Бахтиёр Нуриддинов. Хаёлимдасан (ҳикоя)

Қачонлардир Чечакни яхши кўриб қолишини хаёлига ҳам келтирмаганди. Ўзини оқламоқчи эмас-ку, сингилдек яхши кўрарди уни. Битирув оқшоми — сўнгги қўнғироқда эсдалик учун берган миттигина совғаси ҳамон мактаб хотираларини эслатар, шундан юраги қинидан чиққудек бўлиб ҳаприқиб-ҳаприқиб қўярди. Буни доим синфдошларига нисбатан соғинч, уларнинг дийдорини қўмсаш, деб тушунарди, холос. Аслида ҳам шундаймиди, билолмайди. Юрагининг туб-тубида жимгина ғужанак бўлиб ётган туйғу бугун нечук безовта қилганига ўзи ҳам ҳайрон. Мана ўша — ундан қолган хотира: ўз қўллари билан тўқиган, анор гуллари тасвири туширилган рўмолча. Ҳар гал кўрганда бошқача бўлиб кетади… Бу унга гўё болалик шўхликлари каби қувончли ҳиссиётлардек туюларди.
Ҳаммаси оиласи билан қишлоқдан кўчиб кетишганидан сўнг бошланганди. Улар девор-дармиён қўшни яшашарди. Онасининг айтишича, Чечакнинг ота-онаси маҳалла-кўйдаги ҳар хил майда-чуйда гаплар боис кўчиб кетишган. Айнан нима учунлигига ҳозиргача ақли етмайди. Айримлар отасининг ишини пешлашарди. Балки Чечакни ўйлаб шундай қилишгандир. Тўғриси, буларнинг бариси унга аҳамиятсиз ва бу ҳақда билишни ҳам истамайди. Муҳими, Чечакка ўрганиб қолгани. Уни ҳар доим кўрарди, бирга ўйнарди-да, ахир. Ҳатто бир синфда ўқишарди. Улғайиб, катта бўлганида бўлса, Чечак доим унга тушликка иссиқ овқат таширди. Узоқдан қорасини кўриши билан қорни очганиданми ё бошқа бирор сабабми, ўзини бахтиёр ҳис қила бошларди. Энди ўйласа иккисининг ҳам энг бахтли онлари сойдай ўтиб кетган экан. У куннинг иссиғида сув кечиб, шолипояда шоли ўтарди. Ўтоқчилик осон ишмас, буни билган билади, билмаган билмайди. Шолини ўташ учун ўтоқчи кучли бўлиши керак. Қорни таталаганда дунёни ютишга шай бўлади одам. Шунда Чечакни кутарди. У жуда шўх ва қувноқ қиз эди. Озгина шаддодлиги ҳам бор эди-ю, аммо бу ўзига жуда-жуда ярашарди. Кулгилари ҳамон қулоқлари остида жаранглайди. Ҳамиша шамоллар билан қувлашиб, рақсга тушиб келарди ёнига. Чечак ўйнаганда олам шодликка тўлиб кетгандай бўларди гўё. Унга шундай туюларди-да. Олисдан ҳаракатларини томоша қилиб завқланарди. Узун-узун қўллари билан ҳавода турли шакллар чизиб, олисдан нималардир деяётгандек кўринарди. Етиб келганида ишоралари ҳақида сўраса, уялиб қизариб кетарди. Уни чалғитиб, кўзини олиб қочарди. Ёшлик ғўрликлари туфайли рақс бечоранинг ҳаётига айланишини тушунмаган экан.

