Бахтиёр Нуриддинов. Онаизор (ҳикоя)

Она учун бугун қувончли кун бўлди.
Ўғлидан хушхабар келди-да. Неча йиллар интиқ бўлиб кутганди бу дамларни. Кеча қўшниси Турсиной қоранинг боласи унинг жигарбандини учратанлигини, шу жума онасини кўришга боришини айтганини суюнчилаб кирди. Аввало уч кун олдин худо дилига солиб, тушида аён қилганди ҳам: тиниқ булутлар сузиб юрган мусаффо осмон қаъридан бир оппоқ кабутар учиб чиқиб елкасига қўнувди. Билдики яхши хабар эшитади. Мана ўша хурсандчилик. Ён қўшниси олиб келди.
– Умридан барака топсин угина бола. Илойим ғам кўрмасин, – дерди қайта-қайта.
Қумри кампир ичига сиғмай тинимсиз дуо қиларди. Туни билан уйқуси қочди. Худди бугун жумадек тонг саҳарданоқ туриб куймаланди. Ўғлининг болалик пайтларидаги ширин қилиқларини эслади. Илк тетапоя бўлганида отаси қувончдан ўзини қўярга жой тополмай байрам қилишувди. Қўшни болаларга ширинликлар улашганди. Ҳаммаси кечагидек кўз ўнгида турибди. Бахтиёр кунлар эди. Эртага қўзичоғи – жигаргўшаси келади. Қанақа бўлиб кетган экан. Ҳойнаҳой танимаса керак. Ўзгариб кетгани-ю аниқ. Янаям улғайиб, катта киши бўлиб қолгандир. Туғилганда бир парча гўшт эди. Набиралари-чи? Уларни олиб келармикин ё ўзи сўппайиб кириб келадими?.. Ҳалибери набираларининг ҳеч бирини кўрмаган. Эшитгандан бери ҳар турли саволлар тинчини бузди. Майли ўзини дийдорига тўйса бўлди.

* * *

 Ниҳоят бугун чанг босиб ётган сандиқнинг қулфигаям калит солинди. Кампирнинг бор бисоти ана шу ерда эди. Озодининг чақалоқ кийимчалари ҳам ўша вақтда келинлик сандиғига жо бўлганди. Латта-путталар тагидан уларни топиб, искаланди. Худди ўзи. Ўғилчасининг иси келяпти. Мушки анбар-а?.. Анчагача кийимчаларни ҳидлаб, қайта-қайта термулди. Қиқир-қиқир кулгулари қулоқлари остида жаранглагандай бўлди. Охири зерикди шекилли бир кийимлик чит олиб, сандиқни ёпди.
 Қуёш бош кўтармай тикувчи Мастура чўлоқнинг эшиклари тақиллади. У ҳайрон бўлди. Куни билан келди-кетди кўп бўларди-ку, аммо бундай каллаи саҳардан остона ҳатловчилар йўқ эди. Апил-тапил туриб дарбоза томон шошди.
– Ким у? – деб овоз берди кета туриб.
– Мен… мен Қумри холангман, – деди кампир вазмин оҳангда.
– Ҳозир юз-қўлимни чайволай, – деди яна у.
Қумри холанинг сабри чидамай ҳовлиқди.
– Ҳой Мастурахон эшикни оч!..
– Ҳозир, ҳозир. Мана кетяпман.
Йўлакда Мастура чўлоқнинг оқсоқланган оёқ олиши эшитилди.
– Келинг хола, – деди шошинқираб кўришиб. – Хуш келибсиз.
– Сенга иш олиб келдим. Мана шуни тикиб бермасанг бўлмайди.
У қўлидаги читни тикувчига тутқазди. Мастура лом-мим демай ичкарига бошлади. Айвонга кириб Қумри холанинг эгнини ўлчаб чиқди.
– Шу бугуннинг ўзида тикиб берасан! – деди қатъий.
– Бунча тез бўлмаса. Ҳали битмаган ишларим турувди.
– Сен билмайсан-да. Эртага ўғилгинам келяпти. Тушундингми?
Қумри холанинг узоқ йиллардан буён танҳо яшашини бутун қишлоқ биларди: ёлғизгина ўғли ҳарбий хизматга кетгану қайтмаган. Уйланиб олибди, деб эшитишарди. Хаста отаси кута-кута ўн беш йил деганда аъза очди. Тепаликдаги қабристондан гўр қаздириб қабр тиклатди. Элга ош бериб, худойи қилди. Шундан кейингина жони ором олиб, бу фоний дунёни тарк этди. Ўша-ўша Қумри хола ёлғиз яшайди. Лекин ноумид шайтон. Ўғлининг тириклигига ишонади: ҳали-ҳануз кутади.
Мастура индамади. Ҳаям, йўғам демади. Кампирнинг хурсандчилигини бузгиси келмади. Қумри хола унинг “Ўтиринг, чой-пой ичинг” дейишигаям кўнмади. Ҳар қанча қистовига қарамай шошиб чиқиб кетди.

