Ахтамқул Карим. Сўнгги ўлжа (ҳикоя)

Кўк шу қадар тиниқ эдики, Эгамберди мерган наздида осмон чўққиларга михланиб қолгандек, йўқ-йўқ, чўққилар осмон бағрини тешиб киргандек туюлади. Ёлғизоёқ сўқмоқ бўйлаб дарадан ўтаётган овчи хаёлини ана шу ўйлар банд этганди. Ови бароридан келмаган мерганнинг кўнгли ғаш. Ғаш хаёллар уни денгизда адашган қайиқдек гоҳ у, гоҳ бу ёққа олиб қочарди. У кечгача оч бўридай қирма-қир изғиди. Ҳар бута ё арчани паналаб, атрофни кузатди, қулоғини динг қилиб, бирон овоз ё шарпани эшитишга уринди. Бари бефойда. Негадир биттаям кийикни учратмади. Илгари тўсатдан ўтлаб юрган кийикка кўзи тушиб қолар, ҳеч қурса шундоқ ёнгинасидан какликнинг пир этиб учганига дуч келарди. Энди бўлса…
Хуфтон кўнглига чироқ ёқса ҳам ёришгудек эмасди. Гўё тоғу дараларни кезган кийиклар овчининг исини сезиб, қаёққадир ғойиб бўлганди. Эгамберди мерган умр бўйи кийик овлади. Мерган номини олди. Эгамберди дейишса қишлоқдошлари елка қисишар, токи «мерган» сўзини қўшмагунча танишмасди. У авваллари шунчаки ҳавас ва кўнгилни хушлаш ниятида унда-бунда бекор пайтлари тоғу тошларга кийик овига чиқарди. Бора-бора бу ҳавас одатга айланди. Энди у қўлига милтиқ олмаса туролмас, ҳаётида маза туймайдиган даражага етиб борди. Шу-шу одати хумор бўлиб қолди. Бир нарсанинг хумори тутса ёмон экан. Эгамберди мерган учун ов олдида дунё ҳам кўзига кўринмас, ов қилмай қўйганда вужудида ғалати ҳис уйғонарди, бу ҳисни овдан бошқа нарса босолмасди. Уйига кийик отиб қайтиш, унинг гўштини тановул қилгандан кўра кўпроқ лаззат бағишлар ва бу лаззатни дунёнинг унча-бунча лаззатига алишишни истамасди. Қишлоқдошлари ҳам Эгамберди мерганнинг бу қилиғига кўникиб, унда-бунда кўзлари
тушиб қолганда ҳам ҳайрон бўлишмасди. Мерган овчилик ҳаётида кўп воқеаларни бошидан кечирди. Неча марта ўлимга чап бериб, неча марта ажални айланиб ўтди. Энди-энди у кунларни эсласа, юраги орқага тортиб кетар, наҳотки, шунчалик даражага етган бўлсам-а, дея ўзига-ўзи ишонмасди. Эгамберди мерган овга чиққанда унча-мунча овчи унинг олдида ип эшолмас, у билан мусобақа қилишга журъати етмасди. Тоғликлар удумига кўра, овчиликдан воз кечмоқчи бўлган мерганлар «милтиқ кўмди» маросимини ўтказади. Шундан кейин қанча-қанча мерганлар қўлига зинҳор яроғ ушламайди ва шу удумга риоя қилган ҳолда оламдан ўтиб кетади. Лекин Эгамберди мерган бундай қилишни хаёлига келтирмасди. Ов қилмай қўйса, гўё ҳаёти остин-устун бўлиб кетадигандек қаттиқ ҳадиксирар ва бундай ўйни бошдан қувиб чиқаришга уринарди. У қуруқ қўл билан уйга қайтишни овчилик шаънига ор деб биларди. Ўзи эса овга чиққандан буён бирон марта ўлжасиз қайтганини эслаёлмайди. Бугун эса…
Ҳар доим ўлжа билан қайтишга одатланган мерган қорон­ғи тушишини пойлади. Эшагини боғлаб қўйган арча ёнига борди. Иложи борича қишлоққа кечроқ кириб боришга аҳд қилди. Чунки унинг ўлжасиз, сўппайиб қайтганини кўрган қишлоқдошлари олдидан ўтганда мазах қиладигандек, ҳолинг шу экан-ку, ҳайф сендай мерганга, дейдигандек туюларди. Шунинг учун уйга қайтиш унга азобга айланди, юрган йўли унмас, гўё оёғи ҳам ўзига бўйсунмаётгандек, етаклаб олган эшаги ҳам гоҳо ўзидан ўзиб кетаверарди. Қишлоққа яқинлашганда кеч кирди. Тоғ чўққилари оқшом тусидан баттар қорайди. Уч-тўрт қадам нарини кўриш қийинлашди. Яхшиямки, кеч қайтгани. Уйига яқинлашгунча ҳеч ким дуч келмади. Шундай қилмаса кечаси билан уйқуси қочиб, ор-номусдан ўзини бир нарса қилиб қўйиши ҳеч гап эмасди! Эшак шарпасини сезган кампири одатдагидек пешвоз чиқди. Қарадики, чолининг авзойи бузуқ. Шашти паст. Эшак устидаги хуржуннинг бўм-бўшлигини кўрганда баттар ажабланди. Кампирнинг қўл
лари ҳавода муаллақ қолди. Негаки, у ҳам хуржуннинг бўш қайтишига сира одатланмаган. Эрига ажабсиниб қараши шундан. Эгамберди мерган билан бир ёстиққа бош қўйгандан бери, овга чиққан эрини бу алфозда кўрган эмас. Кампири ҳар гал чоли овдан қайтганида эшакка юкланган кийик гўштини туширишга кўмаклашиб, дарҳол қозон-товоққа уннаб кетарди.
