига эргашиб юрибди. Ўшалар келиб қассобнинг юзига айтса-ку, нима қилишни ўзи билади. Қурбон чуқур уҳ тортди.

Кўклага бошида кичикроқ жонлиқ сўйиб, бутун овулни чақирди. Ёшуллиларни тўрга ўтқазиб, олдига калла қўйди, илик қўйди.

– Энди, ёшуллилар, менинг тиригим ҳам, ўлигим ҳам, очлигим ҳам, тўқлигим ҳам шу эл билан, –­ ­чайналди қассоб ҳаяжонини босишга уриниб. – Ўн бир йилдан бери тирноққа зормиз. Буям бир Худонинг синовими, иноятими – билмадим, мулла бува. Аммо энди Ўролбой менинг болам. Унинг увол-савоби менинг бўйнимда. Лекин уни уйимга обкеганим ҳақида ножоиз гаплар тарқабди. Айтиб қўяй, Худойнинг олдида юзим ёруғ.

– Биз қаердан биламиз? – гапини кесди Асқар писмиқ. – Эл олдида қасам ич.

Қурбон Асқарга ғижиниб қаради. Агар атроф­да ҳеч ким бўлмаганда кекирдагини юлиб оларди. Аммо ўзини босди.

– Мен қасам ичмайман! Қурбон қассобнинг қасам ичганини ё бирор гапидан тонганини кўрганмисан? – деди зарда билан. – Лекин агар кўнглинг тўлмаётган бўлса, майли сен учун…

– Шарт эмас, – деди Эсон мулла. – Асқаржон, сен қачондан бери эл номидан гапирадиган бўлдинг? Ҳали отанг тирик, отангни кўрганлар тирик, – сўнг яна қассобга юзланди: – Давом этавер, иним.

– Агар кимда-ким боламга етим ё… хуллас, бармоғини бигиз қиладиган бўлса, ўзидан ўпкаласин!

– Жуда маъқул иш бўлибди, Қурбонбой! Етим-есирнинг бошини силамоқ катта савоб! Шундай эмасми, Эсон оға, – деди мулланинг ёнида ўтирган Тўлибой гапини тасдиқлатмоқчидай атрофга олазарак қараб. Мулла “ҳа” дегандай бош ирғади. – Ўғил муборак!

Ҳамма уни табриклади. Қурбон ўғлини чақириб, ёшуллилар билан кўриштирди. Эл дуога қўл очди.

Элнинг дуосида хосият кўп, куч бор. Ўролбойни олиб келганининг кейинги йилида Қурбон қассоб ўғилли бўлди. Унга Тиловбой деб исм қўйишди. Кейин Насиба, Азиза, Кенжабой туғилди. Уйи бола кулгусига тўлди. Ўролбой ука-сингилларини опичлаб, от бўлиб елкасига миндириб катта қилди. Болалар уни “ака” деб чақирди. Ака бўлмиш бундан қувонди, Қурбон билан Раҳиманинг эса севинчи ортди.

Ўролбой мактаб саводи билан қолди. Отасининг ёнида юриб, қассобчиликни ўрганди. Ука-сингиллари кими шаҳарда, кими туманда катта-кичик ўқишларда ўқиди. Отаси умрининг сўнгги кунларида шуни кўп такрорлади: “Сени ҳам ўқитишим керакмиди, болам. Сен ҳам ҳозир укаларингга ўхшаб юрармидинг. Билмасам, шароит бўлмадими, ё ўзингда иштиёқ бўлмадими. Лекин ҳеч қачон сени улардан кам кўрмаганман”. Қассоб бу гапларни Ўролбойдан кўра кўпроқ ўзига тасалли бериш учун айтарди.

* * *

…Ўрол ўтиравериб, бўғинларида оғриқ сезди, оёғининг чигалини ёзиш учун ташқарилади. Уйнинг ўнг томонидаги девор ортида ғўнғир-ғўнғир овоз келди. Инилари билан бироз гурунг қилиш ниятда улар томонга юра бошлади. Кенжабойнинг алам билан чийиллашидан тўхтаб қолди.

– Нега у ўзини катта тутади? Ким у бизга?

– Акамиз-да…

– Ака?! Менинг битта акам бор, у ҳам бўлса сиз! Бир қориндан тушмагандан кейин, қони қўшилмайди-ку!

– Ҳа энди, отамизнинг истаги шу бўлган.

– Отамизнинг ўтиб кетганига анча бўлди. Боқди, ўстирди, уйлантирди, уйли-жойли қилди. Энди унинг олдида қарзимиз йўқ! Нега ҳадеб у билан кенгашиб, иш қилишимиз керак? Нима, сиз билан менда калла йўқми?

Ўрол охиригача эшитолмади, ўпкаси тўлиб, танасини қалтироқ босди. Ортига ўгирилди-ю, зилдай оғир қадам ташлаб нари кетди.

* * *

Саҳармардондан Қурбон қассобнинг уйига узоқ-яқиндан келганлар йиғила бошлади. Эшик олдидаги қўлбола ўриндиққа кўрпача ташлаб, овул мулласи, яна беш-олти чол, ака-укалар қатор ўтиришди. Келганлар юзига фотиҳа тортиб, қўноқ уйларига кетишди. Пешинга бориб қассобнинг уйи ҳам, қўноқ уйлар ҳам меҳмонга тўлди. Ўчоқбошида овулнинг ёш йигитлари қозон тагига ўтин ташлаб, булкиллаб турган шўрвадан косаларга қуйиб, нон ботириб еб ўтиришди. Ялангоёқ болалар меҳмонларнинг от-эшагини суғориб, олдига бир сиқимдан ҳашак ташлаб қўйиб ё бўшаган идишларни сувга тўлдириб юрди. Келинлар қўли-қўлига тегмай, чой қайнатиб, идиш-товоқларни ювди.

Ўрол дамба-дам кўчага чиқиб, йўлга кўз тикди. Ўғли ҳаяллаброқ қолди. Ярим тунда отасининг қўнғироқ қилиб, жавондаги пулдан олиб келишини айтганда ҳайрон қолган, лекин сабабини сўрашга ботинолмаган эди. Ўрол пулни олиб, қассоблик анжомлари турган халтага солиб қўйди.

Уй эгалари маъракани тарқатиб, меҳмонларни бир-бир кузатди. Ўрол ўғлининг уловида уйига кетди. Тўрдаги хонани йиғиштираётган Кенжабойнинг хотини қайноғаси ташлаб кетган халтани кўтариб, омборга олиб чиқиб қўйди. “Унутиб қолдирибди, – ўйлади у. – Шу ерда туратурсин, ит тегармиди. Бир келганларида олиб кетар…”

“Ёшлик” журнали, 2015 йил, 9-сон