Бахтиёр Нуриддинов. Эгасиз уй (ҳикоя)

Ҳали хўроз қанот қоқишга улгурмасдан Эргаш отани уйқуси қочди. Саҳарда туриб маҳалла кўчаларини айланиб чиқадиган одати бор эди. Ўзиям озодаликни яхши кўради. Атрофда гард кўрса, таъби хира бўлади. Тонг саҳар демасдан одамга танбеҳ беради. Ҳамма унинг одатини билгани учун кўчаларни, ўзлари яшайдиган уй олдиларини ойнадек қилиб қўяди. Лекин бугун унгамас, туни билан дўсти Турдибекнинг қаровсиз қолган уйини ўйлаб кўнгли бузилди. Ҳеч кимга билдирмай кўчага чиқди. Субҳидам шамоли этини жунжиктириб юборди. Чакмонига маҳкамроқ ўрана туриб атрофга разм солди: қоронғуда тирикчилик ташвишида бозорга отланаётган одамларнинг шарпалари элас-элас кўринарди. Чеккатошлоқ — катта қишлоқ. Бу ернинг косиби ҳам; тақачи, темирчиси ҳам; деҳқон, боғбони ҳам; чўпон, чўриғи ҳам; агар ёлғон бўлмаса дунёдаги барча касби кор эгаси ўзида бор. Тирикчилиги бўлса… бозор.
Бу қишлоқда ҳар қанақа муаммо оқсоқол билан ҳал қилинади. Уни гапини икки қиладиган одамнинг ўзи йўқ. Сўзи сўз, гапи гап.

***

Эргаш ота бир кам етмишга бориб қолган бўлса ҳам ҳали дадил. Шашти анча-мунча қирчиллама йигитлардан баланд. Тоғни толқон қиламан деган билаги, отни ҳуркитадиган савлати бор. Шошма-шошарликни ёмон кўради. Ҳар қандай муаммони пухта ўйлаб, кейин ечади. Ўзи ўта баъмани, очиқкўнгил. Унинг тўпориларча суҳбатларида бўлган одам, қўпол сўкиш-сўкинишларига қарамай яна бир гаплашишга ошиқарди. Одамзотнинг табиати ўзи шунақа. Ёввойи феъл-атворли кишиларни хушлайди-ю, мулойимларини ёқтирмайди.
Ўтган йили қишда қишлоқ катталари қўярда-қўймай уни номзодини оқсоқолликка кўрсатишди-ю, ташвиши ошди. Аввалига кўнмади.
—    Сени ҳамма ҳурмат қилади. Каттаю кичик гапингга киради. Жуда бўлмаса ёнингга бир-икки полвонлардан оларсан, — дейишди.
Кейин ўйлаб кўрса, салкам етмиш йил умри мана шу жойда, мана шу одамлар билан ўтибди. Уларга бош бўлиб, бир кунига яраса нима?.. Бу ҳам бир юмуш, кексалик завқи-ку, деб ўйлади. Шуларни кўзлаб рози бўлди. Каттани кичик, кичикни катта билиб муомала қила бошлади.
Шу-шу ҳаёти Чеккатошлоқ одамларининг туриш-турмуши билан. Элнинг яхши-ёмон куни: тўй-тўркини, маракасида… Э-ээ, нимасини айтсин бу ташвишларни.