— Бугун ов куни эмас экан, — деди мерган ижирғаниб уловини қозиққа боғлар экан. — Эрталаб бир ювуқсизга кўзим тушганди. Дунёни айланиб чиқдимки, кийик зотини кўрмадим. Эскилар бежиз бир ювуқсиз одам кўчадан ўтса, ер титрайди, барака қочади, дейишмаган экан.
Эгамберди мерган оғир уҳ тортди, чуқур-чуқур нафас олди. Негадир аламини босолмасди. Кўзлари олдидан ки­йиклар галаси югуриб ўтаётгандек ҳушёр тортди. Кампир дастурхон ёзиб, бир коса қаймоқни унинг олдига қўйди.
—     Сайидберди қани? — дея овчи аёлини тергашга тушди.
— Қўшнининг уйига ўтган эди, —  деди кампир бепарвогина.
— Нима қилади қўшниникига чиқиб, алламаҳал бўлса. Хотинларга ўхшаб гап сотгани чиқдими?
— Билмасам.
—     Бу боланг қулоқсиз бўлиб чиқди. Кўчада ғийбат қилиб юришдан бошқа ишга ярамайди. Эркаклик сиёғи йўқ. Шунинг учун ҳам уни овга олиб чиқмайман. Ўзида бир қизиқиш бўлмаса қийин экан.
—     Бир ками ўғлингиз ҳам сизга ўхшаб умрини қирма-қир ўтказиши қолувди…
Эгамберди мерган бу гапдан оғринди. Ич-ичидан ғазаби тошди. Бироқ ўзини босишга уринди. Кампирнинг нима демоқчилигини тушунгандек, бироз ўйланиб деди:
— Овга мен эмас, у бориши керак. Мен энди ёшимни яшаб, ошимни ошаб бўлдим. Балки шунинг учун ҳам бугун ўлжасиз қайтгандирман…
Эгамберди мерган бошқа ҳеч овга чиқмади. Қариликни тан олди. Гўё тоғларда унинг учун ўлжа қолмагандек эди. Милтиғини ўғлига берди. Овни энди сен қиласан, деди. Отасининг моҳир мерганлигини билса ҳам ўғли унга эргашиб овга чиқмас, тоғларда юришни унчалик хуш кўрмасди. У отасидан милтиқни истар-истамас олди. Отаси юрган тоғу тошларни айланиб, отасидек кийик отиш ниятида юрди. Лекин ҳар гал овдан уйига бўш қайтиб келарди. Ҳар замонда хашаки дарранда-парранда овларди, холос. Бундан Эгамберди мерганнинг хуноби ошди. Бир марта суғур кўтариб келган ўғлига ўшқириб берди.
— Бу ҳаром суғур гўштини бошимга ураманми? Кийик овласанг ўласанми, аҳмоқ!
Ўғил отасига нима дейишни билмас, бирдан топиб олган сўзи (уни ҳам кимдандир эшитган) «суғур гўшти дори-ку», деб қўярди. Шу тариқа йиллар ўтди, Эгамберди мерганнинг борган сари жуссаси кичрайиб борар, қўлларини қалтироқ тутадиган, қоматини ҳам бироз эгиб юрадиган ҳолга етди. Қарилик ўз ишини қилганди. Хаёлидан кечагина кийикларни қувлаб юргани бир-бир ўтар, шуни эслаганда кўнгли алланечук ҳаприқиб кетарди. Ҳар замон-ҳар замонда кўнгли овга чиқишни тусаб қоларди. Чунки умри бино бўлибдики, уйида кам бўлар, сўраб келганлар ҳам анча кун овора бўлишарди. Мерган бир гал ўғлининг овдан қуруқ қайтганига чидай олмади:
—     Сен қачон мерган бўласан? Лапашанг. Бунча ношуд бўлмасанг. Эркакмисан ўзи? Ов қилишга ярамасанг. Менинг пушти-камаримдан тушганга ўхшамайсан.