* * *

Шу-шу уни ўтган куз — ҳосил байрамида кўрди. Чиройли кийиниб олган, нозик ҳарир кўйлаклари шамолда ҳилпирарди. Майдон ўртасида кўпчилик қизлар қатори булут мисол сузиб, рақс тушарди. Уни таниди-ю, одамлар панасига беркинди. Ўзини кўришини хоҳламади. Байрам ҳам татимади. Яна кўзи тушиб, кайфияти бузилмасин, деб уйга қайтворди. Кийимларини алмаштириб, тўғри сойга тушиб кетди. Бориб бироз Қорадарёнинг шовваларини томоша қилиб ёзилди. Сўнг шолипояга ўтди. Шоли ўриб, боғ-боғ қилиб боғлади. Иш билан овуниб, уни унутишга ҳаракат қилди. Аммо ўлгудек очқаганди. Боғламларни йиғиб, ғарам қилаётганида узоқдан Чечак кўринди. Кўзларига ишонмади. Очликнинг найранги бу, деб ўйлади. Йўқ. Худди ўзи. Бу атрофда унга ўхшаш қиз йўқ эди. Қўлларида тугунча ҳам бор. Ҳойнаҳой, тушлик опкелаётганга ўхшайди. Одатдагидек полдан-полга сакраб, гир-гир айланарди. Уни кутмаганди, тўғриси. Пал бошига келиб, бирдан таққа тўхтади. Оёғига тикан киргандек ҳаккалаб, ерга ўтириб олди. Эътибор тортмоқчи бўлди, шекилли. Югуриб бориб ёрдам бермоқчийди, ғурури йўл қўймади. Рўпарасига келиб қаққайиб тураверди. У тугунчани ечаётганда, секин-аста ёнига чўккалади. Чечак индамай олдига ноз-неъматлар қўйди. Чинни идишдан ҳовур чиқиб турарди. Устидаги тақсимчани очиб, битта мантини олиб оғзига солди.
— Уйларингизга борсам холам ёлғиз ўтирибди. Сизга овқат жўнатишга дастёр тополмай турган экан, — деди Чечак жилмайиб. Унинг сўзлари самимий эди. Овози беғубор жаранг таратарди. У бўлса:
— Сендан бошқа одам қуриб кетибдими? — деб тўнғиллади. Чечак аҳамият бермади. Сўрамаса ҳам чуғурлаб қишлоққа қачон, кимлар билан келганини, катта майдонда ҳаммалари бирга рақс тушишганини гапириб, мақтана кетди. Уни эшитгиси келмай шоша-пиша овқатланиб, ўз юмуши билан шуғуллана бошлади. Жаҳл билан шоли боғларини кўтариб, полнинг четига ирғитарди. Чечак чўчиб тушди. Паноҳ излагандек атрофга қараб, кўзларини жовдиратди. Бироздан сўнг:
— Томоша бўлиб рақс тушма, — деди бақириб у.
Чечак қаттиқ хафа бўлди. Қовоғини солиб олди. Тарақа-туруқ қилиб, идишларни йиғиштириб тугунга жойлади-ю, индамай ўрнидан туриб, кетиб қолди. Уни кузатиб ҳам қўймади, ортидан ҳам қарамади. Ана шундай қўполлик қилгани учун ҳалигача ўзини койийди. У ярим тунгача тер тўкди. Ой ёруғида шоли боғларини тўп-тўп қилиб, ўнталарча учамак ясади. Чарчаб толиқди. Ойдинда дарё бўйидаги ёлғиз дўлана тагига бориб дам ола бошлади. Бир зум атрофга разм солди. Айғирдек сапчиб — сакраб-сачраб; атрофга шовқин солиб — ўкириб-бўкириб, шоввалар ҳосил қилиб оқадиган дарё бугун қанақадир сокинлашиб қолгандек эди назарида. Ё уни ўйлаб диққати қочганми, ҳарқалай шундай туюлаётганди. Ҳаммаёқ зимистон. Шуурига бари нарса қоп-қорайиб ўрнашиб олгандай гўё: қорадарё, қораосмон, қорашамол, қоратоғ, қоратун, қорадўлана… Энг ачинарлиси қорақиз —Чечак. Ўзи севган ўша тимқора сочли, очиқкўнгил малак… Қанийди, у яна келса-ю, қалбига олам-олам қувонч бахш этса… Шундай бўлишини жуда-жуда хоҳларди. Аммо ҳаммаси тугаганди. Бир оғиз сўз билан бутун хотираларга нуқта қўйилганди. Бунга унчалик ишонмаса-да, аччиқ ҳақиқат эди.