* * *

Қумри холанинг қиладиган ишлари кўп эди. Уйига қайтибоқ бузоқчани эмизди. Бироз ивитиб олиб, сигирни соғди. Томорқага эккан кўк пиёз, турли хил кўкатлардан юлиб, боғлам-боғлам қилиб тугунга жойлади. Янги соғилган сутни кўтариб, бозорга ошиқди. Қумри хола мана шундай кун кечирарди. Уларни сотиб пулига у-бу олиб келар, шу билан рўзғорини тебратарди.
Пайшанба бозори гавжум эди. Ош кўклар бир зумда эгасини топди-ю, аммо сутнинг харидори чиқмади. Ҳозир ҳамманинг уйида сигир. Одамлар сут-қатиққа муҳтож эмас. Барибир бирон кимса чиқар, деб ўйлади. Бозорда одам сийраклашиб борарди. Бир чеккада ғужанак бўлиб олган кампир:
– Сут. Янги соғилган сут. Ҳой ўғлим, манг олинг. Яп-янги, тонг саҳар ўзим соққанман-а, – деб харидор чорларди.
Улгуржи бозор тугади. Чаканачилар келиб жойларини эгаллаша бошлади. Энди сут оладиган кам бўлади. Оёқлари ҳам толиқди. Шундай бўлса ҳам бироз турди. Ҳеч ким сут сўрамади. Энди кетмоқчи бўлганда ортидан бировнинг:
– Онажон сутми? – деган товуши эшитилди. Қумри хола суюниб кетди.
– Ҳа-ҳа. Янгигина.
– Растага олиб киринг энди, – деди хотиржам паттачи.
Тарвузи қўлтиғидан тушган кампир уйга қайтди. Кела солиб сутни қайнатди. Бироз совутди-да, оқлик солиб, қатиқ ивитиб қўйди. Инқиллаб юриб уйларни тозалади. Чангларни артди. Супур-сидир қилди. Ҳаммаёқни саранжом-саришталади. Кечга яқин тикувчи Мастура чўлоқ қизидан битган кўйлагини бериб юборибди. Кийиб кўрди. Қолипга солгандек ярашиб тушди. Қўли дард кўрмасин, деб қизга ҳақ берганди, олмади. Чевар қизи тушмагурни қаттиқ тайинлаб жўнатган экан. “Аям хафа бўлади” деб туриб олди. Шундай бўлса-да ҳовлининг этагидаги зарғалдоқ шафтолидан бир сатил териб ўтди. Олишга кўнмаганди, мен ҳам хафа бўламан, деб оёқ тиради. Қиз кетгач кўйлагини такрор-такрор кўздан кечирди. Бичимларини текшириб кўрди. Кўнгли жойига тушиб, яна дуо қилди. “Ўзи чўлоқ бўлса ҳам қўли гул унинг, – дея хаёлидан ўтказди. – Одамнинг ўлчами билан бирга дилини ҳам топади. Болаларига бош бўлиб юрсин илойим”.