***

Шом намози ўқилгандан сўнг қишлоқнинг бари катталари оқсоқолнинг олдига кенгашга келишди.
— Бир йилдан бери дурадгор Турдибекнинг уйи кимсасиз. Кундан кунга нураб боряпти. Ҳовлиси ҳам қаровсиз. Фарзандларидан бири шаҳардан келиб ўтирар, деб ўйлагандик. Бироқ Турдибекни маракаларидан кейин уларнинг биронтасидан дарак йўқ. Уйи эса тўкилиб, бир аҳволга тушиб қолган. Унинг устига яна ҳовли саҳнига қараб бўлмайди, — деди Шукур ота.
— Кечаси у ерда нималар бўлмайди, дейсан. Ҳа энди, эгасиз бўлгандан кейин шу эканда. – Шундай деб жаҳл билан ўрнидан турди Жаҳонгир.
— Тўппа-тўғри. Шаҳардан дам олгани келганики, ўша ерда қўним топяпти, шуни биласанми Эргаш?.. – деди Назир ота. – Мана, мен ўз кўзларим билан кўрдим. Раҳматли Турдибекнинг кампири Қумри ҳам озода, саранжом-саришта аёл эди. Ҳозир гўрида тикка турган бўлса керак.
Эргаш ота чиройли қилиб қиртишланган соқолини секин ўнг қўли билан силаб қўйди. У асабийлашган вақтларда, ҳеч нима демасди-ю, доим шундай қиларди. Буни қишлоқ аҳли яхши билишарди.
—    Нима тадбирни жоиз биласизлар? – сўради Эргаш ота ўсмоқчилаб вазмин оҳангда.
—    Трудибекнинг уйига бирон кимсани жойласак. Оиласи билан у ерни обод қилиб ўтирса, — деди Шукур ота. Бу гап ҳаммага маъқул келди.
Шундай қилинса, анави бебошликларга ҳам чек қўйиларди. Лекин кимни!?..
—    Мана Ботирнинг ҳам ҳали уй-жойи йўқ. Тўрт хўжалик бир эшикда. У салкам қишлоқни фахрига айланди. Турдибекни боллари келса келар, келмаса бир гап бўлар! – деди Назир ота ҳам.
Шукурнинг гапида жон бор, ўйларди у. Охирги вақтларда қишлоқ нотинч бўлиб қолди. Жаҳонгир билан Назир бобо ҳам тўғри айтади.
Негаки, болалар улғайишяпти. Турган гапки, бунақа ишлар уларнинг тарбиясини бузади. Шундан кейин эртага улардан нима кутиш мумкин. Турдибекнинг болаларидек ўқиш баҳонасида бир қизни этагидан тутиб, шаҳарга кетади-қолади. Ана ундан кейин мана шунақа аҳвол-да. Шу сабаб бу ғавғоларнинг бугуноқ олдини олиш керак. Кейин кеч бўлади. Кенгашнинг қарори тўғри. Агар Ботир полвонни у ерга жойлашса, анча-мунча одам яқинлаша олмасди ҳам.
— Шу бугуноқ ҳаммасига чек қўйиш керак, — деди Эргаш ота қатъий. Унинг овозида қандайдир ғазаб аралаш титроқ бор эди. Ҳамма бош чайқаб, унинг фикрини қўллади.
— Сизлар бораверинглар, — деди бироздан кейин. – Бу ишни ўзим ҳал қиламан. Тўдалашиб борсак маҳалла-кўй, қўни-қўшниларнинг ҳаловати бузилади. Ваҳимага тушиб юришмасин тағин.

***

Турдибекнинг ҳовлиси Қорадарё яқинида — жуда баҳаво, сўлим жойда жойлашган эди. Дарёнинг нариги томонидан Бўртоғнинг гўзал манзараси кўриниб турарди. Айниқса, ёзнинг жазирамасида у ёқдаги ям-яшил гўзаллик кишини диққатини тортарди.
Эргаш отага ҳовли болалигидан таниш. Энг зариф хотиралари яшайди бу жойда. Унга жуда қадрдон бўлиб қолган. Бир зум Турдибек билан ўтган болалик кезларини хаёлидан ўтказди. Ҳа-ҳа. Кечагидек эсида бир бурда нонни иккалови бўлашиб ейишгани. Унинг отаси каппондаги Боқи нонвойдан зоғора нон олиб келиб уларга бир тўғрам берганди. Жудаям мазали эди. Бунақа таъмни шу ёшга кириб ҳали туйганича йўқ. Қандай тотли эди…
Эргаш ота мана шундай хаёллар оғушида дўсти Турдибекнинг ҳовлиси яқинига келиб қолганини англамай ҳам қолди. Ростданам ичкаридан ғовур-ғувур овозлар эшитилиб турарди. Гоҳ аёл киши, гоҳ эркак киши бири-бирига гап бермай баҳслашишарди. Эргаш ота бироз дарвоза ёнида иккиланиб туриб қолди. У на ичкарига киришини, на орқага қайтишини биларди. Истиҳола қилди: «Қандай бўларкан-а?.. Ҳар қалай одамлар ҳордиқ чиқаришяпти. Улар қаёқдан билсин ахир бу Турдибек раҳматлининг уйи эканлигини. Тинчини бузиш яхшимас-ов».
—    Ассалому алайкум.
Эргаш ота ёш болакайнинг жарангдор овозидан сал бўлмаса чўчиб, йиқилиб тушишига оз қолди.
—    Ваалайкум ассалом, — деди Эргаш ота боланинг ўктам овози келган тарафга ярқ этиб қараб. Унинг ортида етти-саккиз ёшлар чамасидаги болакай «Қани йўлдан қочинг-чи!» дегандек қўлидаги халтани маҳкам ушлаб турарди. Эргаш ота унга каловланиб, анграйиб қолди.
—    Эшикни очворинг, тоға, — деди болакай беғубор товушда.
—    Хўп бўлади. Мана, ҳозир, — деди-ю Эргаш ота ўйланиб қолди. Ортига
бурилиб ажабланиб сўради – Бу ёқда нима қиласан?..
—    Мановни олиб кириб бермоқчийдим.
—    Бунинг нима?
—    Ортиқ амакимнинг дўконидан олдим, — деди бола ва айтгиси келмай қўлидаги шароб идишларига сирли қараб қўйди.
—    Хоҳласанг мен олиб кириб бераман, — деди Эргаш ота болага.
—    Майли, — деди бола ҳам иккиланиб ўтирмай. Сўнг югуриб кета туриб:
— Фақат сартарош амакимга беринг! — деди буйруқ оҳангида.
—    Хўп-хўп, — деди Эргаш ота мийиғида кулиб болага, ичкарига киришга баҳона топилганидан миннатдорларча.

