Ахтамқул Карим. Тоғларга дил берган девона (ҳикоя)

Тоғларнинг бошини қора булутлар ўради…
Ҳаял ўтмай қулоқни қоматга келтириб, гўё тоғдаги тошлар кўчиб тушаётгандек момақалдироқ гулдиради. Дафъатан чақнаган чақмоқ шамшири булутлар бағрини тилкалади. Гоҳида эса чақмоқ липиллабгина қолар, худди тоғларга ўғри оралагану, кимдир уни фонус ёқиб қидираётганга ўхшарди. Девонанинг хаёлини тоғлар ўғирлади…
Ўзи жуда ғалати одам. Шотирўдликлар унинг беўхшов хатти-ҳаракатларини билгани учун ҳам «девона», деб аташарди. Булутларни ҳайдаб юрган шамоллар тоғларда янги униб чиққан каврак исини қишлоққа ёйди. Буни элдан бурун унинг димоғи туйди, туйган сари кайфияти кўтарилди.
— Бай-бай-бай! Қудратингдан айланай Худойим, тоғларга яна кўклам келди… —  дея ҳаяжонини ошкор этди.
Гўё баҳор келганидан қишлоқ аҳли бехабар қолгандек, у ҳаммадан суюнчи олмоқчидек кўчаларда югуриб кўнглини ёрди.
Одамлар аллақачон ҳаммасидан хабардор бўлсалар-да, унинг кўнгли учун ҳайратланишди. Эртаси у ҳеч кимга билдирмайгина қишлоқдан ғойиб бўлди. Буни эшитган қишлоқдошлари ҳам кўч-кўчга тушди. Қишнинг узун тунлари уларни зериктирганди.
— Девона билади, —  деди Бозор Қодир ишонч билан. —Унинг ҳисоб-китоби бор…
Мана шу бир оғиз сўз ҳамма учун кифоя, «Девона билади». Тоғликлар орасида эрта баҳордан тоғларга чиқиб, гоҳо кеч кузгача кўринмай юрадиган кишилар бор. Улар тинимсиз боғ барпо этишади. Бундай ташвишлардан фақатгина бир одам холи, ў ҳам бўлса девона…
У кун бўйи қир-адирларда ёлғиз изғиб юради, нима учун юрганини балки ўзи ҳам билмайди. Саксонни қоралаб қолган қариянинг афт-ангори, кийим-бошига қараган киши бу жулдур одамдан ҳайратланиши аниқ. Эгнида эски чакмон, бошида йиллар офтобидан ранги униққан салла, оёқларида юравериб адойи тамом бўлган икки тус пояфзал. Турган-туриши-ю, юрган-юриши ғалати бу одамни тоғда учратган киши борки, унга ачинади. Белига заранг дастали болтачани қистириб, тоғларга чиққанда бир зайл шох кесиб, ўзи юрган изларга тортиб юради. Бир йўла қолдирган изларини супуриб кетаверади. Гўё дунёдан изсиз ўтмоқчидек. Унинг бу ишини ҳеч ким тушунмайди…
Бу дарага жуда кўп одамлар келиб кетишган, лекин бунақасини ҳеч ким кўрмаган эмиш…
Минг йиллар берисида тоғларни макон этган шотирўдликлар баланд тоғлар бағрида ҳаёт кечиради. Бунга азим ёнғоқзорлар гувоҳ. Қишлоқ аҳли қадимдан бир сўзли, кенг феъл ва жасур, қанча заҳмат бўлса кўтаради. Шундай баланд тоғнинг ғурури осмон одамлари қилдек ноҳақликка чидай олмайди. Негадир девонанинг ғалати қилиқларини гоҳида англамай қоладилар. Тоғликлар эчкини шайтон де­йишади. Бу бежиз эмас. Шайтон бўлмаса беҳисоб кенгликлар қолиб, девонанинг сурувидан ажраган беш эчки бора-бора одам оёғи етмайдиган тоғнинг қати1га тушиб қолармиди. Бундан хабар топган девона қатга тушиб, эчкиларни олиб чиқишга кўп уринди, аммо эплай олмади. Эчкилар гўё ўз оёғи билан тузоққа тушганди.
Сўнг у иложсиз қолиб, қишлоқ оралаб, биттагина бўзбола беринглар, дея одамлардан ёлворганча ёрдам сўради.