Мерган ўғлига атайдан аччиқ гапирди. Шу билан ўғлининг овга ҳирсини уйғотишни мўлжал қилди. Ўғил эса димоғида пўнғиллади.
— Тоғдаги ҳамма кийикни қириб тугатган бўлсангиз, мен нима қилай?
Шу-шу у ўғлига бошқа гапирмади.
Кунларнинг бирида кўнгли кийик гўштини тусаган мерган тўсатдан кампирига қараб:
— Кулча қил, мен овга чиқаман, —  деди. Кампири қариб қуюлмаган чолининг гапидан кулди. Бу билан у мерганни мазах қилгандай бўлди.
—     Ҳамма нарсанинг ҳам ўз вақти-соати бор. Сизнинг ов қиладиган даврингиз аллақачон ўтиб кетди.
Илгари тик қарашга ботинмасди. Шу нарса мерганга алам қилди. Ўша кеча ухламай чиқди. Тонг саҳарда ўғлини чақирди:
—  Эшакнинг айилини торт, —  деди овози қалтираб.
Ўғил эшакни шайлаб, отаси олдига келтирди. Мерган имиллаб унга минди. Илгариги шашти қайда. Унинг бутун фикр-зикри Жанггоҳ тоғи томон қаратилган эди. Ота-бола йўлга тушишди. Мерган эшакнинг бошини у ёққа бур, бу ёққа бур, дея танбеҳ бериб борарди. Ниҳоят, Эгамберди мерган навқирон йигитлик пайтлари овга чиққан Жанггоҳ тоғи ёнбағрига етиб борди. Бу тоғда юриб қанчадан-қанча кийикларни отганини, бошқа мерганлар бу тоғда ов қилолмаслигини бир-бир хотирасидан ўтказди. Овчи ўғлига эшакни тўхтатишни буюрди.
— Кўряпсанми, ҳув анави баланд чўққини, ҳозир яёв шунга чиқиб борамиз. Тойхарни арчага боғлаб қўй. Мени орқалаб ўша тоққа чиқасан?
Сайидберди бир отасига, бир қирга қаради. Қир анча тик ва баланд кўринарди. Бироқ у эшакни боғлаб, отаси айтганларини қилишга мажбур эди. Мерган ўғлига: «Шамолга қарши юрсанг, одам иси сезилмайди», деди. Ниҳоят, ота-бола юксак чўққи устига чиқиб олишди. Сайидберди қирга чиққунча қоп-қора терга ботди. Юришга ҳоли қолмади.
—     Энди эмаклаймиз, —  деди мерган.
Ота олдинда, ўғил орқада, эмаклаб чўққининг ёнига ўтишди. У кийиклар ўтлайдиган жойни биларди. Ҳозир ўзигина биладиган сир, кийиклар қўтонидан илк бора ўғлини воқиф қилаётган эди. Бирдан сал нарироқда кийиклар ўтлаб юрганини кўриб қолишди. Бир кийик қаққайиб атрофни олазарак кузатарди. Сайидбердининг кўзлари чақнаб кетди. У биринчи марта кийикларни яқиндан кўриши эди. Шошиб қолди. Ёнида турган отасини бутунлай унутиб қўйди. Харсангга ёнбошлаб, чор тарафга ҳадиксираб қараётган оҳуни мўлжаллаб ўқ узди. Буни ҳатто отаси ҳам сезмай қолди. Ки­йик бир сапчиб, қулаб тушди. Сайидберди кийик томон югурди. Қолган кийиклар хатарни сезиб, бир зумда кўздан ғойиб бўлдилар. Сайидберди кийик бўғзига шоша-пиша пичоқ тортди. У ўзида йўқ хурсанд эди. Кийик отганидан қувончини ичига сиғдиролмасди. Бирдан отаси эсига тушди. Дарҳол у томон югурди. У отасига яқинлашар экан:
— Мен отдим. Кийикнинг зўрини отдим, —  дея қич­қирди. Ота эса жавобсиз эди. Сайидберди отасининг кўзларидан шашқатор ёш қуюлаётганига ҳайрон қолди.
—     Сизга нима бўлди, ота? —  сўради у.
—     Нега ундай қилдинг? Ахир у менинг ўлжам эди-ку. Сен менинг ўлжамни отдинг. Менинг сўнгги ўлжамни…
Сайидберди ҳеч вақони тушунолмагандай отасининг қаршисида ҳангу манг қолди. Жанггоҳ тоғидан бор умидини узиб, ўлжасиз, бир бурдагина бўлиб қайтган Эгамберди мерганнинг тунда жони узилди…