***

Ичкарида маишат авжида эди. Пиёлаларнинг жаранг-журинги-ю, косадаги ошиқларнинг шарақ-шуриғида Эргаш отанинг томоқ қирганини ҳеч ким эшитмадиям. Шунда оқсоқол халтадаги сабил қолгурдан бирини олиб зарб билан ерга урди. Идиш чилпарчин бўлди. Базми жамшиддагиларнинг барчаси бундан ҳушёр тортди. Ахир ким уларнинг ҳаловатига таҳдид қилиши мумкин?
—    Содиқ, дўконга юборган боланг шуми-а?.. – деди бир чеккада ёнбошлаб,
Ҳузур қилаётган қориндор киши иржайиб.
—    Ие-ие, Эргаш ота! Ўзизми?.. – ўрнидан турди Содиқ сартарош гандираклаб. У маст эди. – Қандай шамоллар учирди. Ўзи сизни ҳам чақиртирмоқчи бўлиб тургандик. Келинг, келинг! Марҳамат!
У югуриб келиб оқсоқолнинг қўлидаги халтага қўл чўзди. Эргаш ота уни бошқа қўлига олди. Содиқ ҳайрон бўлди. Эргаш отанинг кўзи Ботир полвонга тушди. Уни кўп маротаба катта курашларда ўзи қўлини кўкка кўтариб элдан дуо олиб берганди. Арслон полвонни енгганига ҳам ҳали ҳеч қанча бўлмаганди. Қолаверса, бугунги кенгашда ҳам қишлоқ кексалари у ҳақида жон куйдиришганди. Агар Ботирнинг бу ишини улар билишса борми…
—    Ие, сен бу ерда нима қиляпсан?! – деб юборди беихтиёр Эргаш ота.
—    Бола тушмагур сизни овора қилибди-да, устоз! Ёш бола-да. Нима дейсиз энди, – деди Ботир полвон ўрнидан туриб. – Унга яхшигина ҳақ тўлагандим, хизматига яраша.
Унинг бетамизларча иршайиши Эргаш отанинг ғазабини қўзғади.
— Полвонлик юкини кўтаролмабсан-да, Ботир? Уят-э. Ҳамма сендек кучли бўлишни хоҳлайди. Турқингга қара, масхарабозни ўзи бўпсан, — деди секин.
Вазиятнинг бундай кескин тус олишини хаёлига ҳам келтирмаган полвон серрайиб жойида қотиб қолди.
—    Нега анграясан? – деди Эргаш ота ўзига қараб турган Содиқ сартарошга.
Содиқ турган жойида пастга қаради.
— Ҳа энди, оқсоқол, бизам одаммиз. Озгина дам олгимиз келди, — деди ер чизиб.
— Садқаи одам кет, — деди Эргаш ота қўлидаги қолган шишаларни ҳам ерга ташлаб юбориб.
— Сен кимсан? – деди ниҳоят уларнинг суҳбатига индамй турган қориндор, кўзлари сархушликдан қизариб кетган одам. Ёнида ўтирган таъвиянинг олдида ўзини шеър қилиб кўрсатаркан яна сўради: – Бизнинг кимлигимизни биласанми?
— Турқ-атворингдан ҳайвонга ўхшайсан, — деди Эргаш ота қўпол овозда қатъий.
— Нима дединг, — дея у дабдурустдан қария томонга отилди. Эргаш ота чапдастлик билан ўзини четга олди. Лекин у кескин ҳаракатидан ўзини ўнглай олмай қолиб чалқанчасига йиқилди. Йиқилиш асносида эса унинг боши стол қиррасига зарб билан урилди.  Бемажол ҳолда ағанаган қишлоқ оқсоқолини Ботир полвон тезкорлик билан кўтардию:
— Кечиринг устоз, — деди маҳзун овозда.
— Уятсиз. Умр бўйи топган шаънингни бир лаҳзалик айшга алмашдингми, нодон?!.. – дея пичирлади оқсоқол ўткир нигоҳларини унга қадаб. – Ҳайф сенга полвонлик. Ҳ..ҳ.ҳа… йф…
Унинг охирги сўзларини Ботир полвон аранг эшитди.
—    Йўқ!.. – деганча ўкириб юборди у Эргаш отани қучоқлаб.
Энди кеч бўлганди. Унинг кучли қўллари устозининг жонсиз жасадини кўтариб турарди. У тезда ўзини йиғиб олди. Бу ёғига фойдаси йўқ эди. Ўзи қаёқданам келди шу уйга-я. У жасадни аста ерга қўйиб жағларини ушлади ва секин пичирлаб калима келтира бошлади. Унинг кўзларидан ёш сизарди. Қулоқлари остида эса қайта-қайта Эргаш отанинг «Ҳайф сенга полвонлик. Ҳ..ҳ.ҳа… йф…» деган охирги сўзлари унга лаънатдек такрорланаверарди.

«Садо» газетасининг 2013 йил 7 ноябр сонидан олинди.