Ким ҳам бешта тирриқ эчки учун жонини гаровга қўярди. Қишлоқ аҳли эчкидан умидингни узавер дегандек, унинг илтижоларига лоқайд қарашди. Гапнинг индаллосини Қосим мерган айтди:
— Ота, бунинг осон йўли, —  деди мерган кўзлари чақнаб, — беш дона ўқ, пақ этиб отамиз, олам гулистон, ҳамманинг оғзи мой…
Қосим мерганнинг гапидан девона сесканди. Назарида бу одам, ҳозир эчкиларга қўшиб ўзининг омонатини ҳам олишга тайёрдек туюлди. Бадани увишиб кетди.
—  Йўқ… Йўқ… —  деди овози титраб, —  чиқса ўзлари чиқар, чиқмаса ўша ерда ўлиб кетсин, жонлини жонсиз қилиш гуноҳ…
У қишлоқдошларидан умидини узди. Айниқса, Қосим мергандан қаттиқ ранжиди. Уч боғ хашакни елкасига олиб, қатда ётган эчкилар бошига борди. Сўнгги пайтларда у анча толиққан, тоғлар кун сайин куч-қувватини тортиб олаётгандек эди. Қирга олиб чиққан хашаги кўзлаган жойга тушмай, ҳар ёққа сочилиб кетарди. Тадбирдан муроди ҳосил бўлмаслигига ақли етгач, тушкун кайфиятда изига қайтди. Оёқлари унга бўйсунмасди. Гарчи бир сурувдан зиёд моли бўлса-да, мол сўйганини ҳали биров кўрмаган. Бу телба чол жон талвасасида ётган қўй-эчкилари тепасида мункайиб кунни ўтказгани, жониворнинг бўйнига пичоқ тортишни хаёлига ҳам келтирмагани кўпларни ажаблантирган. Одамлар шу боис уни «нон емас»га чиқаришган.
Тоғ бошида саҳар мардонда пайдо бўлган ғажирларнинг беўхшов хатти-ҳаракати девонанинг кўнглига таҳлика солди. Қатда ётган эчкиларнинг вақт-соати тугаганини сезган бу ўлаксахўр қушлар панжаларини ёзиб чарх уришар, гўё улоққа тушган чавандозлардай пайт пойлашарди. Ғажирлар тўй қилишди.
Девона йиртқич қушларнинг қийқириқларини, ўлжани юлқилаб-юлқилаб узиб талашишларини узоқдан ғамгин кузатиб ўтирди. Ичидан нимадир узилиб кетгандек бўлди. Қўлларини совуқ сувга ювиб, этагига артди. Одамдан омад юз ўгирса ёмон экан. Бир пайтлар отини айтиб чақирса югуриб келадиган эчкилари, бугун соғиш учун келтирган хумни кўрса шаталоқ отиб қочгани-қочган… Аёлининг дун­ё­дан ўтганига кўп йиллар бўлди. Лекин танҳолик унинг қаддини буколмади.
— Хотин зоти мўрт келади, — дейди баъзан бу ҳақда сўраганларга. У қолган гапни айтмаса ҳам қишлоқдагиларга унинг ҳикояси ёд бўлиб кетган…
Девона эрта тонгда туриб қирга чиқди. Унинг қирга чиқиб бораётганини Тошбиби кампир кўрди. Белида ҳануз ўша болтача, афтидан ухлаганида ҳам болтачасини белидан олмайди. Таниш қоялар, беш бармоғидек ёд бўлиб кетган йўл. Бу йўлларда ҳеч ким унингдек кўп юрмаган. Биров «Девонанинг деви бор деса», яна биров «Тоғларда яширган хазинаси бор» дейди. Тоғлардан ўзга дўст топмаган қария совуқ тошларга кўнгил берди. Тоғлар билан овунди. Юрагини чўққиларга ёрди ва шу кетишида Пир­ях чўққисининг этагига етиб борди. Девона бу чўққига чиқиб минг йиллардан бери ястаниб ётган музларга кўз тикиб, Оллоҳнинг мўъжизасидан ҳайратланарди. Қизиқ, бу музликларнинг эриганини биров кўрмаган. Девона музликлардан бир нималарни ўрганмоқчи бўлади. Унинг болалиги шу қирларда кечган. Ҳаммасига омонат сабаб, қаёқдан ҳам уни бўйнига олди-ю, шу куйга тушди. Тинч­лигини йўқотди. Қадрдон исмидан жудо бўлиб, «девона» номини орттирди. Девонадан эса Девона бобо даражасига кўтарилди. Гарч
и тақдирнинг аччиқ ҳазилларига кўникиб кетган бўлса ҳам, аммо нимадир умр бўйи юрак бағрини эзарди.