* * *

Шу бугун амаллаб кунни кечкиртирди. Ўзининг қилган ишларидан ҳавасланди. Туни билан мижжа қоқмай чиқди. Эртанги дийдорни ўйлади. Ўғлининг олдида кўз ёши қилмайман, деб ўзига ўзи сўз берди. Яна ким билади. Эплай олармикин буни. Ярим тунда қаттиқ шамол турди. Дарахтларнинг шохлари синиб кетгудек бўлиб тебранди. Ўчоқ бошида идиш-товоқларнинг жаранги эшитилди. Ташқарида кимдир юрганга ўхшади. Чиқиб қарашга қўрқди. Тарақа-туруқ тинмади. Ёлғизнинг ёри худо, деб дадил бориб эшикни тирқишидан қаради. Ҳеч ким кўринмади. Аввалдан тайёрлаб қўйган бешликни қўлига олиб, ташқарига чиқди.
– Ким у!? – деди қалтироқ овозда. – Ўғримисан? Сенга нима керак? Бор бисотим ўлимлигим холос менинг. Шундан бошқа ҳеч вақоим йўқ. Қорнинг оч бўлса…
Кампирнинг ёдига нимадир тушиб, шошиб қолди. Қўрқувдан асар ҳам қолмаганди. Эси қурсин бугун бозордан олган бир парча этини қозон бошига қўйган эди-ку! Жон жаҳди билан олдинга ташланганди, ўчоқ ортидан бир қора ит югургилаб – девор оша қўшнининг ҳовлисига ўтиб кетди.
– Туф-туф. Юрагимни чиқараёзди-я, – деди пичирлаб. – Хайрият тегинмапти.
Ит пастдаги кул тоғорани искаб, йиқитворган экан тўғрилаб қўйди. Гўштни олиб, илмоққа илди. Эртага ўғлининг келишига қулинг ўргилсин қовурма ош қилади. Раҳматли эри шунақасини яхши кўрарди.

* * *

Эрта тонгдан қўшни хотинлар хабар олгани киришди. Анчагача у ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтиришди. Ўғлини мақташди. Сийрати раҳматли отасига тортганлигини айтиб – ялтоқланишди. Бири қўйиб, бири тоза оғзини кўпиртиришди. Кампир бу гапларнинг бариси таскин учун эканлигини жуда яхши биларди. Уларнинг мақтовлари юрагига игнадек санчилаётганлигини қўшнилари тушунишмасди… Ёки атай қилишаётганга ўхшарди назарида. Шартта туриб қувиб солгиси келди. Айниқса Сайёранинг гапи ёқинқирамади. Нима эмиш, ўғлини ўзи куёв қилмоқчи бўлганмиш. Ордона қолсин-а. Унинг гапларидан қошлари чимирилди. Энди безовталана бошлаганди, қўшнилар туришди. Турсиной қора ўғлига нимча тикиб чиқибди.
– Озодбек бизнинг ҳам ўғлимиз, – деди у. – Бу ерни совуғи билдирмай белдан уради. Келганда кийиб олсин.
– Мен ҳам дўппи тиккандим. Озодингизга насиб қилибди. Ҳар қалай яланг бош юрса бўлмас. Қишлоқ жой. Униси-буниси гапиришмасин тағин, – деди рўпара қўшниси Сайёра ҳам.
Одамнинг юзи исссиқ-да.
– Барака топинглар, барака топинглар! – деди иложсиз кузата туриб, тил учида.
Улар чиқиб кетишди. Яна ёлғиз қолди. Куни билан ғимирлаб дунёнинг ишини қилди. Пешин бўлдиямки ўғли келмади. Ошнинг масаллиқларини тўрғаштириб, тайёрлаб қўйди. Кутди. Ўтириб узоқ гуручнинг тошини териб, овунди. Уст бошларини алмаштириб, янги тикдирган кўйлагини кийиб олди. Пича пардоз-андоз қилган бўлди. Ойнага қараб ўкинди. Ажинлар ўргимчак тўридек томир ёйипти. Ҳаммаси вақт қурғурнинг найранги. Кутмаганинг – кўзингга кўринади. “Энди буёғига ёшарармидим” дея ўзига далда берди. Ўғлидан бўлса ҳамон дарак йўқ эди. Тиқ этса дарбозахонага кўз югуртирди. Кўнглига қил сиғмасди. Кечга яқин ўчоққа ўтин қалаб, олов ёқди. Ёғни доғлаб, ошнинг зирвогини қилди. Кўнглидан ҳар не ўйлар кечди. Йўли бехатар бўлсин, деб қайта-қайта Яратгандан сўради. Бироқ… остона босиб бирон кимса кириб келмади уйига. Яна қоронғу туша бошлади. Ҳовлига одатдагидек ёлғиз сукунат бостириб кирди. Ҳар кундаги каби унинг ҳукмронлиги бошланди. Худди тушунгандек қурбақалар ҳам сайрашмади. Чигирткалар чириллашмадиям. Ҳақиқий сукунат эди. Уни бузишга бирон жонзотнинг ҳадди сиғмасди. Бу оғзини ланг очиб, одамни ютворишга шай турган аждарҳога ўхшарди. Фақат кутарди, пайт пойларди, холос.
Лекин у эртакдагидек ҳеч қачон келмасди.