* * *

Уни бошқа кўрмаса керак, деб ўйлаганди. Ўтган баҳор шаҳарга тушганида -Наврўзда учратди. Яна рақс тушарди. Узоқдан унинг ҳаракатларини томоша қилиб турди. Одам жуда кўп эди. Юзлаб томошабин ичидан айнан ўзини илғаб олишини кутмаганди. Қойил ҳам қолди. Нима учундир кўзларидан ёш сизди. Ўзидан қаттиқ хафа бўлганлигини яхши билади. Охирги учрашувдан кейин кунларни ҳижрон азобида ўтказганини билмайди-да у. Кузги дилсиёҳлик учун Чечакни кўрганда кўнглини овлашни дилига тугиб қўювди. Мана энди қаршисида унинг ўзи турибди. Бир неча ўн қадам нарида, холос. Тили ёпишиб қолганми, калимага келмайди. Қани гапиролса. Унга бефарқ бўлмаганлигини, фақат қалбини очишга журъати етишмаганлигини айтолса. У чиройли ўйнарди. Чечакнинг санъат учун яралганини тушуна бошлагандек эди. Нима бўлса бўлар, деб унинг рақсини томоша қилди. Чечак “Келганингиздан хурсандман, сизни жонимдан ҳам ортиқ яхши кўраман”, деяётгандек эди. Ҳа-ҳа. Худди шундай гапиряпти. Чунки Чечакни яхши билади. Унинг ҳаракатларини, имо-ишораларини ҳаммасини ўқий олади. Тағин кетиб қолмаслигини уқтирарди. Яна қишлоқни, қишлоқдагиларни, болалигини, болалиги ўтган қадрдон уйини, қўшниларни, энг яқин дўстларини, далаларни, сойни, шамолни, Қорадарёни — барча-барчасини соғинганлигини айтарди. Бир пайт қараса, Чечак росмона йиғлаяпти. Кўзларидан дув-дув ёш оқяпти. Кўнгли бузилиб кетди. “Нима, биз сени соғинмабмизми, Чечак?”, деб бақирворишига сал қолди. У кўнглидан ўтган гапларни тушунгандек “ярқ” этиб қаради. Энди ўзи Чечакка хаёлан гапирарди. Чечак қандайдир қотиб қолган ҳаракат билан уни тинглаётгандек кўринди. Ўзини кетиб қолишидан хавотир олдими, ҳарқалай вужуди қулоққа айланганини ҳис қилди. “Сен менинг хаёлимдасан, Чечак. Доим ўйларимни, тушларимни бузасан. Баъзан соғинчдан ёрилиб кетай дейман. Энг ёмони, мен ҳам сенинг хаёлингга айланганим. Кўз ёшларингда қотиб қолганим… Чечак, бир кун келиб менинг гапларимни англаганингда, ўкинма. Ўзингни айблама. Бу сен билан менинг хоҳишимиз эмас эди. Ҳатто ота-оналаримизнинг ҳам тадбиримасди. Бариси баттол ҳаёт, аччиқ қисматнинг иши бу. Қанийди иккимизни ажратган ўша кўринмас малъун, ичи қораларни тутиб олсам-у, хуморимдан чиқиб-чиқиб калтакласам. Эзғин ўйларим учун кечир, Чечак!.. Мен сенга неча йиллардан буён ич-ичимга чўккан сўзларни, юлиб олиб айтяпман”, деб кўнглидаги гапларни ипга тизиб хаёлидан ўтказди. Чечак ҳамон қотиб турарди. Ўйламай қўйганда ниҳоят қимирлади. Рақс тушишдан тўхтаб, кўз ёшларини енгларига артди. Уни кузатиб турганди. Чопиб бораётган қизлар орасида кўздан қочирди. Бирдан йўқ бўлиб қолди. У бир неча вақт давомида кечган воқеаларнинг барчаси хаёлида юз берганини тушуниб, кетишга чоғланди. Ҳамма нарса акси бўлади ўзи. Ҳаётнинг қонуни шундайми ё? Ортига қайрилганда, не кўз билан кўрсинки, рўпарасида Чечак турарди. Кичкинагина тугунчани ушлаб олган. Пастга қараб ер чизяпти. Хаёллари ҳаётга айландими, тушунмай қолди. Уни беихтиёр қучоқлаб олгиси келди. Энди нима қилсин?.. Урф-одатларни бузсинми!? Ҳеч кимдан сўрамай қадриятларни пачоқлаб, у билан боши оққан томонга кетворсинми?! Қиз боши билан Чечак журъат қилибди-ку, ахир! Нима дейсан шамол, нима дейсан осмон? Нима дейсизлар?.. Бир ишора бўлса бас, ҳаммасини тушуниб олади. Сизлардан жавоб бўлмагунча жойидан жилмайди. Хаёлни, ҳаётни тўхтатиб туради. Ҳамма-ҳаммаси сизга омонат, йўл кўрсатинглар!..

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2015 йил 22-сон