Одатда совуқ хабар ва миш-миш жуда тез тарқайди. Лекин унинг кутилмаганда ғойиб бўлганини ҳеч ким сезмади. Мана ўн кундирки, ҳувиллаб ётган кулбасида чироқ ёнмайди. Ниҳоят, тоғбеги одамларни йиғиб ўшқирди.
— Мол йўқотсак қидиришга тушамиз, одам йўқолибди, нега ҳамма жим!
Йиғилганлар бошини эгишди.
— Ўн кун ўтган бўлса, ё тоғдан учган ёки бирор жондорга йўлиққан, — деди Қосим мерган билағонлик қилиб.
— Барибир, қидириб кўриш керак-да… Тириги бўлмаса ўлиги топилар, нима деган одам бўламиз?! — ўдағайлади тоғбеги.
Тоғбегининг даъвати қишлоқ аҳлини оёққа турғизди. Девонани қидиришга тушган гуруҳга Искандар мерган бош бўлди. Тоғ мерганлари ҳатто кийикларни ҳам изидан таъ­қиб қилиб, излаб топишади. Аммо ғойиб бўлган қарияни топиш осон кечмади. Чунки унинг излари йўқ. Тоғлар уни қучоғига яшириб қўйгандек унсиз турарди. Қидирувнинг учинчи куни Искандар мерганнинг дурбинида узоқдан бир қора кўринди. Солор чўққисининг тепасида Пирях тоғи билан юзма-юз турган томонида одам ётгани аниқланди. Бу ўша, деди мерган қувончини яширолмай. Дурбинда кўринган чўққи анча баланд ва тик эди. Арчазорларни оралаб бораётган Искандар мерган бундай чўққиларнинг кўпига чиққан, Жанггоҳ тоғида бир йўла учта айиқни тинчитгани учун мерган номини олганди. У чўққига биринчи бўлиб чиқиб борди. Дурбин панд бермабди. Девона топилди. Ёнида бир боғ шох, белида заранг дастали болтача, нурсиз сўник кўзларини Пирях тоғига тикиб ётган қариянинг аҳволи ботишга маҳкум қуёшни эслатарди. Ўн уч
кун ичида гўё ўн уч йилга кексайгандек эди. Искандар мерган шошиб белбоғидан нон билан сув солинган идишни олди. Меҳрдан Девонанинг кўзлари жиққа ёшга тўлди. Қишлоқдошлари уни ёш боладек елкалаб қишлоққа тушишди. Тўкилиб қолган тош кулбаси бунёд бўлиб бунча одамни кўрмаганди. Ҳол сўрашга келмаган одам қолмади. Қария ёлғиз эмаслигини билди. Аммо дарди кундан-кун оғирлашиб, аллақандай киши билмас оғриқ уни ич-ичидан адо қиларди. У чор атрофга олазарак тикилиб, ниманидир қидираётганга ўхшарди. Атрофдагилар унинг охирги нафасда айтадиган сўзига интиқ туришарди. Негаки, у қишлоқдошлари учун аллақачон «сирли» одамга айланган эди. Ниҳоят, у кутган одам келди. Қишлоқда катта-ю кичик бирдай ҳурмат қиладиган нуроний Амир оқсоқолдан у бир неча бор танбеҳ эшитганди. Оқсоқол қишлоқ аҳлини ҳар доим ҳаром-ҳалолни ажратишга даъват қилар, бировнинг молидан ҳазар қилишни бот-бот уқтирарди. Аммо бу сўзлар ҳаммага бирдай ёқмаслигини ўзи ҳам сезиб турса-да, насиҳат қилис
ҳ оқсоқол учун одатга айланиб қолганди. Девона кўзларини катта-катта очди. Гўё уйқудан уйғонган кишидек Амир оқсоқолга ўйчан тикилди, юзи ёришди. Оқсоқол Худодан беморга шифо тилаб, кафтларини юзига тортди. Атрофдагиларга кўз югуртириб, девонага юзланди. Умрини қирларда ўтказган бу мажнунваш чолнинг сарғайиб кетган юзи кузда дарахтлар шохини тарк этишга шай турган заъфарон япроқларни эслатарди. Тинимсиз елиб-югурган кишининг муштдеккина бўлиб қолгани, нафас олишга қийналиб ётгани ўтирганлар раҳмини келтирди.
— Ҳазратқул ака, соғлиғингиз яхшими?
Унинг болаликдаги қадрдон исмини ёлғиз мана шу оқсоқол эслаб қолганди. Исмини эшитиб девонанинг бадани жимирлаб кетди.
—  Худога шукр, тузукман, —  дея ғамгин пичирлади.