* * *

…Бу сукунатни онанинг ноласигина бузишга қодир эди. Шундай ҳам бўлди. Қумри хола тун ярмигача ўғлини кутиб ўтирди. Умидини узмади. Охири она қўлларининг зарбини соғинган, девор илгагида чанг босиб ётган чилдирма жонланди. У ошни пишириб, човгумнинг сувини биқирлатиб қайнатаётган, ўчоғ оғзидаги ўчиб бораётган чўғда обдон қизиди. Терилари таранглашган чоғ, Қумри холанинг юраги олдига борди ва чапандозча* товуш берди: бак бум, бум бак бум…
Чилдирма садолари онанинг эзилган юрагига малҳам бўла бошлади. Анчагача шу тахлит товуш такрорланиб турди. Сўнг дилдаги қийноқ тилга қайнаб чиқа бошлади. Улар ҳазин нолалар орқали сўзга айланди. Қумри хола дард билан куйлай бошлади. Қўшнилар тиқ этса йўқловга киришмоқчи эди. Охири кута-кута уйқуга кетишганди. Чилдирма садоларини эшитиб ҳаммалари уйғонишди. Қумри холанинг гап-гаштакларда ялла қилиб туришини билишарди. Бошқа пайт қўлига чилдирма ушламасди ҳам.
Бу тун ҳеч ким мижжа қоқмади. Онанинг овози тонгга қадар тинмади. Қўшниларнинг эса биронтасини туриб чиқишга юраги бетламади. Қумри холанинг нолаларига қулоқ тутиб ётаверишди. Лекин қўшиқ сўзларини англаб олиш маҳол эди. Ора-орадагина “Болам-а…”, “Келмадинг-ку!”, “Кутаа…аман” деган дардли сўзлар аниқ эшитиларди, холос.
Турсиной қора қоронғида пайпасланиб, ун қорадиган сурпанинг орасидан узун ўқловни топди. Пишиллаб ухлаб ётган ўғлини устига бостириб кириб:
– Сен ер юткурга қачон ақл киради! Одамларни тинчини бузган ҳайвоннинг қорни ёрилса бўлмасмиди, – дея савалаб кетди. Турсиной қоранинг важоҳати ёмон эди. Ўғли уйқусираб калтак зарбини ҳам сезмади. Вазиятга тушунмай:
– Нима қилдим, – деб илтижо қилди.
– Бировнинг боласини учратмай ҳар бало бўлгур! Мана шу кўрган кўзларинг оқиб тушсин сен итни, – деб яна сўкди.
Доира садолари авжига минди. Гап нимадалигига ақли бовар қилмай талмовсираб турган Турсиной қоранинг ўғли калтаклар зарбини эндигина англаганди. Чилдирма овози аниқроқ эшитила бошлади.
Бак бум…мм, бум бак бум…мм.
Ва ниҳоят Турсиной қоранинг ўғли ўзи сабаб бўлган айбини тушунгандек бўлди. Тунов кунги хабари Қумри холанинг уйига хурсандчилик эмас, мотам олиб келганди.