Амир оқсоқол ўтирганларнинг дилидагини уқиб олгандек сўз бошлади:
—  Қирларда юриш ёшларнинг иши, биз энди қаридик. Тўрт кунлик қолган умримизга беш вақт буюрганини бажариб ўтирсак, шу ҳам катта давлат. Ё тоғларда яширган хазинангиз борми? Қачон қарамай, қирма-қир изғийсиз. Одамзод ўз жонини ҳам ўйлаши керак-да! Оқсоқол тик гапирадиган одам, сўз мўлжалга аниқ тегди. Атрофдагилар сергакланди. Улар ҳам худди шу сўзларни айтишга қийналиб турганди. Девона жонланди.
— Муллазода, —  деди кўзларини пирпиратиб, —  сўзларингиз ҳақ. — Яратганнинг қарзларини адо этишдан улуғроқ амал йўқ. Одам боласи ўз нафсини тийиши керак. Эл бошидан қанча бало-қазолар кечди. Ўлат, уруш, очлик… Одамзод синов учун яралган экан. Узилган киприкнинг кўзга санчилиши ёмон. Хотиним қазо қилгач, ёлғиз ўзим шу ҳувиллаган ҳовлида қолдим. Қанотидан жудо бўлган қушнинг ҳолатини эсланг. Усиз ҳовли мени ўз комига тортарди. Тоғларга чиқдим. Дунёни баланддан кўргим келди. Пастда одамлар мени «телба» деб оёқ учида кўрсатишганда, тоғлар бошига кўтарди. Тўртта эчкимни олиб, қирма-қир юрганимда ғамларим ариди. Эҳ-ҳе, мен сўзламай, сизлар эшитманглар. Ҳаётнинг шафқатсиз синовларида чиниқдим. Бой ва муллоларни қулоқ қилган йиллари бир бадавлат одам бир тўп молини менга омонат қолдирганди. Юртга қайтиб келсам берасан, деб айтганди. Мен унинг қайтишини кутдим. Йилларни йилларга улаб кутдим. Эчки ажриқнинг уруғи экан, кўпайиб бораверди. Берган омонатларини кўпа
йтириб кутдим. Омонатга хиёнат қилмадим. Омонатбон бўлдим. Жулдур кийиб, девонага айландим. Одамлардан қўрқдим. Омонатни тоғларнинг тепасига олиб чиқдим. Тоғларга ишонса бўлади. Мен бой эмас, Омонатбонман. Омонат қолдирилган эчкиларни сўйиб ейишдан ҳазар қилдим. Охиратда ҳисоб беришдан қўрқдим. Одамлар эса менинг устимдан кулишди…
Уни эшитиб ўтирганларнинг қиёфаси ва юз-кўзларида ўзгариш юз берди. Девонанинг ич-ичига ботган кўзларидан шашқатор оқаётган ёш унинг сарғайган юзи ва соқолларини бетиним юварди. Амир оқсоқолдан тортиб ҳамма бирдай карахт бўлиб қолганди.
— Омонатни сақлаш кўп оғир экан, ҳаловатим йўқолди. Негаки у менга ишонганди. Ҳар куни Солор чўққисига чиқиб Пирях тоғи билан юзлашаман. Назаримда унинг бағридаги минг йиллик музлар ҳам омонатдай кўринади, —  дегач чолнинг овози ўзгарди. — Хўжа Пирях тоғининг куни менинг бошимга тушган деб ўйлардим. Унга омонат музлар, менга эса омонат хазина, бир-биридан совуқ. Бу ташвишдан тезроқ халос бўлишни қанчалар интизор бўлиб кутганимни билсангиз эди…
Унинг дардчил сўзлари ўтирганларнинг ҳайратини оширар, кўзлари олайиб, муштдеккина бўлиб ётган бу жулдур чол қишлоқ аҳлининг кўз ўнгида юксак қояга айланиб бораётгандек эди.
— Ҳаммасини тоғларга топширдим!.. Чолнинг овози хириллади.
— Мендан кейин яна бир девона пайдо бўлишини истамайман… Бу тоғларда ҳамияти баланд одамлар яшасин. Мен тоғлардан ғурур топдим. Бизни Худо мана шу тоғлардан айирмасин.
У юзини Хўжа Пирях тоғ томон бурди. Ҳамқишлоқларига яна нимадир демоқчи бўлди. Аммо лаблари беихтиёр илоҳий каломни шивирлади:
«Ашҳаду аллаилаҳа Иллаллоҳ ва ашҳаду анна Муҳаммадан ъабдуҳу ва Расулуҳ…» Унинг очиқ қолган кўзларига тоғларнинг акси кўчди. У гўё тоғларни ҳам кўзларида олиб кетганга ўхшарди…