* * *

Бу куниси ҳамма ўзи билан овора бўлди. Ҳатто бир-бирларидан “Нима гап?”, деб сўрашга ботинишолмади. Қумри холаникига чиқишга бўлса, ҳеч кимнинг юраги дов бермасди. Пешинга яқин Турсиной қора бир коса мастава қуйиб, хабар олгани ўғлини киритди. “Ён қўшни – жон қўшни-да барибир. Бир гап бўлса югургилаб чиқиб келади. Яна иссиқлик ҳам кўтариб киришади”, деб хаёлидан ўтказди Қумри хола.
– Бироз мазам қочди, – деди кўзлари мўлтиллаб косага қўл узатаркан.
– Яхши бўп кетасиз. Шуни иссиғида ичиб оларкансиз, – деди қўшни бола ҳам ерда пардаси ёрилиб ётган чилдирмага кўз тикиб.
– Қўлимдан тушиб кетди.
Қумри хола шошқатор қуйилиб келаётган кўз ёшларини енгининг учига артди.
– Қовурғаси бутун, тузатса бўлади. Уста Умар бирпасда зўр қилиб юрак парда қоплаб беради, – деди қўшни бола ҳам айбдорларча кўзларини яшириб.
– Менга кўпам ачинма, – деди Қумри хола хаста тувушда.
Бу гап боланинг қулоқларига “Ҳамма ёлғонларингни биламан”, дегандек эшитилиб кетди. У ҳар шаҳардан қайтганда Қумри хола ўғлини сўрарди. Кўрган-кўрмаганини суриштирарди. Ўқишга қайтар маҳали қўярда-қўймай у-бу егуликлар бериб юборарди. “Учратиб қолсанг бирга ерсизлар”, дерди. Қанийди шундай бўлса-ю, у ҳам кампирнинг мунгли қарашларидан қутулса. Охири шу ёлғонни тўқишга мажбур бўлди. Зора ёлғони ростга айланса, деб ўйлаганди. Қаёқда. Ҳаммаси чаппасига кетди. Энди умуман алдамайди. Бўйнига қилич келса ҳам бу ишни қилмайди.
– Сендан бир ўтинчим бор, – деди Қумри хола суюқ ошни ичаркан. Айтмоқчи бўлган гапини йўқотиб қўйдими, бироз каловланди. Сўнг:
– Дийдор қиёматга қолса, Озоджонимга отаси билан мени қаерда ётганимни кўрсат. Ундан рози бўлганимизни ҳам айт. Одамларнинг гапларига ишонмасин, – деди.
Энди Қумри хола умидини бутунлай узган эди. Тўғрида. Кута-кута кўзлари тўрт бўлди-ку. Аслидаю эр-хотин икков озод юрсин деб ўзлари исм қўйишганди. Ўшанда эркинлик пардасидан кафан бичишганини қаёқдан билишибди. Бу ёғига худо пошшо. Пешонасига битилгани шу экан. Азалда не ёзилган бўлса ҳаётда ўшани кўрди. Тақдирга тан бермай иложи йўқ.
Турсиной қоранинг ўғли атрофга аланг-жаланг боқди. Туриб чиқиб кетишга важ қидирарди.
– Ҳой Аҳмад. Ҳа жувонмарг-а! Бунча қолиб кетдинг мўлтонига ўхшаб, – деб чақирди онаси.
У баҳона топилганидан қувониб кетди. Тура солиб ўзини кўчага урди. Йўлда: “Одамлар! Мен онамни яхши кўраман”, деди пичирлаб.
Бошқа гап юракка сиғмасди. Уч кун шу тахлит ўтди. Қўни-қўшнилар бири қўйиб, бири хабар олиб туришди. Боласини кутиб дамланган ош қозонда ачиди. Унинг ҳузурини қўшнисининг кўппаги кўрди.
Қумри хола кутишни унутиб энди оёққа турганда беш яшар болани етаклаб ўғли кириб келди. Неварасини кўриб меҳри жўшиб кетди. Ҳа-ҳа. Эндигина сўниб бораётган умид учқунлари қайтатдан аланга олди. Яна оналик меҳри уйғонди. Ахир жигарининг жигариям жигари-ку!.. Она набирасини қучиб эркалади. Шу пайт дарвозахонада ёшгина бир аёл кўринди. Неварасининг унга қараб талпинганидан келини эканлигини билди. Жигаргўшасини бағридан юлиб олган бу жувонни ич-ичидан ёмон кўриб юрарди. Лекин ўзи ўйлагандек эмас экан. Қанақадир кўзлари кулиб, одамни эритворарди. Беихтиёр ўғлига қаради. Юзларидан самимият барқ уриб турарди. Калласига келган, руҳини тинчлантирган ёмон ўйларни эслаб ўзини ич-ичидан койиди. Нима қилсин!?.. Ахир Яратгандан шу дийдорни сўрамаганмиди?..

2013-2014 йил апрель
____________
* доира усули